Внимание!

NB! Мазкур Конун 2026 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Декабрь, 2025 й. / Тадбиркорлик фаолияти тўғрисида / Суғурталаш /

Ўзбекистон Республикасининг 09.12.2025 й. ЎРҚ-1101-сон "Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 14.10.2025 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 31.10.2025 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

09.12.2025 й.

N ЎРҚ-1101




ДАВЛАТ ИЖТИМОИЙ СУҒУРТАСИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 14 октябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2025 йил 31 октябрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади давлат ижтимоий суғуртаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши суғурта ва давлат тиббий суғуртаси, шунингдек ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.



2-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси

тўғрисидаги қонунчилик


Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


давлат ижтимоий суғуртаси - суғурта ҳодисалари юзага келганда суғурталанган шахсларнинг даромадлари йўқолишининг олдини олишга қаратилган давлат кафолатлари тизими;


давлат ижтимоий суғуртаси субъектлари - суғурталовчи, суғурта қилдирувчилар ва суғурталанган шахслар;


давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар - суғурта ҳодисаси юзага келганда суғурталанган шахсга жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган нафақалар тарзидаги тўловлар;


жамғарма - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг (бундан буён матнда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги деб юритилади) Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари, суғурта бадаллари ва бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади, юридик шахс мақомига эга бўлади, суғурталанган шахсга суғурта ҳодисаси юзага келганда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни молиялаштириш учун мўлжалланган бўлади;


суғурталовчи - Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг жамғармаси;


суғурта стажи - суғурталанган шахс учун суғурта бадалларини тўлаш амалга оширилган давр;


суғурталанган шахс - суғурта ҳодисаларидан давлат ижтимоий суғуртаси орқали ҳимояланган жисмоний шахс;


суғурта қилдирувчи - суғурта ҳодисалари юзага келганда суғурталанган шахснинг ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ижтимоий солиқ ва (ёки) суғурта бадаллари тўлайдиган шахс.



4-модда. Давлат ижтимоий суғуртасининг

асосий принциплари


Давлат ижтимоий суғуртасининг асосий принциплари қонунийлик, умуминсонийлик, тенглик, молиявий барқарорлик ва ҳисобдорликдан иборатдир.



2-БОБ. ДАВЛАТ ИЖТИМОИЙ СУҒУРТАСИГА

ДОИР ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАР


5-модда. Давлат ижтимоий суғуртасининг

амал қилиши


Фуқароларга нисбатан давлат ижтимоий суғуртасининг амал қилиши мажбурий ёки ихтиёрий асосда амалга оширилади.

Давлат ижтимоий суғуртаси қуйидагиларга нисбатан мажбурий асосда амалга оширилади:

меҳнат фаолиятини меҳнат шартномалари асосида амалга оширадиган фуқароларга (бундан деҳқон хўжалигининг ихтисослашувига қараб, муайян ишни бажариш учун меҳнат шартномаси шартлари асосида вақтинчалик (мавсумий) асосда жалб этиладиган бошқа шахслар мустасно), юридик шахсларнинг раҳбарлари сифатида фаолиятни амалга оширадиган фуқароларга;

юридик ёки жисмоний шахслар билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар асосида хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш ёки интеллектуал мулк объектларини яратиш бўйича ишларни бажарадиган фуқароларга.

Давлат ижтимоий суғуртаси қуйидагиларга нисбатан ихтиёрий асосда амалга оширилади:

ўзини ўзи банд қилган шахсларга;

деҳқон хўжалигининг аъзоларига ва деҳқон хўжалигининг ихтисослашувига қараб, муайян ишни бажариш учун меҳнат шартномаси шартлари асосида вақтинчалик (мавсумий) асосда жалб этиладиган бошқа шахсларга;

шахсий томорқа ер участкаларида банд бўлган ёки мазкур майдонда чорвачилик (қорамол, қўйлар, эчкилар, отлар ва бошқалар), иссиқхона хўжалиги, паррандачилик (товуқлар, беданалар, куркалар, ғозлар, ўрдаклар), қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик билан шуғулланадиган шахсий томорқа ер участкаларининг эгалари ёки уларнинг оила аъзолари бўлган фуқароларга (уларга тегишли бўлган томорқа ер участкасининг майдонидан ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар);

Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлари томонидан чет давлатларда ташкил этилган (очилган) савдо уйларида, ваколатхоналарда (шу жумладан юридик шахс ташкил этмаган ҳолда), ташкилотларда ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига;

чет элда ёлланиб ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида даромад келтирадиган фаолиятни амалга оширадиган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга;

ишламайдиган фуқароларга, улар учун суғурта бадали эри (хотини) томонидан тўланганда;

юридик шахсларнинг муассислари (иштирокчилари) сифатида даромадлар оладиган фуқароларга;

якка тартибдаги тадбиркорларга, шу жумладан "Ҳунарманд" уюшмасининг аъзолари бўлган ҳунармандчилик фаолияти субъектларига;

фаолиятни юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширадиган оила аъзоларига;

деҳқон хўжалигининг бошлиғига;

қонунчиликка мувофиқ солиқни ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш мажбурияти зиммасига юклатилмаган иш берувчидан даромадлар оладиган фуқароларга.

Мажбурий ёки ихтиёрий асосда давлат ижтимоий суғуртаси билан суғурталанган шахслар тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади.

Ҳарбий хизматчиларнинг, ички ишлар органларининг, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг бошлиқлар ва оддий аскарлар таркибидан бўлган шахсларнинг, судьяларнинг ва прокуратура органларининг мартаба даражаларига (ҳарбий унвонларга) эга бўлган ходимларининг ижтимоий суғурта таъминоти алоҳида қонунчилик билан белгиланади.



6-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси

бўйича муносабатлар


Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича муносабатлар қуйидаги ҳолларда юзага келади:

а) суғурта қилдирувчиларда:

ижтимоий солиқни тўловчилар учун - ижтимоий солиқни тўлаш бўйича мажбурият юзага келган пайтдан эътиборан;

давлат ижтимоий суғуртаси мажбурий қилиниши лозим бўлган шахслар учун - даромад ҳисобланган пайтдан эътиборан;

давлат ижтимоий суғуртаси ихтиёрий қилиниши мумкин бўлган шахслар учун - суғурта бадаллари тўланган пайтдан эътиборан.

Бунда, агар суғурта қилдирувчи ўзи учун суғурта бадалини тўласа, у давлат ижтимоий суғуртаси бўйича суғурталанган шахс сифатида муносабатларга киришади.

б) суғурталовчида - суғурта қилдирувчи рўйхатга олинган пайтдан эътиборан;

в) суғурталанган шахсларда:

мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси билан суғурталанган шахслар учун - даромад ҳисобланган пайтдан эътиборан;

ихтиёрий давлат ижтимоий суғуртаси билан суғурталанган шахслар учун - суғурта бадаллари тўланган пайтдан эътиборан.



7-модда. Суғурта ҳодисалари


Суғурталовчининг суғурталанган шахсга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни амалга ошириш мажбуриятининг юзага келиши суғурта ҳодисаси деб ҳисобланади.

Суғурта ҳодисалари жумласига қуйидагилар киради:

касаллик муносабати билан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик;

ҳомиладорлик ва туғиш;

ишни ёки даромадни йўқотиш.

Суғурта ҳодисалари юзага келганда суғурталанган шахсларга ва (ёки) уларнинг оила аъзоларига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича қуйидаги тўловлар амалга оширилади:

вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси;

ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси;

ишдан бўшатиш нафақаси.



3-БОБ. ДАВЛАТ ИЖТИМОИЙ СУҒУРТАСИ

СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8-модда. Суғурталанган шахсларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Суғурталанган шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни ўз вақтида олиш;

ўз ҳуқуқларини шахсан, ўзининг вакили орқали ёки суд тартибида ҳимоя қилиш;

суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи тўғрисида маълумотлар олиш;

суғурталовчидан давлат ижтимоий суғуртаси масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва суғурталанган шахсларга тўланадиган давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар миқдорлари тўғрисида ахборотни бепул олиш.

Суғурталанган шахслар суғурта ҳодисасидан келиб чиққан ҳолда, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловни тайинлаш ва амалга ошириш учун асос бўладиган тегишли ишончли маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатларни суғурталовчига ўз вақтида тақдим этиши шарт.



9-модда. Суғурталовчининг ҳуқуқ

ва мажбуриятлари


Суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурта ҳодисаси юзага келганда, заруратга қараб, суғурта ҳодисаси юзага келганлигини текшириш;

суғурта бадалларини ҳисобга олиш ва тўлаш бўйича ҳужжатларни (ёки электрон маълумотларни), шунингдек давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳужжатларни текшириш;

суғурталанган шахсни идентификация қилиш, суғурта стажини ва суғурта бадалининг миқдорини аниқлаш, суғурта ҳодисаси юзага келганлигини тасдиқлаш учун зарур бўлган суғурталанган шахс тўғрисидаги маълумотларни олиш, шу жумладан бошқа давлат органлари билан электрон ахборот алмашинуви орқали олиш;

ушбу Қонуннинг 18 ва 19-моддаларида белгиланган ҳолларда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ва тугатиш;

ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар, шу жумладан суғурталанган шахс томонидан тақдим этилган ишончсиз ёки сохта ҳужжатлар (маълумотлар) асосида давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар тайинланганлиги муносабати билан қилинган харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъволар билан судга мурожаат қилиш.

Суғурталовчи:

давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар учун суғурта бадалларини жамғариб бориши;

фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириши;

давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларнинг ўз вақтида тайинланишини ва белгиланган миқдорларда тўланишини таъминлаши;

суғурта бадаллари ва тўловларининг ҳисобини юритиши;

суғурта бадалларини тўлаган шахсларнинг давлат ижтимоий суғуртасини амалга ошириши;

суғурта қилдирувчиларни рўйхатдан ўтказишни ва ҳисобдан чиқаришни амалга ошириши;

суғурта қилдирувчиларнинг ва суғурталанган шахсларнинг, жамғарма тушумлари ва харажатларининг ягона ҳисобини юритиши, шунингдек суғурталанган шахсларнинг персоналлаштирилган ҳисоби учун тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилигини бошқа давлат органлари билан электрон ахборот алмашинуви орқали текшириши;

суғурта қилдирувчилар ва суғурталанган шахслар учун давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тушунтириш ишларини олиб бориши, шу жумладан суғурта бадалларининг ва давлат ижтимоий суғуртаси бўйича амалга оширилган тўловларнинг ҳисоби юзасидан шахсга доир маълумотларни, мазкур тўловлар бўйича мурожаат қилиш ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши шарт.



10-модда. Суғурта қилдирувчиларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Суғурта қилдирувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурталовчидан давлат ижтимоий суғуртаси масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва суғурталанган шахсларга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича амалга ошириладиган тўловлар миқдорлари тўғрисидаги ахборотни бепул олиш;

ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ёхуд давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўлов тайинланишининг тўғрилигини қайта кўриб чиқиш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ёки судга мурожаат қилиш.

Суғурта қилдирувчилар:

суғурталовчидан рўйхатдан ўтиши ва ҳисобдан чиқиши;

суғурта бадалларини ўз вақтида ва белгиланган ставкалар бўйича тўлаши;

давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларга тааллуқли бўлган ҳужжатларни текшириш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига тақдим этиши шарт.



4-БОБ. ДАВЛАТ ИЖТИМОИЙ СУҒУРТАСИНИНГ

МОЛИЯВИЙ ТИЗИМИ


11-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари


Давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари суғурталовчи томонидан қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:

ижтимоий солиқнинг бир қисми;

суғурта бадаллари;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари;

жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари жамғармада жамланади.



12-модда. Суғурта бадали


Суғурта бадали суғурталанган шахс учун жамғармага амалга ошириладиган ажратма ёки тўлов ҳисобланади.

Суғурта бадали мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси билан қамраб олинадиган фуқаролар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган миқдорларда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг бир қисми ҳисобидан, ихтиёрий давлат ижтимоий суғуртаси билан қамраб олинадиган фуқаролар учун минимал миқдори қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланадиган тўлов ҳисобидан шакллантирилади.

Жисмоний шахсларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар суғурта бадалларини ҳисоблаш объектидир.

Суғурта бадали ставкаси суғурта бадалларини ҳисоблаш объектининг суммасига нисбатан фоизли нисбатда ҳисобланади.

Суғурта бадаллари ҳисобини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



13-модда. Суғурта бадалларини тўловчилар


Суғурта бадалларини тўловчилар деб қуйидагилар эътироф этилади:

мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси билан суғурталанган шахслар;

ихтиёрий давлат ижтимоий суғуртаси билан суғурталанган шахслар.

Қонунчилик ҳужжатлари билан айрим шахсларни ёки шахслар тоифаларини суғурта бадалларини тўлашдан озод этиш ёки уларга имтиёзлар бериш тақиқланади.



14-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси молиявий

барқарорлигининг давлат кафолатлари


Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари прогнозини тузишда ҳамда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни ўз вақтида амалга ошириш учун жамғарма бюджети тақчиллигининг прогноз хавфлари юзага келганда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги суғурталовчининг асосланган талабномаси асосида навбатдаги молия йили учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда, давлат бюджети тақчиллигининг чекланган миқдорини ҳисобга олган ҳолда, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни таъминлаш имконини берадиган, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан жамғармага бюджетлараро трансфертлар ажратилишини назарда тутади.



15-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси маблағларини

бюджетлаштириш ва харажат қилиш ҳамда уларнинг

ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар


Жамғарма бюджети суғурталовчи томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланади.

Жамғарма маблағлари давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни, шу жумладан мазкур тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга сарфланади.

Тасдиқланган бюджет кўрсаткичларининг бажарилиши суғурталовчи ва унинг ҳудудий бўлинмалари, туман (шаҳар) "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари томонидан таъминланади.

Жамғарма бюджетининг муайян молия йилидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилади.

Жамғарманинг жорий ҳисобот йилида фойдаланилмай қолган маблағлари олиб қўйилмайди ва кейинги йилга ўтказилади.



5-БОБ. ДАВЛАТ ИЖТИМОИЙ СУҒУРТАСИ

БЎЙИЧА ТЎЛОВЛАР


16-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича

тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш


Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни олишга бўлган ҳуқуқ суғурта бадалларининг тўланишига қараб юзага келади.

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда ва тегишли даврлар учун тайинланади.

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартиби, шу жумладан давлат ижтимоий суғуртаси бўйича энг кам суғурта стажи ҳамда тўловларни амалга ошириш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



17-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича

тўловларни тайинлаш учун мурожаат қилиш

ва ҳужжатларни кўриб чиқиш


Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни ишдан бўшатиш нафақаси тарзида тайинлаш суғурталанган шахснинг мурожаати асосида, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тарзида эса суғурталанган шахснинг мурожаати талаб этилмаган ҳолда (проактив шаклда) амалга оширилади.

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш учун мурожаат суғурталанган шахс томонидан қуйидагича амалга оширилади:

суғурталовчига бевосита ёки иш берувчи орқали;

махсус давлат ахборот тизимлари орқали электрон тарзда.

Суғурталанган шахснинг мурожаати талаб этилмаган ҳолда (проактив шаклда) тайинланадиган давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар юзасидан суғурта ҳодисаси юзага келганда суғурталанган шахс тўғрисидаги маълумотлар суғурталовчига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизими орқали тақдим этилади.



18-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича

тўловларни тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш


Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар қуйидаги ҳолларда кейинги ойнинг биринчи санасидан эътиборан тўхтатиб турилади:

суғурталанган шахс ёки унинг қонуний вакили давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тўхтатиб туриш ҳақида мурожаат қилганда;

суғурталанган шахс қонунда белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилганда;

қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда.

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўлов суғурта ҳодисаси тасдиқланган тақдирда, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловнинг тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ахборот тизимларидан олинган ҳужжатларга ва (ёки) маълумотларга асосан қайта тикланади.



19-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича

тўловларни тугатиш


Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар қуйидаги ҳолларда тугатилади:

суғурталанган шахс вафот этганда ёки суд қарори билан вафот этган деб эълон қилинганда. Бунда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўлов суғурталанган шахс вафот этган ёки вафот этган деб эълон қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан эътиборан тугатилади;

суғурталанган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан чиққанда ёки Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотганда;

суғурталанган шахс ёки унинг қонуний вакили давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловни тугатиш тўғрисида мурожаат қилганда. Бунда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўлов мурожаат берилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан эътиборан тугатилади;

давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловни тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳужжатларнинг (маълумотларнинг) ишончсизлиги ёки сохта эканлиги аниқланганда. Бунда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўлов тайинланган кундан эътиборан тугатилган ҳисобланади ва тўланган маблағлар суғурталанган шахс томонидан қайтарилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


20-модда. Низоларни ҳал этиш


Давлат ижтимоий суғуртаси соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



21-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



22-модда. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг

399-моддасига ўзгартириш киритиш


Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрда қабул қилинган ЎРҚ-798-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, 10-сонга илова; 2023 йил, N 4, 265-модда, N 11, 923-модда; 2024 йил, N 2, 111-модда, N 7, 627-модда, N 9, 964-модда; 2025 йил N 2, 193-модда, N 6, 730-модда) 399-моддасининг матнидаги "давлат ижтимоий суғурта" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси" деган сўзлар билан алмаштирилсин.



23-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



24-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ушбу Қонун 12-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган суғурта бадаллари ҳисобини юритиш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида белгиласин;

ушбу Қонун 16-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартибини, шу жумладан давлат ижтимоий суғуртаси бўйича энг кам суғурта стажини ҳамда тўловларни амалга ошириш муддатларини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида белгиласин;

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



25-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун 2026 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               Ш. Мирзиёев

         

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 9 декабрь




































































Время: 0.1161
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск