язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Йўл хўжалиги. Йўл жамғармаси/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.04.2005 й. ПҚ-62-сон "Шаҳарларда йўл қурилишини ташкил этишни такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.04.2005 й.

N ПҚ-62



ШАҲАРЛАРДА ЙЎЛ ҚУРИЛИШИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БОРАСИДАГИ

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Тошкент шаҳри, Самарқанд вилояти ва бошқа бир қанча вилоятларнинг ҳокимликлари шаҳарларни реконструкция қилиш ва ободонлаштириш, архитектура ва тарихий-маданий ёдгорликларни қайта тиклаш, транспорт магистраллари қуриш, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарини жойлаштириш бўйича ишларни шаҳар қурилиши талабларини қўпол равишда бузган ҳолда, шаҳарларнинг истиқболли бош режаларини аниқ-пухта ишлаб чиқмасдан, аҳоли пунктларини зарур лойиҳа-режалаштириш ҳужжатлари билан таъминламасдан амалга ошираётганлиги йўл қўйиб бўлмайдиган фактлар деб ҳисоблансин.

Қайд этилсинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси республиканинг шаҳар қурилишига оид қонун ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 26 апрелдаги "Ўзбекистон Республикасида архитектура ва шаҳар қурилишини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-2595-сонли Фармонига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қатъий риоя этишлари устидан тегишли назоратни амалга оширмаяпти.

Шаҳар қурилишида тегишли тартиб ўрнатиш ва уларнинг узоқ истиқболга мўлжалланган комплекс реконструкция қилинишини таъминлаш, шаҳар марказлари ва архитектура комплекслари қурилиши бош режаларида шаҳарларнинг транспорт магистраллари ва кўча-йўл тармоқларини комплекс ривожлантириш бўйича қабул қилинадиган лойиҳалар сифатини ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси талабларига, шаҳар қурилишининг тасдиқланган норма ва қоидаларига риоя этилиши учун масъулиятни кучайтириш мақсадида:


1. Шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг истиқболли қурилишида кўплаб магистрал йўллар ва кўчаларда, ҳатто чорраҳаларда энг аввало узоқни ўйламасдан, вақтинчалик манфаатларни кўзлаб бешинам умумий овқатланиш нуқталари ва турли хил газакхоналар шаҳар қурилиши ва архитектура нормалари, коммуникация, транспорт ва санитария талаблари, истиқболли қурилиш режалари билан асло боғланмаган ҳолда қуриб ташланиши мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган амалиёт деб ҳисоблансин.


2. Белгилансинки, транспорт магистраллари ва тизимларининг чизмалари мақбуллаштирилган ҳолда шаҳарларнинг транспорт инфратузилмаси янги қурилиши, уни реконструкция қилиш ва янгилаш фақат шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг белгиланган тартибда тасдиқланган бош режалари асосида ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

3. Қуйидагилар транспорт магистраллари ва тизимларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳачилар этиб та-йинлансин:

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида, Тошкент вилоятида "ТошкентбошпланЛИТИ" лойиҳа институти;

вилоят марказлари ва шаҳар аҳоли пунктларида "ЎзшаҳарсозликЛИТИ" ДУК лойиҳа институти;

қишлоқ аҳоли пунктларида - "Қишлоққурилишлойиҳа" МЧЖ лойиҳа-қидирув институти.

4. Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси:

уч ой муддатда "ТошкентбошпланЛИТИ" институти билан биргаликда Тошкент шаҳрининг транспорт ин-фратузилмасини мақбуллаштириш ва янгилаш бўйича лойиҳаларга тузатишлар киритсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқласин;

бир ой муддатда иловага* мувофиқ республика шаҳарларида транспорт инфратузилмасини ишлаб чиқиш ва янгилаш жадвали бўйича таклифлар тайёрласин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.


5. Ўзбекистон Транспорт ва транспорт коммуникациялари уюшмаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган жадвалга биноан иловада кўрсатилган шаҳарларда транспорт инфратузилмасини мақбуллаштириш ва янгилаш бўйича лойиҳаларга тузатишлар киритсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқласин.


6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 17-18-сон, 129-модда.