ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июнь, 2024 й. / Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари / Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш /

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тиббий ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.06.2024 й. 352-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 24 июндаги

352-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида

тиббий ва санаторий-курорт таъминотини

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида (кейинги ўринларда - Қуролли Кучлар) тиббий ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низом:

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва ички ишлар органларининг ходимлари, собиқ ходимларидан бўлган пенсионерлари ҳамда уларнинг оила аъзоларининг;

ички ишлар органларининг собиқ ҳарбий хизматчиларидан бўлган пенсионерлар ва уларнинг оила аъзоларининг, курсантлари ҳамда тингловчиларининг тиббий ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш тартибига нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


санаторий-курорт муассасаси - Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати, Электрон технологияларини ривожлантириш маркази, Ҳарбий прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг (кейинги ўринларда - Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар) бепул ёки имтиёзли тиббий таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий хизматчилари ва ҳарбий пенсионерлари ҳамда уларнинг оила аъзоларининг (кейинги ўринларда - бириктирилган таркиб) даволаниши, профилактик дам олиши учун мўлжалланган муассасалар ва дам олиш уйлари (пансионатлар);


санаторий-курорт таъминоти - Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимидаги санаторий-курорт муассасаларида кўрсатиладиган диагностика, даволаш ва профилактик дам олиш хизматлари;


санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар - Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимида юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлишининг ҳамда тарқалишининг олдини олишга ва уларни бартараф этишга қаратилган ташкилий, маъмурий, муҳандислик-техник, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлар;


тиббий таъминот - Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимида тиббий, тиббий-санитария ёрдами ва тиббий-ижтимоий ёрдам (тиббий маслаҳат бериш, текшириш, ташхис қўйиш, амбулатор даволаш, стационар даволаш, шу жумладан, юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббий реабилитация қилиш) ҳамда бошқа тиббий хизматлар кўрсатиш, шунингдек, санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш ҳамда экспертиза ўтказиш;


ҳарбий-тиббий муассаса - Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимидаги тиббиёт (даволаш-профилактика), санаторий-курорт ва тиббий экспертиза муассасалари, ҳарбий қисмларнинг (муассасаларнинг) тиббиёт бўлинмалари, санитария-эпидемиология муассасалари ҳамда уларнинг тузилмасидаги ҳудудий бўлинмалари.


4. Тиббий ва санаторий-курорт таъминоти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда мазкур Низомга, шунингдек, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси доирасида қабул қилинадиган идоравий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этилади.



2-БОБ. ТИББИЙ ВА САНАТОРИЙ-КУРОРТ

ТАЪМИНОТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


5. Тиббий ва санаторий-курорт таъминотидан бириктирилган таркиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ-4447-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб, шартлар ва меъёрларда бепул ёки имтиёзли асосларда фойдаланади.


6. Тиббий таъминотдан қуйидаги тартибда фойдаланилади:

ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ҳарбий-тиббий муассасаларда даволаниш ҳуқуқига эга оила аъзолари - ҳарбий хизматни ўташ (доимий яшаш ёки вақтинча турган) жойи бўйича бириктирилган ҳарбий-тиббий муассасаларда;

ҳарбий пенсионерлар ва уларнинг ҳарбий-тиббий муассасаларда даволаниш ҳуқуқига эга оила аъзолари - улар доимий яшайдиган ҳудудда жойлашган ҳарбий-тиббий муассасаларда (ҳарбий қисм ва муассасаларнинг тиббиёт бўлинмалари бундан мустасно).

Ҳарбий пенсионерлар, уларнинг оила аъзоларининг бепул ёки имтиёзли асосларда тиббий таъминотдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимидаги пенсия таъминоти бўлинмалари томонидан бериладиган маълумотнома асосида ҳарбий-тиббий муассасалар томонидан аниқланади.

Хизмат сафарида ва таътилда бўлган ҳарбий хизматчилар тиббий таъминотдан улар бўлиб турган жойдаги ҳарбий-тиббий муассасаларда фойдаланади.

Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг ҳудудий ҳарбий-тиббий муассасаларида тиббий таъминотдан фойдаланаётган бириктирилган таркиб электрон ахборот тизими ("Ягона тиббий ахборот тизими") орқали ҳисобга олинади (ноошкора мақомга эга алоҳида тоифадаги шахслар бундан мустасно).

Бунда ҳисобга олинган бириктирилган таркиб навбат асосида марказий ҳарбий-тиббий муассасаларга ушбу вазирлик ва идораларнинг бош (етакчи) тиббий мутахассислари билан келишилган ҳолда, ҳудудий ҳарбий-тиббий муассасалар бошлиқлари томонидан даволанишга юборилади (кўчирилади).


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ-4447-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомнинг 193-194-бандларига мувофиқ ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизматни ўташ ва яшаш жойларида, ҳарбий пенсионерларнинг яшаш жойларида ҳарбий-тиббий муассасалар ёки уларда тегишли бўлимлар ёхуд махсус тиббий асбоб-ускуналар бўлмаган ҳамда кечиктириб бўлмайдиган (шошилинч) ҳолатларда тиббий ёрдам ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар тиббий муассасаларда кўрсатилади.


8. Бириктирилган таркиб фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича даволаш-профилактика муассасаларида ҳам тиббий таъминотдан фойдаланиш кафолатланади.


9. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-тиббий муассасаларида Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари, катта офицерларининг оила аъзолари (эри, хотини, ўн саккиз ёшга тўлмасидан олдин ногирон бўлиб қолган ўн саккиз ёшдан ошган фарзандлари, таълим муассасаларида таълимнинг кундузги шаклида таҳсил олаётган йигирма уч ёшгача бўлган фарзандлари), таълим муассасалари курсантлари (тингловчилари) белгиланган тартибда тузиладиган шартномаларга асосан стационар ва амбулатор шароитда даволанади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-тиббий муассасалари томонидан тиббий хизматлар кўрсатишда Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий гвардия овқатланиш, коммунал хизматлар, ҳаммом-кирхона хизмати, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун қилинган харажатларни Мудофаа вазирлигига қоплаб беради, ушбу маблағлар кейинчалик Мудофаа вазирлигининг моддий-техник базасини такомиллаштиришга йўналтирилади.


10. Ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасаларида тегишлича пулли тиббий ва санаторий-курорт таъминотидан бириктирилган таркиб манфаатлари ҳамда ушбу муассасаларнинг хавфсизлиги ва жанговар тайёргарлиги даражасига таъсир қилмайдиган шартларда, ушбу муассасалар билан жисмоний ва юридик шахслар ўртасида белгиланган тартибда тузиладиган шартномалар асосида фойдаланилиши мумкин.

Ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасалари томонидан кўрсатиладиган пулли хизматлар учун тегишли ҳудудда жойлашган давлат ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бошқа тиббиёт муассасалари кўрсатадиган ўхшаш тиббий хизматлар нархларининг ўртача нархи белгиланади.

Пулли тиббий ва санаторий-курорт таъминотидан фойдаланишдан тушадиган маблағларнинг тўғри сарфланиши учун шахсий жавобгарлик ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасалари бошлиқлари зиммасига юкланади.

Ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасаларида пулли тиббий ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш тартиби Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.


11. Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, отаси, онаси, фарзандлари, қарамоғидаги шахслар) тиббий кўрсатмалар бўйича мазкур бандга мувофиқ тиббий ёрдам олиш (даволаниш) учун хорижий давлатларга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус комиссияси хулосаси асосида вазирлик ва идоралар раҳбарларининг рухсати билан юборилади.

Хорижий давлатларда тиббий ёрдам олиш (даволаниш) учун харажатларнинг 50 фоизи Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида ҳамда қолган 50 фоизи ушбу вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Ҳарбий хизмат (хизмат) мажбуриятларини бажариш вақтида оғир касаллик орттирган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар, шу жумладан, собиқ контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг ногиронлиги ва оғир касаллиги бўлган оила аъзоларига хорижий давлатларда тиббий ёрдам олиш (даволаниш) учун маблағлар биринчи навбатда ажратилади.


12. Тиббий таъминотдан фойдаланиш шифокорнинг тиббий таъминотга муҳтожлиги тўғрисидаги кўрсатмасига асосан қуйидаги тартибда ташкил этилади:

ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Ички хизмат низомида, Қуролли кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг идоравий ҳужжатларида белгиланган тартибда;

ҳарбий пенсионерлар ва уларнинг оила аъзолари учун - уларнинг мурожаатлари асосида;

давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги ва хусусий тиббиёт (даволаш-профилактика) муассасаларига бириктирилган таркиб учун - бириктирилган ҳарбий-тиббий муассасалар бошлиқларининг (ҳарбий қисм ва муассасаларнинг тиббиёт бўлинмалари бошлиқлари бундан мустасно) йўлланмалари асосида.

Бунда тиббий таъминотдан фойдаланиш учун амалга оширилган сарф-харажатлар давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги ва хусусий тиббиёт (даволаш-профилактика) ташкилотлари билан ҳарбий-тиббий муассасалар ўртасида белгиланган тартибда тузиладиган шартномалар асосида қоплаб берилади.



3-БОБ. ТИББИЙ ВА САНАТОРИЙ-КУРОРТ

ТАЪМИНОТИДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


13. Тиббий ва санаторий-курорт таъминотидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

қўшинларнинг (кучларнинг) кундалик хизмат-жанговар ва ўқув-жанговар қобилиятини сақлаб туриш;

касалликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, шахсий таркибнинг соғлиғини сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, юқумли ва касб касалликларининг олдини олиш;

замонавий тиббиёт ютуқларини кенг қўллаган ҳолда, касалланган бириктирилган таркибнинг соғлиғи ва куч-қувватини тиклаш, уларни тиббий парваришлаш;

санитария-гигиенага доир ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни, касалликларнинг тиббий профилактикасини амалга ошириш;

соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа вазифаларни амалга ошириш.


14. Қуйидагилар ҳарбий-тиббий муассасаларнинг тиббий таъминот соҳасидаги асосий вазифалари ҳисобланади:

соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш, шахсий таркибнинг тиббий маданиятини юксалтириш;

касалликларни барвақт аниқлаш ва профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш;

ҳарбий хизматчиларни белгиланган тартиб ва муддатларда диспансеризациядан ўтказиш;

мавжуд куч ва воситаларни сафарбар қилган ҳолда беморларга сифатли ва малакали тиббий хизматлар кўрсатиш. Бунда тиббий муолажаларни амалга оширишда соҳага жорий этилган даволашнинг энг самарали усулларидан фойдаланиш;

Қуролли Кучлар сафини соғлом фуқаролар билан бутлашда иштирок этиш;

беморларни белгиланган тартибда ажратилган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан ўз вақтида таъминлаш;

доимий равишда шахсий таркибнинг соғлиғи билан боғлиқ кўрсаткичлар мониторингини юритиш ва мониторинг натижалари асосида Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар марказий девонлари тиббиёт бўлинмалари билан биргаликда зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;

ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ишчи ва хизматчилари ҳисобланган тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда вазирлик ва идоралар марказий девонлари тиббиёт бўлинмаларига киритиш;

умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш, ҳарбий хизматни, шу жумладан, кундалик ва жанговар хизматни ўташ белгиланган қонунчилик ҳужжатлари, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг идоравий ҳужжатлари талабларини бажариш;

соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа тегишли вазифаларни амалга ошириш.


15. Ҳарбий хизматчиларнинг соғлиғини сақлаш, шахсий таркиб орасида ўлим ҳолатларини камайтириш, ҳарбий хизматчиларни соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматдан барвақт бўшатиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, юқори даражадаги жанговар шайликни таъминлаш мақсадида контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳар йили бир маротаба ҳарбий-тиббий муассасалар томонидан мажбурий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.

Ҳарбий хизматчиларни мажбурий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.

Ҳарбий хизматчилар тиббий кўрикдан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низом ва соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўтказилади.


16. Контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ишчи ва хизматчилари тиббий кўрикдан уларнинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт (даволаш-профилактика) муассасаларида ўтказилади.

Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ишчи ва хизматчилари орасидан дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказилиши шарт бўлган ходимлар улар меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳарбий-тиббий муассасалар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан бепул ўтказилади.


17. Ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар билан касалланган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар марказий девонларининг тиббиёт бўлинмалари томонидан назоратга олинади, улар ишлари ҳарбий-тиббий муассасаларда ёки Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт (даволаш-профилактика) муассасаларида даволанади ва соғломлаштирилади.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ногиронлиги бўлган фарзандлари қонунчиликда белгиланган тартибда туман (шаҳар) "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази, шунингдек, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан ушбу мақсадлар учун ажратилган бюджет маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 июлдаги 411-сон қарори билан тасдиқланган Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминланади.


18. Қуйидагилар Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг санаторий-курорт муассасаларида ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган санаторий-курорт муассасаларида бир йилда бир маротаба даволаниш ҳуқуқига эга:

а) бюджет маблағлари ҳисобидан бепул асосда - ҳарбий-тиббий комиссия хулосасига асосан даволашни давом эттириш учун бевосита ҳарбий-тиббий муассасалардан санаторий-курорт муассасаларига юборилаётган муддатли ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари), шунингдек, учувчилар таркибидан бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар;

б) йўлланма қийматининг 25 фоизини тўлаш шарти билан (йўлланма нархининг қолган 75 фоизи Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга ушбу мақсадлар учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади):

контракт бўйича ҳарбий хизматчилар;

ҳарбий хизматнинг умумий давомийлиги йигирма йил ва ундан ортиқ бўлиб, контракт муддати тугаганлиги, ҳарбий хизматда бўлишнинг белгиланган ёш чегарасига етганлиги ёки соғлиғининг ҳолатига кўра резервга (истеъфога) бўшатилган (чиқарилган) генерал ва катта офицерлар;

учувчилар таркибидан бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг эри (хотини);

в) йўлланма қийматининг 75 фоизини тўлаш шарти билан (йўлланма нархининг қолган 25 фоизи Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан) контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг эри (хотини):

Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг санаторий-курорт муассасаларида;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган санаторий-курорт муассасаларига узоқ муддатли даволанишда бўлган ва соғломлаштириш тадбирлари талаб этадиган касалликлар мавжуд бўлганда.


19. Қуйидагиларга қонунчиликда белгиланган тартиб ва шартларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги санаторийларда даволаш хизмати кўрсатилади:

а) I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс деб топилган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар орасидан бўлган пенсионерлар;

б) кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс деб топилган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар орасидан бўлган пенсионерни (ҳарбий-тиббий комиссиянинг кузатувчига муҳтожлиги тўғрисидаги хулосаси асосида) кузатиб борувчи шахсга.


20. Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг эри (хотини) бир йилда бир маротаба хорижий давлатларда жойлашган "Ўзбекистон" санаторийларида даволаниш ва профилактик дам олиш ҳуқуқига эга.

хорижий давлатларда жойлашган "Ўзбекистон" санаторийларига юбориладиган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ва уларнинг эри (хотини)нинг умумий сони Вазирлар Маҳкамаси томонидан ажратиладиган квотадан келиб чиқиб белгиланади ва қуйидаги тартибда молиялаштирилади:

а) контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга - йўлланма қийматининг 25 фоизини тўлаш шарти билан (йўлланма қийматининг қолган 75 фоизи Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга ушбу мақсадлар учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан);

б) контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг эри (хотини)га - йўлланма қийматининг 50 фоизини тўлаш шарти билан (йўлланма нархининг қолган 50 фоизи Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга ушбу мақсадлар учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан).

Бунда молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, йўлланма қийматининг ҳарбий хизматчининг эри (хотини) ўз ҳисобидан тўлаши лозим бўлган қисми тўлиқ ёки қисман Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлаб берилиши мумкин.

Хорижий давлатларда жойлашган "Ўзбекистон" санаторийларига даволанишга муҳтож бўлган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг эри (хотини)га йўлланмалар Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг махсус комиссияси томонидан тақдим этилган баённома асосида берилади.

Бунда санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар бериш навбати бўйича ҳарбий хизматчиларга устуворлик ҳуқуқи берилади.


21. Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимидаги хўжалик ҳисобидаги (ўзини ўзи молиявий таъминлайдиган) ташкилотларда ҳарбий хизматни (хизматни) ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига ушбу ташкилотларнинг ўз ихтиёрида қоладиган соф фойда ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар берилиши мумкин.


22. Санаторий-курортда даволанишни ташкил этиш (санаторий-курорт даволанишга саралаш, йўлланмаларни тақсимлаш ва тарқатиш, даволанишга қабул қилиш, даволаниш муддатини узайтириш, даволанишдан чиқариш) тартиби Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.


23. Ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасаларида бириктирилган таркибнинг овқатланиши Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг озиқ-овқат паёклари меъёрларига мувофиқ таъминланади.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасаларида даволаниш даврида озиқ-овқат таъминотидан фойдаланади ва шу давр учун озиқ-овқат паёги ўрнига пул компенсацияси тўланмайди.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасаларида даволаниш даврида озиқ-овқат таъминоти учун тўловларни ихтиёрий равишда ўз маблағлари ҳисобидан тўлаши мумкин. Бунда озиқ-овқат паёги ўрнига пул компенсацияси тўлиқ миқдорда тўланади.

Бепул озиқ-овқат таъминотидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар озиқ-овқат таъминотидан уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан фойдаланади.


24. Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларда санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги Қонуни ва соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш бўйича шахсий масъулият санитария-эпидемиология муассасалари ҳамда уларнинг тузилмасидаги ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари ва ҳарбий қисмлар (муассасалар) командирлари (бошлиқлари) зиммасига юкланади.


25. Ҳарбий хизматчиларни айрим юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш режа бўйича ёки эпидемик вазиятдан келиб чиқиб амалга оширилади.



4-БОБ. ҲАРБИЙ-ТИББИЙ МУАССАСАЛАРНИ

ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ВА ТИББИЙ БУЮМЛАР

БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТАРТИБИ


26. Ҳарбий-тиббий муассасалар дори воситалари ва тиббий буюмлар билан Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан таъминланади.

Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан дори воситалари ва тиббий буюмлар қонунчиликда белгиланган тартибда харид қилинади.


27. Ҳарбий-тиббий муассасаларда тиббий текширувлар ўтказиш, касалликларни даволаш ва олдини олиш учун сарфланадиган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан бепул таъминлаш уларга ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.


28. Ҳарбий-тиббий муассасаларда дори воситалари ва тиббий буюмларни қабул қилиш, ҳисобга олиш, сақлаш, қўллаш ва улардан фойдаланиш устидан назорат Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг назорат-тафтиш ва бошқа ички аудит бўлинмалари ҳамда қонунчиликка мувофиқ ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.



5-БОБ. ҲАРБИЙ-ТИББИЙ МУАССАСАЛАРНИНГ

ТИББИЁТ ВА ФАРМАЦЕВТИКА ХОДИМЛАРИГА

МАЛАКА ТОИФАСИ БЕРИШ ТАРТИБИ


29. Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар орасидан тиббиёт ва фармацевтика ходимларига тоифа даражаларини бериш, тасдиқлаш ва маҳрум қилиш Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларда контракт бўйича ҳарбий хизматчилар учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қуролли Кучлар хизматчилари орасидан тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 18 сентябрдаги 477-сон қарори билан тасдиқланган Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ берилади.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар орасидан тиббиёт ва фармацевтика ходимларига Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан берилган тоифа даражалари Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 18 сентябрдаги 477-сон қарори билан тасдиқланган Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ берилган малака тоифаларига тенглаштирилади.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар хизматчилари орасидан тиббиёт ва фармацевтика ходимлари бошқа тиббий лавозимга ўтказилиши муносабати билан мутахассислигининг номи ўзгарганда, уларнинг олдинги мутахассислиги бўйича олган малака тоифаси (тоифа даражаси) ва у бўйича пул мукофоти (устама) тўлови сақланади, кейинчалик янги номдаги мутахассислик бўйича малака тоифасини (тоифа даражасини) олиш учун мурожаат қилганда, олдинги мутахассислиги бўйича хизмат муддати (иш стажи) ва олган малака тоифаси (тоифа даражаси) инобатга олинади.


30. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидан Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимига ёки аксинча, ишга (хизматга) ўтган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг (контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг, Қуролли Кучлар хизматчиларининг) мутахассислик бўйича олган малака тоифаси (тоифа даражаси) сақланиб қолади ҳамда малака тоифасининг (тоифа даражасининг) амал қилиш муддати тугагандан сўнг ушбу малака тоифасини (тоифа даражасини) тасдиқлаш ёки кейинги малака тоифасини (тоифа даражасини) бериш белгиланган тартибда амалга оширилади.



6-БОБ. ТИББИЙ ВА САНАТОРИЙ-КУРОРТ

ТАЪМИНОТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


31. Ҳарбий-тиббий муассасалар қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

ҳар йили Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар;

пулли тиббий хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


32. Санаторий-курорт муассасаларига бериладиган йўлланмалар нархи Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар раҳбарларининг соҳа бўйича ўринбосарлари томонидан тасдиқланади.

Бунда санаторий-курорт муассасаларига йўлланма нархи санаторий-курорт даволаш ва профилактик дам олишни (озиқ-овқат, коммунал, даволаниш, койка кун ва бошқалар) ташкил этиш учун сарфланган харажатлардан кам бўлмаган ҳолда республикада мавжуд ўхшаш профилдаги санаторий-курорт муассасалари томонидан белгиланган нархларнинг ўртача нархидан келиб чиқиб белгиланади.


33. Санаторий-курорт муассасаларига бериладиган йўлланмаларни сотишдан тушган маблағлар санаторий-курорт муассасаларининг моддий-техника базасини ва таъминотини мустаҳкамлашга сарфланади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


34. Ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасалари бошлиқлари ушбу муассасалар фаолиятининг тўғри ва самарали ташкил этилиши учун бевосита жавобгар ҳисобланади.

Ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасаларининг фаолияти Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар марказий девонлари ҳамда ҳарбий округи бошқарув аппаратининг (бирлашмасининг, бошқармасининг) тиббиёт бўлинмалари томонидан бўйсунув тартибида мувофиқлаштирилади.


35. Бириктирилган таркибнинг ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасаларида фойдаланган тиббий ва санаторий-курорт таъминотидан норози бўлиб ёзган мурожаатлари қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида қайта тиббий текширув ўтказишга (тўғри ташхис қўйилганлигини, даво ва бошқа тиббий ёрдам чоралари тўғри қўлланилганлигини аниқлаш) зарурат туғилса, бириктирилган таркиб Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар марказий девонларининг тиббиёт бўлинмалари бошлиқлари томонидан бериладиган йўлланмалар асосида ҳарбий-тиббий муассасаларда амбулатор ёки стационар шароитда такрорий тиббий текширувдан ўтказилиши ва даволаш чоралари қўлланилиши мумкин.

Бунда мурожаатни ўрганиш жараёнида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган айбдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласи қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


36. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


37. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 25 июнь


















































Время: 0.0347
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск