язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Тадбиркорлик субъектлари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.06.2005 й. ПФ-3620-сон "Микрофирмалар ва кичик корхоналарни ривожлантиришни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

20.06.2005 й.

N ПФ-3620



МИКРОФИРМАЛАР ВА КИЧИК

КОРХОНАЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИ

РАҒБАТЛАНТИРИШ БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Кичик бизнес субъектларини жадал ривожлантиришни янада рағбатлантириш ҳамда унинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти ва улушини тубдан ошириш мақсадида:


1. 2005 йилнинг 1 июлидан бошлаб микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ва Мактаб таълими жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлаш ўрнига ягона солиқ тўлови жорий этилсин.

Белгилансинки, ягона солиқ тўлови алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи микрофирмалар ва кичик корхоналарга тадбиқ этилмайди.

Ягона солиқ тўлови ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунигача ҳар чоракда ҳамда йил якунлари бўйича йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатда тўланиши белгилаб қўйилсин.

2. 2005 йилнинг 1 июлидан бошлаб, акциз солиғи олинадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловини ҳисоблаш чоғида солиққа тортиладиган база акциз солиғи суммасига камайтириладиган тартиб ўрнатилсин.


3. Янги ташкил этилаётган микрофирмалар ва кичик корхоналарга ягона солиқ тўловини тўлаш муддатини бир йилга кечиктириш, кечиктирилган суммани имтиёзли давр тугагандан кейин тенг улушларда 12 ой давомида тўлаш ҳуқуқи берилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2005 йилнинг 1 июлигача:

ягона солиқ тўловини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда давлат мақсадли жамғармалари ўртасида тақсимлаш нормативларини тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банки билан биргаликда ягона солиқ тўловини ҳисоблаш, тўлаш ҳамда уни давлат бюджети ва бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармалари ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда ягона солиқ тўловини тўлаш муддатини кечиктириш ҳуқуқини бериш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

5. Қуйидагилар белгилансин:

илгари микрофирмалар ва кичик корхоналарга ягона солиқ тўлаш бўйича қонун ҳужжатларида берилган солиқ имтиёзлари ягона солиқ тўловини тўлаш чоғида амал қилади;

ягона солиқ тўловини тўлайдиган микрофирма ва кичик корхоналар қонун ҳужжатларига мувофиқ ижарага олинган ер майдонлари учун бюджетга ижара ҳақи тўлашдан озод қилинади.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда уч ой муддатда "Солиқ маслаҳатчилари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин, лойиҳада тадбиркорлик субъектларини солиқ қонунчилиги соҳасида маслаҳат ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни таъминлашнинг амалий механизми кўзда тутилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                           И.Каримов


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 25-26-сон, 177-модда