Внимание!

NB! Мазкур Карордаги илова 2025 йил 1 январдан кучга киради.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июль, 2024 й. / Соғлиқни сақлаш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.07.2024 й. 444-сон "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

24.07.2024 й.

N 444




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ

ТИББИЁТ ТАШКИЛОТЛАРИНИ ЛИЦЕНЗИЯЛАШ

ВА АККРЕДИТАЦИЯЛАШ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маъмурий ислоҳотлар доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 20 июндаги ПҚ-197-сон қарори ижроси юзасидан тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш орқали улар томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 июндаги ПҚ-197-сон қарори билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармаси негизида тиббий фаолиятни лицензиялаш ва нодавлат тиббиёт ташкилотларини аккредитациялаш функцияларини амалга оширувчи давлат муассасаси шаклидаги Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази (кейинги ўринларда - Марказ) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялашни таъминлаш;

тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялашда илғор халқаро тажрибага асосланган талабларни ишлаб чиқиш;

лицензиатларнинг тиббий хизматлар сифати, лицензия талаб ва шартлари назоратини амалга ошириш;

тиббиётнинг нодавлат секторини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини ҳамда уларни барқарор ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;

нодавлат тиббиёт ташкилотларини халқаро тан олинган аккредитациялашда қатнашиш ва уларни қўллаб-қувватлаш;

халқаро тан олинган аккредитация ташкилотларини жалб қилиш орқали маҳаллий тиббий хизматлар сифатини ошириш ва "хавфсиз тиббиёт" стандартларини жорий қилиш;

тиббиёт ташкилотларини аккредитациялашнинг миллий тизимини жорий этиш.


3. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

пулли хизматлар кўрсатишдан тушадиган даромадлар;

халқаро ва хорижий ҳукумат, халқаро молия ташкилотлари ва бошқа донорларнинг грантлари;

Марказнинг вақтинча бўш турган бюджетдан ташқари маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) бир ой муддатда:

Марказнинг тузилмаси ва уставини тасдиқласин;

Марказни малакали, ўзига юкланган вазифаларни юксак профессионал даражада бажаришга қодир кадрлар билан тўлдирсин;

вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Марказ фаолиятини самарали амалга ошириши учун зарур бўлган воситалар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;

б) уч ой муддатда тиббиёт ташкилотларини аккредитациялаш ҳамда лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларининг, шу жумладан, улар томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатига қўйиладиган талабларнинг бажарилиши тўғрисидаги ахборотларни ўз ичига оладиган тиббий хизматлар сифатини бошқариш бўйича ахборот тизимини ишлаб чиқсин ва жорий этсин;

в) аҳолини оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали лицензия талаблари ва шартлари, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатига қўйиладиган талаблар, шунингдек, лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб қўйилган, тўхтатилган ёхуд лицензияси бекор қилинган лицензиатлар тўғрисида мунтазам равишда хабардор қилиб борсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири в.б А.А. Худаяров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 24 июлдаги

444-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим

қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 январдаги 16-сон қарори билан тасдиқланган Тиббиёт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентининг 3-банди тўққизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ишчи орган - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази".


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомга 27-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"Тиббий фаолиятни лицензиялаш

ПАСПОРТИ

1.

Лицензия номи:


тиббий фаолият учун лицензия


2.

Лицензияланадиган фаолиятнинг кичик турлари:


тиббий фаолият амалга ошириладиган тиббий ихтисосликлар турлари бўйича


3.

Ариза берувчилар тоифаси:


юридик шахслар


4.

Лицензияловчи орган:


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги


5.

Лицензияни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар:

а) ариза;

аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг почта манзили, фаолиятни амалга ошириш жойи, банк муассасасининг номи ва банк ҳисобварағи, телефон рақами, СТИР, электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса), тиббий фаолият амалга ошириладиган муддат, танланган тиббий фаолият амалга ошириладиган тиббий ихтисосликлар турлари ва (ёки) тиббий хизматлар турлари (тиббий муолажалар ва (ёки) тиббий усуллар), тиббий ёрдам кўрсатиш шакллари (амбулатор, стационар), ариза тўлдириш сабаби (янги лицензия олиш, қайта расмийлаштириш), лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилишга розилиги;

б) тасдиқланган энг кам талабларга мувофиқ тиббий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган ускуналар ва бошқа техника воситалари, шу жумладан, тиббий техниканинг мавжудлиги ҳақидаги маълумот.

Маълумотда тиббий техника, ускуналар ва бошқа техника воситаларининг номи, сони, ҳар бирининг серияси ва рақами, ишлаб чиқарувчиси ва ишлаб чиқариш санаси, ушбу воситаларнинг ишлатилиши учун давлат органларидан махсус рухсат олиш кўзда тутилган бўлса, тегишли тасдиқловчи ҳужжат рақами, санаси ва ҳужжат берган ташкилот номи кўрсатилиши керак.


6.

Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори:


базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари


7.

Лицензия берилганлиги учун давлат божи миқдори:

Лицензия берилганлиги учун давлат божи миқдори:

базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари.

Давлат божи қуйидаги тартибда тақсимланади:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси шахсий ғазна ҳисобварағига;

11,25 фоизи - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармасининг ҳисобварағига;

13,75 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази ҳисобварағига;

қолган қисми Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига ўтказилади.


8.

Аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддатлари:


30 кун

9.

Лицензия талаблари ва шартлари:

Лицензия талаблари ва шартлари:

а) ходимларнинг қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши:

стационар турдаги нодавлат тиббиёт ташкилотида операция бўлими ташкил этилган тақдирда, ихтисослиги бўйича камида биринчи малака тоифага эга бўлган операция қилувчи хирург ҳамда анестезиолог-реаниматолог, хирургия ихтисослиги бўйича малака тоифага эга бўлган ассистент врач, камида биринчи малакавий тоифага эга бўлган анестезиология-реаниматология ҳамда операция хонаси ҳамшираси;*

бош врачда - олий тиббий маълумот ва малакавий тоифа, бошқа врач-мутахассисларда (олий тиббий таълим маълумотига эга бўлмаган, халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият билан шуғулланувчи шахслардан ташқари) тегишли тиббий мутахассислик бўйича олий маълумот ва малакавий тоифа;

хорижий мутахассис жалб этилган тақдирда, операция қилувчи врачда камида етти йиллик иш стажи ёки етакчи тиббий муассасалар ёки клиникаларнинг операция қилувчи врачининг зарур касбий кўникмаларга эга эканлигини тасдиқловчи тавсияномаси;

туғруқни қабул қилиш ташкил этилганда акушер-гинеколог, анестезиолог-реаниматолог, неонатолог ва клиник лаборант врачларда - камида биринчи малакавий тоифа;

мутахассис-врачларда белгиланган тартибда олинган малака ошириш бўйича амалдаги сертификат;

хорижий таълим муассасасини тамомлаган мутахассисни ишга жалб қилишда хорижий мамлакатларда олинган маълумот тўғрисидаги ҳужжатларнинг нострификацияси (эквивалентлигини белгилаш) ҳақидаги гувоҳноманинг давлат намунаси (агар нострификация қилиш талаб этилса);

хорижий таълим муассасасини тамомлаган мутахассисни ишга жалб қилишда мутахассислиги бўйича малакасини тасдиқловчи ҳужжат;

тиббиёт ходимида - стерилизация ускунасида ишлаш бўйича ўқувдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат (агар стерилизация бўлими мавжуд бўлса);

б) қуйидаги талабларга жавоб берувчи моддий-техник базанинг мавжуд бўлиши:

мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан тегишли бўлган, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мос бўлган лицензияланган фаолият турини амалга оширишга мўлжалланган хоналар (тиббий фаолият йўналишида мобил иловалардан фойдаланган ҳолда масофадан туриб тиббий консультация ва кўрикни ташкил этишда мазкур талаб татбиқ этилмайди);

мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан тегишли бўлган, тегишли метрологик меъёрлар ва техника хавфсизлиги меъёрларига мос бўлган ускуналар ва бошқа техника воситалари, шу жумладан, тиббий техника (тиббий фаолият йўналишида мобил иловалардан фойдаланган ҳолда масофадан туриб тиббий консультация ва кўрикни ташкил этишда мазкур талаб татбиқ этилмайди);

терапевтик йўналиш ва диагностика ихтисосликлари бўйича тиббий фаолиятни амалга оширишда стерилизация ишларини бажаришга шартнома ёки стерилизация бўлими;*

туғруқни қабул қилиш ташкил этилганда муассасада туғруқ (жарроҳлик блоки билан), жонлантириш, чақалоқларни жонлантириш, муддатига етмай туғилган чақалоқларни парвариш қилиш, ҳомиладорлар патологияси, эндовизуал гинекология бўлимлари, поликлиника (гинекология, неонатология, педиатрия, ультратовуш диагностикаси), бактериология ва клиник-биокимё лабораториялар ташкил этиш;

хирургия йўналишидаги ихтисосликлар, шу жумладан, стоматология бўйича тиббий фаолиятни юритишда стерилизация бўлими;*

в) тиббий фаолиятни амалга оширишда қуйидагиларга риоя қилиш:

лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган намуналар ва шакллар бўйича бирламчи тиббий ҳужжатларни юритиш;

белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига статистика маълумотларини тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига, экологик нормативларга, метрология нормалари ва қоидаларига, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш;

лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган ва (ёки) халқаро тиббий амалиётда синовдан ўтган профилактика усуллари, диагностика ва даволаш стандартларига риоя қилиш;

лицензияловчи орган томонидан рухсат берилган доривор, дезинфекция ва зарарсизлантирувчи воситалар, лаборатория реагентларидан фойдаланиш;

операция ва жонлантириш (реанимация) хоналарига овоз ва видео ёзиб олиш имконияти мавжуд камералар ўрнатилган бўлиши, мазкур ёзувлар камида бир йил давомида лицензиатда сақланиши ҳамда видеоёзувдаги ахборотнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайдиган (қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) шифокор сирининг ҳимоя қилиниши имкониятини яратиш;

тиббий фаолиятни қатъиян лицензияда кўрсатилган доирада амалга ошириш;*

туғруқни қабул қилиш ташкил этилганда, ФҲДЁ органлари билан туғилиш ва ўлим тўғрисидаги электрон маълумотлар алмашинуви дастурини мажбурий равишда доимий юритиш.*


10.

Лицензия беришда келишиладиган органлар:

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий бошқармалари;

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари;

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ҳудудий бошқармалари.


11.

Лицензиянинг амал қилиш муддати:


5 йил


12.

Изоҳ.

Лицензияда фаолиятнинг лицензияланаётган тиббий ихтисосликлар турлари ва (ёки) тиббий хизматлар турлари (тиббий муолажалар ва (ёки) тиббий усуллар), тиббий ёрдам кўрсатиш шакллари (амбулатор, стационар) аниқ кўрсатилади.

Аризани кўриб чиқиш муддати давомида фаолиятнинг лицензияланаётган тиббий ихтисосликлар турлари ва (ёки) тиббий хизматлар турлари (тиббий муолажалар ва (ёки) тиббий усуллар), тиббий ёрдам кўрсатиш шакллари ҳажмидан келиб чиқиб, тегишли соҳа мутахассисларидан иборат эксперт гуруҳи ташкил этилади.

Эксперт гуруҳи лицензия талабгорига тегишли лицензияни бериш ёки лицензия беришни рад этиш юзасидан эксперт хулосасини ишчи органга тақдим этади.

Бунда эксперт гуруҳи фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар талабгор (ариза берувчи) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази (ишчи орган) ўртасида тузилган ёзма шартномага кўра белгиланган тартибда тасдиқланган табақалаштирилган нархларга мувофиқ амалга оширилади.


*) Қўпол равишда бузиш деб ҳисобланадиган талаб ва шартлар.


".


Изоҳ. Мазкур илова 2025 йил 1 январдан кучга киради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 25 июль













































Время: 0.0999
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск