ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июль, 2024 й. / Таълим тўғрисида /

Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейларда якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 10.07.2024 й. 3528-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 10.07.2024 й. 15-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2024 йил 10 июлда 3528-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2024 йил 10 июлдаги

15-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА



Тошкент давлат юридик университети

ҳузуридаги академик лицейларда якуний давлат

аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Тошкент давлат юридик университети (бундан буён матнда ТДЮУ деб юритилади) ҳузуридаги академик лицейларда (бундан буён матнда академик лицейлар деб юритилади) якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


якуний давлат аттестацияси - ўқувчиларнинг билим, малака ва улардан фойдаланиш кўникмаси даражасини давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлигини комплекс баҳолаш орқали ўқувчиларга академик лицейни тугатганлиги тўғрисида дипломни бериш масаласини ҳал этувчи таълим сифатини назорат қилишнинг тури;


якуний давлат аттестацияси комиссияси (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) - тегишли мутахассисликлар бўйича ташкил этиладиган якуний давлат аттестациясини ўтказиш учун академик лицей ходимлари ҳамда ТДЮУ вакилларидан иборат комиссия;


якуний давлат аттестация синовлари (бундан буён матнда аттестация синовлари деб юритилади) - академик лицей ўқув режасидаги тегишли фанлар мажмуи.


2. Қуйидагилар якуний давлат аттестациясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўқувчиларнинг тегишли фанлар бўйича билим ва улардан фойдаланиш кўникмаси даражасини давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлигини комплекс баҳолаш;

аттестация синовлари якуни бўйича академик лицейни тугатганлиги тўғрисида ўқувчига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжат (диплом) бериш масаласини ҳал этиш.



2-БОБ. КОМИССИЯНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


3. Комиссия аъзолари таркиби камида 7 кишидан иборат бўлиб, унинг учдан икки қисми қатнашган тақдирда комиссия ваколатли ҳисобланади.

Аттестация синовларини топширишга тавсия этилган ҳар бир фан бўйича алоҳида комиссия тузилиши мумкин.

Комиссия аъзолари таркибининг камида ўттиз фоизини ТДЮУ профессор-ўқитувчилари ташкил этиши лозим.

ТДЮУ проректори - академик лицей директори (бундан буён матнда директор деб юритилади) комиссия таркибини шакллантириш жараёнида манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шарт.


4. Комиссия раиси якуний давлат аттестация бошланишидан камида бир ой олдин ТДЮУ ректорининг, комиссия аъзолари эса директор буйруғи билан тайинланади.


5. Комиссия раиси академик лицейда ишламайдиган мутахассис бўлиши лозим. Бир шахс кетма-кет академик лицейда икки мартадан ортиқ комиссия раиси бўлиши мумкин эмас.

Комиссия аъзоси академик лицей ўқувчиларига ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-она, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотин, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари), башарти улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўлишига боғлиқ бўлса, шунингдек манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, якуний давлат аттестациясида иштирок этишига йўл қўйилмайди.


6. Комиссия ўз фаолиятини мазкур Низом ва ўқувчиларнинг тайёргарлик даражаси ҳамда таълим мазмунига қўйилган давлат таълим стандартлари талабларини бажаришга йўналтирилган бошқа қонунчилик ҳужжатларига таянган ҳолда олиб боради.


7. Якуний давлат аттестациясида фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари ва ота-оналар вакиллари жамоатчилик асосида кузатувчи сифатида қатнашиши мумкин.


8. Комиссия ҳар йили якуний давлат аттестациясини ўтказиш давридан бошлаб кейинги ўқув йили бошлангунга қадар фаолият кўрсатади.


9. Ижрочи директор ва директор ўринбосарлари якуний давлат аттестациясини ўз вақтида ва сифатли ўтказишга ҳамда комиссиянинг ишлаши учун зарур шароитларни яратишга масъул ҳисобланади.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ДАВЛАТ АТТЕСТАЦИЯСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Якуний давлат аттестациясига тегишли ўқув режалари ва ўқув дастурларини тўлиқ тугатган ва ўқув режасида назарда тутилган барча синовлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар қўйилади.


11. Аттестация синовларин и топширишга тавсия этиладиган фанлар рўйхати ва ўтказиш шакллари ТДЮУ Кенгаши томонидан белгиланади.


12. Аттестация синовларининг таркибий қисмлари ва уларни ўтказиш муддатлари ўқув режада белгиланади.


13. Якуний давлат аттестациясини ўтказиш жадвали ижрочи директор томонидан якуний давлат аттестацияси бошланишидан камида ўттиз кун олдин тасдиқланади.


14. Аттестация синовларининг намунавий савол ва топшириқлари мазмуни, ҳажми ва мураккаблик даражаси тегишли фаннинг давлат таълим стандартига мувофиқ ўқув дастурида назарда тутилган материалларни ўқувчи томонидан ўзлаштирилганлик даражасини аниқлашга йўналтирилган бўлиши шарт.


15. Аттестация синовларини ўтказиш шакли тўғрисидаги маълумот якуний давлат аттестацияси бошланишидан 6 ой олдин ўқувчилар эътиборига етказилади.

Чет тили (инглиз тили) фани бўйича камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга ҳамда умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисидаги сертификат эга бўлган ўқувчилар аттестация синовларини топширишда тегишли фандан озод этилади.


16. Аттестация синовларининг саволлари ўқув дастурлар мазмунини тўлиқ қамраб олган ҳолда академик лицейнинг ўқитувчилари томонидан шакллантирилади. Саволлар аттестация синовларидан 6 ой олдин экспертизадан ўтказиш учун ТДЮУга тақдим этилади. ТДЮУ томонидан саволлар улар тақдим этилган кундан эътиборан 20 иш куни давомида экспертизадан ўтказилади ва тегишли экспертиза хулосалари академик лицейга юборилади.


17. Аттестация синовларининг саволлари ўқув дастурлари доирасида тузилиши ҳамда аттестация синовлари бошланишидан камида 1 ой олдин ўқувчиларнинг эътиборига етказилиши лозим.


18. Директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ўқувчилар сонидан келиб чиқиб аттестация синовларининг саволлари вариантларини тузади ва уларнинг ошкор этилмаслигини таъминлайди.


19. Аттестация синовларини ўтказиш жараёни видеотасвирга олиш орқали амалга оширилади.

Аттестация синовларининг юқори даражада очиқлик ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида ушбу жараён видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан ўқувчиларнинг ота-оналари томонидан реал вақт режимида (онлайн) кузатиб бориш имкони яратилади.


20. Аттестация синовларига мобил алоқа воситаси, компьютер ёки бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоблар, луғат, шпаргалкалар ва бошқа материаллар олиб кирган, аттестация синовлари жараёнида улардан фойдаланган ўқувчилар аттестация синовлари ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади.

Белгиланган тартибни бузган ўқувчилар аттестация синовларидан четлаштирилади ҳамда комиссия аъзолари томонидан якуний давлат аттестациясидан четлаштириш бўйича ушбу Низомга иловада кўрсатилган шаклда далолатнома расмийлаштирилади.


21. Аттестация синовлари натижалари баллар қўйиш йўли билан 100 баллик тизимда баҳоланади.

Комиссия томонидан аттестация синовлари натижаларига кўра топшириқларнинг 86 - 100 фоизи тўғри бажарилган бўлса "аъло", 71 - 85 фоизи тўғри бажарилса "яхши", 56 - 70 фоизи тўғри бажарилса "қониқарли" баҳоланади.

Аттестация синовлари натижалари бўйича ўқувчи 55 ва ундан кам балл тўплаган ҳолларда "қониқарсиз" баҳоланган деб ҳисобланади.


22. Комиссиянинг қарорлари очиқ овоз бериш йўли билан, йиғилишда иштирок этувчиларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолда, Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


23. Аттестация синовлари натижалари шу куннинг ўзида эълон қилинади ва комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланадиган, Комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган йиғилиш баённомасида қайд этилади.


24. Ўқувчи аттестация синовларининг барчасидан муваффақиятли ўтгандан сўнг унга академик лицейни тугатганлиги тўғрисида давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжат (диплом) берилади.

Ўқув дастурларини ўзлаштиришда ўқув режасидаги барча фанларнинг камида 4/5 қисми бўйича 86 балл ва ундан юқори ўзлаштириш кўрсаткичларига эришган (бошқа фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи 71 баллдан кам бўлмаган), шунингдек аттестация синовларининг ҳар бири бўйича камида 86 балл ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган ўқувчиларга "имтиёзли" диплом берилади.


25. Аттестация синовларининг биридан "қониқарсиз" баҳоланган ёки узрли сабабларга (касаллиги, яқин қариндошларининг вафоти, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши сабабли) кўра аттестация синовларида иштирок этмаган ўқувчи бошқа аттестация синовларини топшириш ҳуқуқидан маҳрум этилмайди.


26. Узрли сабабларга кўра аттестация синовларида қатнаша олмаган ўқувчилар директор буйруғи билан комиссия иши якунланишига қадар бошқа муддатларда ўтказиладиган аттестация синовларига киритилади.


27. Академик лицейнинг давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқув дастурини бажарган, бироқ якуний давлат аттестациясида иштирок этмаган ёки унда "қониқарсиз" баҳоланган ўқувчилар ўқиш муддати тугагандан сўнг, 3 йил ичида аризасига мувофиқ тегишли синовни қайта топшириш ҳуқуқига эга.

Бунда, директор шахсни якуний давлат аттестациясини қайта топширишга қўйиш ҳақида буйруқ чиқаради.

Муддатли ҳарбий хизматда бўлган вақт, 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун бериладиган таътил вақти мазкур уч йиллик муддатга кирмайди.


28. Аттестация синовларини қайта топшириш муддатида аттестация синовларидан 3 йил ичида ҳам ўта олмаган ёки аттестация синовларини қайта топшириш учун мурожаат қилмаган шахсга академик маълумотнома берилади.



4-БОБ. АТТЕСТАЦИЯ СИНОВЛАРИ НАТИЖАЛАРИНИ

АПЕЛЛЯЦИЯ ТАРТИБИДА КЎРИБ ЧИҚИШ


29. Ўқувчиларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш учун директор буйруғи билан камида беш нафар мутахассисларидан иборат таркибда Апелляция комиссияси ташкил этилади.

Аттестация синовларини ўтказишга масъул бўлган шахсларнинг Апелляция комиссияси таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.


30. Аттестация синовларининг қароридан норози бўлган ўқувчилар аттестация натижалари эълон қилинган кундан бошлаб ўн беш кун ичида Апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикояти беришлари мумкин.

Бунда, Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган ўқувчини шикоят кўриб чиқилишидан 2 кун олдин уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида огоҳлантиради.


31. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини, у келиб тушган кундан бошлаб 3 кун муддат ичида кўриб чиқади. Бунда, апелляция шикояти билан мурожаат қилган ўқувчи мазкур шикоятни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.


32. Апелляция комиссияси унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.


33. Апелляция комиссияси аттестация синовлари жараёнида ўқувчининг берган жавобларини улар акс этган видеотасвирларни кўриш орқали текширувдан ўтказади. Апелляция комиссияси томонидан апелляция шикоятини кўриб чиқиш давомида ўқувчига уни қайта баҳолашга қаратилган саволлар берилишига йўл қўйилмайди.


34. Шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича Апелляция комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

аттестация синовларининг натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;

аттестация синовларининг натижаларига ўзгартириш киритиш.

Апелляция шикоятини кўришда ўқувчининг аттестация синовлари натижасида олган баллини пасайтиришга йўл қўйилмайди.


35. Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган ўқувчига ўз қарорини у қабул қилинган куннинг ўзида маълум қилиши керак.


36. Апелляция комиссиясининг аттестация натижаларига ўзгартириш киритиш ва ўқувчини аттестация синовларини муваффақиятли топширган деб топиш тўғрисидаги қарори асосида ўқувчига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжат (диплом) берилади.


37. Апелляция комиссияси қарори устидан ўқувчи юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


38. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.






Низомга

ИЛОВА



Якуний давлат аттестациясидан четлаштириш ҳақидаги

ДАЛОЛАТНОМА

______________ш.

___ _________20___йил

Биз, қуйида имзо чекувчилар шуни тасдиқлаймизки, ўқувчи

    

(Ф.И.О.)

қуйидаги сабабларга кўра якуний давлат аттестациясидан четлаштирилди:

тақиқланган воситалардан (уяли телефон, компьютер ҳамда бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, луғат, китоб, шпаргалка) фойдаланган;

тақиқланган воситаларни (уяли телефон, компютер ҳамда бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, луғат, китоб, шпаргалка) олиб кирган.

      

(низомда кўзда тутилган бошқа ҳолатлар)

Ўқувчи томонидан


талаблари бузилган.

1. Комиссия раиси





(Ф.И.О.)


(имзо)

2. Комиссия раиси





(Ф.И.О.)


(имзо)

3. Комиссия раиси





(Ф.И.О.)


(имзо)

         

Изоҳ: ушбу далолатнома якуний давлат аттестацияси ҳужжатларига тикиб қўйилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 11 июль



































Время: 0.0987
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск