Внимание!

NB! Мазкур Коидалар расмий эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июль, 2024 й. / Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари /

Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш Қоидалари (АВ томонидан 04.07.2024 й. 3525-сон билан рўйхатга олинган иқтисодиёт ва молия вазирининг 21.05.2024 й. 125-сон буйруғига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2024 йил 4 июлда 3525-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

иқтисодиёт ва молия вазирининг

2024 йил 21 майдаги

125-сон буйруғига

1-ИЛОВА



Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидаларини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг (бундан буён матнда Божхона қўмитаси деб юритилади) Божхона кирим ордери автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда дастур деб юритилади) - божхона кирим ордерини электрон тарзда шакллантириш ва ушбу ҳужжат асосида ундирилган божхона тўловларини ҳисобга олиш учун мўлжалланган ахборот тизими;


Божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда божхона органларининг ахборот тизими деб юритилади) - божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг ва транспорт воситаларининг божхона назоратини амалга ошириш учун уларга доир ҳужжатлар ва маълумотларнинг киритилишини, ҳисобга олинишини ҳамда мониторинг қилинишини назарда тутувчи Божхона қўмитасининг автоматлаштирилган тизими;


мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизими (бундан буён матнда мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизими деб юритилади) - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган мобил қурилмаларни техник идентификациялаш параметрлари тўғрисидаги маълумотларни рўйхатга олиш, йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш учун фойдаланиладиган ахборот тизими;


Божхона кирим ордери (бундан буён матнда БКО деб юритилади) - божхона тўловларини тўловчи шахс томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар ёки божхона органларининг ахборот тизимлари ёҳуд мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизими маълумотлари асосида божхона ходими томонидан дастурда расмийлаштириладиган электрон шаклдаги ҳужжат;


янги БКО - божхона тўловларини тўловчи шахс томонидан Божхона қўмитасининг расмий веб-сайти орқали электрон тарзда шакллантирилган ҳолда божхона органига тақдим этилган, бироқ божхона органи томонидан кўриб чиқилмаган БКО;


рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БКО - дастурда шакллантирилган БКОнинг "БКО рўйхат рақами" графасига БКО рақами ва қабул қилинган сана кўрсатилган, аммо "Божхона органининг белгиси" графасига божхона органининг тегишли белгилари қўйилмаган БКО;


расмийлаштирилган БКО - божхона органи томонидан рўйхатга олинган ва "Божхона органининг белгиси" графасига божхона органининг тегишли белгилари қўйилган БКО;


қайта расмийлаштирилган БКО - расмийлаштирилган БКОга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, юридик кучга эга ҳужжат сифатида амал қилиши тўхтатилган аввалги БКО;


бекор қилинган БКО - БКОни божхона органида рўйхатга олинганидан ёки расмийлаштирилганидан сўнг бекор қилиш орқали юридик кучга эга ҳужжат сифатида амал қилишини тўхтатиш.


2. БКО қуйидаги ҳолларда тўлдирилади:

нотижорат мақсадлар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пунктлари орқали жисмоний шахслар томонидан қўл юкида ёки кузатиб борилаётган багажида олиб ўтилаётган товарларнинг, шунингдек халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юборилаётган шундай товарларнинг қиймати ва (ёки) миқдори қонунчилик ҳужжатларида белгиланган товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёридан ошганда, ортиқча қисмига божхона тўлови ундирилишида;

товарлар жисмоний шахснинг манзилига келиб тушганда (халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари бундан мустасно) божхона тўловлари олиб кирилаётган товарларнинг бутун суммасидан, товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёри қўлланилмаган ҳолда ундирилишида;

юридик шахсларнинг манзилига халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмаларида юбориладиган, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлган миқдордаги товарлар учун божхона тўловлари ундирилишида;

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексиниг 260-моддаси "г" кичик бандида назарда тутилган ҳолларда божхона тўловлари ундирилишида;

мобил қурилмалар белгиланган меъёрдан ортиқ миқдорда олиб кирилган ҳолатларда ёки уларнинг божхона расмийлаштирувидан ўтганлиги тўғрисида ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизими томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан божхона тўловлари ундирилишида;

қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган божхона йиғимлари ва бошқа йиғимларнинг ундирилишида.


3. БКО Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 291-моддасида келтирилган хатти-ҳаракат ёки тартиб-таомилларни бажарган божхона органи томонидан расмийлаштирилади.



2-БОБ. БКОНИ РАСМИЙЛАШТИРИШНИНГ

УМУМИЙ ШАРТЛАРИ


4. Божхона ходими томонидан БКО маълумотлари божхона тўловларини тўловчи шахс (бундан буён матнда тўловчи шахс деб юритилади) тақдим қилган ҳужжатлари, божхона органларининг бошқа ахборот тизимлари ёки мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизимида мавжуд бўлган маълумотлар асосида шакллантирилади.


5. БКО умумий ва соддалаштирилган шаклларда тузилади.

Бир турдаги товарни декларациялашда мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ умумий БКОнинг асосий варағидан, икки ёки ундан ортиқ турдаги товарларни декларациялашда умумий БКОнинг асосий варағидан ҳамда мазкур Қоидаларнинг 2-иловасига мувофиқ умумий БКОнинг қўшимча варағидан фойдаланилади.

Божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлмаган божхона йиғимлари ва божхона органлари томонидан ундирилиши назарда тутилган бошқа йиғимларни ундиришда мазкур Қоидаларнинг 3-иловасига мувофиқ соддалаштирилган БКО шаклидан фойдаланилади.


6. Умумий БКОнинг асосий варағида битта товар тўғрисида, қўшимча варағида эса кўпи билан учта товар тўғрисида маълумотлар кўрсатилиши мумкин (бир вақтнинг ўзида асосий вараққа кўпи билан 33 та қўшимча варақ илова қилиниши мумкин).


7. Божхона ходими томонидан БКО электрон тарзда рўйхатга олиниб, расмийлаштирилади ҳамда бир нусхада чоп этилиб, тўловчи шахсга топширилади (юборилади).


8. Тўловчи шахс Божхона қўмитасининг расмий веб-сайтидаги шахсий кабинет орқали БКОни электрон тарзда шакллантирган ҳолда божхона органларига тақдим этиши мумкин.

Бунда, тўловчи шахс томонидан БКОни расмийлаштириш учун божхона органларига уч иш куни ичида мурожаат қилинмаган тақдирда, янги БКО дастур томонидан автоматик тарзда қайтарилади.


9. БКО расмийлаштируви божхона органларининг ахборот тизимидаги тўловчи шахснинг шахсий ҳисобварағи бўйича божхона тўловлари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда электрон тарзда амалга оширилади.

Бунда, БКО бўйича божхона тўловларини тўлаш дастурда шаклланадиган божхона тўловлари ҳисобварағи асосида амалга оширилади.


10. БКО расмийлаштирилган пайтдан бошлаб юридик аҳамиятга молик фактлардан далолат берувчи ҳужжатга айланади.



3-БОБ. УМУМИЙ БКОНИ ТЎЛДИРИШ


1-§. Умумий БКОнинг асосий варағини тўлдириш


11. Божхона ходими томонидан графаларнинг тўлдирилиши:


1) 1-графа. "БКО тури".

Графанинг биринчи бўлмасида агар тўловчи шахс:

жисмоний шахс (шу жумладан юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар) бўлса - "Ж";

юридик шахс, шу жумладан доимий муассаса бўлса - "Ю" кўрсатилади.

Графанинг иккинчи бўлмасида:

божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарларга нисбатан - "ИМ";

божхона ҳудудидан олиб чиқилаётган товарларга нисбатан - "ЭК";

божхона ҳудуди орқали транзит олиб ўтилаётган товарларга нисбатан - "ТР".

Графанинг учинчи бўлмасида:

қўл юкида ёки кузатиб борилаётган багажларда олиб ўтилаётган товарларга нисбатан - "КБ";

халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юборилаётган товарларга нисбатан - "ХП";

жисмоний шахсларнинг манзилига келиб тушган нотижорат мақсадлардаги товарларга нисбатан-"МТ";

белгиланган меъёрдан ортиқ миқдорда олиб кирилган ёки уларнинг божхона расмийлаштирувидан ўтганлиги тўғрисида ҳужжатлар тақдим этилмаган мобил қурилмаларга нисбатан - "МҚ" кўрсатилади;


2) 2-графа. "Қўшимча варақлар".

Графанинг биринчи бўлмасида варақнинг тартиб рақами, иккинчи бўлмасида тақдим этилаётган БКО варақларининг умумий сони (асосий ва қўшимча варақлари йиғиндиси) кўрсатилади.

Масалан, агар БКО иккита қўшимча варақларга эга бўлса БКОнинг асосий варағида "1/3"; биринчи қўшимча варағида "2/3"; иккинчи қўшимча варағида эса "3/3" кўрсатилади. Агар БКО қўшимча варақларга эга бўлмаса "1/1" кўрсатилади;


3) 3-графа. "БКО рўйхат рақами".

БКО рўйхат рақами қуйидаги бўлмаларда кўрсатилади:

а) биринчи бўлмада:

Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (бундан буён матнда Йўриқнома деб юритилади) (рўйхат рақами 2773, 2016 йил 6 апрель) 4-иловасига мувофиқ БКО расмийлаштиришни амалга оширадиган божхона постининг бешта рақамли коди;

божхона постидан бошқа божхона органлари томонидан БКО тўлдирилишида дастур томонидан автоматик тарзда шаклланадиган тўртта рақамли код;

б) иккинчи бўлмада БКО расмийлаштирилган кун, ой, йил;

в) учинчи бўлмада дастур томонидан автоматик тарзда бериладиган тартиб рақам кўрсатилади.

Масалан, БКО:

божхона пости томонидан расмийлаштирилганда - 27001/01.01.2024/0000001;

Божхона қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармалари масъул таркибий тузилмалари томонидан расмийлаштирилганда -1727/01.01.2024/0000001.


4) 4-графа. "Тўловчи/молия ва банк маълумотлари".

Графанинг биринчи қисмида тўловчи шахс тўғрисидаги маълумот кўрсатилади.

Агарда тўловчи жисмоний шахс бўлса, у ҳолда графада унинг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий рўйхатдан ўтган манзили, шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳақидаги маълумотлар, телефон рақами (мавжуд бўлса) кўрсатилади.

Агарда тўловчи юридик шахс бўлса, унинг номи ва жойлашган жойи (юридик манзили) ва телефон рақами (мавжуд бўлса) кўрсатилади.

Графанинг иккинчи қисмида:

а) тўловчининг СТИРи/ЖШШИРи кўрсатилади.

Жисмоний шахслар учун тўловчининг ЖШШИРи кўрсатилади. Агар тўловчи чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиб, унинг Ўзбекистон Республикасида олинган ЖШШИРи бўлмаса, унга дастур томонидан автоматик тарзда 14 та рақамдан иборат фарқлаш коди берилади.

Юридик шахслар учун тўловчининг СТИРи кўрсатилади.

б) тўловни қабул қилиб олган банкнинг МФОси/банкнинг тўлиқ номи;

в) тўловчининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги ҳисобварағи рақами кўрсатилади. Бунда тўловчи Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги ҳисобварағига эга бўлмаган жисмоний шахс бўлса, ушбу устун тўлдирилмайди.


5) 5-графа. "Товарнинг умумий божхона қиймати".

Графанинг биринчи қисмида декларацияланаётган товарларнинг тижорат ҳужжатларида кўрсатилган валютасидаги умумий божхона қиймати кўрсатилади.

Графанинг иккинчи қисмида декларацияланаётган товарларнинг АҚШ доллари эквивалентидаги умумий божхона қиймати дастур томонидан автоматик тарзда шаклланади.

Агар товарларнинг тижорат ҳужжатларида кўрсатилган валюта АҚШ долларида бўлса ёки тижорат ҳужжатлари мавжуд бўлмаса ёҳуд валюта кўрсатилмаган бўлса, фақат АҚШ долларидаги умумий божхона қиймати кўрсатилади. Бунда графанинг иккинчи қисми тўлдирилмайди.

Товарларнинг умумий божхона қийматини умумий БКОнинг 13-графаларидаги товарларнинг божхона қийматлари йиғиндиси ташкил қилади;


6) 6-графа. "Валюта курси".

Графанинг биринчи қисмида декларацияланаётган товарларнинг тижорат ҳужжатларида кўрсатилган валютасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган, БКО рўйхатга олинган кундаги Ўзбекистон Республикаси миллий валютасига нисбатан курси кўрсатилади.

Графанинг иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган, БКО рўйхатга олинган кундаги АҚШ долларининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасига нисбатан курси дастур томонидан автоматик тарзда шаклланади.

Агар товарларнинг тижорат ҳужжатларида кўрсатилган валюта АҚШ долларида бўлса ёки тижорат ҳужжатлари мавжуд бўлмаса ёҳуд валюта кўрсатилмаган бўлса, графанинг биринчи қисми тўлдирилади.


7) 7-графа. "Товар коди".

Графада декларацияланаётган товарнинг Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолияти товар номенклатурасига (бундан буён матнда ТИФ ТН деб юритилади) мувофиқ ўнта рақамли коди кўрсатилади.

Бунда, қонунчиликка мувофиқ ягона божхона тўловлари ундирилиши назарда тутилган ҳолларда ушбу графа тўлдирилмайди.


8) 8-графа. "Брутто оғирлик (кг)".

Графада декларацияланаётган товарнинг килограммдаги брутто оғирлиги кўрсатилади.

Брутто оғирлик деганда товарнинг умумий оғирлиги, шу жумладан товар муомалага киритилгунга қадар ҳолатини ўзгармаслигини таъминлаб туриш учун зарур бўлган унинг барча турдаги ўрамлари (контейнер ва бошқа транспорт ускуналари бундан мустасно) билан биргаликдаги умумий оғирлиги тушунилади.

Брутто вазн математик қоидаларга кўра вергулдан кейинги икки белгигача, агар товарнинг умумий оғирлиги бир килограммдан кам бўлса, брутто оғирлиги вергулдан кейинги уч белгигача аниқликда кўрсатилади.


9) 9-графа. "Миқдори".

Графада декларацияланаётган товарнинг қўшимча ўлчов бирлигидаги миқдори ва ўлчов бирлигининг ТИФ ТНга мувофиқ шартли белгиланиши кўрсатилади.

Товарларнинг қўшимча ўлчов бирлигидаги миқдори вергулдан кейинги иккинчи белгигача аниқликда кўрсатилади.

Ушбу графа ТИФ ТНга мувофиқ товарнинг ўлчов бирлиги "кг" кўрсатилган ҳолатларда тўлдирилмайди.


10) 10-графа. "Нетто оғирлик (кг)".

Графада декларацияланаётган товарнинг килограммдаги нетто оғирлиги кўрсатилади.

Қадоқланган ҳолатда олиб ўтилаётган товар учун нетто оғирлик:

декларацияланаётган товарнинг фақат бирламчи қадоғини ҳисобга олган ҳолдаги оғирлиги, агар товарлар, истеъмол хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, шундай қадоқда чакана савдога чиқарилса ва (ёки) товарни сотишда унинг сақланишини таъминлайдиган бирламчи қадоқни товарнинг истеъмол хусусиятларини бузмаган ҳолда товарни истеъмол қилгунга қадар товардан ажратиб бўлмайдиган (масалан, банкадаги кофе ва ҳ.к.) бўлса;

бошқа ҳолатларда декларацияланаётган товарнинг ҳеч қандай қадоқсиз оғирлиги ҳисобланади.

Қадоқсиз (сочилган, қуйилган, уюм ҳолда) олиб ўтиладиган товар учун товарнинг умумий оғирлиги кўрсатилади.

Нетто вазн математик қоидаларга кўра вергулдан кейинги икки белгигача, агар товарнинг умумий оғирлиги бир килограммдан кам бўлса, нетто оғирлиги вергулдан кейинги уч белгигача аниқликда кўрсатилади.


11) 11-графа. "Товар номи".

Графада декларацияланаётган товар ҳақида маълумотлар, яъни товарнинг номи (савдо, тижорат ёки бошқа анъанавий номи), товар белгилари, маркалари, моделлари, бошқа техник ва тижорат тавсифлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Мазкур графада мобил қурилмаларнинг барча IMEI-кодлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.


12) 12-графа. "Товар №".

Графада декларацияланаётган товарнинг тартиб рақами кўрсатилади. Битта турдаги товар декларацияланаётган бўлса, графада "1" рақами кўрсатилади. Биттадан ортиқ турдаги товарлар декларацияланган бўлса рақамлар кетма-кетликда кўрсатилади, яъни 1,2,3...100.


13) 13-графа. "Божхона қиймати".

Графанинг биринчи қисмида товарнинг тижорат ҳужжатларида кўрсатилган валютасидаги божхона қиймати кўрсатилади.

Графанинг иккинчи қисмида товарнинг АҚШ доллари эквивалентидаги божхона қиймати дастур томонидан автоматик тарзда шаклланади.

Агар товарнинг тижорат ҳужжатларида кўрсатилган валюта АҚШ долларида бўлса ёки тижорат ҳужжатлари мавжуд бўлмаса ёҳуд валюта кўрсатилмаган бўлса, фақат АҚШ долларидаги божхона қиймати кўрсатилади. Бунда графанинг иккинчи қисми тўлдирилмайди.

Божхона қиймати Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси талабларига мувофиқ аниқланади.

Божхона қиймати математик қоидаларга кўра вергулдан сўнг икки белгигача аниқликда яхлитланади.


14) 14-графа. "Жўнатувчи мамлакат коди ва номи".

Графада Йўриқноманинг 5-иловасига мувофиқ товарлар жўнатилган мамлакатнинг рақамли коди ва номи кўрсатилади.


15) 15-графа. "Келиб чиқиш мамлакати коди ва номи".

Графада Йўриқноманинг 5-иловасига мувофиқ товар келиб чиқиш мамлакатининг рақамли коди ва номи кўрсатилади.

Агарда БКОни тўлдиришда товарнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум бўлса, графада "000-номаълум" деб кўрсатилади.

Агар товарни келиб чиқиш сертификатида Европа иттифоқининг аниқ мамлакати кўрсатилмаган бўлиб, товарнинг келиб чиқиш мамлакати сифатида Европа иттифоқи кўрсатилган бўлса, лотин ҳарфлари билан икки ҳарфдан иборат "EU" коди қўйилади.


16) 16-графа. "Тақдим этиладиган ҳужжатлар/қўшимча маълумотлар".

Графада БКО тўлдиришга асос бўладиган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Ҳар бир ҳужжат тўғрисидаги маълумотлар Йўриқноманинг 12-иловасидаги таснифлагичга мувофиқ ҳужжатнинг тартиб рақами ва ҳарфли кодини қўйган ҳолда кўрсатилади (реквизитларнинг ҳар бири янги сатрдан бошланади):

а) чеклар, квитанциялар, ҳисобварақ-фактура (инвойс), Умумжаҳон почта иттифоқининг ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатлар ва бошқа тижорат ҳужжатлари (масалан, 220-ИНВ № 005 05.01.2024 й.);

б) товарларни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойгача етказиб бериш харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;

в) транспорт ҳужжатларининг рақами (масалан, 205-АВИА №259-12586814, 18.01.2024 й.);

г) қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳужжатлар (товарнинг келиб чиқиш сертификати рақами ва санаси, шахс томонидан маълум қилинган товарларнинг қиймати бўйича маълумоти ва ҳ.к.);

д) декларацияланаётган товарга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ҳолатларда, бошқа ваколатли органлар томонидан тақдим этиладиган рухсатномалар, хулосалар ва бошқа ҳужжатларнинг рўйхат рақами ва берилган санаси (масалан, 417-ССТ № UZ.SMT.01.065.1783700, 15.01.2024 й., 419-ФТСС № 431771, 04.01.2024 й.);

е) йўловчи божхона декларацияси рақами ва санаси;

ж) транзит декларация рақами ва санаси;

з) мобил қурилмалар белгиланган меъёрдан ортиқ миқдорда олиб кирилган ҳолатларда ёки уларнинг божхона расмийлаштирувидан ўтганлиги тўғрисида ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, божхона тўловларини ундириш учун асос ҳисобланадиган ариза рақами ва санаси;


17) 17-графа. "Божхона тўловларининг ҳисоби".

Графада божхона тўловлари суммасини ҳисоблаш БКО асосий варағи ва қўшимча варақларининг 11-графаларида кўрсатилган ҳар бир товар бўйича алоҳида амалга оширилади, бундан БКОнинг асосий варағида кўрсатиладиган божхона расмийлаштируви учун ундириладиган йиғимлар мустасно.

Графанинг:

"Тўлов тури" устунида Йўриқноманинг 13-иловасига мувофиқ божхона тўлов турининг коди кўрсатилади;

"Ҳисоблаш асоси" устунида божхона тўловини ҳисоблашнинг асоси кўрсатилади. Бунда ҳисоблаш асоси Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида кўрсатилади.

Қонунчилик ҳужжатларида божхона тўловини ҳисоблаш учун асос сифатида пул бирликлари эмас, бошқа ўлчов бирликлари (масалан, маълум вақт оралиғи (соат), маълум бир ҳужжатларни берганлик учун ва ҳ.к.) белгиланган бўлса, мазкур графанинг "Ҳисоблаш асоси" устунида тегишли миқдор (1, 2 ва ҳ.к.) ва ўлчов бирлиги (соат, дона ва ҳ.к.) кўрсатилади;

"Ставка" устунида божхона тўлови суммасини ҳисоблашда қўлланиладиган божхона тўловлари ставкасининг белгиланган миқдори кўрсатилади;

"Сумма" устунида божхона тўловининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси сўмда ҳисобланган суммаси кўрсатилади;

"Ҳисоб-китоб тафсилоти" устунида БКОнинг асосий ва қўшимча варақлари бўйича тўлов коди ва ундириладиган умумий божхона тўловлари суммаси тури бўйича ҳамда уларнинг йиғиндиси, яъни тўланадиган божхона тўловлари умумий суммаси "Жами" деган ёзувдан кейин кўрсатилади;


18) 18-графа. "Божхона органи белгиси".

Ушбу графада дастур томонидан БКОни расмийлаштирган божхона ходимининг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда расмийлаштирув амалга оширилган вақт тўғрисидаги маълумотлар автоматик равишда шаклланади.

БКО божхона ходимининг электрон рақамли имзоси орқали тасдиқлаш йўли билан расмийлаштирилади. Расмийлаштирилган БКОга дастур орқали автоматик равишда матрицали штрих код (QR-код) қўйилади ҳамда божхона ходими томонидан муҳр ва имзо қўйилиши талаб этилмайди.


12. Тўловчи шахс томонидан БКОнинг 19-графаси қуйидаги тартибда тасдиқланади:


19-графа. "Тўловчининг имзоси".

Графа божхона тўловларини тўловчи жисмоний шахснинг ҳамда юридик шахс вакилининг имзоси билан тасдиқланади.

БКО Божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида шахсий кабинет орқали электрон тарзда шакллантирилган маълумотлар асосида расмийлаштирилганда, ушбу графа электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.



2-§. Умумий БКОнинг қўшимча варағини тўлдириш


13. Божхона ходими томонидан графаларнинг тўлдирилиши:

1) 2-графа. "Қўшимча варақлар".

Графада БКОнинг қўшимча варағи тартиб рақами кўрсатилади.

Масалан, БКОга иккита қўшимча варақ тўлдирилса, биринчи қўшимча варақда "2/3"; иккинчи қўшимча варақда эса "3/3" кўрсатилади.

2) 3-графа. "БКО рўйхат рақами".

БКО асосий варағининг 3-графасида кўрсатилган рўйхат рақами кўрсатилади.


14. Божхона ходими томонидан умумий БКО қўшимча варағи 7-13, 15 ҳамда 17-графасининг "Тўлов тури", "Ҳисоблаш асоси", "Ставка", "Сумма" устунлари умумий БКО асосий варағи 7-13, 15 ҳамда 17-графасининг "Тўлов тури", "Ҳисоблаш асоси", "Ставка", "Сумма" устунларини тўлдириш тартибига мувофиқ тўлдирилади.



4-БОБ. СОДДАЛАШТИРИЛГАН БКОНИ ТЎЛДИРИШ


15. Божхона ходими томонидан графаларнинг тўлдирилиши:

1) соддалаштирилган БКОнинг 1 ва 2-графалари умумий БКО асосий варағи 3 ва 4-графаларига, 4-графаси умумий БКО қўшимча варағининг 17-графасини тўлдириш тартибига мувофиқ тўлдирилади;

2) 3-графа. "Тақдим этиладиган ҳужжатлар/қўшимча маълумотлар".

Графада БКО тўлдиришга асос бўладиган ҳужжатлар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

а) дастлабки қарорни олиш учун тақдим этилган ариза рақами ва санаси;

б) эгаси божхона органи бўлган божхона омборида ёки чегара божхона постида вақтинча товарларни сақлаш учун асос бўлган ҳужжат рақами ва санаси;

в) транспорт воситасини божхона кузатувини амалга ошириш ёки божхона назорати остида ташилаётган товар ва транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ҳолатда транзит декларацияси рақами ва санаси (масалан, ТР № 27001/01.01.2024/0000105);

г) автотранспорт воситасини бир календарь йил давомида тўқсон календарь кундан ортиқ муддатга вақтинчалик олиб кирганликда транспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш мажбуриятномаси рақами ва санаси;

д) қонунчиликда назарда тутилган бошқа йиғимларни ундириш учун асос бўлган ҳужжат рақами ва санаси.

Мазкур графада БКО тўлдиришга асос бўлган божхона тартиб-таомили тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.

Масалан, чегара божхона постида вақтинча товарларни сақлаганлик учун божхона йиғимларини ундириш мақсадида БКО тўлдирилса, товарнинг брутто вазни ва товар сақланган кунлар сони кўрсатилади.

3) соддалаштирилган БКОнинг 5-графаси умумий БКО асосий варағи

18-графасини тўлдириш тартибига мувофиқ тўлдирилади, бундан автоматлаштирилган тарзда расмийлаштирилган БКОлар мустасно.


16. Тўловчи шахс томонидан соддалаштирилган БКОнинг 6-графаси умумий БКОнинг асосий варағи 19-графасига мувофиқ тасдиқланади.



5-БОБ. БКОГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧА

КИРИТИШ ЁКИ УНИ БЕКОР ҚИЛИШ


17. БКОга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш ёки уни бекор қилиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш зарур бўлганда;

товарнинг божхона қиймати ва (ёки) божхона тўловлари суммасини тўғрилаш зарурати юзага келганда;

товарни божсиз олиб кириш нормасига ҳамда уни олиб ўтиш мақсадига аниқлик киритилганда;

битта товар юзасидан такроран бир нечта БКО қабул қилинган ҳолат аниқланганда;

ушбу Қоидаларнинг 2-банди еттинчи хатбошисига асосан ҳисобланган божхона тўловлари мобил қурилмани рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат этган шахс томонидан 10 иш куни ичида тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаганда;

БКОга ўзгартириш, қўшимча киритиш ёки уни бекор қилиш учун асос бўладиган ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар билан тасдиқланган, қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳолларда.


18. Божхона органининг ташаббуси билан ёки тўловчи шахснинг мурожаатига кўра мазкур Қоидаларнинг 17-банди иккинчи-тўртинчи ва еттинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда БКОга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритилиши ҳамда мазкур Қоидаларнинг 17-банди тўртинчи-еттинчи хатбошиларида белгиланган ҳолларда бекор қилиниши мумкин.


19. Рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БКОни бекор қилиш, расмийлаштирилган БКОга божхона тўловлари суммасини қайтариш билан боғлиқ бўлмаган ҳамда божхона тўловлари ҳисобварағи шаклланганидан сўнг рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БКОга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш мазкур Қоидаларнинг 3-бандида назарда тутилган таркибий тузилма бошлиғининг рухсати билан амалга оширилади.

БКО расмийлаштирилгандан сўнг унга божхона тўловлари суммасини қайтариш билан боғлиқ бўлган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ҳамда уни бекор қилиш Божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўйича бошқармалари, "Тошкент-АЭРО" ихтисослаштирилган божхона комплекси бошлиғи (ёки унинг ўринбосари) рухсати билан амалга оширилади.


20. Божхона органи тўловчи шахснинг БКОга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ёки уни бекор қилиш юзасидан мурожаатини 5 иш куни ичида кўриб чиқади ҳамда кўриб чиқиш натижаларини ёзма ёки электрон шаклда тўловчи шахсга маълум қилади.

Божхона органи кўриб чиқиш натижаси бўйича БКОга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ёки уни бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас ёхуд тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ эмас деб топса, асосланган сабабларни кўрсатган ҳолда мурожаатни рад этишга ҳақли.


21. Бекор қилинган БКОнинг 2-графасидаги рўйхат рақамини бошқа БКОга бериш тақиқланади.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


22. Тўловчи шахс божхона органининг хатти-ҳаракатлари ёки қароридан норози бўлган тақдирда, юқори турувчи божхона органига ёки судга шикоят қилишга ҳақли.


23. Тўловчи шахс Божхона қўмитасининг расмий веб-сайтидаги шахсий кабинети орқали электрон тарзда шакллантирилган ҳолда тақдим этилиб, расмийлаштирилган БКОнинг электрон шаклини юклаб олиш имкониятига эга бўлади.


24. Расмийлаштирилган БКОнинг электрон шакли товарлар божхона назорати остида турган товар мақомини йўқотган ёки божхона органи томонидан мазкур Қоидаларда белгиланган хатти-ҳаракат ва тартиб-таомиллар амалга оширилган йилдан кейинги йилдан эътиборан уч йил давомида дастурда сақланади.


25. Мазкур Қоидалар талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.






Қоидаларга

1-ИЛОВА

     





Қоидаларга

2-ИЛОВА

  





Қоидаларга

3-ИЛОВА

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 5 июль












































Время: 0.0974
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск