ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июль, 2024 й. / Соғлиқни сақлаш /

Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.06.2024 й. 333-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 13 июндаги

333-сон қарорига

1-ИЛОВА



Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини

трансплантация қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ тирик донордан ёки инсон мурдасидан олинган аъзолар ва (ёки) тўқималарни трансплантация қилиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


бош миянинг ўлими - бош мия барча вазифаларининг тўлиқ ва асл ҳолига қайтмайдиган тарзда тўхташи;


инсон аъзоси - инсон организмида муайян вазифани бажарувчи турли хил ҳужайралар ва тўқималарнинг алоҳида мажмуи;


инсон тўқимаси - умумий келиб чиқиши, тузилиши ва инсон организмида бажарадиган вазифаларига кўра бирлашган ҳужайралар ҳамда ҳужайралараро моддалар мажмуи;


реципиент - ўзига нисбатан инсон аъзосининг ва (ёки) тўқимасининг трансплантацияси бажариладиган инсон;


тирик донор - ўзидан аъзоларнинг ва (ёки) тўқималарнинг трансплантация учун олинишига ихтиёрий равишда, бепул асосда, нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган инсон;


трансплантация - реципиентда мавжуд бўлмаган ёхуд шикастланган, ўзининг муҳим ҳаётий вазифаларини бажаришга қодир бўлмаган аъзоларни ва (ёки) тўқималарни тирик донордан ёки инсон мурдасидан олинган аъзоларга ва (ёки) тўқималарга жарроҳлик амалиёти ёки муолажа ўтказиш йўли билан алмаштириш.


3. Ўзбекистон Республикасининг "Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилишда жисмоний ҳамда юридик шахсларга инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси тақиқланади.


4. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини олиш, шунингдек, уларнинг трансплантацияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилади.


5. Тирик донордан ёки инсон мурдасидан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни трансплантация қилиш фақат бошқа жарроҳлик амалиётлари ёки муолажалар реципиент ҳаётини сақлаб қолишни ёхуд унинг соғлиғи тикланишини кафолатлай олмаган тақдирда қўлланилиши мумкин.


6. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари реципиентларга инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулоса (кейинги ўринларда - тиббий хулоса) асосида трансплантация қилинади.


7. Тиббий хулоса трансплантация амалиётини амалга оширувчи соғлиқни сақлаш тизими давлат тиббиёт муассасасининг (кейинги ўринларда - тиббиёт муассасаси) даволовчи шифокори, трансплантологи, анестезиологи, невропатологи, заруратга кўра бошқа ихтисосликлар бўйича шифокорлардан иборат таркибдаги мутахассис-шифокорларнинг консилиуми томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибда берилади.


8. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш ушбу Низомга иловада келтирилган схема асосида амалга оширилади.



2-БОБ. ТИРИК ДОНОРНИ ВА РЕЦИПИЕНТНИ

ТРАНСПЛАНТАЦИЯ АМАЛИЁТИГА ТАЙЁРЛАШ ҲАМДА

ТРАНСПЛАНТАЦИЯ АМАЛИЁТИНИ АМАЛГА ОШИРУВЧИ

ТИББИЁТ МУАССАСАСИГА ЖОЙЛАШТИРИШ


9. Тирик донордан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни реципиентга трансплантация қилиш учун олишга, агар донор:

аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш бўйича бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида камида ўттиз кун олдин ёзма шаклда, видеоёзувга қайд этган ҳолда огоҳлантирилган бўлса;

ўз аъзосини ва (ёки) тўқималарини олишга бўлган розилигини ихтиёрий равишда, бепул асосда, нотариал тартибда тасдиқланган ёзма шаклда билдирган бўлса;

ҳар тарафлама тиббий текширувдан ўтган бўлса ҳамда унинг аъзосини ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш учун олиш мумкинлиги тўғрисида мутахассис-шифокорларнинг тиббий хулосаси мавжуд бўлса, йўл қўйилади.


10. Тирик донор ва реципиент ўз хоҳишига кўра инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантациясини амалга ошириш учун тиббиёт муассасасига мурожаат қилади.


11. Тиббиёт муассасасининг даволовчи шифокори:

а) тирик донор ва реципиент мурожаат қилган куни:

тиббиёт муассасасига ўзининг тирик донори билан келган реципиент билан дастлабки суҳбат ўтказиб, бўлажак жарроҳлик амалиёти ва шу муносабат билан уларнинг соғлиғида юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида тушунтириш беради, донор ва реципиентдан имзоланган тилхат олиш орқали уларни ёзма равишда огоҳлантиради ҳамда уни видеоёзувга қайд этади;

тирик донор ва реципиентга тиббий текширувдан ўтиши учун йўлланма беради;

б) тиббий текширув натижалари тақдим этилган кундан бошлаб бир иш куни ичида тиббий текширув натижаларини реципиентни трансплантация амалиётига муҳтожлиги ҳамда тирик донорнинг трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисида тиббий хулоса олиш учун трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасасининг тиббий консилиумига тақдим этади.


12. Тиббиёт муассасасининг тиббий консилиуми тиббий текширувнинг натижалари тақдим этилган куни:

реципиент ва тирик донорнинг тиббий текширув натижаларини кўриб чиқади;

реципиентга инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги, тирик донорга эса трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисида тиббий хулоса беради ёки хулоса беришни рад этади.


13. Текширув натижаларига кўра трансплантация амалиёти қуйидаги салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлса, тиббий хулоса бериш рад этилади:

тирик донорнинг соғлиғига, кўриш, нутқ, эшитиш қобилиятининг йўқолишига;

аъзосининг (инсоннинг трансплантация қилинаётган аъзоси ва (ёки) тўқимаси бундан мустасно) функциялари қисман ёки тўлиқ йўқолишига;

руҳиятининг бузилишига;

меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоиздан ортиқ барқарор йўқолишига;

соғлиғининг бошқа бузилишларига сабаб бўладиган тарзда зиён етказишига сабаб бўлса.


14. Рецепиент тиббий консилиумнинг ижобий хулосасини олган кундан бошлаб ўн кун ичида инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги, тирик донор трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисидаги тиббий хулосани нотариал идорага тақдим қилади.


15. Нотариал идора реципиент ва тирик донор мурожаат қилган куни тирик донорнинг нотариал тартибда розилигини тасдиқлайди.


16. Тирик донор ва реципиент нотариал тасдиқланган розилик олингандан сўнг ўн иш куни ичида трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасасига тиббий текширувлар натижаларини, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулосани ҳамда донорнинг нотариал тартибда тасдиқланган розилигини тақдим қилади.


17. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасаси реципиент ва тирик донор мурожаат қилган куни:

тирик донор ва реципиент ҳақидаги маълумотларни "Донорлар, реципиентлар, шунингдек, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестри" ахборот тизимига (кейинги ўринларда - Ягона давлат реестри) киритади;

реципиент ва тирик донор жуфтлиги мавжуд ҳолларда реципиент ва донорни шифохонага жойлаштиради;

инсон мурдаси аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантация амалиёти учун олинишида донорни Ягона давлат реестри орқали аниқлайди.



3-БОБ. ТРАНСПЛАНТАЦИЯ АМАЛИЁТИНИ БАЖАРИШ


18. Бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа амалга оширилиши муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида реципиент ва (ёки) тирик донор билан даволовчи шифокори томонидан яна бир маротаба суҳбат ўтказилиб, тушунтириш берилади, донор ва реципиентлардан имзоланган тилхат олиниб, имзо қўйдириб ёзма равишда огоҳлантирилади.

Бунда шифокорлар, реципиент ва тирик донор билан суҳбат жараёни реципиент ва тирик донорни огоҳлантирган ҳолда мажбурий тартибда видеоёзувга олинади.


19. Донор ва реципиент ўртасида инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси амалга оширилмаётганлиги ҳамда тирик донорнинг трансплантация амалиётига мажбурланмаётганлиги тўғрисида берган оғзаки ва ёзма маълумотларни бериши, тасдиқлаши ва маълум қилиши реципиент ва тирик донорни огоҳлантирилган ҳолда мажбурий видеотасвирда қайд этилиши лозим.


20. Реципиент белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса ёки ўн саккиз ёшга тўлмаган ёхуд реципиент жарроҳлик амалиётини ўтказиш ва уни видеотасвирга олиш учун розилик олишнинг имкони бўлмаса, унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилининг ёзма розилиги олинади.


21. Ўзидан розилик олиш имкони мавжуд бўлмаган, ҳаёти аниқ (муқаррар) хавф остида бўлган реципиентларга ота-онаси ёки қонуний вакилининг розилигини олмаган ҳолда, зарур инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилишга трасплантация бўйича тиббий консилиумнинг расмий хулосаси билан йўл қўйилади.


22. Реципиент ва тирик донорнинг трансплантация амалиётига розилиги олингандан сўнг трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасаси томонидан трансплантация амалиёти бажарилади.

Бунда аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш бўйича бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида камида ўттиз кун олдин ёзма шаклда, видеоёзувга қайд этган бўлиши шарт.


23. "Кесишмали" донорлик бўлганда, трансплантация амалиёти бир вақтнинг ўзида ўша жуфтликлар ўртасида бажарилади.


24. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш жараёни мажбурий тартибда видеоёзувга олиниб, трансплантация амалиётида иштирок этадиган ҳар бир тиббиёт ходимининг ҳаракатлари қамраб олиниши (видеотасвирда акс этиши) лозим.


25. Трансплантация амалиёти ўтказиладиган жарроҳлик ва ёрдамчи хоналар зарур ҳамда етарли миқдордаги видеокамера билан жиҳозланиши, видеоёзув жараёнига жарроҳлик майдони, трансплантация амалиётининг барча босқичлари, донор ва реципиентга такрорий аралашувлар, шунингдек, инсон мурдасидан аъзо ва (ёки) тўқималарни олиш ҳамда уларга ёрдамчи столда ишлов бериш босқичлари тўлиқ ва узлуксиз тасвирга олиниши шарт.


26. Инсон аъзоси ва (ёки) тўқималарини донордан реципиентгача келтириш жараёни узлуксиз ва тўлиқ видеотасвирга олиниши лозим (операция хоналари, коридорлар видеокамера билан таъминланиши керак).


27. Трансплантация жараёни операция столининг устида ўрнатилган операцион лампага жойлаштирилади ва операция хонасининг умумий кузатув видеокамералари орқали тасвирга олинади. Бунда видеоёзув жараёни овоз ёзиш ускуналари билан таъминланиши керак.


28. Видеотасвир белгиланган тартибда жарроҳлик хонасида жарроҳлик амалиётига тайёргарлик ишлари бошланиши билан ёзиб олиниши ва бемор жарроҳлик амалиётидан жарроҳлик хонасидан олиб чиқилишига қадар давом этиши лозим.


29. Трансплантация амалиёти билан боғлиқ барча видеотасвирлар тиббиёт муассасаси томонидан архивлаштирилади ва электрон шаклда сақлаш учун шифохона архивига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилади, шунингдек, хатга илова қилинган ҳолда махсус ахборот ташувчи қурилмада тиббиёт муассасаси жойлашган ердаги вилоят (шаҳар) даражасидаги ҳудудий ички ишлар органига етказиб берилади.


30. Трансплантация амалиёти билан боғлиқ барча видеотасвирлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус электрон тизимида ҳимояланган маълумотлар базаларида сақланиши лозим.

Тиббиёт муассасаси маъмурияти трансплантация амалиётининг барча босқичлари видеотасвирга олиниши ва сақланиши учун шахсан жавобгар бўлади.


31. Ички ишлар органларидан масъул этиб бириктирилган шахс тиббиёт муассасаси томонидан видеоёзув аслининг дубликатини ички ишлар органларига топширади ва шахс дубликатни олганлигини ёзма равишда тасдиқлайди.


32. Видеоёзувдаги трансплантация амалиётининг барча босқичлари ҳақидаги ахборот ошкор этилишига йўл қўйилмайдиган шифокор сирини ташкил этади, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


33. Тирик донор ва реципиент трансплантация амалиётидан сўнг зарур тиббий тавсиялар билан тиббиёт муассасасидан чиқарилиб, ҳудудий тиббиёт муассасалари диспансер назоратига юборилади.



4-БОБ. ИНСОН МУРДАСИДАН АЪЗОЛАР

ВА (ЁКИ) ТЎҚИМАЛАРНИ ОЛИШ


34. Инсон мурдасидан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни олишга унинг тириклик чоғида нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Бунда ўлим сабабининг келгусида суд-тиббий экспертиза доирасида ўрганилиши талаб этиладиган мурдадан трансплантация учун инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари олинмайди.


35. Инсон бош миясининг ўлимини қайд этиш асосида бериладиган ўлим тўғрисидаги хулоса ва яқин қариндошларининг ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари унинг мурдасидан трансплантация учун олиниши мумкин.


36. Инсон бош миясининг ўлимини қайд этишда ва мурда донорнинг қариндошларига аъзо ва (ёки) тўқималарни олиш бўйича тушунтириш ишлари бош ва (ёки) масъул шифокор, даволовчи ва (ёки) навбатчи шифокор, анестезиолог-реаниматолог, невропатолог ва (ёки) нейрохирург томонидан ўтказилади.

Бунда трансплантологларнинг ҳамда инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишни таъминловчи бригадалар аъзоларининг иштирок этиши тақиқланади.


37. Инсон бош миясининг ўлими қайд этилган шахснинг яқин қариндошларига аъзо ва (ёки) тўқималарни олиш бўйича тушунтириш ишлари видеотасвирга олиш ускуналари билан жиҳозланган хонада, тиббиёт муассасаси маъмурияти вакили, даволовчи (навбатчи) шифокор, реаниматолог, мия ўлимини тасдиқлаган комиссия аъзолари ва ички ишлар органларининг вакили иштирокида ўтказилади.

Бунда вафот этган шахс тириклик чоғида ўз мурдасидан аъзолари ва (ёки) тўқималарини олишга рози эканлигини нотариал тасдиқлаб қолдирганлиги баён қилиниб, яқин қариндошларига маълум қилинади.


38. Инсон бош миясининг ўлими қайд этилган шахснинг яқин қариндошларига аъзо ва (ёки) тўқималарни олиш бўйича тушунтириш ишлари видеотасвири тиббиёт муассасаси томонидан архивлаштирилади ҳамда мазкур Низомнинг 29 ва 30-бандларидаги тартибга мувофиқ сақланиши таъминланади.



5-БОБ. ЯГОНА ДАВЛАТ РЕЕСТРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ЮРИТИШ


39. Ягона давлат реестри инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантациясини амалга оширувчи тиббиёт муассасаларининг ахбороти асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шакллантирилади ва юритилади.


40. Ягона давлат реестрида:

аъзоларнинг ва (ёки) тўқималарнинг потенциал реципиентлари;

ўзига нисбатан аъзолар (аъзонинг бир қисми) ва (ёки) тўқималарнинг трансплантацияси бажарилган реципиентлар;

ўзидан аъзолар ва (ёки) тўқималар олинишига нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган тирик донорлар;

ўзининг биологик ўлим юз бериш ҳолати аниқланганидан кейин танасидан (танасининг қолдиқларидан) аъзолар ва (ёки) тўқималар олинишига тириклик чоғида нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган шахслар;

ўзидан трансплантация учун аъзолар ва (ёки) тўқималар олинган донорлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.


41. Ягона давлат реестри орқали тирик донор ва инсон мурдасидан олинадиган ҳамда трансплантация қилинадиган аъзолар ва (ёки) тўқималар тўғрисидаги маълумотларнинг донорлар ҳамда реципиентлар билан ўзаро мувофиқлиги аниқланади.


42. Ягона давлат реестридаги маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасалари фойдаланади.


43. Инсон бош мия ўлими аниқланганидан кейин тиббиёт муассасаси раҳбарияти ёки масъул навбатчи шифокор Ягона давлат реестрида ушбу шахс инсон мурдаси донорлари рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида сўровнома жўнатади.


44. Сўровномада қайд этилган шахс Ягона давлат реестрининг инсон мурдаси донорлари рўйхатида мавжуд бўлса, тизимдаги кутиш рўйхатида ушбу донорга мос потенциал реципиент мавжудлигини аниқлаб, мазкур реципиент рўйхатга қўйилган тиббиёт муассасасига хабар берилади ва сўровнома юборган тиббиёт муассасасига бу ҳақида маълумот етказилади.


45. Ягона давлат реестридаги барча маълумотлар шифокор сири ҳисобланиб, фойдаланувчилар уларни ошкор этмасликка мажбурдирлар.


46. Ягона давлат реестрининг кутиш рўйхатига трансплантацияга муҳтож реципиент ҳақида қуйидаги маълумотлар киритилади:

шахсга доир маълумотлари (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (кейинги ўринларда - ЖШШИР) асосида шакллантирилади), яшаш манзили ва боғланиш учун телефон рақами;

трансплантация амалиётига муҳтожлиги тўғрисида хулоса;

қон гуруҳи ва иммунологик текширувлари тўғрисидаги маълумотлар;

рўйхатга олинган тиббиёт муассаса тўғрисидаги маълумот.


47. Ягона давлат реестрининг кутиш рўйхатига киритилган беморлар трансплантация амалиёти ўтказилганидан сўнг амалиёт бажарилган беморлар рўйхатига ўтказилиб, вафотига қадар назоратда туради.


48. Трансплантация амалиёти бажарилган беморлар бўйича Ягона давлат реестрига қуйидаги маълумотлари киритилади:

шахсга доир маълумотлари (ЖШШИР асосида шакллантирилади);

донор маълумотлари (тирик донор ёки инсон мурдаси);

бажарилган трансплантация амалиёти санаси;

кўчирилган инсон аъзоси ва (ёки) тўқимаси номи;

шифохонага ётқизилган ва чиқарилган санаси;

буюрилган иммуносупрессив дори воситалари;

трансплантация амалиётидан кейинги асоратлар;

кўчирилган инсон аъзоси фаолиятининг тўхташи ва унинг сабаблари;

ўлим ҳолати.


49. Ягона давлат реестрига инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини унинг мурдасидан олишга тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган донор ҳақида қуйидаги маълумотлар киритилади:

шахсга доир маълумотлар (ЖШШИР асосида шакллантирилади);

тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги.

Бунда реципиентларнинг шахсга доир маълумотлари ва ахборот тизимларида мавжуд бўлган бошқа маълумотлар идоралараро электрон ҳамкорлик йўли орқали "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда олинади.


50. Ягона давлат реестридаги маълумотлар билан тўлиқ ҳажмда ишлаш ҳуқуқи инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини оладиган ҳамда трансплантация қиладиган давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасалари ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ягона давлат реестрини юритишга масъул шахсларига берилади ҳамда уларга махфий ҳужжатлар билан ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома расмийлаштирилади.

Бошқа тиббиёт ташкилотларига Ягона давлат реестридан чекланган ҳажмда фойдаланишга рухсат этилади.



6-БОБ. ИНСОН АЪЗОЛАРИ ВА (ЁКИ)

ТЎҚИМАЛАРИНИНГ ТРАНСПЛАНТАЦИЯСИНИ

АМАЛГА ОШИРУВЧИ ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИНИНГ

ХАЛҚАРО ҲАМДА ХОРИЖИЙ ТАШКИЛОТЛАР

БИЛАН ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРИ


51. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси соҳасидаги халқаро ҳамкорлик халқаро шартномаларга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.


52. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси соҳасида тиббиёт ходимларининг малакаси хорижий тиббиёт марказлари ва клиникаларидан тиббиёт мутахассисларини Ўзбекистонга таклиф қилиш, "маҳорат дарслари"ни ўтказиш, Ўзбекистон тиббиёт мутахассисларини илғор хорижий тиббиёт марказлари ва клиникаларига юбориш орқали амалга оширилади.

Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш ва стажировкадан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар доирасида молиялаштирилади.


53. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантациясини амалга оширувчи тиббиёт муассасаларининг халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали амалга оширилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


54. Донор ва реципиент инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантация қилиниши билан боғлиқ бўлган, шунингдек, асоратлар юзага келганда Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлар ҳисобидан Ўзбекистон Республикасининг "Инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантацияси тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ зарур тиббий ёрдам олади.


55. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

         

         




Низомга

ИЛОВА



Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини

трансплантация қилиш

СХЕМАСИ

            

     

Босқичлар

     


     

Субъектлар

    


     

Тадбирлар

     


       

Бажариш

муддатлари

    












1-босқич


Тирик донор ва реципиент


    

Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантациясини амалга ошириш учун трансплантация амалиётини амалга оширувчи давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасаларига (кейинги ўринларда - тиббиёт муассасаси) мурожаат қилади.

     


Тирик донор

ва реципиент

хоҳишига кўра















2-босқич


Тиббиёт муассасасининг

даволовчи шифокори


       

1. Тиббиёт муассасасига ўзининг тирик донори билан келган реципиент билан дастлабки суҳбат ўтказиб, бўлажак жарроҳлик амалиёти ва шу муносабат билан уларнинг соғлиғида юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида тушунтириш беради, донор ва реципиентдан имзоланган тилхат олиш орқали уларни ёзма равишда огоҳлантиради ҳамда уни видеоёзувга қайд этади.


2. Тирик донор ва реципиентга тиббий текширувдан ўтиши учун йўлланма беради.



3. Тиббий текширув натижаларини реципиентни трансплантация амалиётига муҳтожлиги ҳамда тирик донорнинг трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисида тиббий хулоса олиш учун трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасасининг тиббий консилиумига тақдим этади.

     


      

Тирик донор ва

реципиент мурожаат

қилган куни





Тирик донор ва

реципиент мурожаат

қилган куни


Тиббий текширув

натижалари тақдим

этилган кундан бошлаб

бир иш куни ичида

       















3-босқич


Трансплантация амалиётини

амалга оширувчи тиббиёт

муассасасининг тиббий

консилиуми


     

1. Реципиент ва тирик донорнинг тиббий текширув натижаларини кўриб чиқади.


2. Реципиентга инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги, тирик донорга эса трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисида тиббий хулоса беради ёки хулоса беришни рад этади.

      


Тиббий текширувнинг

натижалари тақдим

этилган куни















4-босқич


Рецепиент,

Нотариал идора


      

1. Реципиент инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги, тирик донор трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисида ижобий тиббий хулосани нотариал идорага тақдим қилади.


2. Нотариал идора тирик донорнинг нотариал тартибда розилигини тасдиқлайди.

      


    

Хулоса олгандан бошлаб

10 кун ичида




Мурожаат қилинган

кунда



















5-босқич


Тирик донор ва реципиент

___

          

Трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасасига тиббий текширувлар натижаларини, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулосани ҳамда донорнинг нотариал тартибда тасдиқланган розилигини тақдим қилади.

 

___

Нотариал тасдиқланган

розилик олингандан сўнг

10 иш куни ичида












6-босқич


Инсон аъзолари ва (ёки)

тўқималарини трансплантация

амалиётини амалга оширувчи

тиббиёт муассасаси


        

1. Тирик донор ва реципиентни Ягона давлат реестрига киритади.


2. Реципиент ва тирик донор жуфтлиги мавжуд ҳолларда реципиент ва донорни шифохонага жойлаштиради.

Инсон мурдаси аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантация амалиёти учун олинишида реципиентни Ягона давлат реестри орқали аниқлайди.

      


Реципиент ва тирик

донор мурожаат қилган

куни















7-босқич


Инсон аъзолари ва (ёки)

тўқималарини трансплантация

амалиётини амалга оширувчи

тиббиёт муассасаси



1. Реципиент ёки тирик донордан бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа амалга оширилиши муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида ва трансплантация амалиётига мажбурланмаётганлиги тўғрисида яна бир маротаба ёзма шаклда розилик олади ҳамда уни видеоёзувга қайд этади.


2. Трансплантация зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулоса асосида шифокор-трансплантологлар томонидан трансплантация амалиёти бажарилади ҳамда ушбу жараённи мажбурий тартибда видеоёзувга қайд этади.









3. Тирик донор ва реципиентни трансплантация амалиётидан сўнг зарур тиббий тавсиялар билан тиббиёт муассасасидан чиқариб, ҳудудий тиббиёт муассасалари диспансер назоратига юборади.

      


      

Жарроҳлик амалиётидан 1 кун олдин ёки жарроҳлик амалиёти куни




Аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш бўйича бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида ёзма шаклда, видеоёзувга қайд этилгандан камида ўттиз кундан кейин


Трансплантация амалиёти бажарилганидан сўнг

        




           

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 5 июль















































































Время: 0.1045
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск