ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Февраль, 2026 й. / Ижтимоий таъминот /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.02.2026 й. ПҚ-67-сон "Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

17.02.2026 й.

N ПҚ-67



МУБОРАК РАМАЗОН ОЙИДА

ЭҲТИЁЖМАНД АҲОЛИНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ИЖТИМОИЙ ҚЎЛЛАБ-

ҚУВВАТЛАШ ЧОРАЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Халқимиз учун эзгулик, бирдамлик, олижаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган қутлуғ Рамазон ойини муносиб ўтказиш ҳамда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида ҚАРОР ҚИЛАМАН:


I. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш


1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) ҳамда "Вақф" хайрия жамоат фондининг 2026 йилдаги Рамазон ойи муносабати билан аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифига розилик берилсин. Бунда:

(а) Ижтимоий реестрнинг "давлат таъминотидаги оила" тоифасидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестридаги фуқаролар, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;

(б) Ижтимоий реестрнинг "камбағал оила" тоифасидаги ҳамда "маҳалла еттилиги" томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхатдаги эҳтиёжманд оилаларга 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;

(в) Ижтимоий реестрдаги оилаларнинг 6 минг нафар бемор аъзоларининг даволаниши ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш билан боғлиқ харажатлари қоплаб берилади.


II. Молиявий ресурслар


2. Белгилансинки, мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган тадбирлар учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Агентлик томонидан "Вақф" хайрия жамоат фондига ажратиладиган 800 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Бунда мазкур қарорнинг 1-банди "а" ва "б" кичик бандиларига мувофиқ бериладиган молиявий ёрдамлар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига асосан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилмайди.


III. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат


3. Агентлик ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан биргаликда беш кун муддатда мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган моддий ёрдамлар ажратиладиган оилаларнинг электрон рўйхатини (кейинги ўринларда - Рўйхат) шакллантирсин ҳамда "Вақф" хайрия жамоат фондига тақдим этсин.

Бунда мазкур қарор 1-бандининг "б" кичик бандига мувофиқ "маҳалла еттилиги" томонидан шакллантирилган қўшимча эҳтиёжманд оилалар рўйхати туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланади ва унга киритилган эҳтиёжманд оилалар сони ушбу туман (шаҳар)даги Ижтимоий реестрга киритилган "давлат таъминотидаги оила" тоифасидаги оилалар умумий сонининг 20 фоизидан ошмаслиги лозим.


4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

(а) "Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор - "UZINFOCOM" МЧЖ билан биргаликда 2026 йил 1 мартга қадар мазкур қарорга мувофиқ даволанадиган ёки жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган беморларни тиббиёт ташкилотларига йўллаш бўйича ахборот модулини ишга туширсин;

(б) даволаниш ёки жарроҳлик амалиётига муҳтож Ижтимоий реестрдаги оилаларнинг аъзоларини ахборот модулига киритган ҳолда тегишли тиббиёт ташкилотига йўлланиши ва даволанишини ташкил қилсин;

(в) даволанган ёки жарроҳлик амалиёти ўтказилган Ижтимоий реестрдаги оилаларнинг аъзолари, уларга кўрсатилган хизматлар тўғрисидаги маълумотларни ва тиббиёт ташкилотларига тўланиши лозим бўлган маблағлар ҳисоб-китобини "Вақф" хайрия жамоат фондига тақдим этиб борсин.


5. "Вақф" хайрия жамоат фонди:

(а) 2026 йил 1 мартга қадар АТ "Халқ банки" ва Агентлик билан биргаликда Рўйхат асосида оилаларнинг ижтимоий карта ёки банк пластик карталарига бир марталик моддий ёрдамни ўтказсин;

(б) даволанган ёки жарроҳлик амалиёти ўтказилган Ижтимоий реестрдаги оилаларнинг аъзолари ва уларга кўрсатилган хизматлар учун зарур маблағларни Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг маълумотлари асосида тегишли тиббиёт ташкилотларига ўтказиб борсин.


6. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда ушбу қарорнинг оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилишини ташкил қилсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси - Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М.П. Оллоёров белгилансин.


8. Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 17 февраль












































































Время: 0.1051
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск