ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июль, 2024 й. / Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар /

Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.07.2024 й. 445-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 24 июлдаги

445-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Криминология

тадқиқот институти тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтининг (кейинги ўринларда - Институт) ҳуқуқий мақомини, асосий вазифалари ва функцияларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Институт криминологик фаолиятни илмий ва экспертлик жиҳатдан таъминлашга ихтисослашган, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) ташкилий тузилмасига кирувчи, юридик шахс мақомига эга республика илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.


3. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Узбекистон Республикаси ички ишлар вазири буйруқларига, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.


4. Институт Вазирлик Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


5. Институт ўз вазифаларини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ҳамда мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга оширади, унинг фаолиятига тўсқинлик қилишга, тадқиқот ҳисоботидаги маълумотларни ўзгартириш учун таъсир кўрсатишга йўл қўйилмайди.


6. Институтнинг жорий ташкилий ва ташаббус асосидаги тадқиқотлар харажатлари Вазирликнинг бюджет маблағлари, буюртма асосидаги тадқиқот харажатлари эса давлат органлари (буюртмачилар)нинг бюджетдан ташқари маблағлари, пуллик хизматларни кўрсатиш, миллий ва халқаро грантлар, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


7. Институт ўз мулкига, мустақил балансига, ўзининг рамзи (эмблемаси) тасвири туширилган, ўз номи давлат ва инглиз тилларида ёзилган бланк, муҳр ва штампга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларига, шунингдек, ўзининг расмий веб-сайтига эга бўлади.


8. Институтнинг расмий номи:


a) давлат тилида:

тўлиқ - Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти; қисқартмаси - Криминология институти;


б) инглиз тилида:

тўлиқ - Research Institute of Criminology of the Republic of Uzbekistan;

қисқартмаси - Institute of Criminology;


в) рус тилида:

тўлиқ - Исследовательский институт криминологии Республики Узбекистан; қисқартмаси - Институт криминологии.


9. Институт жойлашган жой (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Буюк Ипак йўли кўчаси, 243-уй.



2-БОБ. ИНСТИТУТ ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ, ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

республикадаги криминоген вазиятга оид чуқур тадқиқотларни амалга ошириш, жиноятчилик тенденцияларини тизимли равишда таҳлил ва прогноз қилиш, унинг ижтимоий, иқтисодий, психологик, маънавий-маърифий, ҳуқуқий, тиббий ва ташкилий омилларини комплекс илмий диагноз асосида аниқлаш;

ҳудудлар кесимида криминоген вазиятни барқарорлаштириш чораларининг самарадорлигини илмий жиҳатдан баҳолаш, шунингдек, илмий таҳлил, прогноз ва диагноз хулосаларига асосланган ҳолда, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш орқали жиноятчилик омилларини бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш;

илмий-амалий тадқиқот лойиҳаларини бажариш орқали криминологик фаолият амалиётида мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича илмий асосланган комплекс ечимларни ишлаб чиқиш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни ташкил этиш;

жамоатчилик ўртасида шов-шувга сабаб бўлган жиноятларнинг омилларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини ишлаб чиқишда белгиланган тартибда мутахассис сифатида суриштирув ва дастлабки тергов органларига услубий кўмаклашиш;

жаҳон криминологияси ва хорижий давлатлар криминологик фаолият тўғрисидаги қонунчилигининг илғор тажрибаларини доимий ўрганиш ҳамда унинг натижаларини Ўзбекистон Республикаси шароитларида жорий этиш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш;

криминология соҳаси бўйича мустақил изланувчилик шаклида олий малакали илмий кадрларни тайёрлаш, талабгорларни белгиланган тартибда илмий даражалар ва илмий унвонларга тақдим этиш.


11. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

жиноятчилик тенденцияларини илмий методлар орқали комплекс аниқлаш, тизимлаштириш ва унинг салбий тенденцияларини бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

жиноятчилик омилларини илмий методлар орқали комплекс аниқлаш,

тизимлаштириш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

криминологик тадқиқотлар натижаларини таҳлил қилиш, криминологик фаолият тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

аҳолининг эътирозига сабаб бўлаётган ижтимоий таранглик ҳолатларининг юзага келиш омилларини тизимли таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

илмий-амалий тадқиқот лойиҳаларини бажариш орқали криминологик фаолият амалиётида мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича илмий асосланган комплекс ечимларни ишлаб чикиш;

криминология соҳасида илмий тадқиқотларни ташкил этиш ҳамда илмий ишланмаларни криминологик фаолият амалиётига жорий этиш, шунингдек, ушбу соҳада илмий изланишлар олиб борган тадқиқотчиларни белгиланган тартибда илмий даражалар ва илмий унвонларга тақдим этиш;

криминология соҳасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан илмий ҳамкорликни самарали ташкил этиш, шунингдек, қўшма илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш.


12. Институт ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


a) жиноятчилик тенденцияларини илмий методлар орқали комплекс аниқлаш, тизимлаштириш ва унинг салбий тенденцияларини бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

Вазирлик Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар бош маркази билан биргаликда ҳисобот даврида якунланган жиноят ишларига (терговга қадар текширув материалларига) доир жиноятлар ҳақидаги маълумотларни ҳудуд, туман (шаҳар), маҳаллалар ҳамда жиноят турлари кесимида "E-kriminologiya.uz" ахборот тизимида шакллантиради;

Институтнинг мустақил изланувчиларини туман (шаҳар)ларга бириктирган ҳолда жиноятчилик ҳолати, даражаси, тузилиши ва географиясини маҳаллалар кесимида таҳлил қилади, ҳодиса содир бўлган жойга чиққан ҳолда жиноят жойининг географик координаталарини аниқлайди;

"E-kriminologiya.uz" ахборот тизимида жамланган хужжатлар (жиноят иши бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳукми (ажрими), Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддасига асосан чиқарилган жиноят ишини тугатиш ва жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарорлар) асосида жиноятчилик тенденцияларини комплекс таҳлил қилади;

криминология соҳасида ташаббус асосидаги илмий-амалий тадқиқотлар лойиҳалари бўйича тайёрланган тадқиқот ҳисоботларини таҳлил қилади;

ривожланган хорижий давлатлар қонунчилигини таҳлил қилади ва илмий манбаларини ўрганади, жиноятчилик салбий тенденцияларини бартараф этишга доир илғор тажрибаларини аниқлайди ва Узбекистон шароитида қўллаш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқади;

жиноятчилик тенденцияларига доир масалалар юзасидан ижтимоий фикрни ўрганиш бўйича социологик тадқиқотлар ўтказади, криминология соҳаси бўйича тажрибали мутахассисларнинг экспертлик фикрини тадқиқ қилади;

жиноятчилик тенденцияларига доир илмий манбалар, оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилинган материалларни таҳлил қилади;

туман (шаҳар)ларда ўрганишларни амалга ошириш орқали жиноятчилик салбий тенденцияларини бартараф этиш бўйича кўрилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини илмий жиҳатдан баҳолайди;

яқин, ўрта ва узоқ муддатда жиноятчилик тенденцияларида кузатилиши мумкин бўлган ўзгаришларни илмий методлар асосида прогноз қилади;

тадқиқотлар натижалари асосида ҳар чоракда "Жиноятчилик тенденциялари давлат ҳисоботи"ни тайёрлайди ва кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;


б) жиноятчилик омилларини илмий методлар орқали комплекс аниқлаш, тизимлаштириш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

Вазирлик Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар бош маркази билан биргаликда ҳисобот даврида якунланган жиноят ишлари (терговга қадар текширув материаллари) бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 297 ва 298-моддаларига асосан киритилган тақдимномаларга доир маълумотларни ҳудуд, туман (шаҳар), маҳаллалар ва жиноят турлари кесимида "E-kriminologiya.uz" ахборот тизимида шакллантиради;

"E-kriminologiya.uz" ахборот тизимида жамланган ҳужжатлар (Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 297 ва 298-моддаларига асосан киритилган тақдимномалар) асосида барча жиноятларнинг омилларини умумий жиноятчилик ва жиноят турлари кесимида комплекс таҳлил қилади;

Институтнинг мустақил изланувчиларини туман (шаҳар)ларга бириктирган ҳолда жиноятчилик омилларини маҳаллалар кесимида таҳлил қилади;

Институтнинг мустақил изланувчилари билан биргаликда режа-топшириқ асосида ҳодиса жойига чиққан ҳолда жиноятларнинг ташкилий омиллари бўйича маълумотнома тайёрлайди;

криминология соҳасида буюртма асосидаги илмий-амалий тадқиқот лойиҳалари бўйича тайёрланган тадқиқот ҳисоботларини таҳлил қилади;

ривожланган хорижий давлатлар қонунчилигини таҳлил қилади ва илмий манбаларини ўрганади, жиноятчилик омилларини бартараф этишга доир илғор тажрибаларини аниқлайди ҳамда Ўзбекистон шароитида қўллаш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқади;

жиноятчилик омилларига доир масалалар юзасидан ижтимоий фикрни ўрганиш бўйича социологик тадқиқотлар ўтказади, криминология соҳаси бўйича тажрибали мутахассисларнинг экспертлик фикрини ўрганади;

жиноятчилик омилларига доир илмий манбалар, оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилинган материалларни таҳлил қилади;

туман (шаҳар)ларда ўрганишларни амалга ошириш орқали жиноятчилик омилларини бартараф этиш бўйича кўрилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини илмий жиҳатдан баҳолайди;

жамоатчилик ўртасида шов-шувга сабаб бўлган жиноятларнинг омилларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини ишлаб чиқишда қонунчиликда белгиланган тартибда мутахассис сифатида суриштирув ва дастлабки тергов органларига услубий кўмаклашади;

криминологик тадқиқотлар асосида жиноятчиликнинг асосий омилларини аниқлайди, ушбу омилларни жиноятларнинг содир этилишига таъсир этиш даражасидан келиб чиқиб тизимлаштиради ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

тадқиқотлар натижалари асосида ҳар чоракда "Жиноятчилик омиллари давлат ҳисоботи"ни тайёрлайди ва кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;


в) криминологик тадқиқотлар натижаларини таҳлил қилиш, криминологик фаолият тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

давлат органлари ва ташкилотлари, илмий ва олий таълим муассасалари билан биргаликда криминология соҳаси бўйича чоп этилган илмий, услубий ва ўкув адабиётларини таҳлил қилади;

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги билан биргаликда криминология соҳаси бўйича бажарилган илмий-тадқиқот лойиҳалари ҳисоботларини таҳлил қилади;

илмий ва олий таълим муассасаларида криминология соҳаси бўйича ўтказилган тадбирларнинг натижалари асосида тайёрланган илмий хулосаларни комплекс таҳлил қилади;

криминологик фаолият амалиётига жорий этилган илмий ишланмаларни ва уларнинг натижадорлигини таҳлил қилади;

криминологик фаолиятни тартибга солиш соҳасидаги қонунчиликни қўллаш амалиётидаги тизимли камчилик ва муаммоларни аниқлайди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқади;

Институт илмий нашрларининг даврий сонларини тайёрлайди, уларни чоп этилишини таъминлайди ва ҳамкор ташкилотларга тақдим этади;

тадқиқотлар натижалари асосида ҳар чоракда "Криминологик тадқиқотлар давлат ҳисоботи"ни тайёрлайди ва кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;


г) аҳолининг эътирозига сабаб бўлаётган ижтимоий таранглик ҳолатларининг юзага келиш омилларини тизимли таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шахридаги Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда уларга келиб тушган мурожаатларни таҳлил килиш асосида аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётган масалаларни аниқлайди;

Вазирлик соҳавий хизматлари билан биргаликда ички ишлар органларига келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилади, уларда кўрсатилган масалаларни ҳал этиш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлигини илмий баҳолайди;

"112" ягона диспетчерлик хизмати билан биргаликда республиканинг барча ҳудудлари бўйича шошилинч ёрдам чақириқларини тизимли тахлил қилади ҳамда уларни мазмуни бўйича илмий таснифлайди;

Вазирлик соҳавий хизматлари билан биргаликда аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётган ижтимоий таранглик ҳолатларининг омилларини аниқлайди ва уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқади;

аҳолининг эътирозига сабаб бўлаётган ижтимоий таранглик ҳолатларининг омилларини таҳлил қилиш натижаларини "Жиноятчилик омиллари давлат ҳисоботи"да акс эттиради;


д) илмий-амалий тадқиқот лойиҳаларини бажариш орқали криминологик фаолият амалиётида мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича илмий асосланган комплекс ечимларни ишлаб чиқиш соҳасида:

ҳар йили декабрь ойининг 30-санасига қадар келгуси йилда бажариладиган криминология соҳасида ташаббус асосидаги илмий-амалий тадқиқот лойиҳалари рўйхатини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирликка киритади;

ҳукуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар билан биргаликда ҳар йили декабрь ойининг 15-санасига қадар келгуси йилда бажариладиган криминология соҳасида буюртма асосидаги илмий- амалий тадқиқот лойиҳалари рўйхатини ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритади;

ташаббус ва буюртма асосидаги илмий-амалий тадқиқот лойиҳаларини белгиланган тартибда ва муддатларда сифатли бажарилишини таъминлайди;


e) криминология соҳасида илмий тадқиқотларни ташкил этиш ҳамда илмий ишланмаларни криминологик фаолият амалиётига жорий этиш, шунингдек, ушбу соҳада илмий изланишлар олиб борган тадқиқотчиларни белгиланган тартибда илмий даражалар ва илмий унвонларга тақдим этиш соҳасида:

"12.00.15 - Криминология" ихтисослиги бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) диссертацияларини бажаришга талабгорларни олий таълимдан кейинги таълимнинг мустақил изланувчилик шаклига қабул қилади, диссертация тадқиқотлари бажарилишини белгиланган тартибда ташкил этади;

талабгорларни "12.00.15 - Криминология" ихтисослиги бўйича катта илмий ходим ва профессор илмий унвонларига белгиланган тартибда такдим этади;

криминологик фаолиятни илмий ва экспертлик жиҳатдан таъминлашда, жумладан, "Жиноятчилик тенденциялари давлат ҳисоботи", "Жиноятчилик омиллари давлат ҳисоботи", "Криминологик тадқиқотлар давлат ҳисоботи", "Ўзбекистон криминологияси" бўйича янги авлод ўқув дастури ҳамда дарслигини тайёрлашда илмий ишланмалардан фойдаланади;

криминологик тадқиқотлар натижалари асосида тайёрланган таклифларни амалиётга жорий этади, жумладан, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришда фойдаланиш учун ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасаларга тақдим этади;

криминологик фаолият амалиётига жорий этилган илмий ишланмалар сони бўйича "Жамоат хавфсизлиги бўйича ташаббус индекси" (i-indeks) юритилишини таъминлайди;

соҳа бўйича халқаро форум ва республика конференцияларини даврий равишда ўтказади, форум ва конференция материалларини тўплам шаклида чоп этилишини таъминлайди;

республикада жиноятчиликнинг салбий тенденциялари ва омилларини бартараф этиш ҳамда ушбу соҳада мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида брифинг ва матбуот анжуманларини ўтказади;


ж) криминология соҳасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий- тадқиқот муассасалари билан илмий ҳамкорликни самарали ташкил этиш, шунингдек, қўшма илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш соҳасида:

илмий хизмат сафарларини амалга ошириш орқали ўзаро тажриба алмашиш, жумладан, тажриба орттириш, касбий кўникмаларни мустаҳкамлаш учун илмий таркибни хорижий илмий ва олий таълим муассасаларида илмий стажировка ўташга юборишни ташкил этади;

хорижий илмий ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма илмий-амалий тадқиқот лойиҳаларини амалга оширади, шунингдек, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантларини олади;

илмий таркибга ижодий ёки ўқув таътили берган ҳолда, илмий стажировкани ўташи ёки магистратурада ўқиши учун ўртача иш ҳақи ва лавозимини сақлаш шарти билан бир йилгача бўлган муддатга хорижий илмий ва олий таълим муассасаларига юборади;

илмий таркибнинг хорижий илмий ва олий таълим муассасаларида криминология фани бўйича ўқув машғулотлари ўтказишини, ушбу муассасалар тадқиқотчиларининг диссертацияларига илмий раҳбарлик (консультантлик) қилишини ташкил этади.



3-БОБ. ИНСТИТУТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


13. Институт ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларидан ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ўз ваколатларини бажариш доирасида халқаро, минтақавий ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни, шу жумладан, ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

илмий-амалий тадқиқотлар жараёнига шартнома асосида, шу жумладан, етакчи хорижий илмий-тадқиқот муассасаларидан юқори илмий-таҳлилий маҳоратга эга бўлган малакали мутахассисларни бир йилгача муддатга жалб этиш ва меҳнат бозори конъюнктурасини инобатга олган ҳолда, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида шартнома асосида экспертлик, илмий-тадқиқот, ноширлик, матбаа ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш бўйича пуллик хизматлар кўрсатиш; етакчи хорижий илмий ёки олий таълим муассасалари билан қўшма илмий-амалий тадқиқотлар лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, илмий кадрларни ўқитиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум ва битимларни тузиш;

криминология соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий таклиф сифатида ишлаб чиқиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасаларга тақдим этиш.

Институт қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


14. Институт ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.

Институт раҳбарлари ва ходимлари қонунчиликка мувофиқ тарқатилиши чекланган маълумотларни ошкор этганлик, давлат ҳисоботлари ва криминоген вазият бўйича тайёрланган таҳлилий ахборотларда маълумотларни яширганлик ва бузиб кўрсатганлик учун жавоб беради.



4-БОБ. ИНСТИТУТ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Институт ўз фаолияти бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


16. Институт фаолиятига Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.


17. Институт бошлиғи:

Институт ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади ҳамда Институтга юкланган вазифалар ва функциялар амалга оширилиши учун шахсан жавоб беради;

Институтда илмий-тадқиқот ва илмий-методик ишлар амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади;

Институтнинг рамзини (эмблемасини), бланкаси намунасини тасдиқлайди;

давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан муносабатларда Институт номидан иш кўради;

ҳар йили декабрь ойининг 15-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 январдаги ПҚ-22-сон қарори билан тасдиқланган 2024-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари бажарилиши ҳақида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот киритади;

Институтни ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш учун ҳар йили январь ойида Институтнинг Ҳаракатлар дастурини тасдиқлаш учун Вазирликка киритади ва унинг ижросини таъминлаш чораларини кўради;

Институт ходимлари, хизматчилари ва ишчиларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Институт ходимларига ижтимоий ҳимоя чораларини қўллаш, таътил бериш, уларни хизмат сафарига юбориш, рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини белгиланган тартибда ҳал этади;

Институт номидан хўжалик ва бошқа турдаги шартнома ҳамда келишувлар тузади, молиявий, ҳисоб-китоб ва бошқа турдаги ҳужжатларни имзолайди;

Институт балансидаги мулкни бошқариш бўйича қарорлар қабул қилади, жумладан биноларнинг бўш хизмат хоналари криминология соҳасида илмий, таълим ёки ўқув фаолияти билан шуғулланувчи бошқа ташкилотларга ижарага берилишини қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этади;

Институт фаолиятини илмий, ахборот-таҳлил, юридик ва бошқа жиҳатдан таъминлаш мақсадида хизмат кўрсатиш бўйича фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида юқори малакали миллий ва хорижий мутахассисларни Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шу жумладан, Вазирлик билан келишган ҳолда Вазирлик ва унинг бўлинмаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳақ эвазига жалб этади;

Институт ходимлари ва хизматчиларининг лавозим бўйича функционал вазифаларини тасдиқлайди;

Институт ходимлари ва хизматчилари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.

Институт бошлиғи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

Институт бошлиғи ўзига юкланган вазифа ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


18. Институт бошлиғи ўринбосари - Жиноятчилик тенденцияларини тадқиқ этиш маркази бошлиғи:

Институтнинг Жиноятчилик тенденцияларини тадқиқ қилиш маркази ва Илмий-ишлаб чиқариш лабораторияси фаолиятини ташкил этади;

Институт бошлиғи буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлайди;

"Жиноятчилик тенденциялари давлат ҳисоботи" тайёрланиши ва кўриб чиқиш учун киритилишини таъминлайди;

криминология соҳасида ташаббус асосидаги илмий-амалий тадқиқот лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди, жумладан, илмий-тадқиқот гуруҳларини тузади, илмий-амалий тадқиқот лойиҳалари талабномалари ва тадқиқот ҳисоботларини тасдиқлайди;

ҳар чорак якунида республикада жиноятчиликнинг салбий тенденцияларини бартараф этиш ва ушбу соҳада мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги брифинг ёки матбуот анжуманида ҳисобот беради.

Институт бошлиғи ўринбосари - Жиноятчилик тенденцияларини тадқиқ қилиш маркази бошлиғи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

Институт бошлиғи ўринбосари - Жиноятчилик тенденцияларини тадқиқ қилиш маркази бошлиғи ўзига юкланган вазифа ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


19. Институт бошлиғи ўринбосари - Жиноятчилик омилларини тадқиқ килиш маркази бошлиғи:

Институтнинг Жиноятчилик омилларини тадқиқ қилиш маркази, Корея ва Германия криминологиясини тадқиқ қилиш офислари фаолиятини ташкил этади;

Институт бошлиғи буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлайди;

"Жиноятчилик омиллари давлат ҳисоботи" тайёрланиши ва кўриб чиқиш учун киритилишини таъминлайди;

Институт ҳузуридаги Халқаро экспертлар кенгашининг фаолиятини ташкил этади, ушбу кенгаш раиси функциясини бажаради;

криминология соҳасида буюртма асосидаги илмий-амалий тадқиқот лойиҳаларини сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди, жумладан, илмий-тадқиқот гуруҳларини тузади, илмий-амалий тадқиқот лойиҳалари талабномалари ва тадқиқот ҳисоботларини тасдиқлайди;

ҳар чорак якунида республикада жиноятчиликнинг омилларини бартараф этиш ва ушбу соҳада мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги брифинг ёки матбуот анжуманида ҳисобот беради.

Институт бошлиғи ўринбосари - Жиноятчилик омилларини тадқиқ қилиш маркази бошлиғи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

Институт бошлиғи ўринбосари - Жиноятчилик омилларини тадқиқ қилиш маркази бошлиғи ўзига юкланган вазифа ва функцияларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


20. Институт ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Криминология кенгаши, Халқаро экспертлар кенгаши, Илмий даражалар берувчи муассасалараро илмий кенгаш, шунингдек, Институт фаолиятининг асосий масалаларини кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун Институт кенгаши ташкил этилади.


21. Ўзбекистон Республикаси Криминология кенгаши (кейинги ўринларда - Криминология кенгаши) республикада илмий ва олий таълим муассасаларининг криминологик тадқиқотлар ҳамда криминология фанини ўқитиш соҳасидаги ҳамкорлигини йўлга қўйиш учун Институт ҳузурида тузиладиган маслаҳат ва эксперт-таҳлил органи ҳисобланади.

Криминология кенгаши Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган бланкага эга бўлади.


22. Криминология кенгаши:

"Жиноятчилик тенденциялари давлат ҳисоботи", "Жиноятчилик омиллари давлат ҳисоботи", "Криминологик тадқиқотлар давлат ҳисоботи" лойиҳаларини муҳокама қилади ҳамда маъқуллайди;

илмий ва олий таълим муассасаларига таянч докторант, докторант ва мустақил изланувчи сифатида қабул қилинган шахсларнинг "12.00.15 - Криминология" ихтисослиги бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) диссертациялари мавзуларини тасдиқлайди;

Институт ҳузуридаги Илмий даражалар берувчи муассасалараро илмий кенгаш, унинг қошидаги илмий семинар таркибини криминология соҳаси бўйича етакчи мутахассислар ҳисобидан шакллантирган ҳолда тасдиқлайди;

Институт ҳузуридаги Илмий даражалар берувчи муассасалараро илмий кенгашга диссертация ҳимояларини ўтказиш учун рухсат беради;

"12.00.15 - Криминология" ихтисослиги бўйича малака имтиҳонлари (ихтисослик, чет тили бўйича) дастурларини, шунингдек, малака имтиҳонларини қабул қилиш бўйича муассасалараро комиссиялар таркибларини маъқуллайди; республика таълим муассасалари учун "Ўзбекистон криминологияси" бўйича янги авлод ўқув дастурини тасдиқлайди, унга мувофиқ тайёрланган дарсликни нашр этишга тавсия этади;

криминологик фаолиятни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ижроси бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотларни илмий ва таълим фаолиятида фойдаланиш учун вазирлик ҳамда идоралардан сўраб олади.

Криминология кенгаши қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.


23. Криминология кенгашининг календарь йил давомидаги фаолияти бўйича ҳисобот "Криминологик тадқиқотлар давлат ҳисоботи"га киритилади.


24. Республикада криминологик фаолиятни экспертлик ва илмий таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ишларини мувофиқлаштириш учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг юридик соҳада илмий даражага эга бўлган вакиллари ҳамда олимлар, хорижий ҳамкор илмий ва олий таълим муассасалари, халқаро ташкилотларнинг юқори малакали мутахассисларидан иборат таркибда Институт ҳузурида Халқаро экспертлар кенгаши ташкил этилади.

Институт бошлиғи ўринбосари - Жиноятчилик омилларини тадқиқ қилиш маркази бошлиғи лавозими бўйича Халқаро экспертлар кенгаши раиси ҳисобланади.

Халқаро экспертлар кенгаши аъзоларининг фаолияти жамоатчилик асосида ташкил этилади.


25. Халқаро экспертлар кенгаши:

халқаро ва минтақавий жиноятчилик тенденцияларини илмий таҳлил ва прогноз қилади, унинг салбий тенденцияларини бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқади;

халқаро ва минтақавий жиноятчилик омилларини илмий диагноз қилиш асосида аниқлайди ҳамда уларни бартараф этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган илмий асослантирилган таклифларни тайёрлайди;

Институтнинг халқаро ҳамкорлик соҳасидаги фаолиятини ривожлантиришга, шунингдек, хорижий грантларни олишга кўмаклашади;

таҳлиллар асосида криминология соҳасида илмий мақолалар тайёрлайди ҳамда уларни миллий, халқаро ва хорижий илмий нашрларда чоп этади.

Халқаро экспертлар кенгашининг календарь йил давомидаги фаолияти ҳақидаги ҳисобот "Криминологик тадқиқотлар давлат ҳисоботи"га киритилади.


26. Криминология кенгаши ва Халқаро экспертлар кенгашининг таркиби ҳамда фаолият юритиш тартиби, ҳисобот ва рағбатлантириш тартиби Вазирлик томонидан тасдиқланади.


27. Институтда "12.00.15 - Криминология" ихтисослиги бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) диссертациялари ҳимоясини ягона ёндашув асосида ташкил этиш учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг криминология ва бошқа юридик соҳада илмий даражага эга бўлган вакиллари ҳамда олимлардан иборат таркибда Илмий даражалар берувчи муассасалараро илмий кенгаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.

Илмий даражалар берувчи муассасалараро илмий кенгаш ўз фаолиятини илмий соҳадаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

Илмий даражалар берувчи муассасалараро илмий кенгаш, унинг қошидаги илмий семинар Криминология кенгаши назорати остида фаолият кўрсатади.


28. Институт кенгаши Институт фаолиятига тааллуқли асосий масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун жамоатчилик асосида фаолият юритадиган коллегиал орган ҳисобланади.


29. Институт кенгаши илмий даражага эга ўн бир нафар аъзодан иборат таркибда (раис, раис ўринбосари, аъзолар ва илмий котиб) шакллантирилади ҳамда Институт бошлиғининг буйруғи билан тасдиқланади.

Институт бошлиғи лавозими бўйича Институт кенгаши раиси ҳисобланади.


30. Институт кенгаши:

криминология соҳасида ташаббус ва буюртма асосидаги илмий-амалий тадқиқот лойиҳалари, хорижий грант ҳисобидан молиялаштирилган илмий-амалий тадқиқот лойиҳалари бўйича тайёрланган тадқиқот ҳисоботлари лойиҳаларини кўриб чиқади ҳамда маъқуллайди;

Институтнинг илмий нашрлари сонлари лойиҳаларини кўриб чиқади ва уларни чоп этишга тавсия этади;

Институт ходимлари ва хизматчилари томонидан тайёрланган илмий, услубий ва ўкув адабиётлари лойиҳаларини муҳокама қилади ҳамда чоп этишга тавсия этади;

"12.00.15 - Криминология" ихтисослиги бўйича мустақил изланувчилик шаклидаги олий таълимдан кейинги таълимни ташкил этади, шунингдек, Институт ходимлари ва хизматчиларини, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишлаётган шахсларни мазкур ихтисослик бўйича катта илмий ходим ва профессор илмий унвонларига белгиланган тартибда тақдим этади;

Институт фаолиятига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади ва ҳал қилади.


31. Илмий котиб Институт кенгаши фаолиятини амалга оширишга доир ҳужжатларни юритади ва унинг қарорлари ижроси бўйича мониторингни амалга оширади.


32. Институтнинг илмий таркиб лавозимлари юридик, психология, социология, педагогика, техника, иқтисодиёт, тиббиёт ва география соҳалари бўйича илмий даражага эга бўлган кадрлар билан жамланади.


33. Илмий даражага эга бўлмаган номзодлар Институтнинг бўш турган илмий таркиб лавозими ҳисобидан илмий ходим-тадқиқотчи лавозимига қабул қилиниши мумкин.


34. Институтда иш ҳужжатлари (китоблар, йиғмажилдлар, ҳисоботлар, кириш ва чиқиш ҳужжатлари) "E-kriminologiya.uz" ахборот тизими орқали электрон шаклда юритилади. Институтда махфий ҳужжатлар билан ишлаш тегишли рухсатномага эга бўлган ходимлар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


35. Институтни қўриқлаш ва унинг маъмурий биносига кириб-чиқишни назорат қилиш Вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш хизмати томонидан шартнома асосида амалга оширилади.


36. Институтнинг илмий таркиб лавозимларидаги хизматчиларига Вазирлар Маҳкамасининг "Илмий ходимлар меҳнатини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2009 йил 18 августдаги 233-сон қарори билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг тегишли базавий лавозим маошлари миқдорлари қўлланилади ҳамда уларга аввалги иш жойи бўйича берилган мартаба даражалари учун белгиланган устама ҳақлари (мавжуд бўлса) сақланиб қолади.



5-БОБ. ИНСТИТУТНИНГ МУЛКИ

ВА МОЛИЯВИЙ МАБЛАҒЛАРИ


37. Институт мулки асосий фондлардан (бинолар, иншоотлар, асбоб- ускуналар, транспорт воситалари ва бошқалар), айланма маблағлардан, шунингдек, молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобига сотиб олинган молиявий ресурслар ва бошқа моддий бойликлардан иборат бўлади. Институт мулкининг қиймати унинг мустақил балансида акс эттирилади.


38. Институт белгиланган тартибда ўзига бириктирилган мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади. Институт унга туташ ер майдонига эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқига эга.


39. Институт маблағлари қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари; Вазирлик ва унинг бўлинмаларининг бюджетдан ташқари маблағлари;

буюртма асосида амалга оширилган тадқиқотлар учун давлат органлари (буюртмачилар) томонидан бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;

пулли хизматлар кўрсатиш, шунингдек, вақтинча бўш турган бюджетдан ташқари маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш орқали даромад олишдан тушадиган маблағлар;

миллий ва халқаро грантлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


40. Институтда пулли хизматлар кўрсатиш, мол-мулкни ижарага бериш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, шунингдек, вақтинча бўш турган бюджетдан ташқари маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш орқали даромад олишдан тушадиган маблағлар Институтнинг бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилади ва Вазирлар Маҳкамасининг "Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сон қарорида белгиланган тартибда сарфланади.

Бунда моддий-техник базани мустаҳкамлаш тадбирлари учун белгиланган меъёр доирасидаги маблағлар Институтнинг илмий тадбирларни ўтказиш ҳамда хорижий тажрибани ўрганиш тадбирларини молиялаштиришга ҳам сарфланади.



6-БОБ. ИНСТИТУТ ХОДИМ ВА ХИЗМАТЧИЛАРИНИНГ

ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИНИ БАҲОЛАШ ТАРТИБИ


41. Институт ходимлари ва хизматчиларининг календарь йил давомидаги илмий фаолияти Институт кенгаши томонидан ҳар йил декабрь ойи якунида баҳолаб борилади.

Институт ходимлари ва хизматчиларининг илмий фаолиятини баҳолаш индикаторлари ҳар йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан тасдиқланади.


42. Институт ходимлари ва хизматчиларининг календарь йил давомидаги фаолияти тўплаган жами баллидан келиб чиқиб қуйидагича баҳоланади:

55 баллгача бўлса - "қониқарсиз";

56 - 70 балл бўлса - "қониқарли";

71 - 85 балл бўлса - "яхши";

86 балл ва ундан юқори бўлса - "аъло".

Институт ходимлари ва хизматчиларининг фаолиятини баҳолаш натижаси бир календарь йил давомида амал қилади.

Календарь йил давомидаги илмий фаолияти "қониқарсиз" деб баҳоланган Институт ходим ва хизматчиларини эгаллаб турган лавозимидан бўшатиш ёки лавозимида қолдириш масаласи Институт кенгаши қарори асосида ҳал этилади.


43. Институт бошлиғининг буйруғига (Институт бошлиғи учун Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғига) мувофиқ Институт илмий таркибига баҳолаш натижалари асосида қуйидаги миқдорда бир йил давомида ҳар ойлик қўшимча якка тартибдаги устама Вазирлик ва Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тенг миқдорда молиялаштирилган ҳолда тўланади:

фаолияти "аъло" деб баҳоланган илмий таркибга пул таъминотининг (меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг) 50 фоизи миқдорида;

фаолияти "яхши" деб баҳоланган илмий таркибга пул таъминотининг (меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг) 35 фоизи миқдорида;

фаолияти "қониқарли" деб баҳоланган илмий таркибга пул таъминотининг (меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг) 20 фоизи миқдорида.

Фаолияти "қониқарсиз" деб баҳоланган илмий таркибга қўшимча якка тартибдаги устама тўланмайди.


44. Институт фаолиятини ривожлантиришга ҳисса қўшган давлат ҳокимияти ва бошқарувчи органлари ходимлари, хорижий ва халқаро ташкилотлар вакиллари Институт бошлиғи томонидан Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилиши ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланиши мумкин.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


45. Институтнинг халқаро ҳамкорлиги халқаро ёки хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандум (битим)ларини тузиш, илмий хизмат сафарларини ташкил этиш ва ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш орқали қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


46. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги халқаро ёки хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум (битим)лар тузиш ҳамда ҳамкорлик дастурларини амалга оширишда ва хорижий грантларни олишда Институтга кўмаклашади.


47. Институтнинг халқаро ёки хорижий ташкилот билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандуми (битими) қуйидаги тартибда тузилади:

халқаро ёки хорижий ташкилот билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум (битим) тузиш учун тўғридан-тўғри музокаралар олиб борилади;

музокаралар натижасига кўра меморандум (битим) лойиҳаси ишлаб чиқилади ва манфаатдор давлат органлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан белгиланган тартибда келишилади;

келишилган ва ҳамкорликда ишланган меморандум (битим) имзоланади.


48. Институт делегациясининг халқаро ёки хорижий ташкилотга илмий хизмат сафари қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Институт халқаро ёки хорижий ташкилот билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш орқали хизмат сафарининг мақсади, вазифалари, муддати ва бошқа ташкилий жиҳатлари ишлаб чиқилади;

Институт делегацияси таркиби ва унинг хизмат сафарига юборилиши Вазирлар Маҳкамаси билан белгиланган тартибда келишилади, ташкилий ҳамда бошқа масалалар масъул давлат органлари ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда ишланади;

Институт делегациясини хизмат сафарига юбориш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи қабул қилинади;

Институт делегациясининг хизмат сафари натижалари бўйича таклифларни ўз ичига олган ҳисобот Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритилади.


49. Ушбу Низомда назарда тутилмаган Институт фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар ички идоравий ҳужжатлар билан белгиланади.


50. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

        

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 25 июль


















































































Время: 0.1037
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск