ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Халқаро алоқалар / Халқаро ҳамкорлик / Дипломатик, иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантириш ва янада чуқурлаштириш масалалари / Осиё /

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Эрон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида Битим

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан

Эрон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида

савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида

БИТИМ


Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Эрон Ислом Республикаси Ҳукумати, бундан кейин "Аҳдлашувчи Томонлар" деб аталувчилар,

узоқ муддатли савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ҳамда тенглик, камситмаслик ва ўзаро ишончни қўллаб-қувватлаш, манфаатларни ҳурмат қилишга асосланган ҳамкорликни кенгайтириш ва ҳар томонлама ривожлантиришда ўзаро манфаатдорликларини эътиборга олиб,

Шартномалар ҳуқуқи тўғрисида 1969 йил 23 майдаги Вена Конвенцияси қоидаларига амал қилиб,

қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:



1-модда


Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик, шунингдек хизмат кўрсатиш ҳамда икки мамлакат жисмоний ва юридик шахслари ўртасида тузилган шартномалар ушбу Битим доирасида ҳамда ҳар бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг амалдаги қонунчилиги ва қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.



2-модда


Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлари ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида барча тегишли ва лозим бўлган чораларни кўрадилар.



3-модда


Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг амалдаги қонун ва қоидаларига мувофиқ икки давлат ўртасида ўзаро фойдали савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантирадилар ҳамда бу мақсадда лозим бўлган шарт-шароитларни яратиб берадилар.

Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонга иқтисодий зарар етказиши мумкин бўлган ҳаракатлардан сақланади ҳамда мазкур Битим доирасида ушбу мақсадни амалга ошириш учун лозим бўлган саъй-ҳаракатларни жалб этади.

Аҳдлашувчи Томонлар ушбу модда қоидаларини қўллаш мақсадида лозим бўлган чораларни кўрадилар.



4-модда


Ушбу Битимга мувофиқ учинчи давлатларга амалга оширилган товарлар экспорти Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида мавжуд ёки келажакда келишиладиган аҳдлашувлар доирасида амалга оширилиши лозим.



5-модда


Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлатларининг амалдаги қонун ва қоидаларига мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томонга экспорт қилинаётган товарларга экспорт-импорт рухсатномаларини ва товарларнинг келиб чиқишига оид сертификатларни бериш мақсадида тегишли чораларни кўради.



6-модда


Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик мулкчилик ва тадбиркорликнинг ҳамкорлик шаклларидан қатъий назар, уларнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида асосан шартномалар тузиш орқали иккала Аҳдлашувчи Томон давлатларининг миллий қонунчилигига ҳамда халқаро савдо амалиёти меъёрларига мувофиқ амалга оширилади.

Аҳдлашувчи Томонлар уларнинг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан имзоланган шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича жавобгар бўлмайдилар.



7-модда


Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида товар айирбошлаш ва хизмат кўрсатиш ушбу Битим доирасида ҳамда Аҳдлашувчи Томонларнинг тегишли органлари тасдиқлаган меъёрларга мувофиқ амалга оширилади.



8-модда


Ушбу Битимни қўллашда юзага келадиган савдо-сотиқ бўйича тўловлар халқаро банк амалиётига мувофиқ эркин муомаладаги валютада ёки Аҳдлашувчи Томон давлатларида хорижий валютани алмаштириш қоидаларига мувофиқ шартнома томонларининг ўзаро келишувига кўра ҳар қандай бошқа валютада амалга оширилади.



9-модда


Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз хўжалик юритувчи субъектларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида ўтказиладиган халқаро ёки махсус кўргазмалардаги иштирокини рағбатлантиради.

Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг миллий қонунчилигига мувофиқ, қуйидаги товарларнинг импорт ва экспорт қилинишида божхона божлари ва солиқлардан озод қилишга рухсат берадилар:


а) буюртмаларни рўйхатдан ўтказиш ва реклама мақсаддарида товар намуналари ва ахборот материаллари;

б) кейинчалик сотилмаслиги шарти билан доимий ва вақтинчалик кўргазмалар ҳамда ярмаркалар учун мўлжалланган товарлар.



10-модда


Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг савдогарлари ҳамда тижорат компаниялари/муассасаларига ўзида ишлаб чиқарилган товарларни намойиш қилиш учун сотиш ҳуқуқи билан ҳар йиллик кўргазма ва ярмаркалар ўтказишга қуйидаги шартлар асосида рухсат беради:

- кўргазманинг давомийлиги 15 кундан ошмаслиги;

- савдогарлар ҳамда тижорат компаниялари/муассасалари қабул қилаётган мамлакатнинг амалдаги қонунчилиги ва қоидаларига риоя қилишлари;

- намойиш этиш учун мўлжалланган товарлар турлари ва сонини Аҳдлашувчи Томонлар тасдиқлаши;

- ушбу модда қоидалари сотиш ҳуқуқини кўзлаган кўргазма ёки ярмаркалар ўтказиш муддати ва давомийлиги хусусида Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзгача келишиб олишларига тўсқинлик қилмаслиги лозим.



11-модда


Аҳдлашувчи Томонлар савдо муносабатларини кенгайтириш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг амалдаги қонун ва қоидаларига мувофиқ тижорат визаларини бериш ҳамда тижорат ҳужжатларини қонунийлаштириш каби консуллик масалаларини енгиллаштиришга келишиб олдилар.



12-модда


Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида товар айирбошлаш, хизмат кўрсатиш ва савдо ахборотининг алмашинувини енгиллаштириш ҳамда ривожлантириш мақсадида ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлатининг ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томонга ваколатхона ёки марказ очишга рухсат беради. Ушбу ваколатхона ёки марказнинг ишчилар сони, жиҳозлари ва бўлинмалари Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг амалдаги қонунчилиги ва қоидаларига мувофиқ белгиланади.



13-модда


Аҳдлашувчи Томонлар яқин ва самарали ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва зарур ҳолларда, қўшма савдо палаталарини ташкил этиш, тижорат делегацияларининг алмашуви ҳамда бир-бирларининг товар ва савдоси билан танишиш мақсадида махсус семинар ва анжуманлар ўтказиш борасида шунингдек ушбу мақсадлар учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича ўзларининг савдо палаталарини рағбатлантиришга келишиб олдилар.



14-модда


Исталган Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудуди орқали ўтадиган товарлар транзити Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида тузилган махсус битим қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.



15-модда


Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг миллий қонунчиликларига мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томон тадбиркорлари ва хўжалик субъектларига ўз ҳудудларида суд органларига мурожаат этиш борасида тенг ҳуқуқни тақдим этишга келишиб олдилар.



16-модда


Ушбу Битим қоидаларини қўллаш ва Талқин қилишда юзага келиши мумкин бўлган барча масала ва баҳслар маслаҳатлашувлар ёки дўстона музокаралар орқали ҳал этилади.

Акс ҳолда юзага келган масалалар иккала Аҳдлашувчи Томон давлатларининг амалдаги қонун ва қоидалари ҳамда халқаро савдо ҳуқуқи меъёрларига мувофиқ кўриб чиқиш учун ўзаро келишувга кўра қарор қабул қиладиган савдо-иқтисодийва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Қўшма ҳукуматлараро комиссиясига юборилади.



17-модда


Ушбу Битим қоидалари ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг миллий манфаатларини, жамият соғлиғини ва/ёки ҳайвонот ёхуд ўсимликлар касаллигини олдини олиш билан боғлиқ ҳар қандай тақиқлаш ёки чекловларни жорий этишга оид ҳуқуқларини чекламайди.



18-модда


Ушбу Битимга Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро келишувига кўра ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Бундай ўзгартиш ва қўшимчалар ушбу Битимнинг 19-модда қоидаларига мувофиқ кучга киради.

Ушбу Битим кучга кирган кундан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Эрон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида 1992 йил 25 ноябрда, хижрий 1371 йил 4 азарда имзоланган савдо Битими ўз кучини йўқотади.



19-модда


Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлардан бири дипломатик каналлар орқали бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ушбу Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган ички процедураларни бажарганлиги тўғрисида сўнгги ёзма хабарномани олган кундан бошлаб кучга киради.

Ушбу Битим беш йил давомида амал қилади ва бу муддат тугагач, Аҳддашувчи Томонлардан бири ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги нияти ҳақида ҳар қандай бундай муддат тугагунга қадар камида 6 ой илгари дипломатик каналлар орқали бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма хабардор этмаган бўлса, у ўз-ўзидан навбатдаги бир йиллик муддатга узаяверади.

Ушбу Битим қоидалари унинг бекор қилингунига қадар тузилган ва амалда бўлган шартномаларга нисбатан қўлланишда давом этади.

Теҳрон шаҳрида 2003 йил 17 июнда, ҳижрий 1382 йил 27 хўрдодда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, форс ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битимни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн асосий ҳисобланади.



(имзолар)



"Ўзбекистон Республикаси Ҳалқаро шартномалар тўплами", 2005 йил, 1-сон

























Время: 0.0062
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск