ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Архив / Декабрь, 2025 й. / Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари / Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, қабул қилиш, ҳисобга олиш. Ижро назорати /

"Келажак" марказлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.12.2025 й. 776-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Вазирлар Маҳкамасининг

2025 йил 10 декабрдаги

776-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Келажак" марказлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Келажак" марказлари (кейинги ўринларда - Марказ)нинг мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Марказ 6-18 ёшдаги болаларга қўшимча таълим хизматларини кўрсатувчи давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, банк ҳисобварағига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга ҳамда бланкаларга эга бўлади.


3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруқларига, шунингдек, ушбу Низомга, ўз уставига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.


4. Марказларнинг намунавий устави Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) томонидан тасдиқланади. Марказ мазкур намунавий устав асосида ўз уставини ишлаб чиқади. Устав муассис томонидан тасдиқланади.


5. Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари тегишлича марказларнинг муассислари ҳисобланади.


6. Марказларнинг умумий фаолияти Вазирлик томонидан мувофиқлаштирилади.



2-БОБ. МАРКАЗНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

мактабга тайёрлов гуруҳларидаги болаларда билим олиш, коммуникатив ва ижодий компетенцияларни шакллантириш;

ўқувчиларни Президент, ижод ва ихтисослаштирилган таълим ташкилотларига тайёрлаш;

иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, улғайиб келаётган ёш авлоднинг STEAM (Science - табиий фанлар, Technology - технологиялар, Engineering - муҳандислик, Art - санъат, Mathematics - математика) фанлари ҳамда илм-фанга бўлган интилишларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш;

ўқувчиларни сунъий интеллект ва робототехника йўналишларига жалб этиш орқали уларнинг яратувчанлик кўникмаларини янада шакллантириш ҳамда робототехника, мобилограф, дастурлаш, илгари суриш ва реклама қилиш (SMM), моделлаштириш каби тўгаракларни ташкил этиш;

ўқувчиларнинг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш ва хорижий тилларни ўқитишнинг замонавий услублари асосида тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш;

ўқувчиларда экологик билимларни ошириш, экологияга оид лойиҳаларни амалга ошириш;

ўқувчиларнинг ижодий ва бадиий қобилиятларини ривожлантириш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш;

умумий ўрта таълим мактаблари кутубхоналарига ҳамда китобхонлик клублари фаолиятига амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш;

ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг спортнинг олимпия ва оммавий турларига қизиқишларини ошириш ҳамда мактаб спорт клублари фаолиятини ривожлантириш, спорт секцияларига амалий ва услубий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш;

ўқувчиларда ҳунар эгаллаш бўйича дастлабки билим ва кўникмаларни шакллантириш;

болаларни ҳар томонлама баркамол шахс қилиб тарбиялаш, уларда етакчилик, жамоада ишлаш, фаол фуқаролик, ижтимоий масъулият ва коммуникатив кўникмаларни шакллантириш мақсадида таълим ташкилотларида болалар фаолияти ижтимоий-эмоционал таълим модели асосида 4 босқичда (мактабгача - бошланғич - таянч ўрта - ўрта таълим) йўлга қўйиш;

ўқувчилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчилари (кейинги ўринларда - мактаб маслаҳатчилари)нинг касбий малакасини ошириш ишларини ташкил этиш, уларга методик ва услубий ёрдам кўрсатиш, инновацион тарбия ва таълим тажрибаларини амалиётга жорий этишда мактабларга кўмак бериш.

Бунда маслаҳатчиларни ишга қабул қилиш тартиби ўрнатилган тартибда Вазирлик томонидан белгиланади.


8. Марказ ўзининг асосий вазифаларини амалга оширишда қуйидаги функцияларни бажаради:

болаларда лидерлик қобилиятлари ҳамда "юмшоқ" кўникмаларини шакллантиришда "ўқувчилар кенгаши" сайловларини ўтказишда амалий ва услубий ёрдам кўрсатади;

болаларни таълим, медиа, маданият, экология, спорт, китобхонлик йўналишларида ташаббусларини қўллаб қувватлайди, жумладан, улар учун фестиваль, форум, вебинар ҳамда оромгоҳлар ташкил этади;

ўқувчиларни тўгараклар, китобхонлик клублари, ҳамда спорт клубларига қамраб олиш чораларини кўради;

фестиваль, танлов, мусобақа ва тадбирларни сифатли ўтказилиши бўйича сценарийлар ишлаб чиқади ҳамда ташкил этади;

мактаб маслаҳатчилари фаолиятини мониторинг қилади ҳамда уларнининг касбий малакасини оширишда тизимли равишда семинар, тренинг ва конференциялар ташкил этади;

дастур ва ўқув-режаларини ишлаб чиқишда кўмаклашади;

ўқув жараёнларини таҳлил қилиб боради ҳамда уларга амалий-услубий ёрдамлар кўрсатади;

услубчилар, тренерлар ва тўгарак раҳбарлари учун турли ўқув-семинарлар ҳамда вебинар машғулотлари ўтказади;

фаол ўқувчилар, мактаб маслаҳатчилари ҳамда тўгарак раҳбарлари ишларини оммалаштиради ҳамда танлов ва тадбирларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб боради;

ўқувчилар қизиқишларига кўра тармоқ тўгаракларини ташкил этади ҳамда фаолиятини методик таъминлайди;

"Келажак" миллий бренди остида таълим ташкилотларида тарбиявий-ахлоқий, маънавий-мафкуравий ва ижтимоий-коммуникатив соҳаларда ўқувчиларнинг шахсий ривожланишига қаратилган лойиҳаларини амалга оширади;

ўқувчиларнинг иқтидорларини рўёбга чиқариш учун маданият ва санъат йўналишидаги тўгараклар тармоғини кенгайтиради, бадиий адабиётларга бўлган қизиқишларини аниқлайди, улар ўртасида китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширади;

алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун марказларда инклюзив тўгараклар фаолиятини йўлга қўяди;

Марказнинг махсус электрон платформасини юритади, унда ўқув жараёнига оид маълумотларни жойлаштиради;

ўқувчиларнинг қўшимча таълимга жалб этилганлиги тўғрисидаги "Ижтимоий портфолио" модулини юритади.



3-БОБ. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


9. Марказ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Марказ ходимлари, тўгарак аъзолари ва уларнинг ота-оналари (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)дан мазкур Низом, ўз устави ва ички тартиб-қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

ўқув жараёнини такомиллаштириш ва методик таъминлаш бўйича таклифлар киритиш;

молиялаштиришнинг қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган манбалари ҳисобига бюджетдан ташқари маблағларни шакллантириш;

тўгарак машғулотлари учун белгиланган тўловни ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)дан ўз вақтида ундиришни назорат қилиш;

ваколатига кирадиган масалалар ҳамда унга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган қарорлар, буйруқлар, кўрсатмалар қабул қилиш, зарур бўлганда, бошқа давлат ташкилотлари билан биргаликда тегишли қарорлар қабул қилиш;

Марказ ваколатига кирадиган масалаларда белгиланган тартибда судларга аризалар ва даъволар киритиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бюджетдан ташқари жамғармаларга эга бўлиш;

давлат органлари ва манфаатдор шахслардан ўз ваколати доирасида зарур ахборотларни сўраш ва олиш.

Марказ қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Марказ:

ушбу Низомда ва ўз уставида назарда тутилган вазифа ва функцияларни самарали бажариши;

"Келажак" марказлари учун қўшимча таълимга қўйилган Давлат талаблари асосида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиши;

таълим-тарбия жараёнини белгиланган тартибда санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига ҳамда хавфсизлик қоидаларига мувофиқ ташкил этиши;

Марказнинг моддий-техник таъминоти ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириши;

тўгаракларни ташкил этишда тўгарак аъзоларининг ёши, руҳий-физиологик ҳолати, лаёқати ва қизиқишларини инобатга олиши;

ўзи қабул қилган қарорлар ҳамда буйруқларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажариши;

фаолиятини ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурлар, чора-тадбирлар режаси, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатлар ижросини самарали ташкил этиши ва бажариши;

ўзига бириктириб берилган мулклар, шу жумладан, кўчмас мулклардан мақсадли фойдаланиши;

ўзига юкланган вазифа ва функциялар доирасида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши шарт.

Марказ зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.



4-БОБ. МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Марказ кўп тармоқли бўлиб, у фаолият юритадиган ҳудуднинг ўзига хос хусусияти, ўқувчиларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжларига кўра, уларнинг ижодий имкониятларини янада ривожлантиришга қаратилган мактабга тайёрлов, илм-фан, хорижий тиллар, китобхонлик, маданият ва санъат, касб-ҳунар, ахборот технологиялари ҳамда спорт йўналишларида тўгараклар ташкил этади.

Марказда тўгараклар пуллик шаклда ташкил этилади ҳамда 6-18 ёшли болаларни ҳар томонлама камол топишлари ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кенг имкониятлар яратилади.


12. Марказда юқори малакали мутахассислар ҳамда нодавлат ўқув марказларини жалб этган ҳолда чуқурлаштирилган тўгараклар ҳам ташкил этилиши мумкин.

Чуқурлаштирилган тўгараклар ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) хоҳишларидан келиб чиқиб Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга тайёрлов ҳамда бошқа йўналишларда якка тартибда (индивидуал) ёки гуруҳларга бўлган ҳолда ташкил этилади.

Чуқурлаштирилган тўгаракларда ўқиганлик учун ота-оналар тўлови миқдори Марказ томонидан мустақил белгиланади.


13. Марказ:

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қўшимча таълим, давлат ва нодавлат болалар ташкилоти ҳамда марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўяди;

халқаро ҳамкорлик доирасида мактаб маслаҳатчилари, тизим ходимлари, тўгарак раҳбарлари тажриба алмашиши ҳамда малака ошириши чораларини кўради;

фаол ўқувчилар кенгаши халқаро ҳамкорлиги шартномалар асосида хорижий болалар ташкилотлари ҳамда марказлари болалар оромгоҳи, конференциялар, халқаро анжуманлар, форумлар ва фестивалларни ташкил этади.


14. Умумий ўрта таълим ташкилотларида жойлашган мавжуд марказлар шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилган алоҳида бинода, янги қурилган ва реконструкция қилинган бино ва иншоотларда ёки истисно тариқасида, умумий ўрта таълим ташкилотлари биноларининг алоҳида ўқув блокларида, алоҳида чегара ҳудудини белгилаган ҳолда, кириш жойи билан таъминланган ва мактабдаги умумий ўрта таълим жараёнига халақит бермайдиган тарзда ташкил қилинади ҳамда мустақил равишда фаолият кўрсатади.


15. Умумий ўрта таълим ташкилотларида Марказнинг тармоқ тўгараклари ташкил этилиши мумкин.

Умумий ўрта таълим ташкилотлари биноларининг алоҳида ўқув блокларида ташкил қилинган Марказнинг тармоқ тўгараклари учун барча коммунал тўловлар ушбу мактаб коммунал харажатлари учун ажратилган бюджет маблағлари доирасида қопланади.

Қолган коммунал харажатлар эса Марказ эгаллаб турган бинонинг майдони ва ҳажмидан келиб чиқиб, умумий ўрта таълим ташкилотларига иқтисодиёт ва молия органлари билан келишув бўйича қоплаб берилади.

Марказ учун умумий ўрта таълим ташкилотларида ташкил этиладиган тармоқ тўгараклари, ўқув тажриба-синов майдончалари, боғлар, музейлар, оромгоҳлар, кампуслар, виртуал майдонлар, ихтиро ва кашфиётларни синовдан ўтказиш майдончалари, технопарклар, спорт заллари, кутубхоналар ҳамда ички имкониятлардан келиб чиқиб, ҳудудларда уларнинг филиаллари ҳам ташкил этилиши мумкин.


16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари марказларнинг ҳар йили моддий-техника базасини мустаҳкамлашга оид чора-тадбирларни амалга оширади.


17. Тўгарак машғулотлари ўқув дастурлари ота-оналар ва мутахассисларнинг талабларига кўра бутун ўқув йили учун, шунингдек, қисқа муддатли ташкил этилади.

Тўгарак машғулотлари ўқув йилининг 15 сентябридан бошланиб, 25 майида якунланади. Ёзги таътил кунларида Марказ томонидан тўгарак машғулотлари фаолияти алоҳида дастур асосида (ўқувчиларни саёҳатларга олиб чиқиш, турли тўгараклар, пуллик оромгоҳларни ташкил этиш, фестиваль, мусобақа ва танловлар ташкил этилишини ўз ичига олган ҳолда) давом эттирилади.

Марказда тўгарак раҳбарлари ойлик маоши сақланган ҳолда йилнинг 26 майидан 1 июнига қадар ўқув йили якуни муносабати билан журналларни расмийлаштириш, тўгаракнинг ёз мавсуми ўқув режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш, шунингдек, 2 сентябрдан 15 сентябрга қадар ёз мавсуми ўқув режаси якуни бўйича журналларни расмийлаштириш, янги ўқув йили режасини тузиш ва тасдиқлатиш, болаларни синфларга (гуруҳларга) бўлиш каби ишларини амалга оширади.

Марказнинг тўгарак машғулотлари жадвали тўгарак аъзолари учун қулай тартибда, уларнинг ёши, психофизиологик хусусиятлари ва санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари инобатга олинган ҳолда, педагог ходимларнинг тақдимномасига кўра Марказ томонидан тузилади ва тасдиқланади.


18. Тўгарак раҳбарининг ҳафталик иш юкламаси 16 соатни ташкил этади. Бунда:

ҳар бир тўгарак машғулотини ташкил этиш учун ҳар бир гуруҳга ҳафтада 4 академик соат;

ҳар бир гуруҳ учун 0,25 штат бирлигида тўгарак раҳбари лавозими ажратилади.


19. Ҳар бир гуруҳдаги тўгарак аъзоларининг сони 10 нафардан (мактабга тайёрлов, инклюзив, хорижий тиллар, дастурий таъминот, робототехника, мехатроника ва инженерлик тўгаракларида 8 нафардан) кам бўлмаслиги лозим.

Агар бир гуруҳдаги тўгарак аъзоларининг сони белгиланган талабдан камайса, тўгарак раҳбарининг ойлик иш ҳақи мазкур ой учун тўлиқ тўлаб берилади.


20. Тўгарак раҳбарларига икки ставкагача (ҳафталик 32 соат) тўгарак машғулотларини олиб боришларига рухсат этилади.

Бунда тўгарак раҳбарларининг икки ставка миқдоригача белгиланган тўгарак машғулотларининг бир ставкадан ортиқ бўлган қисми бўш иш ўринлари сифатида қайд этилмайди.


21. Марказ томонидан ўқувчиларга қўшимча таълим олганлиги тўғрисида гувоҳнома намунаси Республика "Келажак" маркази томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


22. Марказнинг раҳбар ва ходимлари иш ҳақлари сақланган ҳолда малака оширади.


23. Марказлар контингент сони бўйича иккита гуруҳга ажратилади. Бунда контингент сони 600 нафаргача бўлган марказлар - II гуруҳга, 601 нафар ва ундан ортиқ бўлганда - I гуруҳга тегишли ҳисобланади.



5-БОБ. МАРКАЗДА ПЕДАГОГИК ФАОЛИЯТ

БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШ


24. Олий таълим ташкилотларининг турли йўналишлари (педагог ва педагогик мутахассисликка эга бўлмаган) бўйича тегишли мутахассисликка эга, касбий таълим ташкилотлари ҳамда академик лицейларнинг тегишли маълумотига ҳамда касбий тайёргарликка, юксак ахлоқий фазилатларга эга шахслар Марказда тўгарак раҳбари сифатида педагогик фаолият билан шуғулланишга ҳақли.

Педагогик маълумотга эга бўлмаган, аммо тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг тармоқ мукофотлари ҳамда унвонлар билан тақдирланган шахслар Марказда педагогик фаолият билан шуғулланишга жалб этилиши мумкин.


25. Педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан суд қарорига кўра ёки тиббий хулосага асосан маҳрум қилинган шахсларнинг Марказда фаолият юритишларига йўл қўйилмайди.



6-БОБ. МАРКАЗНИ БОШҚАРИШ


26. Марказга директор раҳбарлик қилади.

Республика "Келажак" марказининг директори ва директор ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри "Келажак" маркази директорлари Республика "Келажак" маркази тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри "Келажак" марказларининг директор ўринбосарлари, туман (шаҳар) "Келажак" маркази директорлари Республика "Келажак" маркази директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Туман (шаҳар) "Келажак" маркази директор ўринбосарлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри "Келажак" маркази директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Мактаб маслаҳатчилари умумий ўрта таълим ташкилоти директори томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри "Келажак" марказларининг ишга қабул қилиш бўйича тавсияномаси асосида лавозимга тайинланади.

Вазирлик тизимидаги ҳудудий "Болалар кутубхоналари"нинг директорлари Республика "Келажак" маркази директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Болалар кутубхоналари фаолияти Республика "Келажак" маркази томонидан мувофиқлаштирилади.


27. Марказнинг фаолиятига доир асосий масалаларни коллегиал тартибда муҳокама қилиш, Марказнинг тўгарак машғулотлари жараёнини ривожлантириш, такомиллаштириш, унинг фаолияти билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни мувофиқлаштириш учун доимий фаолият юритадиган Педагогик кенгаш фаолияти жамоатчилик асосида ташкил этилади.

Педагогик кенгаш таркиби Марказ директори, директор ўринбосарлари ва педагог ходимларидан иборат бўлади. Марказнинг ҳар бир педагог ходими ишга қабул қилинган пайтдан бошлаб ушбу Кенгашнинг аъзоси ҳисобланади.

Марказ директори Педагогик кенгаш раиси ҳисобланади ва унинг котиби педагог ходимлар орасидан тўғридан-тўғри очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.

Педагогик кенгаш раиси ўз вазифасини бажара олмайдиган (бетоб бўлган, хизмат сафарига кетган ва бошқа) ҳолларда, унинг вазифалари вақтинча вазифани бажариш юклатиладиган директор ўринбосари томонидан амалга оширилади.

Педагогик кенгаш йиғилиши ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Заруратга кўра, навбатдан ташқари йиғилишлар ўтказилиши мумкин.

Педагогик кенгаш йиғилиши Марказ фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш, унинг фаолияти сифати ва самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишларини белгилайди.


28. Ўқув-тарбия жараёнини ривожлантириш ва такомиллаштириш, педагог ходимларнинг касб маҳоратларини ва ижодий ўсишларини ривожлантириш мақсадида Республика "Келажак" маркази ҳузурида Илмий-методик кенгаш тузилади.

Республика "Келажак" маркази директори ўз навбатида Илмий-методик кенгаш раиси ҳам ҳисобланади.

Илмий-методик кенгаш таркибига Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги, А. Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти, Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти, Республика таълим марказининг тажрибали ходимлари, илмий даража ва унвонларга эга бўлган мутахассислар ҳамда хорижий экспертлар жалб этилади.

Илмий-методик кенгаш таркиби ва Низоми Республика "Келажак" маркази томонидан тасдиқланади.

Илмий-методик кенгашда ўқув режалар, дастурлар, ўқув қўлланмалар, тажриба-синов ишлари муҳокама қилинади, педагогик ходимларнинг ижодий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ишларини ташкил қилиш юзасидан қарорлар қабул қилинади.


29. Туман (шаҳар)даги марказларда фаолият кўрсатаётган тўгараклар фаолиятини ривожлантириш, уларга методик ёрдам кўрсатиш, услубчи ва тўгарак раҳбарларининг тавсия, қўлланма ва ижодий ишларини такомиллаштириш бўйича Услубий кенгаш ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри "Келажак" марказлари директори Услубий кенгаш раиси ҳам ҳисобланади.

Услубий кенгаш аъзолари ҳар чоракда бир марта йиғилади, тавсия, қўлланма ва ижодий ишларни сифатини таҳлил қилади ҳамда амалиётга жорий этиш учун рухсат беради.


30. Ҳудудий марказлар хорижда ўтказиладиган халқаро фестиваль, танлов, мусобақалар ҳамда бошқа тадбирларда Республика "Келажак" марказининг рухсатига асосан иштирок этади.



7-БОБ. МАРКАЗНИНГ МОЛ-МУЛКИ

ВА ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ


31. Муассис ёки ваколатли давлат органи Марказга мол-мулкни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бириктиради.

Марказ ўзига бириктирилган мол-мулкни ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаси бўйича ўзига ажратилган маблағлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулкни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этади.


32. Марказлар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


33. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;

ота-оналар тўловидан тушадиган маблағлар;

ўқувчилар ва педагог ходимлар томонидан ўқув жараёнида тайёрланган маҳсулотлар ва буюмларнинг сотувидан тушган маблағлар;

асосий машғулотлардан ташқари пайтда бўш бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналарни ижарага беришдан тушган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган шартнома асосида пулли хизмат кўрсатишдан олинган даромадлар;

ўқитувчилар ва педагог ходимлар томонидан ўқув-тарбия жараёнига таъсир этмаган ҳолда турли тўгараклар, оромгоҳлар, курслар, бадиий кечалар, концерт ва театр томошалари ташкил этишдан олинган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


34. Марказ аҳолига, турли ташкилотларга хизматлар кўрсатишга, қонунчилик билан тақиқланмаган, муассасанинг асосий фаолиятига салбий таъсир кўрсатмайдиган фаолият турлари билан шуғулланишга ҳақли.

Юқори турувчи ташкилотлар томонидан тўгарак аъзоларининг таълимга алоқаси бўлмаган тадбирларга жалб этилишига, концерт-томоша дастурлари ва кўргазмаларни ташкил этишга йўл қўйилмайди, тўлов-шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар бундан мустасно.


35. Марказнинг бюджетдан ташқари жамғармалари, шу жумладан, болалари ўқиганлиги учун ота-оналар бадали тўлови ҳисобига шаклланган жамғарма ойлик, чораклик ёки йиллик тушган маблағлари ҳисобидан тўгарак раҳбарлари, тренерлар ва ходимлари рағбатлантирилади.


36. Қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятдан олинган даромад ҳисобига сотиб олинган мол-мулк Марказ мол-мулки таркибига киритилади.


37. Марказнинг моддий-техника базаси ер, бино ва иншоотлар, кутубхоналар, спорт иншоотлари, спорт заллари, коммуникация, техник жиҳозлар ва ускуналар, транспорт воситалари ҳамда таълим ва тарбия жараёнида фойдаланиладиган бошқа анжомларни ўз ичига олади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


38. Марказлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.

Марказ тугатилган тақдирда, унинг маблағлари ва мол-мулкидан, унинг мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда, қонунчилик ҳужжатларига ҳамда Марказ уставига мувофиқ фойдаланилади.


39. Марказларни қайта ташкил этиш ёки тугатиш, қоида тариқасида, ўқув йилининг охирида амалга оширилади, бунда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ўқувчиларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) билан келишилган ҳолда, уларни бошқа марказларга ўтказиш учун жавобгарликни ўз зиммаларига оладилар.


40. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

         

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 11 декабрь














































































Время: 0.1259
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск