ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Архив / Февраль, 2025 й. / Айрим тармоқларнинг фаолияти / Савдо ва умумий овқатланиш /

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш, идишларга қуйиш, сақлаш ва улгуржи сотишни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.01.2025 й. 45-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Вазирлар Маҳкамасининг

2025 йил 29 январдаги

45-сон қарорига

1-ИЛОВА



Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь

маҳсулотларини ишлаб чиқариш, идишларга қуйиш,

сақлаш ва улгуржи сотишни ҳисобга олиш ҳамда

назорат қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш, идишларга қуйиш, сақлаш ва улгуржи сотишни ҳисобга олиш ҳамда ушбу жараёнларни назорат қилиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом талаблари:

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳисобланган юридик шахсларга;

истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотлари учун техник регламентда назарда тутилган маҳсулотларга нисбатан татбиқ этилади.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


алкоголь маҳсулотлари - озиқ-овқат хомашёсидан олинган этил спиртидан ва (ёки) таркибида спирт бўлган озиқ-овқат маҳсулотидан фойдаланган ёки фойдаланмаган ҳолда ишлаб чиқарилган, таркибида этил спиртининг ҳажмий улуши бир ярим фоиздан юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулоти;


ароқ - рангсиз, шаффоф, ароққа хос хушбўйликка ва юмшоқ таъмга эга, этил спиртининг ҳажмий улуши (қуввати) 37,5 фоиздан 56,0 фоизгача бўлган сув-спирт эритмасидан (сортировкадан) иборат бўлган, озиқ-овқат хомашёсидан ишлаб чиқарилган ректификатланган этил спиртини тўғриланган (юмшатилган) сув билан эритиш, олинган сув-спирт эритмасига фаол ёғоч кўмири ёки бошқа махсус адсорбент билан ишлов бериш ва сўнгра уни фильтрлаш йўли билан ишлаб чиқариладиган спиртли ичимлик;


истеъмол этил спирти - этил спиртининг улуши 96,0 фоиздан кам бўлмаган, ҳар хил турдаги дон, қанд лавлагиси, хом шакар, меласса ҳамда таркибида шакар ва крахмал мавжуд бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти бўлган озиқ-овқат хомашёсидан (мева-резаворлардан ташқари) табиий бижғитиш жараёнида олинган ачитқини ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулоти бўлган озиқ-овқат хомашёсидан этил спирти ишлаб чиқариш жараёнида олинадиган хом этил спирти ҳамда этил спиртининг бош фракциясини ректификация қилиш йўли билан ишлаб чиқариладиган ректификатланган этил спирти;


ишлаб чиқарувчининг шахсий кабинети (кейинги ўринларда - шахсий кабинет) - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг (кейинги ўринларда - Инспекция) ахборот тизими орқали истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи субъектлари ҳамда Инспекциянинг алкоголь ва тамаки маҳсулотлари айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган ўзаро муносабатларни электрон шаклда амалга оширишни таъминлайдиган ахборот ресурси;


ликёр-ароқ маҳсулотлари - озиқ-овқат хомашёсидан ишлаб чиқарилган ректификатланган этил спиртини, юмшатилган сувни, яримфабрикатларни (ёки уларсиз) ва ингредиентларни (ёки уларсиз) купаж қилиш (аралаштириш) йўли билан тайёрланган, сўнг сақлаб етилтирилган (ёки сақланмаган), этил спиртининг ҳажмий улуши (қуввати) 7 фоиздан 60 фоизгача бўлган ва шакарнинг массавий концентрацияси 600 g/dm3дан кўп бўлмаган спиртли ичимликлар;


техник этил спирти - этил спирти бош фракцияси (ЭАФ) ва ноозуқавий ўсимлик хомашёсидан ишлаб чиқарилган, фақат техник ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган, этил спиртининг ҳажмий улуши 96,0 mg/dm3дан кам бўлмаган, ректификатланган этил спирти.



2-БОБ. ИСТЕЪМОЛ ВА ТЕХНИК ЭТИЛ СПИРТИ

ҲАМДА АЛКОГОЛЬ МАҲСУЛОТЛАРИНИ

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


3. Истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотлари Инспекция томонидан бериладиган лицензия (хабардор қилиш) асосида (кўпикланадиган ва табиий винолардан ташқари) ишлаб чиқарилади.


4. Истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, санитария қоидалари ва меъёрлари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ бўлган бино ва иншоотлар ҳамда ихтисослашган технологик ускуналарда ишлаб чиқарилади.

Бино ва иншоотлар мулк ҳуқуқи, ижара ёки текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида ишлаб чиқарувчи корхонага тегишли бўлиши лозим.


5. Истеъмол ва техник этил спирти техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган технологик регламент талабларига риоя қилинган ҳолда ишлаб чиқарилади.


6. Истеъмол ва техник этил спирти, шунингдек, спирт хомашёсини ишлаб чиқариш технологик жараёнлари ишлаб чиқарувчи корхона томонидан Инспекция ҳамда тегишли илмий-тадқиқот муассасалари билан келишилган ҳолда тасдиқланган технологик регламент асосида амалга оширилади.



7. Истеъмол ва техник этил спирти, спирт хомашёси, шунингдек, алкоголь маҳсулотлари уларнинг ҳар бир тури бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ корхона томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ва Инспекция томонидан тасдиқланган технологик йўриқномалар асосида ишлаб чиқарилади.

Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда рўйхатдан ўтказилган товар белгилари ва патентланган саноат намуналаридан фойдаланиш лозим.


8. Алкоголь маҳсулотларини чет элда ишлаб чиқарилган истеъмол этил спирти ҳамда техник этил спиртидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш тақиқланади.

Чет элда ишлаб чиқарилган истеъмол этил спирти мавжудлиги, шунингдек, корхоналар томонидан мазкур спиртдан алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳолатлари аниқланганда, Инспекция Солиқ қўмитаси билан биргаликда спиртни ва ушбу спиртдан ишлаб чиқарилган алкоголь маҳсулотларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказиш бўйича тегишли чоралар кўради.


9. Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш тартиби, шунингдек, алкоголь маҳсулотлари таркибидаги инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарарли бўлган моддаларнинг йўл қўйиладиган энг юқори кўрсаткичлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.


10. Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи субъектлар (корхоналар) ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ микробиологик, физик-кимёвий ва технологик назоратни амалга оширишлари шарт.


11. Ишлаб чиқарувчи субъектлар истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларининг ишлаб чиқарилган ҳажмлари кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни автоматлаштирилган тарзда узатилишини таъминлайдиган ҳисобга олиш ўлчов воситаларини, шунингдек, алкоголь маҳсулотларини қуйиш линияларидаги электрон ҳисоблагичлар билан жиҳозланган ҳамда Инспекциянинг ахборот тизимига интеграция қилинган бўлиши лозим.


12. Алкоголь маҳсулотларини ёрлиқлаш, акциз маркалари ва рақамли идентификация воситалари билан маркировкалаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



3-БОБ. ИСТЕЪМОЛ ВА ТЕХНИК ЭТИЛ СПИРТИ

ҲАМДА АЛКОГОЛЬ МАҲСУЛОТЛАРИНИ

ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ ҲИСОБГА ОЛИШ


13. Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда реализацияси ҳажмининг ҳисоби ишлаб чиқарувчи субъектлар томонидан юритилади. Ишлаб чиқариш ва реализация ҳажмининг ҳисоби декалитр ўлчов бирлигида ҳисобланади.


14. Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмининг ҳисобини юритиш маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган асосий хомашёлар киримидан бошлаб, тайёр маҳсулотларни сақлаш омборларига жойлаштириш ва реализация қилиш жараёнларини қамраб олиши лозим.


15. Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ва айланмаси ҳажмининг ҳисобини юритишда ишлаб чиқариш, қадоқлаш (қуйиш), сақлаш ҳамда ташиш жараёнларида белгиланган табиий йўқотишлар ҳисобга олинади.


16. Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда материаллар сарфи, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш нормативлари, шунингдек, табиий йўқотиш нормалари илмий-тадқиқот муассасалари жалб этилиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан келишилган ҳолда Инспекция томонидан тасдиқланади.


17. Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи субъектлар маҳсулотларни қадоқлаш жараёнида идишларни истеъмол этил спирти ёрдамида тозалаш, тайёр алкоголь маҳсулотларини қуйиш ҳамда қайта қуйишга йўналтирилган алкоголь маҳсулотлари ҳажмининг кунлик ҳисобини юритади. Бунда маҳсулотлар ҳаракатининг кунлик ҳисобини юритиш тартиби Инспекция томонидан белгиланади.


18. Ишлаб чиқарилган тайёр алкоголь маҳсулотлари ва уларнинг реализацияси ҳажми ҳар бир маҳсулот тури бўйича қадоқланган ҳолда ҳам ҳисобга олинади.

Бунда ишлаб чиқарувчи субъектлар зиммасига алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнида тайёр маҳсулотларга қўлланиладиган рақамли идентификация воситаларини (маҳсулотни истеъмол ўрамига қадоқлагандан сўнг тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш линиясида) сканерлаш ва маҳсулотларни маркировкалашда қўлланиладиган маркировка кодларини қўллаш (фойдаланиш) тўғрисида ҳисоботни тайёрлаш ҳамда "Asl belgisi" маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимига юбориш вазифаси юкланади.


19. Ишлаб чиқариш жараёнлари қисқа (уч кундан кўп бўлмаган) муддатга тўхтатилганда, шунингдек, лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганда ёки бекор қилинганда (тугатилганда) ёхуд қоидабузарлик ҳолатлари бўйича мурожаатлар асосида қолдиқдаги истеъмол ва техник этил спирти 1-тоифали ўлчагичлар орқали, алкоголь маҳсулотлари ҳажми эса - ҳажм ўлчаш асбоблари ёрдамида аниқланади.

Қадоқланган тайёр маҳсулотлар саноқдан ўтказиш орқали хатловдан ўтказилади.

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи субъектлар ишлаб чиқариш жараёнларини қисқа муддатга тўхтатганда, бу ҳақида Инспекцияни тўхтатиш сабабларини кўрсатган ҳолда шахсий кабинет орқали хабардор қилади.


20. Истеъмол ва техник этил спиртини ишлаб чиқариш учун мўлжалланган буғдой ҳисоби истеъмол ҳамда техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг айланмаси ҳажмлари ахборот тизими (кейинги ўринларда - ахборот тизими) орқали ҳисобга олинади.

Бунда буғдой ҳисоби ҳажми товар-хомашё биржаси орқали сотиб олинган, импорт шартномаларида кўрсатилган, ишлаб чиқарувчилар томонидан белгиланган тартибда электрон шаклда тақдим этиладиган ҳамда ишлаб чиқарилган спирт ҳажми ҳақидаги маълумотлар асосида автоматлаштирилган тарзда таҳлил қилиш орқали аниқланади.


21. Виночилик ва бошқа алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун корхоналарда хомашё ва истеъмол этил спирти белгиланган нормалар асосида ҳисоблаб чиқарилган эҳтиёжлар доирасида сарфланади ва белгиланган шакллардаги дастлабки ҳисобга олиш ҳужжатлари билан расмийлаштирилади.


22. Қайта ишланган узумдан ва истеъмол этил спирти билан қувватлантирилган вино хомашёсининг чиқиш миқдори ҳисобот йилининг 1 декабридаги ва ҳосилдан кейинги йилнинг 1 апрелидаги хатлов натижаларига кўра аниқланади.


23. Ишлаб чиқаришда бўлган вино хомашёси, вино маҳсулотлари ҳар йили икки маротаба (1 декабрь ва 1 июль) хатловдан ўтказилиши лозим.


24. Идишларга қуйилмаган алкоголь маҳсулотлари давлат қиёслов к5фигидан ўтказилган махсус сиғимларда сақланиши лозим. Ҳар бир сиғим озиқ-овқат маҳсулотлари сақланишига мўлжалланган бўлиши ва санитария қоидалари ва меъёрий талабларига мос келиши зарур.



4-БОБ. ИСТЕЪМОЛ ВА ТЕХНИК ЭТИЛ СПИРТИ,

АЛКОГОЛЬ МАҲСУЛОТЛАРИНИ САҚЛАШ, ТАШИШ

ВА УЛГУРЖИ СОТИШНИ ҲИСОБГА ОЛИШ


25. Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, санитария қоидалари ва меъёрлари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ бўлган биноларда сақланади.


26. Истеъмол ва техник этил спирти фақатгина реал вақт режимида автоматлаштирилган кузатиш тизими (GPS) билан жиҳозланган ҳамда ахборот тизимига интеграция қилинган электрон ҳисоблагич ўрнатилган автотранспорт воситаларида ташилади, истеъмол ва техник этил спиртини экспортга чиқариш билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно.


27. Алкоголь маҳсулотларининг барча кўчар ва кўчмас ресурслари бухгалтерия ҳисоби билан қамраб олиниши лозим. Миқдорий ҳисоб ҳажм кўрсаткичларидан ташқари спирт ва шакар миқдорини (фақат вино маҳсулотлари учун) ҳамда норматив ҳужжатларда кўзда тутилган физик-кимёвий ва бошқа кўрсаткичларни ҳам қамраб олиши зарур.


28. Алкоголь маҳсулотларини қуйиш цехларида ҳар ойнинг бошида алкоголь маҳсулотлари қолдиқларини чиқариб олиш, идишларнинг, акциз маркаларининг, ёрлиқларнинг, қадоқлаш воситаларини (қопқоқ, тиқинлар ва бошқалар) ҳамда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни тайёрлашга тааллуқли бошқа моддий бойликларнинг ҳолатини аниқлаш йўли билан ҳисобга олиш амалга оширилади.


29. Тайёр маҳсулотлар, хомашё ва материалларнинг йўқотилиши ҳамда белгиланган меъёрий нормалардан юқори бўлган сарфлаш ҳолатларида ишлаб чиқарувчи белгиланган тартибда комиссия тузган ҳолда, уларни бартараф этиш чораларини кўриши зарур.


30. Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг омборхоналарида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига қатъий риоя қилган ҳолда сақланиши лозим.

Акциз маркалари билан маркаланмаган (кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари бундан мустасно) ҳамда рақамли идентификациялаш воситалари ёрдамида маркировкаланмаган алкоголь маҳсулотларини сақлашга йўл қўйилмайди.


31. Алкоголь маҳсулотларини акциз маркалари билан маркаланган (кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари бундан мустасно), рақамли идентификация воситалари ёрдамида маркировкаланганда, лаборатория текшируви хулосаси ҳамда мувофиқлик сертификати бўлгандагина улгуржи сотишга рухсат этилади.

Маҳсулотларнинг улгуржи савдосига оид шартномалар солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйилади.


32. Қадоқланмаган алкоголь маҳсулотлари давлат қиёслов кўригидан ўтказилган махсус темир йўл ва автомобиль цистерналарида ташилади. Бунда маҳсулот сиғимини белгиловчи паспорт бўлиши лозим.


33. Ишлаб чиқарувчи субъектлар:

белгиланган муддатларда ҳудудий статистика органлари ва Инспекцияга ишлаб чиқарилган, реализация қилинган ҳамда қолдиқда бўлган истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари тўғрисидаги ҳисоботларни;

ҳар ой якуни бўйича Инспекцияга шахсий кабинет орқали истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун асосий хомашёлар сарфи ҳамда акциз маркалар ҳисоби бўйича маълумотларни;

ҳар чорак якуни бўйича Инспекция ва Солиқ қўмитасига истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларининг мавжуд қолдиғи тўғрисидаги маълумотларни;

мавсумда узумнинг саноат йўли билан қайта ишлашга қабул қилиниши, шунингдек, ҳар ой якунида вино хомашёси ва коньяк дистилляти (бошқа дистиллятлар) ишлаб чиқарилиши ва ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботларни;

ҳар ой якуни бўйича Инспекцияга табиий, кўпикланадиган вино, пиво ва пиво ичимликларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиб борадилар.

Ҳисобот ва маълумот шакллари Инспекциянинг буйруғи билан белгиланади.



5-БОБ. ИСТЕЪМОЛ ВА ТЕХНИК ЭТИЛ СПИРТИ,

АЛКОГОЛЬ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ,

ҚУЙИШ, САҚЛАШ ВА УЛГУРЖИ СОТИШНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


34. Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қуйиш, сақлаш ва улгуржи сотиш куйидагилар орқали масофавий назорат қилинади:

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмаси ҳажмларини ҳисобга олиш ахборот тизими;

алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи видеокузатув воситалари орқали;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ва уларнинг айланмасини назорат қилиш бўйича хавфни таҳлил қилиш тизими;

истеъмол ва техник этил спиртини ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатини марказлаштирилган тарзда мониторинг ва назорат қилиш имкониятига эга геоахборот тизими;

"Asl belgisi" маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими;

ҳисоб-фактура статистикаси ахборот тизими.


35. Узумдан қайта ишлаш натижасида олинган вино хомашёси, вино ва вино маҳсулотлари, коньяк дистилляти (бошқа дистиллятлар), пиво ва пиво ичимликларини ишлаб чиқариш ва уларнинг ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқарувчилар томонидан ўрнатилган ва ҳисобга олиш ахборот тизимига интеграция қилинган электрон ҳисоблагичлар орқали назорат ва мониторинг қилиш учун Инспекцияга тақдим этилади.

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қуйиш, сақлаш ва улгуржи сотишда маълумотлар ўртасида тафовутлар аниқланганда, ушбу ҳолат Инспекция томонидан корхонанинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмасдан жойига чиққан ҳолда ўрганилади.


36. Солиқ органлари истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларининг айланиши билан боғлиқ солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисоблаб чиқилиши ва ўз вақтида тўланишини назорат қилади.


37. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги:

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўлланиладиган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар халқаро ва давлатлараро стандартларга мувофиқлигини назорат қилади.


38. Инспекция:

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдосида лицензия талабларига риоя этилишини назорат қилади;

ахборот тизими орқали истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ва реализациясини доимий равишда мониторинг қилиб боради;

алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи видеокузатув воситалари орқали кузатиб боради;

истеъмол этил спиртини ишлаб чиқарувчи корхоналарда жойлашган ва Инспекция таркибига кирувчи лабораториялар орқали этил спиртининг сифатини назорат қилади;

солиқ органлари билан биргаликда ҳар чоракда ишлаб чиқариш корхоналаридаги акциз маркалари сарфи ва қолдиғини хатловдан ўтказади.


39. Истеъмол ва техник этил спирти ҳамда спирт хомашёсини қабул қилиш, ҳисобга олиш, сақлаш, транспортда ташиш тартиби Инспекция томонидан тасдиқланган йўриқномага мувофиқ белгиланади.



6-БОБ. АЛКОГОЛЬ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ИШЛАБ

ЧИҚАРИШДА АКЦИЗ МАРКАЛАРИ ҲИСОБОТИ


40. Ишлаб чиқарувчилар барча турдаги тайёр алкоголь маҳсулотларини белгиланган намунадаги акциз маркалари билан тамғалайди, пиво, табиий ва кўпикланадиган вино бундан мустасно.

Ишлаб чиқарувчи корхоналар акциз маркаларининг тўғри ҳисобга олинишини, улардан фойдаланилишини (миқдори ва қиймати бўйича), фойдаланишга яроқсиз бўлган маркаларни белгиланган тартибда рўйхатдан чиқариб ташлашга қадар сақланишини таъминлаши, уларнинг назоратдан чиқиб кетишига йўл қўймаслиги зарур.

Ишлаб чиқариш корхоналари ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бўйича акциз маркаларининг ҳаракатини алоҳида қайд этиб бориши лозим.

Ишлаб чиқарувчи корхоналар буйруқ асосида акциз маркалари бўйича моддий жавобгар шахсни тайинлайди.


41. Ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5 санасидан кечиктирмасдан, белгиланган шаклда акциз маркаларининг ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни Инспекция, солиқ органи ва Божхона қўмитасининг ҳудудий органига тақдим этади.

Бунда ушбу ҳисоботлар Инспекциянинг ҳисобга олиш ахборот тизими орқали шакллантирилади ва тақдим этилади.


42. Йиртилган (фойдаланишга яроқсиз) акциз маркалари ҳисоби ҳақидаги маълумотлар (серия рақамлари кўрсатган ҳолда) Инспекцияга тақдим этилади.

Йиртилган (фойдаланишга яроқсиз) акциз маркаларини йўқ қилиш жараёнида Инспекция, солиқ органи ва Божхона қўмитасининг ҳудудий органи ходимлари иштирок этади.


43. Янгиланган намунадаги акциз маркалари фойдаланишга татбиқ этилганда, Инспекция томонидан эски намунадаги акциз маркалар қолдиғи ҳисоби шакллантирилади.

Эски намунадаги акциз маркаларини йўқ қилиш жараёнларида Инспекция, солиқ органи ва Божхона қўмитасининг ҳудудий органи ходимлари иштирок этади.

Акциз маркаларини йўқ қилишнинг барча жараёнлари, жумладан, ҳар бир акциз маркаси рақамларининг алоҳида кўриниши таъминланган ҳолда видеолавҳага олинади ва Инспекцияда 5 йил давомида сақланади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


44. Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи субъектлар ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифати учун шахсан жавобгардирлар.


45. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

           

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 30 январь



















































































Время: 0.1442
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск