ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Май, 2026 й. / Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.05.2026 й. 251-сон "Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божидан озод этиладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик саноатида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва сарфлов воситалари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
18.05.2026 й.
N 251
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИГА ИМПОРТ
ҚИЛИШДА БОЖХОНА БОЖИДАН ОЗОД ЭТИЛАДИГАН
ЎХШАШИ РЕСПУБЛИКАДА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМАЙДИГАН
ҲАМДА ЗАРГАРЛИК САНОАТИДА ФОЙДАЛАНИЛАДИГАН
АСБОБ-УСКУНАЛАР, ЭҲТИЁТ ҚИСМЛАР, БУТЛОВЧИ
БУЮМЛАР ВА САРФЛОВ ВОСИТАЛАРИ РЎЙХАТИНИ
ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Заргарлик саноатини янада ривожлантириш, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ва сотиш фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2025 йил 26 июндаги ПҚ-207-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2025 йил 26 июндаги ПҚ-207-сон қарорига мувофиқ белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик саноатида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва сарфлов воситалари 2028 йил 1 июлга қадар божхона божидан озод этилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божидан озод этиладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик саноатида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва сарфлов воситалари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2026 йил 18 майдаги
251-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда
божхона божидан озод этиладиган ўхшаши республикада
ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик саноатида
фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар,
бутловчи буюмлар ва сарфлов воситалари
РЎЙХАТИ*
Т/р |
ТИФ ТН коди |
ТИФ ТН бўйича номи |
1. |
1515191000 |
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ускуналарида ишлатиладиган зиғир мойи |
2. |
2520200000 |
Қайнатиладиган моделларга қуйиш учун кукун (қуйиш гипси боғловчилари) |
3. |
2710199800 |
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ускуналарида ишлатиладиган вакуум мойи (таркиби битумли жинслардан олинган 70 фоиз ҳажм ёки ундан юқори бўлган нефть ва нефть маҳсулотлари) |
4. |
3403990000 |
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ускуналарида ишлатиладиган вакуум мойи (таркибида асосий компонентлар сифатида 70 мас. фоиздан кўп бўлмаган воситалар ёки битумсимон жинслардан олинган нефть ва нефть маҳсулотлари) |
5. |
3404900001, 3404900009 |
Заргарлик буюмлари моделини қуйиш учун мўлжалланган мум |
6. |
3405901090 |
Олтин заргарлик буюмларини силлиқлаш воситалари (силлиқлаш пастаси) |
7. |
3506100000 |
Рангли заргарлик елими (A Glue) |
8. |
3506910009 |
АБ елим (AB Glue) / Шаффоф заргарлик елими (A Glue) |
9. |
3926909709 |
Ишлаб чиқариш жараёнида олтин йўқотилишининг олдини олиш учун мўлжалланган пластик пол панжаралари |
10. |
4008219000 |
Қолип учун мўлжалланган резина таглик д100, д120, д130 ўлчамли |
11. |
5806390000 |
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бошқа материаллардан тайёрланган ҳимоя тасма ва мато (иш вақтида қўлларни ҳимоя қилиш учун мўлжалланган) |
12. |
5903109009 |
Тўқима асосидаги ПВХ қопламали сунъий тери |
13. |
5911901000 |
Кигизли (вайлок) силлиқлаш ғилдираги |
14. |
5911909009 |
Техник мақсадли тўқимачилик маҳсулотлари, силлиқлаш ускунаси учун фильтрлар |
15. |
6116102000 |
Резина шимдирилган ёки қопланган қўлқоплар |
16. |
6804221200 |
Юқори частотали чиннидан силлиқлаш тоши, боғловчи моддаси синтетик смоладан бўлган |
17. |
6804223000 |
Юқори частотали чиннидан силлиқлаш тоши, боғловчи моддаси керамика материалларидан бўлган |
18. |
6804225000 |
Металлни силлиқлаш учун силлиқлаш ғилдираклари |
19. |
6805200000 |
Шлифовка қоғози (заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган) |
20. |
6815120000, 6815130000 |
Углерод толаларидан полотнолар, углерод толаларидан ясалган буюмлар |
21. |
6815190000 |
Графит таёқча |
22. |
6903100000 |
Қуйиш аппаратининг пастки қисмини изоляция қилиш учун таркибида 50 мас. фоиздан ортиқ эркин углерод мавжуд бўлган тигеллар |
23. |
6903901000, 6903909000 |
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган тигель остига қўйиладиган термоқистирма, графит тигель, графит шток |
24. |
6914100000 |
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган керамикадан ясалган чинни буюмлар (чинни стакан, чинни тигель, томчилаткич) |
25. |
7017900000 |
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган тешикли колба |
26. |
7326909807 |
Виброгалтовка барабан ва ускуналари учун шариклар (диаметри 0,2-3 мм) |
27. |
7419800000 |
Резина шаклларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган мисдан ясалган асосий қолип |
28. |
8207506000 |
Металлни қайта ишлаш учун металлга мўлжалланган бурғи |
29. |
8454200000 |
Заргарлик буюмлари учун ишлатиладиган қолиплар ва қуюв чўмичлари |
30. |
8480600000 |
Мум моделлари олиш учун мўлжалланган резина қолиплар |
31. |
8515110000 |
Заргарлик буюмларини пайвандлаш учун пайвандлагич |
Изоҳ.
Импорт божхона божи бўйича имтиёзлар ушбу рўйхатга ТИФ ТН коди ва номлари киритилган янги асбоб-ускуналарга қўлланади ҳамда битта контрактга (шартномага) мувофиқ янги асбоб-ускуналар билан биргаликда етказиб бериш шарти билан ва ушбу асбоб-ускунанинг ажралмас қисми ҳисобланган бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларга татбиқ қилинади.
Янги асбоб-ускуна "эркин муомалага чиқариш (импорт)" божхона режимига божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарилганига уч йилдан кўп бўлмаган асбоб-ускуна.
Олиб кириладиган асбоб-ускуналарнинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқлаш учун "эркин муомалага чиқариш (импорт)" божхона режимига божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарувчи заводнинг асбоб-ускунанинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқловчи техник паспорти ёки ишлаб чиқарувчининг ишлаб чиқарилган ускуна, шу жумладан, ишлаб чиқарилган йили тўғрисидаги тегишли маълумотларни ўз ичига олган ҳужжати тақдим этилади.
*) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божидан озод этиладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик саноатида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва сарфлов воситалари рўйхати 2028 йил 1 июлга қадар амал қилади.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 18 май