ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Президенти / Президент Администрацияси /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.07.2025 й. ПФ-111-сон "Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

14.07.2025 й.

N ПФ-111



ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ТИЗИМИДА

САМАРАДОРЛИК, ПРОАКТИВЛИК

ВА НАТИЖАДОРЛИКНИ ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ислоҳотлар ижросини эксперт жиҳатидан таъминлаш самарадорлигини ошириш, ҳудудлар ва тармоқларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бизнес муҳитини янада яхшилаш, давлат органларининг масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш, бошқарувнинг барча бўғинлари ўртасида ҳамоҳангликни мустаҳкамлаш мақсадида ҚАРОР ҚИЛАМАН:


1. Қуйидагилар:

(а) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг янгиланган тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;

(б) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси регламенти 2-иловага* мувофиқ;

(в) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва унинг Администрацияси ҳузуридаги ташкилотлар ходимларининг чекланган сони 3-иловага* мувофиқ;

(г) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбар ва масъул ходимлари меҳнатига Ягона тариф сеткаси бўйича ҳақ тўлаш разрядлари 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг (кейинги ўринларда - Администрация) янгиланган тузилмасига мувофиқ:

(а) Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тугатилсин ҳамда унинг ахборот соҳасида назорат ва мониторинг бўйича вазифа ва функциялари Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясига ўтказилсин;

(б) Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ Администрация бўйсунувига ўтказилсин;

(в) Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази негизида Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ташкил этилсин;

(г) Администрация Матбуот хизллати медиа-маркази негизида Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташкил этилсин;

(д) Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги негизида Бошқарув самарадорлиги агентлиги ташкил этилсин;

(ж) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Администрация бўйсунувига ўтказилсин.


3. Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг проактив сиёсат юритишини таъминлаш учун 2025 йил 1 августдан қуйидагилар амалга киритилсин:

(а) вазирлик ва идораларнинг ўзларига тегишли соҳани тартибга солиш ваколати доирасида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;

(б) идоравий ҳужжатларни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказишда қайта ишлаш (таҳрирлаш) имкониятини яратиш, давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган идоравий ҳужжатларни автоматик равишда ўз кучини йўқотган деб топиш амалиётини жорий этиш;

(в) идоравий ҳужжатларни, шу жумладан, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, фитосанитария талаблари, экологик нормалар ва қоидалар, ветеринария ҳамда ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини (техник ҳужжатлар) халқаро стандартларга мослаштириш жараёнида уларга ҳуқуқий нормаларни киритишга рухсатэтиш.


4. Вазирлар Маҳкамаси Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан биргаликда:

(а) 2025 йил 1 августга қадар Ҳукумат қарорлари, идоравий ҳужжатлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳужжатлари билан тартибга солинадиган масалалар рўйхатини белгиласин;

(б) 2025 йил 1 сентябрга қадар:

(i) бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, такрорланувчи назорат функцияларини бекор қилиш; қарор қабул қилишда шаффофлик ва очиқликни таъминлашга қаратилган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини ошириш;

(ii) ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш борасида маҳаллий ҳокимликлар иқтисодий, маъмурий ва молиявий ваколатларини янада кенгайтиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари пакетини Администрацияга киритсин;

(в) 2025 йил 1 августга қадар мазкур Фармон талабларини инобатга олган ҳолда Ҳукумат ижро аппарати ва ижро этувчи органларнинг штат тузилмаларини қайта кўриб чиқсин ва мақбуллаштириш юзасидан таклиф киритсин.


5. Олий суд Конституциявий суд, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив хусусиятга эга маъмурий ҳужжатлар юзасидан келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилган ҳолда уларни бекор қилиш, ўзгартириш ва ҳақиқий эмас деб топиш бўйича суд амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифларни Администрацияга киритсин.


6. Президент маслаҳатчилари ва Администрация таркибий бўлинмалари бошлиқлари:

(a) бириктирилган йўналишларда ишларнинг аҳволи ва ривожланиш истиқболларини мунтазам (ҳафтада камида бир марта) муҳокама қилиб борсин, бу борада давлат ташкилотлари, ишбилармон доиралар, бизнес ҳамжамияти, ҳудуд фаоллари ва хусусий сектор вакиллари билан таъсирчан мулоқот ва ҳамкорликни кучайтирсин;

(б) ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларини доимий мониторинг қилсин, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш ишлари ҳолати ҳамда истиқболлари тўғрисида ахборот тўплаб, ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилиш йўлларини аниқлаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун киритиб борсин;

(в) ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат дастурларининг ўз вақтида шакллантирилишини ва тўлиқ бажарилишини, шу жумладан, тармоқлар ва ҳудудларда инвестициявий, давлат-хусусий шериклик ва бошқа йирик лойиҳаларнинг амалга оширилишини назоратга олсин;

(г) бизнес муҳитини янада яхшилаш, ўсишнинг янги имкониятларини ишга солиш, аҳоли даромадларини ошириш борасида ижро этувчи органларнинг ташкилий тузилмаларини ва иш услубларини такомиллаштириш, уларнинг фаолиятини рақамлаштириш, мансабдор шахсларнинг масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш чораларини кўриб борсин;

(д) бўлинма таркибидаги бошқарма ва шўъбалар фаолиятини замонавий талаблар асосида шакллантириш ва вазифалар тақсимотини мустақил белгилаш, ходимларни долзарб масалалар ечимига тезкор мобилизация қилиш орқали уларнинг иш самарадорлигини оширсин;

(ж) ходимлар фаолиятида замонавий маълумотларни таҳлил қилиш ва визуаллаштириш, лойиҳаларни бошқариш, вақт ва натижадорлик воситаларини, шу жумладан, сунъий интеллект технологиялари ва бошқа рақамли воситаларни жорий этсин.


7. Администрация раҳбари ва унинг ўринбосарлари, Президент ёрдамчилари, маслаҳатчилари, вакиллари ва Администрация таркибий бўлинмалари бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланиши ва лавозимидан озод этилиши белгилаб қўйилсин.


8. Администрация раҳбарига қуйидаги ваколатлар тақдим этилсин:

(а) Президент маслаҳатчилари ўринбосарлари ва Администрация таркибий бўлинмалари бошлиқлари ўринбосарлари, Комплаенс хизмати бошлиғи, Канцелярия мудири ҳамда Администрация бошқарув ходимлари, шу жумладан, мазкур лавозимларга илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланган ходимларни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш. Бунда қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилгунига қадар ҳам мазкур ходимларга тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларида Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ходимлар учун назарда тутилган барча ҳуқуқлар, имтиёзлар, кафолатлар, ваколатлар ва бошқа қоидалар, шу жумладан/ давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома беришнинг алоҳида тартиби татбиқ этилади;

(б) Администрация ходимларининг штатлар жадвалини тасдиқлаш;

(в) лойиҳавий бошқарув тамойили асосида ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий мутахассис ва экспертларни/ шу жумладан, олимлар, илмий изланувчилар ва тадқиқотчиларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида жалб қилиш (ишга олиш), уларнинг натижаларини молиялаштириш, шу жумладан; Администрация фаолиятига кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан;

(г) маҳаллий ва хорижий мутахассислар ва экспертларга хизматлари учун ҳақни (иш ҳақини) миллий ёки чет эл валютасида тўлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини мустақил белгилаш.


9. Президент маслаҳатчилари ва Администрация таркибий бўлинмалари бошлиқлари ўн кун муддатда ўзига тегишли йўналишда ривожлантириш лойиҳалари рўйхатларини шакллантирсин ва Администрация раҳбарига тасдиқлаш учун тақдим этсин.


10. Коммуникациялар департаменти бир ой муддатда Давлат коммуникация стратегиясини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин.


11. Администрация раҳбари икки ҳафта муддатда Администрация бошқарув ходимлари фаолиятига баҳо бериб, уларнинг аттестациядан ўтказилишини ҳамда Администрацияга салоҳияти ва қобилияти юқори бўлган энг муносиб кадрлар танланишини таъминласин.


12. Администрация Канцелярияси бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда бир ой муддатда иш жараёнига замонавий рақамли воситаларни (сунъий интеллект, ходимлар фаолияти самарадорлигини мониторинг қилиш, видеоконференциялар, йиғилиш ва тадбирлар календари ва бошқалар) жорий қилсин.


13. Адлия вазирлиги бир ой муддатда қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида таклифларни Администрацияга киритсин.


14. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.Ш. Мирзиёева зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев



*) Иловалар келтирилмайди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 16 июль

























































Время: 0.1524
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск