ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июль, 2024 й. / Бухгалтерия ҳисоби ва аудит /

Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун Концептуал асос (АВ томонидан 12.07.2024 й. 3530-сон билан рўйхатга олинган иқтисодиёт ва молия вазирининг 14.06.2024 й. 131-сон буйруғига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2024 йил 12 июлда 3530-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

иқтисодиёт ва молия вазирининг

2024 йил 14 июндаги

131-сон буйруғига

1-ИЛОВА



Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун

КОНЦЕПТУАЛ АСОС


1-БОБ. КОНЦЕПТУАЛ АСОСЛАРНИНГ

МАҚСАДИ ВА МАҚОМИ


1. Мазкур Концептуал асос Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонунига асосан ишлаб чиқилган ва фойдаланувчилар учун молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш асосини ташкил этувчи тушунчаларни белгилаб беради.

Мазкур Концептуал асоснинг мақсади қуйидагиларга ёрдам беришдан иборат:

бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот тизимини тартибга солувчи давлат органи Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига - бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини (бундан буён матнда БҲМС деб юритилади) ривожлантириш ва уларни қайта кўриб чиқишда;

молиявий ҳисоботни тайёрловчи шахсларга - БҲМСдан фойдаланишда;

аудиторларга - молиявий ҳисоботларни БҲМСга мувофиқлиги бўйича хулосаларни тайёрлашда;

молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларга - молиявий ҳисоботдаги маълумотларни таҳлил қилишда.


2. Мазкур Концептуал асос БҲМС ҳисобланмайди ва унинг таърифлари бирон-бир низоли масалани баҳолаш ёки тушунтириш учун ишлатилмайди. Мазкур Концептуал асосдаги қоидалар бухгалтерия ҳисобининг алоҳида бир стандартини рад этмайди.


3. Мазкур Концептуал асос ва БҲМС ўртасида зиддиятлар юзага келганда, БҲМС талаблари қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги БҲМСни ишлаб чиқишда мазкур Концептуал асосдан фойдаланади ва келгусида зиддиятлар юзага келишининг олдини олиш чораларини кўради.


4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги БҲМСларни қўллаш амалиётидан келиб чиқиб, мазкур Концептуал асосни қайта кўриб чиқиши мумкин.



2-БОБ. КОНЦЕПТУАЛ АСОСЛАРНИНГ

АМАЛ ҚИЛИШ СОҲАСИ


5. Қуйидагилар мазкур Концептуал асосларнинг асосий жиҳатларидир:

молиявий ҳисоботнинг мақсади;

бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот принциплари;

молиявий ҳисоботларнинг элементларини таърифлаш, тан олиш ва баҳолаш.


6. Мазкур Концептуал асос молиявий ҳисоботга, шу жумладан консолидациялашган молиявий ҳисоботга алоқадордир. Молиявий ҳисобот кенг доирадаги фойдаланувчиларнинг маълумотга бўлган эҳтиёжини қондириш учун тузилади ва даврий равишда тақдим этилади. Кўпчилик фойдаланувчилар учун молиявий маълумот асосий манбаси бўлиб молиявий ҳисобот ҳисобланади. Айрим фойдаланувчилар тегишли ваколатлар бўлганда, молиявий ҳисоботдаги маълумотга қўшимча маълумотни талаб қилишлари мумкин.


7. Молиявий ҳисоботлар БҲМС билан белгиланади. Молиявий ҳисобот ушбу ҳисоботларга асосланган ёки уларга тегишли изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришларни ҳам ўз ичига олади. Мазкур изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришлар молиявий ҳисоботни тайёрловчи фаолияти турлари ҳамда ҳудуди тўғрисидаги молиявий маълумотни акс эттириши ва нархлар ўзгаришининг молиявий натижаларга таъсирини тушунтириб бериши керак.


8. Барча хўжалик юритувчи субъектлар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этишда мазкур Концептуал асосга амал қилишлари керак.



3-БОБ. МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАР

ВА УЛАРНИНГ МАЪЛУМОТГА БЎЛГАН ЭҲТИЁЖИ


9. Молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар қаторига мавжуд ва потенциал инвесторлар, кредиторлар, етказиб берувчилар, харидорлар, ходимлар, шунингдек ҳукумат муассасалари, вазирликлар, идоралар, жамоатчилик ва бошқа манфаатдор фойдаланувчилар киради. Молиявий ҳисоботга эҳтиёж қуйидагиларда вужудга келади:

инвестициялар билан боғлиқ хатарлар муносабати билан инвесторларда. Акциядорлар ҳам ташкилотнинг дивидендларни тўлаш қобилиятини баҳолашга имкон берадиган ва акцияларни сотиб олиш, сақлаш ёки сотиш кераклигини аниқлашга ёрдам берадиган маълумотдан манфаатдордирлар;

кредитлари ва фоизлари ўз вақтида тўланишини аниқлашга имкон берадиган маълумотдан манфаатдор кредиторларда;

суммалари ўз вақтида тўланишини аниқлашга имкон берадиган маълумотдан манфаатдор бўлган етказиб берувчилар ва бошқа кредиторларда;

ташкилотнинг узлуксиз фаолияти тўғрисидаги маълумотдан манфаатдор бўлган харидорларда, айниқса улар узоқ муддатли битимга эга бўлсалар ёки мазкур ташкилотга боғлиқ бўлсалар;

ташкилотларнинг фаолияти барқарорлиги ва рентабеллиги тўғрисидаги маълумотдан манфаатдор бўлган ходимларда. Улар ҳам ташкилотнинг ўз иш ҳақларини, пенсияларини ва кейинчалик ҳам ишлаш имкониятларини таъминлаш қобилиятига баҳо бериш имконини яратадиган маълумотдан манфаатдордирлар;

ресурсларнинг тақсимланиши ва ташкилотларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотдан манфаатдор бўлган давлат органларида. Уларга ҳам ташкилотнинг фаолиятини тартибга солиб туриш, солиққа тортиш сиёсатини белгилаш учун ва миллий даромадни ҳамда бошқа статистик маълумотларни аниқлаш учун асос сифатида маълумот керак;

жамоатчиликда, чунки ташкилотлар маҳаллий иқтисодиётга кўпгина усуллар билан, шу жумладан аҳолини иш билан таъминлаш ва маҳаллий етказиб берувчиларни қўллаб-қувватлаш билан катта ҳисса қўшиши мумкин. Молиявий ҳисобот жамоатчиликни тараққиёт йўналишлари ва ташкилотларнинг фаровонлигини яхшилашда эришилган сўнгги ютуқлар тўғрисидаги маълумот билан таъминлаб, уларга ёрдам беради.


10. Ташкилот раҳбари молиявий ҳисоботнинг тузилиши ва тақдим этилиши учун жавобгардир. Ташкилот раҳбари ўз эҳтиёжларини қондириш мақсадида қўшимча маълумотнинг шакли ва мазмунини белгилаш ҳуқуқига эгадир. Қўшимча маълумот шакллари мазкур Концептуал асосни қўллаш доирасига кирмайди.



4-БОБ. МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТНИНГ МАҚСАДИ


11. Молиявий ҳисоботнинг мақсади ташкилотнинг ҳисобот санасидаги молиявий ҳолати, ҳисобот давридаги унинг фаолиятини молиявий натижаси ва пул маблағларининг ҳаракати тўғрисидаги маълумотни тақдим этиш ҳисобланади. Молиявий ҳисобот иқтисодий қарорлар қабул қилиш учун фойдаланувчиларга зарур бўлган барча маълумотни ўз ичига олмайди, чунки ҳисобот асосан аввалги воқеаларнинг натижаларини акс эттиради.


12. Молиявий ҳисобот қуйидаги ҳолатлар учун ҳам маълумотни ўзида акс эттиради:

инвестиция ва кредитлар бериш бўйича қарорларни қабул қилиш;

ташкилотнинг келгуси пул оқимини баҳолаш;

ташкилотга ишониб топширилган ресурслар муносабати билан унинг ресурсларини ва мажбуриятларини баҳолаш;

бошқарув органларининг ишини баҳолаш.



5-БОБ. ТАШКИЛОТНИНГ ФАОЛИЯТИ, МОЛИЯВИЙ

ҲОЛАТИ ВА МОЛИЯВИЙ ҲОЛАТИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР


13. Молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар қабул қиладиган қарорлар ташкилотнинг пул маблағларини кўпайтириш, уларнинг кўпайиш вақтини ҳисоб-китоб қилиш ва натижага эришишини баҳолаш қобилиятини талаб қилади. Мазкур қобилият пировард натижада ташкилот ўз ходимлари ва етказиб берувчиларга ҳақ тўлай олиши, фоизларни тўлаб туриши, кредитларни қоплаши ва даромадни (фойдани) тақсимлай олиши мумкинлигини аниқлайди.

Агар фойдаланувчилар ташкилотнинг фаолиятини, молиявий ҳолатини ва молиявий ҳолатдаги ўзгаришларни акс эттирадиган маълумот билан таъминланса, улар ташкилотнинг пул маблағларини кўпайтириш қобилиятини яхшироқ баҳолашлари мумкин.


14. Ташкилот назорат қилиб турадиган иқтисодий ресурслар, унинг молиявий тузилмаси, ликвидлиги, тўловга қобилияти, ишлаётган муҳит ўзгаришларига муносабат билдира олиши унинг молиявий ҳолатига таъсир ўтказади. Ташкилот назорат қилиб турадиган иқтисодий ресурслар ҳақидаги ва унинг шу ресурсларни қайта ишлаш қобилияти тўғрисидаги маълумотлар ташкилотнинг келгусида пул маблағларини ва уларнинг эквивалентини кўпайтириш имкониятини прогноз қилиш учун зарурдир. Молиявий ҳолат ҳақидаги маълумот келгусида кредитларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, шунингдек келгусидаги даромадлар ва пул оқимларини ташкилотнинг акцияларига (пайига) эга бўлганлар ўртасида тақсимлаш ва ташкилот кейинчалик ўзининг молиявий ҳолатини қанчалик муваффақият билан яхшилай олишини аниқлаш учун зарурдир. Ликвидлик ва тўловга қобилият ҳақидаги маълумот ташкилотнинг молиявий мажбуриятларини ўз вақтида тўлай олишини аниқлаш учун зарур. Ликвидлик яқин келажакда шу давр ичидаги молиявий мажбуриятларни тўлаш учун пул маблағлари мавжудлигини англатади. Тўлов қобилияти молиявий мажбуриятларни ўз вақтида тўлаш учун пул маблағлари мавжудлигини англатади.


15. Ташкилотнинг фаолият кўрсаткичлари, шу жумладан унинг рентабеллиги тўғрисидаги маълумот иқтисодий ресурслардаги потенциал ўзгаришларни баҳолаш учун талаб этилади. Мазкур маълумот келгусида назоратни амалга оширишга имкон беради ва ташкилотнинг фаолиятидаги ўзгаришлар ҳақидаги муҳим маълумот ҳисобланади.

Фаолият ҳақидаги маълумот ташкилотнинг мавжуд ресурслар базасидан пул маблағлари тўплай олишини прогнозлаш учун зарурдир, бу эса ташкилот қўшимча ресурсларни жалб қилиши мумкин бўлган самарадорликка баҳо беришни шакллантиришда муҳимдир.


16. Пул оқимлари ҳақидаги маълумот ташкилотнинг пул маблағларини жалб қилиш қобилиятига баҳо бериш учун зарурдир. Бу эса фойдаланувчиларга ҳар хил ташкилотларнинг пул оқимларини баҳолаш ва таққослаш учун янги усуллар ишлаб чиқишга имкон беради.


17. Молиявий ҳисоботлар ўзаро бир-бири билан боғлангандир, чунки улар хўжалик фаолиятига доир бир хил ҳолатларнинг ҳар хил жиҳатларини акс эттиради. Ҳар бир ҳисобот турли хил маълумотларни тақдим этади, битта мақсадга хизмат қилмайди ва фойдаланувчиларнинг муайян эҳтиёжларини аниқлаш учун зарур бўлган бутун маълумотни бермайди. Масалан, молиявий-хўжалик фаолиятнинг натижалари тўғрисидаги ҳисобот, агар ундан бухгалтерия баланси ва пул оқимлари ҳақидаги ҳисобот билан биргаликда фойдаланилмаса, фаолият ҳақида тўлиқ маълумотни акс эттирмайди.



6-БОБ. ИЗОҲЛАР, ҲИСОБ-КИТОБЛАР ВА ТУШУНТИРИШЛАР


18. Молиявий ҳисобот унга қўшимча маълумотларни, жумладан изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришларни (тушунтириш хати кўринишида) ҳам ўз ичига олади. Изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришлар жадваллар кўринишида ҳам, бошқача шаклда ҳам тақдим этилиши мумкин.



7-БОБ. БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ ПРИНЦИПЛАРИ


1-§. Ҳисоблаш


19. Даромадлар ва харажатлар бухгалтерия ҳисобида тан олинади ва молиявий ҳисоботларда уларни келиб тушиши ёки юзага келишига қараб (балки пул маблағларини олиш ёки тўлаш асосида эмас) акс эттирилади.



2-§. Икки ёқлама ёзув усули билан ҳисоб юритиш


20. Иккиёқлама ёзув усулида ҳисобни юритиш деганда ташкилотлар томонидан иккиёқлама ёзув асосида бухгалтерия операцияларини юритиш тушунилади. Иккиёқлама ёзувда битта операция бўйича битта сумманинг ўзи бухгалтерия ҳисобининг камида иккита ҳисобварағида акс эттирилади.



3-§. Узлуксизлик


21. Ташкилот узлуксиз ишлайдиган, яъни келажакда ишлашни давом эттирадиган деб ҳисобланади. Унинг ўз фаолиятини тугатиш ёки фаолиятини анча қисқартириш нияти ҳам, зарурати ҳам йўқ деб тахмин қилинади.



4-§. Хўжалик операцияларини, активларни

ва пассивларни пулда баҳолаш


22. Молиявий ҳисоботларда маълумотларни умумлаштириш мақсадида барча операциялар ва ходисалар пулда баҳоланади.



5-§. Ишончлилик


23. Маълумотда муҳим хато ёки ғаразлилик бўлмаса ва фойдаланувчилар унга таянишлари мумкин бўлса, ишончли ҳисобланади.

Операциялар ёки ҳодисаларнинг ишончлилиги одатда бошланғич ҳисоб ҳужжатлари билан тасдиқланиши керак.



6-§. Олдиндан кўра билиш (эҳтиёткорлик)


24. Қарорлар қабул қилишда олдиндан кўра билиш (эҳтиёткорлик) приципига риоя қилиш ноаниқлик шароитида активлар ва даромад ошириб баҳоланмаслиги, мажбуриятлар ёки харажатлар эса камайтириб баҳоланмаслиги учун зарурдир.



7-§. Мазмуннинг шаклдан устунлиги


25. Агар ҳисоб ҳужжатларидаги ва молиявий ҳисоботдаги маълумот операциялар ва ҳодисаларнинг мазмунини тўғри акс эттирса, бу маълумот фақат унинг ҳуқуқий шакли билангина эмас, балки моҳияти ва иқтисодий реаллигига мувофиқ ҳисобга олиниши ва тақдим этилиши зарур.



8-§. Кўрсаткичларнинг қиёсийлиги


26. Молиявий маълумот фойдали ва мазмунли бўлиши учун бир ҳисобот давридаги маълумот бошқа ҳисобот давридагиси билан қиёсланадиган бўлиши керак. Фойдаланувчилар ташкилот томонидан молиявий ҳисоботни тайёрлашда фойдаланган ҳисоб сиёсатидан, мазкур сиёсатдаги барча ўзгаришлардан ва шундай ўзгаришларнинг натижаларидан хабардор бўлишлари керак.



9-§. Молиявий ҳисоботнинг бетарафлиги


27. Молиявий ҳисоботда келтириладиган маълумотлар ишончли бўлиши учун ғаразлиликдан ҳоли бўлиши керак.



10-§. Ҳисобот даврида даромадлар билан

харажатларнинг мувофиқлиги


28. Ҳисобот давридаги даромадлар ва харажатларнинг мувофиқлиги ушбу даврда мазкур ҳисобот даврида олинган даромадларга асос бўлган харажатларни акс эттиришини билдиради. Агар даромадлар ва харажатларнинг айрим турлари ўртасидаги бевосита боғлиқликни аниқлаш қийин бўлса, харажатлар тақсимлашнинг бирор-бир тизимига мувофиқ тарзда бир нечта ҳисобот даврига тақсимлаб чиқилади. Бу бир нечта йилга тақсимланадиган амортизация харажатларига ҳам тааллуқлидир.



11-§. Активлар ва мажбуриятларни ҳақиқий баҳолаш


30. Активлар ва мажбуриятларни ҳақиқий баҳолаш принципи уларнинг таннархи ёки харид қилиш қиймати баҳолашга асос бўлишини назарда тутади.

БҲМСларда назарда тутилган айрим ҳолларда ҳақиқий баҳолаш харид қилиш қийматидан фарқ қилиши мумкин.



12-§. Тушунарлилик


30. Молиявий ҳисоботларда келтириладиган маълумотлар фойдаланувчилар учун очиқ ва тушунарли бўлиши керак.



13-§. Аҳамиятлилик


31. Молиявий маълумот фойдаланувчилар томонидан қарор қабул қилиш жараёнида уларнинг эҳтиёжларини қондириши ва уларга операцион, молиявий ва хўжалик фаолияти ходисаларига баҳо беришда ёрдамлашиши учун аҳамиятли бўлиши керак.



14-§. Мухимлик


32. Агар маълумотнинг молиявий ҳисоботга киритмаслиги ёки нотўғри кўрсатилиши маълумотдан фойдаланувчиларнинг молиявий ҳисобот асосида қабул қиладиган иқтисодий қарорларига таъсир қилса, бундай маълумот муҳим ҳисобланади. Маълумотнинг аҳамиятига унинг моҳияти ҳам, унинг қиммати (мухимлиги) ҳам таъсир ўтказиши мумкин.



15-§. Ҳаққоний ва беғараз тасаввур этиш


33. Молиявий ҳисоботлар фойдаланувчиларда ташкилотнинг молиявий ҳолати, операцияларнинг натижалари ва пул маблағларининг ҳаракати тўғрисида ҳаққоний ва беғараз тасаввур ҳосил қилиши керак.



16-§. Тугалланганлик


34. Молиявий ҳисоботларнинг ишончлилигини таъминлаш мақсадида маълумот етарлича тўла ҳажмда тақдим этилиши керак.



17-§. Изчиллик


35. Ҳисоб сиёсати бир даврдан иккинчисига изчиллик билан ўтказилиши назарда тутилади. Фойдаланувчилар ташкилотнинг молиявий ҳолатидаги ўзгаришлар тенденцияларини аниқлаш учун унинг турли ҳисобот даврларидаги молиявий ҳисоботларини қиёслаш имкониятига эга бўлишлари керак.



18-§. Ўз вақтидалик


36. Молиявий ҳисобот маълумоти асоссиз кечиктирилганда, у ўзининг иқтисодий аҳамиятини йўқотади. Маълумотни ўз вақтида тақдим этиш учун битимнинг ёки бошқа ҳодисанинг барча жиҳатлари маълум бўлгунга қадар ҳисоботга зарурат пайдо бўлиши мумкин, бу эса унинг ишончлилигини бузади. Бошқа томондан, агар ҳисобот барча жиҳатлар маълум бўлгунича кечиктирилса, энг ишончли маълумот ҳам кам фойда бериши мумкин, чунки фойдаланувчилар олдинроқ қарор қабул қилишга мажбур бўлади. Аҳамиятлилик ва ишончлилик ўртасида мувозанатга эришиш мақсадида иқтисодий қарорларни қабул қилишда фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларини қандай қилиб яхшироқ қондиришни ҳал этиш керак.



8-БОБ. МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТ ЭЛЕМЕНТЛАРИ


37. Молиявий ҳисоботлар молиявий натижаларни ва бошқа хўжалик операцияларини молиявий ҳисоботларнинг элементлари деб аталувчи иқтисодий тавсифларига мувофиқ алоҳида моддаларга гуруҳлаб акс эттиради. Активлар, хусусий капитал ва мажбуриятлар бухгалтерия балансида ташкилотнинг молиявий натижаларини аниқлаш билан бевосита боғлиқ бўлган элементлар ҳисобланади. Даромадлар ва харажатлар фаолият натижалари тўғрисидаги ҳисоботда ташкилотнинг кўрсаткичларини аниқлаш билан бевосита боғлиқ бўлган элементлар ҳисобланади. Пул маблағларининг ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот фаолият натижалари элементларини ва бухгалтерия баланси элементларидаги ўзгаришларни акс эттиради.


38. Активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, резервлар, даромадлар ва харажатлар молиявий ҳолатни аниқлаш билан бевосита боғлиқ элементлар ҳисобланади. Мазкур элементлар қуйидаги тарзда аниқланади:

активлар - ташкилот назорат қиладиган, келгусида улардан даромад олиш мақсадида аввалги фаолият натижасида олинган иқтисодий ресурслардир;

мажбуриятлар - шахснинг (қарздорнинг) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга ошириш, масалан мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, пул тўлаш ва бошқалар ёхуд муайян ҳаракатдан тийилиб туриш мажбуриятидир, кредитор эса қарздордан ўз мажбуриятларини бажаришини талаб қилишга ҳақлидир;

хусусий капитал - ташкилотнинг мажбуриятларни чегириб ташлагандан кейинги активларидир;

резервлар - келгусида муайян харажатларга йўналтирилиши мумкин бўлган хусусий капиталнинг бир қисмидир;

даромадлар - ҳисобот даврида активларнинг кўпайиши ёхуд мажбуриятларнинг камайишидир;

харажатлар - ҳисобот даврида активларнинг камайиши ёхуд мажбуриятларнинг кўпайишидир;

молиявий натижалар - ташкилотнинг фойда ёки зарар шаклида ифодаланган фаолиятининг иқтисодий якунидир.



1-§. Активлар


39. Активлар - ташкилотнинг қиймат баҳосига эга бўлган моддий, жумладан пул маблағлари ва дебиторлик қарзлари ва номоддий мулкидир.

Активларда акс эттирилган келгусидаги иқтисодий фойда, ташкилотнинг пул маблағлари оқимига потенциал, бевосита ва билвосита қўшиладиган улушдир. Бу улуш ташкилот асосий фаолиятининг бир қисми сифатида юзага келиши мумкин.


40. Ташкилотнинг активлари аввалги битимлар ва бошқа ҳодисаларнинг натижасидир. Ташкилотлар одатда активларни харид қилиб ёки ишлаб чиқариб уларга эга бўладилар, бироқ бошқа битимлар ёки ходисалар активларни кўпайтиришга имкон беради (масалан, ташкилот ҳукуматдан олган кўчмас мулк). Келгусида кутиладиган битимлар ва бошқа воқеалар ўзидан ўзи активларнинг пайдо бўлишига олиб келмайди.


41. Ташкилот активларидан мулкни бошқариш, товар-моддий захиралар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш учун фойдаланади.


42. Активлардан келадиган иқтисодий наф ташкилот томонидан ҳар хил йўллар билан олиниши мумкин. Масалан, активдан:

товар-моддий захиралар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда алоҳида ёки бошқа активлар билан биргаликда фойдаланилиши;

бошқа активларга алмаштирилиши;

мажбуриятларни бажариш учун фойдаланилиши;

ташкилотнинг эгалари ўртасида тақсимланиши мумкин.


43. Активлар бинолар, иншоотлар ва ускуналар сингари физик шаклга эга бўлади. Бироқ, физик шакл активнинг мавжуд бўлиши учун зарур эмас. Масалан, патентлар ва муаллифлик ҳуқуқлари, агар ташкилот келгусида улардан фойдаланишдан иқтисодий наф олишни кутаётган бўлса, актив ҳисобланади.


44. Активлар (масалан, дебиторлик қарзлари ва мулк) юридик ҳуқуқлар, шу жумладан эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ бўлади. Актив мавжудлигини аниқлашда эгалик ҳуқуқи асосий ҳисобланмайди. Масалан, ижарага олинадиган мулк, агар ташкилот шу мулкдан олиниши керак бўлган фойдани назорат қилса, актив ҳисобланади.


45. Харажатларни амалга ошириш билан активларни ҳосил қилиш ўртасида узвий алоқа мавжуд, аммо бу жараёнлар ҳар доим ҳам вақт бўйича тўғри келмайди. Ташкилот томонидан амалга оширилган харажатлар келгуси иқтисодий фойда изланганидан далолат беради, лекин активлар олинганини узил-кесил тасдиқламайди. Бинобарин, харажатларнинг мавжуд эмаслиги объектни актив деб ҳисоблаш учун асос бўлмайди. Масалан, ташкилотга текинга берилган объектлар активларни таърифлашга мос келади.



2-§. Мажбуриятлар


46. Мажбуриятнинг асосий хусусияти ташкилот бошқа юридик ва жисмоний шахслар олдида жорий жавобгарликка эга эканлиги ҳисобланади.

Мажбуриятлар уставнинг ёки шартноманинг талаблари натижаси сифатида кучга кириши мумкин (масалан, олинган товар-моддий захиралар ва хизматлар учун тўланадиган суммалар). Мажбуриятлар одатий тадбиркорлик жараёнида яхши муносабатларни сақлаб туриш ёки холисона тарзда иш кўришда ҳам юзага келади. Масалан, агар ташкилот кафолат муддати тугаганидан сўнг ўз маҳсулотидаги камчиликларни тузатиш тўғрисида қарор қабул қилса, шу бўйича қилинган харажатлар ҳам мажбуриятлар деб ҳисобланади.


47. Жорий мажбурият билан келгусида юзага келадиган мажбурият ўртасида чегара бўлиши керак. Ташкилот раҳбарининг келгусида активларни сотиб олиш ҳақида қабул қилган қарори мажбурият пайдо бўлишига сабаб бўлмайди. Мажбурият одатда актив олинганда ёки ташкилот активни сотиб олиш тўғрисида битимга киришганда пайдо бўлади.


48. Тегишли мажбуриятни бажариш одатда бошқа тарафнинг талабларини қондириш учун ташкилотнинг ресурсларини сарфлашни назарда тутади. Мажбуриятларнинг бажарилиши ҳар хил усулларда (қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган ҳоллардан ташқари) амалга оширилади:

ҳақ тўлаш;

бошқа активларни бериш;

хизматларни кўрсатиш;

ушбу мажбуриятни бошқаси билан алмаштириш;

мажбуриятларни акцияларга алмаштириш орқали.

Мажбурият, кредитор ўз ҳуқуқларидан бош тортганда ёки кредитор ҳуқуқларидан маҳрум бўлганда, бажарилган деб ҳисобланиши мумкин.


49. Мажбуриятлар аввалги битимлар ёки ўтган ҳодисаларнинг натижаси ҳисобланади (масалан, товар-моддий захираларни харид қилиш ва хизматларни олиш учун амалга оширилиши керак бўлган тўловлар (агар улар илгари ёки етказиб берилганда тўланмаган бўлса).



3-§. Хусусий капитал


50. Хусусий капитал устав, қўшилган, резерв капиталидан ва тақсимланмаган фойдадан иборат бўлади.

Зарур ҳолларда устав, қўшилган, резерв капитали аналитик кесимда ҳисобга олиниши мумкин.


51. Бухгалтерия балансидаги хусусий капиталнинг миқдори активлар ва мажбуриятлар қийматини баҳолашга боғлиқдир.



4-§. Резервлар


52. Ташкилотни ва кредиторларни зарарларнинг оқибатларидан қўшимча ҳимоя қилишни таъминлаш учун резевларни ташкил этиш зарур. Резервларни шаклланиши ва миқдори ҳақидаги маълумот қарорлар қабул қилишда фойдаланувчилар учун аҳамиятли ҳисобланади. Резервларни ташкил этиш қонунчилик ҳужжатларида ёки ташкилотнинг уставида (солиқ соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузмаган ҳолда) назарда тутилади.



5-§. Даромадлар


53. Ялпи даромад ташкилотнинг асосий ва асосий бўлмаган фаолиятидан олинган даромадларини ўз ичига олади. Асосий фаолиятдан даромад маҳсулот, ишлар, хизматлар, товар-моддий захиралар, бошқа активларни реализация қилиш, шунингдек мукофотлар, фоизлар ва дивидендлар, гонорарлар ва ташкилотнинг асосий фаолиятидан келиб чиқиб рента кўринишида олиниши мумкин.


54. Ташкилот асосий бўлмаган фаолият натижасида оладиган даромадлар даромадни аниқлашга мос келадиган моддаларни ўз ичига олади ва Концептуал асоснинг алоҳида таркибий элементи деб ҳисобланмайди.


55. Асосий бўлмаган фаолият натижасида юзага келадиган даромадларга биржада айланадиган қимматли қоғозларни қайта баҳолаш мисол бўлиши мумкин. Бундай даромадлар, агар молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда тан олинса, алоҳида кўрсатилади, чунки иқтисодий қарорларни қабул қилишда улар ҳақидаги маълумот фойдали бўлиши мумкин.


56. Солиққа тортиладиган даромад (зарар) солиқ соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аниқланадиган ҳисобот давридаги даромад (зарар) суммасидир.



6-§. Харажатлар


57. Харажатлар мулкни бошқариш, ишлаб чиқариш, маҳсулотларни сотиш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва зарарлар билан боғлиқ харажатларни ўз ичига олади. Улар одатда пул маблағлари, моддий захиралар, иншоотлар, ускуналар ва бошқалар сингари активларнинг чиқиб кетиши ёки улардан фойдаланилиши шаклида бўлади.


58. Зарарлар иқтисодий фойданинг камайганлигини билдиради ва ўз табиатига кўра бошқа харажатлардан фарқ қилмайди ҳамда концептуал асоснинг алоҳида элементи сифатида қаралмайди.


59. Зарарлар бошқа активларни сотишда ёки табиий офатлар натижасида юзага келиши мумкин. Бундай зарарлар молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда кўрсатиладиган бўлса, улар ҳақидаги маълумот иқтисодий қарорларни қабул қилишда фойдали бўлиши мумкин ва шунинг учун ҳам улар алоҳида кўрсатилади.



9-БОБ. МОЛИЯВИЙ НАТИЖАЛАР


60. Даромадлар ва харажатлар молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотни тақдим этиш мақсадида фаолият турларини чегаралаш йўли билан кўрсатилиши мумкин. Масалан, ташкилотнинг одатдаги фаолияти давомида ва фаолият жараёнидаги фавқулодда ҳолатларда юзага келадиган даромадлар ва харажатларнинг моддалари ўртасидаги чегара умумий қабул қилинган амалиёт ҳисобланади. Бундай чегаралаш ташкилотнинг келгусида пул маблағларини кўпайтириш қобилиятига баҳо беришда аҳамиятли бўлган моддаларнинг манбалари асосида амалга оширилади. Моддаларни чегаралашда ташкилотнинг хусусияти ва унинг фаолияти билан ҳисоблашиш керак. Битта ташкилотнинг одатдаги фаолияти натижасида пайдо бўладиган моддалар бошқа ташкилотга нисбатан фавқулодда бўладиган моддалар бўлиши мумкин.


61. Даромадлар ва харажатларнинг моддалари ўртасидаги чегара ҳамда уларнинг ҳар хил комбинациялари ҳам ташкилотнинг ишлари натижаларини кўрсатиш имкониятини беради. Бундай бўлимлар ҳар хил моддаларни ўз ичига олади. Масалан, молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот солиққа тортилгунча ва ундан кейинги молиявий-хўжалик фаолиятидан даромадни кўрсатади.


62. Ташкилот эгаларининг хусусий капиталга киритган улушлари даромад ҳисобланмайди, хусусий капиталнинг ташкилот эгалари ўртасида тақсимланиши харажат ҳисобланмайди.

Даромадлар ва харажатларнинг таърифи уларнинг асосий фарқ қилувчи жиҳатларини ёритиб беради, лекин уларни молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда тан олишдан олдин жавоб бериши лозим бўлган мезонларни аниқлаштирмайди.



10-БОБ. МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТЛАРНИНГ

ЭЛЕМЕНТЛАРИНИ АКС ЭТТИРИШ


63. Молиявий ҳисоботларнинг элементларини акс эттириш (бундан буён матнда акс эттириш деб юритилади) - бухгалтерия баланси ёки молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботга элементлар таърифига жавоб берувчи ва уларда акс эттирилиши лозим бўлган моддаларни (бундан буён матнда модда деб юритилади) киритиш жараёнидир.

Акс эттириш жараёни модданинг баёнини, унинг пулдаги ифодасини, шунингдек ушбу модданинг бухгалтерия балансига ёки молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботга киритилишини ўз ичига олади.


64. Модданинг мезонга мувофиқлигини аниқлаш ва акс эттириш учун уни таснифлашда аҳамиятлилик ва қиёсийлик принципларига эътибор қаратиш керак.

Элементлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик алоҳида элемент учун таъриф ва акс эттириш мезонларига жавоб берадиган моддани ифодалайди. Масалан, активнинг акс эттирилиши ўз-ўзидан даромад ёки мажбуриятнинг бошқа элементини акс эттиришни талаб қилади.



1-§. Активни акс эттириш


65. Активдан фойдаланиш натижасида ташкилотнинг келгусида иқтисодий наф олиш эҳтимоли мавжуд бўлганда, ушбу актив бухгалтерия балансида акс эттирилади ва у аниқ ифодаланадиган чиқимлар ёки қийматни ўз ичига олади.



2-§. Мажбуриятларни акс эттириш


66. Мажбуриятлар ўзида иқтисодий нафни ифодаловчи ресурслар чиқими эҳтимоли мавжуд бўлганда бухгалтерия балансида тан олинади, шунингдек улар мажбуриятларни қабул қилиш натижаси ҳисобланади.



3-§. Даромадни акс эттириш


67. Активларнинг кўпайиши ва мажбуриятларнинг камайиши билан боғлиқ келгуси иқтисодий нафнинг кўпайиши юзага келганда, даромад молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади. Бу эса даромадни акс эттириш активларнинг кўпайиши ва мажбуриятларнинг камайишини акс эттириш билан бир вақтда юзага келишини англатади (масалан, товарлар ва хизматларни сотишда юзага келадиган активлардаги соф кўпайиши ёки кредитор қарздан воз кечиши натижасида мажбуриятларнинг камайиши).



4-§. Харажатларни акс эттириш


68. Харажат активларнинг камайиши ва мажбуриятларнинг кўпайиши билан боғлиқ келгуси иқтисодий нафнинг камайиши юзага келганда, молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади ва бу ишончли тарзда аниқланиши мумкин. Бу эса харажатларни акс эттириш мажбуриятлардаги кўпайиш ёки активларнинг камайишини акс эттириш билан бир вақтда юзага келишини англатади.



11-БОБ. МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТЛАРДАГИ

ЭЛЕМЕНТЛАРНИ БАҲОЛАШ


69. Молиявий ҳисоботлардаги элементларни баҳолаш (бундан буён матнда баҳолаш деб юритилади) - активлар ва мажбуриятлар тан олинадиган ва молиявий ҳисоботларда қайд этиладиган пул қийматини аниқлаш усулидир.


70. Молиявий ҳисоботларда баҳолашнинг қуйидаги усулларидан фойдаланилади:


1) Бошланғич қиймат. Активлар харид қилиш вақтида эришилган томонларнинг ўзаро келишувига кўра белгиланган жорий қиймати бўйича акс эттирилади. Мажбуриятлар мажбуриятни бажаргунга қадар тўланадиган пул маблағлари суммаси бўйича мажбуриятларга алмашиб олинган маблағлар суммасида акс эттирилади;


2) Жорий қиймат. Активлар шу ёки шунга ўхшаш актив эндигина харид қилинганда тўланиши керак бўлган пул маблағлари суммаси бўйича ҳисоботда акс эттирилади. Мажбуриятлар мажбуриятни тўлаш учун талаб этиладиган пул маблағларининг дисконтланмаган суммасида акс эттирилади;


3) Сотиш қиймати. Активлар сотишдан олиниши мумкин бўлган пул маблағлари суммаси бўйича акс эттирилади. Мажбуриятлар уларни тўлаш қиймати бўйича акс эттирилади. Бундай қиймат эса мажбуриятларни тўлаш учун талаб этиладиган пул маблағларининг дисконтланмаган суммасидир;


4) Дисконтланган қиймат. Активлар ташкилотнинг нормал фаолияти давомида активларни кўпайтириши лозим бўлган келгуси пул маблағлари тушумининг дисконтланган жорий қиймати бўйича акс эттирилади.

Мажбуриятлар келгусида ўтказиладиган пул маблағларининг дисконтланган қийматидан иборат бўлган, ташкилотнинг одатдаги фаолияти давомида мажбуриятларни тўлаш учун фойдаланилиши мумкин бўлган жорий қиймат бўйича акс эттирилади;


5) Баланс қиймати. Ҳисобот санасида бухгалтерия балансида активлар ва мажбуриятларни акс эттириш қийматидир.


71. Ташкилотлар молиявий ҳисоботларни тайёрлашда бошланғич қийматни баҳолаш учун асос қилиб оладилар. Бошланғич қиймат баҳолашнинг бошқа асосий тушунчалари билан биргаликда қўлланилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 13 июль

























































Время: 0.1492
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск