ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июнь, 2024 й. / Ижтимоий таъминот /

"Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.05.2024 й. 313-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 31 майдаги

313-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан

ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар ва оилаларга "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. "Саховат ва кўмак" жамғармаси туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда ташкил этилади ва унинг маблағлари туман (шаҳар) ғазначилик бўлимларида алоҳида очилган шахсий ғазна ҳисобварақларида йиғилади.


3. "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан ёрдамлар кўрсатиш фуқароларнинг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш ва шундай вазиятга тушганларни оғир ижтимоий вазиятдан чиқариш мақсадида ёрдам кўрсатилади.


4. "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағларидан ижтимоий ёрдам кўрсатиладиган шахслар ва оилалар уларнинг мурожаати ёки бевосита "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларининг ижтимоий ходимлари томонидан кейс-менежмент усулидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган ўрганишлар натижалари бўйича аниқланади.



2-БОБ. "САХОВАТ ВА КЎМАК" ЖАМҒАРМАСИ

МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


5. "Саховат ва кўмак" жамғармаси қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

Қорақалпоғистон Республика Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджети ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;

туманлар (шаҳарлар) халқ депутатлари Кенгашлари қарорига асосан туманлар (шаҳарлар) бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳар чоракда ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 24 ноябрдаги ПФ-6118-сон Фармонининг 12-бандига мувофиқ ўтказиладиган маблағлар;

краудфандинг механизмлари орқали келиб тушган маблағлар;

хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмаклари ва грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан "Саховат ва кўмак" жамғармасига мақсадли маблағлар ажратилган тақдирда, ушбу маблағлар фақат шу мақсадлар учун сарфаланади.


6. Мазкур Низомнинг 5-банди тўртинчи хатбошисида назарда тутилган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган махсус ҳисобварақда жамланади ҳамда ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан қуйидаги кўрсаткичларга мувофиқ тақдим этиладиган фоизларга асосан туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги "Саховат ва кўмак" жамғармаларига автоматик равишда тақсимланади:

25 фоизи - туманлар (шаҳарлар)даги аҳоли сони;

25 фоизи - туманлар (шаҳарлар)да яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар сони;

25 фоизи - "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган оилалар сони;

25 фоизи - "Темир дафтар"га киритилган оилалар сонига қараб.

Бунда Агентлик томонидан мазкур бандда назарда тутилган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг "Статистика" интеграллашган ахборот тизими ва "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими (кейинги ўринларда - "Ижтимоий ҳимоя" АТ)дан олинади.


7. Мазкур Низомнинг 6-бандида белгиланган кўрсаткичлар бўйича ажратиладиган маблағлар миқдорига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги ПФ-287-сон Фармони билан тасдиқланган Ихтисослашуви ҳамда кичик бизнес учун мавжуд шароитдан келиб чиқиб тоифаларга ажратилган Ўзбекистон Республикаси шаҳар ва туманларининг рўйхатига мувофиқ туман (шаҳар)нинг ихтисослашуви ҳамда кичик бизнес учун мавжуд шароитдан келиб чиққан ҳолда белгиланган тоифаси бўйича қуйидаги тузатиш коэффициентлари қўлланилади:

1-тоифадаги туман (шаҳарлар) учун - 0,85;

2-тоифадаги туман (шаҳарлар) учун - 0,95;

3-тоифадаги туман (шаҳарлар) учун - 1,03;

4-тоифадаги туман (шаҳарлар) учун - 1,06;

5-тоифадаги туман (шаҳарлар) учун - 1,1.


8. Ҳар ойнинг 5-санасига қадар туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими ҳамда "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази томонидан олдинги ойда "Саховат ва кўмак" жамғармасида шаклланган маблағларни (аввалги ойлардан ўтувчи қолдиқларни инобатга олган ҳолда) қуйидаги кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда, мутаносиб равишда туманлар (шаҳарлар)даги маҳалла фуқаролар йиғинлари бўйича тақсимлайди:

25 фоизи - маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳоли сони;

25 фоизи - маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар сони;

25 фоизи - маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган оилалар сони;

25 фоизи - маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи "Темир дафтар"га киритилган оилалар сони.

Мазкур бандда белгиланган кўрсаткичлар бўйича маълумотлар ушбу Низомнинг 6-бандида белгиланган тартибда олинади.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари бўйича тақсимланган маблағларга доир маълумотлар "Ижтимоий ҳимоя" АТга "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари томонидан киритиб борилади.


9. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари мазкур Низомнинг 8-бандига мувофиқ тақсимланадиган маблағлар миқдорини туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлимлари ҳамда "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ташаббусига кўра маҳалла фуқаролар йиғинларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, "Саховат ва кўмак" жамғармасида шаклланган умумий маблағлар доирасида камайтириш ёки кўпайтириш ҳуқуқига эга.



3-БОБ. "САХОВАТ ВА КЎМАК" ЖАМҒАРМАСИ МАБЛАҒЛАРИ

ҲИСОБИДАН КЎРСАТИЛАДИГАН ЁРДАМЛАР


10. "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги дастурлар бўйича ёрдам кўрсатилади:

оғир ва узоқ вақт даволаниш талаб этиладиган касалликка чалинган оилаларга ёрдам кўрсатиш дастури;

биринчи даражали эҳтиёжларни қоплашга кўмаклашиш дастури;

уй-жой шароитига эга бўлмаган оилаларни қўллаб-қувватлаш дастури;

иситиш таъминотидан узилган оилаларга ёрдам кўрсатиш дастури.


11. Мазкур Низомнинг 10-бандида назарда тутилган дастурлар бўйича қўйидаги ёрдамлар кўрсатилади:

а) оғир ва узоқ вақт даволаниш талаб этиладиган касалликка чалинган оилаларга ёрдам кўрсатиш дастури доирасида:

базавий ҳисоблаш миқдорининг (кейинги ўринларда - БҲМ) 10 бараваригача бўлган миқдорда дори-дармон билан таъминлаш харажатларини қоплаш;

БҲМнинг 50 бараваригача бўлган миқдорда даволаниш харажатларини (яшаш ва йўл харажати билан бирга) қоплаш.

Бунда дори-дармон билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун битта оилага бир йилда икки марта, даволаниш харажатларини қоплаш учун эса бир йилда бир марта ёрдам кўрсатилиши мумкин. БҲМнинг 5 бараваригача бўлган маблағлар ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг банк пластик картасига ўтказиб берилади, қолган ҳолатларда эса тегишли маблағлар шартнома асосида ўтказилади;

б) биринчи даражали эҳтиёжларни қоплашга кўмаклашиш дастури доирасида БҲМнинг 1 баравари миқдорида озиқ-овқат, 5 бараваригача миқдорида кийим-кечак ва бошқа энг зарур товарлар билан таъминлаш харажатларини қоплаш. Бунда озиқ-овқат билан таъминлаш харажатларини қоплаш бир чоракда бир марта, кийим-кечак билан таъминлаш харажатларини қоплаш эса бир йилда икки марта белгиланиши мумкин ҳамда маблағлар ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг банк пластик картасига ўтказилади ёки шартнома асосида натура кўринишида берилади;

в) уй-жой шароитига эга бўлмаган оилаларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида:

олти ой давомида ҳар ойда ижара шартномасининг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 4 бараваридан ошмаган миқдорда вақтинча бошпана учун харажатларни (ижара тўловини тўлиқ ёки бир қисмини) қоплаш;

БҲМнинг 50 бараваригача бўлган миқдорда фақат бир маротаба уй-жойини таъмирлаш, шу жумладан, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг яшаш шароитини мослаштириш харажатларини қоплаш. Бунда ушбу кичик бандда назарда тутилган маблағлар ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг банк пластик картасига ёки шартнома асосида ўтказиб берилади;

г) иситиш таъминотидан узилган оилаларга ёрдам кўрсатиш дастури доирасида:

бир йилда кўпи билан икки маротаба куз-қиш мавсумида (1 октябрдан 15 мартга қадар) БҲМнинг 1 бараваригача бўлган миқдорда коммунал харажатларни қоплаш;

куз-қиш мавсумида БҲМнинг 2 бараваригача бўлган миқдорда кўмир билан таъминлаш харажатларини қоплаш.

Ушбу кичик бандда назарда тутилган маблағлар ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг банк пластик картасига ёки таъминот корхоналарига тўғридан-тўғри ўтказиб берилади.

Мазкур бандда назарда тутилган маблағлар миқдори Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг ҳамда туманлар (шаҳарлар) бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан кўпайтирилиши мумкин.


12. "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари ва топшириқларига кўра ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилмаган бошқа мақсадларга ҳам йўналтирилиши мумкин.



4-БОБ. "САХОВАТ ВА КЎМАК" ЖАМҒАРМАСИ

МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


13. "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағларидан фойдаланиш қуйидаги уч босқичда амалга оширилади:

биринчи босқичда - ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс ёки оиланинг аҳволи кейс-менежмент асосида ўрганилади ҳамда унга "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан ёрдам кўрсатиш бўйича тавсия шакллантирилади;

иккинчи босқичда - кейс-менежмент натижаси бўйича шакллантирилган тавсия асосида ёрдам кўрсатиш "Маҳалла еттилиги" томонидан коллегиал тарзда кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади. Бунда "Маҳалла еттилиги"нинг йиғилишлари ҳар ойда икки марта - ойнинг 15 ва охирги санасигача ўтказилади, кечиктириб бўлмайдиган ҳоллар бундан мустасно;

учинчи босқичда - "Маҳалла еттилиги"нинг ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги коллегиал қарори асосида туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан тегишли маблағлар ажратилади.


14. Ижтимоий ходим томонидан биринчи босқич доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс ёки оиланинг аҳволи қуйидаги асослар бўйича кейс-менежмент асосида ўрганиб чиқилади:

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг мурожаати;

ижтимоий ходим томонидан хонадонма-хонадон юриш натижасида.


15. Электрон ахборот алмашиш тизимлари орқали қуйидаги ҳолатлар тасдиқлангандан сўнг кейс-менежмент ўтказиш натижасида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсга (оилага) "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилган ёрдамларни кўрсатиш тўғрисида ижтимоий ходим томонидан "Ижтимоий ҳимоя" АТ орқали тавсиянома шакллантирилади:

а) ўрганилаётган оила "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"да кам таъминланган оила сифатида рўйхатда турганда;

б) мазкур банднинг "а" кичик банди шартларига тўғри келмаган ҳолда қуйидаги сўровларга рад жавоби келганда:

1) солиқ органларининг маълумотига кўра оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромади минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2,5 бараваридан ортиқлиги;

2) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрида биттадан ортиқ кўчмас мулк ва ер участкаси ёки бир ва ундан ортиқ нотурар жойлар мавжудлиги;

3) оила аъзоларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номига расмийлаштирилган ёхуд ишончномага асосан қуйидагилар мавжудлиги:

ишлаб чиқарилган муддати 12 йилдан (оила аъзоси I ёки II гуруҳ ва 18 ёшгача болаликдан ногирон бўлса, 7 йилдан) ошмаган, техник ҳолати соз бўлган енгил автотранспорт воситаси;

ишлаб чиқарилган муддати 15 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган юк ташувчи автотранспорт воситаси, автобус, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ҳамда бошқа қурилиш техникаси;

икки ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган енгил ҳамда юк ташувчи автотранспорт воситалари, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси;

4) оила аъзоларининг тижорат банкларидаги депозит ҳисобварақларида мурожаат қилинган ойда амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 20 баравари ва ундан ортиқ миқдорда маблағлар мавжудлиги;

5) оила аъзоларида мурожаат қилинган ойда бозор қиймати меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 20 баравари ва ундан ортиқ суммани ташкил этувчи қимматли қоғозлар мавжудлиги;

в) оила аъзолари "Ёшлар дафтари" ёки "Аёллар дафтари"га рўйхатда турмаслиги ёки жорий йилда ушбу дафтарлар орқали моддий ёрдам кўрсатилмаганлиги.

Тавсиянома бир кун ичида кўриб чиқиш учун "Маҳалла еттилиги"га киритилади.


16. "Маҳалла еттилиги" томонидан ижтимоий ходимнинг тавсияномаси беш кун ичида коллегиал тартибда кўриб чиқилади ва қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс ёки оилага "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан ёрдам кўрсатиш тўғрисида;

тавсияномада кўрсатилган ёрдам миқдори "Саховат ва кўмак" жамғармасида шаклланган маблағларнинг маҳалла фуқаролар йиғини бўйича тақсимланган миқдоридан ортиқ бўлган тақдирда, кўрсатиладиган ёрдамларнинг миқдорини камайтириш ёки ёрдам кўрсатишни кейинги ойга кечиктириш ҳақида;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс ёки оилага "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан ёрдам кўрсатишни рад этиш тўғрисида.

"Маҳалла еттилиги" томонидан қабул қилинадиган қарор матни "Ижтимоий ҳимоя" АТда автоматик шакллантирилади. Бунда кўрсатиладиган ёрдамнинг миқдори фуқаронинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, ижтимоий ҳодим томонидан киритилади.


17. "Маҳалла еттилиги" томонидан ижтимоий ходимнинг тавсияномаси ҳар бир оила бўйича алоҳида кўриб чиқилиб, овоз берилади ҳамда "Маҳалла еттилиги" аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан оилага ёрдам кўрсатиш бўйича қарор қабул қилинади. Бунда овозлар тенг бўлиб қолганда, ижтимоий ходимнинг овози ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Мазкур Низомнинг 16-бандида назарда тутилган муддатда "Маҳалла еттилиги" вакиллари томонидан овоз берилиши шарт.

"Маҳалла еттилиги" вакиллари томонидан берилган овозларга асосан қарор қабул қилиш тартиби Агентлик томонидан белгиланади.


18. "Маҳалла еттилиги" томонидан ёрдам ажратиш бўйича қарор қабул қилишда қуйидаги шахслар ёки оилаларга устуворлик берилади:

ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кекса ва I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;

боқувчиси ногиронлиги бўлган шахс бўлган оилаларга;

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс бўлган ёки оғир касалликка чалинган (бутунлай ёки қисман ўзини-ўзи боқиш имконига эга бўлмаган, фаолияти кўрсата олмайдиган) шахсларга;

боқувчисини йўқотган оилаларга.


19. Ушбу Низомнинг 16-банди учинчи хатбошисида назарда тутилган бир нафар оилага ёрдам кўрсатиш кетма-кет уч маротаба кейинги ойга кечиктирилганда, ёрдамни тайинлаш "Ижтимоий ҳимоя" АТ томонидан автоматик равишда рад этилади.

Бунда "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажртиладиган ёрдамларни олиш учун ижтимоий ёрдам олиш истагида бўлган оила (шахс) томонидан қайта мурожаат қилиниши мумкин.


20. Туман (шаҳар) ҳокимликлари "Маҳалла еттилиги"нинг ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарорларининг ушбу маҳалла фуқаролар йиғинларига ажратилган маблағлар доирасида кўпи билан бир ой муддатда ижросини таъминлайди. Бунда:

даволаш муассасаларига ҳамда уй-жой ижараси бўйича тўловлар тегишли шартномалар бўйича тўғридан-тўғри ўтказиб берилади;

товар кўринишидаги ёрдамлар товарни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар махсус ахборот порталида эълон жойлаштирмасдан ва харид қилиш тартиб-таомилларини электрон шаклда ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаш орқали аниқланади;

пул кўринишидаги ёрдамлар АТ "Халқ банки"нинг ҳудудий филиалларида очилган банк пластик карталарига ўтказиб берилади. Бунда зарур маълумотлар АТ "Халқ банки"нинг тегишли ахборот тизимларидан олинади.

Ушбу банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган товарлар бевосита ёрдам олувчининг яшаш манзилиги етказиб берилади ҳамда бу тўғрисида товарни етказиб берувчи ва "Маҳалла еттилиги"нинг бир нафар вакили иштирокида далолатнома расмийлаштирилади.


21. Ижтимоий ходим томонидан ушбу Низомнинг 14 ва 15-бандларида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш жараёнида оилага шошилинч ёрдам кўрсатиш лозимлиги аниқланганда, зудлик билан "Ижтимоий ҳимоя" АТ орқали тавсиянома шакллантирилади ҳамда "шошилинч" грифи остида кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун "Маҳалла еттилиги"га киритади.

Ушбу тавсиянома "Маҳалла еттилиги" томонидан бир сутка ичида кўриб чиқилиши шарт.



5-БОБ. "САХОВАТ ВА КЎМАК" ЖАМҒАРМАСИ

МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ БЎЙИЧА

ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ


22. "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тасарруф этилади.


23. Туман (шаҳар) ҳокимликлари қуйидагилар учун масъул ҳисобланади:

ушбу Низомнинг 20-бандида назарда тутилган муддатда "Маҳалла еттилиги"нинг қарорида кўрсатилган ёрдам бўйича маблағларни молиялаштириш;

"Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағларидан молиялаштирилган ёрдамлар тўғрисидаги маълумотларни мунтазам равишда "Ижтимоий ҳимоя" АТга киритиб бориш;

"Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бепул ёки имтиёзли тарзда ёрдам кўрсатиладиган шахсларга "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан айнан шу турдаги ёрдам кўрсатилмайди.


25. "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан ёрдам олиш учун мурожаатларни кўриб чиқиш босқичлари бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга СМС-хабарнома юборилади.

Бунда СМС-хабарнома юбориш билан боғлиқ харажатлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.


26. "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан кўрсатилган ёрдамлар тўғрисидаги маълумотлар "Ижтимоий ҳимоя" АТга киритиб борилади.


27. Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан мазкур Низомга мувофиқ туманлар (шаҳарлар)да ижтимоий ёрдамлар учун ажратилган маблағларнинг самарали ва мақсадли ишлатилиши бўйича назорат амалга оширилади.


28. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

         

       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 19 июнь


































































Время: 0.0295
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск