ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июль, 2024 й. / Айрим тармоқларнинг фаолияти / Қишлоқ хўжалиги /

Иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.07.2024 й. 410-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 10 июлдаги

410-cон қарорига

ИЛОВА



Иссиқхона хўжаликларига хориждан

малакали агроном, энтомолог ва лаборатория

мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг

50 фоизини қоплаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш тартибини белгилайди.


2. Иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини, бироқ бир ойга бир нафар мутахассис учун 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисмини Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигига (кейинги ўринларда - Агентлик) ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан қоплаш учун субсидия ажратилади.

Бунда субсидия учун талаб этиладиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буюртманомасига асосан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисоби Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимида Агентлик учун очилган шахсий ғазна ҳисобварағида юритилади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


иссиқхона хўжаликлари - саноат усулида иссиқхона хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари, агрокластерлар ва бошқа юридик шахс мақомига эга бўлган қишлоқ хўжалиги субъектлари;


малакали агрономлар "яшил реестри" - Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориладиган хориждан жалб қилинадиган малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассислари рўйхати;


мутахассис - агроном, энтомолог ёки лаборатория мутахассислиги йўналишида олий таълим ташкилотини тугатган, иссиқхона хўжалиги фаолияти бўйича камида 5 йиллик иш тажрибасига эга бўлган ҳамда малакали агрономлар "яшил реестри"га киритилган хорижий мутахассис;


субсидия - иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг қоплаб бериладиган қисми;


талабгор - иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассисларини жалб қилган қишлоқ хўжалиги субъекти;


"Agrosubsidiya" АТ - Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг "Рақамли қишлоқ хўжалиги" ягона интеграция платформаси таркибига кирувчи ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун имтиёзли кредитлар ва субсидияларни ажратиш, маҳсулот етиштирувчиларга шаффофлик тамойили асосида хизматлар кўрсатиш имкониятларини таъминлаб берадиган ахборот тизими.


4. Иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали мутахассисларни жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича қопланади.


5. Субсидия "В" ва ундан юқори тоифалардаги тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги даражасига эга иссиқхона хўжаликларига берилади.

Бунда тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги даражасидан келиб чиққан ҳолда тоифаларга субсидия миқдори қуйидаги нисбатларда тақдим этилади:

"ААА" тоифа - субсидия миқдорининг 100 фоизи;

"АА" тоифа - субсидия миқдорининг 90 фоизи;

"А" тоифа - субсидия миқдорининг 80 фоизи;

"ВВВ" тоифа - субсидия миқдорининг 70 фоизи;

"ВВ" тоифа - субсидия миқдорининг 60 фоизи;

"В" тоифа - субсидия миқдорининг 50 фоизи.



2-БОБ. ХОРИЖДАН ЖАЛБ ҚИЛИНАДИГАН

МАЛАКАЛИ МУТАХАССИСЛАР РЎЙХАТИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


6. Талабгор Агентликнинг туман (Қувасой шаҳар) лойиҳа офисига хориждан жалб қилинадиган малакали мутахассиснинг давлати ва унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси, олий таълим ташкилотини тугатганлиги тўғрисидаги ҳужжат ва унга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларнинг нусхалари, хориждан жалб қилинадиган малакали мутахассис билан тузилган меҳнат шартномасининг нусхаси, меҳнат фаолияти даври, телефон рақами ҳақидаги маълумотларни тақдим этади.

Агентликнинг туман (Қувасой шаҳар) лойиҳа офиси уч иш куни ичида хориждан жалб қилинадиган малакали мутахассислар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштирган ҳолда Агентликка юборади.

Агентлик уч иш куни ичида хориждан жалб қилинадиган малакали мутахассислар тўғрисидаги маълумотларни кўриб чиқади ва умумлаштирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги беш иш куни ичида Агентлик томонидан тақдим этилган маълумотларни ўрганиб чиқади ҳамда ўрганиш натижаларига кўра ўзининг расмий веб-сайтидаги малакали агрономлар "яшил реестри"да хориждан жалб қилинадиган малакали мутахассислар рўйхатини эълон қилиб боради.

Бунда малакали агрономлар "яшил реестри"даги хориждан жалб қилинадиган малакали мутахассислар рўйхати ҳар ойда янгилаб борилади.


7. Ер майдони 1 гектардан 10 гектаргача бўлган ва саноат усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи иссиқхона хўжалиги томонидан мавсум даврида хориждан 1 нафар малакали мутахассис (агроном ёки энтомолог ёхуд лаборант) жалб этилади.

Бунда туташ ҳудудларда жойлашган ва умумий майдони 10 гектардан ошмайдиган бир неча иссиқхона хўжаликлари ўзаро келишув асосида хориждан жалб қилинган малакали мутахассис хизматидан фойдаланиши мумкин.



3-БОБ. СУБСИДИЯ АЖРАТИШ БЎЙИЧА

АРИЗА БИЛАН МУРОЖААТ ҚИЛИШ


8. Иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали мутахассисларни жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш учун субсидия ажратишга кўмаклашувчи туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда - туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳи) ҳар бир туманда мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ намунавий таркибда ташкил этилади.


9. Талабгор хориждан малакали мутахассисни жалб қилгандан сўнг бир ой ичида туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳига "Agrosubsidiya" АТ орқали иссиқхона хўжалигига хориждан малакали мутахассисни жалб қилиш харажатининг 50 фоизини қоплаш учун субсидия ажратиш бўйича ўзининг шахсий идентификация рақами, жойлашган жойи (почта манзили, электрон манзили), хизмат кўрсатувчи тижорат банки ва ҳисобварағи кўрсатилган ариза билан мурожаат қилади ҳамда аризага қуйидагиларни илова қилади:

хориждан жалб қилинадиган малакали мутахассисни ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқни ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги маълумот;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан берилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқноманинг нусхаси;

хориждан жалб қилинадиган малакали мутахассис билан тузилган меҳнат шартномасининг нусхаси;

хориждан жалб қилинадиган малакали мутахассисга иш ҳақи тўлаш учун тижорат банкидаги ҳисобварағидан маблағ кўчирилганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси.

Талабгор аризадаги маълумотлар ва илова қилинган ҳужжатларнинг тўғрилиги учун жавобгар ҳисобланади.

Талабгордан ушбу бандда назарда тутилмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.



4-БОБ. ТАЛАБГОРНИНГ МУРОЖААТИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ВА СУБСИДИЯ АЖРАТИШ


10. Туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳи ҳар йили 1 февралга қадар:

ушбу Низомнинг 9-бандида назарда тутилган талабларга мувофиқ талабгорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқади;

ўрганиш натижаларига кўра талабгорларнинг манзилли рўйхатини шакллантиради;

талабгорларнинг манзилли рўйхатидан келиб чиққан ҳолда уларга субсидия ажратиш тўғрисидаги хулосаларни расмийлаштиргандан сўнг "Agrosubsidiya" АТ орқали талабгорларнинг манзилли рўйхатини ва хулосаларни кўриб чиқиш учун Агентликка юборади.

Талабгорларнинг манзилли руйхатини шакллантиришда қуйидаги мезонлар инобатга олинади:

иссиқхона объектлари соз ҳолатда эканлиги;

иссиқхона хўжаликлари амалда фаолиятини самарали йўлга қўйиб, йил давомида камида битта маҳсулот турини етиштираётганлиги;

"В" ва ундан юқори тоифадаги тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинг даражасига эга иссиқхона хўжалиги эканлиги;

ер майдони 1 гектардан 10 гектаргача бўлган ва саноат усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи иссиқхона хўжалиги томонидан хориждан малакали мутахассиснинг жалб қилинганлиги.


11. Туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳи аъзолари талабгорларнинг манзилли рўйхатини шакллантиришда қуйидагиларга шахсан масъул ҳисобланади:

туман (Қувасой шаҳар) ҳокими - ишчи гуруҳ фаолиятини ташкил қилишга ва ишчи гуруҳ томонидан талабгорнинг субсидия ажратиш тўғрисидаги аризасини муддатида ва тўлиқ ўрганилишига ҳамда расмийлаштирилган ҳужжатларнинг тўғрилигига;

туман (Қувасой шаҳар) ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари - субсидия ажратиш тўғрисидаги ҳужжатлар ўз вақтида расмийлаштирилиши ва мувофиқлаштирилишига;

туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи - хориждан жалб қилинадиган малакали мутахассис малакали агрономлар "яшил реестри"даги рўйхатга киритилганлигига;

туман (Қувасой шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи - талабгорга хизмат кўрсатувчи тижорат банки ва ҳисобварақлар тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилигига;

туман (Қувасой шаҳар) солиқ инспекцияси раҳбари - талабгорнинг солиқ ҳисоботларини топшириб бориши тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилигига;

хизмат кўрсатувчи тижорат банки раҳбари - талабгорнинг банк ҳисобварағидан пул айланмаси тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилигига;

туман (Қувасой шаҳар) статистика бўлими бошлиғи - талабгорнинг статистика ҳисоботларини топшириб бориши тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилигига;

туман (Қувасой шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи - талабгор билан хориждан жалб қилинадиган мутахассис ўртасида меҳнат шартномасининг тузилганлигига;

туман (Қувасой шаҳар) фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси - талабгорнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилмаслигига;

Агентликнинг туман (Қувасой шаҳар) лойиҳа офиси раҳбари -хориждан жалб қилинадиган малакали мутахассисларга оид ҳужжатларнинг тўғрилигига.


12. Агентлик ҳар йили 20 февралга қадар:

хориждан малакали мутахассисни жалб қилган талабгорларга субсидия ажратиш тўғрисидаги хулосаларни ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади;

талабгорларнинг манзилли рўйхатга киритилганлигини текширади;

ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра талабгорларга субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади;

талабгорларнинг манзилли рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этади.


13. Талабгорга хориждан малакали мутахассисни жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплашни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

талабгорнинг ўз аризасига асосан;

ушбу Низомнинг 9-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда;

ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган мезонларга мувофиқ келмаганда;

талабгор томонидан малакали агрономлар "яшил реестри"га киритилмаган мутахассис жалб қилинганда;

талабгор томонидан сохта ҳужжатлар, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этилганда;

қишлоқ хўжалиги субъекти тугатилганда.

Ушбу бандда кўрсатилмаган бошқа асослар билан талабгорга субсидия ажратишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Агентлик субсидия ажратишни рад этган тақдирда, бир кун муддатда талабгорни рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда "Agrosubsidiya" АТ орқали хабардор қилади.

Талабгор Агентликнинг хабарномасида кўрсатилган субсидия ажратишни рад этиш сабабларини бартараф этган ҳолда, хабарнома юборилган кундан эътиборан бир ой муддат ичида субсидия ажратиш бўйича қайта мурожаат қилиши мумкин.

Талабгор Агентликнинг субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, белгиланган тартибда юқори турувчи ташкилотга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


14. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар йили 1 мартга қадар Агентлик томонидан тақдим этилган талабгорларнинг манзилли рўйхатини ўрганиб чиқиб, Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига (кейинги ўринларда - Ҳукумат комиссияси) тасдиқлаш учун киритади.


15. Ҳукумат комиссияси ҳар йили 15 мартга қадар талабгорларнинг манзилли рўйхатини тасдиқлайди.


16. Агентлик Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланган талабгорларнинг манзилли рўйхатига мувофиқ ўн иш куни ичида талабгорнинг тижорат банкидаги ҳисобварағига субсидияни ўтказиб беради.



5-БОБ. ХОРИЖДАН МАЛАКАЛИ

МУТАХАССИСЛАРНИНГ ЖАЛБ ҚИЛИНИШИ

НАТИЖАДОРЛИГИ ЮЗАСИДАН

МОНИТОРИНГ ЮРИТИШ


17. Туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳи томонидан ҳосил йили якуни билан иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали мутахассисларнинг жалб қилиниши натижадорлиги бўйича мониторинг ўтказилади.

Туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳи хориждан малакали мутахассисларнинг жалб қилиниши натижадорлиги бўйича ўтказилган мониторинг натижалари бўйича Агентликка ҳисобот тақдим этади.


18. Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, хориждан жалб қилинган мутахассис иссиқхона хўжалигида фаолият юритган даврда ҳосилдорлик ўтган йилги ҳосилдорликка нисбатан камида 20 фоизга ошмаган ёки камайиб кетган ҳолларда (ноқулай иқлим шароитлари ва форс-мажор ҳолатлари бундан мустасно), ажратилган субсидия талабгор томонидан қайтарилади.

Агентлик иссиқхона хўжалигига хориждан малакали мутахассисни жалб қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ажратилган субсидияни қайтариш ҳақида талабгорга огоҳлантириш хатини юборади.


19. Талабгор огоҳлантириш хатини олган кундан эътиборан бир ой муддат ичида ажратилган субсидияни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимида Агентлик учун очилган шахсий ғазна ҳисобварағига қайтаради.

Агар талабгор субсидияни ихтиёрий равишда огоҳлантириш хатида кўрсатилган муддатда ва миқдорда қайтармаса ёки қайтаришни рад этса, Агентлик субсидияни суд тартибида ундириш чораларини кўради.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


20. Иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали мутахассисларни жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш учун берилган субсидиялар тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойда Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.


21. Субсидия ажратишда юзага келадиган келишмовчиликлар томонлар ўртасида музокаралар ўтказиш орқали ҳал этилади.

Бунда тарафлар ўртасида келишмовчиликлар музокаралар ўтказиш орқали ҳал этилмаган тақдирда, низолар суд тартибида ҳал қилинади.


22. Иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали мутахассисларни жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш мақсадида ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан назорат қилинади.


23. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

        

       




Низомга

1-ИЛОВА



Иссиқхона хўжаликларига хориждан

малакали мутахассисларни жалб қилиш

харажатларининг 50 фоизини қоплаш

СХЕМАСИ

         

       

Босқичлар

       


     

Субъектлар

      


    

Чора-тадбирлар

    


    

Муддатлар

     








1-босқич


Қишлоқ хўжалиги

субъекти (кейинги

ўринларда -

талабгор)


    

Хориждан жалб қиладиган малакали мутахассисни малакали агрономлар "яшил реестри"даги рўйхатга киритиш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) туман (Қувасой шаҳар) лойиҳа офисига ушбу Низомнинг 6-бандига мувофиқ хориждан жалб қилинадиган малакали мутахассис тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.

        


Ихтиёрий равишда











2-босқич


        

Агентликнинг

туман (Қувасой

шаҳар) лойиҳа

офиси

     


Хориждан жалб қилинадиган малакали мутахассислар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштирган ҳолда Агентликка юборади.


3 иш куни ичида











3-босқич


Агентлик


    

Хориждан жалб қилинадиган малакали мутахассислар тўғрисидаги маълумотларни кўриб чиқади ва умумлаштирган ҳолда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этади.

        


3 иш куни ичида











4-босқич


Қишлоқ хўжалиги

вазирлиги


     

Агентлик томонидан тақдим этилган маълумотларни ўрганиб чиқади ҳамда ўрганиш натижаларига кўра ўзининг расмий веб-сайтидаги малакали агрономлар "яшил реестри"да хориждан жалб қилинадиган малакали мутахассислар рўйхатини эълон қилиб боради.

         


5 иш куни ичида











5-босқич


Талабгор


       

Туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳига "Agrosubsidiya" АТ орқали иссиқхона хўжалигига хориждан малакали мутахассисни жалб қилиш харажатининг 50 фоизини қоплаш учун субсидия ажратиш бўйича ўзининг шахсий идентификация рақами, жойлашган жойи, хизмат кўрсатувчи тижорат банки ва шахсий ҳисобварағи кўрсатилган аризага тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат этади.

        


Ихтиёрий

равишда,

хориждан

малакали

мутахассисни

жалб қилгандан

сўнг 1 ой ичида











6-босқич


Туман (Қувасой

шаҳар) ишчи

гуруҳи


      

Талабгорнинг аризасини ушбу Низомнинг 9 ва 10-бандларига мослигини кўриб чиқиб, манзилли рўйхатга киритади ва талабгорга субсидия ажратиш бўйича хулосасини Агентликка тақдим этади.

       


Ҳар йили

1 февралга қадар











7-босқич


Агентлик


       

Талабгорга субсидия ажратиш тўғрисидаги хулосани ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра талабгорга субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Талабгорларнинг манзилли рўйхатини Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этади.

          


Ҳар йили

20 февралга қадар











8-босқич


Қишлоқ хўжалиги

вазирлиги


      

Агентлик томонидан киритилган манзилли рўйхатни умумлаштириб Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига (кейинги ўринларда - Ҳукумат комиссияси) тасдиқлаш учун киритади.

        


Ҳар йили

1 мартга қадар











9-босқич


Ҳукумат комиссияси


      

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан киритилган талабгорларнинг манзилли рўйхатини кўриб чиқиб тасдиқлайди.

        


Ҳар йили

15 мартга қадар











10-босқич


Агентлик


          

Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланган манзилли рўйхатга мувофиқ талабгорнинг тижорат банкидаги ҳисобварағига субсидияни ўтказиб беради.

      


10 иш куни ичида




          

           




Низомга

2-ИЛОВА



Иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали

мутахассисларни жалб қилиш харажатларининг50 фоизини

қоплаш учун субсидия ажратишга кўмаклашувчи

туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳининг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ


1. Туман (Қувасой шаҳар) ҳокими, ишчи гуруҳ раҳбари.


2. Туман (Қувасой шаҳар) ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари.


3. Туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи.


4. Туман (Қувасой шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи.


5. Туман (Қувасой шаҳар) солиқ инспекцияси раҳбари.


6. Хизмат кўрсатувчи тижорат банклари раҳбарлари.


7. Туман (Қувасой шаҳар) статистика бўлими раҳбари.


8. Туман (Қувасой шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи

.

9. Туман (Қувасой шаҳар) фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси

.

10. Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг туман (Қувасой шаҳар) лойиҳа офиси раҳбари.

       

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 13 июль



















































































Время: 0.1056
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск