ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Архив / Май, 2025 й. / Тадбиркорлик фаолияти тўғрисида / Давлат мулки. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш /

Бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 21.04.2025 й. 247-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Вазирлар Маҳкамасининг

2025 йил 21 апрелдаги

247-сон қарорига

1-ИЛОВА



Бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини хатловдан

ўтказиш ва улардан самарали фойдаланишни

ташкил этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом нотурар бўлган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини аниқлаш ва хатловдан ўтказиш, хатлов натижаларини расмийлаштириш, бўш турган давлат кўчмас мулк объектларидан самарали фойдаланиш мезонлари ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг чет элда жойлашган давлат кўчмас мулк объектларига, ўта муҳим ва тоифаланган объектларга нисбатан татбиқ этилмайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ижтимоий соҳа объекти - давлат мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал ва олий таълим, театр ва концерт-томоша муассасаларининг оммавий-маданий ҳамда концерт-томоша тадбирлари ўтказиладиган объектлари, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва кинолаштириш муассасаларининг давлат кўчмас мулк объектлари (ушбу соҳадаги давлат ташкилотларининг маъмурий бинолари бундан мустасно);


давлат ташкилоти - давлат органи ёки давлат муассасаси.


3. Бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш ва улардан самарали фойдаланиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схемага асосан ташкил этилади.



2-БОБ. ДАВЛАТ КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТИНИ

ХАТЛОВДАН ЎТКАЗИШ


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази (кейинги ўринларда - Марказ) хатловни ўтказишнинг бирламчи маълумотларини шакллантириш учун онлайн ахборот алмашинуви орқали реал вақт режимида қуйидаги давлат органларининг ахборот тизимларидан маълумотларни олади:

Адлия вазирлигидан - давлат рўйхатидан ўтган юридик шахсларнинг ҳамда тугатилган давлат ташкилотларнинг номи ва расмий юридик манзили;

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан - давлат ташкилотларининг лавозим бўйича штат жадвали ҳамда уларнинг амалдаги маъмурий-бошқарув ходимлари ва техник ходимлари сони;

Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан - бюджетдан молиялаштириладиган давлат ташкилотларининг лавозим бўйича штат жадвали, ҳудудларни ривожлантириш ҳамда давлат-хусусий шериклик дастурларига киритилган объектлар номи, манзили ва балансда сақловчилари;

Кадастр агентлигидан - давлат кўчмас мулк объектларининг ўлчамлари, тоифаси, тури (литер) ва геолокацияси;

Маданий мерос агентлигидан - давлат кўчмас мулк объекти ҳисобланган моддий маданий мерос объектларининг номи, манзили ва балансда сақловчилари;

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигидан - қурилиш ишлари тугалланмаган давлат объектларининг номи, манзили ҳамда қурилишга рухсат берилган санаси ва якунлаш муддати;

Солиқ қўмитасидан - ижара шартномасига асосан ижарага берилган давлат кўчмас мулк объектлари номи, манзили ва балансда сақловчилари;

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасидан - давлат мулкида бўлган хавфли ишлаб чиқариш кўчмас мулк объектларининг номи, манзили ва балансда сақловчилари;

Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан - давлат мулкида бўлган фуқаро муҳофазаси объектларининг номи, манзили ва балансда сақловчилари;

Мажбурий ижро бюросидан - давлат кўчмас мулк объектларига нисбатан тақиқнинг (чеклов)нинг мавжудлиги.


5. Бўш турган давлат кўчмас мулк объектини таҳлил қилиш жараёнида тегишли давлат ташкилотлари Марказга маълумотларни реал вақт режимида бепул тақдим этади.

Марказ бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини таҳлил қилиш жараёнида тегишли давлат ташкилотларидан қўшимча маълумотларни сўраб олиши мумкин, бунда давлат ташкилотлари сўралган маълумотларни реал вақт режимида тақдим этиши шарт.


6. Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан Давлат активларини бошқариш агентлигининг (кейинги ўринларда - Давлат активлари агентлиги) "рroperty.davaktiv.uz" ахборот тизимига (кейинги ўринларда -"рroperty.davaktiv.uz" АТ) киритилган давлат кўчмас мулк объектлари бўйича масъулиятлар ушбу Низомнинг 4-бандида келтирилган ташкилотлардан олинган маълумотлар асосида таҳлил қилинади.


7. Таҳлил натижасида Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари Давлат активлари агентлигининг "Давлат мулки" ахборот тизимида (кейинги ўринларда - "Давлат мулки" АТ) қуйидагиларни аниқлайди:

ходимларнинг белгиланган меъёрларга мувофиқ жойлаштирилганлиги ва меъёрга асосан ортиқча майдонларнинг ўлчамини;

давлат кўчмас мулк объектларидан фойдаланишда ижара ёки текин фойдаланиш шартномаларининг мавжудлиги ҳамда уларнинг белгиланган тартибда тузилганлигини;

объектнинг тоифаси ва турлари (литерлари)нинг номма-ном таҳлилини;

ижтимоий соҳа, ўта муҳим ва тоифаланган объектлар жумласига киришини;

битта манзилда давлат рўйхатидан ўтган юридик шахсларнинг мавжудлигини.


8. Давлат кўчмас мулк объектлари Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан хатловдан ўтказиш бўйича рўйхат шакллантирилгандан сўнг бир ой муддатда ушбу рўйхат асосида жойига чиққан ҳолда "Давлат мулки" АТга тегишли маълумотларни киритиш орқали хатловдан ўтказилади.

Бунда мазкур Низомнинг 4-банди бўйича қўшимча давлат кўчмас мулк объектлари аниқланиб, хатловдан ўтказиш зарурати мавжуд бўлганда, объект жойига чиққан ҳолда хатловдан ўтказилади.


9. Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари хатлов натижасида аниқланган бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари тўғрисида қуйидаги маълумотларни "Инвентаризация" мобил иловаси орқали "Давлат мулки" АТга реал вақт режимида киритади:

а) объект бўйича:

балансда сақловчи;

кадастр рақами;

манзили;

умумий ер майдони;

объектнинг умумий (қурилиш ости) майдони, шундан бўш турган майдони;

бўш турган объектнинг номи (литерлари);

ижтимоий соҳа объекти тоифасига кириши ёки кирмаслиги;

фотосуратлари;

геолокацияси;

сервитут мавжудлиги;

бўш турганлиги бўйича онлайн далолатнома, бунда балансда сақловчи келишишдан бош тортганда, бош тортганлиги тўғрисида белги киритилади;

б) объектдан самарали фойдаланиш бўйича:

бўш турган давлат кўчмас мулк объектининг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан тасдиқланган ҳудудларни ёки тармоқларни ривожлантириш бўйича дастур ёки қарорларда (тармоқ жадвалида), давлат-хусусий шериклик дастурида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки келгусида улардан самарали фойдаланиш бўйича қарорларида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

бўш турган давлат кўчмас мулк объекти хусусийлаштирилмайдиган объектлар тоифасига кириши ёки кирмаслиги;

бўш турган давлат кўчмас мулк объектига нисбатан тақиқ (чеклов)нинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги.


10. Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари "Давлат мулки" АТда бўш турган давлат кўчмас мулк объектларининг ҳисобини юритиш соҳасида қуйидагиларни амалга оширади:

а) тоифаларга ажратиш бўйича:

бўш турган;

меъёрга асосан ортиқча майдон аниқланган;

қурилиши тугалланмаган (бир йилдан ортиқ муддатда);

б) самарали фойдаланиш чоралари кўрилганлиги бўйича:

ривожлантириш дастурларига киритилган;

оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган;

давлат-хусусий шериклик дастурига киритилган;

ижарага бериш учун оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган.


11. Марказ аниқланган бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари (объект номи, манзили, майдони ва балансда сақловчиси) тўғрисидаги маълумотларни хатлов якунлангандан сўнг ўн кун муддатда ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.



3-БОБ. БЎШ ТУРГАН ДАВЛАТ КЎЧМАС МУЛК

ОБЪЕКТИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ МЕЗОНЛАРИ


12. Бўш турган давлат кўчмас мулк объектларидан самарали фойдаланиш қуйидаги тартибда ташкил этилади:

а) биринчи навбатда объект оммавий савдоларга чиқарилиши учун хусусийлаштириш дастурига киритилади. Бунда:

давлат ташкилотлари бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини "сот ёки тушунтир" тамойили бўйича сақлаб қолади;

қуйидаги талабларнинг бирига ёки бир нечтасига мос келганда бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари хусусийлаштириш дастурларига киритилмаслиги мумкин:

давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган хусусийлаштирилмайдиган давлат кўчмас мулки объекти бўлганда;

объектни яхлит ҳолда ажратиб олиш имконияти мавжуд бўлмаганда;

ҳудудларни ёки тармоқларни ривожлантириш бўйича дастур ёки қарорларга киритилган тақдирда;

б) қуйидаги ҳолатларда объектлар балансда сақловчилар билан келишилмаган ҳолда, ижарага бериш учун "E-auksion" электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион савдоларига (ушбу кичик банднинг тўртинчи - бешинчи хатбошиларидаги ҳолатларда ижтимоий соҳа объектлари бўлганда ушбу йўналиш бўйича) чиқарилади:

амалда хусусийлаштириш дастурларига киритилиб, уч ойдан ортиқ муддатда сотилмасдан турганда;

ҳудудларни ёки тармоқларни ривожлантириш бўйича дастур ёки қарорларга киритилган тақдирда;

маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчилари ҳамда жисмоний шахсларнинг объектни ижарага бериш учун электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш тўғрисидаги буюртманомалари берилганда;

балансда сақловчи бўш турганлиги аниқланган объектдан уч ой муддатда самарали фойдаланиш чораларини кўрмаган тақдирда.

Бунда:

Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ушбу кичик банднинг иккинчи ва учинчи хатбошисидаги ҳолатларда хусусийлаштирилгунга ёки таъмирлаш бошлангунга қадар ижарага бериш муддатлари белгиланади;

қолган ҳолатларда ижарага бериш муддатлари балансда сақловчининг таклифига асосан Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан белгиланади, Марказнинг сўровига асосан беш кун ичида жавоб берилмаган тақдирда, Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари уч йил муддатгача ижарага бериш муддатини мустақил белгилайди;

мазкур кичик банднинг бешинчи хатбошисидаги ҳолатда давлат кўчмас мулк объекти бўш турганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилган бўлиши ҳамда бўш турган давлат кўчмас мулк объекти тўғрисидаги маълумот Марказнинг веб-сайтида эълон қилинган кундан бошлаб, балансда сақловчи томонидан уч ой ичида объектдан самарали фойдаланилгани тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларни фотосуратлари билан бирга Марказ ва (ёки) унинг ҳудудий бошқармаларига тақдим этмаган бўлиши лозим.


13. Қуйидаги ҳолларда бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари ижарага бериш учун "E-auksion" электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилмайди:

давлат-хусусий шериклик асосида берилиши белгиланганда, давлат шериги томонидан ижарага бериш ташаббусини билдирган ҳоллар бундан мустасно;

махфийликнинг алоҳида тартиби татбиқ этиладиган давлат мулкининг, шу жумладан, ҳарбий ва махсус мақсадлар учун мўлжалланган алоҳида тартибга ва алоҳида муҳим, муайян тартибга бўйсунувчи ҳамда давлат сири билан боғлиқ давлат кўчмас мулк объектлари бўлганда;

Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан визуал кўрикдан ўтказиш жараёнида объект фойдаланишга яроқсиз ҳолатда бўлганда, бунда Марказнинг ҳудудий бошқармалари бўш турган давлат кўчмас мулк объектининг фойдаланишга яроқсизлиги тўғрисидаги ваколатли органнинг хулосаси белгиланган тартибда олинади;

қурилиши тугалланмаган объект бўлганда.


14. Давлат ташкилотларининг ходимлари маъмурий биноларга ходимларни жойлаштириш меъёрларига асосан жойлаштирилади, суд, Қуролли Кучлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва уларнинг тизимидаги ташкилотлар ва ижтимоий соҳа ташкилотларининг бинолари бундан мустасно.

Давлат активлари агентлиги томонидан белгиланган меъёрлардан ортиқча майдонга эга бўлган давлат ташкилотларига ўн кун муддатда ходимларни белгиланган меъёрлар бўйича жойлаштириш ҳамда бўшаган майдонларни (литерлар ёки хоналар кесимида рўйхат) тақдим этиш бўйича огоҳлантириш юборилади.

Белгиланган муддатда огоҳлантириш ижроси тўлиқ таъминланмаган тақдирда, Давлат активлари агентлиги давлат ташкилотларининг маъмурий биноларига ходимларни жойлаштириш меъёрларига асосан самарали жойлаштириш бўйича қарор қабул қилади.

Тегишли давлат ташкилотлари Давлат активлари агентлиги томонидан қабул қилинган қарор ижросини ўн иш куни ичида таъминлаши шарт.


15. Жисмоний ва нодавлат юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан бўш турган давлат кўчмас мулк объекти қонунчиликда белгиланган тартибда ишончли бошқарувга ёки давлат-хусусий шерикликка берилиши мумкин.


16. Балансда сақловчи ва унинг юқори турувчи ташкилоти Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига бўш турган давлат кўчмас мулк объектини бузиш тўғрисида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси, қурилиш соҳасидаги лойиҳалаштириш ташкилоти, махсус лицензияга эга бўлган ташкилот ёки илмий-тадқиқот муассасасининг бўш турган давлат кўчмас мулк объекти фойдаланиш учун яроқсизлиги тўғрисидаги хулосаси илова қилинган ҳолда мурожаат қилишлари мумкин.

Бунда объект бузилиши натижасида аниқланган фойдаланиш учун яроқли қурилиш ва бошқа материаллар балансда сақловчи томонидан тузиладиган комиссиянинг далолатномасига асосан электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилиши мумкин.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


18. Ушбу Низом қоидалари қўлланилиши билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

ИЛОВА



Бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини

хатловдан ўтказиш ва улардан самарали

фойдаланишни ташкил этиш

СХEМАСИ

          

     

Босқич

        


     

Субъектлар

     


    

Тадбирлар

      


      

Муддат

      








1-босқич


Давлат ташкилоти, давлат мулкидан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида фойдаланиб келаётган юридик шахслар


Давлат активларини бошқариш агентлигининг "property.davaktiv.uz" ахборот тизимига давлат мулки объектлари бўйича маълумотларни киритиш.


    

Ҳар чоракда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-санасига қадар, йил якуни бўйича 25 февралга қадар

     








2-босқич


Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази


      

Тегишли идоралардан хатловни ўтказишнинг бирламчи маълумотларини ахборот алмашинуви асосида олиш.

      


Реал вақт режимида








3-босқич


Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари


          

Давлат кўчмас мулк объектларида меъёрларга асосан ходимлар жойлаштирилганлиги, ижара ва текин фойдаланиш шартномаларининг мавжудлиги, объектнинг тоифаси, тури, ижтимоий соҳа ва тоифаланган объектларга кириши каби масалаларни таҳлил қилиш.

        


Доимий








4-босқич


        

Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари

            


Хатловдан ўтказиладиган давлат кўчмас мулк объектлари рўйхатини шакллантириш.


Таҳлил якунлангандан

сўнг ўн кун ичида








5-босқич


Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари


Давлат кўчмас мулк объектларини жойига чиққан ҳолда хатловдан ўтказиш.


      

Хатловдан ўтказиш

бўйича рўйхат шакллантирилгандан

сўнг бир ой муддатда

       








6-босқич


      

Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари

        


Бўш турган давлат кўчмас мулк объектларининг ҳисобини юритиш.


Реал вақт режимида








7-босқич


Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази


        

Бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилиш.

        


Хатлов ишлари якунлангандан сўнг

ўн кун муддатда








8-босқич


         

Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари

          


Бўш турган давлат кўчмас мулк объектларидан самарали фойдаланишини ташкил этиш.


Доимий

           

              

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 23 апрель















































































Время: 0.1322
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск