ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июль, 2024 й. / Айрим тармоқларнинг фаолияти / Саноат /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16.07.2024 й. 426-сон "Ёқилғи-энергетика соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

16.07.2024 й.

N 426




ЁҚИЛҒИ-ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИДА КАДРЛАРНИ

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Электр энергетикаси ва нефть-газ соҳасида фаолият юритаётган кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, илғор хорижий тажрибани қўллаган ҳолда ўқув жараёнига янги таълим услублари ва замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

бугунги кунда электр энергетикаси ва нефть-газ соҳасида (кейинги ўринларда - ёқилғи-энергетика соҳаси) жами 80 минг нафар ходим фаолият юритиб келаётганлиги;

ёқилғи-энергетика соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ягона тизимнинг мавжуд эмаслиги соҳа объектларида таъмирлаш ишлари сифатига салбий таъсир кўрсатиб, авария ҳолатлари кўпайиши ва бахтсиз ҳодисалар юзага келишига сабаб бўлаётганлиги;

ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишдаги йўқотишлар ва самарасиз фойдаланишлар иқтисодиётнинг энергия сиғими юқорилигига олиб келаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлигининг Ўзэнергоинспекция, "Иссиқлик электр станциялари", "Ўзбекгидроэнерго", "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари", "Ҳудудий электр тармоқлари", "Ўзбекнефтгаз", "Ўзтрансгаз" ва "Ҳудудгазтаъминот" акциядорлик жамиятлари (кейинги ўринларда - тармоқ корхоналари) ҳамда "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамияти муассислигида масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ёқилғи-энергетика соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда - Марказ) ҳамда унинг ҳудудий филиаллари ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Бунда Марказнинг ҳудудий филиаллари тармоқ корхоналари тизимидаги малака ошириш бўлинмаларининг мавжуд бино ва иншоотлари негизида ташкил этилади ҳамда мазкур бино ва иншоотлар жиҳозлари билан биргаликда тармоқ корхоналари томонидан Марказга унинг устав капиталини шакллантириш ҳисобига ўтказиб берилади.


3. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

кадрларнинг таълим сифатини замонавий талабларга мувофиқ таъминлаш учун зарур даражадаги касбий компетенцияларини шакллантириш, уларнинг касбий билим, кўникма ва маҳоратини узлуксиз ошириш механизмларини жорий этиш;

малака ошириш ва қайта тайёрлашнинг анъанавий шаклдаги курслари мазмунини касбий компетентликни шакллантириш ҳамда ривожлантиришга, фанларни ўқитишнинг замонавий методикаларини ўзлаштиришга, муқобил ва мустақил шаклларини мутахассислик бўйича янги билим ва кўникмаларни эгаллашга йўналтириш;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ўқув режаси ҳамда таълим дастурларини илғор хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқиш, касбий компетентлик даражаси таҳлили натижаларини инобатга олган ҳолда табақалаштирилган таълим дастурларини жорий этиш;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларининг таълим жараёни сифати ҳамда натижадорлигини тизимли таҳлил қилиш, мониторингини юритишнинг рақамли ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

энергия аудиторлиги ва энергия менежменти бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этган ҳолда малака ошириш ва қайта тайёрлаш;

касбий ривожланиш учун рақамли таълим ресурсларини яратиш ва масофавий малака ошириш тизимини жорий этиш;

ўқитишнинг замонавий шакллари, илғор педагогик ва ахборот технологиялари асосида назарий тайёргарликнинг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган ўқув жараёнини ташкил этиш;

тингловчилар амалиётини маҳаллий ва хорижий ёқилғи-энергетика соҳаси корхоналарида ташкил этиш;

таълим жараёнига юқори малакали мутахассисларни кенг жалб этиш, илғор педагогик тажриба алмашиш борасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш;

ёқилғи-энергетика соҳасининг ҳар бир йўналишида энергия ресурсларини тежаш ва энергия самарадорлигини оширишни таълимнинг доимий таркибий қисми сифатида шакллантириш.


4. Қуйидагилар Марказ фаолиятиии молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Марказ муассисларининг маблағлари;

шартнома асосида таълим хизматларини кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Белгилаб қўйилсинки, Марказ ёқилғи-энергетика соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича масъул ҳисобланади ҳамда шартнома асосида хизматлар кўрсатади.

Тармоқ корхоналарига ўз ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича Марказ билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш ҳуқуқи берилсин.


6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2025 йил 1 апрелдан бошлаб ёқилғи-энергетика соҳасидаги давлат ташкилотлари ҳамда тармоқ корхоналарида фаолият юритувчи:

раҳбар ва мутахассис ходимлар - ҳар беш йилда камида бир марта;

муҳандис-техник, ишлаб чиқариш ва ишчи ходимлар - ҳар уч йилда камида бир марта малака оширади;

б) 2025 йил 1 апрелга қадар Марказ томонидан ёқилғи-энергетика соҳасида ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда якуний имтиҳонларни ўтказишга мўлжалланган махсус электрон платформа ишга туширилади;

в) Марказда қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификат берилади.


7. Энергетика вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда:

2024 йил 1 сентябрга қадар ёқилғи-энергетика соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомни;

2025 йил 1 майга қадар хорижий тажриба, соҳадаги илғор технологиялар ва муаммолар таҳлили асосида ёқилғи-энергетика соҳасини рақамлаштириш бўйича ўқув режаси ва дастурларини тасдиқласин.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтида Япониянинг "JICA" агентлиги билан биргаликда Энергия менежерларини тайёрлаш марказини ташкил этиш чораларини кўрсин.


8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда "Ўзкимёсаноат" АЖнинг Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманининг Улуғбек шаҳарчаси Хуросон кўчасидаги 1-уй манзилида жойлашган Кимё саноати учун инновацион кимёвий илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластерини ташкил этиш учун ажратилган ер участкасининг бўш турган 2,5 гектар қисмини (кейинги ўринларда - ер участкаси) баҳоланган қийматда Марказнинг устав капиталига "Ўзкимёсаноат" АЖнинг улуши сифатида киритиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


9. Энергетика вазирлиги 2025 йил 1 мартга қадар ер участкасида Марказ учун янги бино ва иншоотларни қуриш ҳамда уни жиҳозлаш ишлари тўлиқ якунланишини таъминласин. Бунда:

лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда электр энергетикаси, нефть-газ ва энергия самарадорлиги бўйича ўқув ҳамда тажриба-синов полигонлари, тармоқ корхоналари фаолиятини юритиш ва тезкор бошқаришга мўлжалланган дастурий тизимлар (BI, ERP, MES, SCADА, АСКУЭ, DCS) бўйича компьютер маркази, виртуал лаборатория ва симуляторлар, замонавий ўқув хоналари, конференция зали, кутубхона, спорт иншооти ва ётоқхона инобатга олинсин;

қурилиш-монтаж ва жиҳозлаш ишлари билан боғлиқ харажатлар Марказ ва унинг муассислари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                    А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 17 июль






































Время: 0.1136
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск