ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Архив / Октябрь, 2024 й. / Банк қонунчилиги /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.10.2024 й. 691-сон "Маҳалла еттилиги" тавсияси асосида камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитини ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
21.10.2024 й.
N 691
"МАҲАЛЛА ЕТТИЛИГИ" ТАВСИЯСИ
АСОСИДА КАМБАҒАЛЛИКДАН ЧИҚАРИШ
ДАСТУРИГА КИРИТИЛГАН ВА УЙ-ЖОЙ
ШАРОИТИНИ ЯХШИЛАШГА МУҲТОЖ
БЎЛГАН ШАХСЛАРГА ИПОТЕКА
КРЕДИТИНИ АЖРАТИШ ТАРТИБИ
ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ
ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2024 йил 30 апрелдаги ПФ-70-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2024 йил 30 апрелдаги ПФ-70-сон Фармонида "маҳалла еттилиги" тавсияси асосида камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитларини ажратиш амалиётини жорий этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи "Маҳалла еттилиги" тавсияси асосида камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитини ажратиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга юқори ставкада 120 миллион сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга ипотека кредитларини ажратиш;
ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун кредит муддатининг биринчи беш йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўлаб бериш;
ипотека кредитлари ва улар бўйича субсидияларни расмийлаштириш ҳамда ажратиш тартиби.
3. Белгилансинки:
камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан, қоида тариқасида, "Агробанк" АТБ, АТ "Халқ банки", "Микрокредитбанк" АТБ ва "Бизнесни ривожлантириш банки" АТБ томонидан ажратилади;
камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда кадастр паспортини расмийлаштириш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ тўловлар қиймати 50 фоизга камайтирилади;
якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар "subsidyplatform.mf.uz" тўлов платформаси орқали ажратилади.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари "маҳалла еттилиги" билан биргаликда камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлашга эҳтиёжи бўлган фуқароларга ипотека кредитларини ажратиш ва уларнинг мақсадли ўзлаштирилиши жараёнини самарали ташкил этиш, кредит олган фуқароларнинг даромадли доимий меҳнат фаолияти билан банд бўлишларини таъминлаш чораларини кўриб борсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги уч ой муддатда:
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, "Агробанк" АТБ, АТ "Халқ банки", "Микрокредитбанк" АТБ ва "Бизнесни ривожлантириш банки" АТБ, Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда "Онлайн маҳалла" ва "Рақамли маҳалла" платформалари, "subsidyplatform.mf.uz" тўлов платформаси ҳамда тегишли тижорат банкларининг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинишини таъминласин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ушбу қарорнинг моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида кенг тушунтирилишини ташкил этсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2024 йил 24 октябрь