Внимание!

NB! Мазкур Техник регламент расмий эълон килинган кундан бошлаб олти ой ўтгач амалга киритилсин.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчилик / Ер ости бойликларидан фойдаланиш /

Шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисида Техник регламент (ЎзР ВМ 28.04.2025 й. 269-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2025 йил 28 апрелдаги

269-сон қарорига

1-ИЛОВА



Шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисида

ТЕХНИК РЕГЛАМЕНТ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Техник регламент шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги ва уларни ишлатишнинг бутун давридаги жараёнларга қўйиладиган талабларни белгилайди.


2. Техник регламентнинг талаблари вертикал ва қия шахта стволлари бўйлаб фойдали қазилмалар ва кон жинсларини юзага олиб чиқиш, одамлар ва юкларни тушириш-кўтариш учун мўлжалланган шахта кўтариш қурилмаларига қўлланади.

Техник регламент хавфсизлик талаблари билан тартибга солинадиган мажбурий тартибда мувофиқлиги баҳоланиши лозим бўлган шахта кўтариш қурилмалари рўйхати ушбу Техник регламентга иловада келтирилган.


3. Техник регламентнинг талаблари шахталарда ишлатиладиган лифтларга, эскалаторларга, конвейерларга, канат йўлларга, тупроқ ёки рудаларни кўчириш, текислаш, профиллаш, қазиб текислаш, шиббалаб зичлаш, зичлаб қотириш, қазиш ёки бурғилаш учун мўлжалланган машина ва механизмларга нисбатан татбиқ этилмайди.


4. Ушбу Техник регламентда қуйидаги атамалар ва уларнинг таърифлари қўлланади:


бадья - шурфлар ва стволларни ковлашда, шахта стволини чуқурлаштиришда кон массасини кўтариш учун, шунингдек, шахта стволини ковлаш ва чуқурлаштиришда ствол бўйлаб одамларни тушириш ва кўтариш учун мўлжалланган кўтарма идиш;


белгиланган ресурс - техник ҳолатидан қатъи назар, шахта кўтариш қурилмаси ва (ёки) унинг жиҳозларининг ишлаши тўхтатилиши керак бўлган умумий иш вақти;


белгиланган хизмат муддати - шахта кўтариш қурилмаси ва (ёки) унинг жиҳозлари ишлашининг календарь давомийлиги, унга эришилгандан кейин техник ҳолатидан қатъи назар улар тўхтатилиши шарт;


вагонча - шахта юзасига фойдали қазилмалар ва кон жинсларини ташиш ва кўтариш учун мўлжалланган кўтарма идиш;


жиҳозлар - мустақил равишда ишлатиладиган ёки шахта кўтариш қурилмасига ўрнатиладиган, унинг асосий ва (ёки) қўшимча функцияларини бажариш учун зарур бўлган техник қурилма;


ишдан чиқиш - қоидалар ёки фойдаланиш бўйича йўриқномаларини бажармаслик, ишлаб чиқариш ва таъмирлашда белгиланган жараёнларга риоя қилмаслик, лойиҳалашда конструктив бузилишлар оқибатида шахта кўтариш қурилмаси ва (ёки) унинг жиҳозлари иш қобилиятини бузилишидан иборат ҳодиса;


ишлаб чиқувчи (лойиҳачи) - янги турдаги шахта кўтариш қурилмасини (машинани) яратиш, тажриба намунаси учун техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва намунани ишлаб чиқариш жараёнини амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахс;


катак (клеть) - одамларни, жиҳозлар ва материалларни тушириш ва кўтариш, шунингдек, фойдали қазилма ва кон жинсларини вагончада кўтариш учун мўлжалланган кўтарма идиш;


кон-техник иншоотлар - вертикал (тик) кўтаришда йўналтирувчи ўтказгичлар билан жиҳозланган, катаклар ва қутиларнинг улар бўйлаб ҳаракатланишига ҳамда қия кўтарилишда рельсли йўллар билан жиҳозланган, вагончалар ҳамда қутиларни ҳаракатлантиришга мўлжалланган шахталарнинг стволлари.

Шахтанинг ствол яқинидаги кон ҳовлисида жойлашган иншоотлар (юклаш бункери, юк ағдаргич камераси ёки қабул қилиш майдончаси). Шахта усти иншоотлари (шахта кўтариш қурилмаси ва юк кўтариш идишларини бўшатиш учун қабул қилиш бункери ёки юк ташиш йўллари ва майдончалари бўлган шахта устидаги бинолар);


кўтариш қурилмаси - осма ва парашют қурилмалари, катакларни тўхтатиш мосламалари, кўтариш канатлари, катаклар учун қўниш мосламалари бўлган юк кўтариш мосламаси;


синов - яширин нуқсонларни аниқлаш ва ускунанинг белгиланган режимларда ва хавфсизлик қоидалари талабларига, шунингдек, ишлаб чиқарувчиларнинг эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш қўлланмаси (йўриқномаси) шартларига мувофиқ ишлашга яроқлилигини аниқлаш мақсадида синовдан ўтказилаётган жиҳознинг ҳолатини тавсифловчи физик катталиклар ва параметрларнинг қийматларини тегишли дастур ва методикаси бўйича ўлчаш;


ствол - фойдали қазилма конини очиш, одамларни, юкларни, фойдали қазилмаларни ва кон жинсларини ташиш учун мўлжалланган вертикал, қия кон иншооти;


техник хизмат кўрсатиш - шахта кўтариш қурилмасининг фойдаланилиши давомида унинг ишлаши ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амаллар мажмуасини бажариш;


хавфли зона - одамларга шахта кўтариш қурилмасидан келиб чиқадиган хавф-хатарларнинг таъсири бўлган жой;


шахта катаги парашюти - кўтариш канати узилганда катакни равон тўхтатиш ва кейин уни ушлаб туриш учун мўлжалланган қурилма;


шахта - фойдали қазилмаларни еростидан қазиб олувчи ва уларни истеъмолчига ёки қайта ишлаш корхонасига жўнатувчи кон;


шахта кўтариш машинаси - шахта кўтариш қурилмасининг қисми, тортувчи кучланиш ҳосил қилиш ва кўтариш ускунаси ишини бошқариш учун мўлжалланган бўлиб, асосий қисми ўраш элементи, редуктор, тормозлаш мосламаси, ишга тушириш-ростлаш ва сақлагич аппаратураси бўлган электр двигателдан иборат;


шахта кўтариш қурилмаси - кон жинслари ва фойдали қазилмаларни юзага узатиш, одамларни, кон-шахта ускуна ҳамда материалларни тушириш ва кўтариш, шунингдек, шахта стволи армировкаси ва мустаҳкамлагичларни кўрикдан ўтказиш ва тафтиш (ревизия) қилиш учун мўлжалланган ҳамда шахта кўтариш машинаси, кўтариш жиҳозлари ва кон-техник иншоотларидан иборат қурилма;


шахта кўтариш қурилмасини ишлатиш - шахта кўтариш қурилмасини ишлатишнинг бутун давридаги босқичи бўлиб, вазифаси бўйича фойдаланиш, кўрик ва синовдан ўтказиш, ревизия қилиш, техник хизмат кўрсатиш ҳамда таъмирлашни ўз ичига олади;


қия ствол - ўқи горизонтга нисбатан 3° дан 85° гача қия бўлган ствол;


қути (скип) - фойдали қазилмаларни ва кон жинсларини кўтариш учун мўлжалланган кўтариш идиши.



2-БОБ. ШАХТА КЎТАРИШ ҚУРИЛМАЛАРИ

УЧУН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий хавфсизлик талаблари


5. Ушбу Техник регламент шахта кўтариш қурилмалари учун зарур бўладиган минимал хавфсизлик талабларини белгилайди ва қуйидагиларни таъминлайди:

механик хавфсизлиги;

ёнғин хавфсизилиги;

электр хавфсизлиги;

портлаш хавфсизлиги.


6. Шахта кўтариш қурилмаларини бошқариш тизимлари улардан барча иш режимларида ва фойдаланиш шартларида назарда тутилган ҳар қандай ташқи таъсирларда фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаши керак. Бошқариш тизимида шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсиз ва ишончли ишлаши, иш режимларидаги бузилишларни ўз вақтида аниқлаш ва авариявий вазиятларнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўриш учун ҳимоя ва блоклаш аппаратлари кўзда тутилган бўлиши лозим.


7. Шахта кўтариш қурилмаларини бошқариш тизимлари уларни ишлатишда мантиқий хатоликларга йўл қўйилганда ва машинист томонидан бошқариш ҳаракатлари нотўғри бажарилганда, хавфли вазиятларнинг вужудга келишини истисно қилиши керак.


8. Шахта кўтариш қурилмаларини бошқариш тизимлари огоҳлантириш сигнал воситалари ва хавфли вазиятлар вужудга келишига олиб келадиган шахта кўтариш қурилмаси ишлашидаги носозликлар ҳақида огоҳлантириш учун бошқа воситаларни ўз ичига олиши керак.


9. Шахта кўтариш қурилмаларини монтаж қилиш, шунингдек, йилига бир марта техник кўрикдан ўтказиш ва созлаш тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар бўйича рухсатномага эга бўлган ихтисослаштирилган ташкилот томонидан амалга оширилади.


10. Шахта кўтариш қурилмаларининг белгиланган хизмат муддати давомида қуйидаги талаблар бажарилиши лозим:

шахта кўтариш қурилмасидан тегишли рухсатномага эга бўлган ташкилотлар фойдаланиши;

шахта кўтариш қурилмасидан фойдаланиш даврида техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, синов ва кўрикдан ўтказиш кончилик қоидалари, ишлаб чиқарувчи заводнинг фойдаланиш бўйича қўлланмаси (йўриқномаси), техник хизмат кўрсатиш ёки таъмирлаш дастурларида (технологик харитада) белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилиши;

шахта кўтариш қурилмасига хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга оид ишлар уни ишлатадиган ташкилотнинг малакали ходимлари томонидан амалга оширилиши.


11. Вертикал иншоотлар бўйлаб одамлар кўтарилиши ва тушишининг максимал тезлиги 12 m/s дан ошмаслиги, қия иншоотлар бўйлаб эса 5 m/s дан ошмаслиги керак. Одамларни бадьяларда кўтариш ва туширишда йўналтирувчи бўйлаб максимал тезлик 8 m/s дан, йўналтирувчи бўлмаган жойларда эса 1 m/s дан ошмаслиги керак.


12. Ҳар бир шахта кўтариш машинасида ва унинг чиғирида юритмани бир-бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда ишга туширадиган ишчи ва сақлагичли механик тормозланишлар кўзда тутилган бўлиши керак.


13. Шахта кўтариш қурилмаларини хавфсиз ишлатишга оид талаблар амалдаги кончилик қоидалари, шунингдек, эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича қўлланма (йўриқнома) билан белгиланади.


14. Шахта кўтариш қурилмаларининг белгиланган хизмат муддати тугагандан сўнг, шахта кўтариш қурилмасининг вазифаси бўйича фойдаланиш муддатини узайтириш шартлари ва имкониятларини аниқлаш мақсадида диагностика ўтказмасдан, ушбу диагностика натижаларини ҳисобга олиб модернизация қилиш ёки алмаштиришларни (таъмирлаш) амалга оширмаган ҳолда ушбу қурилмалардан вазифаси бўйича фойдаланишга йўл қўйилмайди.



2-§. Механик хавфсизлик талаблари


15. Шахта кўтариш қурилмаларининг ҳаракатланувчи қисмлари улардан жароҳат олиш эҳтимоли бўлмаган тарзда жойлаштирилиши керак, агар хавф сақланиб қолиб, бахтсиз ҳодисага олиб келиши мумкин бўлса, огоҳлантирувчи белгилар ва/ёки ёзувларни қўллаш, шахта кўтариш қурилмасининг хавфли қисмларига тегиб кетишининг олдини олиш учун сақловчи ёки ҳимояловчи қурилмаларидан фойдаланиш лозим.


16. Ҳимоя ва сақлаш қурилмалари:

хавфсиз бўлиши;

мустаҳкам ва барқарор конструкцияга эга бўлиши;

хавфли ҳудудларда ишлаб чиқариш жараёнини назорат қилишга халақит бермаслиги;

асбоб-ускуналарни созлаш ва (ёки) алмаштириш ҳамда шахта кўтариш қурилмаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича ишларни бажаришга имкон бериши;

хавфли зонадан белгиланган масофада жойлашган бўлиши шарт.


17. Қўзғалмас ҳимоя тўсиқлари тўсилган майдонга фақат асбоблар ёрдамида кириш имкониятини таъминловчи воситалар ёрдамида ишончли мустаҳкамланиши лозим.


18. Қўзғалувчан ҳимоя тўсиқлари:

ҳимоя тўсиқлари очиқ бўлганда шахта кўтариш қурилмалари таркибий қисмларининг ишлашига тўсқинлик қилувчи блоклаш қурилмаларига эга бўлиши;

улар очиқ бўлганда имкон қадар шахта кўтариш қурилмалари таркибий қисмларига маҳкамланган ҳолда қолиши керак.


19. Қўзғалувчан ҳимоя тўсиқлари ва ҳимоя воситалари қуйидагича ишлаб чиқилган (лойиҳалаштирилган) ва шахта кўтариш қурилмаларини бошқариш тизимига киритилган бўлиши керак:

ҳаракатланувчи қисмлар ходимларнинг таъсир доирасида бўлганда уларни ишга туширишнинг имкони бўлмаслиги;

мос келадиган тўсиқ ўрнатилган ҳолда отилиб чиқадиган қисмлардан ҳимояланган бўлиши;

шахта кўтариш қурилмаси ва унинг қисмлари ишга туширилаётганда, уларнинг таъсир доирасида одамлар бўлмаслиги.


20. Шахта кўтариш қурилмаларининг ҳаракатланувчи қисмларига киришни чекловчи иш учун зарур бўлган ҳимоя мосламалари қуйидагиларни таъминлаши шарт:

отилиб чиқиши мумкин бўлган қисмлар хавфини чеклаши;

қўлда ёки автоматик равишда ўрнатилиши (улар иштирок этадиган иш турига қараб).


21. Катаклар кўтариш канатлари узилганда уларни равон тормозланиши ва тўхтатилишини таъминлайдиган шахта катаги парашюти билан жиҳозланган бўлиши керак. Кўтариш канатларининг сони тўртта ва ундан ортиқ кўпканатли кўтариш мосламаларида шахта катаги парашютини қўллаш шарт эмас.



3-§. Ёнғин хавфсизлиги талаблари


22. Шахта кўтариш қурилмаларига қўйиладиган ёнғин хавфсизлиги талаблари Ўзбекистон Республикасининг "Ёнғин хавфсизлиги тўрисида"ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 октябрдаги 649-сон қарори билан тасдиқланган Ёнғин хавфсизлиги қоидалари ва ёнғин хавфсизлиги талаблари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ белгиланади.



4-§. Электр хавфсизлиги талаблари


23. Шахта кўтариш қурилмаларининг электр жиҳозлари огоҳлантирувчи белгилар, тўсиқлар, ерлагич (заземление), электр токи уришининг олдини олувчи ҳимоя ва блоклаш қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши керак.


24. Одамларни ва юкларни кўтаришга мўлжалланган шахта кўтариш қурилмалари захирани автоматик киритиш мосламалари ва ерусти подстанцияларидан бирининг турли секцияларидан иккита ўзаро алмаштириладиган таъминловчи (истеъмол) кабель линиялари орқали электр энергияси билан таъминланиши керак.


25. Кучланиши 1000 V дан юқори ўзгарувчан ток манбалари ерга бир фазали туташишдан ҳимояланган бўлиши керак.


26. Назорат занжирлари, бошқарув ва сигнал занжирлари учун вертикал ва қиялик бурчаги 45° дан юқори бўлган қия иншоотлар бўйлаб стационар ўрнатишда симли зирҳли назорат кабеллари, горизонтал иншоотларда эса лента зирҳли назорат кабеллари, эгилувчан назорат ва қувват кабеллари қўлланиши керак.


27. Бошқарув, алоқа, сигнал бериш, теленазорат ва диспетчерлик хизматини ўрнатишда учқунга хавфсиз занжирлари назорат кабеллари ва алоқа линиялари кабелларининг бўш толаларидан фойдаланилиши керак. Шахта телефон кабелларидан фойдаланишга рухсат берилади.


28. Умумий шахта, диспетчерлик ва фавқулодда телефон алоқа линиялари, шунингдек, шахта кўтариш қурилмаларининг маҳаллий алоқаси учун шахта телефон кабелларидан фойдаланилиши лозим.


29. Стволнинг ишчи ва захира магистрал сигнали ҳамда симли алоқа тўпламлари учун электр таъминоти алоҳида кабеллар орқали якка ҳолда амалга оширилиши ва умумий коммутация қутилари ҳамда сигнал бериш қурилмаларига эга бўлмаслиги керак.


30. Кучланиши 42 V дан юқори сигнал пультларини (тизимларини) электр токи билан таъминлашда тармоқдан ток чиқишидан ҳимояланиш кўзда тутилган бўлиши керак.


31. Схемали техник ечимлар истеъмол тармоғи кучланиши ўчирилганда ва истеъмол автоном қувват манбаларининг кучланиши йўл қўйилиши мумкин бўлган чегараларда ўзгарганда сигнал бериш аппаратларининг ишлашини таъминлаши керак.



5-§. Портлаш хавфсизлиги талаблари


32. Портлаш хавфи мавжуд бўлган муҳитларда ишлатиладиган шахталарнинг портлаш хавфсизлиги амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талаблар доирасида портлашнинг олдини олиш ва портлашдан ҳимоялаш чоралари кўрилган ҳолда таъминланиши керак.


33. Газ ва чанг бўйича портлаш хавфи бўлган, тўсатдан кўмир, кон жинслари ва газ чиқиши хавфи бўлган шахталарда, шунингдек, улардан чиқадиган ҳаво оқими шахта стволларида ҳамда шахталарга туташган шахта усти иншоотларида, тоза ҳаво оқими бўлган шахта стволларида портлашдан ҳимояланиш даражаси коннинг юқори ишончлилигидан паст бўлмаган ствол сигнал бериш қурилмалари билан таъминланиши керак.



3-БОБ. АСБОБ-УСКУНАЛАРНИ ЛОЙИҲАЛАШТИРИШ ВА

ТЕХНИК ҲУЖЖАТЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Лойиҳалаштиришга қўйиладиган талаблар


34. Шахта кўтариш қурилмалари ва уларнинг жиҳозларини лойиҳалаштириш технологик лойиҳалаштириш нормаларига ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилиши лозим. Лойиҳа ҳужжатларида шовқин ва тебранишнинг чегаравий параметрлари аниқланади ҳамда рухсат этилган даражаси таъминланади.


35. Агар хавфни мақбул даражага туширишнинг иложи бўлмаса, лойиҳа ҳужжатларида инсон ҳаёти ва соғлиғи ҳамда атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тизими назарда тутилиши керак.

Шахта кўтариш қурилмаларининг лойиҳа ҳужжатлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилиши керак.


36. Шахта кўтариш қурилмалари қуйидаги асосий маълумотлар асосида лойиҳалаштирилиши лозим:

шахтанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати;

шахтанинг чуқурлиги;

юкнинг характеристикаси (одамлар сони, кўмир, руда, бўш тоғ жинслари ҳажмлари, кон қазиш ашёлари);

ерости транспорти учун кўзда тутилган вагончаларнинг тури ва сиғими.

Лойиҳалаштиришда замонавий электромеханик қурилмалар танланиши ва максимал ишончлилик таъминланиши лозим.


37. Лойиҳалаштиришда қуйидагилар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим:

кўтариш идишларининг типи танланиши ва уларнинг ҳаракатланишидаги зарур муддати аниқланиши;

кўтариш тизимини бараварлаштириш усули танланиши;

кўтариш канати тегишли стандарт бўйича ҳисобланиши ва танланиши;

барабаннинг асосий ўлчамлари аниқланиши ва ўраш органи танланиши;

копёрнинг типи танланиши, унинг баландлиги аниқланиши ва стволга нисбатан кўтариш машинасининг жойлашиш схемаси тузилиши;

кўтариш кинематикаси ҳисобланиши, кўтариш машинаси танланиши, υ=ƒ(t) ва α=ƒ(t) диаграммалари тузилиши ҳамда кўтариш циклининг амалдаги давом этиши аниқланиши, бунда υ - тезлик, t - вақт;

ҳаракатланувчи қисмларнинг солиштирма массаси аниқланиши ва кўтариш динамикаси ҳисобланиб F=ƒ(t) диаграммаси тузилиши, бунда F - кучланиш, t - вақт;

ўраш органи (қурилмаси) валидаги қувватнинг диаграммаси тузилиши, юритма типи танланиши, двигателнинг зарур қуввати аниқланиши, кўтариш двигатели танланиши ва юқори юкланиш бўйича текширилиши;

коммутация схемаси, зарур бошқарув ва ҳимоя аппарати, сигнал бериш схемаси танланиши,

кўтариш қурилмасининг иш вақтини суткалик баланси ҳисоб қилиниши;

кўтариш қурилмасининг жиҳозларига смета тузилиши ва лойиҳалаштирилган қурилманинг техник кўрсаткичлари ҳисоб қилиниши.


38. Шахта кўтариш қурилмаси конструкциясини ўзгартириш ишлаб чиқувчи (лойиҳачи) билан келишилган бўлиши керак.

Вертикал иншоотлар бўйлаб юкларни кўтариш ва туширишда максимал тезлик шахта кўтариш қурилмасининг лойиҳа ҳужжатлари билан белгиланади, қия иншоотлар бўйлаб эса юкларни қутиларда кўтаришда тезлик 7 m/s дан ва юкларни вагончаларда кўтаришда 5 m/s дан ошмаслиги керак.

Юкларни бадьяларда кўтариш ва туширишда йўналтирувчи бўйлаб бадьянинг ҳаракат тезлиги 12 m/s дан, йўналтирувчи бўлмаган жойларда эса 2 m/s дан ошмаслиги керак. Одамларни ва юк билан бирга одамларни (юк-одам) кўтаришга мўлжалланган шахта кўтариш қурилмаларининг юк-одам кўтариш ва тортиш канатлари механик хусусиятлари бўйича белгиланган талабларга кўра В маркали (оддий сифатли) бўлиши, бошқалари эса I маркадан паст бўлмаслиги керак.



2-§. Ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини

таъминлашга қўйиладиган талаблар


39. Ҳар бир шахта кўтариш қурилмалари соз ҳолатдаги талаб этилган аниқликни таъминлайдиган қуйидаги ўлчаш воситаларига эга бўлиши керак:

асосий ток ва электродинамик тормозланиш занжирларида амперметрлар ва вольтметрлар;

тормоз тизимидаги сиқилган ҳаво ёки мой босимини кўрсатадиган манометрлар;

машина ишининг барча циклларини қайд қилувчи ва ҳаракат тезлиги ҳамда йўналишини таҳлил қилиш имконини берувчи ўлчаш воситалари.


40. Метрология текшируви ва давлат метрология назорати татбиқ этиладиган соҳага тааллуқли ўлчаш воситалари ўлчаш воситаларининг давлат реестрига киритилган бўлиши ҳамда метрология текширувидан ўтган бўлиши лозим.



4-БОБ. ШАХТА КЎТАРИШ ҚУРИЛМАЛАРИНИ

ҚАДОҚЛАШ ТАЛАБЛАРИ


41. Шахта кўтариш қурилмалари ва уларнинг жиҳозларини қадоқлаш учун ишлатиладиган материаллар ва моддалар хавфсиз бўлиши керак.


42. Қадоқлаш ишончли бўлиши ва шахта кўтариш қурилмалари ҳамда жиҳозларининг сақланиши, уларни ташиш ва сақлаш вақтида хавфсизлигини таъминлаши керак.



5-БОБ. ШАХТА КЎТАРИШ ҚУРИЛМАЛАРИНИ

ТАМҒАЛАШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


43. Ишлаб чиқарувчи томонидан етказиб бериладиган шахта кўтариш қурилмалари, шунингдек, унинг жиҳозлари Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ва (ёки) томонларнинг келишувига кўра бошқа тилда тузилган юк ҳужжатларига, аниқ кўринадиган ва ўчиб кетмайдиган қуйидагиларни ифодаловчи идентификация ёзувларига эга бўлиши керак:

ишлаб чиқарувчининг номи ва (ёки) унинг товар белгиси;

номи ва (ёки) белгиси (тури, тамғаси, модели, агар мавжуд бўлса);

ишлаб чиқарилган ойи ва йили.


44. Юк ҳужжатлари қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

шахта кўтариш қурилмаси ва унинг жиҳозларининг лойиҳа ҳужжатлари ва паспортлари;

ўрнатиш, йиғиш, созлаш ёки ростлаш бўйича йўриқнома;

эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича қўлланма (йўриқнома);

йиғиш чизмалари ва маълумотнома бирликлари;

йиғма бирликларига паспортлар;

прокат ва маҳкамлаш деталларига паспортлар;

бутлаш рўйхати.


45. Эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича қўлланма (йўриқнома) қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

ушбу Техник регламентнинг 43-бандида кўрсатилган маълумотлар;

шахта кўтариш қурилмасини ишлатиш мақсадларига мувофиқ фойдаланиш бўйича кўрсатмалар, ишлатиш вақтида риоя қилиниши шарт бўлган хавфсизликни таъминлаш бўйича чоралар (шу жумладан, ишга тушириш, мақсадли фойдаланиш, техник хизмат кўрсатиш, барча турдаги таъмирлаш ишлари ва техник кўрикдан ўтказишлар, ташиш ва сақлаш);

белгиланган хизмат муддати ёки белгиланган ресурс кўрсаткичлари;

муҳим носозликлар рўйхати, ходимлар йўл қўйиши эҳтимоли мавжуд аварияга олиб келиши мумкин бўлган хатоликлар ва бу хатоликларнинг олдини олиш бўйича ҳаракатлар;

чегаравий ҳолат мезонлари;

ишлаб чиқарувчининг (ишлаб чиқарувчи томонидан ваколат берилган шахс) номи ва жойлашган жойи, импорт қилувчи, улар билан боғланиш учун маълумотлар.


46. Эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича қўлланма (йўриқнома) қоғоз шаклда амалга оширилади. Унга ишлатиш ҳужжатлари тўплами электрон ташувчиларда илова қилиниши мумкин.


47. Агар ушбу Техник регламентнинг 43-бандида кўрсатилган маълумотларни шахта кўтариш қурилмалари жиҳозларига ёзишнинг (акс эттиришнинг) имкони бўлмаса, улар фақат ушбу жиҳознинг паспортида кўрсатилиши мумкин. Бундай ҳолда ишлаб чиқарувчининг номи ва (ёки) унинг товар белгиси, жиҳознинг номи ва белгиланиши (тури, маркаси, модели, агар мавжуд бўлса) қадоқда туширилган бўлиши керак.



6-БОБ. МУВОФИҚЛИКНИ БАҲОЛАШ


1-§. Шахта кўтариш қурилмаларини

идентификация қилиш


48. Шахта кўтариш қурилмаларини идентификация қилиш, унинг тақдим этилган юк ҳужжатларига мувофиқлигини аниқлаш учун амалга оширилади.


49. Шахта кўтариш қурилмаларини идентификация қилиш унинг таснифлари ушбу Техник регламентнинг 43 ва 44-бандларида кўрсатилган маълумотлар билан бир хиллигини ўрнатиш йўли билан амалга оширилади.

Шахта кўтариш қурилмаларини идентификация қилиш учун маҳсулот таснифлагичида ва лойиҳа ҳужжатларида, шу жумладан, техник шартлар ва етказиб бериш шартномаларида кўрсатилган маълумотлардан фойдаланиш мумкин.


50. Шахта кўтариш қурилмалари идентификацияси шахта кўтариш қурилмасининг номи, тури (вазифаси) каби маълумотлари бўйича қуйидагилар томонидан ўтказилади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уни муомалага киритган ишлаб чиқарувчи (сотувчи);

маҳсулот мувофиқлигини баҳолаш ва тасдиқлаш мақсадида тегишли ишларни амалга оширувчи сертификатлаштириш органи;

давлат назорати органлари - Техник регламент талабларига мувофиқлигини текшириш мақсадида.



2-§. Намуна танлаш ва синовларни ўтказиш


51. Шахта кўтариш қурилмаларининг техник регламент талабларига мувофиқлигини баҳолаш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган усулларни қўллаган ҳолда амалга оширилади.

Шахта кўтариш қурилмаларини Техник регламент талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун зарур синов ва намуна олиш усуллари Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 августдаги 502-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.



3-§. ШАХТА КЎТАРИШ ҚУРИЛМАЛАРИ

МУВОФИҚЛИГИНИ ТАСДИҚЛАШ


52. Шахта кўтариш қурилмаларининг ушбу Техник регламентнинг талабларига мувофиқлиги мувофиқликни сертификатлаш шаклида тасдиқланади.

Мувофиқликни тасдиқлашдан олдин шахта кўтариш қурилмалари идентификация қилинади.


53. Мувофиқлик сертификати туркум ишлаб чиқариладиган шахта кўтариш қурилмаларига уч йил муддатга, шахта кўтариш қурилмалари тўпига эса маҳсулотнинг яроқлилик ёки кафолат муддатига тенг муддатда расмийлаштирилади.


54. Шахта кўтариш қурилмаларининг ушбу техник регламент талабларига мувофиқлигини сертификатлаш қуйидаги 1С, 3С ёки 4С схемаларига мувофиқ амалга оширилади.

1С схема - туркум ишлаб чиқариладиган шахта кўтариш қурилмаларини сертификатлаштиришда қўлланади. Бунда ариза берувчи ишлаб чиқарувчи (ишлаб чиқарувчининг ваколатли шахси) ҳисобланади ва сертификатланган маҳсулотларнинг мувофиқлик белгиси билан тамғаланишини таъминлайди;

3С схема - шахта кўтариш қурилмаларининг тўпи учун қўлланилади. Бунда ариза берувчи ишлаб чиқарувчи (ишлаб чиқарувчининг ваколатли шахси) ёки сотувчи (импорт қилувчи) ҳисобланади ва сертификатланган маҳсулотларнинг мувофиқлик белгиси билан (импорт қилинган маҳсулотлар ариза берувчига қулай шаклда) тамғаланишини таъминлайди;

4С схема - ягона (битта) шахта кўтариш қурилмаси учун, техник регламентда белгиланган синов ва ўлчашларни ўтказиш жараёнида ушбу буюмга путур етказилмаса, қўлланади. Бунда ариза берувчи ишлаб чиқарувчи (ишлаб чиқарувчининг ваколатли шахси) ёки сотувчи (импорт қилувчи) ҳисобланади.


55. Мувофиқлик сертификати Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 августдаги 502-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ расмийлаштирилади.



7-БОБ. ЎТИШ ДАВРИ


56. Ушбу Техник регламент кучга кирган вақтдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган ва шахта кўтариш қурилмалари учун хавфсизлик талабларини белгилайдиган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар Техник регламент талаблари билан мослаштирилгунига қадар норматив ҳужжатларнинг ушбу Техник регламентга зид бўлмаган қисмлари амалда қўлланади.


57. Техник регламент кучга киргунга қадар шахта кўтариш қурилмалари учун олинган мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар ушбу ҳужжатларда белгиланган муддатлар давомида амалда бўлади.



8-БОБ. ТЕХНИК РЕГЛАМЕНТ ТАЛАБЛАРИГА РИОЯ

ЭТИЛИШИ УСТИДАН ДАВЛАТ НАЗОРАТИ


58. Ушбу Техник регламент талабларига риоя этилиши бўйича давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, шунингдек, шахта кўтариш қурилмалари хавфсизлиги соҳасидаги ваколатли давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



9-БОБ. ТЕХНИК РЕГЛАМЕНТ ТАЛАБЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


59. Ушбу Техник регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

        

           




Техник регламентга

ИЛОВА



Техник регламент хавфсизлик талаблари

билан тартибга солинадиган мажбурий тартибда

мувофиқлиги баҳоланиши лозим бўлган

шахта кўтариш қурилмалари

РЎЙХАТИ

         

Т/р

Шахта кўтариш қурилмалари номи

          

ТИФ ТН коди

1.

Кўтариш машиналари (шахта кўтариш қурилмаларининг ер юзасида жойлашган чиғирлари, ерости ишлари учун мўлжалланган махсус чиғирлар)

8428320000,

8428330000,

8425390002,

8425390005,

8425390006

       

2.

Скиплар


8428102009

3.

Элеваторлар ва ерости ишлари учун махсус мўлжалланган узлуксиз ишловчи конвейерлар

             

8428310000

        

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 30 апрель



























































































Время: 0.1396
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск