ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар / Вазирликлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.08.2024 й. 489-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 8 августдаги

489-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан

ва инновациялар вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг (кейинги ўринларда - Вазирлик) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ва унинг ҳисобдорлиги, шунингдек, унинг раҳбарлари функционал мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Вазирлик олий, ўрта махсус ва профессионал таълим, фан ва инновациялар соҳасида ҳамда таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишда тест, суҳбат ва ижодий синов орқали танлаб олишга оид ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (кейинги ўринларда - Вазирлар Маҳкамаси), фаолиятининг айрим масалалари бўйича эса бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади.


3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.


4. Вазирлик ўз фаолиятини республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.


5. Вазирликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


6. Вазирлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва тизимидаги ташкилотлар ҳамда таълим ташкилотлари юридик шахслар ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг тегишли бўлинмаларида шахсий ғазна ҳисобварақларига, шу жумладан, чет эл валютасидаги шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.


7. Вазирликнинг расмий номи:


а) давлат тилида: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги - ОТФИВ;


б) рус тилида: Министерство высшего образования, науки и инноваций Республики Узбекистан - МВОНИ;


в) инглиз тилида: Ministry of higher education, science and innovations of the Republic of Uzbekistan - MНESI.


8. Вазирликнинг жойлашган ери (почта манзили): 100174, Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Университет кўчаси, 7-уй.



2-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ТУЗИЛМАСИ


9. Вазирликнинг тузилмасига қуйидагилар киради:

Вазирликнинг марказий аппарати;

Инновацион ривожланиш агентлиги;

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги;

Олий аттестация комиссияси;

Илғор технологиялар маркази;

Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси;

Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси;

"INNO" технопарк МЧЖ;

Ёшлар академияси;

Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази;

Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази;

Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти;

Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази;

Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси;

Илмий-техник кенгашлар;

Олий ва профессионал таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш маркази;

Рақамли таълим технологияларини ривожлантириш маркази;

Профессионал таълимни ривожлантириш институти;

Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармалари;

давлат олий таълим муассасалари;

профессионал таълим ташкилотлари.

Ҳудудий бошқармалар, тизим ташкилотлари ва тизимдаги олий таълим ташкилотлари бевосита Вазирликка бўйсунади.



3-БОБ. ВАЗИРЛИК ВА УНИНГ ТИЗИМИДАГИ

ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


1-§. Вазирликнинг вазифалари ва функциялари


10. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасида замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий тилларни чуқур ўзлаштирган малакали кадрлар тайёрлашнинг юқори даражадаги сифатини таъминлаш;

идоравий мансублигидан қатъи назар, барча олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўқув-педагогик ва илмий-услубий раҳбарликни амалга ошириш, мутахассислар тайёрлаш сифати, таълим мазмуни ва даражасини давлат таълим стандартлари ва малака талабларига мослигини таъминлаш;

таълимнинг янги педагогик технологиялари ва ўқитиш услублари ҳамда халқаро илғор амалиётга асосланган таълим жараёнини ташкил этиш, таълим дастурларини (ўқув режалари ва фан дастурларини) такомиллаштириш, ўқитишнинг замонавий шакллари ва ахборот-коммуникация технология воситаларини жорий этган ҳолда таълим сифатини таъминлаш;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълимнинг маънавий-маърифий ишлар мазмунини такомиллаштириш, ёшларда ватанга садоқат, меҳр-оқибат, юксак масъулият, бағрикенглик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш каби фазилатларни шакллантириш, ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш ҳамда уларда ватан тараққиётига дахлдорлик ҳиссини уйғотиш;

олий таълим ташкилотларида илмий-тадқиқот ишларини самарали ташкил этиш, тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этиш, илмий фаолиятни мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, олий таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларига иқтидорли ёшларни кенг жалб этиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

таълим ташкилотларининг зиммасига юкланган вазифаларни юқори профессионал даражада бажаришга қодир раҳбар ва педагог кадрлар билан таъминлаш, уларни тизимли рағбатлантириш ҳамда узлуксиз касбий ривожланиши бўйича чораларни кўриш;

Вазирлик, унинг тизимидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш ва такомиллаштириш, уларнинг касбий маҳорати сифати ва даражасини мунтазам ошириб бориш учун шароитлар яратиш;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тизимини ҳамда илм-фан ва инновациялар соҳасини рақамлаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали уларнинг ўқув, илмий, маъмурий ва молиявий жараёнларини автоматлаштириш;

узоқ муддатли сценарийлар асосида устувор соҳа ва тармоқларга илм-фан ютуқларини татбиқ этиш ва мамлакатнинг инновацион ривожлантиришнинг стратегиясини ишлаб чиқиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси сиёсатини юритиш;

республикада илмий ва инновацион фаолиятни мувофиқлаштириш;

янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш, стартап лойиҳаларни амалга оширишни мувофиқлаштириш;

илмий даражали кадрлар тайёрлашда яхлит давлат сиёсатини юритиш;

илмий ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда инвестицияларни жалб этиш;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасида халқаро алоқаларни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, соҳада эришилган ютуқларни халқаро миқёсда кенг ёритиш;

таълим тизимида ўқув-тарбия жараёнлари, профессор-ўқитувчилар таркиби, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш, педагог кадрларга малака тоифаларини бериш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш;

билим ва малакаларни баҳолаш бўйича умумий сиёсатни белгилаш;

Вазирлик тизимидаги олий, ўрта махсус ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотларни молиялаштириш, моддий-техник базасини ривожлантириш, шунингдек, уларнинг молиявий фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;

олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ушбу фаолиятни ташкил этиш, назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

аҳоли орасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш ва уларни мукаммал ўзлаштириш учун зарур шароитлар яратиш, хорижий тилларни ўқитишнинг халқаро тан олинган дастур ва дарсликлари таълимнинг барча босқичларида жорий этилишини мувофиқлаштириш ҳамда профессор-ўқитувчиларда замонавий ўқитиш кўникмаларини ривожлантириш;

нодавлат таълим ташкилотларига лицензиялар бериш фаолиятини хабардор қилиш тартибида амалга оширадиган шахслардан хабарномалар қабул қилиш ва уларнинг реестрини юритиш.


11. Вазирлик ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) олий, ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасида замонавий билим, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш соҳасида:

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ва Вазирлик тизимидаги ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларининг бажарилишини таъминлайди;

ўрта махсус таълим йўналишлари, профессионал таълимнинг касблар ва мутахассисликлар, олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликлари, шунингдек, билим соҳалари ва таълим соҳалари рўйхатини белгилайди;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида таълим жараёнини бошқариш, ташкил этиш, услубий таъминлаш, меъёрлаштириш, таълим сифатини ошириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, педагог кадрларнинг самарали фаолияти ва ўқув жараёнини ташкил этиш ҳамда рағбатлантиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади, уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади, ваколат доирасида тасдиқлайди ва ўқув жараёнига жорий этилишини таъминлайди;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ва тизим ташкилотлари фаолиятини ташкил этади;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тизимининг ижобий имижини шакллантиришга қаратилган ахборот ва PR-сиёсати йўналишларини белгилайди ҳамда амалга оширади;

марказий аппаратнинг бўлинмалари, Вазирлик ҳузуридаги ташкилотлар, барча ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотлари, Вазирликнинг ҳудудий бошқармаларида коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўради;

идоравий мансублигидан қатъи назар, давлат ва давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлар фаолиятида соҳага оид қонунчиликка риоя этилиши мониторингини олиб боради, қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатларида аниқланган бузилишларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади;

2) замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий тилларни чуқур ўзлаштирган малакали кадрларни тайёрлашнинг юқори даражаси ва сифатини таъминлаш соҳасида:

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида ўқитиладиган таълим йўналишлари, мутахассисликлар ва касблар рўйхатини тасдиқлайди;

қонунчиликка мувофиқ бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқиш давомийлиги муддатларини белгилашда олий таълим ташкилотларига услубий кўмак беради;

таълим олувчиларнинг академик мобиллигини ташкил этиш жараёнларини мувофиқлаштиради;

ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини тизимида ушбу таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифи асосида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайди;

3) идоравий мансублигидан қатъи назар, барча олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўқув-педагогик ва илмий-услубий раҳбарликни амалга ошириш, мутахассислар тайёрлаш сифати, таълим мазмуни ва даражасини давлат таълим стандартлари ва малака талабларига мослигини таъминлаш соҳасида:

тармоқ давлат дастурларини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширилишини таъминлайди;

таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарлик қилади;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотининг намунавий уставини ишлаб чиқилишини таъминлайди, Вазирлик тизимидаги таълим ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг устав (низом)ларини тасдиқлайди;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқ давлат олий таълим ташкилотларида истиқболли таълим йўналишлари ва мутахассисликларини белгилаш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

таълим ташкилотларида таълим жараёнини бошқариш, услубий таъминлаш, меъёрлаш, таълим сифатини ошириш, меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, педагог кадрларнинг самарали фаолияти ва ўқув жараёнини ташкил этиш ҳамда рағбатлантиришга оид ишларни мувофиқлаштиради;

таълим олувчиларнинг билим, малака ва кўникмаларини баҳолаш тартибини белгилайди;

идоравий мансублигидан қатъи назар, барча олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларига вазирликнинг статистик, архив ва бошқа маълумотлардан (ахборотдан фойдаланиш қонун билан чекланган ҳолатлар бундан мустасно) фойдаланиш имкониятини яратади;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида тизимдаги таълим ташкилотлари ҳамда ташкилотлари фаолиятининг мониторингини олиб боради;

4) таълимнинг янги педагогик технологиялари ва ўқитиш услубларини жорий этишнинг халқаро амалиётга мувофиқ таълим жараёнини ташкил этиш, таълим дастурларини (ўқув режалари ва фан дастурларини) такомиллаштириш, ўқитишнинг замонавий шакллари ва ахборот-коммуникация технология воситаларини жорий этган ҳолда таълим сифатини таъминлаш соҳасида:

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим сифатини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ўқув жараёнига ўқитишнинг замонавий шакллари, техник воситалари, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этилишини таъминлайди;

олий таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг малака талабларини, ўрта махсус ва профессионал таълимнинг ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизими учун малака талаблари, ўқув режа ва ўқув дастурларни ишлаб чиқилишини таъминлайди, уларни тасдиқлайди, шунингдек, таълим ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва таълим дастурларида кадрларнинг малака даражасига ва касбий тайёргарлиги сифатига қўйилган талабларнинг таълим ташкилотлари томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари ишлаб чиқилишини таъминлайди ва уларни тасдиқлайди;

ўқув жараёнини замонавий ўқув ва ўқув-услубий адабиётлар билан таъминлаш ҳамда электрон кутубхоналарни ташкил этиш ишларини мувофиқлаштиради;

ўқув адабиётларини тайёрлаш ва нашр қилишни ташкил этади;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари учун дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини тайёрлаш ҳамда нашр этиш тартибини, шунингдек, уларни етказиб беришга ва фойдаланишга қўйиладиган талабларни белгилайди;

меҳнат бозори ва иш берувчиларнинг эҳтиёжлари асосида профессионал таълим ташкилотларида ишчи касблар ва малакалар бўйича қисқа муддатли курсларни ташкил этади;

манфаатдор органлар ва ташкилотлар билан биргаликда олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари битирувчилари бандлигини таҳлил қилади ҳамда унинг натижалари асосида таълим ташкилотларида кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

5) олий, ўрта махсус ва профессионал таълимнинг маънавий-маърифий ишлар мазмунини такомиллаштириш, ёшларда ватанга садоқат, меҳр-оқибат, юксак масъулият, бағрикенглик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш каби фазилатларни шакллантириш, ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш ҳамда уларда ватан тараққиётига дахлдорлик ҳиссини уйғотиш соҳасида:

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган ҳолда ўсиб келаётган ёш авлодни юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар руҳида тарбиялаш ва унинг ижтимоий фаоллигини баҳолаш ишларини ташкил этади;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида, ўқувчилар ва талабалар турар жойларида маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш юзасидан тадбирларни мувофиқлаштиради;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида соғлом маънавий муҳитни (жамоа аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат, кийиниш маданияти, муомала маданияти ва бошқалар) шакллантириш ва қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг ўқишдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ишларини мувофиқлаштиради;

таълим олувчилар учун белгиланган тартибда спорт мусобақаларини ўтказади, уларнинг ғолибларини рағбатлантиради, халқаро танловлар ва мусобақаларга юборади;

6) олий таълим ташкилотларида илмий-тадқиқот ишларини самарали ташкил этиш, тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этиш, илмий фаолиятини мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, олий таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларига иқтидорли ёшларни кенг жалб этиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш соҳасида:

давлат илмий дастурлари доирасида амалга ошириладиган илмий лойиҳаларни бажаришда олий таълим тизимининг илмий-техник салоҳиятидан самарали фойдаланилишини таъминлайди;

тизимдаги таълим ташкилотлари ва ташкилотларда давлат илмий дастурлари доирасида амалга ошириладиган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва уларнинг ижросини мувофиқлаштиради;

талабалар, докторантлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари учун квоталар ажратиш бўйича таклифларни шакллантиради ва танловларнинг ўтказилишини таъминлайди;

олий таълимдан кейинги таълимда, шу жумладан, мақсадли докторантура орқали белгиланган тартибда илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрланишини ташкил этади;

тизимдаги ташкилотларда илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчиларнинг илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланишлари учун моддий шарт-шароитлар яратиш ва меҳнат фаолиятини янада рағбатлантириш бўйича чоралар кўради;

таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш ишларини мувофиқлаштиради;

давлат олий таълим ташкилотлари илмий фаолиятини ривожлантириш мақсадли кўрсаткичлари ижросини мувофиқлаштиради;

олий таълимнинг долзарб масалалари бўйича белгиланган тартибда республика ва халқаро кенгашлар, конференциялар, симпозиумлар ўтказади;

7) таълим ташкилотларининг зиммасига юкланган вазифаларни юқори профессионал даражада бажаришга қодир раҳбар ва педагог кадрлар билан таъминлаш, уларни тизимли рағбатлантириш ҳамда узлуксиз касбий ривожланиши бўйича чораларини кўриш соҳасида:

давлат олий таълим ташкилотларининг ректорларини тайинлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади (молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим ташкилотлари бундан мустасно);

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг раҳбарлари, педагоглари ва ишлаб чиқариш таълими усталарига қўйиладиган малака талабларини ва (ёки) касбий стандартларни ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг педагог кадрларини танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади ҳамда уларнинг амалга оширилишини назорат қилади;

8) Вазирлик, унинг тизимидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш ва такомиллаштириш, уларнинг касбий маҳорати сифати ва даражасини мунтазам ошириб бориши учун шароитлар яратиш соҳасида:

раҳбар ва педагог кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этишнинг самарали шаклларини, шу жумладан, масофадан туриб ўқитиш шаклини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида кадрларнинг касбий тайёргарлиги сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади, ўқув-меъёрий ҳужжатларни такомиллаштиради;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнларини назорат қилади;

9) олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тизимини ҳамда илм-фан ва инновациялар соҳасини рақамлаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали уларнинг ўқув, илмий, маъмурий ва молиявий жараёнларини автоматлаштириш соҳасида:

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тизими, инновацион ривожланиш соҳасида рақамли технологиялар ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг устувор йўналишларини белгилайди;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тизимига оид маълумотларни бошқаришнинг ягона тизимини шакллантириш орқали маълумотларни (ахборотларни) тўплаш ва рақамлаштириш учун керак бўлган барча ресурслар яратилишини ташкил этади;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълимга оид ҳужжатларни рақамлаштириш орқали давлат хизматларини кўрсатишни йўлга қўяди ва тизимга оид очиқ маълумотларни шакллантириб боради;

таълим ташкилотларида ҳисоботларни тайёрлашнинг қоғоз шаклидан воз кечиш ҳамда таълим ташкилоти фаолиятини автоматлаштириш бўйича олий, ўрта махсус ва профессионал таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;

электрон давлат хизматларини кўрсатишни янада такомиллаштириш орқали олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари фаолиятидаги функционал жараёнлар ва тартиб-таомилларни мақбуллаштириш чораларини кўради;

ахборот тизимлари ва ресурсларини кенг жорий этишни назарда тутувчи идоравий рақамли трансформация дастурларини ишлаб чиқади ва уларни амалга оширади;

олий таълим соҳасида электрон давлат хизматларини мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали кўрсатишни янада кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш чораларини кўради;

илм-фан ва инновациялар соҳасида рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича илмий ва стартап лойиҳалар натижаларини ҳудуд иқтисодиётига самарали жорий этилиши юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

илм-фан ва инновациялар соҳасида рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича илмий ва стартап лойиҳалар натижаларини соҳаларга самарали жорий этилишини мувофиқлаштиради;

илм-фан ва инновация соҳасида рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва жорий этиш юзасидан мослашувчан дастурлар ишлаб чиқади;

10) узоқ муддатли сценарийлар асосида устувор соҳа ва тармоқларга илм-фан ютуқларини татбиқ этиш ва мамлакатнинг инновацион ривожлантиришнинг стратегиясини ишлаб чиқиш соҳасида:

халқаро молия институтлари экспертлари, маҳаллий илмий ташкилотлар ходимлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, мутасадди вазирлик ва идораларнинг салоҳиятли мутахассисларини жалб қилган ҳолда инновацион ривожланишнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқади;

инновацион ривожланиш стратегияси учун самарадорликни баҳоловчи мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар)га эришиш вазифалари бўйича таклифларни умумлаштиради;

мамлакатни инновацион ривожлантириш, глобал индекслар ва халқаро рейтинглар, давлат ва жамият қурилишига илмий ишланмаларни жорий этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳамда тематик лойиҳалар мавзулари бўйича таклифларни кўриб чиқиб, асосланган хулосалар тайёрланишини назорат қилади;

11) иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси сиёсатини юритиш соҳасида:

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг мавжуд муаммоларининг илмий ечимини таъминлашга қаратилган илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмасини шакллантиради, илмий лойиҳалар танловларини ташкил этади, унинг талаблари, шартлари ва амалий механизмларини жорий қилади (тасдиқлайди);

Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан тақдим қилинган тематик мавзулар рўйхатини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

фан йўналишлари бўйича тегишли илмий-техник кенгашлар фаолиятини ташкил қилади;

давлат илмий дастурларига киритиладиган лойиҳаларнинг якуний рўйхатини тасдиқлайди;

халқаро ҳамкорликдаги қўшма илмий лойиҳалар юзасидан қўшма қўмиталар фаолиятини ташкил қилади;

хорижий мамлакатлар билан халқаро қўшма илмий лойиҳалар бўйича ўтказиладиган танловларнинг йўналишлари, муддатлари, молиялаштириладиган лойиҳалар сони ва ҳажмини келишилган ҳолда ташкил қилади;

халқаро қўшма лойиҳаларни халқаро экспертизасини ташкил қилади;

илмий-инновацион соҳадаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма қўмиталар қарорлари асосида молиялаштириладиган халқаро қўшма илмий лойиҳаларнинг якуний рўйхатини шакллантиради;

хорижий ҳамкорлар билан биргаликда халқаро қўшма лойиҳаларнинг мониторингини ташкил қилади;

12) республикада илмий ва инновацион фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

олий таълим ташкилотлари ва илмий ташкилотларнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари ҳамда директор ўринбосарларини фаолиятини мувофиқлаштиради;

олий таълим ташкилотлари ва илмий ташкилотларнинг илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш, илм-фан ва таълим интеграциясини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни белгилайди;

республикада фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

илм-фан ва инновацион фаолиятга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ҳамда ушбу йўналишдаги лойиҳаларини кўриб чиқиб, асосланган хулосалар тайёрлайди;

13) янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш, стартап лойиҳаларини амалга оширишни мувофиқлаштириш соҳасида:

илмий тадқиқотлар, ишланмалар ва интеллектуал фаолият натижаларини тижоратлаштириш ҳамда стартап лойиҳалар танловларини ташкил этиш, унинг талаблари, шартлари ва амалий механизмларини жорий қилади (тасдиқлайди);

тижоратлаштиришга тайёрлаш, тижоратлаштириш ва стартап (шу жумладан, ёшлар стартаплари) лойиҳаларни амалга ошириш натижадорлигини таҳлил қилади;

14) илмий даражали кадрлар тайёрлашда яхлит давлат сиёсатини юритиш соҳасида:

олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш масалаларида тизимида илмий ташкилот ва олий таълим ташкилотларига эга вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиради;

15) илмий ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда инвестицияларни жалб этиш соҳасида:

илмий ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда инвестицияларни кенг жалб этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳамда лойиҳаларга давлат буюртмаси бўйича таклифларни кўриб чиқиб, асосланган хулосалар тайёрлайди;

илмий ва инновацион фаолиятга маблағлар, жумладан банклар ва молия институтларининг инвестициялари ва техник кўмак (грантлар) маблағларини жалб қилиш ишларини мувофиқлаштиради;

илмий-инновацион ишланмалар ва лойиҳаларни венчур молиялаштиришни амалга ошириш бўйича комплекс ишларни белгилайди;

16) олий, ўрта махсус ва профессионал таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасида халқаро алоқаларни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, соҳада эришилган ютуқларни халқаро миқёсда кенг ёритиш соҳасида:

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасида халқаро ҳамкорликни, хорижий ҳамкорлар дастурлари, қўшма дастурларни амалга оширади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва битимлари асосида хорижий давлатларнинг тегишли ваколатли органлари, таълим ташкилотлари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатади;

идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, республиканинг олий ва профессионал таълим ташкилотларида хорижий мамлакатлар учун мутахассислар тайёрланишини, хорижий талабалар ўқитилишини мувофиқлаштиради;

тизимдаги давлат таълим ташкилотлари талабалари ва ўқувчиларини хорижий давлатларнинг таълим ташкилотларига ўқиш учун юборилишини мувофиқлаштиради;

педагог ходимлар ва таълим олувчилар алмашинувини амалга оширади;

раҳбар ҳамда педагог ходимларнинг хорижий давлатларда қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этади;

ўз ходимлари ҳамда мутахассисларини халқаро конференцияларга ва стажировкаларга юборади, уларнинг халқаро лойиҳалар ҳамда илмий тадқиқотларда иштирок этишини қўллаб-қувватлайди;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тизимида амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадларига хизмат қилишини таъминлайди;

республикадаги олий таълим ташкилотларини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим ташкилотлари рўйхатига киритиш бўйича тизимли ишларни амалга оширади, бунда мазкур олий таълим ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини жорий этади;

17) таълим тизимида ўқув-тарбия жараёнлари, профессор-ўқитувчилар таркиби, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш, педагог кадрларга малака тоифаларини бериш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш соҳасида:

ўқувчилар ва талабалар билимларининг Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва малака талабларига мувофиқлигини тизимли равишда таҳлил қилади;

давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва малака талабларини, шунингдек улар асосида таълимнинг барча турлари бўйича ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурларини экспертизадан ўтказади;

таълим ташкилотларида ўқув-тарбия ҳамда кадрлар тайёрлаш сифати мониторингини ташкил этади ва амалга оширади;

давлат намунасидаги олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тайёрлаш ва ҳисобини юритиш тартибини ишлаб чиқади;

19) нодавлат таълим ташкилотларига лицензиялар бериш фаолиятини хабардор қилиш тартибида амалга оширадиган шахслардан хабарномалар қабул қилиш ва уларнинг реестрини юритиш соҳасида:

нодавлат таълим ташкилотларига лицензиялар бериш юзасидан талабгор ташкилотларнинг аризаларини кўриб чиқади ва уларнинг аризаларига жавоб беради;

фаолиятини хабардор қилиш тартибида амалга оширадиган шахслардан хабарномалар қабул қилади;

нодавлат таълим ташкилотларига лицензиялар беради;

лицензияларни ва хабарномаларнинг реестрини юритади;

20) билим ва малакаларни баҳолаш бўйича умуммиллий сиёсатни белгилаш соҳасида:

тест технологияларини ривожлантириш, педагогик ўлчов воситаларини такомиллаштириш соҳасида стратегик йўналишларни белгилайди;

умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини мунтазам равишда таҳлил қилади ва концептуал жиҳатдан ривожланиш векторларини белгилайди;

раҳбар кадрлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва уларга давлат тилини билиш бўйича даража сертификатини бериш жараёнига раҳбарлик қилади;

хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ишларини мувофиқлаштиради;

таълим ва фан соҳаси ташкилотлари томонидан бериладиган расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш жараёнини назорат қилади;

21) Вазирлик тизимидаги олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотларни молиялаштириш, моддий-техник базасини ривожлантириш, шунингдек, уларнинг молиявий фаолияти устидан назоратни амалга ошириш соҳасида:

идоравий мансублигидан қатъи назар, барча давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини молиялаштиришнинг нормативларини белгилаш тўғрисидаги таклифларни, ушбу масала юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

Вазирлик орқали молиялаштириладиган олий, ўрта махсус таълим ташкилотлари ва тизим ташкилотларининг бюджет маблағлари бўйича харажатлар сметаси, бюджетдан ташқари (тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушган маблағлар, болаларнинг таъминоти учун ота-оналардан тушумлар) маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси, вақтинчалик бюджет харажатлар сметалари ҳамда штат жадвалларини рўйхатдан ўтказади;

Вазирлик орқали молиялаштириладиган олий, ўрта махсус ташкилотлари ва ташкилотларнинг тасдиқланган жамланма бюджет маблағлари бўйича харажатлар сметаларини, бюджетдан ташқари (тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушган маблағлар, болаларнинг таъминоти учун ота-оналардан тушумлар) маблағлар бўйича жамланма даромадлар ва харажатлар сметаси ҳамда жамланма штат жадвалларини тасдиқлайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этади;

тизимдаги молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида таълим олаётган талабалар учун бюджет маблағларини вазирлик ҳамда олий таълим ташкилотлари ўртасида имзоланган битим асосида ажратилишини таъминлайди;

Республика олий таълим кенгаши Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим ташкилотлари рўйхатига қўшимча равишда давлат олий таълим ташкилотларини киритиб боради;

Вазирлик орқали молиялаштириладиган олий, ўрта махсус таълим ташкилотлари ва тизим ташкилотларининг бюджет ҳисоби юритилишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;

Вазирлик орқали молиялаштириладиган олий, ўрта махсус таълим ташкилотлари ва тизим ташкилотларидан молиявий ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг махсус дастурий мажмуаси орқали электрон тарзда қабул қилади ҳамда тегишли давр учун жамланма молиявий ҳисоботларни Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади;

Вазирлик тизимидаги олий, ўрта махсус таълим ташкилотларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши, хўжалик, ишлаб чиқариш ва молиявий фаолияти устидан назорат қилади;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларига нисбатан моддий-техник база, инфратузилма ва параметрик талабларни ишлаб чиқади ва белгилайди;

таълим ташкилотларида моддий-техника ресурсларидан фойдаланишга доир талабларни ишлаб чиқади;

тизимдаги олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ва ташкилотларда давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга оширилишини ташкиллаштиради ҳамда ривожлантиради;

22) олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ушбу фаолиятни ташкил этиш, назорат қилиш ва мувофиқлаштириш соҳасида:

олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш масалаларида тизимида илмий ташкилот ва олий таълим ташкилотларига эга вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиради;

тизимида олий таълимдан кейинги таълимни амалга оширувчи илмий ташкилотлар ва олий таълим ташкилотларига эга вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда изланувчилар фаолиятининг самарадорлиги бўйича мониторинг олиб боради;

вазирликлар, идоралар, илмий ташкилот ва таълим ташкилотларининг олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштирувчи ягона электрон тизимдан самарали фойдаланишларини таъминлайди, шунингдек ундан фойдаланиш бўйича услубий жиҳатдан раҳбарлик қилади;

23) аҳоли орасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш ва уларни мукаммал ўзлаштириш учун зарур шароитлар яратиш, хорижий тилларни ўқитишнинг халқаро тан олинган дастур ва дарсликлари таълимнинг барча босқичларида жорий этилишини мувофиқлаштириш ҳамда профессор-ўқитувчиларда замонавий ўқитиш кўникмаларини ривожлантириш соҳасида:

давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат таълим ташкилотларининг хорижий тилларни ўқитишни оммалаштириш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

хорижий ва маҳаллий ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиб, уларнинг молиявий, ташкилий ва услубий кўмагини мамлакатда хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришга жалб қилишни ташкил этади;

вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат хизматчиларининг касбий фаолиятини хорижий тилларда амалга ошириш имкониятини берувчи услубиётларни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этади;

талаб юқори бўлган камида ўнта хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгилайди;

хорижий тиллар ўқитувчилари учун малака талаблари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади ҳамда уларга малака тоифасини бериш жараёнини очиқлик тамойили асосида ташкил этади;

хорижий тилларни билиш даражасини баҳоловчи халқаро тан олинган сертификатларнинг рўйхатини ҳамда хорижий тилларни билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатларнинг даражалари ўртасидаги мувофиқликни тасдиқлайди;

вазирликлар ва идоралар хорижий тилларни билиш даражасини баҳоловчи халқаро тан олинган сертификатларнинг рўйхати ҳамда хорижий тилларни билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар даражалари ўртасидаги мувофиқлик жадвали асосида тизимларидаги ходимларга устамалар белгилаш учун ҳар йили ўзларига тааллуқли бўлган сертификатлар рўйхатларини тасдиқлайди.

Вазирлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



2-§. Вазирлик марказий аппаратининг вазифалари ва функциялари


12. Қуйидагилар Вазирлик марказий аппаратининг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича қарорлари ва фармойишлари, шунингдек, Вазирлик ҳайъати қарорлари, Вазирликнинг буйруқлари бажарилишининг мунтазам назоратини таъминлаш;

2) олий, ўрта махсус ва профессионал таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

3) идоравий мансублигидан қатъи назар, олий, ўрта махсус, ва профессионал таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий раҳбарлик қилиш;

4) олий таълим ташкилотларида ва илмий ташкилотларида юқори малакали замонавий билимларга эга кадрларни тайёрлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни ташкил этиш;

5) давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари ва ўқув дастурларини такомиллаштиришга қаратилган мақсадли фаолиятни амалга ошириш, ўқув жараёнини сифат жиҳатидан янгилаш ва ўқитишнинг илғор шакллари, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

6) олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тизимининг ҳамда илм-фан ва инновациялар соҳасининг ижобий имижини шакллантиришга қаратилган ягона ахборот сиёсатини олиб бориш;

7) ёшлар ўртасида мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий қадриятларга садоқат, инсонпарварлик ва юксак маънавий ғояларни чуқур сингдириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларини ташкил этишни таъминлаш;

8) олий таълим ташкилотлари ва илмий ташкилотларда илмий-тадқиқот ишлари, илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни ташкил этиш;

9) педагог ва раҳбар кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчилар ва мутахассисларни кенг жалб қилиш ишларини мувофиқлаштириш;

10) олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан таъминлашни ташкиллаштириш;

11) халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликдаги қўшма олий ва профессионал таълим дастурларини амалга оширишни ташкил этиш;

12) Вазирлик тизимидаги олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида ҳамда ташкилотларда молиявий маблағларнинг самарали ишлатилиши устидан назоратни амалга ошириш;

13) Вазирлик тизимидаги олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари, ҳудудий бошқармалар ва ташкилотларни раҳбар кадрлар билан таъминлаш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш.

13. Вазирлик марказий аппарати ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Вазирлик ва унинг раҳбарияти фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлил жиҳатидан таъминлайди;

Вазирлик томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган ҳужжатларнинг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилишини ҳамда уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий ҳамда лингвистик экспертизадан ўтказилишини ташкил этади;

идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар фаолиятини назорат қилади ҳамда мониторинги олиб борилишини ташкил этади;

Вазирлик томонидан Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган ҳужжатларнинг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилишини ҳамда уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил этади;

Вазирлик фаолияти, шу жумладан, қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти ҳуқуқий таъминланишини ташкил этади;

бошқарув қарорларини қабул қилиш мақсадида олий, ўрта махсус ва профессионал таълимни такомиллаштириш юзасидан Вазирлик раҳбарияти учун ахборотни тўплайди, умумлаштиради ва таҳлил қилади;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда тизимнинг ижобий имижини шакллантиришга қаратилган фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

Вазирлик ваколатига тегишли тезкор, ташкилий, кадрлар, молия, ишлаб чиқариш-хўжалик ва бошқа масалалар билан шуғулланади ҳамда ички аудит ва молиявий назоратни амалга оширади;

идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини амалга оширадиган юридик шахслар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тизимини, инновацион ривожланиш ҳамда билим ва малакаларни баҳолаш соҳаларини ривожлантириш бўйича ўрта ва узоқ муддатли дастурлар ишлаб чиқилишини ташкил этади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни амалга оширади;

хорижий инвестициялар жалб этилишини ва халқаро ҳамкорликни ташкил этади.



3-§. Вазирлик тизимидаги олий таълим ташкилотлари,

ташкилотлар ва ҳудудий бошқармаларнинг

вазифалари ва функциялари


14. Қуйидагилар Вазирлик тизимидаги олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармаларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Вазирлик тизимидаги олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек, Вазирлик ҳайъати қарорлари, Вазирликнинг буйруқлари бажарилишининг мунтазам назоратини таъминлаш;

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлашда иштирок этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорлик қилиш;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасида қонунчиликка риоя этилиши юзасидан мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида ўқув-методик фаолиятни мувофиқлаштириш;

Вазирлик тизимидаги олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ва бошқа ташкилотларда ички аудит хизматлари томонидан назорат тартибидаги профилактика тадбирларини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш.

Вазирлик тизимидаги олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


15. Вазирлик тизимидаги олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар ўзларига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар ва уларнинг раҳбарияти фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;

Вазирлик томонидан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тизимининг ижобий имижини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирларни амалга оширади;

олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар томонидан киритиладиган ҳужжатларнинг сифатли ва ўз вақтида қайта ишланишини, уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил этади;

академик лицейлар, профессионал таълим ташкилотлари, таркибидаги кафедралар, факультетлар ва бошқа бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда назорат қилади;

бинолар ва иншоотларни жорий таъмирлаш ишлари мониторингини олиб боради ва мувофиқлаштиради;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этади ва амалга оширади;

ваколати доирасида тегишли ташкилий, кадрлар, молия, ишлаб чиқариш, хўжалик ва бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.



4-БОБ. ВАЗИРЛИК ВА УНИНГ ТИЗИМИДАГИ

ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


1-§. Вазирликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


16. Вазирлик ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш;

Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун республика олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тузилмасини такомиллаштириш ва бошқариш масалалари бўйича таклифлар киритиш;

ҳайъат мажлисларида тизимида олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар раҳбар ходимларининг таълим фаолиятига оид ахборотини (маърузаларини) кўриб чиқиш;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан кадрларга бўлган эҳтиёж тўғрисидаги ахборотни, шу жумладан, шартнома асосида тайёрланган мутахассисларнинг ишга жойлаштирилиши мониторингини юритиш учун зарур бўлган таҳлилий материалларни ва бошқа материалларни сўраш ҳамда белгиланган тартибда олиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари фаолиятига асоссиз аралашуви, профессор-ўқитувчилар ва педагог кадрлар шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, меҳнатга мажбурлаш, ўқув-тарбиявий жараёнга тўсқинлик қилишнинг ҳар қандай шакллари, таълим берувчи ва таълим олувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича қонунчиликда белгиланган чоралар кўриш;

идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида таълим тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, Вазирлик норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ижросини назорат қилиш;

барча манбалар, айниқса, ўқитишнинг тўлов-контракт шакли бўйича олий ва профессионал таълим ташкилотлари даромадлари шакллантирилиши ва улардан самарали фойдаланилиши устидан назорат қилиш;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари учун педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими фаолиятини мувофиқлаштириш;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ва тизим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш;

ўз ваколатлари доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, қўшма дастурларни амалга оширишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

Вазирлик, идоралардан ва бевосита олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларидан, илмий ташкилотлардан Вазирликка юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган материалларни ҳамда олий, ўрта махсус ва профессионал таълим бўйича белгиланган статистика ҳисоботини олиш ва таълим ташкилотларида ҳисоб ва ҳисоботнинг ҳолати устидан назорат қилиш;

Вазирликнинг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш ҳамда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари фаолиятини белгиланган тартибда ташкил этиш;

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида Олий таълим муассасаларини ривожлантириш ҳамда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан халқаро ва хорижий ташкилотларнинг юқори малакали мутахассис ва экспертларини маслаҳатчи (консультант ) сифатида Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жалб қилиш;

Олий таълим муассасаларини ривожлантириш ҳамда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари маблағлари ҳисобидан, шунингдек, давлат олий таълим ташкилотларига уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан халқаро эътироф этилган рейтинг ташкилотлари билан олий таълим ташкилотини халқаро рейтингга киритиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ шартномалар тузиш;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тизимини молиялаштиришга зарур сарф-харажатлар бўйича таклифларни шакллантириш, шунингдек, зарурат бўлганда, хорижий кредитлар, грантлар ва бошқа маблағларни жалб қилиш бўйича тадбирларни амалга ошириш;

таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишда тест синовларини ўтказиш жараёнида таълим ташкилотлари раҳбарлари томонидан таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда қабул қилинган буйруқлар, фармойишлар ва бошқа қарорларнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш;

Вазирликда олий, ўрта махсус ва профессионал таълимни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун етакчи олимлар, юқори малакали профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар, турли идоралар вакилларидан иборат илмий-методик ва жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш;

ўз ваколатлари доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар, ярмаркалар ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқишда иштирок этиш, Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;

Вазирлик ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича халқаро даражада Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифодалаш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалаларда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;

Вазирлик тизимидаги олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг амалдаги қонунчилик, Вазирликнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига зид бўлган ҳолда ишлаб чиқилган буйруқларни бекор қилиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

белгиланган тартибда Вазирликнинг мукофотлари ва фахрий ёрлиқларини, кўкрак нишонларини таъсис этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш ҳамда улар билан илғор ходимларни ва профессор-ўқитувчилар таркибини, шунингдек, энг яхши илмий ва инновацион ишлари учун олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг талабалари ва ўқувчиларини мукофотлаш;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ва талабаларини белгиланган тартибда ваколат доирасида бир таълим ташкилотидан бошқасига ўтказиш, ўқишини қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш, якуний давлат аттестациясини қайта топширишга рухсат бериш ишларини ташкил этиш;

Вазирлик ва тизимидаги олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ва бошқа ташкилотларининг давлат мулкини бир бўлинмадан бошқасига ўз ташкилий тузилмаси доирасида, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишган ҳолда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш;

идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини белгиланган тартибда ваколат доирасида фаолиятини ўрганиш;

ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш;

Вазирлик ва унга идоравий мансуб ташкилотлар ходимларини улар томонидан тегишли соҳада улар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари параметрлари бажарилишини ҳисобга олган ҳолда, моддий рағбатлантириш тартиби, миқдорлари ва шартларини Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган низомларга мувофиқ белгилаш;

ўз ваколатлари доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

Вазирлик фаолиятини кенг ёритиш мақсадида расмий веб-сайтлар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда саҳифалар яратиш;

қонунчилик ҳужжатларининг давлат таълим ташкилотлари ҳамда олий ва профессионал таълим соҳасида нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширадиган юридик шахслар томонидан ижро этилишининг назоратини амалга ошириш;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тизимини ривожлантириш билан боғлиқ долзарб ва истиқболли муаммоларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

ноширлик фаолияти билан шуғулланиш.

Вазирлик қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


17. Вазирлик ўз ваколатлари доирасида олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ҳамда тизимида олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар, шунингдек, бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган, ўқув жараёнини ташкил этишга, таълим сифатини оширишга, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга, педагог ходимларнинг самарали ишини рағбатлантиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган низомларга мувофиқ тасдиқлашга ҳақлидир.


18. Вазирлик, зарур ҳолларда, бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилишга ҳақлидир.


19. Вазирлик:

Вазирликка юклатилган топшириқ ва вазифаларни самарали бажариш, шунингдек, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим илм-фан ва инновация соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга оширишга;

Вазирлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишнинг сўзсиз таъминланишига;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа ҳужжатлари, шунингдек, Вазирлик томонидан қабул қилинган қарорлари амалга оширилишининг сифати ва якуний натижаларга эришилишига;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълимни такомиллаштириш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тегишли соҳада ҳудудлар муаммоларини ҳал қилиш бўйича дастурларни, ҳаракат режаларини, йўл хариталарини ва бошқа дастурий ҳужжатларини самарали амалга оширишга;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этиш ва ҳимоя қилишни таъминлашга масъулдир.


20. Вазирлик олий, ўрта махсус ва профессионал таълим, илм-фан ҳамда инновацион фаолият соҳасида давлат сиёсати самарали амалга оширилиши, Вазирлик маблағларидан оқилона фойдаланилиши, шунингдек, ўзига юкланган вазифаларнинг сифатли бажарилиши учун жавоб беради.



2-§. Вазирлик марказий аппаратининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


21. Вазирлик марказий аппарати ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун:

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим масалалари бўйича таҳлил қилиш ва қайта ишлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалардан сўраш ва олиш;

Вазирликда кўриб чиқиладиган олий, ўрта махсус ва профессионал таълимга доир масалаларни, ахборот ва таҳлилий материалларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар раҳбарлари ҳамда вакилларини зарур бўлганда белгиланган тартибда жалб қилиш;

олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалардан ўзлари томонидан киритилган олий, ўрта махсус ва профессионал таълим бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқилишини талаб қилиш, зарурат бўлганда уларни қайта ишлаш учун қайтариш;

олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар раҳбарлари ҳамда вакиллари, шунингдек, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар раҳбарларига ҳал қилишни талаб этадиган Вазирликка юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни бажариш билан боғлиқ масалалар юзасидан топшириқлар бериш;

қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари, шунингдек, Вазирликнинг буйруқлари, Ҳайъат қарорларини олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар томонидан бажарилиши юзасидан уларнинг фаолиятини белгиланган тартибда ўрганиш ва текшириш ҳуқуқига эга.

Вазирлик марказий аппарати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


22. Вазирлик марказий аппарати:

олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар билан биргаликда аппаратга юклатилган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

Вазирлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш учун марказий аппарат таркибий бўлинмалари ишини ташкил этиш;

Вазирлик томонидан кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Вазирлик томонидан қабул қилинадиган буйруқларнинг тайёрланиш сифати ва экспертизадан ўтказилиши;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълимни ривожлантириш, шунингдек, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва улардаги муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, йўл хариталари ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар томонидан амалга оширилишини ташкил этиш учун жавоб беради.



3-§. Вазирлик тизимидаги олий таълим ташкилотлари,

ташкилотлар ва ҳудудий бошқармаларнинг

ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


23. Вазирлик тизимидаги олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун:

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳудудий бошқармаларидан ўз ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар ўз тизимидаги таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кўриб чиқиши учун таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

Олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


24. Вазирлик тизимидаги олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар:

юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

ўзларининг фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш;

Вазирликка киритилаётган ҳужжатлар лойиҳалари ва таклифлар, шунингдек, қабул қилинадиган қарорларнинг сифатли амалга оширилиши, истиқболдаги натижалари ва оқибатлари;

ҳудудларда аниқланган муаммоларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш ҳамда умумлаштириш асосида олий, ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ривожлантиришга доир таклифларни тайёрлаш;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, йўл хариталари ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида самарали амалга оширилиши, муаммоли масалалар ҳал этилиши учун жавоб беради.



5-БОБ. ВАЗИРЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


25. Қуйидагилар вазирнинг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;

2) Вазирликнинг фаолиятини умумий бошқаришни амалга ошириш ва раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан Вазирликка юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Вазирлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича танқидий ва чуқур таҳлилларни ўтказиш;

4) Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

5) Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиларининг таркибий бўлинмалари ва Вазирлар Маҳкамаси котибиятлари, шунингдек, Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича тегишли вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси йиғилишларида ҳамда Раёсат мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

6) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари (маслаҳатчиси) топшириқларини бажариш;

7) ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Вазирликнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, Вазирлик фаолиятининг маълум бир соҳаларини бошқаришда ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти даражасини белгилаш;

8) Вазирликнинг фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, даврий иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

9) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Вазирлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича қарорларига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий ва ҳудудий бўлинмалар, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

10) Вазирлик ходимлари, ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари, олий таълим ташкилотлари ходимларининг тизимли равишда малакасини оширишни ташкил этиш;

11) Вазирлик тизимида ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур шароитларни яратиш, Вазирлик тизимининг кадрлар захирасини шакллантириш;

12) Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, Вазирликка ишга қабул қилинадиган бошқа кадрларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий иш тажрибаси, юқори ишчанлик даражаси ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

13) фаолият соҳасидаги масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқиш, уларнинг қонунчилик талабларига қатъий мувофиқ равишда ўз вақтида киритилишини ташкил этиш, шунингдек, уларнинг Вазирлар Маҳкамасида пухта ишланишида, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

14) "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятининг намунавий регламентига мувофиқ Вазирликнинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;

15) Вазирликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлаш, уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти ва Вазирлар Маҳкамаси Регламентида белгиланган муддатларда келишиш (виза қўйиш);

16) Вазирликнинг қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш фаолиятини "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташкил этиш;

17) Вазирлик ваколатига тегишли масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, зарур ҳолларда, бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тегишли қарорлар қабул қилиш;

18) Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини қонунчилик талабларига тўла мувофиқ равишда ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарларига ажратиладиган маблағлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш;

19) ўринбосарлари, олий таълим ташкилотлари, таркибий ва ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини доимий танқидий таҳлил қилиш, Вазирликнинг ҳайъат йиғилишларида уларнинг шахсий ҳисоботларини тинглаш, муҳокама якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

20) Вазирлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларни, ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш, Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирлашга тақдим этиш, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш юзасидан тизимли чораларни амалга ошириш;

21) Вазирлик ходимлари томонидан Вазирлик одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

22) Коррупцияга қарши курашишга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ Вазирлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни содир этишга имкон яратувчи омилларни аниқлаш, таҳлил қилиш, сабаб ва шароитларини бартараф этиш;

23) Вазирлик ходимлари томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш, жумладан улар томонидан лавозим мажбуриятларини ёки хизмат ваколатларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслик чораларини кўриш;

24) Вазирлик ҳамда унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, олий таълим ташкилотлари ишини ташкил этишнинг илғор шаклларини жорий этишни таъминлаш;

25) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ишларини қонунчиликка мувофиқ самарали ташкил этиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсан қабул қилишни мунтазам равишда ўтказиш, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб қабул қилишни белгиланган муддатларда ва тартибда амалга ошириш;

26) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг улар фаолиятида фаол иштирок этишини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

27) давлат сирлари билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя этиш;

28) Вазирлик марказий аппарати штат жадвали ва харажатлар сметасини, шунингдек, Вазирликнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари низомларини ҳамда олий таълим ташкилотлари, идоравий мансуб ташкилотлар уставларини тасдиқлаш;

29) Вазирлик марказий аппарати ходимлари, таркибий бўлинмалар ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш;

30) олий, ўрта махсус ва профессионал таълим бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширилишини таъминлаш, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг олий, ўрта махсус ва профессионал таълим бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

31) Вазирлик, олий ва профессионал таълим ташкилотлари, ҳудудий бўлинмалар, идоравий мансуб ташкилотлар мансабдор шахслари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар ишлаб чиқиш ва топшириқлар бериш, шунингдек, уларнинг ижросини ўрнатилган тартибда назорат қилиш;

32) Вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалар, идоравий мансуб ташкилотларнинг тасдиқланган тузилмалари ва штатлар жадвалига ходимларнинг чекланган сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;

33) олий, ўрта махсус ва профессионал таълим, илм-фан ва инновациялар бўйича халқаро ва ҳукуматлараро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш бўйича халқаро тадбирларда иштирок этиш.

Вазир қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


26. Қуйидагилар вазир ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан Вазирликка юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш, тегишли таркибий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириш;

2) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Вазирлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш;

3) вазир вақтинча бўлмаганда, тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;

4) Вазирликнинг таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш ҳамда шахсий жавобгарлигини белгилаш;

5) Вазирлик ва унинг тузилмавий ва бўйсунувчи бўлинмалари, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришиш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва раҳбариятга тақдим этиш;

6) Вазирлар Маҳкамасида, вазирлик ва идораларда бўлиб ўтадиган мажлисларда ваколат доирасида иштирок этиш;

7) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари кўрсатмаларини сўзсиз бажариш;

8) Вазирликнинг таркибий бўлинмалари фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, таркибий ва бўйсунувчи бўлинмалар раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар бажарилишини назорат қилиш, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун топшириқлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

9) давлат сирлари билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя қилиш.

Вазир ўринбосарлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


27. Қуйидагилар Вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

2) тегишли таркибий бўлинмалар ва Вазирлик тизимидаги ташкилотлар фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштириш;

3) прогноз кўрсаткичларнинг бажарилишини мунтазам таҳлил қилиш ҳамда таркибий бўлинмалар ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича вазир ёки унинг мутасаддилик қиладиган ўринбосарларига таклифлар киритиш;

4) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, Вазирлик таркибий бўлинмалари ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, топшириқлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

5) Вазирлик ҳайъати қарорлари, вазир буйруқлари ҳамда топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

6) таркибий бўлинмаларнинг ҳар чораклик иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, кўрсатилган вазифалар ва тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

7) таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар фаолиятига амалий ва методик ёрдам кўрсатиш;

8) таркибий бўлинмалар фаолиятига оид масалалар юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Вазирлик раҳбариятига киритиш;

9) таркибий бўлинмаларда кадрларнинг профессионал даражасини, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлигининг кафолатини таъминлаш, касб малакасини ошириш чораларини кўриш, кадрлар захирасини шакллантириш;

10) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг таркибий бўлинмалар томонидан сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Вазирликнинг таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кейинчалик Вазирлик раҳбарияти томонидан кўриб чиқиш, имзолаш (виза қўйиш), уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, Вазирлик раҳбариятининг топшириғи бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасида ишлаб чиқишда иштирок этиш;

11) Вазирликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш, молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий экспертиза ва бошқа экспертизадан пухта ўтказиш;

12) таркибий бўлинмалар ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

13) таркибий бўлинмалар ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишини таъминлаш;

14) давлат сирлари билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя қилиш.

Вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


28. Қуйидагилар Вазирлик тизимидаги олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар, илмий ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек Вазирлик буйруқлари билан уларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

2) олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматининг ижро интизомини мустаҳкамлаш юзасидан қарорларига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

4) Вазирлик ҳайъати қарорлари, вазирнинг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

5) олий, ўрта махсус ва профессионал таълим, илм-фан ва инновациялар, давлат ташкилотларига қабул масалалари юзасидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлари ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари билан ҳамкорлик қилиш;

6) ўз ўринбосарлари (проректорлари) ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, бошқа мансабдор шахслар ваколатларини, фаолиятнинг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлик даражасини белгилаш;

7) олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, ўз ўринбосарларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

8) олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, кадрлар захирасини шакллантириш;

9) вазир номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионал даражасини амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлигининг кафолатини таъминлаш;

10) ходимларни, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, шу жумладан, улар эгаллаб турган лавозимда қолиши мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш, шахсий масъулиятини ошириш бўйича мунтазам чора-тадбирлар кўриш;

11) ходимлар томонидан одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

12) ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонунчиликни такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали ҳудудий бошқармалар тизимида қонунчилик талабларига мувофиқ коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

13) прогноз кўрсаткичларнинг бажарилишини мунтазам таҳлил қилиш ҳамда ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришишни таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича вазирнинг мутасаддилик қиладиган ўринбосарларига таклифлар киритиш;

14) ходимлар фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

15) фаолиятига оид масалалар бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек, давлат хизматлари самарадорлиги, сифатини ва улардан эркин фойдаланишни ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни Вазирлик раҳбариятига киритиш;

16) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, қонунчилик билан белгиланган муддатларда ва тартибда аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини мунтазам равишда шахсан, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

17) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасига тушган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

18) ходимларнинг лавозим маошига мукофотлар, устамалар тўлаш, уларга моддий ёрдам бериш, мукофотлаш, рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий чора қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиш, давлат мукофотлари ва идоравий мукофотлар билан тақдирлаш тўғрисида Вазирликка таклифлар киритиш;

19) давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш.

Вазирлик тизимидаги олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар раҳбарлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.



6-БОБ. ВАЗИРЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


29. Вазир:

Вазирликка юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 19-бандида назарда тутилган Вазирликнинг жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 25-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


30. Вазир ўринбосарлари:

Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларида Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 19-бандида назарда тутилган Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган масалаларга доир жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 26-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


31. Вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари:

тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг амалга оширилиши;

ушбу Низомнинг 22-бандида назарда тутилган марказий аппаратнинг жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 27-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


32. Вазирлик тизимидаги олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар раҳбарлари:

Вазирлик тизимидаги олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 24-бандида назарда тутилган Вазирлик тизимидаги олий таълим ташкилотлари, ташкилотлар ва ҳудудий бошқармаларнинг жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 28-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.



7-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. Вазирлик раҳбарияти


33. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган ва лавозимидан озод этиладиган вазир раҳбарлик қилади.


34. Вазир мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоси ҳисобланади.


35. Вазир ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


36. Вазир бўлмаганда унинг ваколатлари бажарилиши тақсимланган вазифаларга мувофиқ унинг ўринбосарларидан бири томонидан амалга оширилади.


37. Вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, Вазирлик тизимидаги идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари, олий таълим ташкилотлари проректорлари (молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим ташкилотларидан ташқари), филиал директорлари ва уларнинг ўринбосарлари, профессионал таълим ташкилотлари, ҳудудий бошқармалар раҳбарлари вазир томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади.



2-§. Юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш,

шунингдек Вазирлик марказий аппарати таркибий

тузилмаларининг унинг ҳудудий тузилмалари

билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби


38. Вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар, шу жумладан илмий ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар билан ўзаро ҳамкорлиги марказий аппарат таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари томонидан таъминланади.

Вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар, шу жумладан илмий ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар билан ўз фаолияти йўналишлари бўйича ҳамкорлик қилиш доирасида:

топшириқларни олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар, илмий ташкилотлар ва ҳудудий бошқармаларга етказади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;

олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар, илмий ташкилотлар ва ҳудудий бошқармаларга таркибий бўлинмаларнинг бевосита фаолияти масалалари бўйича сўровлар юборади ҳамда уларнинг ижро этилишини назорат қилади;

олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар, илмий ташкилотлар ва ҳудудий бошқармаларнинг фаолият юритиш амалиётини текширади, ўрганади ва умумлаштиради, уни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ҳамда қабул қилади;

олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар, илмий ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар фаолиятини, шунингдек фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот ва ахборот материаллари, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотлар ўрганилишини ташкил этади;

олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар, илмий ташкилотлар ва ҳудудий бошқармаларнинг иш режаларини таҳлил қилади, фаолиятини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар кўради;

олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар, илмий ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалардан тушган таклифларни кўриб чиқади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар, илмий ташкилотлар ва ҳудудий бошқармаларнинг иштирокини ташкил этади, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича улардан тушган таклифларни кўриб чиқади.


39. Олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар, илмий ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади, шу жумладан:

Вазирлик раҳбарияти топшириқларининг ижроси ҳақида ахборот беради;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасида қонунчиликни амалга ошириш бўйича фаолият натижалари тўғрисида марказий аппаратга ахборот тақдим этади;

уларнинг фаолиятини текшириш ва ўрганиш натижасида аниқланган камчиликларни ва қоидабузарликларни бартараф этиш натижалари тўғрисида маълумот беради;

ўз фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган тартибда ва муддатларда марказий аппаратга тақдим этади;

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим, илм-фан ва инновациялар, билим ва малакаларни баҳолаш бўйича муаммоларни ҳал қилишга қаратилган таклифларни марказий аппаратга юборади;

комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари билан ўзаро ҳамкорлик натижалари тўғрисида ахборот беради;

ваколатли органлар томонидан ўтказилган ўз фаолиятини текшириш натижалари тўғрисида хабар беради.


40. Вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари, олий таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармаларнинг ўзаро ҳамкорлиги жараёнида юзага келадиган келишмовчиликлар вазирнинг топшириғига биноан тегишли ўринбосари томонидан кўриб чиқилади.

Агар кўриб чиқишдан кейин келишмовчиликлар ҳал этилмаса, бевосита вазир уларни бартараф этиш бўйича қарор қабул қилади.



3-§. Вазирликнинг бошқа республика ижро этувчи ҳокимият

органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий

ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа

ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги


41. Вазирлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


42. Вазирлик тизимидаги олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар, ҳудудий бошқармалар ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича "йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳалари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.


43. Вазирликнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан таҳлил ва назорат қилинади.



4-§. Вазирликнинг ҳайъати, бошқа кенгаш,

маслаҳат, эксперт органлари


44. Вазирликда раҳбар (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозими бўйича), шунингдек, фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалар, тизим ташкилотлари ва тизимдаги олий таълим ташкилотлари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади.

Ҳайъат таркибининг сони ва шахсий таркиби вазирнинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


45. Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юклатилади:

Вазирлик фаолиятининг ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

қонунчилик ҳужжатларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Вазирлик тизими ходимлари ва раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича чораларни кўрган ҳолда таркибий ва ҳудудий тузилмалар ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари, идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, олий таълим ташкилотлари ректор (директор)ларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитилишини ташкил этиш;

Вазирлик фаолияти соҳасидаги ҳудудий ва тармоқ дастурлари амалга оширилишининг натижадорлигини ҳар чоракда ва мунтазам кўриб чиқиш;

жойларда Вазирлик фаолияти соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинишини таъминлаган ҳолда ҳайъатнинг кенгайтирилган сайёр мажлислари ўтказилишини ташкил этиш, шунингдек, юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Вазирлик марказий аппарати ва унинг тизимига кирадиган лавозимлар номенклатурасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Вазирлик номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш масалаларини кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари билан белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш ва шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Вазирлик ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақлидир.


46. Ҳайъат мажлисига республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклиф этилиши мумкин.


47. Ҳайъат, агар унинг мажлисида ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи қатнашса, ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


48. Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, вазир юзага келган келишмовчиликлар ҳақида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Шунингдек, ҳайъат аъзолари ҳам Вазирлар Маҳкамасига ўз фикрини маълум қилиши мумкин.


49. Ҳайъат фаолияти тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган унинг регламенти билан белгиланади.


50. Вазирликда тегишли соҳалар, кадрлар буюртмачилари, олимлар ва бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат Жамоатчилик кенгаши ташкил этилади. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини Кенгаш томонидан тасдиқланадиган регламентга мувофиқ амалга оширади.


51. Вазирлик тизимида олий, ўрта махсус ва профессионал таълим йўналишлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилади.

Кенгашнинг фаолиятини амалга ошириш тартиби Кенгаш тўғрисидаги низомда белгиланади.

Кенгашнинг асосий вазифалари давлат таълим стандартлари, ўқув режалар ва фан дастурлари, ўқув адабиётлари, малака талабларини таълим жараёнига тавсия этиш бўйича хулосалар беришдан иборат.



8-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИ

ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

ВА ИШ ИНДИКАТОРЛАРИ


52. Вазирлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам равишда баҳолаб борилади.


53. Вазирлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигига берилган баҳолар Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири томонидан тасдиқланадиган Вазирлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосан амалга оширилади.


54. Вазирлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Вазирлик раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;

Вазирлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чораларини кўриш;

Вазирлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва методикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



9-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ЖИҲАТДАН ТАЪМИНЛАШ,

УНИНГ ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ

ВА МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


55. Қуйидагилар Вазирлик ва унинг тизимидаги олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари, Вазирлик тизимидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалар фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ пуллик хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


56. Вазирлик марказий аппарати ходимларининг иш ҳақлари қонунчиликда кўзда тутилган лавозим маоши, мукофот пуллари, қўшимча тўловлар, устамалар ва рағбатлантириш тўловларидан ташкил топади.

Вазирлик марказий аппарати ходимларининг лавозим маошига ҳар ойлик устамалар, мукофотлар, уларга моддий ёрдам бериш ва ижтимоий муҳофаза қилиш харажатлари Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ тўланади.


57. Вазирлик марказий аппарати ходимларига ойлик иш ҳақи тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш манбалари меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси, Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан иборат.



10-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ҲИСОБДОРЛИГИ


58. Вазир Вазирликнинг фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда жамоатчилик олдида бевосита ҳисобдор бўлади.


59. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси билан ўзаро ҳамкорлик қилиш доирасида:

ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш учун республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари билан биргаликда ўз фаолият соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш, давлат бошқаруви тизимини мақбуллаштиришга қаратилган таклиф, тавсия ва таҳлилий маълумотлар тайёрланишини таъминлайди;

олий таълим, фан ва инновацион ривожланишнинг энг муҳим йўналишлари ҳамда вазифаларини амалга оширишда мавжуд тизимли муаммо ва камчиликларнинг мунтазам равишда кўриб чиқилишини ташкил қилади.


60. Мониторинг ва баҳолаш натижаларига кўра, Вазирликнинг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантириш чоралари кўрилади, камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан эса интизомий жазо чоралари қўлланилади.


61. Вазирлик ҳар чорак якуни бўйича тегишли ҳисобот даври учун республика олий, ўрта махсус ва профессионал таълимини ривожлантириш натижалари тўғрисидаги пресс-релизни ўз расмий веб-сайтида ёритилиб борилишини таъминлайди.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


62. Вазирликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

           

              

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 8 август























































































Время: 0.1290
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск