Юрист Предприятия
Корхона юристи / Қонунчиликдаги энг муҳим янгиликлар тўғрисида маълумот /2025 йил учун қонунчиликдаги янгиликлар
2025 ЙИЛ УЧУН ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР
2025 йил 1 декабрдан бошлаб:
Шундай тартиб жорий этилиб, унга мувофиқ:
а) қуйидагиларни рақамлаштирган ҳолда ягона тизим асосида Онлайн сейсмологик платформа ишга туширилади:
- содир бўлиши мумкин бўлган зилзилаларнинг минтақавий акселерограммалар базаси;
- республика ҳудудларини илмий таҳлил асосида сейсмик хавф даражаси бўйича таснифлашни назарда тутувчи умумий сейсмик ва батафсил районлаштириш хариталари;
- туман ва шаҳарлар марказларининг макросейсмик баллардаги ва чўққи тезланишдаги микроҳудудлаштириш хариталари;
- республикадаги мавжуд фаол тектоник ёриқлар харитаси;
б) Онлайн сейсмологик платформа "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимига интеграция қилиниб, ундаги сейсмологик кўрсаткичлар бўйича сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган бино ва иншоотлар лойиҳалаштирилади ҳамда мазкур кўрсаткичлар шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.
(20.10.2025 й. ПФ-184-сон "Сейсмик хавфсизликни таъминлаш ҳамда сейсмология соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент Фармони)
"Истеъмолчи-тадбиркор-нодавлат нотижорат ташкилотлар-давлат органлари" тизими жорий этилади. Бунда:
а) истеъмолчиларнинг барча мурожаатлари Рақобат қўмитасида ишга тушириладиган "Истеъмолчи мурожаати" ахборот тизими орқали қабул қилинади ва барча босқичларда мониторинг қилиб бориш тизими йўлга қўйилади;
б) "Истеъмолчи мурожаати" ахборот тизимини Солиқ қўмитасининг ягона ахборот тизимига интеграция қилиш орқали барча тадбиркорлик субъектларига истеъмолчилардан мурожаатлар келиб тушгани ҳақида хабар юбориш тизими йўлга қўйилади;
в) истеъмолчининг "Истеъмолчи мурожаати" ахборот тизими орқали рўйхатга олинган мурожаати, биринчи навбатда, тадбиркор томонидан Рақобат қўмитаси назорати остида 10 кун ичида кўриб чиқилади, истеъмолчи мурожаати ижобий ҳал этилмаган тақдирда, мурожаатчининг танловига кўра Қўмитага ёки нодавлат нотижорат ташкилотларга ўрганиб чиқиш учун юборилади. Бунда:
- истеъмолчи ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари мавжуд бўлганда, нодавлат нотижорат ташкилотлар тадбиркорга ихтиёрий тартибда ҳуқуқбузарликни бартараф этиш бўйича кўрсатма беради;
- агар тадбиркор 10 кун ичида ҳуқуқбузарликни ихтиёрий тарзда бартараф этмаса, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳолат юзасидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли ваколатли давлат органларига мазкур тизим орқали ёки судга мурожаат қилади;
г) Рақобат қўмитаси истеъмолчиларнинг тизимли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, номуайян доирадаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишларини амалга оширади.
(06.10.2025 й. ПҚ-296-сон "Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори)
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ нотариал хизматлар кўрсатишда қуйидаги талаблар бекор қилинади:
- республика ҳудудида нотариал тасдиқланган никоҳ шартномалари нусхасини "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизимига мажбурий юклаш тартибини жорий этиш орқали уларнинг аслини нотариуслар томонидан талаб қилиш;
- нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёни қайд этилган аудио ва видеоёзув файлларини электрон қурилмаларда сақлаш. Бунда ушбу турдаги аудио ва видеоёзувлар файлларини Тизимда тўғридан-тўғри нотариал ҳаракатга бириктириш ва сақлаш имконияти яратилади.
(09.09.2025 й. ПҚ-280-сон "Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори)
Идоралараро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали қуйидагилар бекор қилинади:
а) никоҳни расмийлаштиришда ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахслардан тиббий кўрик натижаларини тақдим қилиш талаби;
б) никоҳдан суд қарори асосида ажратилганда никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини шакллантириш учун ФҲДЁ органлари томонидан никоҳдан ажратилган шахслардан суд қарорининг талаб қилиниши. Бунда:
- никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви суд жойлашган жойдаги туман (шаҳар) ФҲДЁ органи томонидан "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизимида автоматик равишда шакллантирилади ҳамда суд қарори нусхаси никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги гувоҳномага тенглаштирилади;
- никоҳ бекор қилинганлигини қайд этганлик учун ундириладиган давлат божи суднинг қарорига асосан эр-хотиннинг ҳар иккаласидан ёки уларнинг биридан белгиланган тартибда Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан ундирилади;
в) чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурларнинг турар жойи, ўқиш жойи, иш жойи ва лавозимидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни тегишли мудофаа органларига тақдим қилиш мажбурияти;
г) автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлик гувоҳномасида автомототранспорт воситаси мулкдорининг манзилини кўрсатиш талаби.
(08.09.2025 й. ПФ-157-сон "Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент Фармони)
Белгиланишича, нодавлат суд экспертларига якка тартибда суд-экспертлик бюроси шаклида фаолият юритиш ҳуқуқи берилади.
(08.09.2025 й. ПҚ-270-сон "Cуд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори)
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ Экология вазирлиги атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизими маълумотлари базаларининг жамоатчилик учун очиқлигини таъминлайди ҳамда уларда қуйидаги маълумотларни жойлаштириб боради:
а) ҳар йили "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида экиладиган дарахт ва кўчатлар ҳақида (манзили, парваришлаш учун масъул шахслар, кўчат тури ва б.);
б) давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш учун юридик ва жисмоний шахслар томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш мақсадида тақдим этилган аризалар ҳақида (мурожаатчилар, дарахтлар сони, тури ва манзили) ва дарахтни кесиш бўйича ўтказиладиган жамоатчилик эшитуви ҳақида (санаси, вақти, манзили ва натижалари);
в) сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олиш бўйича жорий қилинган мораторий тартибини бузган шахслар ҳақида;
г) мўлжалланаётган ва (ёки) режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик фаолиятининг ҳамда бошқа фаолиятнинг атроф-муҳитга эҳтимол тутилган таъсири масалаларини аҳоли ва жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган жамоатчилик эшитувлари натижалари ҳақида;
д) стратегик экологик баҳолаш объектлари, жумладан, шаҳарсозлик ҳужжатларининг барча турлари, давлат дастурларининг, концепцияларининг, ишлаб чиқариш кучларини, иқтисодий ва ижтимоий соҳа тармоқларини жойлаштириш ҳамда ривожлантириш схемаларининг лойиҳалари юзасидан жамоатчилик эшитуви натижалари ҳақида;
е) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ўтказилган рейдлар, текширувлар, мониторинглар натижасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар ҳақида;
ж) ҳудудларга қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун бириктирилган санитар-тозалаш корхоналари (корхона номи, раҳбари ва унинг ўринбосари фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг телефон рақамлари, диспетчерлик хизмати ва мурожаатларни қабул қилиш хизмати маълумотлари, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш режа-графиклари) ҳақида;
з) чиқиндиларни қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш ва ёқиш орқали муқобил энергия ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар ҳақида (корхона номи, фаолият тури, телефон рақамлари, иккиламчи хомашё, сараланган чиқиндиларни қабул қилиш масканлари манзиллари).
(15.05.2025 й. ПҚ-184-сон "2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Президент қарори)
Божхона ҳудудида ёки ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимларида божхона юк декларацияларини соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш имконини берувчи "Толлинг операциялари" модули амалиётга жорий этилади.
(25.03.2025 й. ПФ-57-сон "Давлат божхона хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент Фармони)
2025 йил 1 ноябрдан бошлаб:
Белгиланишича, санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириш мақсадида давлат санитария назорати органи тизимидаги аккредитация қилинган лабораторияларда ўтказиладиган барча синовлар баённомалари электрон кўринишда "E-akkreditatsiya" ахборот тизимининг "E-laboratoriya" модули орқали расмийлаштирилади ҳамда ушбу органнинг расмий веб-сайтида хулосаси расмийлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг ягона онлайн реестри юритилади.
(06.10.2025 й. ПҚ-296-сон "Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори)
Белгиланишича, киберхавфсизлик талабларига риоя этган ҳолда мобил алоқа операторлари, тижорат банклари, тўлов ташкилотларига мобил иловалар орқали Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги пулли электрон давлат хизматларини кўрсатиш имконияти яратилади.
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга кўра:
- давлат олий таълим муассасалари талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қайтариш бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш имконияти яратилади;
- фермер ва деҳқон хўжалиги ҳамда тадбиркорлик субъектларига сув тақсимлаш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомиллар "Сув ҳисоби" сув ресурсларини бошқариш ягона тизими орқали фақат электрон шаклда амалга оширилади;
- транспорт воситасига газ балони ўрнатилганлигига оид маълумотларни электрон шаклда юритиш орқали транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.
(16.09.2025 й. ПҚ-286-сон "Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори)
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ:
а) Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жисмоний шахсларнинг шахсга доир айрим маълумотлари уларнинг шахсий кабинети орқали реал вақт режимида тақдим этилади. Бунда:
- жисмоний шахснинг Ягона порталдаги шахсга доир маълумотлари уларнинг қоғоз шаклига тенглаштирилади;
- ушбу маълумотлар Ягона порталнинг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда кўрсатилганда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мазкур маълумотларнинг қоғоз шаклини талаб қилиш тақиқланади;
б) давлат хизматлари марказларига келиб мурожаат қилинганда пенсионерларга, ҳомиладор аёлларга ва 3 ёшга тўлмаган боласи билан келган фуқарога давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш бўйича имтиёз берилади;
в) жисмоний шахсларни ягона идентификация тизимидан (OneID) рўйхатдан ўтказишда муқобил тарзда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face ID) тартиби йўлга қўйилади;
г) автомототранспорт воситаси мулкдорининг маълумотлари ўзгарганда мулкдорнинг хоҳишига кўра автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ариза композит тарзда ФҲДЁ органи ёки давлат хизматлари маркази томонидан ички ишлар органларига юборилади;
д) давлат хизматлари марказларига Ягона портал орқали жорий этилган барча давлат хизматлари бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади;
е) Ягона портал, давлат хизматлари марказлари ва "Лицензия" ахборот тизими орқали берилган аризалар асоссиз рад этилганда фуқароларнинг мурожаатлари ва адлия органларининг тегишли хулосасига асосан давлат хизмати учун ундирилган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг ваколатли органларга йўналтирилган қисми улар томонидан фуқароларга қайтариб берилади.
(08.09.2025 й. ПФ-157-сон "Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент Фармони)
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича шартнома асосида адвокат сўровига кўра суд-экспертиза ташкилотларида экспертиза ўтказиш тартиби жорий этилади.
(08.09.2025 й. ПҚ-270-сон "Cуд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори)
Белгиланишича, умумий овқатланиш корхоналари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар учун белгиланган жисмоний шахслардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нақд пулга харид қилинганда, ушбу товарлар учун кирим ҳужжатларини электрон шаклда расмийлаштириш тартиби барча тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилади.
(19.08.2025 й. ПФ-138-сон "Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармони)
Белгиланишича, рақамли платформалар орқали масофавий биометрия воситаси ёрдамида идентификация қилиш ва мобил телефон рақамига СМС-хабар юбориш йўли билан якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш имконияти яратилади.
(12.08.2025 й. ПҚ-247-сон "Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори)
Белгиланишича:
а) хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захираларини шакллантиради. Бунда мажбурий захиралаш:
- ходимлар умумий сонининг 3%идан ошмаслиги зарур;
- ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланади;
б) бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50%дан юқори бўлган корхоналар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захираларини шакллантиради. Бунда мажбурий захиралаш:
- ходимлар умумий сонининг 7%идан ошмаслиги зарур;
- ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилади;
в) бандлик органлари захирадаги иш ўринларига йўлланмаларни ташкилотларнинг рўйхатдаги навбати бўйича беради. Йўлланмаларни беришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг яшаш манзилига яқинлиги ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган ходимларнинг амалдаги сони инобатга олинади;
г) ходимлари сони 50 кишигача бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам микрофирмалар тоифасига киритилган иш берувчилар учун белгиланган ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари татбиқ этилади;
д) ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади. Бунда:
- ишсизлик нафақаси сўнгги 5 йилда камида 18 ой ишлаган шахсларга меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг улар 6 ой ичида мурожаат қилганда, уларнинг охирги 18 ойлик ўртача иш ҳақи ҳисобидан 3 ой давомида тўланади;
- биринчи ойда ўртача ойлик иш ҳақининг 75%и, лекин МҲТЭКМнинг 3 бараваридан ошмаган миқдорда, иккинчи ва учинчи ойларда эса ўртача ойлик иш ҳақининг 50%и, лекин МҲТЭКМнинг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўловлар амалга оширилади;
- ишсизлик нафақасини такроран белгилашда дастлабки тайинланган нафақани олиш муддати тугагандан сўнг қўшимча равишда камида 12 ойлик иш стажи талаб этилади;
е) ишсизлик нафақасини олувчи шахс бандлик органлари томонидан юборилган ёки эълон қилинган бўш иш ўринларига суҳбатга бормаган ёки таклиф этилган мақбул ишдан бош тортган тақдирда, нафақа тўлови кейинги ойнинг биринчи санасидан тўхтатилади.
Малакасини ошириш ва касбга қайта тайёрланиш истагидаги шахсларга қўшимча таълим олиш учун "касб ваучери" бериш тартиби жорий этилади.
"Касб ваучери" ссуда сифатида берилади. Шахс ўқишни тугатиб сертификат олгач, ишга жойлашганидан сўнг олинган ссудани 2 йил давомида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига қайтаради (ногиронлиги бўлган шахслар ва Камбағал оилалар реестридаги оилалар аъзолари бундан мустасно).
Ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек, муддати 3 ойдан ортиқ давом этадиган курсларда таълим олаётган Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзоларига ва доимий яшаш жойидан бошқа ҳудудга қатнаб таълим олаётган шахсларга касб-ҳунар курсларида таълим олиш даврида Жамғарма ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида стипендия тўланади. Бунда ишсизлик нафақаси тўланиши даврида ўқувчиларга стипендия тайинланмайди.
(04.08.2025 й. ПФ-126-сон "Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент Фармони)
Ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида йўловчи божхона декларациясининг мобил иловаси амалиётга жорий этилади.
(25.03.2025 й. ПФ-57-сон "Давлат божхона хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент Фармони)
2025 йил 1 октябрдан бошлаб:
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгилари бериш учун ягона оширилган тўлов миқдори "Uzavtomotobelgi" ДУК томонидан белгиланади.
Белгиланишича, "Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси" АЖ давлат рақами белгиларининг аукцион савдоларини тўхтатади.
(Вазирлар Маҳкамасининг 04.09.2025 й. 562-сон "Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори)
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ:
- судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясининг 6 ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида давлат гранти асосида суд ихтисосликлари бўйича ташкил этилади;
- касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахслар уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланган ҳолда асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади;
- касбий қайта тайёрлаш курслари тингловчиларига судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатига ҳақ тўлаш фонди миқдорида ҳар ойда стипендия тўланади;
- касбий қайта тайёрлаш курсларига кириш учун Судьялар олий кенгаши томонидан номзодларнинг бенуқсон обрў-эътибори, ҳалоллиги ва лаёқатлилиги бўйича касбига муносиблиги ўрганилади;
- касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш психология, чет тиллари ва суд ихтисослиги бўйича тест синовларини ўтказиш ҳамда Судьялар олий кенгаши томонидан ташкил этиладиган идоралараро комиссия томонидан ўтказиладиган ёзма имтиҳон ва якка тартибдаги суҳбатдан иборат танлов орқали амалга оширилади. Бунда тест синовлари Академия буюртмасига биноан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан амалга оширилади;
- касбий қайта тайёрлаш курслари қонунчиликни қўллаш кўникмасининг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда "назария - амалиёт-имитация" тамойили асосида дуал таълим шаклида ташкил этилади;
- касбий қайта тайёрлаш курслари тингловчиларининг амалий кўникмасини шакллантириш мақсадида амалий машғулотлар деонтологик услубда ўтказилади. Бунда тингловчиларнинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура, суд-экспертиза ва бошқа давлат органлари ва муассасалари фаолиятида бевосита иштирок этиши таъминланади;
- касбий қайта тайёрлаш курсларида суд мажлисларини реал вақт режимида кузатиш ва судьянинг процессуал ҳаракатларини таҳлил қилиш имконини берувчи "виртуал суд" машғулотлари жорий этилади, шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича ўқув дарслари ташкил этилади;
- касбий қайта тайёрлаш курсларини тамомлаганда Судьялар олий кенгаши раҳбарлигида ташкил этиладиган идоралараро комиссия томонидан якуний аттестация имтиҳони ўтказилади ҳамда ундан муваффақиятли ўтган битирувчиларга белгиланган намунадаги сертификат берилади;
- касбий қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тугатганлиги тўғрисидаги сертификатга эга бўлган шахслар аризасига асосан бўш судьялик лавозимларига ўтказиладиган танловларда иштирок этадилар;
- касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқиш дастурини ўзлаштирмаган ва якуний аттестация имтиҳонидан муваффақиятли ўтмаган тингловчилар, бўш судьялик лавозимига 3 йилгача муддатда ариза топширмаган ёки таклиф этилган судьялик лавозимини эгаллашни рад этган битирувчилар ўқиш даврида олинган стипендия суммасини Давлат бюджетига тўлиқ миқдорда қоплаб берадилар.
(21.08.2025 й. ПФ-141-сон "Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармони)
2026 йил 1 октябрга қадар инвестиция платформаларидан "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режимида қуйидаги йўналишларда фойдаланишга рухсат берилади:
- қимматли қоғозларни жойлаштириш ва сотиб олишда;
- венчур ва пай фондларини молиялаштиришда;
- коммандит ширкатларга ҳисса киритишда.
Махсус ҳуқуқий режим доирасида:
- юридик шахс ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари инвестиция жалб этишни талаб этадиган лойиҳаларини ҳамда улушга эга бўлиш орқали тадбиркорлик фаолиятида иштирок этишга оид таклифларини инвестиция платформаларида жойлаштиришга ҳақли;
- инвесторлар инвестиция платформаларида эълон қилинган инвестиция лойиҳаларини танлаш ва уларга маблағ киритиш орқали инвестиция фаолиятини амалга ошириш ҳамда шу орқали фойда олиш ҳуқуқига эга;
- инвестиция платформалари орқали амалга ошириладиган лойиҳалар инвестиция ва бошқарув компаниялари орқали ҳам бошқарилиши мумкин.
(21.08.2025 й. ПҚ-255-сон "Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори)
Маҳаллаларда футбол майдонларини барпо этиш бўйича "Ҳар бир маҳаллада футбол майдони" дастури жорий этилади.
"Ҳар бир маҳаллада футбол майдони" дастури доирасида:
- маҳаллалардаги бўш турган давлат мулки объектлари (ер участкалари) уларнинг бир қисмида футбол майдони барпо этиш ва камида 10 йил мобайнида унинг фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаслик шарти билан электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади;
- электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига харид қилинган бўш турган давлат мулки объекти (ер участкаси)нинг қолган қисмидан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқи берилади;
- электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилган давлат мулки объектлари (ер участкалари) 3 ой давомида сотилмаган тақдирда, уларнинг бошланғич баҳоси босқичма-босқич 10%дан, лекин кўпи билан 50%гача пасайтирилган ҳолда ва сотиб олиш тўловларини 3 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан савдоларга чиқарилади.
(21.08.2025 й. ПҚ-262-сон "Ўзбекистонда футбол соҳасини рақамлаштириш ва оммавийлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори)
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ қуйидаги хорижий ташкилотлар томонидан рўйхатдан ўтказилган дори воситалари Ўзбекистон Республикасида тан олиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилади:
- 2025 йил 23 августга қадар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рўйхатига киритилган тартибга солувчи органлар (WHO Listed Authorities);
- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Глобал таққослаш воситаси (Global Benchmarking Tool) бўйича етукликнинг 4-даражасидаги (Maturity Level 4) тартибга солувчи органлар.
(19.08.2025 й. ПФ-137-сон "Дори воситалари ва тиббий жиҳозлар муомаласини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент Фармони)
Қорақалпоғистон Республикасида норуда фойдали қазилмаларни қайта ишлашни ташкил қилган тадбиркорлик субъектларига ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқу
...