ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Октябрь, 2025 й. / Ижтимоий таъминот /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.09.2025 й. 610-сон "Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари томонидан ижтимоий карта орқали харид қилинган айрим товарлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш тизимини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
29.09.2025 й.
N 610
АҲОЛИНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА МУҲТОЖ
ТОИФАЛАРИ ТОМОНИДАН ИЖТИМОИЙ КАРТА
ОРҚАЛИ ХАРИД ҚИЛИНГАН АЙРИМ ТОВАРЛАР
(ХИЗМАТЛАР) БЎЙИЧА ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ
СОЛИҒИ СУММАСИНИ ҚАЙТАРИШ ТИЗИМИНИ
СОДДАЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ
ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида" 2024 йил 18 июлдаги ПҚ-267-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида" 2024 йил 18 июлдаги ПҚ-267-сон қарорига мувофиқ "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида 2025 йил 1 октябрдан бошлаб рўйхатга олинган болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларнинг вакиллари ҳамда "Камбағал оилалар реестри" ахборот модулига киритилган оилаларнинг вакиллари бўлган жисмоний шахсларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган товарлар (хизматлар)ни белгиланган миқдор доирасида харид қилишда тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси бир иш кунида қайтарилиши, бунда ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш талаб этилмаслиги белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Кам таъминланган ёки камбағал оилаларнинг вакиллари бўлган жисмоний шахслар томонидан ижтимоий карта орқали харид қилинган айрим турдаги товарлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
бир ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача бўлган айрим товарлар (хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш ёки қайтаришни рад этиш тартиби ва асослари;
ижтимоий карта орқали харид қилинган айрим турдаги товарлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи суммасини кам таъминланган ёки камбағал оилаларнинг вакиллари бўлган жисмоний шахсларнинг ижтимоий карталарига ўтказиш тартиби;
ижтимоий карта орқали харид қилинган ва қўшилган қиймат солиғи суммаси қайтариб олинган товарлар (хизматлар)нинг фискал белгили чекига тузатишлар киритиш тартиби.
3. Белгилансинки, ушбу вақтинчалик низом талаблари 2025 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида тажриба-синов тариқасида жорий этилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси:
а) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) билан биргаликда:
"Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали "Ижтимоий карта" ахборот тизимини солиқ органлари маълумотлар базаси билан интеграция қилган ҳолда, ижтимоий карта берилган фуқаролар ва ижтимоий карта тўғрисидаги маълумотларнинг ўзаро ахборот тизими орқали доимий равишда тақдим этиб борилиши ҳамда унинг янгиланишини таъминласин;
ижтимоий карта орқали айрим турдаги товарлар (хизматлар) хариди бўйича тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш жараёнларини автоматлаштиришни назарда тутувчи дастурий таъминотни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этсин;
б) ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун маълумот алмашиш бўйича молиявий агентлар, тўлов тизимлари операторлари ва Агентлик билан биргаликда ижтимоий карта орқали товар (хизмат)лар харид қилинганда, тегишли харид чекида ижтимоий карта ва транзакциянинг уникал рақамини ахборот хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ тақдим этиш амалиётини жорий этсин;
в) Агентлик, Марказий банк ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 декабрга қадар тажриба-синов натижаларини ҳисобга олган ҳолда, қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш тизимини соддалаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Белгилансинки, ушбу қарорнинг 4-бандида назарда тутилган автоматлаштирилган дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатлар Вазирлар Маҳкамасининг "Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда "ижтимоий карта" тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2024 йил 27 декабрдаги 897-сон қарорига мувофиқ "Ижтимоий карта" ахборот тизимини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш, саноат эксплуатациясига тушириш ва такомиллаштириб бориш бўйича лойиҳа ҳамкори томонидан қопланади.
6. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон қарори билан тасдиқланган Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
7. Агентлик:
ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилинишини таъминласин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2025 йил 29 сентябрдаги
610-сон қарорига
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги
943-сон қарори билан тасдиқланган Аҳоли билан пулли
ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса
машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби
тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш
ва қўшимчалар
а) учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"банк картаси тури (корпоратив, шахсий ёки ижтимоий)";
б) қуйидаги мазмундаги ўнинчи ва ўн биринчи хатбоши билан тўлдирилсин:
"ижтимоий карта рақами (биринчи ва охирги тўртта рақам);
транзакциянинг уникал рақами";
в) ўнинчи - ўттиз биринчи хатбошилар тегишлича ўн иккинчи - ўттиз учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2025 йил 30 сентябрь