язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Монополияга қарши сиёсат. Табиий монополиялар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.04.2005 й. ПФ-3602-сон "Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

30.04.2005 й.

N ПФ-3602



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МОНОПОЛИЯДАН ЧИҚАРИШ, РАҚОБАТ ВА

ТАДБИРКОРЛИКНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Иқтисодиётнинг хусусий секторини жадал ривожлантиришни рағбатлантириш, табиий монополия корхоналари фаолияти устидан назоратни кучайтириш, банкрот ва монополист корхоналарни қайта ташкил этиш, рақобат муҳитини шакллантириш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг бозор тизимини яратиш бўйича қатъий чора-тадбирларни амалга оширишни, шунингдек истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ташкил этилсин.


2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

хусусий секторни жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, жумладан хусусий тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш;

корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолати ва рақобатчилик қобилиятини чуқур таҳлил этиш, монополиядан чиқариш соҳасида, жумладан йирик монополист корхоналарни кичиклаштириш ва таркибий жиҳатдан ўзгартириш, улар негизида ички ва ташқи бозорларда самарали рақобат қила оладиган хусусий мустақил ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича амалий тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

табиий монополия тармоқларини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва улардан рақобат муҳити шароитида фаолият кўрсата оладиган корхоналарни ажратиб олиш ва хусусийлаштиришни назарда тутадиган дастурлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

табиий монополия корхоналари ўзларининг ички бозордаги монопол мавқеидан фойдаланиб, ишлаб чиқараётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматлар нархларини асоссиз равишда сунъий оширишларига йўл қўймаслик мақсадида улар устидан назоратни амалга ошириш;

йирик монополияларнинг рақобатга зид ҳаракатларини, нопок рақобатчилар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ноҳалол рақобатни, товарлар ва хизматлар бозорлари монополия қилиб олинишини чеклаш ҳамда пайини қирқишни таъминлайдиган рақобат муҳити учун ҳуқуқий майдонни такомиллаштириш;

иқтисодий ночор корхоналар тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш чоғида давлат манфаатларини ифода этиш, корхоналарни таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва уларнинг банкротлиги соҳасида давлат бошқаруви вазифаларини амалга ошириш;

истеъмолчилар ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилиш тизимини истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамоат тузилмалари билан мустаҳкам мувофиқлаштирган ҳолда ташкил этиш;

реклама соҳасида нопок рақобатга йўл қўймаслик мақсадида  реклама бозорини тартибга солиш.


3. Белгилансинки, қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган ҳудудий органлари ҳисобланади:

Қорақалпоғистон Республикасида - Қорақалпоғистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий ночор корхоналар ишлари ҳудудий бош-қармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўлими негизида ташкил этиладиган Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси;

вилоятлар ва Тошкент шаҳрида - монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармалари, иқтисодий ночор корхоналар ишлари ҳудудий бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг кичик ва хусусуий тадбиркорликни ривожлантириш бўлимлари негизида ташкил этиладиган монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий бошқармалари.


4. Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин: 

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда уларнинг мансабдор шахсларига, ўз ваколати ва Қўмита тўғрисидаги тасдиқланган Низом доирасида, улар чиқарган қарорларни бекор қилиш ёки монополияга қарши ишларни тартибга солиш, банкротлик, рақобат ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги қонунчиликни бузадиган хатти-ҳаракатларни тўхтатиш ва унинг оқибатларини тугатиш тўғрисида тақдимномалар бериш, шунингдек берилган тақдимномалар ижросини назорат қилиш;

нопок рақобатчилар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда мансабдор шахслари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва мансабдор шахслари томонидан монополияга қарши ишларни тартибга солиш, банкротлик, рақобат ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги қонунчилик бузилган ҳолларда уларга қарши судларда даъво қўзғатиш;

монополист корхоналарга, иқтисодий ночорлик аломатлари мавжуд бўлган ёки банкротга учраш ҳолатига келиб қолган корхоналарга уларни кичиклаштириш ва таркибий жиҳатдан ўзгартириш зарурлиги тўғрисида тақдимномалар бериш, шунингдек суднинг қарорига биноан шундай тақдимномаларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий бажарилишини амалга ошириш;

хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг мансабдор шахсларига, шунингдек давлат бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда жарималар солиш;

истеъмолчилик ҳуқуқлари камситилгани тўғрисида истеъмолчиларнинг ариза ва ҳикоятлари юзасидан, назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши билан келишилган ҳолда, ана шу ҳуқуқларни бузган корхона ва ташкилотларни текшириш (уларнинг молия-хўжалик фаолияти бундан мустасно).


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси тўғрисидаги Низомни тасдиқласин, унда мазкур Қўмита томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолият эркинлиги камситилиши ва чекланишига йўл қўйилмаслиги назарда тутилган ҳолда унинг ҳуқуқ ва ваколатлари аниқ белгилаб қўйилиши кўзда тутилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ўзи тақдим этадиган даъволар юзасидан кўриб чиқиш учун хўжалик судларига киритиладиган ишлар бўйича бож тўлашдан озод қилинсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 2 августдаги "Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида"ги ПФ-2676-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 11 декабрдаги "Корхоналарнинг банкротлиги тўғрисидаги қонунчиликни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида"ги ПФ-1658-сон Фармонининг 3-9-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига, хусусан, рақобат тўғрисидаги ҳамда товар бозорларидаги монополистик фаолиятни чеклаш, табиий монополиялар, банкротлик, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларга ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгариш ва қўшимчалар ҳақида таклифлар киритсин.

8. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини тайёрласин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 17-18-сон, 127-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2005 йил, 3-4-сон, 140-модда