Нормативно-правовые акты
Нормативно-правовые акты / Налоговое законодательство / Ставки налогов / Ставки налогов на 2025 год/ Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг 27.12.2024 й. VII-3-030-10-0-К/24-сон "Тошкент вилоятининг 2025 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида"ги ҚарориПолный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
27.12.2024 й.
N VII-3-030-10-0-К/24
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИНИНГ
2025 ЙИЛГИ МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТИНИ
ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг "2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида" ЎРҚ-1011-сон Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2024 йил 14 октябрдаги 01-1239/12-сонли ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2024 йил 25 декабрдаги 01/51-1-26809-сонли хатларини инобатга олиб, Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши, ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикасининг "2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонуни (кейинги ўринларда Қонун деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур Қонунга мувофиқ, Тошкент вилояти маҳаллий бюджетининг 2025 йилги даромадлари 7 трлн. 086 млрд. 895,4 млн.сўм ва харажатлари 7 трлн. 086 млрд. 895,4 млн.сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги ҳамда республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 262 млрд. 599 млн.сўм миқдорида, шундан акциз солиғи тушумлари ҳисобидан ажратиладиган трансфертлар 262 млрд. 599 млн.сўм миқдорида тасдиқланганлиги инобатга олинсин.
3. Қонун 12-моддасига мувофиқ:
Солиқларнинг қуйидаги турлари туманлар ва шаҳарлар бюджетларига тўлиқ ҳажмда ўтказилади:
жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан жисмоний шахслар томонидан тўланадиган, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;
айланмадан олинадиган солиқ;
юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар бундан мустасно);
юридик шахслардан олинадиган ер солиғи (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар бундан мустасно);
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумларининг камида 50 фоизи (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар бундан мустасно);
давлат активларини ижарага беришдан тушумлар.
Қуйидагилар вилоят бюджетига тўлиқ ҳажмда ўтказилади:
юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар бундан мустасно);
юридик шахслардан олинадиган ер солиғи (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар бундан мустасно);
бензинни, дизель ёқилғисини ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғи;
тамаки маҳсулотлари (импорт орқали кирган маҳсулотлардан ташқари) учун акциз солиғи бўйича тушумлар, тегишинча ўтган молия йилининг 1 июль ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигидан олинган вилоят аҳолиси сонининг республика аҳолиси сонидаги улушига мувофиқ. Бунда даромадлар бўйича прогнознинг бажарилмаган қисми вилоят бюджетига республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади, даромадлар бўйича прогнознинг ошириб бажарилган қисми эса республика бюджети ихтиёрида қолади.
Солиқлар вилоятларнинг вилоят бюджетига қуйидаги улушларда:
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тушган тушумларнинг (жисмоний шахслар мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан тўлайдиган, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ташқари) Тошкент вилоятида 51 фоизи;
фойда солиғидан тушган тушумларнинг (Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали фаолиятни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан, шунингдек норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғидан ташқари) Тошкент вилоятида 49 фоизи;
алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво (импорт орқали кирган маҳсулотлардан ташқари) реализацияси учун акциз солиғининг Тошкент вилояти 5 фоизи ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қонунчиликда белгиланган миқдорларда тақсимланадиган қуйидаги даромадлар республика бюджети ва Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ўртасида тақсимланади:
давлат божлари;
жаримaлар;
йиғимлар;
давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни реализация қилишдан тушумлар.
Қонунчиликда белгиланган миқдорларда давлат активларини сотишдан маҳаллий бюджетларга тушадиган тушумлар туманлар ва шаҳарлар бюджетлари ҳамда вилоят маҳаллий бюджетлари ўртасида тенг улушларда тақсимланади.
Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари:
тегишли даражадаги маҳаллий бюджетларга ажратиладиган солиқларни ва бошқа турдаги даромадларни (шу жумладан ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган даромадларни) ҳамда бюджетлараро трансфертларни тақсимлашга;
даромадларнинг прогнозини ошириб бажаришдан олинган маблағларнинг бир қисмини туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун беришга ҳақли.
Халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари туманлар ҳамда шаҳарларда мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларига:
кўчмас мулк ижара бозорида шаклланган ҳақиқий ижара нархларидан келиб чиқиб 1,3 бараваригача оширувчи коэффициентларни қўллашга ҳақли.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашлари туман ва шаҳарлар бюджетларига тўлиқ бириктирилган даромадларни, вилоятнинг вилоят бюджетига йўналтириши таъқиқланади (бунда даромадлари харажатларидан юқори бўлган шаҳар ва туманлар мустасно).
Агар қонунчиликда даромадларнинг бюджет даражалари бўйича тақсимланиши назарда тутилмаган бўлса:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилиши лозим бўлган даромадларнинг турлари республика бюджетига ўтказилади;
Маҳаллий бюджетларга ўтказилиши лозим бўлган даромадларнинг турлари тегишинча вилоятнинг вилоят бюджетига ўтказилади.
Бюджет тизими бюджетларига ортиқча ёки нотўғри тўланган тушумларнинг суммаларини қайтариш уларни қайтариш санасида амалда бўлган ажратмалар нормативларига мувофиқ тегишли бюджет тизими бюджетларидан, бекор қилинган даромад турлари бўйича эса республика бюджетидан амалга оширилади.
Давлат корхоналари ҳамда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар (шу жумладан уларнинг таркибига кирувчи корхоналар томонидан) 2025 йилнинг 1 июлига қадар 2024 йил якунлари бўйича ўз соф фойдасининг 50 фоизи миқдорида ажратмалар ва давлат улуши бўйича дивидендлар ҳисобланади ҳамда 2025 йилнинг 1 сентябридан кечиктирмай тегишли даражадаги бюджетларга ўтказилади. Шунингдек устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улуши мавжуд бўлган олтин ва мис қазиб олувчи корхоналар 2024 ва 2025 йиллардаги давлат улуши бўйича соф фойдасининг 100 фоизини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига дивидендлар тарзида ўтказади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улуши мавжуд бўлган олтин ва мис қазиб олувчи корхоналар учун дивидендлар тўлаш миқдори ва даврийлигини қонунчиликда белгиланган тартибда аниқлашга ҳақлилиги маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
4. Қуйидагилар:
Тошкент вилоятининг 2025 йилга ривожлантиришнинг макроиқтисодий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага;
Тошкент вилоятининг вилоят маҳаллий бюджети даромадларининг 2025 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 2-иловага;
вилоятнинг вилоят бюджетидан 2025 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 3-иловага;
вилоят, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларига умумдавлат солиқлари ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек солиқ бўлмаган тўловлар бўйича белгиланадиган нормативлари 4-иловага;
Бунда, ажратма меёрлари бўйича вилоят маҳаллий бюджети билан туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг тақсимотини ўрнатилган тартибда "Давлат молиясини бошқариш" ахборот тизимига Тошкент вилояти Ғазначилик хизмати бошқармаси томонидан киритилиши белгилаб қўйилсин.
вилоят бюджетидан туман ва шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетларининг 2025 йил даромадлари ва харажатларининг чегаравий ҳажми 6-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
6. Вилоятнинг вилоят бюджети шахсий ғазна ҳисоб-варақларида турган бюджет маблағларининг 2025 йилда йўл қўйиладиган энг кам миқдори 24 млрд. 834,2 млн. сўм этиб ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетлари шахсий ғазна ҳисоб-варақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 7-иловага мувофиқ белгилансин.
7. Вилоятнинг вилоят бюджети захира жамғармаси ҳажми 2025 йил учун 32 млрд. 359,8 млн.сўм миқдорида белгилансин. Бунда:
соғлиқни сақлаш муассасаларини молиялаштириш харажатлари вилоят бюджетига ўтказилган ҳудудларда Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари олдинги йилдаги (2024 йилги) ҳажмидан кам бўлмаган миқдорларда шакллантирилади, бунда қўшимча маблағларни шакллантириш вилоят бюджетининг захира жамғармасини камайтириш ҳисобига амалга оширилади.
вилоят, туман ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари маблағларини амалдаги Бюджет кодексининг 73-моддасига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилиши таъминлансин.
8. Маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонунчиликда белгиланган миқдорлар доирасида:
Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслар бўйича мутлоқ миқдорда 1 гектар ер учун белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар, жисмоний шахслар бўйича (деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалигига мўлжаллаган ерлардан ташқари) мутлоқ миқдорда 1 кв.м учун белгиланган базавий солиқ ставкаларига нисбатан киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда ер солиғи ставкалари 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган бинолар ва иншоотларнинг 1 кв.м учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қийматга нисбатан киритилаётган коэффициентлар мувофиқ тасдиқлансин.
юридик шахслар бўйича мол-мулк солиқлари учун қўлланиладиган мутлоқ миқдорлари 9-иловага мувофиқ;
жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича ўрнатилган солиқ ставкаларига 0,7 дан 1,3 гача бўлган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар 10-иловага мувофиқ;
ЯТТлар учун белгиланган энг кам ва энг юқори ставкалари (диапазон) доирасида ҳудудлар кесимида миқдорлари 11-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Туман (шаҳар)лар халқ депутатлари Кенгашларига маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонунчиликда белгиланган миқдорларда қуйидагича тасдиқлаш тавсия қилинсин:
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкасига 0,7 дан 1,3 гача қўлланиладиган коэффициентлар миқдори 12-иловага мувофиқ;
норуда қурилиш материаллари учун (цементдан ташқари) белгиланган қатъий ставкаларига қўлланиладиган 1,3 баробаргача оширувчи коэффициентлар миқдори 13-иловага мувофиқ;
мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларига қўлланиладиган 1,3 баробаргача оширувчи коэффициентлар миқдори 14-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
9. Вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Тошкент вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (О.Турсунов), вилоят солиқ бошқармаси (А.Иннагамов) туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда 2025 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
10. Барча туман ва шаҳар ҳокимликлари, масъул бошқарма ва ташкилотлар 2025 йил учун ажратилаётган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат ва масъулиятни янада кучайтириш, тегишли маҳаллий бюджетларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушимини таъминлаш ҳамда бюджет даромадлар базасини ошириш ва қўшимча резервларни аниқлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратсин.
11. Вилоят солиқ бошқармаси (А.Иннагамов) ҳудудий солиқ органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган ваколатлардан келиб чиқиб:
солиқларнинг тўлиқ ва тўғри ҳисобланишини ҳамда ушбу солиқларни ўз вақтида бюджетга ундирилиши устидан солиқ назоратини ўрнатиш;
ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва мол-мулк солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказган ҳолда, солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминлаш ҳамда ушбу солиқ тўловлари бўйича солиқ қарздорлигига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
айланмадан солиқ тури бўйича солиқ тўловчилар томонидан нақд пул айланмаларининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий солиқ назоратини ўрнатиш ҳамда зарур ҳолларда хронометраж ва камерал солиқ назорати тадбирларини ўтказиш;
ер ва мол-мулк солиғининг солиқ базасини ошириш, яъни хатлов ишларини самарали ва мунтазам ташкил этиб бориш вазифалари юклатилсин.
12. Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилоят бошқармаси (О.Бозоров), вилоят солиқ бошқармаси (А.Иннагамов) билан ҳамкорликда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мавжуд солиқ қарздорликларини бюджетга ундириш юзасидан тегишли чоралар кўриб борсинлар ҳамда чораклар якуни билан солиқ қарздорликларининг чорак бошига нисбатан камайиб бориши бўйича барча комплекс чора-тадбирлар кўриш вазифаси юклатилсин.
13. Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси (С.Жумаев) Бўш турган объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси (Р. Пайзиев) билан биргаликда:
бўш турган давлат мулки объектларини аниқлаш бўйича доимий равишда хатлов ишларини ташкил этиш;
хатлов натижаларига кўра вилоятда мавжуд бўш турган давлат мулки объектлари рўйхатини шакллантириш, ижарага бериш ёки сотиш бўйича тегишли таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилсин.
14. Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси (Б.Қурбонов) ва вилоят солиқ бошқармаси (А.Иннагамов) туман ва шаҳар ҳокимлари билан биргаликда вилоятда суғоришга сарфланаётган сув ҳажмлари бўйича аниқ ҳисоб-китоблар юритган ҳолда мазкур истеъмол ҳажмлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлиқ ҳисобланишини ҳамда молия йили якунига қадар маҳаллий бюджетларга тўлиқ ундириб олиш вазифаси юклатилсин.
Бунда, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан истеъмол қилинаётган сув ресуслари ҳажмлари ва ушбу ҳажмлар бўйича ҳисобланаётган сув солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.
15. Вилоят ички ишлар бошқармаси (Т.Арипов), Адлия бошқармаси (А.Дадажонов) вилоятда бюджетга ҳисобланган бож, жарима ва йиғимларни ўз вақтида тўлиқ маҳаллий бюджетга ундириш чораларини кўриб борсинлар.
16. Вилоят солиқ бошқармаси (А.Иннагамов), Қишлоқ хўжалиги бошқармаси (Ш.Ҳайдаров) туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 709-сонли қарорига асосан қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага беришда ҳисобланган ижара ва қўшимча тўлов суммаларини белгиланган графикларга мувофиқ маҳаллий бюджетларга ундириш чораларини кўрсинлар.
17. Вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (Ф.Худойбердиев)га Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 июндаги "Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-299-сон қарорига асосан шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетларида озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларга "дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети" харажатлари учун режалаштирилган маблағларни йил давомида ҳақиқатда шаклланадиган талабдан келиб чиқиб, шаҳар ва туманлар ўртасида қайта тақсимлаш ваколати берилсин.
18. Халқ депутатлари ҳудудий Кенгашлар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексининг 27 ва 28-моддаларида белгиланган бюджет соҳасидаги ваколатларидан келиб чиқиб, бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тушумлар тўлиқ ва ўз вақтида тушиши ҳамда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатсин.
19. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар йили 25 январь кунига қадар бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан йиллик фаолияти тўғрисида маҳаллий Кенгашларга ҳисобот бериб борсин.
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилиш;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
20. Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси (Ж.Исмаилов) туман ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда ташқи реклама объектларини тўлиқ хатловдан ўтказган ҳолда, ушбу ташқи реклама объектлари бўйича шартномалар тузиш чораларини кўрсин ҳамда ушбу шартномалар бўйича йиғимларни бюджетга тўланиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
21. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси Тошкент вилояти бошқармаси (О.Одилов) бюджетдан ажратилган маблағларни мақсадли ишлатилишини назорат қилиш ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар чоракда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида ахборот бериб бориш вазифалари юклатилсин.
22. Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати (Б.Кабулов), Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси (З.Эралиева), Давлат солиқ бошқармаси (А.Иннагамов), Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (Ф.Худойбердиев) билан биргаликда вилоят телерадиокомпанияси ҳамда вилоятдаги бошқа оммавий ахборот воситаларида, ҳокимлик муассислигидаги газеталарда Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни эълон қилиниши ҳамда ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилишини ташкил этсин.
23. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
24. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси раиси М. Ғаниев ҳамда вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари О. Турсунов зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси С.М. Файзиева
...