ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июнь, 2024 й. / Таълим тўғрисида /

Ўқувчиларни академик лицейларга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 05.06.2024 й. 320-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 5 июндаги

320-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўқувчиларни академик лицейларга қабул қилиш,

уларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва

ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом умумий ўрта таълим мактаблари 9-синф битирувчиларини академик лицейларга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия тизимидаги академик лицейларга нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


абитуриент - академик лицейга ўқишга кириш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда белгиланган гуруҳда кириш тест синовларида иштирок этувчи, умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф битирувчиси бўлган талабгор;


абитуриент рухсатномаси - шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорти ёки идентификацияловчи ID картаси, у бўлмаган ҳолда туғилганлик тўғрисида гувоҳнома) билан биргаликда абитуриентнинг белгиланган сана ва вақтда кириш тест синовларида иштирок этишига рухсат берадиган ҳужжат;


Агентлик вакили - Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директорининг буйруғи билан тайинланадиган, кириш тест синовлари ўтказиладиган тегишли ҳудуд ва бинода белгиланган вазифа ва мажбуриятлар бўйича амалга ошириладиган тадбирларга умумий раҳбарлик қилувчи ҳамда кириш тест синови иштирокчиларининг вазифаларига мувофиқ ҳаракатини назорат қилувчи ва амалий ёрдам кўрсатувчи ходим;


бино раҳбари - Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) директорининг буйруғи билан тайинланадиган, белгиланган вазифа ва мажбуриятлар бўйича бинодаги гуруҳ назоратчилари ва абитуриентлар ҳаракатларига умумий раҳбарлик қиладиган, назорат қилувчи ва амалий ёрдам кўрсатувчи ходим;


гуруҳ назоратчиси - Агентлик билан тузилган шартнома асосида шартномада белгиланган вазифа ва мажбурият бўйича кириш тест синовларида абитуриентлар ҳаракатига умумий раҳбарлик қилиш, тест синовининг белгиланган тартиб бўйича ўтишини қатъий назорат қилишга масъул бўлган ва абитуриентларга тест синовини топшириш тартиби бўйича амалий ёрдам кўрсатиш учун жалб қилинган ҳамда кириш тест синовлари ўтказилиши билан боғлиқ семинарда иштирок этадиган шахс;


жавоблар варақаси - тест топшириқлари китобидаги ҳар бир топшириқнинг бажарилиши натижасида танланган жавобнинг биттасини белгилашга мўлжалланган ва абитуриентнинг билимини баҳолаш учун асос ҳисобланадиган ягона ҳужжат;


тест топшириқлари китоби - белгиланган фанлар мажмуаси бўйича тест топшириқларини ўз ичига олган саволлар тўплами;


4. Ўқувчилар академик лицейларга мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ қабул қилинади.



2-БОБ. ЎҚУВЧИЛАРНИ АКАДЕМИК ЛИЦЕЙЛАРГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


1-§. Маслаҳат кенгаши фаолиятини ташкил этиш


5. Академик лицейларда ўқишга қабулни сифатли ташкил этиш мақсадида ҳар йили 1 июнга қадар тегишли олий таълим ташкилоти ректорининг (филиал директорининг) буйруғи билан 7 - 9 нафар аъзодан иборат таркибда Маслаҳат кенгаши ташкил этилади.

Маслаҳат кенгашига академик лицей директори раислик қилади.


6. Маслаҳат кенгаши аъзолари таркибига академик лицейнинг амалиётчи психологи, тажрибали педагоглари, тегишли вазирлик ва идора ёки олий таълим ташкилотининг вакиллари киритилади.


7. Маслаҳат кенгаши қабул бошланишидан бир ой олдин абитуриентларни рўйхатдан ўтиш муддатлари, йўналиши, ажратилган ўринлар ҳақидаги ахборотларни тегишли олий таълим ташкилоти ва академик лицейнинг ўз расмий веб-сайти орқали эълон қилади.


8. Қуйидагилар Маслаҳат кенгашининг вазифалари ҳисобланади:

абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахслар истагини инобатга олиб, тегишли йўналиш юзасидан батафсил маълумот ва маслаҳатлар бериш;

академик лицей фаолиятига оид буклетлар, аудио, видео ва бошқа зарур материалларни тайёрлаш, академик лицейнинг расмий веб-сайтига жойлаштириб бориш;

абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахслар академик лицей ҳамда барча шарт-шароитлар билан танишиши учун очиқ эшиклар кунларини ташкил этиш;

абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни мувофиқлаштириш.

Маслаҳат кенгаши қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


9. Қуйидагилар Маслаҳат кенгашининг мажбуриятлари ҳисобланади:

абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахсларни кириш тест синовлари ўтказиладиган кунлар ҳақида беш кун олдин хабардор қилиш;

кириш тест синовларини ташкил этиш ва ўтказишда бевосита кўмаклашиш;

абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахсларга имтиҳон натижалари бўйича тўлиқ маълумот бериш.


10. Маслаҳат кенгаши ўзига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаши учун жавобгарлик шахсан Маслаҳат кенгашининг раиси ва масъул котиби зиммасига юкланади.



2-§. Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш

жараёнини ташкил этиш


11. Абитуриентлар академик лицейларга қабул қилиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Ягона таълим хизматлари портали my.edu.uz орқали (кейинги ўринларда - тизим) ҳар йили 10 июндан 10 июлга қадар бепул рўйхатдан ўтказилади.


12. Абитуриентларга рўйхатдан ўтишда учтагача академик лицейнинг таълим тили бир хил бўлган биттадан мос йўналишини танлаш имконияти берилади.

Абитуриент ўзи танлаган ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар маркази ёки Тошкент шаҳрида) ташкил этиладиган кириш тест синовларида иштирок этади.


13. Абитуриент рўйхатдан ўтиш жараёнида унинг қуйидаги шахсий маълумотлари "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинади:

идентификацияловчи ID карта маълумотлари (фотосурати билан) - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг электрон маълумотлар базасидан;

туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома маълумотлари - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг электрон маълумотлар базасидан (агар абитуриент туғилганлик тўғрисида гувоҳномаси билан рўйхатдан ўтган бўлса);

умумий ўрта таълим мактабининг 9-синфини тамомлаганлик тўғрисида электрон шаҳодатнома маълумотлари - Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг электрон маълумотлар базасидан.


14. Абитуриент рўйхатдан ўтиш жараёнида тизимга қуйидаги ҳужжатларни ва маълумотларни киритиши ва юклаши лозим:

ўқишга имтиёзли кириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг нусхаси (фан олимпиадаси, танловлар, мусобақа ғолиби эканлигини тасдиқловчи), диплом, сертификат, гувоҳнома, шунингдек, чет тили ва умумтаълим фанларини билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификат (агар мавжуд бўлса);

хорижий давлатда умумий ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг тан олинганлиги (нострификация) ҳақидаги маълумотномаси (агар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган абитуриент мактабнинг 9-синфини хорижий давлатда тамомлаган бўлса);

абитуриентнинг 3,5х4,5 ҳажмдаги фотосурати (агар абитуриент туғилганлик тўғрисида гувоҳномаси билан рўйхатдан ўтган бўлса);

таълим йўналиши, таълим тили, қайси чет тилидан (инглиз, немис, француз ва шарқ тилларидан бири) кириш тест синовини топшириши ҳақида маълумот.


15. Маслаҳат кенгаши ушбу Низомда кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ва маълумотлар мавжуд бўлганда, абитуриентлар кириш тест синовларида иштирок этиши учун рўйхатдан ўтишини рад этишга ҳақли эмас.

Абитуриентдан қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилиш тақиқланади.

Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган муддатлар тугагандан сўнг ҳужжатлар ва маълумотларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш қатъиян тақиқланади.


16. Абитуриент томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, абитуриент кириш имтиҳонларидан четлаштирилади ҳамда бу ҳақда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилинади.



3-§. Имтиҳонларни ташкил этиш


17. Абитуриентлар академик лицейларга кириш тест синовлари ёки ижодий имтиҳон шаклида қабул қилинади. Бунда:

кириш тест синовлари ва ижодий имтиҳонлар академик лицейда таълим олиб бориладиган тилда (ўзбек, рус, қорақалпоқ тили) ўтказилади;

кириш тест синовлари ва ижодий имтиҳонлар материаллари (топшириқлари) умумтаълим фанлари дастурлари (5 - 9 синфлар) асосида тузилади.


18. Абитуриентларни академик лицейларга қабул қилишда ушбу Низомга 2-иловада белгиланган имтиёзлар инобатга олинади.



4-§. Ижодий имтиҳонларни ўтказиш


19. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ҳар йили тасдиқланадиган академик лицейларга кириш имтиҳонлари ўтказиладиган фанлар мажмуаси (кейинги ўринларда - фанлар мажмуаси)да кўрсатилган айрим таълим йўналишларининг хусусиятларини инобатга олган ҳолда, кириш тест синовлари ўрнига ижодий имтиҳонлар ўтказилади.

Ижодий имтиҳонларни ўтказиш учун ҳар бир фан бўйича Маслаҳат кенгаши тавсиясига асосан тегишли олий таълим ташкилоти ректори томонидан тасдиқланадиган ҳар бирида камида 5 - 7 нафар аъзодан иборат таркибда Имтиҳон комиссияси тузилади.


20. Ижодий имтиҳонларни ўтказиш тартиби, имтиҳон материаллари (топшириқлари), баҳолаш мезонлари Имтиҳон комиссияси томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишган ҳолда тегишли олий таълим ташкилоти ректорининг буйруғи билан тасдиқланади.


21. Ижодий имтиҳонлар кириш тест синовлари ўтказилишига қадар ҳар йили 18 июлгача тест мажмуаларида фаннинг ўрнига қараб баҳолаш мезонларида назарда тутилган энг кўп баллнинг 0 дан 100 фоизигача бўлган оралиқда ўтказилади.


22. Ижодий имтиҳонлар ўтказилаётган жойга абитуриент томонидан уяли телефон ва бошқа алоқа воситаларини олиб кириш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.

Абитуриент микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса ёки олиб кирган бўлса, ижодий имтиҳонлар давомида бошқа абитуриентга ёрдам берса, абитуриент ижодий имтиҳонларни ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва далолатнома тузилиб, у ижодий имтиҳонлардан четлаштирилади.


23. Абитуриентга ижодий имтиҳонларни қайта топширишга рухсат берилмайди.


24. Ижодий имтиҳонлар ўтказиладиган бинога жараён бошланган вақтда абитуриентлар, комиссия аъзолари ва кузатувчилардан ташқари бошқа шахслар (зарур ҳолларда, тиббиёт ходимлари бундан мустасно) киришига рухсат этилмайди.


25. Ижодий имтиҳонлар натижалари Агентликка Маслаҳат кенгаши томонидан 20 июлгача тақдим этилади.


26. Биноларни тайёрлаш, видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан, абитуриентлар ота-оналарининг ижодий имтиҳон жараёнини онлайн тарзда кузатиб боришлари, абитуриентларни шахсни идентификациялаш воситалари орқали бинога киритиш, бинолардаги ва хизмат постларидаги видеоёзувлар сақланиши учун шароитлар яратиш тасарруфида академик лицей мавжуд бўлган олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) томонидан таъминланади.

Ўтказилган ижодий имтиҳонлар жараёни бўйича видеоёзувлар тасарруфида академик лицей мавжуд бўлган олий таълим ташкилоти томонидан 6 ой давомида сақланади.



5-§. Кириш тест синовларига тайёргарлик

кўриш ва ўтказиш


27. Кириш тест синовлари ҳар йили июль ойида қоида тариқасида, кунига икки сменада Агентлик томонидан тест жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланган ҳолда қуйидаги шаклларда ўтказилади:

I бўлим - танланган йўналишга мос фанлар мажмуасидаги 2 та фан бўйича кириш тест синовлари;

II бўлим - интеллектуал қобилият даражасини (IQ) аниқлаш бўйича тест.

Кириш тест синовларининг биринчи сменаси соат 09:00 да, иккинчи сменаси соат 15:00 да бошланади.


28. Биноларни тайёрлаш, видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан, абитуриентлар ота-оналарининг кириш тест синовлари жараёнини онлайн тарзда кузатиб боришлари, абитуриентларни шахсни идентификациялаш воситалари орқали бино ҳудудига киритиш, бинолардаги ва хизмат постларидаги видеоёзувлар сақланиши учун шароитлар яратиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг "Хавфсиз шаҳар" жамоат тартибига кўмаклашиш маркази томонидан таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг "Хавфсиз шаҳар" жамоат тартибига кўмаклашиш маркази ўтказилган кириш тест синовлари жараёни бўйича видеоёзувларни сақлайди ва кириш тест синовлари ўтказилган куннинг эртасига Агентликка топширади.

Ўтказилган кириш тест синови жараёни бўйича видеоёзувлар Агентлик томонидан 6 ой давомида сақланади.


29. Кириш тест синовларига жалб этилган бино раҳбари ва гуруҳ назоратчиси меҳнатига кунлик ҳақ тўлаш, биноларни тайёрлаш, абитуриентларни шахсни идентификациялаш воситалари орқали бино ҳудудига киритиш, бинолардаги ва хизмат постларидаги видеоёзувлар сақланиши учун шароитлар яратиш билан боғлиқ харажатлар Агентлик фаолиятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳамда Агентликка ажратилган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.


30. Гуруҳ назоратчилари ва абитуриентларни кириш тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга назорат хизмати постлари орқали киритиш, тадбир жараёнида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш Маслаҳат кенгашлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Абитуриент кириш тест синовлари бошланганидан сўнг бино ҳудудига киритилмайди.

Кириш тест синовлари ўтказиладиган кунда Агентликнинг тегишли рухсатномасига эга бўлмаган шахсларнинг кириш тест синовлари ўтказилиши белгиланган ҳудудга кириши тақиқланади.


31. Кириш тест синовлари ўтказиладиган ҳар бир бинода Агентликнинг вакилига тест материалларини сақлаш, тарқатиш ва йиғиб олиш учун мўлжалланган етарли миқдордаги стол, стуллар, стационар телефон алоқаси, доимий видеокузатув ва сейф билан жиҳозланган махсус жой (штаб) тайёрланади.


32. Бинода кириш тест синовлари жараёнини тўлиқ назорат қилиш мақсадида, қоида тариқасида, 30 нафар абитуриент учун битта видеокузатув тизими ўрнатилиши зарур.

Бинода бир нафар абитуриентга, қоида тариқасида, 2 м2 дан кам бўлмаган жой тайёрланади.


33. Ҳудудлар бўйича кириш тест синовлари ўтказиладиган бино ва гуруҳларнинг алоҳида тартиб рақами такрорланмайдиган кетма-кетликда рақамланган бўлиши лозим.


34. Ҳар бир гуруҳ алоҳида ўринга эга бўлган 30 тадан стол ва стуллар билан таъминланиб, столлар бирдан ўттизгача рақамланиши лозим.

Гуруҳ назоратчисига тест материалларини тарқатиш ва қабул қилиш учун алоҳида стол ва стул ажратилади.


35. Тест ўтказиладиган ҳар бир бинони тайёрлашда унинг кириш жойида видеокузатув мосламалари ўрнатилиши, ёруғлик тушиши, кечки вақтда ёритиш етарли эканлиги, кўринарли жойларда соатлар осилгани, овоз кучайтириш мосламалари билан таъминлангани ҳисобга олиниши зарур.


36. Бинога тегишли ҳудудда ва бинога кириш жойларида гуруҳ ва абитуриентлар сони ёзилган кўрсаткичлар илиб қўйилган бўлиши шарт.


37. Кириш тест синовлари ўтказиладиган ҳар бир ҳудудда тест жараёни учун зарур ахборот, техник, тиббий ва маиший шароитлар яратилган бўлиши лозим.


38. Тест топшириқлари китоби 60 та саволни ўз ичига олади. Бунда абитуриентларнинг тегишли фанлар бўйича билимларини аниқлаш юзасидан тест топшириқлари 2 та умумтаълим фанларидан жами 40 тани, интеллектуал қобилият даражасини (IQ) аниқлаш бўйича 20 тани ташкил этади.

Абитуриентларга тест топшириқларини бажариш учун жавоблар варақасини тўлдириш билан биргаликда жами 60 та саволга 120 дақиқа вақт меъёри белгиланади.


39. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар бир сменада абитуриентлар ва гуруҳ назоратчилари етарли миқдорда ичимлик суви, ҳаворанг пастали шарикли ручкалар билан таъминланади.



6-§. Кириш тест синовларига тайёргарлик кўриш

ва уларни ўтказишда маҳаллий ижро этувчи

ҳокимият органларининг вазифалари


40. Қуйидагилар кириш тест синовларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифалари ҳисобланади:

ҳар йили кириш тест синовлари ўтказиладиган биноларни белгиланган талаблар бўйича тайёр ҳолатга келтириш ҳамда бу ҳақда Агентликка маълумот бериш;

абитуриентларни кириш тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга шахсни идентификациялаш воситалари орқали тартибли киритилишини таъминлаш;

кириш тест синовлари жараёнини видеокузатувлар орқали онлайн тизимда ота-оналарга кўрсатиш, бош штаб ва ҳар бир бинода тезкор ахборотларни тўплаш учун уларнинг зарур моддий-техник воситалар билан тўлиқ жиҳозланишини таъминлаш;

абитуриентларнинг ота-оналари ва кенг жамоатчилик учун кириш тест синовларини онлайн режимда кузатишини таъминлаш мақсадида бинога тегишли ҳудуд ташқарисида ўтириш жойларини белгилаш ҳамда кутиш жойларини ташкил этиш;

кириш тест синови бўлиб ўтадиган биноларни захира энергия манбаи билан таъминлаш;

кириш тест синовларини ўтказиш учун транспорт воситалари билан таъминлашга амалий ёрдам бериш, ҳар бир ҳудуд хавфсизлигини ва кириш тест синовларининг тартибли ўтишини таъминлаш, назорат хизмати постларини ташкил этиш;

ҳар бир сменада абитуриентлар ва гуруҳ назоратчиларини етарли миқдорда ичимлик суви, ҳаворанг пастали шарикли ручкалар билан ҳамда кириш тест синовлари ўтказиладиган биноларни санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш.



7-§. Кириш тест синовларига тайёргарлик кўриш

ва уларни ўтказишда Агентликнинг вазифалари ҳамда

масъул шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


41. Агентлик кириш тест синовларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ қуйидаги вазифаларни бажаради:

кириш тест синовларини ўтказиш жараёнида қўлланиладиган шакллар ва жадвалларни ишлаб чиқиш;

тест материалларининг сифатли ва нуқсонсиз тайёрланишини таъминлаш;

Агентлик вакили, бино раҳбари, гуруҳ назоратчисининг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаш;

тест материалларининг белгиланган кунларда Давлат фельдегерлик хизмати томонидан Агентлик вакилига етказилишини таъминлаш;

кириш тест синовлари ўтказилиши билан боғлиқ семинарда иштирок этган малакали шахслар таркибидан, қоида тариқасида, ҳар 30 нафар абитуриентга 2 нафаргача гуруҳ назоратчисини кириш тест синовлари жараёнига жалб этиш;

белгиланган тартибда абитуриентлар ҳақида тушган маълумотлар асосида гуруҳларни шакллантириш ва уларнинг бинолар бўйича ўтириш ўринларини белгилаш ҳамда кириш тест синовлари ва танловни ташкил этиш;

Агентликка олиб келинган жавоблар варақалари бўйича кириш тест синовлари натижаларини ҳисоблаш ва эълон қилиш;

бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчиларига умумий раҳбарлик қилиш ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатиш;

кириш тест синовларининг бошланиши ва тугашини қатъий назорат қилиш, кириш тест синовларининг адолатли, холисона ва мазкур Низомда белгиланган талаблар асосида ўтишини таъминлаш.

Агентлик мазкур Низом ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


42. Агентлик вакили ўзига юкланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва қабул комиссияларига кўрсатма бериш, мазкур Низом талабларига амал қилмаган бино раҳбари, гуруҳ назоратчиси ва абитуриентни кириш тест синовлари жараёнидан четлаштириш ҳуқуқига эга.

Агентлик раҳбарияти билан келишилган ҳолда, синовлардан четлаштирилган ходимларнинг ўрнига бошқа бино раҳбарини, гуруҳ назоратчиларини тайинлайди.


43. Қуйидагилар Агентлик вакилининг мажбуриятлари ҳисобланади:

ўзига бириктирилган ҳудудда тест ўтказиш тартибига қатъий риоя этилишини таъминлаш;

кириш тест синовлари ўтказиладиган саналарда белгиланган вақтдан кечикмасдан, ўзига тегишли ҳудудга етиб келиш ва назорат хизмати пости орқали паспорти (рухсатнома ёки гувоҳнома) билан кириш;

бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчилари рўйхатини назорат хизмати постларига етказишни таъминлаш;

гуруҳ назоратчиларига абитуриент томонидан кириш тест синовлари қоидалари бузилганда, гуруҳ назоратчиларига уни кириш тест синовларидан четлаштириш тўғрисида кўрсатма бериш.


44. Мазкур Низом талаблари асосида ўзига бириктирилган бинодаги гуруҳ назоратчиларининг фаолияти ва абитуриентларнинг тест топширишини назорат қилиш бино раҳбари зиммасига юкланади.


45. Бино раҳбари ўзига юкланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун Агентлик вакилидан амалий ёрдам олиши, мазкур Низом талабларига амал қилмаган гуруҳ назоратчиси ва абитуриентни кириш тест синовлари жараёнидан четлаштириш ҳамда Агентлик вакили билан келишилган ҳолда гуруҳ назоратчисини тайинлаш ҳуқуқига эга.


46. Қуйидагилар бино раҳбарининг мажбуриятлари ҳисобланади:

кириш тест синовлари ўтказиладиган саналарда белгиланган вақтдан кечикмасдан ўзига тегишли бўлган бино ҳудудига етиб келиш ва назорат хизмати пости орқали паспорти (рухсатнома ёки гувоҳнома) билан кириш;

кириш тест синовлари ўтказиладиган саналарда гуруҳ назоратчиларига уларнинг рухсатномаларини тарқатиш ва тақсимотини расмийлаштириш;

Давлат фельдегерлик хизматидан бино бўйича тест материалларини қабул қилиб олиш;

кириш тест синовлари ўтказиладиган саналарда биринчи ва иккинчи сменада абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхати, тест материалларини тарқатиш ва қабул қилиш баённомасини расмийлаштириш;

абитуриент тест материалида нуқсон (типографик хатолик) борлиги ҳақида мурожаат қилса, зудлик билан захира қутиларидан, таълим йўналиши ва тилига мос тест материалларини гуруҳ назоратчисига бериш ва захира тест материалларини тарқатиш баённомасини расмийлаштириш;

гуруҳларда кириш тест синовларини ўтказиш тартибини бузган абитуриентларнинг тестдан четлаштирилишини назорат қилиш;

кириш тест синовининг бошланиш ва тугаш вақтига қатъий амал қилиш;

кириш тест синовлари учун белгиланган вақт тугагандан сўнг жавоблар варақаси пакети, тест топшириқлари китоби қутиси гуруҳларда муҳрланишини назорат қилиш ҳамда гуруҳ назоратчиларидан муҳрланган жавоблар варақаси пакети ва тест материаллари қутиларини қабул қилиб олиш.


47. Бино раҳбари абитуриентларга тақиқланган воситаларни берса ёки ишлатишга имконият яратса, фойдаланилаётган ҳолатни кўриб туриб кириш тест синовларидан четлаштириш учун кўрсатма бермаса, мазкур ҳолат уни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.


48. Кириш тест синови ўтказилаётган гуруҳда мазкур Низом талабларига қатъий риоя қилиш ва синов адолатли ўтказилишини таъминлаш гуруҳ назоратчисининг вазифаси ҳисобланади.


49. Гуруҳ назоратчиси ўзига юкланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун бино раҳбаридан амалий ёрдам олиши, мазкур Низом талабларига амал қилмаган абитуриентни кириш тест синовлари жараёнидан четлаштириш ҳуқуқига эга.


50. Қуйидагилар гуруҳ назоратчиларининг мажбуриятлари ҳисобланади:

кириш тест синовлари ўтказиладиган куни ўзига бириктирилган бинога белгиланган вақтдан кечикмасдан, тақиқланган воситаларсиз паспорти билан етиб келиш ва бино штабида ўзига тегишли рухсатномани олиш ва ўзига бириктирилган гуруҳнинг кириш тест синовларига тайёрлигини текшириш, жараёнга салбий таъсир этувчи омиллар аниқланганда, уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

гуруҳдаги столларнинг кетма-кетликда рақамланганлигини текшириш;

белгиланган вақтларда бино раҳбаридан абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатини ҳамда тест материалларини қабул қилиб олиш;

абитуриентнинг рухсатномасидаги расми ва идентификацияловчи ID картаси ёки паспорти (у бўлмаган ҳолда туғилганлик тўғрисида гувоҳномаси)даги маълумотлар асосида текшириб, уларни гуруҳ рўйхати бўйича белгиланган жойига ўтиришини таъминлаш ҳамда кириш тест синовларига келмаган абитуриентларнинг ўрнини бўш қолдириш;

тест материаллари қутисида абитуриентлар сонига мос тест топшириқлари китоби, жавоблар варақаси, жавоблар варақаси пакети ва муҳрлар мавжудлигини текшириш;

абитуриентларга тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақаларини тарқатиш;

тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақасининг хатосизлигини текшириб чиқиш ҳамда уларнинг тегишли бўлимларини расмийлаштириш бўйича абитуриентларга кўрсатма бериш;

тест топшириқлари китобида хато мавжудлиги аниқланса, унинг биринчи бетига "нуқсонли" деб ёзиш, алмаштирилган вақтини кўрсатиш ҳамда абитуриентнинг фамилияси, исми, отасининг исмини ёзиб, имзолаш ва ушбу ҳолат ҳақида далолатнома тузиш;

кириш тест синовларига келмаган абитуриентнинг тест топшириқлари китобини кириш тест синовлари бошланганидан 15 дақиқа ўтиб, тест материаллари қутисига солиб қўйиш, абитуриентларнинг гуруҳ бўйича рўйхатига кириш тест синовларига келмаган абитуриентнинг исми, фамилияси, отасининг исми тўғрисига "қатнашмади" деган ёзув киритиш ҳамда унинг жавоблар варақасини жавоблар варақаси пакетига солиб қўйиш;

абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатини расмийлаштириш;

абитуриентлар билан тест топшириқлари бўйича савол-жавоб қилмаслик;

тест топшириқлари учун ажратилган вақт тугаганлигини эълон қилиш, абитуриентларни ўринларидан туришларини талаб қилиш;

тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақасига шикаст етмаганлигини текшириб қабул қилиб олиш;

барча жавоблар варақаларини, "нуқсонли" деб топилган тест топшириқлари китобини (далолатномаси билан), эътироз бланкасини, абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича расмийлаштирилган рўйхатини жавоблар варақаси пакетига солиб, пакетни муҳрлаш;

жавоблар варақаси пакети устидаги маълумотларни хатосиз тўлиқ расмийлаштириш;

барча тест топшириқлари китобларини, жавоблар варақалари пакетини тест материаллари қутисига солиб муҳрлаш;

кириш тест синовлари тугагандан сўнг гуруҳда абитуриентлар бўлса, уларни ташқарига чиқариш;

тест материалларини бино раҳбарига белгиланган вақтларда топшириш ва топширганлигини тасдиқлаш.


51. Гуруҳ назоратчиси абитуриент тест топшириқлари китоби нуқсонли эканлиги ҳақида мурожаат қилса, кириш тест синовлари бошланиши эълон қилинишидан аввал қуйидаги ишларни амалга оширади:

гуруҳда кириш тест синовларида қатнашмаган абитуриент учун ажратилган тест топширадиган фанлари ва тили мос бўлган тест топшириқлари китобини мурожаат қилган абитуриентга бериш;

гуруҳда ишлатилмаган тест топшириқлари китоби бўлмаса, бино раҳбаридан захирадаги шу йўналиш ва тилига мос бўлган тест топшириқлари китобини беришни сўраш.

Бино раҳбари бу жараённи далолатнома билан расмийлаштиради.


52. Кириш тест синовларини ўтказишда гуруҳ назоратчилари абитуриентларга тақиқланган воситаларни берса ёки ишлатишга имконият яратса, фойдаланилаётган ҳолатларда кириш тест синовларидан четлаштирмаса ва ушбу ҳолат учун жавоблар варақасининг тегишли қисмини расмийлаштирмаса, мазкур ҳолат уларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.



8-§. Кириш тест синовларини ўтказишда

абитуриентларнинг вазифалари, ҳуқуқлари

ва мажбуриятлари


53. Ҳужжатларни рўйхатдан ўтказишнинг муддати якунланганидан сўнг кириш тест синовлари бошланишидан уч кун олдин абитуриент рухсатномасини Маслаҳат кенгашидан ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд Ягона таълим хизматлари портали my.edu.uzдаги шахсий кабинети орқали электрон шаклда олади.

Абитуриент рухсатномасида кўрсатилган ҳудуд, сана ва вақтда кириш тест синовларида иштирок этади.

Абитуриентга бошқа ҳудуд, сана ва вақтда кириш тест синовларида иштирок этиш учун рухсат берилмайди.


54. Кириш тест синовлари жараёнида абитуриент қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тест топшириқлари китобидан қоралама сифатида фойдаланиш;

тест топшириқларини белгиланган муддатдан олдин бажариш, ундан сўнг тест материалларини тартиб билан гуруҳ назоратчисига топшириш.


55. Абитуриент кириш тест синовлари ўтказиладиган куни бинога кириш тест синовлари бошланишидан камида 30 дақиқа олдин фақат абитуриент рухсатномаси ва идентификацияловчи ID картаси ёки паспорти (у бўлмаганда шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат) ёрдамида тартибли равишда кириши билан биргаликда, кириш тест синовлари бошланиши эълон қилингунга қадар қуйидаги ишларни амалга оширишга мажбур:

жавоблар варақасини ўзига тегишли эканлиги ва тест топшириқлари китоби тест топшириш тилига, танлаган йўналиши бўйича кириш тест синовларини топшириш фанлар мажмуасига мослигини текшириш;

тест материаллари хатосизлигини текшириш ва хато борлиги аниқланса, дарҳол гуруҳ назоратчисига хабар бериш;

тест топшириқлари китоби муқовасида ва жавоблар варақасида кўрсатилган тегишли жойларни расмийлаштириш;

жавоблар варақаси тўғри тўлдирилишини таъминлаш;

тест материалларини гуруҳ назоратчисига топширгандан сўнг кириш тест синовлари ўтказиладиган ҳудуддан чиқиб кетиш.


56. Абитуриент қуйидагиларга шахсан жавобгар ҳисобланади:

жавоблар варақасини ҳаво ранг пастали, шарикли ручка билан тўлдириш;

жавоблар варақасини букмаслик, маркер чизиғи, четлаштириш бўлимига ёзмаслик;

жавоблар варақаси билим даражасини белгиловчи асосий ҳужжат бўлганлиги учун уни тўғри тўлдириш;

белгиланган вақт тугагунига қадар тест топшириқлари китобида мавжуд тест топшириқларини бажарган ҳолда, жавоблар варақасининг мос тартиб рақамидаги тегишли доирачаларини бўяб, тест топшириқлари китобини ва унга мос бўлган жавоблар варақасини гуруҳ назоратчисига топшириш.


57. Абитуриент томонидан ҳар бир тест топшириғига фақат битта жавоб белгиланиши шарт бўлиб, тест топшириқлари китобида тўғри деб ҳисобланган жавобларни жавоблар варақасидаги мос тартиб рақамли доирачадан биттасини бўяйди (жавоблар варақасида бўялган жавобларни ўзгартириш мумкин эмас).

Агар жавоблар варақасидаги "белгилаш учун намуна" қоидасига риоя этилмаса, жумладан, битта тест топшириғига жавоблар варақасида тегишли доирача бўялмаса ёки икки ва ундан ортиқ доирача бўялса ёхуд тўлиқ бўялмаса, ушбу тест топшириғига балл берилмайди.


58. Абитуриентнинг кириш тест синовларини топшириш вақтида гуруҳдан чиқиши тақиқланади, гуруҳдан чиққан абитуриентлар қайтадан кириш тест синовларига қўйилмайди. Тест материалларисиз, гуруҳ назоратчиси кузатуви остида (соғлиғи билан боғлиқ ҳолларда) гуруҳдан чиқиш ҳоллари бундан мустасно.


59. Қуйидаги ҳолларда абитуриент кириш тест синовлари жараёнидан четлаштирилади ва натижалари чиқарилмаслигига асос бўлади:

кириш тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога киришда микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситалар, шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки улардан кириш тест синовлари давомида фойдаланса;

тест материалларини бошқа абитуриентга узатса, уларга ёрдам берса ёки улардан ёрдам сўраса;

кириш тест синовлари жараёнида бир-бири билан гаплашса;

тест материалларини бинодан ташқарига олиб чиқса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса;

кириш тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортса.



9-§. Натижаларни эълон қилиш ва расмийлаштириш


60. Кириш тест синовлари натижалари бўйича танловларни ўтказишнинг умумий тартиби қуйидагича амалга оширилади:

абитуриентнинг тўплаган баллари устуворлик бўйича у танлаган биринчи академик лицейнинг йўналиши бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлса, унинг кириш тест синови натижалари ушбу академик лицей йўналишида эълон қилинади ва унга танлаган иккинчи ҳамда учинчи академик лицей йўналиши бўйича танловда иштирок этишга рухсат этилмайди;

абитуриентнинг тўплаган баллари устуворлик бўйича у танлаган биринчи академик лицей йўналиши бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлмай, у танлаган иккинчи академик лицей йўналиши бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлса, унинг кириш тест синови натижалари ушбу иккинчи академик лицей йўналишида эълон қилинади. Бунда абитуриентга танлаган учинчи академик лицей йўналиши бўйича танловда иштирок этишга рухсат этилмайди;

абитуриентнинг тўплаган баллари устуворлик бўйича у танлаган биринчи ва иккинчи академик лицейнинг йўналиши бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлмай, у танлаган учинчи академик лицей йўналиши бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлса, унинг кириш тест синови натижалари фақат учинчи академик лицей йўналишида эълон қилинади;

абитуриентнинг тўплаган баллари устуворлик бўйича у танлаган биринчи, иккинчи ва учинчи академик лицей йўналиши бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлмаган тақдирда, унинг кириш тест синови натижалари биринчи танлаган академик лицей йўналишида эълон қилинади.


61. Агарда битта академик лицейнинг битта йўналиши бўйича охирги қабул ўрни учун икки ёки ундан кўп абитуриентларнинг тўплаган умумий баллари тенг бўлиб қолганда, ушбу тенг балли абитуриентларнинг барчаси ўқишга қабул қилинади.


62. Кириш тест синовларида қатнашмаган абитуриентларнинг натижалари ҳамда имтиёзлари якуний натижаларни чиқаришда ҳисобга олинмайди.

Ижодий имтиҳон натижалари кириш тест синовларида қатнашган абитуриентларнинг натижаларига қўшиб ҳисобга олинади.


63. Имтиҳонларнинг якуний натижалари кириш тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг беш кун ичида Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Ягона таълим хизматлари портали my.edu.uz, шунингдек, академик лицейнинг расмий веб-сайти орқали эълон қилинади.

Натижалар академик лицейнинг эълонлар тахтасига илиб қўйилади.

Академик лицейларга ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг натижалари уларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларига тикиб қўйилади.



10-§. Имтиҳон натижалари бўйича берилган

апелляция шикоятларини кўриб чиқиш


64. Абитуриентлар мурожаатларини кўриб чиқиш учун апелляция комиссиялари ташкил этилади.


65. Ижодий имтиҳон натижалари бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш учун Апелляция комиссияси таркибига академик лицей Маслаҳат кенгашининг аъзолари ва фанлар бўйича экспертлар киритилади.

Апелляция комиссиясининг таркиби бўйсунуви бўйича тегишли олий таълим ташкилоти ректорининг буйруғи билан тасдиқланади. Апелляция комиссияси раиси академик лицей директори ҳисобланади.


66. Кириш тест синови натижаларини кўриб чиқиш бўйича Апелляция комиссияси таркиби Агентлик директори томонидан тасдиқланади.


67. Кириш тест синови ва/ёки ижодий имтиҳон натижасидан норози бўлган абитуриентлар кириш тест синовлари ва/ёки ижодий имтиҳон натижалари эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида Агентликка Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Ягона таълим хизматлари портали my.edu.uz орқали электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.


68. Апелляция шикоятига абитуриент рухсатномасининг нусхаси илова қилинади. Апелляция шикояти қабул қилинганлиги ҳамда апелляция шикоятини кўриб чиқиш куни ва вақти тўғрисида абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахсларга хабарнома берилади.

Апелляцияни кўриб чиқишда абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахслар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Апелляция шикояти Апелляция комиссияси томонидан икки ҳафта давомида кўриб чиқилади.


69. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

кириш тест синови ва/ёки ижодий имтиҳон натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикояти қаноатлантирилишини рад этиш;

кириш тест синовлари ва/ёки ижодий имтиҳон натижаларини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қаноатлантириш.


70. Кириш тест синови натижасини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикояти қаноатлантирилишини рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

апелляция мазкур Низом талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган бўлса;

апелляцияда кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топмаса.

Кириш тест синови ва/ёки ижодий имтиҳон натижасини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қаноатлантириш тўғрисидаги қарор шикоятда кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топса, қабул қилинади.


71. Абитуриентга Апелляция комиссиясининг абитуриент мурожаатидаги барча важлар бўйича асослантирилган қарори юборилади.


72. Абитуриент Апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.



3-БОБ. АКАДЕМИК ЛИЦЕЙЛАРГА ЎҚИШГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


73. Имтиҳонлар (кириш тест синовлари ва ижодий имтиҳонлар)нинг якуний натижалари таълим йўналишлари ва ўқитиш тиллари бўйича қабул параметрларига мувофиқ шакллантирилади.

Имтиҳонларнинг якуний натижалари қайдномасида ўқишга қабул қилинган, лекин ўз хоҳишига кўра ўқиш истагини билдирмаган ўқувчилар ўрнига кириш тест синовларидан етарли балл тўплай олмаган, ўқишга тавсия этилмаган ўқувчилар ҳисобидан ўқитиш тили ва тўплаган баллари кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда қабул параметрларида белгиланган ўринлар тўлдирилиши мумкин.

Таълим йўналишлари ва ўқитиш тиллари бўйича қабул параметрларининг тўлиқ бажарилиши, шаклланмаган гуруҳларнинг қайта тақсимланиши тизимида академик лицейлар мавжуд бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифига асосан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг рухсати билан амалга оширилади.


74. Ўқишга қабул қилинган абитуриентлар тўғрисида академик лицей директорининг тегишли буйруғи якуний натижалар эълон қилингандан сўнг уч кун ичида расмийлаштирилади.


75. Академик лицейга ўқишга қабул қилинган абитуриентларни умумий ўрта таълим мактабидаги ўқувчилар сафидан чиқариш учун академик лицей томонидан ўқувчи таҳсил олган умумий ўрта таълим мактабига маълумотнома юборилади.


76. Имтиҳонлар якуний натижаларига кўра академик лицейларга ўқишга қабул қилинмаган абитуриентлар ўзлари ўқиган умумий ўрта таълим мактабларида ўқишни давом эттиради.



4-БОБ. ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИ ВА ХОРИЖДА ЯШОВЧИ

ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИ АКАДЕМИК

ЛИЦЕЙЛАРГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


77. Чет эл фуқаролари ва хорижда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар (Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки "инвестиция визаси"га эга хорижий инвесторлар ҳамда уларнинг оила аъзолари бундан мустасно) академик лицейларга суҳбат натижасига кўра қабул параметрларидан ташқари тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.


78. Чет эл фуқаролари ва хорижда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларни ўқишга академик лицей томонидан қабул қилинади.


79. Хорижий фуқаролар ўқиш учун тўловни ҳар йили шартнома шартларида кўрсатилган муддатларда амалга оширади.

Бунда ўқув йили учун тўлов-контракт миқдори бир ўқувчини ўқитиш учун кетадиган сарф-харажатлардан кам бўлмаган миқдорда академик лицей директори томонидан бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишган ҳолда белгиланади.



5-БОБ. АКАДЕМИК ЛИЦЕЙ ЎҚУВЧИЛАРИНИНГ

ЎҚИШИНИ КЎЧИРИШ, ҚАЙТА ТИКЛАШ

ВА ЎҚИШДАН ЧЕТЛАТИШ ТАРТИБИ


80. Академик лицей ўқувчиларининг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш мазкур Низомга 3-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


81. Академик лицей ўқувчилари ўқишини бир академик лицейдан бошқасига кўчириш бўйича аризалар ёзги таътил даврида ҳар йили 20 июндан 20 июлгача, қишки таътил даврида семестрлар оралиғида 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар қабул қилинади.


82. Ўқувчиларнинг ўқиши бир академик лицей доирасида академик лицей директорининг буйруғи билан кўчирилади.


83. Ўқувчиларнинг ўқиши бир академик лицейдан бошқа академик лицейга Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг рухсати билан кўчирилади.

Бунда қуйидагиларга рухсат этилмайди:

умумий ўрта таълим мактаблари ва касб-ҳунар мактабларидан академик лицейларга ўқишни кўчиришга;

қонунчилик ҳужжатларида академик лицей ўқувчиларига ўқишни кўчириш учун белгиланган 84-бандда кўрсатилган узрли сабаблар кўрсатилмаганда, бир академик лицейдан бошқа академик лицейга ўқишни кўчиришга.


84. Ўқувчилар ўқишини бир академик лицейдан бошқа академик лицейга кўчиришда ўқувчи таълим олаётган академик лицейда ўқувчилар, ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан ҳамкорликда қуйидаги ҳужжатлар йиғмажилди тайёрланади:

ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ёзма аризаси;

академик лицейнинг номи, йўналиш, курс, семестрлар давомида олган баҳолари бўйича академик маълумотнома;

узрли сабабларни (республиканинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун кўчиб ўтганда, ота-онаси хизмат ўташ жойини ўзгартирганда ёки ота-онаси хориждаги давлат хизматидан қайтганда) тасдиқловчи маълумотнома;

умумий ўрта таълим мактабларининг 8-9-синф ўқувчилари бўлган халқаро нуфузли фан олимпиадалари ғолибларининг асл нусхадаги диплом, сертификат, гувоҳнома ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатлари.


85. Ўқувчининг ўқишни кўчириш тўғрисидаги ҳужжатлар йиғмажилди академик лицей директори томонидан олий таълим ташкилотининг йўлланма хати билан ҳар йили 1 августга (қишки таътил даврида 22 январга) қадар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига расмий электрон почта манзили орқали тақдим этилади.


86. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан аризалар 15 августга (қишки таътил даврида 5 февралга) қадар кўриб чиқилиб, натижалари ҳақида тегишли олий таълим ташкилотига ва академик лицейга ёзма хабар берилади.


87. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан олинган ёзма хабар асосида олий таълим ташкилоти ва академик лицей раҳбарияти ариза берувчини беш кун муддатда ёзма равишда хабардор қилади.


88. Ўқувчини қабул қилувчи академик лицей директори ўқувчи илгари ўқиган академик лицей директорига ўқувчининг шахсий ҳужжатларини юбориш ҳақида сўровнома юборади. Сўровномани олган академик лицей директори ўқувчини ўқувчилар сафидан чиқариш ҳақида буйруқ чиқаради ва уч кун муддатда ўқувчининг шахсий ҳужжатларини ўқишини кўчирган академик лицейга тақдим этади.


89. Ўқишни кўчиришга рухсат берилган ўқувчини қабул қилувчи академик лицей директори уч кун муддатда ўқувчини ўқишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.


90. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири буйруғига асосан Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларидан хизмат фаолияти тугаши муносабати билан Ўзбекистонга қайтган ходимларнинг хорижда академик лицей мақомига тенглаштирилган таълим ташкилотларда таълим олган фарзандларининг ўқиши, истисно тариқасида, академик лицейга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигинининг тақдимномасига кўра Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг рухсати билан кўчирилади.


91. Саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида) ўқишдан четлаштирилган ўқувчиларни ўқишга қайта тиклаш учун ўқувчи, агарда ўқувчи вояга етмаган бўлса, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар четлаштириш сабабларини кўрсатган ҳолда академик лицей директори номига ариза билан мурожаат қилади.


92. Ўқувчининг, ўқувчи вояга етмаган бўлса, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ўқувчини ўқишга қайта тиклаш ҳақидаги аризаси ариза берилган кундан бошлаб ўн беш кун муддатда кўриб чиқилади.


93. Ўқувчи олдин ўқиган йўналиши тўхтатилган бўлса, унинг хоҳишига кўра турдош йўналишга ўқишини тиклаш мумкин.


94. Академик лицей ўқувчилари қуйидаги ҳолатларда четлаштирилиши мумкин:

а) ўқув йили давомида:

доимий яшаш учун бошқа ҳудудга ёки мамлакатга чиқиб кетганда;

суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этилганда;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида) академик таътил олганда;

вафот этганлиги сабаблари бўйича;

б) ўқув семестри якунида:

ўқиши бошқа академик лицейга кўчирилиши муносабати билан;

ўқувчининг, унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ташаббусларига кўра ўз аризасига мувофиқ;

ўқувчи томонидан ўқув дастури ва режаси талаблари бажарилмаганда (семестр якуни бўйича икки ёки ундан ортиқ фанни "қониқарсиз" баҳога ўзлаштирган, узрли сабабларсиз 76 соат ва ундан ортиқ дарс машғулотларини қолдирган) ёки академик лицейнинг ички тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузиш сабаблари бўйича академик лицей педагогик кенгашининг қарорига мувофиқ.


95. Ўқишдан четлатилган ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар академик лицей директори томонидан қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда академик лицей жойлашган ҳудуд бўйича Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларига тақдим этилади.


96. Ўқувчиларни ўқишдан четлатишда ҳужжатларнинг ишончлилиги ва тўғри расмийлаштирилганлиги учун масъулият академик лицей директорига юкланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


97. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


98. Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўқувчиларни академик лицейларга қабул қилиш

СХЕМАСИ

        

     

Босқичлар

    


    

Масъуллар

    


     

Чора-тадбирлар

    


   

Бажариш муддати

     








1-босқич


       

Олий таълим

муассасалари ва

академик лицейлар

    


Маслаҳат кенгашларини ташкил этади.


Ҳар йили

1 июнга қадар











2-босқич


Академик лицейлар ва

Маслаҳат кенгашлари


   

Абитуриентларнинг Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Ягона таълим хизматлари портали my.edu.uz орқали рўйхатдан ўтишини ташкил этади.

       


Ҳар йили 10 июндан

10 июлга қадар











3-босқич


Олий таълим, фан ва

инновациялар вазирлиги


    

Академик лицейларга имтиҳонлар ўтказиш санаси ҳамда қабул параметрларининг тиллар кесимидаги тақсимотини Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига киритади.

      


Ҳар йили 1 июлга қадар











4-босқич


Билим ва малакаларни

баҳолаш агентлиги


     

Академик лицейларга кириш тест синовларини ўтказади.

      


Ҳар йили июль ойида











5-босқич


   

Олий таълим

муассасалари ва

академик лицейлар

      


Имтиҳонларнинг якуний натижаларини ўз расмий веб-сайти орқали эълон қилади.


Имтиҳонлар тўлиқ

якунлангандан сўнг

уч кун ичида











6-босқич


Академик лицей

директори


Ўқишга қабул қилинган ўқувчилар тўғрисида буйруқни расмийлаштиради.


     

Якуний натижалар

эълон қилингандан сўнг

уч кун ичида

     




      

        




Низомга

2-ИЛОВА



Абитуриентларни академик лицейларга

қабул қилишда бериладиган имтиёзлар

          

Халқаро математика олимпиадаси (International Mathematical Olympiad (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (International Physics Olympiad (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (International Chemistry Olympiad (ICho), Халқаро биология олимпиадаси (International Biology Olympiad (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси (International Olympiad in Informatics (IOI) халқаро фан олимпиадаларида иштирок этган ёки Халқаро Жаутиков Олимпиадаси (International Zhautykov Olympiad (IZhO), Халқаро Менделеев олимпиадаси, Ўсмирлар ўртасида Халқаро Табиий фанлар олимпиадаси (International Junior Science Olympiad (IJSO), Халқаро Математика мусобақаси (International Mathematics Competition (IMC)да ғолибликни қўлга киритган умумий ўрта таълим мактабларининг 8 - 9-синф ўқувчилари.


Академик лицейнинг мос йўналишига қабул параметрларидан ташқари имтиҳонсиз қабул қилинадилар.


Умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синф битирувчилари орасидан фан олимпиадасининг ҳудудий (вилоят ва шаҳар) босқичида 1 - 3-ўринлар ғолиблари.


Академик лицейнинг мос йўналишига ҳужжат топширганда, ихтисослик фани бўйича тест синовидан максимал балл берилади.


Т/р

    

Сертификатлар номи

   

Тиллар/Фанлар

   

Минимал баллар

   

Мазкур чет тили ва фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган ўқувчиларга академик лицейларга кириш тест синовларининг фанлар мажмуасига киритилган мос чет тили ва фанлардан имтиҳонларсиз максимал балл берилади.


1.

International English Language Testing System (IELTS academic)


Инглиз тили

5

2.

Test of English as a Foreign Language (TOEFL)


IBT 42

3.

Cambridge Assessment English PET


B1

4.

Goethe-Zertifikat


Немис тили

B1

5.

TestDaf


B1

6.

Deutsches Sprachdiplom


B1

7.

Diplome d'Etudes en Langue Francaise (DELF)


Француз тили

B1

8.

Test de Connaissance du Francais (TCF)


B1

9.

Бошқа тиллар учун - миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича


Испан, турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, итальян, япон тили


B1

10.

Умумтаълим фани ва чет тилини билиш даражаси бўйича миллий сертификат


тегишлилиги бўйича


B1*

        

*) Умумтаълим фанини билиш даражаси бўйича минимал балл Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан белгиланади.

       

        




Низомга

3-ИЛОВА



Академик лицей ўқувчиларининг ўқишини кўчириш,

қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш

СХЕМАСИ

          

     

Босқичлар

      


     

Масъуллар

   


   

Чора-тадбирлар

    


   

Бажариш муддати

     








1-босқич


   

Академик лицей ўқувчилари, ота-

онаси ёки уларнинг ўрнини

босувчи шахслар билан

ҳамкорликда

     


Ўқишни кўчириш бўйича ҳужжатлар йиғмажилди тайёрлайди.


Ҳар йили 20 июндан

20 июлгача (20 декабрдан

20 январгача)











2-босқич


Академик лицей


    

Ўқувчининг ҳужжатлар йиғмажилдини олий таълим ташкилотининг йўлланма хати асосида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этади.

     


Ҳар йили 1 августгача

(22 январгача)











3-босқич


Олий таълим, фан ва

инновациялар вазирлиги


     

Аризаларни кўриб чиқиб, натижалари ҳақида тегишли олий таълим ташкилотига ёзма хабар беради.

     


Ҳар йили 15 августгача

(5 февралгача)











4-босқич


Ўқувчини қабул қилувчи

академик лицей директори


   

Ўқувчининг шахсий ҳужжатларини юбориш ҳақида ўқувчи таълим олган академик лицейга сўровнома юборади.

      


Ҳар йили 16 августгача

(6 февралгача)











5-босқич


Сўровномани олган

академик лицей директори


    

Ўқувчининг шахсий ҳужжатларини ўқишга қабул қилган академик лицейга етказади.

       


Ҳар йили 19 августгача

(9 февралгача)











6-босқич


           

Ўқувчини қабул қилувчи

академик лицей директори

         


Ўқувчини қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.


Ҳар йили 22 августгача

(12 февралгача)




           

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 19 июнь



















































































Время: 0.1769
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск