ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Май, 2026 й. / Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари / Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.05.2026 й. 250-сон "Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
18.05.2026 й.
N 250
АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ ХАЛҚАРО
ЎЗБЕК ТИЛИ ОЛИМПИАДАСИНИ
ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2025 йил 20 октябрдаги ПҚ-308-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, хорижий давлатларда ўзбек тилида таълим олаётган ўқувчиларнинг ўзбек тилига бўлган қизиқишини ва ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги ПҚ-308-сон қарорига мувофиқ:
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиaдасини (кейинги ўринларда - халқаро олимпиада) ҳар йили ўтказиб бориш;
халқаро олимпиaда ғолибларини республика олий таълим ташкилотларининг "Филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили ва адабиёти" таълим йўналишига умумий қабул квотасидан ташқари давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда - Ташкилий қўмита) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қуйидагилар Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
халқаро олимпиадани ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш;
халқаро олимпиаданинг дастури ва логотипини ишлаб чиқиш ҳамда ғолибларга бериладиган медаллар эскизини тасдиқлаш;
халқаро олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш бўйича харажатлар сметасини тасдиқлаш;
халқаро олимпиада ўтказиладиган жой, иштирокчиларни рўйхатга олиш ва халқаро олимпиадани ўтказиш муддатларини белгилаш;
маҳаллий ва халқаро экспертларни шартнома асосида жалб этган ҳолда, халқаро олимпиаданинг Ҳакамлар ҳайъати ва апелляция комиссияси таркибини тасдиқлаш;
халқаро олимпиадани ўтказишга тайёргарлик кўриш бўйича барча масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш.
4. Белгилансинки:
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг Фан олимпиадалари маркази Ташкилий қўмитанинг ишчи органи ҳисобланади;
халқаро олимпиадада 14-18 ёшдаги чет элда истиқомат қиладиган ватандошлар иштирок этади;
халқаро олимпиадада иштирок этадиган хорижий иштирокчилар ва жамоа раҳбарларини кутиб олиш, меҳмонхонага жойлаштириш, овқатлантириш, шаҳарда ҳаракатланиш учун транспорт воситаларидан фойдаланиш, экскурсиялар ташкил этиш, халқаро олимпиада иштирокчилари ва ғолибларига бериладиган сертификатлар, медаллар ва дипломлар, эсдалик совғаларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар "Ватандошлар" жамоат фонди, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
халқаро олимпиада ҳар йили октябрь ойига қадар ўтказилади ҳамда ғолиблар тантанали тарзда тақдирланади.
5. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йилдан бошлаб халқаро олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳар йилги харажатлар сметасини Ташкилий қўмитага киритиб борсин;
Ҳакамлар ҳайъати томонидан халқаро олимпиада учун назорат материаллари базасини шакллантириш ҳамда экспертизадан ўтказишни ташкил этсин;
икки ой муддатда халқаро олимпиада иштирокчиларини рўйхатга олиш, халқаро олимпиада, тадбирлар ўтказиладиган ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа диққатга сазовор жойлари тўғрисида маълумотларни олиш имконини берувчи махсус платформани ишга туширсин;
халқаро олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларига маҳаллий ва хорижий волонтёрларни жалб этсин.
6. Ташқи ишлар вазирлиги:
Ташкилий қўмита томонидан тақдим этилган халқаро олимпиада ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва консуллик муассасаларига етказган ҳолда, халқаро олимпиадани хорижий давлатларда тарғиб қилсин;
халқаро олимпиадада иштирок этувчи ватандошлар учун Ўзбекистон Республикасига кириш визалари, консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирмасдан, заруратга кўра, И. Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропортида расмийлаштирилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда халқаро олимпиада жараёнларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
8. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Г. Каримова ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2026 йил 18 майдаги
250-сон қарорига
2-ИЛОВА
Алишер Навоий номидаги халқаро
ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш
ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита
ТАРКИБИ
1. Э.Г. Каримова |
- |
мактабгача ва мактаб таълими вазири, Ташкилий қўмита раиси |
2. О.Б. Саттаров |
- |
"Ватандошлар" жамоат фонди бошқаруви раиси, Ташкилий қўмита ҳамраиси |
3. Э.Э. Адилов |
- |
соғлиқни сақлаш вазири |
4. С.Б. Раджабов |
- |
олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари |
5. Б.Ж. Аълоев |
- |
ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари |
6. О.Р. Фазилкаримов |
- |
иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари |
7. А.З. Саъдуллаев |
- |
Ёшлар ишлари агентлиги директори |
8. Ш.С. Сирожиддинов |
- |
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори |
9. С.Б. Шакирова |
- |
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори |
10. Т.Ю. Шерматов |
- |
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг Фан олимпиадалари маркази директори, Ташкилий қўмита котиби |
Изоҳ. Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 18 май