ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Архив / Январь, 2025 й. / Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари / Умумий қоидалар /Ўзбекистон Республикасининг 27.12.2024 й. ЎРҚ-1016-сон "Давлат сирлари тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 20.08.2024 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 23.10.2024 й. маъқулланган)
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
ҚОНУНИ
27.12.2024 й.
N ЎРҚ-1016
ДАВЛАТ СИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 20 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 23 октябрда маъқулланган
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси манфаатларини кўзлаб маълумотларни давлат сирлари жумласига киритишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини белгилашдан, давлат сирларидан фойдаланиш ва уларни ҳимоя қилиш, шунингдек давлат сирлари билан боғлиқ бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида юзага келадиган муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Ушбу Қонуннинг амал қилиш соҳаси
Ушбу Қонун давлат сирлари тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажариш мажбуриятини олган ёки ўз мақомига кўра уларни бажариши шарт бўлган шахсларга, шунингдек давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларга нисбатан татбиқ этилади.
3-модда. Давлат сирлари тўғрисидаги қонунчилик
Давлат сирлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Давлат сирлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалалари Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномалари билан тартибга солинади.
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
давлат аҳамиятига эга бўлган сир - ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятига, давлат хавфсизлигига, иқтисодий ва сиёсий манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маълумотлар;
давлат сирлари - ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган давлат аҳамиятига эга сирни ва (ёки) хизмат сирини ташкил этадиган, давлат томонидан ҳимоя қилинадиган ва махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотлар;
давлат сирларининг йўқотилиши - давлат аҳамиятига эга бўлган сирни ёки хизмат сирини ташкил этувчи маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжатлардан, буюмлардан ёки воситалардан қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этмаган ҳолда фойдаланиш натижасида давлат сирларини ташувчиларнинг ўз қонуний эгалари тасарруфидан чиқиб кетиши;
давлат сирларини ошкор этиш - хизмат ёки касбий фаолияти муносабати билан давлат сирлари ўзига ишониб топширилган ёки давлат сирлари ўзига маълум бўлиб қолган шахс томонидан давлат сирларини белгиланган тартибни бузган ҳолда ўзга шахсга бериш, эълон қилиш ёки бошқача тарзда тарқатиш ҳамда бунинг оқибатида ушбу давлат сирларининг уларнинг қонуний эгалари бўлмаган шахсларга маълум бўлиб қолиши;
давлат сирларини ташувчилар - давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни аниқлаш ва идентификациялаш имконини берадиган рамзлар, белгилар, тасвирлар, сигналлар, техник ечимлар ва жараёнлар тарзида акс эттирилган моддий объектлар, шу жумладан физик майдон;
давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома - давлат сирлари соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи томонидан шахсга давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилганлигини тасдиқлайдиган, белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат;
давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар - давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишга доир рухсатга, шунингдек давлат сирларини сақлаш ва улардан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларга эга бўлган ҳамда давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ давлат сирларидан фойдаланадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар;
давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи - давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотнинг раҳбари томонидан шахсга унинг хизмат ваколатларига мувофиқ бериладиган муайян махфий маълумотлар билан танишиш ва (ёки) давлат сирларидан фойдаланган ҳолда фаолиятни амалга ошириш имконияти;
давлат сирларини ҳимоя қилиш - давлат сирлари ошкор этилишининг ва уларни ташувчилар йўқолишининг олдини олишга қаратилган ташкилий, ҳуқуқий, муҳандислик-техник, криптографик ва бошқа чора-тадбирлар мажмуи;
давлат сирларини ҳимоя қилиш воситалари - давлат сирларининг криптографик ва техник жиҳатдан ҳимоя қилинишини таъминлайдиган аппарат, аппарат-дастурий ёки дастурий воситалар, шунингдек ахборотни рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш воситалари ҳамда давлат сирларини ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини назорат қилиш воситалари;
давлат сирларини ҳимоя қилиш тизими - давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ҳамда уларни ташувчиларни ҳимоя қилиш учун давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан фойдаланиладиган воситалар ва усуллар, шунингдек ушбу мақсадларда амалга ошириладиган тадбирлар мажмуи;
махсус комиссия - давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг ўз тасарруфидаги давлат сирларини кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага ҳамда зарур билим ва тажрибага эга бўлган ходимларидан ташкил топган гуруҳ;
махфийлик грифи - маълумотларни ташувчидаги маълумотларнинг махфийлик даражаси тўғрисида далолат берадиган, маълумотларни ташувчининг ўзига ва (ёки) кузатув ҳужжатига қўйиладиган реквизит;
махфийлик даражаси - давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларнинг муҳимлигини ифодаловчи ҳамда уларни ҳимоя қилиш чоралари ва воситаларини белгиловчи тоифа;
махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхати - ушбу Қонунда белгиланган тартибда маълумотларни давлат аҳамиятига эга бўлган сир ёки хизмат сири жумласига киритиш ҳамда махфийлаштириш имконини берадиган маълумотларнинг тоифалари;
махфийлик режими - давлат сирлари тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинадиган давлат сирлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг ягона тартиби;
махфий-режим органи - давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотнинг махфий иш юритилиши устидан назоратни ва махфийлик режимининг таъминланишини амалга оширувчи таркибий бўлинмаси ёки мансабдор шахси;
маълумотларни махфийликдан чиқариш - давлат сирларидан ҳамда уларни ташувчилардан фойдаланишга доир чекловларни белгиланган махфийлик даражасини бекор қилиш йўли билан олиб ташлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуи;
маълумотларни ва уларни ташувчиларни махфийлаштириш - давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлардан ва уларни ташувчилардан фойдаланишга доир чекловларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар мажмуи;
хизмат сири - давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар фаолиятининг ҳар қандай соҳасига, шу жумладан ҳарбий, иқтисодий, сиёсий, илмий-техник, ишлаб чиқариш, разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолиятига тааллуқли бўлган, ошкор этилиши ушбу ташкилотларнинг манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган маълумотлар. Хизмат сири давлат аҳамиятига эга бўлган сирнинг таркибий қисми бўлиши мумкин;
экспертлар комиссияси - давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага эга бўлган ҳамда давлат сирларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича тегишли хулосалар бериш ҳуқуқига ҳамда зарур билим ва тажрибага эга бўлган ходимларидан ташкил топган гуруҳ.
2-БОБ. ДАВЛАТ СИРЛАРИ СОҲАСИНИ ДАВЛАТ
ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ
5-модда. Давлат сирлари соҳасидаги ягона давлат сиёсати
Давлат сирлари соҳасидаги ягона давлат сиёсати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
давлат сирлари соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
давлат сирлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ишлаб чиқилишини ташкил этади ва уларни амалга ошириш чораларини кўради;
махфий ахборотни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битимлар тузади ва уларни амалга ошириш чораларини кўради;
давлат сирларини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга бериш тартибини белгилайди;
ўз ваколатлари доирасида давлат сирлари соҳасида қарорлар қабул қилади;
махфий-режим органларини ташкил этиш, уларнинг фаолияти ва уларни тугатиш тартибини белгилайди;
давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини расмийлаштириш тартибини белгилайди;
давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларда маълумотларни давлат сирлари жумласига киритиш, махфийлаштириш, махфийликдан чиқариш, шунингдек давлат сирлари ва уларни ташувчилар ҳимоя қилинишини таъминлаш тартибини белгилайди;
Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини ва уни шакллантириш тартибини тасдиқлайди;
экспертлар ва махсус комиссияларни шакллантириш ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди;
давлат сирларининг ошкор этилиши ёки йўқотилиши оқибатида Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигига ёхуд давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар манфаатларига етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарар миқдорини аниқлаш тартибини белгилайди;
маълумотлар ва уларни ташувчилар махфийлаштирилиши натижасида маълумотларни ташувчиларнинг мулкдорига етказилган зарарнинг миқдорини аниқлаш тартибини белгилайди;
давлат сирларини ҳимоя қилиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағлар ажратиш тўғрисида таклифлар киритади;
махфий-режим органлари ходимларининг лавозим маошларига давлат сирлари билан ишлаганлик ҳамда ушбу органлардаги хизмат даври учун устамалар миқдорини, шунингдек уларни тўлаш тартибини белгилайди;
давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг давлат сирларини чет давлатларга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ва хориждаги халқаро ташкилотларга, шунингдек юридик шахсларга бериш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаларини кўриб чиқади ҳамда улар бўйича қарор қабул қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
7-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик
хизматининг давлат сирлари соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати давлат сирлари соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).
Махсус ваколатли давлат органи:
зарур шарт-шароитларга эга бўлган ташкилотларга давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш учун рухсат беради ва (ёки) уни чақириб олади;
давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг фаолиятини давлат сирлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан мувофиқлаштиради;
давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларда махфийлик режимини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштиради, мазкур фаолиятни такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш юзасидан ушбу ташкилотларга тавсиялар киритади;
ўз ваколатлари доирасида давлат сирлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;
давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларда давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ҳимоя қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади, шунингдек уларнинг мазкур соҳадаги фаолиятини назорат қилади;
давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштириш мақсадида шахсларни текширувдан ўтказади, шунингдек
давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани бериш (бермаслик) тўғрисида ва уни бекор қилиш ҳақида қарорлар қабул қилади;
ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, реализация қилишга доир фаолиятни лицензиялашни амалга оширади;
ахборотнинг криптографик ва техник ҳимоя воситаларини, шунингдек ахборотлаштиришнинг техник воситаларини сертификатлаштиришни амалга оширади ҳамда назорат қилади;
давлат сирларини ўз ичига олган ахборот тизимларини рўйхатдан ўтказишни амалга оширади;
давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларда махфийлик режимига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар ва шахсларни тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан текшириш тадбирларини амалга оширади;
давлат сирлари тўғрисидаги қонунчилик бузилиши билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олади, уларни аниқлайди, фош этади ва тергов қилади;
давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан махфий-режим органларининг ташкил этилиши, қайта ташкил этилиши ҳамда тугатилишини, шунингдек ушбу органлар ходимларининг лавозимга тайинланишини ва лавозимидан озод этилишини келишади;
давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани бериш ҳамда давлат сирларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланишини ва илғор тамойилларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқади ва такомиллаштиради;
давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлари рўйхатларини ҳамда уларнинг махфий-режим органларининг иш юритиш ҳужжатларини келишади;
шахсларнинг давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномаларининг амал қилишини вақтинча тўхтатиш ёки уларни бекор қилиш тўғрисида давлат органларига ва бошқа ташкилотларга кўрсатмалар киритади;
давлат сирларидан хабардор бўлган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш бўйича давлат органларига ва бошқа ташкилотларга қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда кўрсатмалар киритади;
давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларга махфийлик режимини таъминлаш масалалари бўйича амалий ва услубий ёрдам кўрсатади, шунингдек давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларни ўқитишни ҳамда уларнинг малакасини оширишни белгиланган тартибда ташкил этади;
давлат сирларининг ошкор этилиши ёки йўқотилиши оқибатида Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигига ёхуд давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар манфаатларига етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарар миқдорини аниқлашда иштирок этади;
Ўзбекистон Республикасининг махфий ахборотни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро шартномаларини тузиш, бажариш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки уларни тугатиш бўйича таклифлар киритади.
Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
8-модда. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг
давлат сирлари соҳасидаги ваколатлари
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар:
давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишга рухсат олиш учун махсус ваколатли давлат органига мурожаат қилади;
махфий-режим органлари тўлиқ фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратади ва мазкур йўналишдаги ишларни ташкил этади;
тегишли малакага ва махсус ваколатли давлат органи томонидан берилган сертификатга эга бўлган ходимларни махфий-режим органларига тайинлайди;
давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага эга бўлган шахсларнинг ўқитилишини ҳамда белгиланган муддатларда тегишли малака ошириш курсларига юборилишини таъминлайди;
белгиланган махфийлик режимига риоя этилишини ва фойдаланилаётган давлат сирларининг ҳимоя қилинишини, шу жумладан ўз тасарруфидаги ташкилотларда ҳимоя қилинишини ўз ваколатлари доирасида таъминлайди;
махсус ваколатли давлат органига давлат сирларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;
давлат сирлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома расмийлаштирилиши зарур бўлган лавозимлар номенклатурасини ишлаб чиқади;
давлат сирларининг ошкор этилиши ёки йўқотилиши оқибатида Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигига ёхуд давлат сирларидан фойдаланувчи бошқа ташкилотлар манфаатларига етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарар миқдорини аниқлашда иштирок этади;
ахборотнинг криптографик ва техник ҳимоя воситаларига, шунингдек ахборотлаштиришнинг техник воситаларига оид сертификат олиш учун махсус ваколатли давлат органига мурожаат қилади;
давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага эга бўлган ходимларнинг хорижга чиқиш биометрик паспортлари кадрлар бўлинмаларида сақланишини, шунингдек ушбу ходимларнинг хорижга чиқишини ва чет эл фуқаролари билан алоқаларини қонунчиликда белгиланган тартибда назорат қилади.
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3-БОБ. ДАВЛАТ СИРЛАРИ ЖУМЛАСИГА
КИРИТИЛАДИГАН МАЪЛУМОТЛАР
9-модда. Ҳарбий соҳадаги давлат сирлари жумласига
киритиладиган маълумотлар
Ҳарбий соҳадаги давлат сирлари жумласига қуйидагилар киради:
1) қўшинларнинг биргаликда ҳаракатланиш режаларини, тезкор режаларни, махфий объектларни қўриқлаш ҳамда мудофаа қилиш режаларини фош этувчи маълумотлар, жанговар бошқарув ҳужжатлари, фавқулодда вазиятларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшинларини турли даражадаги жанговар шайлик ҳолатига келтириш бўйича ҳужжатлар;
2) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг стратегик жиҳатдан ёйилиши, сони, жанговар таъминоти, ҳолати, қуролланиши, ташкилий тузилмаси, ривожланиши, жанговар таркиби ёки миқдори, жанговар тайёргарлиги тўғрисидаги, шунингдек ҳарбий-сиёсий ва (ёки) тезкор вазият ҳақидаги маълумотлар;
3) қўшинларнинг сафарбарлик жиҳатдан ёйилиши, одамларни ва транспорт воситаларини сафарбар қилиш, сафарбарлик жиҳатдан ёйилишни бошқариш тизими ва (ёки) қўшинларни шахсий таркиб билан бутлаш, қурол-яроғ, ҳарбий техника ҳамда бошқа моддий ва молиявий воситалар билан таъминлаш имкониятлари тўғрисидаги маълумотлар;
4) қурол-яроғ ва ҳарбий техникани ривожлантириш ҳамда қўшинларни бутлашнинг йўналишларини, узоқ муддатли режаларини ва истиқболларини фош этувчи маълумотлар, қурол-яроғ ва ҳарбий техника намуналарини яратиш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга оширишнинг мазмуни ҳамда натижалари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг тактик-техник хусусиятларини фош этувчи маълумотлар;
5) давлат мудофаа буюртмаси доирасидаги буюртмалар, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш ҳажмлари ва йўналишлари, қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг конструкциялари, уларни ишлаб чиқариш технологиялари, уларнинг жанговар, физик, кимёвий тавсифлари тўғрисидаги, шунингдек қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қўллаш тартиби ҳақидаги маълумотлар;
6) қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг метрологик таъминоти ҳолатини, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишни белгиловчи ҳарбий эталонларнинг ёки метрологик таъминот воситаларининг техник ёки метрологик тавсифларини фош этувчи маълумотлар;
7) қурол-яроғни ва ҳарбий техникани лойиҳалаштириш, яратиш, ишлаб чиқариш ёки таъмирлаш учун ажратилган ёки амалда сарфланган маблағларни фош этувчи маълумотлар;
8) қурол-яроғни ва ҳарбий техникани сафарбарлик мақсадида ишлаб чиқариш (таъмирлаш) қувватлари тўғрисидаги, шунингдек ушбу қувватларни яратиш ва ривожлантириш ҳақидаги маълумотлар;
9) ҳарбий мақсадларда фойдаланиладиган ракета ёқилғиси, балист порохлар, портловчи моддалар ва портлатувчи воситалар, шунингдек қурол-яроғ ва ҳарбий техника учун янги қотишмалар, махсус суюқликлар, ёқилғини фош этувчи маълумотлар;
10) Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлаш учун мўлжалланган алоқа тармоқлари ҳамда телекоммуникация инфратузилмаси тўғрисидаги маълумотлар;
11) ҳарбий ёки махсус мақсадларда фойдаланиладиган радиочастота полосаларининг тақсимланишини фош этувчи маълумотлар;
12) қўшинларнинг барча турдаги алоқа воситаларининг, радиолокация, радиотехника таъминотининг, шунингдек сунъий йўлдош алоқаси ва радиоэшиттириш станцияларининг ташкил этилишини ёки ишлашини фош этувчи маълумотлар;
13) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига кўра Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятларига кирмайдиган режимли объектларнинг жойлашуви, мақсади, тайёргарлик ёки ҳимояланганлик даражаси тўғрисидаги, мазкур объектларни қуриш учун ер участкаларини, ер қаърини ёки сув акваторияларини танлаш, ажратиш ҳақидаги, шунингдек ушбу объектларни барпо этиш бўйича режалаштирилаётган ёки ўтказилаётган изланиш, лойиҳалаштириш ишлари ва бошқа ишлар ҳақидаги маълумотлар (бундай маълумотлар махсус объектларга ҳам тааллуқлидир);
14) икки хил мақсадга мўлжалланган воситалар ва технологияларни ривожлантириш йўналишларини, мақсадли дастурларни амалга ошириш мазмунини, натижаларини, ушбу воситалар ва технологияларни яратиш ёки модернизация қилиш бўйича илмий-тадқиқот ва (ёки) тажриба-конструкторлик ишларини фош этувчи, шунингдек икки хил мақсадга мўлжалланган воситалар ва технологияларнинг ҳарбий мақсадларда қўлланилишини фош этувчи маълумотлар;
15) Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлаш манфаатларини кўзлаб Ўзбекистон Республикаси космик инфратузилмасидан фойдаланиш ва (ёки) уни ривожлантириш истиқболлари тўғрисидаги маълумотлар;
16) ҳарбий объектлар ва инфратузилмаларнинг қурилиш лойиҳаларини ҳамда ҳарбий-техник таъминот билан боғлиқ шартномаларни фош этувчи маълумотлар;
17) турли босқичдаги қўмондонлик-штаб (штаб) ўқувларини ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни ва бошқа маълумотларни фош этувчи маълумотлар;
18) ҳарбий соҳадаги стандартлаштиришнинг асосий йўналишларини ёки уни ривожлантириш дастурларини, шунингдек қурол-яроғ ва ҳарбий техника соҳасидаги стандартларнинг мазмунини фош этувчи маълумотлар;
19) давлатнинг мудофаа салоҳиятини белгиловчи йўналишлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг илмий-техник тараққиёти истиқболларини ва унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини баҳолаш тўғрисидаги маълумотлар;
20) республика бюджетининг Ўзбекистон Республикаси мудофаа қобилияти ва хавфсизлиги таъминланишини фош этувчи харажатлари тўғрисидаги маълумотлар (умумий кўрсаткичлардан ташқари).
10-модда. Ташқи сиёсатга оид ва ташқи иқтисодий
соҳадаги давлат сирлари жумласига
киритиладиган маълумотлар
Ташқи сиёсатга оид ва ташқи иқтисодий соҳадаги давлат сирлари жумласига қуйидагилар киради:
1) барвақт тарқатилиши Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган, ташқи сиёсат стратегияси ва тактикасини фош этувчи, Ўзбекистон Республикасининг давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан икки томонлама муносабатларини тавсифловчи ташқи сиёсат, ташқи савдо, илмий-техник алоқалар масалаларига доир маълумотлар ва шу каби бошқа маълумотлар;
2) битта ёки бир неча чет давлатга нисбатан сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ёки илмий-техник масалалар юзасидан ишончлилик тартибида олинган маълумотлар, агар уларнинг ошкор этилиши манбанинг аниқланишига олиб келиши мумкин бўлса;
3) халқаро муносабатларда ягона принципиал ёндашувни ишлаб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси вакиллари ва бошқа давлатлар вакиллари ўртасидаги музокаралар тўғрисидаги маълумотлар, агар музокаралар иштирокчиларининг фикрига кўра ушбу маълумотларнинг ошкор этилиши тарафлардан бири учун дипломатик мураккабликларга сабаб бўлиши мумкин бўлса;
4) барвақт тарқатилиши Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятига, хавфсизлигига, сиёсий ёки иқтисодий манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган халқаро шартномаларнинг тайёрланиши, тузилиши, мазмуни, бажарилиши, амал қилиши тўхтатиб турилганлиги ёки тугатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
5) қурол-яроғ, ҳарбий техника ёки аслаҳа экспорти ва импорти тўғрисидаги маълумотлар, агар ушбу маълумотларнинг ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган қоидаларга зид бўлса;
6) чет давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоҳида даврдаги иқтисодий ҳамкорликнинг ҳажми ҳамда мазмунини фош этувчи маълумотлар.
11-модда. Разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолияти
ва давлат хавфсизлигига тааллуқли бўлган бошқа
фаолият соҳасидаги давлат сирлари жумласига
киритиладиган маълумотлар
Разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолияти ва давлат хавфсизлигига тааллуқли бўлган бошқа фаолият соҳасидаги давлат сирлари жумласига қуйидагилар киради:
1) разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолиятининг кучлари, воситалари, услублари, режалари, шакллари ва натижаларини фош этувчи маълумотлар, шунингдек разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолиятини молиялаштириш тўғрисидаги маълумотлар;
2) аниқ шахсларнинг разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг кадрлар таркибига мансублигини фош этувчи маълумотлар;
3) Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлигини таъминлаш йўналиши бўйича кадрларни тайёрлашга ёки тақсимлашга доир тадбирлар ҳақидаги маълумотлар;
4) разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга махфийлик асосида кўмаклашаётган (кўмаклашган) ва мазкур органлар билан махфийлик асосида ҳамкорлик қилаётган (ҳамкорлик қилган) шахслар, шунингдек уларнинг оила аъзолари тўғрисидаги маълумотлар;
5) тезкор-сафарбарлик тадбирлари, уларнинг ҳолати ва натижалари ҳақидаги маълумотлар;
6) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек давлат органларининг ички идоравий ҳамда халқаро ҳимояланган алоқа тармоқлари ва тизимлари (жойлаштирилган объектлари ва қурилмалари), криптографик ҳимоя воситаларининг калитли (яратиш, ишлаб чиқариш ва таъминлаш) ҳужжатлари, криптографик ҳимоя воситаларини таҳлил қилиш услублари ёки воситалари ҳақидаги ҳамда махсус мақсадга мўлжалланган ахборот-таҳлилий тизимлар тўғрисидаги маълумотлар;
7) Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш, тинчлик ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ бўлган жиноят ишлари бўйича терговни амалга ошириш кучлари, воситалари ва услубларини фош этувчи маълумотлар, агар улар давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган вазиятларни текшириш билан боғлиқ бўлса;
8) давлат сирларини ҳимоя қилишни ташкил этиш, уларнинг ҳимояланганлик ҳолати тўғрисидаги, шунингдек мазкур фаолиятни молиялаштириш ҳақидаги маълумотлар;
9) давлат томонидан қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш кучлари, воситалари, услублари, режалари, унинг ташкил этилиши тўғрисидаги маълумотлар.
12-модда. Иқтисодиёт, таълим, фан ва техника соҳасидаги
давлат сирлари жумласига киритиладиган маълумотлар
Иқтисодиёт, таълим, фан ва техника соҳасидаги давлат сирлари жумласига қуйидагилар киради:
1) Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг уруш даврида барқарор ишлашига тайёргарлигини белгиловчи кўрсаткичлар тўғрисидаги маълумотлар;
2) иқтисодиётнинг турли тармоқларида принципиал жиҳатдан янги буюмларни, технологик жараёнларни яратишда фойдаланилиши мумкин бўлган, шунингдек қурол-яроғ ва ҳарбий техника имкониятларининг, уларнинг жанговар самарадорлигини оширишнинг сифат жиҳатидан янги босқичини белгиловчи фан ва техника соҳасидаги янги ютуқларнинг моҳиятини фош этувчи маълумотлар;
3) Ўзбекистон Республикасининг мудофааси ва хавфсизлиги манфаатларини кўзлаб олиб бориладиган илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ёки лойиҳалаш ишларининг мазмунини ва йўналтирилганлигини фош этувчи маълумотлар;
4) Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлигини таъминлаш манфаатларини кўзлаб олиб бориладиган гидрометеорология ёки гелиогеофизика соҳасидаги ишларнинг натижаларини, шунингдек махсус геологик-геофизик тадқиқотлар натижаларини фош этувчи маълумотлар;
5) металлургия саноати томонидан айрим турдаги нодир металларни ва стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа материалларни ишлаб чиқариш ҳақидаги маълумотлар;
6) ер қаъридаги ресурслар потенциалини, баланс захираларни ёки айрим турдаги фойдали қазилмаларни қазиб олиш тўғрисидаги ахборотни фош этувчи маълумотлар;
7) давлат органлари сметаларининг алоҳида моддалари бўйича қўшинларни сақлаш учун сарфланадиган харажатларни фош этувчи маълумотлар;
8) давлат ҳужжатларини қалбакилаштиришдан ҳимоя қилиш усуллари ва уларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш усуллари тўғрисидаги маълумотлар;
9) умумий фойдаланишдаги маҳсулотни, хомашёнинг стратегик турларини ишлаб чиқаришга доир сафарбарлик қувватлари ҳамда ушбу қувватларни яратиш ва ривожлантириш ҳақидаги маълумотлар;
10) индикация, газдан тозалаш, аҳолини оммавий қирғин қуролидан кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини ёки ушбу воситалар учун янги сорбцион ва бошқа материалларни яратиш мақсадида амалга ошириладиган ишларни фош этувчи маълумотлар;
11) муҳим мудофаа ёки иқтисодий аҳамиятга эга бўлган топографик, геодезик ёки картографик фаолият натижаларини фош этувчи маълумотлар;
12) сафарбарлик чоғида темирйўлларнинг юкларни темирйўлларда ташишни таъминлаш, ҳарбий юкларнинг ташилишини ташкил этиш бўйича имкониятлари ва (ёки) захираларини ҳамда ҳажмларини, энергетик, минерал ва қишлоқ хўжалиги хомашёсининг, ёқилғининг, материалларнинг стратегик турларини, қурол-яроғнинг ёки ҳарбий техниканинг алоҳида турларини ташиш ҳажмларини ҳамда транспортда ташиш йўналишларини, шунингдек темирйўл ҳаракати хавфсизлигини ва юкларнинг бут сақланишини таъминлашга доир махсус чора-тадбирларни фош этувчи маълумотлар;
13) қўшинларни ортиш ва тушириш пунктларининг жойлашиши, ихтисослаштирилиши, қувватлари ва ўтказиш имкониятини, уларнинг озиқ-овқат таъминоти, уларга тиббий-санитария хизмати кўрсатиш ҳақидаги ахборотни фош этувчи маълумотлар;
14) транспорт воситаларига, шу жумладан транспортнинг айрим турларига бўлган сафарбарлик эҳтиёжини ва улар билан таъминланганлик ҳолатини фош этувчи маълумотлар;
15) Ўзбекистон Республикаси бўйича фуқаро муҳофазаси кучларининг ёки воситаларининг ҳолатини фош этувчи маълумотлар;
16) Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти сафарбарлик режасининг таркибий тузилишини ва кўрсаткичларини, шунингдек давлат органларининг ёки алоҳида ташкилотларнинг сафарбарлик тайёргарлик ҳолатини фош этувчи маълумотлар;
17) Ўзбекистон Республикасининг доимий захирасида бўлган, фақат фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун мўлжалланган моддий захираларининг ҳақиқий ҳажмини ва жойлашишини фош этувчи маълумотлар;
18) ҳарбий мақсадлар учун транспорт тармоғининг, транспорт воситаларининг ҳолатини, жиҳозланганлигини, тайёрлигини, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани транспортда ташиш йўналишларини, махсус ва ҳарбий юклар ташиш ҳажмларини фош этувчи маълумотлар;
19) қурол-яроғ ва ҳарбий техника буюмларига, фуқаролар учун мўлжалланган муҳим маҳсулотларга доир техник ҳужжатларнинг, шунингдек хавфи юқори бўлган объектларга, аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминлаш тизимига доир лойиҳа ҳужжатларининг суғурта фондини яратишни ва сақлашни тавсифловчи маълумотлар ҳамда техник ҳужжатларнинг суғурта фондини сақлаш объектларининг (базаларининг) умуман Ўзбекистон Республикаси бўйича жойлашиши тўғрисидаги маълумотлар;
20) Ўзбекистон Республикаси саноатининг сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлиги соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларининг режаларини, мазмунини ёки натижаларини фош этувчи маълумотлар;
21) Ўзбекистон Республикасининг мудофаа манфаатларини кўзлаб фойдаланилиши мумкин бўлган кон қазилмалари, табиий бўшлиқлар, метрополитен ва бошқа иншоотлар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек аҳолиси 200 минг нафар кишидан ортиқ бўлган шаҳарларнинг ичимлик суви таъминоти схемаларини, темирйўл боғламалари, стратегик ва мудофаа аҳамиятига эга бўлган объектларнинг схемаларини ва (ёки) ичимлик суви таъминоти бош иншоотларининг, уларни таъминловчи сув ажратгичларнинг жойлашишини фош этувчи маълумотлар;
22) ядровий материалларнинг ва ядровий қурилмаларнинг жисман ҳимоя қилинишини таъминлаш тўғрисидаги маълумотлар, бундан Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар таъсирига тушадиган ва уларни алмашишни назарда тутадиган ҳамда очиқ манбалардан олиниши мумкин бўлган маълумотлар мустасно;
23) Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказиладиган миллий, жамоавий ва бошқа тест тизимларида фойдаланиладиган тестларнинг мазмунини ҳамда уларга доир тўғри жавоблар кодларини фош этувчи маълумотлар;
24) шаҳарлараро магистраль ва зона ичидаги алоқа линияларининг географик координаталарини ўз ичига олган, схемалар ҳамда тавсифларга эга бўлган жамланма маълумотлар;
25) Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини ва давлат қимматли қоғозларининг бланкаларини қалбакилаштиришдан ҳимоя қилиш усуллари ҳамда уларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш усуллари тўғрисидаги маълумотлар.
СИРЛАРИ ЖУМЛАСИГА КИРИТИШ ВА
УЛАРНИ МАХФИЙЛАШТИРИШ
13-модда. Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши
лозим бўлган маълумотлар рўйхатини белгилаш тартиби
Маълумотларни давлат сирлари жумласига киритиш ва уларни махфийлаштириш Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига асосан амалга оширилади.
Маълумотларнинг махфийлик даражасидан келиб чиққан ҳолда маълумотларни тарқатиш, тақдим этиш ва (ёки) чекловларни белгилаш чора-тадбирлари давлат сирлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари доирасида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхати ушбу Қонуннинг 3-бобида назарда тутилган давлат сирлари жумласига киритиладиган маълумотларга асосан ва давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар марказий органларининг таклифларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан махсус ваколатли давлат органи билан келишувга кўра тасдиқланади.
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлари рўйхати Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхати асосида уларнинг марказий органлари томонидан махсус ваколатли давлат органи билан келишувга кўра ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
14-модда. Маълумотларни давлат сирлари жумласига
киритиш ва уларни махфийлаштириш принциплари
Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари жумласига киритилган маълумотлар ҳамда уларни ташувчилар қонунийлик, асослилик ва кечиктирмаслик принципларига мувофиқ махфийлаштирилади.
Қонунийлик маълумотларни ва уларни ташувчиларни махфийлаштиришнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, шунингдек давлат сирлари соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини англатади.
Асослилик давлат сирларини ташкил этувчи аниқ маълумотларни ва уларни ташувчиларни махфийлаштиришнинг мақсадга мувофиқлигини, ушбу ҳаракатнинг эҳтимол тутилган иқтисодий ва бошқа оқибатларини фуқаролар, ташкилотлар, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфаатлари мувозанатидан келиб чиққан ҳолда эксперт баҳолаш орқали аниқлашдан иборат.
Кечиктирмаслик давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ва уларни ташувчиларни улар олинган (ишлаб чиқилган) пайтдан эътиборан тарқатиш учун чекловлар белгиланишини назарда тутади.
15-модда. Маълумотларни давлат сирлари
жумласига киритиш тартиби
Маълумотларни давлат сирлари жумласига киритиш давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига асосан амалга оширилади. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар раҳбарлари маълумотларни давлат сирлари жумласига киритиш тўғрисидаги ўз қарорлари учун шахсан жавобгар бўлади.
16-модда. Маълумотларни махфийлаштириш асослари
Ахборотнинг махфийлик даражаси давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг бошқарув, ишлаб чиқариш, илмий ва бошқа фаолият турлари натижасида олинган (ишлаб чиқилган) маълумотларнинг махфийлик даражасидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига асосан белгиланади.
Тайёрланган (ишлаб чиқилган) ахборотни Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхати билан идентификация қилиш мумкин бўлмаган, шунингдек мазкур ахборотдан очиқ фойдаланганда бирон-бир зарар етказиш хавфи мавжуд бўлган ҳолларда, давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар раҳбарлари тайёрланган (ишлаб чиқилган) ахборотни тахмин қилинаётган махфийлик даражасини ҳисобга олган ҳолда олдиндан махфийлаштириши ва кейинчалик махсус ваколатли давлат органининг хулосасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига қўшимчалар (ўзгартиришлар) киритиш тўғрисидаги асосланган таклифлар киритиши керак.
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар вақти-вақти билан, бироқ беш йилда камида бир марта ушбу ташкилотларда амалда бўлган, махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатларини маълумотларни махфийлаштиришнинг асослилиги ҳамда уларнинг илгари белгиланган махфийлик даражасига мувофиқлиги юзасидан қайта кўриб чиқиши шарт.
17-модда. Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларнинг
махфийлик даражалари ва ушбу маълумотларни
ташувчиларнинг махфийлик грифлари
Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар махфийлигининг қуйидаги учта даражаси ва ушбу даражаларга мувофиқ бўлган мазкур маълумотларни ташувчилар учун махфийлик грифлари белгиланади:
махфийликнинг биринчи даражаси - "Алоҳида аҳамиятли" (биринчи шаклдаги давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага мувофиқ бўлади);
махфийликнинг иккинчи даражаси - "Мутлақо махфий" (иккинчи шаклдаги давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага мувофиқ бўлади);
махфийликнинг учинчи даражаси - "Махфий" (учинчи шаклдаги давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага мувофиқ бўлади).
Давлат аҳамиятига эга бўлган сирни ташкил этувчи маълумотларга "Алоҳида аҳамиятли" ёки "Мутлақо махфий" махфийлик грифларидан бири берилади.
Хизмат сирини ташкил этувчи маълумотларга "Мутлақо махфий" ёки "Махфий" махфийлик грифларидан бири берилиши мумкин.
Давлат сирлари жумласига киритилмаган маълумотлар учун юқорида кўрсатилган махфийлик грифларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
"Алоҳида аҳамиятли", "Мутлақо махфий" ва "Махфий" махфийлик даражаларига эга бўлган давлат сирларидан фойдаланиш биринчи шаклдаги давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома мавжуд бўлганда амалга оширилади.
"Мутлақо махфий" ва "Махфий" махфийлик даражаларига эга бўлган давлат сирларидан фойдаланиш иккинчи шаклдаги давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома мавжуд бўлганда амалга оширилади.
"Махфий" махфийлик даражасига эга бўлган давлат сирларидан фойдаланиш учинчи шаклдаги давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома мавжуд бўлганда амалга оширилади.
Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлик даражаси ушбу маълумотлар ошкор этилиши натижасида Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлигига ёки давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг манфаатларига етказилиши мумкин бўлган зарарнинг оғирлик даражасига мувофиқ бўлиши керак.
18-модда. Давлат сирларини ташкил этувчи
маълумотларни махфийлаштириш муддатлари
Маълумотларни давлат сирлари жумласига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан тегишли маълумотлар махфийлаштирилган ҳисобланади.
Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни махфийлаштириш муддати давлат аҳамиятига эга бўлган сир учун - 30 йилдан ва хизмат сири учун - 10 йилдан ошмаслиги керак.
Алоҳида ҳолларда, давлат аҳамиятига эга бўлган сирни махфийлаштириш муддати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан, хизмат сирини махфийлаштириш муддати эса хизмат сиридан фойдаланувчи ташкилотнинг қарори билан узайтирилиши мумкин. Мазкур ҳолларда тегишли экспертлар комиссиясининг хулосаси талаб этилади.
19-модда. Махфийлаштирилмайдиган маълумотлар
Қуйидаги маълумотлар махфийлаштирилмайди:
фавқулодда вазиятлар ҳамда фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа ҳоллар ҳамда уларнинг оқибатлари тўғрисидаги, шунингдек табиий офатлар, уларнинг расмий прогнозлари ва оқибатлари ҳақидаги маълумотлар;
экологиянинг, соғлиқни сақлашнинг, санитария, демография, таълим, маданиятнинг, тиббий хизмат кўрсатишнинг, ижтимоий таъминотнинг ва қишлоқ хўжалигининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар;
жиноятчиликнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар;
Ўзбекистон Республикасининг макроиқтисодий кўрсаткичлари, Давлат бюджети параметрлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳақидаги жамланма статистика маълумотлари;
инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишлари тўғрисидаги маълумотлар;
давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунчиликнинг бузилишлари ҳақидаги маълумотлар;
фойдаланилиши, тарқатилиши ва тақдим этилиши қонун билан чекланмаган бошқа маълумотлар.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотларни махфийлаштириш тўғрисида асосланмаган қарор қабул қилган мансабдор шахслар фуқаролар, ташкилотлар, жамият ва давлатга етказилган моддий ва (ёки) маънавий зарардан келиб чиққан ҳолда қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
Фуқаролар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотларни махфийлаштириш тўғрисидаги асосланмаган қарорлар устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
20-модда. Маълумотлар ва уларни ташувчилар
махфийлаштирилиши муносабати билан жисмоний
шахсларнинг ҳамда ташкилотларнинг
мулк ҳуқуқини чеклаш
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар раҳбарлари жисмоний шахсларнинг ёки ташкилотларнинг (бундан буён матнда маълумотларни ташувчиларнинг мулкдори деб юритилади) мулкида бўлган маълумотларни ва уларни ташувчиларни махфийлаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилишга ҳақли. Кўрсатилган маълумотларни ҳамда уларни ташувчиларни махфийлаштириш ушбу маълумотларни ташувчиларнинг мулкдори ҳамда мазкур маълумотлар ва уларни ташувчилар ўз тасарруфига ўтаётган давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар ўртасидаги ушбу маълумотларни бошқа шахсга бериш тўғрисидаги шартномага асосан амалга оширилади.
Шартномада қуйидагилар кўрсатилади:
маълумотлар ва уларни ташувчилар махфийлаштирилиши муносабати билан маълумотларни ташувчиларнинг мулкдорига тўланадиган компенсация миқдори;
маълумотларни ташувчилар мулкдорининг ушбу маълумотларни ошкор этмаслик бўйича мажбуриятлари.
Маълумотларни ташувчиларнинг мулкдори ушбу маълумотларни бошқа шахсга ўтказишни рад этган тақдирда, суднинг қарорига кўра ушбу маълумотлар уларни бошқа шахсга беришга доир харажатлар чегириб ташланиб, бошқа шахсга берилаётган маълумотларнинг қиймати мулкдорга қопланган ҳолда мажбурий равишда бошқа шахсга берилиши ва махфийлаштирилиши лозим ҳамда мулкдор давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этганлик учун қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилади.
Чет эл фуқароларига, хорижий ва халқаро ташкилотларга тегишли бўлган маълумотларга ва уларни ташувчиларга бўлган мулк ҳуқуқи, агар бу маълумотлар ушбу Қонун талабларини бузмаган ҳолда олинган (ишлаб чиқилган) бўлса, чекланиши мумкин эмас.
Маълумотлар ва уларни ташувчилар махфийлаштирилиши муносабати билан фуқаролар ўзининг мулк ҳуқуқи чекланганлиги тўғрисидаги қарорлар устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Маълумотлар ва уларни ташувчилар махфийлаштирилиши натижасида маълумотларни ташувчиларнинг мулкдорига етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда қопланади.
5-БОБ. МАЪЛУМОТЛАРНИ ВА УЛАРНИ ТАШУВЧИЛАРНИ
МАХФИЙЛИКДАН ЧИҚАРИШ
21-модда. Маълумотларни махфийликдан
чиқариш асослари
Маълумотларни махфийликдан чиқариш асослари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси томонидан Ўзбекистон Республикасида давлат сирларини ташкил этувчи айрим маълумотларни алмашиш бўйича халқаро мажбуриятларни қабул қилиш;
давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни бундан буён ҳимоя қилиш объектив ҳолатлар ўзгариши натижасида мақсадга мувофиқ эмас деб топилиши;
Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига ўзгартириш ёки қўшимча киритилиши;
давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлари рўйхатига ўзгартириш ёки қўшимча киритилиши;
давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни махфийлаштириш муддати тугаши.
Қонунчиликда маълумотларни махфийликдан чиқаришнинг бошқа асослари ҳам белгиланиши мумкин.
22-модда. Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни
ва уларни ташувчиларни махфийликдан чиқариш
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларда маълумотларни ва уларни ташувчиларни махфийликдан чиқариш ушбу ташкилотларнинг қабул қилинган қарорнинг асосланганлиги учун шахсан жавобгар бўлган раҳбарлари қарорига кўра амалга оширилади.
Маълумотларни ва уларни ташувчиларни махфийлаштиришнинг белгиланган муддати тугаганидан кейин ёки маълумотларни ва уларни ташувчиларни махфийликдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг раҳбарлари мазкур маълумотларни ва уларни ташувчиларни уч ойлик муддатда махфийликдан чиқариши шарт.
Давлат архивларининг раҳбарларига мазкур архивларнинг ёпиқ фондларида сақланаётган давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ташувчиларни махфийликдан чиқариш ваколатлари архив фондини шакллантирувчи ташкилот ёки унинг ҳуқуқий вориси томонидан берилади. Агар архив фондини шакллантирувчи ташкилот тугатилган бўлса ва унинг ҳуқуқий вориси бўлмаса, давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ташувчиларни махфийликдан чиқариш масаласи махсус ваколатли давлат органи билан келишувга кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилади.
Маълумотларнинг махфийлик даражасини ўзгартириш ёки уларни махфийликдан чиқариш мавжуд махфийлик грифини бекор қилиш ҳамда уларни ташувчиларда янги ҳисобга олиш реквизитларини кўрсатиш орқали амалга оширилиши керак.
Маълумотларни ва уларни ташувчиларни махфийликдан чиқариш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
23-модда. Давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг,
шунингдек жисмоний шахсларнинг маълумотларни ва уларни
ташувчиларни махфийликдан чиқариш тўғрисидаги
таклифларини кўриб чиқиш
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек жисмоний шахслар давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ва уларни ташувчиларни махфийликдан чиқариш тўғрисидаги таклиф билан давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларга қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
6-БОБ. ДАВЛАТ СИРЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШГА
ДОИР РУХСАТНОМА БЕРИШ
24-модда. Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига,
чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга
давлат сирларидан фойдаланишга доир
рухсатномани бериш асослари
Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига, чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани бериш давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотнинг давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома расмийлаштирилиши зарур бўлган лавозимлари номенклатурасига асосан махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотнинг давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома расмийлаштирилиши зарур бўлган лавозимлари номенклатураси махсус ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда мазкур ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.
Мазкур лавозимлар номенклатурасига киритилган лавозимларга тайинланадиган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир тегишли шаклдаги рухсатнома расмийлаштирилади ва улар билан давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмаслик тўғрисида келишув имзоланади.
Давлат сирларидан фойдаланишга доир тегишли шаклдаги рухсатномага эга бўлмаган шахсларнинг давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома расмийлаштирилиши зарур бўлган лавозимлар номенклатурасига киритилган лавозимларга тайинланишига йўл қўйилмайди.
Чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг талабларига риоя этиш шарти билан ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан берилиши мумкин.
Чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани бериш ва бекор қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома ўн саккиз ёшга тўлган шахсларга расмийлаштирилади, бундан ушбу модданинг саккизинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Қонунчиликда белгиланган айрим ҳолларда, ўн олти ёшга тўлган шахсларга иккинчи ёки учинчи шаклдаги, ўн етти ёшга тўлган шахсларга эса биринчи ёки иккинчи шаклдаги давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома расмийлаштирилиши мумкин.
25-модда. Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига,
чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга
давлат сирларидан фойдаланишга доир
рухсатнома беришга оид талаблар
Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига, чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштиришда қуйидагилар талаб этилади:
шахснинг ўзига ишониб топширилган давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмаслик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси олдида ёзма мажбурият қабул қилиши;
шахснинг ушбу Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ ўз ҳуқуқлари чекланишига ёзма равишда розилик бериши;
шахс томонидан давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома берилишидан олдин махсус ваколатли давлат органининг ушбу шахсга нисбатан текширув тадбирларини ўтказишига ёзма розилик бериши;
давлат сирлари тўғрисидаги қонунчилик билан танишиш, шу жумладан уни бузганлик учун жавобгарликка оид қисми билан танишиш.
26-модда. Давлат сирларидан фойдаланишга доир
рухсатнома беришнинг алоҳида тартиби
Қуйидаги шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир тегишли шаклдаги рухсатнома текширув тадбирлари ўтказилмасдан расмийлаштирилади:
Ўзбекистон Республикаси Президентига - лавозимга киришган пайтдан эътиборан ваколатлари муддатига;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига - лавозимга тайинланган кундан эътиборан ваколатлари муддатига;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатларига - улар сайланган кундан эътиборан ваколатлари муддатига;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоларига - улар сайланган (тайинланган) кундан эътиборан ваколатлари муддатига;
Ўзбекистон Республикаси судьяларига - улар сайланган (тайинланган) кундан эътиборан ваколатлари муддатига;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан сайланган ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланган ва тайинланган шахсларга - ўз хизмат фаолияти даврига;
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматига лавозимга тайинланган шахсларга - ўз хизмат фаолияти даврига;
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига лавозимга тайинланган шахсларга - ўз хизмат фаолияти даврига;
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланган шахсларга - ўз хизмат фаолияти даврига.
27-модда. Ўзбекистон Республикасининг фуқаросига ёки
мансабдор шахсга давлат сирларидан фойдаланишга доир
рухсатномани расмийлаштиришни рад этиш асослари
Ўзбекистон Республикасининг фуқаросига ёки мансабдор шахсга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштиришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
шахснинг қасддан содир этилган жиноят учун судланганлик ҳолати тугалланмаганлиги ёки судланганлиги олиб ташланмаганлиги;
шахснинг давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги билан боғлиқ бўлган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий ишнинг мавжудлиги;
шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга кирганлиги;
текширув тадбирлари натижасида шахснинг Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳаракатлари аниқланганлиги (бундай таҳдидларнинг рўйхати махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади);
шахснинг текширув тадбирларидан бўйин товлаши ва (ёки) ўзи ёхуд яқин қариндошлари тўғрисида қасддан ёлғон маълумотлар берганлиги.
Ўзига нисбатан давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштириш рад этилган шахс ушбу қарор устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот раҳбари томонидан тавсия этилган номзодга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштиришни рад этиш тўғрисидаги махсус ваколатли давлат органининг асослантирилган хулосаси номзоднинг давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш учун асос бўлади. Бироқ давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштиришни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар ўзгарган тақдирда, ўзига нисбатан бундай рухсатномани расмийлаштириш рад этилган шахс давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштириш учун қайта мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
28-модда. Давлат сирларидан фойдаланиш
ҳуқуқини расмийлаштириш асослари
Ўзбекистон Республикаси фуқароларига давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш қуйидагиларни назарда тутади:
давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар билан ишлаш заруратини аниқлашни;
давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатноманинг мавжудлигини;
давлат сирларидан бевосита фойдаланиш ҳуқуқини бериш тўғрисида давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот раҳбари томонидан қарор қабул қилинишини.
Давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини беришни рад этиш тўғрисидаги қарор давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот раҳбари томонидан ушбу Қонунга асосан қабул қилинади. Мазкур қарор шахс ўзига ишониб топширилган давлат сирларини ошкор этмаслик тўғрисидаги ёзма мажбуриятни ўз зиммасига олишни рад этган тақдирда ҳам қабул қилинади.
Давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини расмийлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
29-модда. Давлат сирларидан фойдаланиш
ҳуқуқини бекор қилиш асослари
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ёки мансабдор шахснинг давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот раҳбарининг қарори билан бекор қилиниши мумкин:
шахс давлат сирларидан фойдаланиш ва уларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ ўз зиммасига олган мажбуриятларни ҳамда чекловларни бузганда;
ушбу Қонун 27-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштиришни рад этишга асос бўладиган ҳолатлар юзага келганда;
давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот билан меҳнат шартномаси тугатилганда;
давлат сирларидан фойдаланиш билан боғлиқ ишларни бажаришдаги иштирок якунланганда ёки бундай ишлар тугатилганда;
ушбу Қонуннинг 26-моддасида кўрсатилган мансабдор шахсларнинг ваколатлари тугатилганда;
шахсга берилган давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома бекор қилинганлиги тўғрисида давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотга махсус ваколатли давлат органи томонидан кўрсатма киритилганда.
Давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи шахсга берилган давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома бекор қилинганда тугатилади. Махсус ваколатли давлат органининг қарори давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатноманинг бекор қилиниши учун асос бўлади.
Давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатноманинг бекор қилиниши қуйидагилар учун асос бўлади:
шахсни давлат сирлари билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишга ўтказиш;
шахс билан меҳнат шартномасини бекор қилиш, агар бажариладиган иш бундай рухсатномани талаб қилса.
Давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатноманинг бекор қилиниши шахсларни давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмаслик бўйича ўз зиммасига олинган мажбуриятларни бажаришдан озод этмайди.
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот раҳбарининг давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.
30-модда. Давлат сирларидан хабардор бўлган
шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш
Давлат сирларидан хабардор бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари вақтинча чекланиши мумкин.
Чекловлар қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилиши мумкин:
давлат сирларидан фойдаланишга доир расмийлаштирилган рухсатноманинг амал қилиши ва меҳнат шартномасида (контрактда) назарда тутилган муддати ичида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиш ҳуқуқига (фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун);
давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган кашфиётлар ва ихтиролардан фойдаланиш ҳамда бундай маълумотларни тарқатиш ҳуқуқига;
давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштириш даврида текширув тадбирларини ўтказиш чоғида шахсий ҳаёт дахлсизлигига бўлган ҳуқуққа.
Давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатноманинг амал қилиши тугатилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқишга доир чекловнинг амал қилиш муддати ҳар бир ҳолда шахсга маълум бўлган махфий маълумотларнинг хусусиятига қараб қуйидаги тарзда белгиланади:
"Алоҳида аҳамиятли" грифли махфий маълумотлар учун - кўпи билан уч йил;
"Мутлақо махфий" грифли махфий маълумотлар учун - кўпи билан икки йил;
"Махфий" грифли махфий маълумотлар учун - кўпи билан бир йил.
Давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатноманинг амал қилиши тугатилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқишга доир чекловга бериладиган истиснолар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
7-БОБ. ДАВЛАТ СИРЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТУВЧИ
МАЪЛУМОТЛАРНИ ТАСАРРУФ ЭТИШ
31-модда. Давлат сирларига эгалик қилиш, улардан
фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ давлат сирларига эгалик қилади, улардан фойдаланади ҳамда уларни тасарруф этади.
Давлат сирларини ва уларни ташувчиларни олувчи (сўраб олувчи) давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар улардан фойдаланишда тегишли махфийлик режимини таъминлайдиган шарт-шароитларни яратиши шарт.
32-модда. Давлат сирларини ташкил этувчи
маълумотларни юбориш
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг биргаликдаги ва бошқа фаолияти амалга оширилиши доирасида давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни юбориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
8-БОБ. ДАВЛАТ СИРЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ
33-модда. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларда
давлат сирларини ҳимоя қилишни таъминлаш
Давлат сирлари Ўзбекистон Республикасининг мулки ва унинг ҳимоясидадир.
Давлат сирларини ҳимоя қилиш давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг асосий вазифаларидан биридир.
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларда давлат сирларини ҳимоя қилишни ташкил этиш уларнинг раҳбарлари зиммасига юклатилади.
Давлат сирларини ҳимоя қилиш давлат сирлари ошкор этилишининг ва йўқолишининг олдини олишга қаратилган ташкилий, ҳуқуқий, муҳандислик-техник, криптографик ва бошқа чора-тадбирлар мажмуини қонунчиликка мувофиқ ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
34-модда. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг
мулкчилик шакли ёки фаолияти йўналишлари ўзгарганда
давлат сирларини ҳимоя қилиш
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар ўз мулкчилик шакли ёки фаолият йўналишлари ўзгарганда, шу жумладан давлат сирларидан фойдаланиш билан боғлиқ ишлар тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ва уларни ташувчиларни ҳимоя қилиш чораларини кўриши керак.
Бунда давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ташувчилар йўқ қилинади, сақлаш учун идоравий ёки давлат архивларига топширилади ёхуд белгиланган тартибда қуйидагиларга берилади:
давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотнинг ҳуқуқий ворисига, агар ушбу ҳуқуқий ворис кўрсатилган маълумотлардан фойдаланган ҳолда ишларни бажариш ваколатига эга бўлса;
тегишли ахборотни тасарруф этувчи, давлат сирларидан фойдаланувчи бошқа ташкилотга.
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот давлат сирларини ташувчилар йўқ қилинганлиги, давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар сақлаш учун архивга топширилганлиги ёхуд ҳуқуқий ворисга ёки тегишли ахборотни тасарруф этувчи, давлат сирларидан фойдаланувчи бошқа ташкилотга топширилганлиги тўғрисида махсус ваколатли давлат органини ёзма равишда хабардор қилиши керак.
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг мулкчилик шакли ва фаолияти йўналишлари ўзгарганда давлат сирларини ҳимоя қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
35-модда. Чет давлатларнинг ва халқаро ташкилотларнинг
махфий маълумотларини ҳимоя қилиш
Чет давлатларнинг ва халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасига халқаро шартномаларга асосан ёки унинг халқаро ташкилотларга аъзолиги муносабати билан берилган махфий маълумотларини, шунингдек уларнинг биргаликдаги фаолияти давомида шакллантирилган махфий маълумотларни ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.
36-модда. Давлат сирларини ҳимоя қилишга доир талаблар
Давлат сирларининг криптографик ва техник ҳимоя воситалари, шунингдек ахборотлаштиришнинг техник воситалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тегишли махфийлик даражасидаги ахборотни ҳимоя қилиш талабларига мувофиқликни тасдиқловчи сертификатга эга бўлиши керак.
Давлат сирларини ҳимоя қилиш воситаларини тадқиқ этиш, лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, реализация қилиш, таъмирлаш, ташиш, улардан фойдаланиш, уларни сақлаш ва утилизация қилиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши керак.
37-модда. Давлат сирларининг криптографик
ҳимоя воситаларини ишлаб чиқиш, ишлаб
чиқариш ва реализация қилиш
Давлат сирларининг криптографик ҳимоя воситаларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва реализация қилиш бўйича фаолият тегишли текширув тадбирлари натижаларига кўра махсус ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензияга асосан амалга оширилади.
Давлат сирларининг криптографик ҳимоя воситаларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва реализация қилиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
38-модда. Давлат сирларини ҳимоя қилиш
тадбирларини молиялаштириш
Давлат органлари ва ташкилотларининг, шунингдек уларнинг таркибий бўлинмаларининг давлат сирларини ҳимоя қилиш бўйича фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан, давлат сирларидан фойдаланувчи бошқа ташкилотларнинг фаолияти эса улар фаолиятининг асосий йўналишларидан олинадиган даромадлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Давлат сирларини ҳимоя қилиш тадбирларини амалга ошириш учун ажратиладиган бюджет маблағларининг сарфланиши устидан назорат қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Агар ушбу назоратни амалга ошириш давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлса, назоратни амалга оширувчи шахслар давлат сирларидан фойдаланишга доир тегишли шаклдаги рухсатномага эга бўлиши керак.
39-модда. Давлат сирларининг ҳимоя қилинишинитаъминлаш
устидан назорат
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларда давлат сирларининг ҳимоя қилиниши махсус ваколатли давлат органи томонидан назорат қилинади.
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар ўз тасарруфидаги барча ташкилотларда давлат сирларини ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини назорат қилиши шарт.
Давлат сирларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш устидан назорат қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
40-модда. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг
ходимлари учун бериладиган имтиёзлар
Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг ходимлари учун қуйидаги имтиёзлар белгиланади:
давлат сирлари билан ишлаганлик ва махфий-режим органларидаги хизмат даври учун қонунчиликда белгиланган тартибда иш ҳақига фоизли устамалар тўланишига бўлган ҳуқуқ;
давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларда ташкилий-штат ўзгаришлари амалга оширилганда ва бошқа тенг шартлар мавжуд бўлганда махфий-режим органлари ходимлари учун иш ўрнининг сақлаб қолинишига бўлган ҳуқуқ.
41-модда. Давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликни
бузганлик учун жавобгарлик
Давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
42-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун
ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш
Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
1) Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 7 майда қабул қилинган "Давлат сирларини сақлаш тўғрисида"ги 848-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, N 5, 232-модда);
2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 7 майда қабул қилинган "Давлат сирларини сақлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тўғрисида"ги 849-XII-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, N 5, 233-модда);
3) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 18 февралда қабул қилинган "Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги баъзи давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-522-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 2, 47-модда) 7-моддаси;
4) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-683-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 28-моддаси.
43-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,
моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
Ушбу Қонун кучга киргунга қадар амалда бўлган давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатларнинг махфийлик грифлари мазкур ҳужжатларни тайёрлаган (ишлаб чиққан) давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг махсус комиссиялари томонидан қайта кўриб чиқилиши шарт.
44-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ушбу Қонуннинг 6-моддасида назарда тутилган давлат сирларини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга бериш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойлик муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонуннинг 6-моддасида назарда тутилган давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларда экспертлар ва махсус комиссияларни шакллантириш ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойлик муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонуннинг 6-моддасида назарда тутилган давлат сирларининг ошкор этилиши ёки йўқотилиши оқибатида Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигига ёхуд давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар манфаатларига етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарар миқдорини аниқлаш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойлик муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонуннинг 6 ва 20-моддаларида назарда тутилган маълумотлар ва уларни ташувчилар махфийлаштирилиши натижасида маълумотларни ташувчиларнинг мулкдорига етказилган зарарнинг миқдорини аниқлаш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойлик муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонуннинг 6-моддасида назарда тутилган махфий-режим органлари ходимларининг лавозим маошларига давлат сирлари билан ишлаганлик ҳамда ушбу органлардаги хизмат даври учун устамалар миқдорини, шунингдек уларни тўлаш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойлик муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонуннинг 24-моддасида назарда тутилган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани бериш ва бекор қилиш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойлик муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонуннинг 30-моддасида назарда тутилган давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатноманинг амал қилиши тугатилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқишга доир чекловга бериладиган истиснолар бўйича тартибни ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ойлик муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонуннинг 32-моддасида назарда тутилган давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг биргаликдаги ва бошқа фаолиятни амалга ошириш доирасида юбориш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойлик муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонуннинг 34-моддасида назарда тутилган давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг мулкчилик шакли ва фаолияти йўналишлари ўзгарганда давлат сирларини ҳимоя қилиш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойлик муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
45-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. Мирзиёев
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2024 йил 28 декабрь