ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Аҳоли / Демография. Аҳолини рўйхатга олиш /Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.10.2025 й. 629-сон қарорига 1-илова)
Вазирлар Маҳкамасининг
2025 йил 7 октябрдаги
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ
хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик
кўриш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш (кейинги ўринларда - рўйхатга олиш) тартибини белгилайди.
Ушбу Низомда Ўзбекистон Республикасининг "Расмий статистика тўғрисида"ги ва "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги қонунларида белгиланган атамалар ва таърифлардан фойдаланилади.
2. Рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикаси аҳолиси тўғрисидаги маълумотларни олиш, аҳоли сони ва таркибини жорий ҳисоб-китоб қилиш, меҳнат ресурсларининг жойлашуви ва фойдаланилишини ўрганиш, ҳудудларда қишлоқ хўжалигининг таркибий ҳолатини баҳолаш, қишлоқ хўжалиги фаолиятига хизмат қилувчи инфратузилмани ривожлантириш, ресурслардан самарали фойдаланиш, рўйхатга олишнинг якуний маълумотлари таҳлили натижасида қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар ишлаб чиқиш ва пировардида ижтимоий-иқтисодий ривожланишга оид давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда индикатив режалаштириш, шунингдек, илмий - тадқиқотлар ўтказиш мақсадида ташкил этилади.
3. Рўйхатга олиш 2026 йилнинг 15 январидан 28 февралига қадар ўтказилади ва рўйхатга олиш бошланишининг аниқ пайти 2026 йил 15 январь (кейинги ўринларда - рўйхатга олиш санаси) - соат 00:00 этиб белгиланади. Рўйхатга олишни ўтказиш давомийлиги - 45 кун.
Респондентларнинг шахсга ва қишлоқ хўжалиги фаолиятига доир маълумотларини тўплаш жараёнида рўйхатга олиш санасидан кейинги ўзгаришлар ҳисобга олинмайди.
Жумладан, рўйхатга олиш саволнома шакллари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатлари 2026 йилнинг 15 январидан кейин туғилган болаларга нисбатан тўлдирилмайди, бироқ рўйхатга олиш санасидан кейин вафот этган шахсларга нисбатан тўлдирилади.
Худди шундай рўйхатга олиш ҳужжатлари 2026 йилнинг 15 январидан кейин хўжаликка янги чорва моллари келтирилган ёки туғилган чорва молларига нисбатан тўлдирилмайди, бироқ рўйхатга олиш санасидан кейин нобуд бўлган, сўйилган ёки сотилган ва бошқа сабабларга кўра хўжалик ҳисобидан чиқиб кетган чорва молларига нисбатан тўлдирилади.
4. Шахсга доир маълумотлар қуйидагича тўпланади:
респондентлар томонидан рўйхатга олиш саволномаларини Интернет жаҳон ахборот тармоғи (кейинги ўринларда - интернет тармоғи) орқали махсус дастурий таъминот ёрдамида мустақил тўлдириш;
вақтинча рўйхатга олиш ходимлари томонидан респондентлар яшайдиган (бўлиб турган) турар жой ва бошқа биноларга ташриф буюрган ҳолда респондентлар билан сўров ўтказиш ва уларнинг оғзаки жавоблари асосида маълумотларни планшет қурилмалари ёрдамида рўйхатдан ўтказиш саволномаларига киритиш;
ўзи яшайдиган (бўлиб турган) турар ёки нотурар жойда рўйхатдан ўтишни истамаган респондентлар томонидан маҳалла фуқаролари йиғини биноларида ташкил этиладиган стационар рўйхатга олиш участкаларига борган ҳолда рўйхатга олиш саволномаларини тўлдириш;
рўйхатга олиш даврида яшаш (турган) жойида ҳозир бўлмаган ёки вояга етмаган шахслар (респондентлар) тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар мазкур уй хўжалигининг вояга етган аъзолари томонидан маълум қилинади. Ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар уларнинг васийлари ёхуд ҳомийлари томонидан маълум қилинади;
респондент рўйхатга олиш саволнома шаклларидаги саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда, рўйхатга олиш саволнома шакллари маҳалла фуқаролари йиғинидаги ёки маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади;
гапириш ва эшитишида нуқсони бўлган фуқароларнинг шахсга доир маълумотлари тегишли ҳудуд бўйича ногиронлик жамиятларининг ходимлари ёки ушбу шахслар билан муомала қилиш имконияти мавжуд бўлган шахслар кўмагида йиғилади.
Аҳолининг айрим тоифалари бўйича шахсга доир маълумотларни тўплаш, рўйхатга олиш саволнома шакллари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатларини тўлдириш Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонуни 24-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
Муассаса ёки ташкилотлар ҳудуди ёки уларга тегишли бўлган жойлардаги қишлоқ хўжалиги фаолиятига доир маълумотларни йиғиш уларнинг маъмуриятлари томонидан интернет тармоғи орқали махсус дастурий таъминот ёрдамида юборилади.
Интернет тармоғи ва планшет қурилмалари ёрдамида рўйхатга олишда саволлар сони ва мазмунини сақлаган ҳолда таҳририй ўзгартириш ва қайта гуруҳларга ажратилиши мумкин.
5. Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, доимий ёки вақтинча яшовчи ёхуд вақтинча Ўзбекистон Республикасида бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, аммо аҳолини рўйхатга олиш даврида вақтинча хорижий давлат ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари респондент сифатида рўйхатга олинади.
6. Аҳоли сони ва унинг таркибини ҳисоблашда:
бир йилдан ортиқ муддатда мамлакат ҳудудида бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган чет давлатлар доимий ваколатхоналарининг, халқаро, ҳукуматлараро ташкилотлар ва чет давлатлар ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналарининг ходимлари бўлган чет эл фуқаролари ҳамда уларнинг оила аъзолари;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ дипломатик имтиёзларга ва иммунитетга эга бўлган бошқа шахслар ҳисобга олинмайди.
7. Рўйхатга олишда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари ходимлари бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда уларнинг ўзи билан бирга бўлган оила аъзолари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотлардаги квоталанган лавозимларга юборилган фуқаролар ва бир йилдан кўп муддатда республика ҳудудида яшаб келаётган хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳисобга олинади.
8. Респондентлар ўзининг (доимий ёки вақтинча) яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади. Бунда кунлик тунги дам олишининг кўпроқ қисмини ўтказадиган уй (ҳовли), квартира, яшаш учун фойдаланилаётган бошқа турар жой ёки нотурар жой бино яшаш жойи ҳисобланади.
Бу жой респондент рўйхатдан ўтган (рўйхатга қўйилган) манзил билан мос келиши ёки мос келмаслиги ҳам мумкин.
9. Рўйхатга олиш саволнома шакллари Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш дастурига (кейинги ўринларда - рўйхатга олиш дастури) киритилган саволлардан иборат бўлади.
2-БОБ. РЎЙХАТГА ОЛИШГА ТАЙЁРГАРЛИК
КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШНИ АМАЛГА
ОШИРУВЧИ ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ
10. Рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш қуйидаги органлар томонидан амалга оширилади:
статистика органлари - Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси (кейинги ўринларда - Миллий статистика қўмитаси), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари, туман (шаҳар) статистика бўлимлари (кейинги ўринларда - ҳудудий статистика органлари). Ҳудудий статистика органларида рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш рўйхатга олиш бўлимлари томонидан амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонуни 17-моддасига мувофиқ тегишли вазирлик ва идоралар;
рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказишда вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни ташкил этиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда - Республика комиссияси) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни ташкил этиш бўйича ҳудудий комиссиялар (кейинги ўринларда - ҳудудий комиссия) томонидан амалга оширилади.
11. Миллий статистика қўмитаси рўйхатга олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи сифатида қуйидагиларни амалга оширади:
рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ишларини режалаштириш ва мувофиқлаштириш, уларнинг амалга оширилиши юзасидан назоратни олиб бориш;
рўйхатга олувчи ходимлар гувоҳномаси шаклини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича услубий ҳамда йўриқнома материалларини белгиланган тартибда тайёрлаш ва тасдиқлаш;
рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун молиявий ҳамда моддий-техник таъминотни амалга ошириш;
рўйхатга олиш ҳужжатларини чоп этиш, моддий-техник таъминот воситаларини тайёрлаш (харид қилиш) ва уларнинг республика ҳудудларига ўз вақтида етказилишини ташкил этиш;
рўйхатга олиш ходимларини танлаб олиш ва ўқитиш тартибини белгилаш, ҳудудий статистика органлари ходимларини ўқитишни ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпанияси ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда 2026 йилги рўйхатга олиш тадбири тўғрисида аҳолини хабардор қилиш ишларини (жумладан, СMС-хабарнома орқали хабардор қилиш, реклама аудио ва видеоматериаллари, нашрлар ва бошқаларни тайёрлаш орқали) мувофиқлаштиради;
ҳудудий комиссиялар билан биргаликда рўйхатга олиш жараёнларининг сифатли ўтказилишини ташкил этиш;
респондентларнинг шахсга доир маълумотларини қайта ишлаш, рўйхатга олишнинг якуний маълумотларини шакллантириш дастурини ишлаб чиқиш, ушбу маълумотларни тарқатиш ва сақлаш тартибини белгилаш.
12. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита ва бошқа тегишли вазирлик ҳамда идоралар Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонуни 24-моддасида белгиланган аҳолининг айрим тоифаларини рўйхатга олиш бўйича ишларни ташкил этади.
Шунингдек, мазкур аҳолининг айрим тоифалари мавжуд муассаса ва ташкилотлар ўз ҳудудида ва унга тегишли бўлган жойларда қишлоқ хўжалиги фаолиятига доир кўрсаткичларни йиғиш ишларини ташкил этади.
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари:
маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини ҳисобга олган ҳолда, доимий яшовчи аҳоли сони кўрсатилган аҳоли пунктларининг тўлиқ рўйхатини тузиш;
маъмурий-ҳудудий бирликларда кўчалар номи, уй ва хонадон рақамлари кўрсатилган кўрсаткичларнинг мавжудлигини таъминлаш;
ҳар бир ҳудудда яшовчи аҳоли сонидан келиб чиқиб, республика ҳудудини рўйхатга олиш участкалари (ҳисоб участкалари)га ажратишни келишиш;
рўйхатга олишга вақтинча жалб этилган ходимлар таркибини тасдиқлаш;
рўйхатга олишга жалб этилган шахсларнинг ўқиши учун яроқли бўлган мебеллар ва алоқа воситалари билан жиҳозланган вақтинча бинолар ёки хоналар ажратиш;
рўйхатга олишга вақтинча жалб этилган ходимлар фаолиятини таъминлаш учун зарур транспорт воситаларини тақдим этиш;
рўйхатга олишнинг хавфсиз ўтказилиши бўйича ишларни мувофиқлаштиришни таъминлайди.
14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияси:
рўйхатга олишга жалб этилган шахсларнинг хавфсизлигини;
жиноятчилик кўп учрайдиган ҳудудлар ва тарбияси оғир оилалар (жиноятчилик ёки ҳуқуқбузарлик содир этган аъзолари бўлган оилалар, спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмоли юқори бўлган оилалар, молиявий жиҳатдан етарли даражада таъминланмаган ва ижтимоий хавф остида бўлган оилалар, оилавий низолар, зўравонлик ва ўзаро ҳурматсизлик мавжуд бўлган оилалар ва бошқалар, доимий яшаш жойисиз ёки яшаш шароити оғир бўлган оилалар) рўйхатлари шакллантирилишини;
рўйхатга олувчиларни ички ишлар органлари ходимлари ҳамроҳлигида ижтимоий хавфли оилалар яшайдиган манзиллар бўйича кузатиб борилишини ташкил этишни;
рўйхатга олиш даврида ҳудудларда тинчлик ва жамоат тартибини таъминлайди.
15. Рўйхатга олишни ўтказиш ва унинг натижаларини таҳлил ҳамда эълон қилиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг 2025-2027 йиллар Давлат бюджети параметрларида назарда тутилган, халқаро молия институтлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
3-БОБ. РЎЙХАТГА ОЛИШГА ТАЙЁРГАРЛИК
КЎРИШ ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
16. Рўйхатга олишнинг ташкилий режаси (кейинги ўринларда - ташкилий режа) ҳудудий комиссиялар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) бўйича алоҳида тузилади, шундан сўнг Миллий статистика қўмитаси томонидан Республика ташкилий режасини шакллантиради.
Маҳалла чегараси доирасида маҳалланинг жами аҳолиси битта рўйхатга олиш участкаси деб белгиланади. Рўйхатга олувчиларга тўғри келадиган юклама шаҳар жойларда ўртача 900 киши, қишлоқ жойлар ва бориш қийин бўлган ҳудудларда ўртача 700 киши этиб белгиланади.
Айрим ҳолларда рўйхатга олувчига тўғри келадиган ўртача юклама маҳалладаги аҳоли зичлигидан келиб чиқиб, белгиланган нормалардан кўп бўлиши, жами аҳолиси сони нормалардан кам бўлган маҳаллаларда эса кам бўлиши мумкин.
Маҳалла аҳолиси сонидан келиб чиқиб, рўйхатга олувчилар сони аниқланади ҳамда маҳалла раислари томонидан улар ўртасида рўйхатга олинадиган маҳалла аҳолиси тақсимланади.
Ташкилий режани тузишда кутилмаган ҳолатлар (касаллик, бахтсиз ҳодиса, юклатилган вазифаларни бажармаслик ва бошқалар) инобатга олинган ҳолда рўйхатга олиш ходимларининг умумий сонининг 5 фоизидан ошмаган миқдорда кадрлар захираси шакллантирилади.
Кутилмаган ҳолатлар юзага келганда, рўйхатга олиш жараёнларига захирадан ходимлар жалб этилади ва рағбатлантирилади.
Интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтган респондентлар рўйхати Миллий статистика қўмитаси ахборот тизимида автоматик равишда шакллантирилади. Шу асосда рўйхатга олувчилар юкламаси амалдаги тасдиқланган ташкилий режа доирасида ахборот тизими орқали автоматик тарзда қайта тақсимланади. Бунда ҳудудий комиссиялар томонидан қўшимча тасдиқ ёки алоҳида қарор қабул қилиш талаб этилмайди.
Рўйхатга олувчи сифатида иштирок этмаган "маҳалла еттилиги" ходимлари автоматик ҳисоб-китоб натижасига мувофиқ захирага ўтказилади.
17. Туман ва шаҳарлар бўйича тайёрланган ташкилий режалар туман ва шаҳар комиссиялари томонидан келишилади ва ҳудудий статистика бошқармаларига тақдим этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича тайёрланган ташкилий режалар ҳудудий комиссиялар томонидан келишилади ва Миллий статистика қўмитасига тақдим этилади.
Ҳудудлар бўйича тузилган, тасдиқланган ва умумлаштирилган ҳолда келишиш учун киритиладиган ташкилий режалар Республика комиссия раиси ўринбосари томонидан тасдиқланади.
18. Жойларда рўйхатга олиш ишларини ташкил этиш ва ўтказилишини мувофиқлаштириш, ҳудудлар даражасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш ҳудудий комиссиялар томонидан ҳудудий статистика органлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.
19. Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳудудий органлари 2025 йилнинг 15 октябрига қадар ҳудудий статистика органларига рўйхатга олувчи ходимлар хавфсизлиги таъминланиши лозим бўлган манзиллар тўғрисида маълумот тақдим этади.
Олинган маълумотлар рўйхатга олиш участкалари бўйича гуруҳланади ҳамда рўйхатга олиш участкалари раҳбарларига рўйхатга олувчиларни огоҳлантириш учун етказилади.
4-БОБ. РЎЙХАТГА ОЛИШГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ
ВА УНИ ЎТКАЗИШ УЧУН ЖАЛБ ҚИЛИНАДИГАН
ХОДИМЛАР ТОИФАЛАРИ
20. Рўйхатга олиш ишларига қуйидаги тоифадаги ходимлар жалб қилинади:
республика даражасида - Миллий статистика қўмитаси, вазирлик ва идоралар ходимлари, шунингдек, Республика комиссияси таркибига киритилган шахслар;
ҳудудий даражада - ҳудудий статистика органлари ходимлари ва ҳудудий комиссиялар аъзолари.
21. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ташкилий режалар асосида рўйхатга олувчи вақтинча ходимларни танлаб олишни таъминлайди ҳамда рўйхатга олишга жалб қилинадиган ходимлар рўйхатини шакллантиради.
Ходимлар рўйхати 2025 йилнинг 1 ноябрига қадар ҳудудий комиссиялар томонидан тасдиқланади.
22. Аҳолининг айрим тоифалари бўйича шахсга ва мазкур тоифалар мавжуд муассаса ва ташкилотлар ҳудудида ҳамда унга тегишли бўлган жойларда қишлоқ хўжалиги соҳасига доир маълумотларни йиғишга вақтинча жалб этиладиган ходимлар рўйхати тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари томонидан шакллантирилади ва статистика органларига рўйхати тақдим этилади.
23. Рўйхатга олиш участкаларининг фаолиятини ташкил этиш учун "маҳалла еттилиги" ходимлари жалб этилади.
Рўйхатга олиш участкаларида вақтинча лавозимлар қуйидагича тақсимланади:
рўйхатга олиш участкаси бошлиғи бир вақтнинг ўзида стационар рўйхатга олувчи - маҳалла раиси;
рўйхатга олиш участкаси бошлиғи ўринбосари - профилактика инспектори;
рўйхатга олувчи ходимлар (захира ходимларни қўшган ҳолда) - ҳоким ёрдамчиси, ижтимоий ходим, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, солиқ инспектори ва бошқа жалб қилинадиган ходимлар.
Рўйхатга олиш участкалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятига туман (шаҳар) статистика бўлимлари бошлиқлари раҳбарлик қилади.
24. Рўйхатга олувчи вақтинча ходимлар махсус ўқув жараёнидан ўтади ва унда қуйидагилар ўргатилади:
рўйхатга олишнинг мақсад ва вазифалари, унга тайёргарлик кўриш ва ўтказишни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, рўйхатга олувчиларнинг мажбуриятлари ва ахлоқий қоидалари;
меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича йўриқнома;
планшетларга ўрнатилган рўйхатга олишнинг дастурий таъминоти билан танишиш ва амалиёт машғулотлари;
муаммоли масалалар муҳокамаси, хатолар таҳлили ва юзага келаётган қийинчиликларни тушунтириш.
25. Рўйхатга олиш тадбирида рўйхатга олувчи бўлиб иштирок этган "маҳалла еттилиги" ходимлари, уларга бириктирилган рўйхатга олиш участкаси ҳудудида респондентларни рўйхатга олишнинг тўлиқ қамрови таъминлангандан сўнг, меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир ярим баравари миқдорида (солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни инобатга олган ҳолда) бир марталик рағбатлантирилади.
Бунда захира ходимлар ҳам рўйхатга олувчи сифатида жалб этилса, улар ҳам бир марталик рағбатлантирилади.
ТАШКИЛ ЭТИШ
26. Рўйхатга олишда респондентлар сўрови қуйидаги муддатларда ташкил этилади:
2026 йилнинг 15 - 31 январь кунлари - интернет тармоғи орқали рўйхатга олиш (17 кун). Бунда респондентлар ташкил этилган census.stat.uz портали орқали ўзлари ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Шунингдек, ташкил этилган мобил гуруҳлар ва рўйхатга олувчи ходимлар ўзларига бириктирилган ҳудудда жойлашган йирик корхона ҳамда ташкилотларга ташриф буюрган ҳолда, уларда ишловчи ходимларни электрон рўйхатдан ўтишларига амалий ёрдам кўрсатади;
2026 йилнинг 1 - 3 февраль кунлари - интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтган респондентлар ва уларнинг уй манзиллари рўйхати шакллантирилади (3 кун). Олинган рўйхатлар ҳудудий статистика органлари ва рўйхатга олиш участкалари бошлиқлари (уларнинг ўринбосарлари)га етказилади;
2026 йилнинг 4 - 28 февраль кунлари - рўйхатга олувчилар респондентларни уларнинг яшаш (вақтинча бўлиш) манзилида рўйхат олади (25 кун).
Интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтишни хоҳламаган (ёки имконияти бўлмаган), шунингдек, рўйхатга олувчиларнинг уйига келишидан бош тортган респондентлар рўйхатга олишдан ўтиш учун маҳалла фуқаролари йиғини биноларида жойлашган стационар участкаларга боришлари мумкин.
Фермер хўжаликлари, юридик шахс ташкил этган деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар, ҳокимлик захирасидаги ер майдонлари (асосий фаолият тури қишлоқ хўжалиги бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларига эга ташкилотларни қўшган ҳолда) учун 2026 йилнинг 15 январидан - 28 февралига қадар рўйхатга олишнинг тўлиқ даврида интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтадилар.
Рўйхатга олишнинг тўлиқ даври тугагандан сўнг 3 кун давомида ҳар бир рўйхатга олиш участкасидаги уй-жой манзилларининг 10 фоизигача танланма равишда назорат кузатуви асосида ўрганилади.
27. Вазирликлар, идоралар ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар раҳбарлари ўз ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари учун интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтиш бўйича барча зарур шарт-шароитларни яратишлари ҳамда ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини тўлиқ рўйхатдан ўтишлари юзасидан назорат ўрнатишлари шарт.
28. Рўйхатга олувчилар томонидан сўров ўтказиш ва хонадонларни айланиб чиқиш соат 9:00 дан 21:00 гача амалга оширилади.
Қишлоқ жойларида рўйхатга олиш участкаларининг бошлиқлари сўровни бошлаш ёки тугатиш вақтини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга. Сўров жараёни дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган график асосида танаффуслар билан ўтказилади. График рўйхатга олиш участкаси бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан тузилади ва зарурат туғилганда ўзгартирилади.
29. Рўйхатга олиш давомида рўйхатга олувчи ходимлар қуйидагиларга амал қилиши шарт:
сўров ўтказишдан олдин ўзини таништириши, ташриф мақсадини тушунтириши, шунингдек, рўйхатга олишда иштирок этишнинг муҳимлиги, респондентларнинг шахсга ва хўжаликка доир маълумотларининг махфийлиги таъминланиши ва сўров тахминан қанча вақт давом этиши тўғрисида маълумот бериши;
шахсга ва қишлоқ хўжалиги фаолиятига доир маълумотларни йиғиш жараёнларида рўйхатга олиш дастурида белгиланган саволлар рўйхатига риоя этиши, уларнинг мазмуни бузилишига йўл қўймаслиги;
рўйхатга олиш саволнома шаклларида келтирилган кетма-кетлик бўйича саволлар бериши, рўйхатга олиш саволнома шаклларида мавжуд бўлмаган саволларни бермаслиги;
рўйхатга олиш саволнома шаклларини тўлдириш бўйича йўриқномада келтирилган тушунтиришлардан ташқари респондентга қулайлик яратиш мақсадида қўшимча равишда тушунтиришлар бериши;
шахсга доир маълумотларни аниқ ёзиб бориши ва уларни бузиб кўрсатмаслиги, респондент талаби бўйича у ҳақида тўлдирилган рўйхатга олиш варақлари билан таништириши;
сўров ўтказишда хушмуомала бўлиши, бошқа шахсларнинг ўз мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилмаслиги ёки уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига хавф солмаслиги, шунингдек, ўзлари ишлайдиган идора обрўсига путур етказадиган ҳаракатлардан сақланиши;
шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши ва уларнинг мазмунини ошкор қилмаслиги;
рўйхатга олиш участкаси бошлиғи ва унинг ўринбосари кўрсатмаларини ўз вақтида ва аниқ бажариши.
Белгиланган вазифаларни бажариш учун рўйхатга олувчи бошқа рўйхатга олувчилар билан ҳамкорлик қилади.
30. Рўйхатга олиш саволнома шаклларини тўлдириш уй хўжалиги таркибини аниқлашдан бошланади.
Уй хўжаликлари шахсий ва жамоавийга бўлинади.
Шахсий уй хўжаликлари таркибига турар жой бинолари - уйлар (ҳовлилар), квартиралар, ётоқхоналар, дала ҳовлилар ва бошқа яшаш учун фойдаланиладиган биноларда яшовчи шахслар киради.
Жамоавий уй хўжаликлари таркибига ижтимоий ва тиббиёт муассасаларида, казармаларда, қамоқхоналарда ва диний ташкилотларда (мадрасаларда) доимий яшовчи шахслар гуруҳи киради.
Аҳолининг айрим тоифалари яшайдиган муассасалар (ташкилотлар) жамоавий уй хўжаликлари ҳисобланади.
Қуйидаги жойларда рўйхатга олиш ишлари уларнинг маъмуриятлари томонидан амалга оширилади:
болалар интернатлари, тарбия муассасалари;
ижтимоий муассасалар;
диний муассасалар;
шифохоналар ва бошқа соғлиқни сақлаш ташкилотлари;
аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари;
қамоқда сақлаш жойлари, тергов изолятори, жазони ижро этиш муассасалари ва махсус муассасалар;
ҳарбий қисмлар ва курсантлар тайёрловчи таълим муассасалари жойлашган ҳудудлар.
Рўйхатга олувчилар ўзига бириктирилган ҳудудда жойлашган меҳмонхона туридаги муассасаларда рўйхатга олиш ишларини ушбу муассасанинг маъмурияти билан биргаликда амалга оширади.
31. Рўйхатдан ўтказиш даврида уй хўжалиги бошлиғининг ўзи бўлмаганда, хўжаликка (томорқа хўжалиги, юридик шахс ташкил этмаган деҳқон хўжалигига) доир маълумотлар ушбу хўжаликнинг вояга етган аъзоси томонидан маълум қилинади.
Респондент рўйхатга олиш саволнома шаклларидаги саволларга жавоб беришни рад этган ёки рўйхатга олишни ўтказиш даврида яшаш жойида (бинода), квартирада ҳеч ким бўлмаган тақдирда, рўйхатга олиш саволнома шакллари маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ёки маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади.
Агар рўйхатга олувчилар ўз участкасида уйсизларга дуч келса, уларни ҳам рўйхатга олади.
32. Сўров давлат тилида ўтказилади. Давлат тилини билмайдиган респондентлар она тилида ёки эркин равишда танланган мулоқот тилида сўровдан ўтказилиши мумкин. Бунда рўйхатга олувчи ходимлар ушбу ҳудудда яшовчи ёки шу ҳудуднинг аҳолиси билан эркин мулоқот қила оладиган шахслар орасидан танланади.
Респондент билан мулоқотни таъминлаш мақсадида, агар респондент гаплашадиган тилни билмаса, рўйхатга олувчи (рўйхатга олиш участкаси бошлиғи ёки унинг ўринбосари билан келишилган ҳолда) респондент гаплашадиган чет тилини биладиган шахсларни (талабалар ёки бошқа чет тилини биладиган шахслар) жалб этиши мумкин.
33. Рўйхатга олувчилар мустақил равишда иш режасини тузади, зарур ҳолларда рўйхатга олиш участкаси ходимлари билан маслаҳатлашади, ўзига бириктирилган ҳудуддаги барча биноларни ҳисобга олган ҳолда сўров ўтказиш учун қулай бўлган йўналишни кунлик белгилайди. Бу йўналиш шундай тартибда тузилиши керакки, бунда хонадонларни айланиб чиқиш ва у ерда яшовчи (вақтинча бўлиб турган) респондентлардан сўров ўтказиш имконини бериши керак.
Рўйхатга олувчилар иш режасини тузишда қуйидагиларни ҳисобга олиши зарур:
кам вақт сарф этиб ва қисқа масофани босиб, максимал миқдорда биноларни айланиб, рўйхатга олиш ишларини ўтказиш;
жиноятчилик кўп учрайдиган ҳудудлар ва тарбияси оғир оилалар бўлган хонадонларга Миллий гвардия ёки ички ишлар органлари ходимлари билан биргаликда ташриф буюрган ҳолда зарур хавфсизлик чораларини кўриш.
34. Агар рўйхатга олувчи режадан сезиларли даражада ортда қолаётган бўлса, рўйхатга олиш участкаси бошлиғи (унинг ўринбосари) ушбу ҳолатнинг сабабини аниқлаштиради ва зарур ҳолларда захира таркибидан қўшимча рўйхатга олувчилар жалб этилиши юзасидан қарор қабул қилади.
35. Рўйхатга олувчи рўйхатга олиш участкаси бошлиғи (унинг ўринбосари) кўрсатмаларини ўз вақтида ва аниқ бажариши шарт.
Рўйхатга олувчилар иш жараёнларида юзага келадиган муаммолар ва уларнинг сабаблари бўйича рўйхатга олиш участкаси бошлиғи (унинг ўринбосари)га хабар беради ҳамда имкон қадар мустақил равишда ушбу муаммоларни бартараф қилиш чораларини кўради.
Шунингдек, рўйхатга олувчилар зарурат туғилганда оилавий аҳволи, соғлиғи ва бошқалар билан боғлиқ кутилмаган ҳолатлар ҳақида рўйхатга олиш участкаси бошлиғи (унинг ўринбосари)га ўз вақтида хабар бериши керак.
36. Агар респондент яшаб турган хонадонида (жойида) рўйхатдан ўтишни истамаса, рўйхатга олувчи унга маҳалла фуқаролар йиғини биноларида жойлашган рўйхатга олиш участкаларида (стационар) рўйхатдан ўтишни таклиф этади ва маҳалла манзилини беради.
37. Рўйхатга олиш даврида рўйхатга олиш участкалари бошлиқлари (уларнинг ўринбосарлари) ҳар куни рўйхатга олувчиларнинг ишини назорат қилади, шунингдек, сўров ўтказилган респондентлар сонини ва рўйхатга олувчилар томонидан иш жадвалига риоя қилинишини текшириб боради.
6-БОБ. РЎЙХАТГА ОЛИШНИНГ ШАХСГА
ДОИР МАЪЛУМОТЛАРИНИ ҲИМОЯ
ҚИЛИШ ТАРТИБИ
38. Шахсга доир маълумотлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимоя қилинади.
39. Рўйхатга олувчи ходимлар таркибига кирувчи шахслар шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирилади.
40. Рўйхатга олиш саволномалари тўлдирилгандан сўнг, улар билан танишиш ва респондент талабига биноан маълумотларни аниқлаш жараёнидан кейин шахсга доир маълумотларга фақатгина ваколатли статистика органлари ходимлари кириш ҳуқуқига эга бўладилар.
41. Миллий статистика қўмитаси шахсга доир маълумотларни қайта ишлашда қуйидагиларни таъминлайди:
шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган бўлинмаларни ёки мансабдор шахсларни белгилаш;
умумий фойдаланиладиган алоқа тармоғи орқали шахсий маълумотлар узатилаётганда уларни ҳимоя қилиш бўйича ишларни ташкил қилиш;
шахсга доир маълумотларни қайта ишлашда уларни ҳимоя қилиш;
шахсга доир маълумотлар қайта ишланаётган биноларда махсус кириш тартибини жорий этиш;
шахсга доир маълумотларга кириш ҳуқуқини уларни қайта ишлашда айрим шахслар доираси бўйича чеклаш;
шахсга доир маълумотларни қайта ишлашга мўлжалланган дастурий-техник воситаларни ёнғин ва хавфсизлик сигнализацияси билан жиҳозланган хоналарга жойлаштириш;
Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ рўйхатга олиш ахборот тизимларини ҳимоя қилиш воситаларини қўллаш;
маълумотларни ҳимоя қилиш чоралари кўрилмасдан дастурий-техник воситалардан фойдаланилишига йўл қўймаслик;
шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш жараёнларида уларни ҳимоя қилиш бўйича бошқа чораларни кўриш.
7-БОБ. РЕСПОНДЕНТЛАРНИНГ ШАХСГА ДОИР
МАЪЛУМОТЛАРИНИ ҚАЙТА ИШЛАШ, РЎЙХАТГА
ОЛИШНИНГ ДАСТЛАБКИ МАЪЛУМОТЛАРИНИ
ШАКЛЛАНТИРИШ
42. Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонуни 10-моддасига мувофиқ, рўйхатга олишнинг шахсга доир маълумотлари махфий ҳисобланади ва ошкор этилмаслиги ҳамда тарқатилмаслиги лозим.
Миллий статистика қўмитаси респондентларнинг шахсга доир маълумотларини "Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишда шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш тартиби тўғрисида"ги Низом ва "Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг якуний маълумотларини шакллантириш Дастури"га мувофиқ қайта ишлайди.
Маълумотларни қайта ишлаш жараёнида шахсга доир маълумотлар шахсини аниқлаш имкони бўлмаган ҳолатга келтирилади (эгасизлантирилади).
43. Рўйхатга олишнинг дастлабки маълумотлари респондентларнинг интернет тармоғи ва планшет қурилмалари ёрдамида тўпланган шахсга доир маълумотларини қайта ишлашда олинган жамланган маълумотлари асосида шакллантирилади.
Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар кесимида рўйхатга олишнинг дастлабки маълумотлари 2026 йилнинг 1 июлгача тайёрланади.
44. Шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш жараёнларида ҳамда рўйхатга олиш натижаларини таҳлил қилиш мақсадида Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон фермерлар кенгаши, Кадастр агентлиги ва бошқа тегишли вазирлик ҳамда идораларнинг маъмурий маълумотлар манбаларидаги мавжуд ахборотлардан фойдаланилиши мумкин.
ЯКУНИЙ МАЪЛУМОТЛАРИНИ
ЭЪЛОН ҚИЛИШ ВА САҚЛАШ
45. Ўзбекистон Республикаси ва ҳудудлар бўйича рўйхатга олишнинг якуний маълумотлари 2027 йилнинг 1 июлига қадар эълон қилинади.
Якуний маълумотлар Миллий статистика қўмитаси ва ҳудудий статистика бошқармалари томонидан расмий веб-сайтларда жойлаштириш ва босма нашрларда эълон қилиш орқали маълум қилинади.
Нашр қилинган маълумотлардан ташқари қўшимча маълумотлар фойдаланувчиларнинг сўровларига биноан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига риоя қилган ҳолда шакллантирилади.
46. Электрон маълумотлар базалари ва бошқа доимий сақлаш муддатига эга ҳужжатлар, шунингдек, рўйхатга олишнинг йиғмаҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг "Архив иши тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартиб ва муддатларга мувофиқ, "Ўзархив" агентлиги тизимига кирувчи тегишли вилоят, шаҳар ва туман давлат архивларига (шахсий таркиб ҳужжатлари архивларидан ташқари) сақлаш учун топширилади.
ТАҚДИМ ЭТИШ
47. Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг демографик, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатининг асосий кўрсаткичларини тавсифловчи рўйхатга олишнинг якуний маълумотлари расмий статистика маълумотлари ҳисобланади ва расмий статистика фойдаланувчиларига белгиланган тартибда тақдим этилади.
48. Якуний маълумотлар тушунарлилик ва ошкоралик, аниқлик ва ишончлилик, холислик ва объективлик, шунингдек, статистик махфийлик тамойиллари асосида фойдаланувчиларга тақдим этилади.
49. Якуний маълумотларни тақдим этиш жараёнида статистика органлари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан тасдиқланган расмий статистиканинг асосий тамойиллари ҳамда статистика дастурига мувофиқ амалга оширади.
50. Рўйхатга олишнинг якуний маълумотлари Миллий статистика қўмитасининг расмий веб-сайтида, статистик тўпламлар, бюллетенлар ва бошқа босма нашрлар кўринишида, оммавий ахборот воситаларида эса пресс-релизлар, хабарлар, шарҳлар ва бошқа ахборот материаллари шаклида эълон қилинади.
51. Очиқ манбаларда жойлаштирилмаган якуний маълумотларни фойдаланувчилар сўровлари асосида шакллантириш ва тақдим этиш шартнома асосида, мазкур ишларни бажариш ташаббуси билан чиққан жисмоний ва юридик шахсларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
52. Якуний маълумотларни тўловли шартнома асосида тақдим этиш бўйича ахборот хизмати кўрсатишнинг асоси бўлиб фойдаланувчилардан ёзма ёки электрон шаклда олинган ариза ҳисобланади. Аризада сўралган якуний маълумотлар рўйхати, маълумотни олиш воситалари ва фойдаланиш мақсади кўрсатилиши керак.
53. Якуний маълумотларнинг ҳажми ва шакллантириш мураккаблигига қараб уларни тақдим этиш муддати узайтирилиши мумкин, ушбу ҳолатда ариза берувчи хабардор қилинади.
54. Агар сўралган маълумотлар муайян респондентнинг шахсий маълумотларининг махфийлигини таъминлашга хавф туғдирса, яъни махфийликка таъсир қилса, бу маълумотларни тақдим этиш рад этилади.
55. Рўйхатга олишнинг якуний маълумотлари Миллий статистика қўмитаси билан тузилган келишувлар ҳамда расмий статистика маълумотлари алмашинуви асосида халқаро ташкилотларга ва хорижий давлатлар статистика органларига тақдим этилади.
56. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2025 йил 9 октябрь