ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июнь, 2024 й. / Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.06.2024 й. ПҚ-228-сон "Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

21.06.2024 й.

N ПҚ-228



АҲОЛИ ВА ДАВЛАТ ХИЗМАТЧИЛАРИНИНГ

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ СОҲАСИДАГИ

БИЛИМЛАРИНИ УЗЛУКСИЗ ОШИРИШ ТИЗИМИНИ

ЖОРИЙ ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари такомиллаштирилиб, жамиятда коррупция иллатига нисбатан муросасиз муҳитни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмлари кенг жорий этилиб, уларнинг фаолиятида очиқликни таъминлаш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш бўйича тизимли чоралар кўрилди.

Шу билан бирга, аҳоли ва давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларга "ҳалоллик вакцинаси"ни сингдириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш тизимини замон талабларидан келиб чиққан ҳолда янги босқичга олиб чиқиш зарурати юзага келмоқда.

"Ўзбекистон - 2030" стратегиясига мувофиқ аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириб боришнинг кенг қамровли тизимини жорий этиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) ва Бош прокуратурасининг аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз оширишга қаратилган "Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси" электрон платформасини (кейинги ўринларда - Виртуал академия) 2025 йил 1 январдан жорий этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.


2. Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ёш авлод онгига ҳалоллик қадриятларини сингдириш;

коррупцияга қарши курашишга масъул ҳамда коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган давлат хизмати лавозимларидаги ходимларнинг билим, кўникма ва малакаларини доимий равишда ошириб бориш;

давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини баҳолаш ва сертификатлаш ҳамда сертификат олган давлат хизматчиларининг реестрини юритиш;

коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги миллий ва хорижий тажриба, илмий, услубий ва амалий ишланмалар, эришилган ютуқлар бўйича электрон маълумотлар базасини юритиш;

коррупцияга қарши курашишнинг долзарб муаммолари юзасидан илмий-тадқиқот дастурлари ва лойиҳаларини, шу жумладан, миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш.


3. Белгилансинки, Виртуал академияда ўқув фаолиятини ташкил этиш ва юритиш Агентлик ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси (кейинги ўринларда - Академия) томонидан амалга оширилади. Бунда:

а) Агентлик:

коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитилиши лозим бўлган давлат хизматчилари контингентини шакллантиради ва Академия билан келишган ҳолда йиллик ўқитиш режа-графигини тасдиқлайди;

ўқув жараёни сифатли ташкил этилишини мониторинг қилиб боради;

коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсати, коррупциявий хавф-хатарлар ва тадқиқот натижаларини инобатга олиб, янги ўқув модулларини жорий этиш бўйича Академияга таклифлар киритади;

ўқитиш тизимининг самарали фаолият кўрсатиши учун ўқув жараёнига жалб қилинган давлат органлари ва ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади;

Академия билан биргаликда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига Виртуал академия фаолияти юзасидан ахборот киритади;

б) Академия:

Виртуал академиянинг узлуксиз ишлашини, ўқув контенти ва материаллари билан мунтазам тўлдирилиши ва янгилаб борилишини таъминлайди;

коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқув жараёнини ташкил этади, шу жумладан ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади, ўқув курслари ҳақидаги маълумотларни Виртуал академияда жойлаштиради;

тингловчиларнинг билимларни ўзлаштириши натижалари бўйича электрон маълумотлар базасини шакллантиради, ўқув курсларини тамомлаган шахсларнинг реестрини юритади;

ўқув жараёнига давлат органлари ва ташкилотларининг, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг малакали мутахассисларини, шу жумладан хорижий экспертларни жалб қилади.


4. Виртуал академияда ўқитиш қуйидаги контингент учун коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув дастурлари асосида олиб борилади:

аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари;

таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, ўқувчилари ва талабалари;

давлат органлари ва ташкилотларининг давлат хизматчилари (кейинги ўринларда - давлат хизматчилари);

давлат иштирокидаги корхоналарнинг ходимлари.


5. Белгилаб қўйилсинки:

а) Виртуал академияда ўқитиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида базавий ҳамда махсус ўқув курслари бўйича йўлга қўйилади. Бунда:

базавий ўқув курсларида ўқитиш барча фойдаланувчилар учун бепул асосда ташкил этилади;

махсус ўқув курсларида малака ошириш тўлов-шартнома асосида амалга оширилади;

б) давлат хизматчиларига Виртуал академиянинг махсус ўқув курсларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида малакасини ошириш мажбурий ҳисобланади. Бунда:

давлат хизматчиси ишга қабул қилинганидан сўнг уч ой ичида ўқув курсидан ўтади;

давлат хизматчилари малакасини оширишнинг даврийлиги ҳар уч йилда камида бир мартани ташкил этади;

коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ва коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган давлат хизмати лавозимларида фаолият кўрсатувчи ходимлар учун махсус курслар чуқурлаштирилган ўқув дастурлари асосида олиб борилади;

в) давлат хизматчилари ҳисобланмайдиган шахсларни махсус ўқув курсларида ўқитиш ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.


6. Қуйидагилар Виртуал академия фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

Академиянинг бюджетдан ташқари маблағлари;

Агентликнинг ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро ташкилотларнинг грантлари ва маблағлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. "Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси" электрон платформасининг самарали фаолиятини таъминлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича "йўл харитаси" иловага мувофиқ тасдиқлансин.


8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) махсус ўқув курсларида тўлов-шартнома асосида малака ошириш учун тўлов миқдори Академиянинг Васийлик кенгаши томонидан Агентлик ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади;

б) махсус ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган шахсларга Агентлик ва Академия томонидан тасдиқланадиган намунадаги сертификат берилади;

в) давлат хизматчиларининг малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлар тегишли давлат органи ёки ташкилотига ушбу мақсадлар учун назарда тутилган бюджет маблағлари доирасида ёхуд уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади;

г) тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар Академия ҳисобварағида жамланади ва қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:

Виртуал академия фаолиятида фойдаланишга оид материалларни тайёрлаш учун буюртмалар бериш;

Виртуал академия фаолиятини таъминлашга масъул ходимларни моддий рағбатлантириш ва уларнинг малакасини ошириш;

Виртуал академиянинг узлуксиз ишлаши ва унинг фаолиятини самарали ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

ўқитиш жараёнига тегишли ходимлар, илмий-педагогик кадрлар ва мутахассисларни, шу жумладан хорижий экспертларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш.

Бунда, ўқитишдан тушадиган маблағлар юқорида назарда тутилган харажатлар қопланганидан сўнг Агентлик ва Академиянинг бюджетдан ташқари жамғармаларига тенг улушларда тақсимланади.


9. Давлат органлари ва ташкилотлари мунтазам равишда ўз ходимларининг Виртуал академияда коррупцияга қарши курашиш соҳасида малакасини ошириб боришларини таъминласин.

Давлат иштирокидаги корхоналарга ходимларини Виртуал академияда коррупцияга қарши курашиш соҳасида малакасини ошириш чораларини кўриб бориш тавсия этилсин.


10. Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган илмий тадқиқотларни тизимли ва самарали ташкил этиш мақсадида:

Агентлик томонидан олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари учун коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилиши мумкин бўлган тавсиявий йиллик илмий-тадқиқот мавзуларини шакллантириш;

барча олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган илмий тадқиқотлар натижаларини Агентликка тақдим этиш;

Академия томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида эришилган ютуқлар, миллий ва хорижий тажриба, илмий, услубий ва амалий ишланмалар ҳамда илмий-тадқиқот ишлари бўйича электрон маълумотлар базасини муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда юритиш тартиби жорий этилсин.

Агентлик ва Академия соҳадаги илмий тадқиқотларни мақсадли ва сифатли амалга ошириш, натижаларини оммалаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига мунтазам равишда таклифлар киритиб борсин.


11. Агентлик ва Академия:

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Виртуал академияда ўқитишни ташкил этиш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқласин;

2025 йил 1 январга қадар "Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси" электрон платформаси ва унинг мобиль иловасини ишга туширсин.


12. Академия Агентлик, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда:

2024 йил 1 октябрга қадар таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, ўқувчилари ва талабалари учун Виртуал академияда ташкил этиладиган махсус дастурлар ва контентнинг ишлаб чиқилишини;

мунтазам равишда таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, ўқувчилари ва талабалари учун махсус дастурлар ва контентнинг янгилаб борилишини таъминласин.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги таълим олувчилар учун Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси (GRACE) дастури доирасида сифатли мультипликацион фильм, видеолавҳа ва аудиоматериалларни яратиш мақсадида хорижий инвестициялар, грантлар ҳамда ҳомийлик хайрияларини жалб қилиш чораларини кўрсин.


13. Агентлик ва Бош прокуратура Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.


14. Агентлик икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Агентлик директори А.Э. Бурханов ва Бош прокурор Н.Т. Йўлдошев белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Т.К. Нарбаева ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Д.Б. Кадиров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                           Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 21 июндаги

ПҚ-228-сон қарорига

ИЛОВА



"Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси"

электрон платформасининг самарали фаолиятини таъминлаш

ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"


Т/р

Чора-тадбир номи

        

Амалга ошириш

шакли

      

Ижро муддати

    

Молиялаштириш

манбалари

       

Масъул ижрочилар

   

    

I. "КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ВИРТУАЛ АКАДЕМИЯСИ"

ЭЛЕКТРОН ПЛАТФОРМАСИ ФАОЛИЯТИНИ САМАРАЛИ

ТАШКИЛ ЭТИШ

       

1.

"Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси" электрон платформаси (кейинги ўринларда - Виртуал академия)да ўқитишни ташкил этиш тартибини тасдиқлаш.


Идоравий ҳужжат

2024 йил

сентябрь

-

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, манфаатдор вазирлик ва идоралар


2.

Виртуал академияда коррупцияга қарши курашиш соҳасида эришилган ютуқлар, миллий ва хорижий тажриба, илмий, услубий ва амалий ишланмалар бўйича электрон маълумотлар базасини юритиш тартибини тасдиқлаш.


Идоравий ҳужжат

2024 йил

октябрь

-

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, манфаатдор вазирлик ва идоралар


3.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитилиши лозим бўлган давлат хизматчилари контингентини шакллантириш, йиллик ўқитиш режа-графигини тасдиқлаш.


Идоравий ҳужжат

2024 йил

октябрь

-

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси


4.

Тингловчиларнинг билимларни ўзлаштириши натижалари бўйича электрон маълумотлар базасини шакллантириш, ўқув курсларини тамомлаган шахсларнинг реестрини юритиш.


Ташкилий чора-

тадбирлар

Доимий

-

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси


5.

Виртуал академияда ўқув жараёни сифатли ташкил этилишини мониторинг қилиш тартибини белгилаш.


Идоравий ҳужжат

2024 йил

сентябрь

-

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги


6.

Махсус ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган шахсларга тақдим этиладиган сертификат намунасини тасдиқлаш.


Идоравий ҳужжат

2024 йил

сентябрь

-

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси


7.

Виртуал академияда таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, ўқувчилари ва талабалари учун ўқув дастурларини тасдиқлаш.


Ташкилий-ҳуқуқий

чора-тадбирлар


2024 йил

октябрь

-

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги


8.

Таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, ўқувчилари ва талабалари учун ўқув контентини ишлаб чиқиш ва доимий янгилаб борилишини таъминлаш.


Ташкилий чора-

тадбирлар

2024 йил

октябрь


Доимий

-

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги


9.

Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси (GRACE) дастури доирасида:

сифатли мультипликацион фильм, видеолавҳа ва аудиоматериалларни яратиш мақсадида хорижий инвестициялар, грантлар ҳамда ҳомийлик хайрияларини жалб қилиш чораларини кўриш;

ўқув материалларини давлат тилига таржима қилиш (мультипликацион фильм, видеолавҳа ва аудиоматериалларни дубляж қилиш) ва Виртуал академияга жойлаштириш.


Ташкилий чора-

тадбирлар

Доимий

-

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги


10.

Виртуал академияда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқув жараёнини ташкил этиш, шу жумладан ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиб, курслар ҳақидаги маълумотларни Виртуал академияда жойлаштириш.


Ташкилий чора-

тадбирлар

Доимий

-

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси


11.

Виртуал академия электрон платформаси ва унинг мобиль иловасини ишга тушириш.


Комплекс чора-

тадбирлар


2025 йил

1 январга қадар


-

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси


12.

Виртуал академиядаги ўқув жараёнига давлат органлари ва ташкилотларининг, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг малакали мутахассисларини, шу жумладан хорижий экспертларни жалб қилиш.


Ташкилий чора-

тадбирлар

Доимий

-

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси


13.

Виртуал академиянинг узлуксиз ишлашини, ўқув контенти ва материаллари билан мунтазам тўлдирилиши ва янгилаб борилишини таъминлаш.


Ташкилий чора-

тадбирлар

Доимий

-

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси


14.

Давлат органлари ва ташкилотлари мунтазам равишда ўз ходимларининг Виртуал академияда коррупцияга қарши курашиш соҳасида малакасини ошириб бориш ишларини таъминлаш.


Ташкилий чора-

тадбирлар

Доимий

-

Вазирлик ва идоралар, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги


15.

Давлат иштирокидаги корхоналар ходимларини Виртуал академияда коррупцияга қарши курашиш соҳасида малакасини ошириб бориш чораларини кўриш.


Ташкилий чора-

тадбирлар

Доимий

-

Давлат иштирокидаги корхоналар, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги


16.

Виртуал академия фаолияти юзасидан ахборот ва таклифларни тайёрлаб, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига киритиб бориш.


Ташкилий чора-

тадбирлар

Ҳар йил якуни

бўйича

-

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси


      

II. КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ СОҲАСИДАГИ ИЛМИЙ

ТАДҚИҚОТЛАРНИНГ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

        

17.

Олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари учун коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилиши мумкин бўлган тавсиявий йиллик илмий-тадқиқот мавзуларини шакллантириш.


Ташкилий чора-

тадбирлар

Ҳар йили

ноябрь-декабрь


-

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари


18.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган илмий-тадқиқотлар натижаларини Агентликка тақдим этиш.


Ташкилий чора-

тадбирлар

Ҳар йили

-

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари


19.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида эришилган ютуқлар, миллий ва хорижий тажриба, илмий, услубий-амалий ишланмалар ва илмий-тадқиқот ишлари бўйича электрон маълумотлар базасини муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда юритиш тартибини жорий этиш.


Ташкилий чора-

тадбирлар

2024 йил

ноябрь


Кейинчалик доимий

-

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси


20.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги илмий тадқиқотларни мақсадли ва сифатли амалга ошириш, натижаларини оммалаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига таклифлар киритиб бориш.


Ташкилий чора-

тадбирлар

Доимий

-

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси


21.

Ёшлар орасида Виртуал академия имкониятларини кенг тарғиб қилиш орқали жалб қилинган ёшлар сонини ошириб бориш.


Чора-тадбирлар

дастури

Доимий

-

Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги


      

III. ВИРТУАЛ АКАДЕМИЯНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИК

БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ

        

22.

Виртуал академияда ўқитишни ташкил этиш учун қўшимча замонавий ускуналар, серверлар ва бошқа жиҳозларни харид қилиш ва ўрнатиш.


Комплекс ташкилий

чора-тадбирлар

2024-2025 йиллар


Кейинчалик

заруратга кўра

Халқаро донорларнинг маблағлари


Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги


23.

Коррупцияга қарши курашишнинг долзарб муаммолари юзасидан илмий-тадқиқот дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилиш.


Ташкилий чора-

тадбирлар

Доимий

-

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги


24.

Виртуал академиянинг самарали ишлаши учун маҳаллий ва хорижий ҳуқуқий ҳамда ахборот-таҳлилий электрон нашрларга мунтазам обунасини таъминлаш.


Комплекс ташкилий

чора-тадбирлар

2024 йил

ноябрь


Кейинчалик доимий


Халқаро донорларнинг маблағлари


Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси


25.

Виртуал академияни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг электрон ахборот-кутубхона фондига ва етакчи хорижий ахборот-кутубхона ресурслари фондларига улаш.


Комплекс ташкилий

чора-тадбирлар

2024 йил

ноябрь

Халқаро донорларнинг маблағлари

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Рақамли технологиялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси


26.

Виртуал академияни сифатли ўқув контенти ва материаллари билан таъминлаш мақсадида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг мультимедиа студиясини такомиллаштириш ва замонавий технологиялар билан жиҳозлаш.


Комплекс ташкилий

чора-тадбирлар

Доимий

Халқаро донорларнинг маблағлари, тўлов-шартномадан тушган маблағлар


Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Рақамли технологиялар вазирлиги


27.

Виртуал академияда ўқитиш ва малака ошириш ўқув дастурларини контингент учун мослаштириш ва ўқув қўлланмалар, ўқув-услубий материалларни тайёрлаш.


Комплекс ташкилий

чора-тадбирлар

Доимий

Халқаро донорларнинг маблағлари, тўлов-шартномадан тушган маблағлар


Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги


28.

Виртуал академиянинг самарали фаолият кўрсатиши учун халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш:

етакчи илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий муассасалар ва бошқа ташкилотлар билан меморандумлар, ўзаро ҳамкорлик келишувларини тузиш, қўшма дастурларни амалга ошириш;

Виртуал академиянинг фаолиятини ташкил этувчи ўқитувчи-ходимларнинг малакасини ошириш ва ўқитиш жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш амалиётини жорий этиш;

ўқитувчи-ходимларни хорижий мамлакатлар таълим муассасаларида стажировка ўташини ташкил этиш.


Комплекс ташкилий

чора-тадбирлар

Доимий

Халқаро донорларнинг маблағлари


Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги


        

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 22 июнь





















































































Время: 0.0035
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск