ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Архив / Январь, 2025 й. / Таълим тўғрисида /

Олий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.01.2025 й. 14-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Вазирлар Маҳкамасининг

2025 йил 16 январдаги

14-сон қарорига

ИЛОВА



Олий таълим тизимида дуал таълимни

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом олий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом:

а) Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Банк-молия академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотларининг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди;

олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари дуал таълимни ушбу Низом асосида ишлаб чиқилган ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган тартибга мувофиқ амалга ошириши мумкин;

б) нодавлат олий таълим ташкилотлари учун тавсиявий тусга эга ҳисобланади.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


дуал таълим - назарий қисми олий таълим ташкилотида, амалий қисми эса корхонада (иш жойида) ўтказиладиган таълим жараёни;


дуал таълим дастури - олий таълим ташкилоти ва корхонада талабанинг муайян таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича билим олиши ҳамда унинг касбий билим ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув режаси, ўқув дастур (модул)лари, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти дастурларидан иборат ҳужжатлар тўплами;


дуал таълим асосида ўқитиш - талабалар ўқув машғулотларини бир ҳафтада, қоида тариқасида, камида икки кун таълим дастурининг назарий қисмини олий таълим ташкилотида, қолган кунлари ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмларини корхонада ўтказишларини назарда тутувчи ўқитиш усули;


"Касб эгаси" дуал таълим тизими - назарий қисми олий таълим ташкилотида, амалий қисми эса йўлланма асосида иш жойида ўтказиладиган ҳамда корхона томонидан иш ҳақи тўланадиган таълим жараёни;


ўқув режаси - ўқув жараёнининг барча таркибий қисмлари ва ўқитиладиган ўқув фанларининг соатлари миқдори, кетма-кетлиги, ўқув жараёни жадвали ва тингловчиларни аттестациядан ўтказиш муддатларини белгилайдиган ҳужжат;


корхона (ташкилот) - олий таълим ташкилоти билан дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш бўйича шартнома тузган юридик шахс;


иш жойи - дуал таълимда талабага корхонанинг ички тартиб-қоидалари, тегишли вазифалари ҳамда таълим дастурларига мувофиқ амалий кўникма ва малакаларни эгаллаш учун белгиланган иш ўрни;


амалиёт раҳбари (устоз) - таълим жараёнининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмини ўтказиш учун корхона томонидан талаба(лар)га бириктирилган масъул ходим;


шартнома - корхона, олий таълим ташкилоти ва талаба ўртасида дуал таълимни амалга ошириш учун тузилган уч томонлама битим.


3. Дуал таълим шакли жорий этиладиган олий таълим ташкилотлари тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (кейинги ўринларда - Палата) томонидан белгиланади.


4. Дуал таълим шакли бўйича таҳсил олаётган талаба бириктирилган корхона фаолияти тугатилганда дуал таълим шакли бўйича талабанинг ўқишини давом эттириш юзасидан бошқа корхона билан шартнома имзоланиши ёки талабанинг ўқиши мос таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича кундузги, кечки, сиртқи ёки масофавий таълим шаклига ўтказилиши мумкин.

Қолган ҳолатларда талабалар ўқиши белгиланган тартибга мувофиқ кўчирилади.



2-БОБ. ДУАЛ ТАЪЛИМНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Дуал таълимнинг мақсади қуйидагилардан иборат:

талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш;

талабаларда таълим олаётган таълим йўналиши (мутахассислиги) бўйича амалий кўникмаларни шакллантириш;

талабалар учун ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, корхоналарда ишлаб чиқариш (шунингдек, ташкилий-бошқарув) фаолиятига оид тажрибаларни ўрганишни ташкил этиш;

талабаларнинг касбий ва ижодий қизиқишларини ривожлантириш;

битирувчиларнинг замонавий техника ва технологиялар билан ишлаши учун зарур амалий кўникма ва малакаларга эга бўлишини таъминлаш;

олий таълим ташкилоти ва корхонада ўқитиш, шунингдек, олий таълим ташкилотининг ўқув жараёнига янги ўқитиш технологияларини жорий этиш орқали талабаларнинг рақобатбардошлигини ошириш.


6. Дуал таълимнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

меҳнат бозори эҳтиёжларига, иқтисодиёт тармоқларини ва ривожланиш истиқболларига мос равишда мутахассислар тайёрлаш;

ижтимоий шерикликни такомиллаштириш;

олий таълим ташкилотининг таълим дастурлари мазмуни ва тузилмасининг мобиллигини таъминлаш;

ишлаб чиқариш шароитидаги касбий тажрибани ўргатиш учун талабаларга етарли шароит яратиш;

талабаларга ўқиш ва ишлаш имкониятларини яратиш.


7. Дуал таълим шакли тўлов-контракт асосида амалга оширилади.



3-БОБ. ДУАЛ ТАЪЛИМНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТАРТИБИ


8. Олий таълим тизимида дуал таълим ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида ташкил этилади.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1 февралга қадар дуал таълим ташкил этиладиган корхоналар, таълим йўналишлари ва олий таълим ташкилотлари бўйича Вазирликка ҳамда Палатага таклифлар киритади.


10. Давлат олий таълим ташкилотларининг дуал таълим шакли бўйича қабул параметрлари белгиланган тартибга мувофиқ тасдиқланади.


11. Палата Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

ҳар йили 1 июнга қадар дуал таълим шаклида талабаларни қабул қиладиган корхоналар имкониятларини ўрганади ва дуал таълим ташкил қилиниши мумкин бўлган корхоналар рўйхатини эълон қилади;

ҳар йили 1 сентябрга қадар дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилинган талабаларни дуал таълим ташкил қилинадиган корхоналарга бириктириш бўйича корхона, талаба ва олий таълим ташкилоти ўртасида шартномалар имзоланишини ташкил этади;

дуал таълим ташкил қилинган корхоналарда талабалар учун яратилган шарт-шароитларнинг доимий мониторингини юритади.


12. Давлат олий таълим ташкилотларига дуал таълим шакли бўйича талабалар ўқишга олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ қабул қилинади.


13. Дуал таълимни ташкил қилиш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

дуал таълим шакли асосида олий маълумотли кадрларни тайёрлашга бўлган талаб ва таклифларни ўрганиш;

дуал таълим ташкил этиладиган корхоналар ва олий таълим ташкилотлари рўйхатини шакллантириш;

дуал таълим ташкил этиладиган олий таълим ташкилотлари ва таълим йўналишлари (мутахассисликлар) рўйхатини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идораларнинг иқтисодиёт тармоқларида олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб шакллантириш;

дуал таълим дастурларини ишлаб чиқиш;

корхона, олий таълим ташкилоти ва талаба ўртасида уч томонлама шартнома тузиш;

корхоналарда кафедра филиалларини ташкил этиш;

талабаларни дуал таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилиш;

дуал таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш.


14. Дуал таълим дастури белгиланган тартибда тасдиқланган малака талаблари асосида олий таълим ташкилоти томонидан корхона билан ҳамкорликда ўқув жараёни бошланишидан камида бир ой олдин ишлаб чиқилади.


15. Дуал таълимни жорий этиш бўйича корхона, олий таълим ташкилоти ҳамда талаба ўртасида расмийлаштириладиган шартномаларнинг намунаси Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.


16. Олий таълим ташкилотлари дуал таълим ташкил қилинаётган корхоналарда тегишли мутахассислик бўйича кафедра филиалларини ташкил этади.


17. Дуал таълимнинг назарий ва амалий қисми муддатлари ҳамкор корхона ва ташкилотлар билан келишилган ҳолда, олий таълим ташкилоти томонидан белгиланади.

Ўқув режасида талабаларнинг олий таълим ташкилотида таълим дастурининг назарий ва амалий қисмини, ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмларини корхонада ўтказишлари назарда тутилади.

Ўқитишнинг давомийлиги кундузги таълим шакли бўйича тегишли таълим йўналишларидан кам бўлишига (кўп бўлиши мумкин) йўл қўйилмайди.


18. Таълим йўналиши (мутахассислик) хусусиятидан келиб чиқиб, талабаларни дуал таълим асосида ўқитиш бир ҳафтада камида икки кун таълим дастурининг назарий қисмини олий таълим ташкилотида, қолган кунлари эса ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмларини корхонада ўтказиш орқали ёки амалиёт шаклида ҳам ташкил этилиши мумкин.


19. Дуал таълимнинг назарий қисми қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ олий таълим ташкилотида ҳар йили сентябрь ойининг биринчи ҳафтасидан бошлаб ташкил этилади.


20. Корхонанинг тегишли буйруғи асосида дуал таълим бўйича талаба(лар)га тажрибали ходимларидан амалиёт раҳбари (устоз) бириктирилади.

Амалиёт раҳбарига (устозга) корхона томонидан белгиланган тартибда қўшимча равишда меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби жорий этилади.

Амалиёт раҳбарининг фаолияти корхона томонидан назорат қилинади.


21. Корхона томонидан талабаларга бириктириладиган ҳар бир амалиёт раҳбарига (устозга) тўғри келадиган талабалар ва иш ўринлари сони технологик жараёнларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда белгиланади.


22. Дуал таълимнинг амалий қисми корхонада малакали ва тажрибали мутахассислар ҳамда профессор-ўқитувчилар томонидан ўқув йили мобайнида ташкил этилади.

Талабага дуал таълим жараёнида корхонадаги фаолияти учун корхона томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақи тўланади.


23. Дуал таълим жараёни олий таълим ташкилоти томонидан корхона билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган ўқув режаси ва ўқув жараёни жадвали асосида ташкил этилади.

Талабаларнинг таълим жараёни назарий қисмидаги иштироки олий таълим ташкилотида тегишли профессор-ўқитувчи томонидан, ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмидаги иштироки эса корхонада амалиёт раҳбари (устоз) томонидан мувофиқлаштирилиб борилади.

Корхона талабаларнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмдаги иштироки юзасидан қўшимча қайд этиш ҳужжатларини юритиши мумкин.


24. Олий таълим ташкилоти ва корхона талабаларнинг иштироки, ўзлаштириши, ички тартиб-қоидаларга риоя этиши каби масалаларда маълумот алмашинувини йўлга қўяди.

25. Талабаларни баҳолаш ва якуний давлат аттестациясини ўтказиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


26. Вазирлик дуал таълимни ташкил этишда қуйидагиларни амалга оширади:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар билан дуал таълим ташкил қилинадиган корхона ва олий таълим ташкилотида таълим жараёнини ташкил этиш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўяди;

дуал таълим жараёнини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

дуал таълимни ташкил этиш билан боғлиқ ўқув-методик таъминот ва норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш чораларини кўради;

олий таълим ташкилотларида дуал таълимнинг ташкил этилиши юзасидан мониторинг юритади.



4-БОБ. "КАСБ ЭГАСИ" ДУАЛ ТАЪЛИМ

ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


27. Олий таълим ташкилотларида "Касб эгаси" дуал таълим тизими ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.


28. "Касб эгаси" дуал таълим тизимини ташкил этиш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

Палата томонидан ҳар йили 1 майга қадар корхоналарга "Касб эгаси" дуал таълимни ташкил этиш бўйича эълон берилади;

Ягона миллий меҳнат тизими платформасидаги иш берувчиларнинг шахсий кабинети орқали корхоналарнинг штат бирлиги ва бўш иш ўринлари Палатанинг онлайн платформасига реал вақт режимида бериб борилади;

Палата томонидан ҳар йили 20 июнга қадар корхоналарда қўшимча ишчи кучи ва уларнинг малакасига бўлган талаб шакллантирилади;

шакллантирилган иш ўринлари ва малака талаблари тўғрисида маълумотлар ҳар йили 1 июлга қадар Палатанинг онлайн платформасини Вазирликнинг ахборот тизимига интеграция қилиш орқали олий таълим ташкилотлари талабаларига етказилади;

корхонада бўлиб ўтадиган амалий машғулотлар дастури, ўқув жараёни жадвали, талабалар сони олий таълим ташкилоти, Палата ва корхона томонидан ҳар йили 15 июлга қадар платформада тасдиқланади;

олий таълим ташкилоти ҳар йили 1 августга қадар корхонада ўтказиладиган амалий машғулотларнинг тасдиқланган дастури асосида таълим йўналишлари бўйича мутахассислик фанларининг ўқув дастурларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

ҳар йили 25 августга қадар олий таълим ташкилоти, корхона ва талаба ўртасида "Касб эгаси" дуал таълим тизимини ташкил этиш бўйича шартнома тузилади;

Палатанинг онлайн платформаси орқали талабалар томонидан танланган иш ўринлари бўйича электрон йўлланмалар ҳар йили 1 сентябрга қадар тегишли корхонага етказилади;

электрон йўлланма асосида таълим жараёнини бевосита корхоналарда амалга оширган талабалар учун корхона томонидан иш ҳақи ҳисобланади ва Палата томонидан тақдим этилган талабалар рўйхатига асосан тўланади;

корхона томонидан талабаларга ҳар ой учун ҳисобланган иш ҳақининг 2 миллион сўмгача бўлган қисми Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши учун Палатанинг онлайн платформасидан ариза берилади;

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси уч кун муддатда ариза бўйича олий таълим ташкилотига сўров юборади.


29. Иш ҳақининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаш учун ажратиладиган маблағлар корхонанинг алоҳида ҳисобварағига ўтказилади.

Бунда ажратиладиган маблағлар корхонадаги масъул раҳбарнинг хулосасига мувофиқ олий таълим ташкилоти кенгашининг қарори асосида қоплаб бериш учун тавсия (ўн кун муддатда) этилади.


30. Корхонада ўтказиладиган амалий машғулотни ташкил этиш муддатлари олий таълим ташкилоти ва корхона томонидан келишилган ҳолда белгиланади ҳамда ўқув жараёни жадвалига белгиланган тартибда киритилади.



5-БОБ. КОРХОНА, ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИ

ВА ТАЛАБАЛАРНИНГ ДУАЛ ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ БЎЙИЧА ВАЗИФАЛАРИ,

ҲУҚУҚЛАРИ ҲАМДА МАЖБУРИЯТЛАРИ


31. Корхона:

олий таълим ташкилоти билан ҳамкорликда дуал таълим дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, тасдиқлайди;

олий таълим ташкилоти билан биргаликда талабаларни ўқишга қабул қилингандан сўнг 1 сентябрга қадар дуал таълим бўйича тегишли шартномаларни расмийлаштиради;

дуал таълимда ўқитиш муддатларини ҳамда ташкилотга юборилаётган талабалар таркибини олий таълим ташкилоти билан келишади;

талабалар билан шартномалар тузади ва олий таълим ташкилоти билан келишилган муддатларда талабаларни қабул қилади;

ҳар бир талабага дуал таълим дастурининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмини ўргатиш учун амалиёт раҳбарини (устозни) бириктиради;

бириктирилган амалиёт раҳбари (устоз) томонидан дуал таълим дастури, лавозим йўриқномалари ва мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайди;

талабани ўзлаштирган мутахассислик бўйича натижаларини баҳолаш жараёнини ташкил этади;

якуний давлат аттестациясида қатнашади.

Корхона қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.


32. Корхона қуйидаги ҳуқуқларга эга:

машғулотларнинг назарий қисми ўқитилиши юзасидан олий таълим ташкилотига мурожаат қилиш;

дуал таълим сифатини ошириш юзасидан олий таълим ташкилотига таклифлар бериш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ва уларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар бериш;

бир нечта олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш.

Корхона қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


33. Корхонага қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

машғулотларнинг амалий қисмини корхонада ўтказиш учун шароит яратиш;

талабаларни меҳнат қонунчилиги асосида ишга қабул қилиш;

талабаларни корхонада ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисми даврида аниқ иш жойи ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш;

талабани корхонанинг тузилмаси бўйича барча бўлим функцияларини ўрганиш ва жараёнда бевосита (дублёр сифатида) иштирок этишларини таъминлаш;

талабаларни корхона устави, ички тартиб-қоидалари, тиббий (санитария), ёнгин хавфсизлиги қоидалари ҳамда бошқа талаблар билан таништириш;

талабаларнинг корхонадаги фаолияти давомида техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш;

талабаларга ўз уставига мувофиқ амалий жараёнларда қатнашишга рухсат бериш;

талабалар кундалиги юритилишини таъминлаш;

олий таълим ташкилоти билан биргаликда дуал таълим амалга оширганлиги бўйича ҳисоботларни тайёрлаш.


34. Олий таълим ташкилоти:

корхона билан биргаликда талабаларни ўқишга қабул қилингандан сўнг 1 сентябрга қадар дуал таълим бўйича тегишли шартномаларни расмийлаштиради;

корхона билан биргаликда тегишли таълим йўналиш (мутахассислик)лари бўйича масъул вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда тасдиқланган таълим дастурлари асосида дуал таълим бўйича ўқув-методик ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

корхона билан дуал таълим дастури давомийлиги ҳамда талабаларнинг рўйхатини тасдиқлайди;

талаба ва корхона ўртасида дуал таълим бўйича тузилган шартномаларни рўйхатга олади;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ шартномаси мавжуд талабаларни дуал таълим бўйича гуруҳларга қабул қилишни ташкил этади;

дуал таълимни ташкил этиш, талабаларни корхонага юбориш, талабаларнинг ҳар бир гуруҳига масъул профессор-ўқитувчини буйруқ асосида бириктиради;

дуал таълим дастурини амалга оширишни таъминлайди;

корхона билан талабаларни баҳолашни ва якуний давлат аттестациясини белгиланган тартибда ташкил этади;

дуал таълдуал таълим бўйича тегишли вазирликлар ва идораларнинг буйруқлари ва кўрсатмаларини ўз вақтида бажаради.

Олий таълим ташкилоти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.


35. Олий таълим ташкилоти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

дуал таълимнинг амалий қисмини ташкил этиш бўйича корхонага мурожаат қилиш;

дуал таълим сифатини ошириш юзасидан корхонага таклифлар бериш;

дуал таълим жараёнини ташкил этиш учун тузилган шартномаларга томонлар билан келишган ҳолда ўзгартиришлар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз номидан юридик шахслар билан ваколати доирасида дуал таълимни ташкил этиш бўйича шартномалар ва бошқа ҳужжатлар тузиш;

дуал таълим бўйича тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан тушган маблағларни белгиланган тартибда сарфлаш.

Олий таълим ташкилоти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


36. Олий таълим ташкилоти ўз зиммасига қуйидаги мажбуриятларни олади:

дуал таълим учун масъул профессор-ўқитувчилар фаолиятини назорат қилиш;

иқтисодиёт тармоқларида кадрларга бўлган реал эҳтиёж асосида дуал таълимни ташкил этиш бўйича ҳамкорликни ташкил этиш;

талабанинг амалиёт кундалигини назорат қилиш.

Олий таълим ташкилотига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


37. Талабалар:

корхонанинг уставига мувофиқ иш жараёнларида белгиланган тартибда қатнашади;

ўқув машғулотларининг назарий ва амалий қисмида иштирок этади;

дуал таълим жараёни сўнггида якуний давлат аттестациясини топширади.

Талабалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.


38. Талабалар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тегишли таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича билим олиш;

ўқув, техника жиҳозлари ва воситаларидан, ўқув (ишлаб чиқариш) лаборатория хоналаридан, ахборот ресурс маркази ўқув зали ва адабиётлар фондидан, ёрдамчи хоналардан, спорт мажмуалари, олий таълим ташкилотига қарашли тиббий ва техник жиҳозлардан бепул фойдаланиш;

корхонада амалиёт базаларидан, корхонанинг моддий-техник базасидан фойдаланиш;

корхонадаги меҳнат ва жамоат ишларида қатнашиш;

дуал таълим вақтида корхонадан шартномага мувофиқ иш ҳақи олиш.

Талабалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


39. Талабалар ўз зиммасига қуйидаги мажбуриятларни олади:

корхона ва олий таълим ташкилотида белгиланган тартиб ва қоидаларга риоя қилиш;

дуал таълим жараёнида олий таълим ташкилоти ва корхона томонидан берилган вазифаларни ўз вақтида бажариш;

талаба кундалигини ўз вақтида юритиб бориш ва ҳисоботларни топшириш;

корхонадаги фаолияти давомида меҳнат ва техника хавфсизлиги талабларига риоя қилиш.

Талабаларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


40. Дуал таълимда таълим йўналиш (мутахассислик)лар бўйича тўлов-контракт миқдори бир талабани ўқитиш билан боғлиқ сарф-харажатлардан кам бўлмаган миқдорларда тегишли вазирликлар ва идораларнинг таклифлари асосида Вазирлик томонидан тасдиқланади.


41. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

         

          




Низомга

1-ИЛОВА



Олий таълим тизимида дуал

таълимни ташкил этиш

СХЕМАСИ

            

      

Босқичлар

       


      

Субъектлар

      


      

Тадбирлар

     


      

Муддатлар

       











1-босқич


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


         

1. Дуал таълим ташкил этиладиган корхоналар ва олий таълим ташкилотлари бўйича таклифлар тайёрлайди.


2. Таклифларни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ҳамда Савдо-саноат палатасига киритади.

        


Ҳар йили 1 февралга қадар











2-босқич


      

Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси  Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

        


Дуал таълим шаклида талабаларни қабул қиладиган корхоналар имкониятларини ўрганади ва дуал таълим ташкил қилинадиган корхоналар рўйхатини эълон қилади


Ҳар йили 1 июнга қадар











3-босқич


Олий таълим ташкилотлари, корхоналар


Дуал таълим дастурларини ишлаб чиқади.


     

Уқув жараёни

бошланишидан камида

бир ой олдин

       











4-босқич


Олий таълим ташкилотлари


Олий таълим ташкилотларида дуал таълимнинг назарий қисмини ташкил этади.


    

Ҳар йили сентябрь ойининг

биринчи ҳафтасидан

бошлаб

        








         



5-босқич


Олий таълим ташкилотлари,

корхоналар ва талабалар


           

Дуал таълимни амалга ошириш бўйича уч томонлама шартнома тузади.

         


Ҳар йили 1 сентябрга қадар











6-босқич


Корхоналар


          

1. Дуал таълимнинг амалий қисмини корхонада ташкил этади.


2. Талабага қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақи тўлайди.

          


Уқув йили мобайнида











7-босқич


    

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

      


1. Дуал таълим жараёнини мувофиқлаштиради.


2. Дуал таълим ташкил қилинган корхоналарда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар доимий мониторингини юритади.


Ўқув йили мобайнида




         

           




Низомга

2-ИЛОВА



Олий таълим ташкилотларида "Касб эгаси"

дуал таълим тизимини ташкил этиш

СХЕМАСИ

            

       

Босқичлар

         


      

Субъектлар

       


      

Тадбирлар

     


       

Муддатлар

      











1-босқич


Савдо-саноат палатаси, олий таълим ташкилоти, корхоналар, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги


         

1. Савдо-саноат палатаси ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) корхоналарига дуал таълимни ташкил этиш бўйича эълон беради.




Ҳар йили 1 майга қадар



2. Корхоналарнинг штат бирлиги ва бўш иш ўринларини Савдо-саноат палатасининг онлайн платформасига реал вақт режимида бериб боради.



Доимий



3. Корхоналарда қўшимча ишчи кучи ва уларнинг малакасига бўлган талабни шакллантиради.



Ҳар йили 20 июнга қадар



4. Иш ўринлари ва малака талаблари тўғрисида маълумотларни олий таълим ташкилотлари талабаларига етказади.

        


Ҳар йили 1 июлга қадар








2-босқич


Олий таълим ташкилоти, Савдо-саноат палатаси, корхоналар


        

1. Амалий машғулотлар дастури, ўқув жараёни жадвали ва талабалар сонини платформада тасдиқлайди.




Ҳар йили 15 июлга қадар



2. Амалий машғулотлар дастури асосида таълим йўналишлари бўйича мутахассислик фанларининг ўқув дастурларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритади.

          


Ҳар йили 1 августга қадар








3-босқич


Савдо-саноат палатаси, олий таълим ташкилоти, корхоналар, талабалар


          

1. Олий таълим ташкилоти, корхона ва талаба ўртасида "Касб эгаси" дуал таълим тизими бўйича шартнома тузилади.




Ҳар йили 25 августга қадар



2. Савдо-саноат палатасининг онлайн платформаси орқали талабалар томонидан танланган иш ўринлари бўйича электрон йўлланмаларни тегишли корхонага етказади.

         


Ҳар йили 1 сентябрга кадар








4-босқич


Олий таълим ташкилоти


         

1. Назарий машғулотларни олий таълим ташкилотида ташкил этади.


2. Назарий ўқув машғулотларни амалий машғулотлар уйғунлигини таъминлайди.

            


Ўқув жараёни жадвалига

мувофиқ











5-босқич


Корхоналар


         

1. Амалий машғулотларни корхонада ташкил этади.


2. Иш ҳақини ҳисоблайди ва Савдо-саноат палатаси томонидан тақдим этилган талабалар рўйхатига асосан тўлайди.

             


Ўқув йили мобайнида




        

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 23 январь










































































Время: 0.1287
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск