язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ёқилғи-энергетика комплекси/ Нефть ва газ маҳсулотларини реализация қилиш (етказиб бериш). Ҳисоб-китобларни амалга ошириш/ Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.05.2005 й. 132-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 26 майдаги

132-сон қарорига

1-ИЛОВА



Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан

таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро

ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги атамалар ва таърифлар қўлланилади:


бюджет ташкилоти - уларга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ фаолиятни молиялаштиришнинг асосий манбаи сифатида Давлат бюджетида улар учун маблағ ажратиш назарда тутилган вазирлик, давлат қўмитаси, идора ёки ташкилот;


газ - газ қазиб чиқарувчи, газ, нефть қазиб чиқарувчилар томонидан ёки газ-нефть қазиб чиқарувчи ташкилотлар, газни қайта ишловчи ташкилотлар, газ узатувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган табиий газ, нефть (йўлдош) гази, шунингдек ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган нефтни қайта ишлаш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқариладиган ёқилғи гази;

ҳисоб-китоб даври - календарь ой, унинг доирасида газ етказиш ҳажми белгиланиши ҳамда етказиб берилган газ учун етказиб берувчи билан табиий газ истеъмолчиси ўртасида ўзаро ҳисоб-китоб қилиниши керак;


истеъмолчилар - газдан ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланадиган корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган жисмоний шахслар, шунингдек аҳоли;


етказиб берувчи - газ мулкдори ёки унинг газни етказиб берувчининг ваколатли шахси;

газ таъминоти ташкилоти - газни қабул қилишни, тақсимлашни ва истеъмолчиларга етказиб беришни таъминловчи ташкилот;

газ узатиш ташкилоти - газни қабул қилувчи, узатувчи ва истеъмолчиларга етказиб берувчи ташкилот;

авария брони - асбоб-ускуналарнинг сақланиши ва одамлар ҳаётининг хавфсизлиги таъминланиши учун мулкчиликнинг барча шаклларидаги хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг қисман ёки тўлиқ тўхтатилишида зарур бўлган газнинг энг кам ҳажми;


технология брони - ишлаб чиқаришнинг технология жараёни, цикли штатда қайд этилганидек тугалланиши учун зарур бўлган газ ҳажми.


3. Мазкур Низомнинг амал қилиши газ ва нефть қазиб олувчи ҳамда газ ва нефтни қайта ишловчи корхоналар билан газ-транспорт ташкилоти ўртасидаги газ етказиб бериш соҳасидаги муносабатларга татбиқ этилмайди.


4. Газ етказиб берувчилар истеъмолчига газ етказиб беришни газ етказиб бериш юзасидан шартномада кўрсатилган параметрларда амалга оширишлари шарт. Газни барча истеъмолчиларга газ етказиб бериш учун ресурслар ва қувватлар етарли бўлмаган ҳолатларда газни истеъмолчилар ўртасида тақсимлашни тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида амалга оширилади.

5. Газдан фойдаланишда истеъмолчининг айби билан газдан газ етказиб беришга шартномада кўрсатилганидан кам ҳажмларда фойдаланилган тақдирда аванс тарзида тўланган маблағлар қайтарилмайди, кўрсатиб ўтилган маблағлар эса келгусида газдан фойдаланишда ҳисобга олинади.

6. Истеъмолчининг газ учун муддати ўтиб кетган қарздорлиги мавжуд бўлганда унинг томонидан аванс тўлови сифатида ўтказилган маблағлар муддати ўтиб кетган қарзни қоплашга йўналтирилади ҳамда аванс тўлови сифатида ҳисобга олинмайди.

7. Муддати ўтиб кетган қарздорликка эга бўлган газ истеъмолчиларини газ етказиб бериш тармоқларидан узиб қўйиш ва уларга такроран улаш харажатлари истеъмолчилар ҳисобига қопланади.


8. Шартномада кўрсатилган муддатларда етказиб берилган газ қиймати ўз вақтида тўланмаган тақдирда истеъмолчи етказиб берувчига газ етказиб бериш юзасидан шартномага мувофиқ пеня тўлайди. Аҳоли пеняни газ учун тўлов ўз вақтида тўламаган тақдирда муддати ўтган ҳар бир кун учун 0,1 фоиз миқдорида, лекин муддати ўтган тўлов суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда тўлайди.

Мажбуриятларнинг бажарилмаслиги форс-мажор ҳолатлар оқибатида юзага келган тақдирда истеъмолчи пеня тўлашдан озод қилинади.


9. Газ етказиб берувчи томонидан газ шартномавий ҳажмлардан кам етказиб берилган тақдирда газ етказиб берувчи муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисми суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, бироқ етказиб берилмаган газ қийматининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлайди.

Мажбуриятларнинг бажарилмаслиги форс-мажор ҳолатлар оқибатида юзага келган тақдирда газ етказиб берувчи пеня тўлашдан озод қилинади.

Газ етказиб берувчи ёки газ билан таъминловчи ташкилот шартномага кўра истеъмолчига газ етказиб берилмаслиги ёки тўлиқ етказиб берилмаслиги оқибатида етказилган реал зарарни ва бой берилган фойдани қоплайди.

10. Истеъмолчи томонидан газ етказиб беришга тузилган шартномада белгиланганидан кўп ҳажмда ва етказиб берувчи билан олдиндан келишилмасдан олинган тақдирда истеъмолчидан шартномадаги ҳажмлардан ортиқча олинган газ қийматига нисбатан 2 коэффициент билан оширилган тўлов ундирилади (аҳоли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарори 5-иловасига киритилган "Ўзбекэнерго" ДАК корхоналари истеъмол қилган ҳажм бундан мустасно).

Бунда истеъмолчиларга нисбатан оширилган коэффициент аҳоли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарори 5-иловасига киритилган "Ўзбекэнерго" ДАК корхоналари томонидан истеъмол қилинган табиий газ ҳажмини ҳисобга олмаган ҳолда қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 8 ноябрдаги ПҚ-3379-сон қарорига иловага мувофиқ рўйхатдаги маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва алоҳида хизматлар кўрсатувчи истеъмолчилар табиий газ учун тўловларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ошиб борувчи коэффициентлар ва тарифлар бўйича тўлайдилар.

11. Истеъмолчининг таклифи билан мўлжалланаётган ўзгартиришлардан камида 10 кун олдин навбатдаги ой (йил чораги) учун буюртма берилган газ ҳажмлари бўйича шартномаларга киритилган ўзгартиришлар ортиқча олиш деб ҳисобланмайди.



II. ГАЗ БИЛАН ТАЪМИНЛОВЧИ ТАШКИЛОТЛАРДАН

ОЛИНГАН ГАЗ УЧУН АҲОЛИНИНГ ЎЗАРО

ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШИ

12. Аҳоли истеъмол қилинган газ ҳажми учун ҳисобга олиш прибори кўрсаткичлари ёки тузилган шартномаларга ва газ билан таъминловчи ташкилот томонидан берилган абонент дафтарчасига мувофиқ белгиланган нормативлар бўйича ҳар ойнинг 10-санасига қадар ҳақ тўлайди.

13. 12-бандда назарда тутилган муддат тугагандан кейин қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда, истеъмолчи - жисмоний шахс газ билан таъминлаш тармоғидан белгиланган тартибда мажбурий узиб қўйилади.


III. ГАЗ БИЛАН ТАЪМИНЛОВЧИ ТАШКИЛОТЛАРДАН

ОЛИНГАН ГАЗ УЧУН БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТИНИНГ

ЎЗАРО ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШИ

15. Бюджет ташкилоти ҳисоб-китоб ойи бошланишидан камида 5 кун олдин тузилган шартномада кўрсатилган истеъмол қилинадиган ойлик газ ҳажми қийматининг 100 фоизи учун олдиндан ҳақ тўлаши шарт.

16. Ҳақ тўлаш суммаси ўтказилмаган тақдирда бюджет ташкилотига газ етказиб берилмайди.

18. Ҳисоб-китоб ойи учун етказиб берилган газ ҳажми ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари асосида аниқланади ва ҳисоб-китоб ойи тамом бўлишидан ол дин 5 кун мобайнида бюджет ташкилоти ва газ билан таъминловчи ташкилот ўртасидаги газни қабул қилиш-бериш далолатномаси билан расмийлаштирилади.

19. Агар узил-кесил ҳисоб-китоб белгиланган муддатда амалга оширилмаган бўлса, газни қабул қилиш-бериш далолатномаси асосида газ билан таъминловчи ташкилот томонидан уч кун муддатда хизмат кўрсатувчи банк орқали аванс тўлови суммаси чиқариб ташланган ҳолда ҳисоб-китоб даврида етказиб берилган газ қиймати суммасига тўлов талабномаси берилади. Агар тўлов талабномаси талабнома берилган кундан бошлаб уч банк куни мобайнида бюджет ташкилотининг айби билан бажарилмасдан қолса, бюджет ташкилотига газ етказиб бериш тўхтатилади (касалхоналар, поликлиникалар, мактаблар ва мактабгача тарбия муассасаларидан ташқари).


IV. ГАЗ-ТРАНСПОРТ ТАШКИЛОТИ ВА ГАЗ БИЛАН

ТАЪМИНЛОВЧИ ТАШКИЛОТЛАРДАН ОЛИНГАН

ГАЗ УЧУН БОШҚА ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ

ЎЗАРО ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШИ

20. Барча тоифадаги истеъмолчилар (аҳолидан ташқари) ҳисоб-китоб даври бошлангунгача камида 5 кун олдин тузилган шартномада кўрсатилган ойлик газ ҳажми қийматининг 100 фоизи миқдорида етказиб берувчининг ҳисоб рақамига олдиндан тўлаши шарт.

21. Тўлов суммаси ўтказилмаган тақдирда истеъмолчига газ узатиш ва газ билан таъминлаш ташкилотлари томонидан газ етказиб берилмайди.

22. Асосий газ истеъмолчилари томонидан олинган газ учун узил-кесил ҳисоб-китоб қилиш ҳисоб-китоб ойидан кейинги ойнинг 10-кунигача, ижтимоий соҳа ва стратегик аҳамиятга эга истеъмолчилар томонидан эса ҳисоб-китоб ойи тугагандан кейин 30 кун ўтгунгача, истеъмолчи - газ таъминоти ташкилотининг газ тармоқлари ва газ узатувчи ташкилотнинг магистрал газ қувури бўлиниш чегарасида жойлашган газни ҳисобга олиш прибори кўрсаткичларига мувофиқ ҳисоб-китоб ойи тугангунгача 5 кун мобайнида белгиланган тартибда расмийлаштирилган газни қабул қилиш-узатиш далолатномаси асосида амалга оширилади.

23. Агар узил-кесил ҳисоб-китоб белгиланган муддатда амалга оширилмаган тақдирда, газ билан таъминловчи ташкилот ва газ билан таъминловчи ташкилотлар газни қабул қилиш-бериш далолатномалари асосида, хизмат кўрсатувчи банклар орқали, ўтказилган тўловлар суммасини чиқариб ташлаган ҳолда, ҳисоб-китоб ойида амалда етказиб берилган газ қиймати суммасига тўлов талабномалари берадилар.

24. Агар тўлов талабномалари истеъмолчининг айби билан талабнома берилган кундан бошлаб 3 банк куни мобайнида бажарилмаган тақдирда, истеъмолчига газ етказиб бериш тўхтатилади.

Истеъмолчидан дебиторлик қарзларни бундан кейин ундириб олиш газ-транспорт ташкилоти ва газ билан таъминловчи ташкилот томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Истеъмолчи газ-транспорт ташкилоти ва газ билан таъминловчи ташкилот томонидан газ билан таъминлаш тармоғидан узиб қўйилгандан кейин унинг газ таъминоти тармоғига ўзбошимчалик билан уланиши айбдор шахсларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган, жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар қўлланишига олиб келади.


V. ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ 2004 ЙИЛ

5 ФЕВРАЛДАГИ 57-СОН ҚАРОРИГА 5-ИЛОВАГА

КИРИТИЛГАН КОРХОНАЛАРНИНГ ГАЗНИ ҚАЙТА

ИШЛАШ КОРХОНАСИ, ГАЗ-ТРАНСПОРТ ТАШКИЛОТИ

ВА ГАЗ БИЛАН ТАЪМИНЛОВЧИ ТАШКИЛОТИДАН

ОЛИНГАН ГАЗ УЧУН ЎЗАРО ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШИ

25. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарорига 5-иловага киритилган корхоналар ҳисоб-китоб ойи бошланишидан камида 5 кун олдин табиий газ етказиб берувчиларнинг ҳисоб рақамларига тузилган шартномаларда кўрсатилган ойлик газ ҳажми қийматининг 100 фоизи миқдорида ҳақ тўлаши шарт.

26. Тўлов ўтказилмаган ёки у 100 фоиздан кам миқдорда ўтказилган тақдирда Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарорига 5-иловага киритилган корхоналарга газ бериш газ етказиб берувчилар томонидан газ таъминотининг технология ва авария брони даражасигача қисқартирилади, газ тармоғидан тўлиқ узиб қўйиш эса фақат суд қарори бўйича амалга оширилади.

27. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарорига 5-иловага киритилган корхоналар олинган газ учун ҳисоб-китоб ойи тугагач 30 кун ўтгунгача узил-кесил ҳисоб-китоб қилади. Олинган газ ҳажми газ тармоқларининг ажралиш чегараларида жойлашган ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари асосида аниқланади ва ҳисоб-китоб ойи тугагандан кейин 5 кун мобайнида газни қабул қилиш-бериш далолатномалари билан расмийлаштирилади.

28. Агар белгиланган муддатда узил-кесил ҳисоб-китоб қилинмаса, етказиб берувчилар газни қабул қилиш-бериш далолатномалари асосида, хизмат кўрсатувчи банклар орқали, амалга оширилган тўловлар суммасини чегирган ҳолда, ҳисоб-китоб ойида амалда етказиб берилган газ қиймати суммасига тўлов талабномаси беради.


29. Агар тўлов талабномаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарорига 5-иловага киритилган корхоналарнинг айби билан тўлов талабномаси берилган кундан бошлаб уч банк куни мобайнида бажарилмаса, газ етказиб бериш газ таъминотининг технология ва авария брони даражасигача қисқартирилади. Корхонадан дебиторлик қарзларни бундан кейин ундириб олиш суд тартибида амалга оширилади.



VI. ГАЗ ВА НЕФТЬ ҚАЗИБ ОЛИШ, ГАЗНИ

ҚАЙТА ИШЛАШ КОРХОНАЛАРИ, ГАЗ-ТРАНСПОРТ

ТАШКИЛОТЛАРИДАН ОЛИНГАН ГАЗ УЧУН ГАЗ

БИЛАН ТАЪМИНЛОВЧИ ТАШКИЛОТЛАРНИНГ

ЎЗАРО ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШИ

30. Газ таъминоти ташкилоти ҳисоб-китоб ойи бошлангунгача камида 5 кун олдин тузилган шартномада кўрсатилган ойлик газ ҳажми қийматини, аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган газ ҳажмини ҳисобга олмаган ҳолда, 100 фоиз миқдорида газ етказиб берувчиларнинг ҳисоб рақамларига тўлаши шарт.

31. Тўлов ўтказилмаган ёки у 100 фоиздан кам миқдорда ўтказилган тақдирда етказиб берувчилар томонидан газ таъминоти ташкилотига газ етказиб бериш аҳоли истеъмол қиладиган даражагача, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарорига 5-иловага киритилган корхоналарнинг технология ва авария брони даражасигача қисқартирилади.

32. Олинган газ учун газ таъминоти ташкилоти ҳисоб-китоб ойи тугагач 30 кун ўтгунгача узил-кесил ҳисоб-китоб қилади. Олинган газ ҳажми газ тармоқларининг ажралиш чегараларидаги ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари асосида аниқланади ва ҳисоб-китоб ойи тугагандан кейин 5 кун мобайнида газни қабул қилиш-бериш далолатномаси билан расмийлаштирилади.

33. Агар белгиланган муддатда узил-кесил ҳисоб-китоб қилинмаса, газ етказиб берувчи газни қабул қилиш-бериш далолатномалари асосида, хизмат кўрсатувчи банклар орқали, амалга оширилган тўловлар суммасини чегирган ҳолда, ҳисоб-китоб даврида амалда етказиб берилган газ қиймати суммасига тўлов талабномаси беради.


34. Агар берилган тўлов талабномаси талабнома берилган вақтдан бошлаб 3 банк куни мобайнида газ билан таъминловчи ташкилотнинг айби билан бажарилмаса, газ етказиб бериш аҳоли истеъмол қиладиган даражагача, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарорига 5-иловага киритилган корхоналарнинг технология ва авария брони даражасигача қисқартирилади. Газ билан таъминловчи ташкилотдан дебиторлик қарзларни бундан кейин ундириб олиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

35. Газ билан таъминловчи ташкилотлар филиалларининг жамловчи иккиламчи ва махсус ҳисоб рақамларига газ учун тўлов сифатида тушган барча пул маблағлари ҳар куни тўлиқ миқдорда газ билан таъминловчи ташкилотларнинг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамларига ва тегишли махсус ҳисоб рақамларига ўтказилади.


VII. ТАБИИЙ ГАЗ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ ВА ГАЗ

БИЛАН ТАЪМИНЛОВЧИ ТАШКИЛОТЛАР ЎРТАСИДАГИ

ЎЗАРО ҲИСОБ-КИТОБЛАР ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗОМ БУЗИЛГАНЛИГИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


36. Газ етказиб берувчилар ва истеъмолчилар мазкур Низомга риоя қилиниши юзасидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 21-сон, 151-модда.