язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пул ва бюджет тизими. Бюджетдан ташқари фондлар/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Давлат молия назорати. Ҳисоб палатаси/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.04.2005 й. ПФ-3592-сон "Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг фаолиятини ташкил қилишни такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

04.04.2005 й.

N ПФ-3592



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲИСОБ

ПАЛАТАСИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ҚИЛИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ваколатларини кенгайтириш, бюджет жараёнини чуқурроқ ва ҳар томонлама таҳлил этиш ва унинг бажарилишини назорат қилишни таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Давлат бюджети лойиҳасининг макроиқтисодий кўрсаткичлари ва параметрларини шакллантириш жараёнини чуқур ва пухта ўрганиш, уларни бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш борасида ўтказилаётган сиёсатнинг ғоят мухим устувор йўналишларига, республикани иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш соҳасида қабул қилинган мақсадли комплекс дастурларга тўла-тўкис мос келиши нуқтаи назаридан танқидий баҳолаш;

тармоқлар ва ҳудудлар бўйича Давлат бюджетининг даромад қисми шакллантирилиши ва ижросини моддама-модда, ҳар томонлама чуқур таҳлил этиш, бюджет даромадларининг асосий моддалари бўйича прогноз кўрсаткичларининг реаллиги ва тиғизлигига баҳо бериш, бунда ёқилғи-энергетика комплекси, қазиб чиқариш саноати, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва савдо, иқтисодиётнинг даромад ҳосил қилувчи бошқа тармоқ ва соҳаларидаги захираларни аниқлашга алоҳида эътибор қаратиш;

агросаноат комплексидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий холати мониторингини амалга ошириш, қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантиришга ажратиладиган бюджет маблағлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ташкил этилган мақсадли давлат жамғармалари ва бошқа жамғармаларнинг маблағларидан мақсадли, оқилона ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари шакллантирилиши ва ижро этилишини, уларнинг балансланишини мунтазам таҳлил этиш ва назорат қилиш, маҳаллий бошқарув ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни бажариш учун уларга реал молиявий маблағлар ажратиб бериш вазифасини ҳал этиш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда, барча даражалардаги бюджетлар ўртасидаги нисбатни мақбуллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

бюджет тизимининг барча бюджет даражаларида давлат бюджетининг ижроси ва давлат маблағларининг сарфланиши устидан назоратни ташкил қилиш ва таъминлаш. Давлат харажатларини камайтириш резервларини аниқлаш. Марказда ва жойларда бюджет маблағларидан қонуний, мақсадли ва самарали фойдаланилишини, улардан фойдаланишда қонунбузарликлар ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш чораларини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ташкил этилган мақсадли давлат жамғармалари ва бошқа жамғармаларнинг маблағлари тўлиқ тушиши, улардан мақсадли, оқилона ва самарали фойдаланилиши устидан қаттиқ назоратни амалга ошириш;

ўтказилаётган пул-кредит сиёсатини, миллий валютани мустаҳкамлаш, унинг харид қобилиятини ошириш, пул массаси ва пул агрегатларини мақбул ҳолга келтириш, банкдан ташқари пул айланишини кескин қисқартириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни чуқур таҳлил қилиш ва баҳолаш;

республика ташқи савдо оборотининг аҳволини чуқур таҳлил қилиш, республика тўлов балансини шакллантириш ва ундан фойдаланишни бахолаш. Товарлар (ишлар, хизматлар) экспорта прогнози бажарилиши, маҳсулот импорти мақбуллаштирилишининг таъминланиши, экспорт тушумлари ва хорижий валютани сотиш тўла-тўкис ва ўз вақтида бўлиши мониторингини амалга ошириш. Ички валюта бозорида валютага бўлган талаб ва таклифни ўрганиш, айирбошлаш курси динамикаси бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, миллий валютанинг эркин алмаштирилиши устидан назоратни амалга ошириш;

ташқаридан олинадиган қарзларнинг ҳажмлари ва мақсадга мувофиқлигини танқидий баҳолаш, олинадиган хорижий кредит ва грант маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланилишини, шунингдек Ҳукумат томонидан ёки Ўзбекистон Республикасининг Давлат кафолати билан олинган ташқи кредитларга ўз вақтида хизмат кўрсатилишини қаттиқ назорат қилиш;

олтин-валюта заҳираларининг ҳолати ва унинг харакати устидан назоратни амалга ошириш, ташқи активларни бошқариш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш ва уларни хорижий банкларда самарали жойлаштириш ва қайта жойлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, олтин-валюта захиралари, шу жумладан қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ўтказиладиган операциялар устидан назоратни таъминлаш.


2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг чекланган сони 20 кишидан иборат бўлган янги тузилмаси ҳамда бошқарув схемаси 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисидаги низом 3-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси ҳузуридаги янгиланган Ҳайъат таркиби 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:

"Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасини ташкил этиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 21 июндаги ПФ-3093-сонли Фармонига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 6 январдаги ПФ-3536-сонли Фармони 1-банди, шунингдек мазкур Фармоннинг иловаси;

"Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасини ташкил этиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 21 июндаги ПФ-3093-сонли Фармонига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 4 ноябрдаги ПФ-3157-сонли Фармони 1 ва 2-бандлари, шунингдек мазкур Фармон иловаси;

"Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатасини ташкил этиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 21 июндаги ПФ-3093-сонли Фармони 3-иловаси.


4. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари В.А.Голишев зиммасига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 14-сон, 101-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2005 йил, 3-4-сон, 132-модда