ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Низоларнинг айрим тоифалари /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 12.03.2004 й. 115-сон "Қишлоқ хўжалигида қонунийликни таъминлаш ва ердан фойдаланишдаги суиистеъмолчиликларнинг олдини олишда иқтисодий судларининг ролини ошириш тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

12.03.2004 й.

N 115




ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА ҚОНУНИЙЛИКНИ

ТАЪМИНЛАШ ВА ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШДАГИ

СУИИСТЕЪМОЛЧИЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ

ОЛИШДА ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРИНИНГ

РОЛИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ўзининг самарасини бераётганлиги қишлоқ хўжалик ривожида ҳам намоён бўлмоқда. Аграр тармоқда хўжалик юритишнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари такомиллаштирилмоқда. Қишлоқда чинакам мулкдорлар синфи шакллантирилиб, ерга, мулкка ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотга нисбатан эгалик туйғуси қарор топтирилмоқда. Аммо қишлоқда тадбиркорлик ғоясини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган ва фермерлик сиёсатини обрўсизлантиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга, хусусан ердан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларда дуч келинаётган мансабдор шахсларнинг суиистеъмолчилиги, лоқайдлиги, бюрократик тўсиқлар ва таъмагирлик иллатларига тўлиқ барҳам берилмаяпти. Ер участкаларини талон-тарож қилиш, улардан ноқонуний фойдаланиш, сохта фермерлик орқали бойлик орттириш, ер участкаларидан ижара шартномасида кўрсатилган мақсадларда фойдаланмаслик ҳолатлари юз бермокда.

Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга оширишда айрим мансабдор шахслар ўзларининг шахсий манфаатларини давлат ва жамият манфаатидан устун қўйишмоқда. Баъзи бир ҳокимлар, қишлоқ ва сув хўжалик бошқарма ва бўлимлари, ер ресурслари хизмати идоралари мансабдор шахслари ҳамда қишлоқ хўжалик кооперативи (ширкат хўжаликлари)нинг раҳбарлари давлат мулки ҳисобланган ердан фойдаланишда суиистеъмолчиликка, уни ижарага беришда ҳар хил қонунбузарликларга йўл қўйишмоқда. Уларга нисбатан амалдаги қонунлар асосида қаттиқ жазо чоралари кўрилмаяпти.

Айрим жойларда ижарага берилган суғориладиган ерларда фермерлар контрактация шартномасида кўрсатилган экин турларини экмасдан, ўзларининг эҳтиёжлари учун керак бўлган бошқа маҳсулотларни етиштирмоқдалар.

Қишлоқ хўжалигида давлат буюртмаси бўйича маҳсулот етиштириш учун берилаётган минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини қўшни давлатларга бойлик орттириш мақсадида сотиб юбориш ёки улардан шахсий томорқаларида фойдаланиш ҳолатлари камаймаяпти. Шунингдек, пахта хомашёсини ўғирлаб, чегарадош мамлакатларга сотиш жиноятларига ҳам йўл қўйилмоқда.

Энг муҳими, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан давлат органлари назорати қонун ҳужжатлари талаблари асосида ташкил этилмаган. Ердан фойдаланувчиларнинг ерга нисбатан эгалик ҳиссини шакллантириш ва ердан фойдаланишда давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифа эканлигига жойларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда иқтисодий судлар ҳам лозим даражада эътибор бермаяптилар.

Иқтисодий судлар томонидан қишлоқ хўжалик муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари амалиётда қўлланилаётганлигига қарамасдан, бу соҳада вужудга келган низолар бўйича ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида кўрилган чораларнинг таъсирчанлиги ва самарадорлиги деярли сезилмаяпти.

Қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланишда қонунийликни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда иқтисодий судларнинг ролини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 47-моддасига асосан қуйидаги  тушунтиришларни беришга ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Иқтисодий судларнинг эътибори уларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни таъминлаш ва ердан фойдаланишда суиистеъмолчиликларнинг олдини олишдаги ролини ошириш зарурлигига қаратилсин.

Иқтисодий судлар қишлоқ хўжалик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиққан низоларни кўриш жараёнида ташкилотлар, давлат органлари ва бошқа органлар мансабдор шахслари, шу жумладан фермер хўжаликлари бошлиқлари ва бошқа ердан фойдаланувчилар фаолиятида қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги, сохта фермерлик орқали бойлик орттириш, ерлардан шартномада кўрсатилган мақсадда фойдаланмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда айбдор шахсларга нисбатан жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилиш, маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш, келтирилган зарарни айбдор шахслар ҳисобидан қоплаш, раҳбар ва бошқа ходимларни эгаллаб турган лавозимларидан озод этишгача бўлган интизомий чоралар кўриш ҳақида хусусий ажрим ва тақдимномалар киритиш ваколатларидан фойдаланишлари лозим.

2. Иқтисодий судларнинг эътибори қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар иштирокидаги низоларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги, "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги, "Қишлоқ хўжалик кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида"ги, "Экологик назорат тўғрисида"ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим йўналишлари тўғрисида" 2003 йил 24 мартдаги ПФ-3226-сонли, "Қишлоқ хўжалиги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сонли, "Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 7 сентябрдаги ПФ-6061-сонли, "Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сонли фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 24 февралдаги ПҚ-5006-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Қишлоқ хўжалик корхоналарини фермер хўжаликларига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2002 йил 5 январдаги 8-сонли, "Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида шартномавий муносабатларни такомиллаштириш ва мажбуриятлар бажарилиши учун томонларнинг жавобгарлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2003 йил 4 сентябрдаги 383-сонли, "Қишлоқ хўжалигида ижара муносабатларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2003 йил 5 ноябрдаги 486-сонли, "Фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2013 йил 31 январдаги 22-сонли қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилиши лозимлигига қаратилсин.

3. Иқтисодий судларнинг судловига ширкат, фермер ва деҳқон хўжаликларидан ер участкаларини қайтариб олиш, уларни давлат ва жамият манфаатлари учун олиб қўйиш, ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши, ер участкасида қурилган ноқонуний қурилмаларни бузиш, ер участкаларини ижарага бериш билан боғлиқ низолар тааллуқлидир.

Фермер хўжалигини давлат рўйхатига олишни рад этганлиги ёки белгиланган муддатда давлат рўйхатига олишдан бош тортганлиги устидан Ўзбекистон Республикаси "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонунининг 7-моддаси 3-қисмига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-моддасига мувофиқ маъмурий судга шикоят берилиши мумкин.

Ер муносабатлари билан боғлиқ низолар иқтисодий судлар томонидан қисқа муддатларда, тезкорлик билан кўриб чиқилиши лозим.

4. Иқтисодий судлар фермер хўжаликларини ташкил этиш, уларга ер участкалари ажратиб бериш бўйича қонунчиликда назарда тутилган қоидалар, жумладан, танлов ўтказиш, ер участкалари бериш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш, фермер хўжалигининг ер участкасига бўлган ҳуқуқини расмийлаштириш тартиби бузилишига йўл қўйилган ҳар бир ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериб, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли таъсир чораларини қўлласинлар.

5. Иқтисодий судлар шу ҳолатни эътиборга олсинларки, фермер хўжалиги билан ер ижараси шартномасини тузган қишлоқ хўжалик кооперативи (ширкат хўжалиги) тугатилган ҳолларда ер ижараси шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 6-моддасига мувофиқ туман ҳокимликлари даъвогар сифатида қатнашишлари мумкин.

Бироқ судларнинг эътибори ҳокимликнинг фермер хўжалиги билан тузилган ер ижараси шартномасини бекор қилиш бўйича ариза беришдан олдин даъвогар судгача низони ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига, яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган "Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида"ги Низом талабларини бажариш кераклигига қаратишлари лозим.

Бунда судлар туман (шаҳар) ҳокими халқ депутатлари туман Кенгашининг ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ёхуд ер майдонини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарори асосида, қонунчиликда белгиланган тартибда, халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорини, Комиссиянинг хулосасини, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасини, далолатномани ва бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни илова қилган ҳолда фермер хўжалиги раҳбари билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ёхуд унинг ер участкаси майдонини мақбуллаштириш тўғрисида фермер хўжалиги раҳбарига таклиф киритганлигига эътиборларини қаратсин.

Агар шартномани бекор қилиш тўғрисидаги таклиф фермер хўжалиги раҳбари томонидан рад этилганлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 384-моддасида белгиланган муддатда жавоб олинмасдан туман (шаҳар) ҳокими томонидан фермер хўжалиги билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш юзасидан иқтисодий судга мурожаат қилинганда, ИПК 107-моддасининг 5-бандига мувофиқ даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос ҳисобланади.

6. Ер ижараси билан боғлиқ низоларни ҳал этишда иқтисодий судлар фермер хўжалигига берилаётган ер участкаси бошқа ердан фойдаланувчиларнинг ерлардан фойдаланиши учун ноқулайликлар вужудга келтирмаслиги, фермер хўжаликлари томонидан ер участкалари ижарага олинишида мазкур ҳудудда яшовчи шахслар бошқа тенг шароитларда устувор ҳуқуқдан фойдаланишларини инобатга олсинлар. Шуни назарда тутиш лозимки, ер участкаси фермер хўжалигига имкони борича ягона мавзе бўйича, контурлар яхлитлиги сақлаб қолинган ҳолда берилиши, участка чегаралари суғориш тармоқлари, коллекторлар, йўллар ва бошқа топографик элементлар бўйича белгиланиши, фермерларга узоқ муддатга ижарага бериладиган бу ер участкалари қишлоқ хўжалик кооперативи (ширкат хўжаликлари) балансидан чиқарилиши шарт.

Фермер хўжалигига берилган ер участкаси бошқа ердан фойдаланувчиларнинг ерлардан фойдаланиши учун ноқулайликлар вужудга келтирганлиги тўғрисидаги низоларни, жумладан, пахта, ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари ер участкаларига туташ, бошқа экинлар етиштиришга ихтисослашган фермерлар ўртасида айнан шу асосда келиб чиққан низоларни ҳал этишда иқтисодий судлардан тегишли қишлоқ хўжалик мутахассисларининг хулосаларини олишлари талаб этилади.

7. Фермер хўжаликлари томонидан тузилган контрактация шартномалари бўйича ўзига олган мажбуриятларга кўра пахта ва дон экишга мўлжалланган ерларга бошқа экинлар экиш ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган экин майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш, яъни бу ерлардан ўзбошимчалик билан шахсий томорқа сифатида фойдаланиш, уй-жой, иморатлар ёки бошқа иншоотларни қуриш, ўзга шахсларнинг фойдаланишига бериб юбориш, пахта ва ғалла етиштириш учун берилган бўнак пуллари, техника, ёнилғи ва минерал ўғитлардан фойдаланиш, лекин маҳсулот топширмаслик, давлат буюртмасига оид мажбуриятларни бажармаслик фермер хўжаликлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларини, шу жумладан, ер ижараси шартномасини қўпол равишда бузиш деб баҳоланиши, бу эса ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддаси, Фуқаролик кодексининг 382-моддаси 2-қисмига кўра фермер хўжалигининг ер участкасига бўлган ҳуқуқи ва ер ижараси шартномасини бекор қилиш учун асос бўлиши иқтисодий судларга тушунтирилсин.

Шунинг билан бирга фермер хўжалиги томонидан контрактация шартномалари бажарилмаганлиги, ернинг экологик ва мелиоратив ҳолати ёмонлаштирилганлиги, ер участкасидан оқилона фойдаланилмасдан ҳосилдорлик нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлганлиги сабабли ер ижараси шартномасини бекор қилиш тўғрисида киритилган даъво аризаларини кўришда, иқтисодий судлар бу талаблар қандай сабабларга кўра фермер хўжалиги томонидан бажарилмаганлиги ҳолатларини чуқур ўрганиб чиқишлари, контрактация шартномаларини бажарилмаганлик ёки лозим даражада бажарилмаганлик учун жавобгарликка тортишда тегишли мутахассисларни жалб этиб, давлат буюртмасини ернинг ҳосилдорлигига мос равишда белгиланганлигига, тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўз шартнома мажбуриятларини қай даражада бажарганлигига, табиий шароитлар ёки бошқа форс-мажор ҳолатларига эътиборларини қаратсинлар.

8. Ер участкаларини қайтариб олиш тўғрисидаги низоларни кўриш жараёнида иқтисодий судлар ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар, ер тузиш хизмати, табиатни муҳофаза қилиш органлари, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари, тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, банк ва солиқ идоралари ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар, шартноманинг лозим даражада бажарилишига оид кўрилган чораларга ҳам эътибор беришлари, бу органлар томонидан қонун бузилишига йўл қўйганлик ҳолатлари аниқланганда, тегишли жавобгарлик чораларини қўллашлари лозим.

9. Иқтисодий судлар низоларни кўриш жараёнида терилган пахта хом ашёсини ўғирлаш, уни сотиш мақсадида республика ташқарисига ноқонуний равишда олиб чиқиб кетиш ҳамда етиштирилган маҳсулотни сақлаш чораларини кўрмаслик, ғалла, пахтани пайҳон қилиш, бошқа йўллар билан талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда айбдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чораларини қўллаш масаласини муҳокама этишлари шарт.

10. Иқтисодий судлар Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ, ер участкаси ижарага берилган муддатининг тугаганлик ҳолати ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бекор бўлишига асос бўлишини эътиборга олсинлар. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 553-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган, мулк ижараси шартномасининг муддати тамом бўлганидан кейин ҳам ижарага олувчи мулкдан фойдаланишни давом эттирса ва ижарага берувчи бунга эътироз билдирмаган бўлса, шартнома аввалги шартлар асосида номаълум муддатга қайта тузилган деб ҳисобланиши тўғрисидаги қоидалар ердан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди. Аммо ижарага олувчи ер участкалари ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин шартномани янгилашда бошқаларга нисбатан тенг шароитларда устун ҳуқуққа эга бўлади.

11. Иқтисодий судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси ажратиш тўғрисидаги қарорининг ўзигина ер участкасига бўлган ҳуқуқни вужудга келтирмайди. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 31-моддасига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Ўзбекистон Республикаси "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонунининг 7-моддасига кўра, фермер хўжалиги ҳамда ер участкаси ижара шартномаси белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинган пайтдан эътиборан фермер хўжалиги ташкил этилган ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бериб қўйилган ёки ана шу мақсадлар учун белгиланган ерларнинг эгалари, бу ердан фойдаланувчилар ва ижарага олувчилар ўртасида тузилган ер участкаларини олди-сотди, ҳадя, гаров, қонунчиликда белгиланган тартиб бузилган ҳолда иккиламчи ижарага бериш, ўзбошимчалик билан алмаштириш шартномалари ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 113-моддаси учинчи қисмига кўра иқтисодий судлар ўз ташаббуслари билан бу шартномаларнинг ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллашга ҳақлидирлар.

Бундай битимларни тузишда айбдор деб топилган шахслар қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


12. Судлар "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қишлоқ хўжалик корхоналарига, шу жумладан фермер хўжаликларига нисбатан ҳам татбиқ этилишини, ушбу Қонуннинг 178-моддаси тўртинчи қисми талабларига кўра, ташқи бошқарув тартиб-таомили юридик шахс мақомига эга бўлган қишлоқ хўжалиги корхонасига нисбатан жорий этилмаслигини назарда тутсинлар.

Фермер хўжаликларини банкрот деб эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судларга ҳар қандай кредитор, шу жумладан банк, солиқ идоралари, фермер хўжалигининг ўзи, шунингдек прокуратура органлари ҳам мурожаат қилиши мумкин.

13. Фермер хўжалигини тўловга қобилиятсиз деб эътироф этилиши уни тугатилишига олиб келишига судларнинг эътибори қаратилиши лозим.

Иқтисодий судлар бундай тоифадаги ишлар бўйича қабул қилинган қарорлар ҳақида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларини хабардор этиб, уларга фермер хўжалигини тугатиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддаси 3-бандига мувофиқ фермер хўжалигининг ер участкасига бўлган ҳуқуқини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш мажбуриятини юклатиши мумкин.

14. Иқтисодий судлар шуни эътиборга олсинларки, "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 9-моддаси биринчи қисмининг 18-бандига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 10 октябрдаги ПҚ-3318-сонли қарорининг 3-бандига кўра, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари - фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилганлар.

Бунда даъво аризасини қаноатлантириш рад этилганда манфаати кўзлаб даъво аризаси киритилган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларидан давлат божи ундирилмайди.

15. Иқтисодий судлар қишлоқ хўжалигида ерлардан фойдаланиш билан боғлиқ низоларни сайёр суд мажлисларида, имкони борича, дала Шийпонлари ва хўжаликларда, ушбу ҳудуддаги фермерлар, деҳқонлар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларнинг иштирокида кўришни кенгроқ жорий этиш, уларнинг тарбиявий ролини ошириш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказиб боришни таъминлаш чораларини кўрсинлар.


Ўзбекистон Республикаси

Олий хўжалик суди раиси                         М.Абдусаломов


Пленум котиби,

Олий хўжалик суди судьяси                      Т. Юсупов











































Время: 0.1805
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск