ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Декабрь, 2025 й. / Айрим тармоқларнинг фаолияти / Транспорт /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.11.2025 й. 750-сон "Автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсирини камайтириш мақсадида "Экологик транспорт" тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
28.11.2025 й.
N 750
АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ
АТМОСФЕРА ҲАВОСИГА ЗАРАРЛИ ТАЪСИРИНИ
КАМАЙТИРИШ МАҚСАДИДА "ЭКОЛОГИК
ТРАНСПОРТ" ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида" 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармонига мувофиқ республика ҳудудида экологик талабларга мувофиқ бўлмаган автотранспорт воситалари эксплуатациясини босқичма-босқич чеклаш, уларнинг атмосфера ҳавосига салбий таъсирини камайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Қўйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармонига мувофиқ 2030 йилга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида "Евро-5" ва ундан юқори стандартларга мувофиқ бўлмаган автотранспорт воситалар эксплуатациясини босқичма-босқич чеклаш;
Вазирлар Маҳкамасининг "Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида" 2024 йил 29 мартдаги 166-сон қарорига асосан барча тоифалардаги автотранспорт воситаларидан чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослигини назорат қилиш бўйича "Экологик транспорт" тизимини босқичма-босқич жорий этиш, бунда:
ҳудудларни улардаги атмосфера ҳавоси билан боғлиқ реал экологик ҳолатдан келиб чиқиб, илғор хорижий тажриба ва инновацион технологиялар асосида экологик зоналарга ажратиб бориш;
автотранспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини автоматик баҳолаш тизими ёрдамида экологик стикерлар бериш орқали автотранспорт воситаларини "яшил", "сариқ" ва "қизил" ранглар билан белгиланадиган "тоза", "ўрта" ва "зарарли" экологик тоифаларга ажратиб бориш;
экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган автотранспорт воситаларига нисбатан экологик компенсация тўловларини жорий этиш ёхуд улардан тегишли экологик зоналар ҳудудида фойдаланишни чеклаш ёки тақиқлаш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. "Экологик транспорт" тизими биринчи босқичда 2026 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида жорий этилсин.
3. "Экологик транспорт" тизимини босқичма-босқич жорий этиш мақсадида қуйидагилар:
Автотранспорт воситаларидан чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослиги даражасини аниқлаш, уларни экологик тоифаларга ажратиш ҳамда экологик стикерларни бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ҳудудларда экологик зоналарни ташкил этиш ҳамда уларнинг атмосфера ҳавоси бўйича электрон экологик харитасини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки, 2026 йил 1 январдан бошлаб республикада ишлаб чиқарилаётган автотранспорт воситаларини техник ҳужжатларида уларнинг экологик синфи кўрсатилади.
Бунда сотувга чиқарилаётган автотранспорт воситалари электрон ҳисоб-маълумотномаларида уларнинг экологик синфлари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
автотранспорт воситаларининг электрон ҳисоб-маълумотномалари асосида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими "Автомототранспорт ҳисоби" модулига автотранспорт воситаларининг экологик синфига оид маълумотлар киритиб борилишини;
Транспорт вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 январга қадар республикада фойдаланишда бўлган, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган автотранспорт воситаларининг (тури, русуми, модели бўйича) ишлаб чиқарувчи томонидан тасдиқланган экологик синфига ("Евро" ва унга муқобил бошқа турдаги стандартлар) доир маълумотларни умумлаштириб, тасдиқланишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган автотранспорт воситаларидан экологик зоналар ҳудудида экологик компенсация тўловларини тўлаган ҳолда фойдаланиш учун рухсатномани ушбу қарорда белгиланган тартибда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали расмийлаштириш ҳамда экологик компенсация тўловларини электрон тўлов тизимлари орқали тўлаш имкониятини яратсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
уч ой муддатда ушбу қарордан келиб чиқиб, қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилишини;
ўзлари қабул қилган идоравий ҳужжатларини икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштиришни;
ушбу қарорнинг моҳияти ва аҳамияти жамоатчилик ўртасида кенг тушунтирилишини таъминласин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов, транспорт вазири И.Р. Махкамов ҳамда ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2025 йил 28 ноябрдаги
750-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг
айрим қарорларига киритилаётган
ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига 1-иловада:
а) қуйидаги мазмундаги 3.35-банд билан тўлдирилсин:
"3.35. Экологик зона ҳудудида "ўрта" ва "зарарли" экологик тоифаларга эга автотранспорт воситалари ҳаракатланиши тақиқланган.
3.35 белгиси экологик зона ҳудудига киришдан 150-300 метр олдин ўрнатилади";
б) Йўл белгиларининг тасвирлари туширилган қисми қуйидаги тасвирдаги йўл белгиси билан тўлдирилсин:
"
3.35. "Экологик зона ҳудудида "ўрта" ва "зарарли" экологик тоифаларга эга автотранспорт воситалари ҳаракатланиши тақиқланган".
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низом қуйидаги мазмундаги 67-илова билан тўлдирилсин:
"Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш
хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш
тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомга
67-ИЛОВА
Экологик тоифаси экологик зонага мувофиқ
бўлмаган автотранспорт воситаларида экологик
зоналар ҳудудида экологик компенсация тўловларини
тўлаш орқали ҳаракатланиш учун рухсатнома
ПАСПОРТИ
1. |
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг номи: |
Экологик тоифаси экологик зонага мувофиқ бўлмаган автотранспорт воситаларида экологик зоналар ҳудудида экологик компенсация тўловларини тўлаш орқали ҳаракатланиши учун рухсатнома |
2. |
Амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар): |
"Экологик зона" сифатида белгиланган ҳудудларда тоифаси "ўрта" ва "зарарли" деб топилган автотранспорт воситаларининг экологик компенсация тўловлари тўланган ҳолда ҳаракатланиши |
3. |
Ариза берувчилар тоифаси: |
Жисмоний ёки юридик шахслар |
4. |
Рухсат этиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли орган: |
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси |
5. |
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар: |
Ариза. Аризада қуйидагилар кўрсатилади: юридик шахснинг номи, СТИРи, почта манзили, электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса), телефон рақами; жисмоний шахснинг маълумотлари - фамилияси, исми, отасининг исми, ЖШШИР, почта манзили, электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса), телефон рақами; рухсатнома олинаётган автотранспорт воситасининг техник паспорти; компенсация тўлови тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (PDF, PNG ёки JPEG форматда илова қилиниши мумкин). |
6. |
Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори: |
Йиғим ундирилмайди |
7. |
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилгани учун ундириладиган йиғим: |
"Зарарли" ва "ўрта" тоифадаги автотранспорт воситалари экологик зоналарга кириши учун қуйида белгиланган миқдорда экологик компенсация тўловлари тўланади: "ўрта" экологик тоифадаги автотранспорт воситалари эгалари - базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида; "зарарли" экологик тоифа автотранспорт воситалари эгалари - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида. |
8. |
Аризани кўриб чиқиш муддати: |
5 иш куни |
9. |
Рухсат этишга доир талаб ва шартлар: |
а) транспорт воситасининг белгиланган қисмига экологик тоифани кўрсатувчи экологик стикер ёпиштирилган бўлиши; б) экологик зона ҳудудида рухсатнома амал қилиш муддати давомидагина ҳаракатланиш; д).атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиш. |
10. |
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришда келишиладиган органлар: |
Мавжуд эмас |
11. |
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати: |
1 йил |
12. |
Изоҳ: |
Экологик зоналарда "ўрта" ва "зарарли" экологик тоифадаги автотранспорт воситаларининг рухсатномасиз ҳаракатланиши тақиқланади. Экологик зоналарда рухсатномасиз ҳаракатланиш белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади. |
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2025 йил 29 ноябрь