язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Ҳисоб-китоблар/ Нақд пул орқали ҳисоб-китоблар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.08.2005 й. ПҚ-147-сон "Банклардаги депозит ҳисобварақлардан нақд пул тўловларини узлуксиз таъминлаш кафолатлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

05.08.2005 й.

N ПҚ-147



БАНКЛАРДАГИ ДЕПОЗИТ

ҲИСОБВАРАҚЛАРДАН НАҚД ПУЛ

ТЎЛОВЛАРИНИ УЗЛУКСИЗ ТАЪМИНЛАШ

КАФОЛАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Тижорат банклари ва уларнинг филиаллари аҳоли ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағларини депозитларга жалб этиб, уларни айланмага қўйиб ва шу ҳисобдан банк даромад олиб, амалда омонатчилар ҳисобига манфаат кўриб, айни вақтда ўзларининг омонатчилар олдидаги тўғдан-тўғри мажбуриятларини аниқ бажармасдан, уларнинг қонуний талаблари ва эҳтиёжларига бефарқ қараётганликлари, бунинг устига омонатчиларнинг буюртмаларини қондириш чоғида ўз мавқеини суиистеъмол қилиб, уларнинг манфаатларини писанд қилмасликлари мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатлар деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг вилоят ва шаҳар бўлимлари фаолиятида ҳам худди шундай ҳолатлар мавжуддир.

Шуни назарда тутиш керакки, бундай муносабат банкларга нисбатан ишончга путур етказмоқда, омонатчиларнинг асосли норозилигига сабаб бўлмоқда, аҳоли, тадбиркорлар ва бизнесменларни, хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш маблағларини тижорат банкларидаги депозитларга қўйишни чеклаб, уларни жалб этишни рағбатлантирмайди, нақд пулнинг банкдан ташқари айланмасини қисқартиришга ёрдам бермайди, бутун пул муомаласи тизимини беқарорлаштириб мамлакатга катта иқтисодий зиён етказмоқда.

Кўрсатиб ўтилган камчиликларни батамом тугатиш, нақд пул муомаласини янада мустаҳкамлаш, нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг банклардаги депозит ҳисобварақларидан нақд пуллар банклар томонидан узлуксиз бериб борилишини таъминлаш мақсадида:


1. Тижорат банклари томонидан аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини банклардаги депозит ҳисобварақларга жалб этишни рағбатлантириш ҳамда биринчи талаб бўйича уларнинг ҳисобварақларидан нақд пуллар чекловсиз берилишини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар қониқарсиз деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари ходимларининг бюрократик, сансалорлик, лоқайдлик ва таъмагирлик ҳолларини жуда қисқа муддатларда тугатиш учун қонунда ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда унга берилган барча таъсир кўрсатиш механизмлари ва воситаларидан кенг фойдалансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари 2005 йилнинг 1 сентябригача аҳоли, хўжалик юритувчи субъектлар, жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг талаби бўйича нақд пуллар узлуксиз берилишини таъминлаш мақсадида банклардаги депозит ҳисобварақларда бўлган пул маблағларини бериш тартиби ва амалдаги низомни қайта кўриб чиқиш борасида зарур чоралар кўрсин.

Аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга депозит ҳисобварақлардан нақд пуллар узлуксиз берилиши тижорат банкларининг чорак, ярим йиллик ва йиллик иш якунларини сарҳисоб қилишда улар фаолияти самарадорлиги ва ишончлилигини баҳолашнинг энг муҳим мезонларидан бири деб ҳисоблансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банкларининг, иш якунларини кўриб чиқиш вақтида, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга банкларнинг депозит ҳисобварақларидан нақд пулларни кечиктирмай тўлаш борасида ўрнатилган тартиб бир неча марта (ойига уч мартадан кўпроқ) бузилган тақдирда тижорат банклари ҳудудий бўлимлари ва филиалларининг раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниши лозимлиги тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

Нақд пул маблағлари узлуксиз бериб борилишини таъминлаш учун тижорат банкларининг раҳбарлари ҳамда мансабдор шахсларини рағбатлантириш ва жавобгарлигини ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки нақд пул маблағлари беришни мунтазам кечиктириш ҳоллари мавжуд бўлганида тижорат банкларига нисбатан қаттиқ жавобгарлик чоралари, ҳатто банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензияни қайтариб олиш чораларини қўлласин.


5. Нақд пуллар узлуксиз тўланишини таъминлаш мақсадида:

тижорат банклари ўз бўлинмаларида нақд пул маблағларига бўлган талаб тезкорлик билан тўлдирилишини ва мижозларнинг буюртмалари қондирилишини таъминлайдиган нақд пул захирасини яратсин;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки нақд пулларнинг минтақавий захира жамғармаларини ташкил қилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:

тижорат банкларини уларнинг филиаллари буюртмалари асосида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидаги вакиллик ҳисобварақларидаги маблағлари доирасида, шу жумладан ҳисоб-китоб-касса марказларидаги захира жамғармалари ва айланма касса маблағлари ҳисобидан нақд пул маблағлари билан чекланмаган миқдорда таъминласин;

нақд пулга бўлган талабни узлуксиз таъминлашни назарда тутган ҳолда республика ҳудудлари ўртасида нақд пулларни қайта тақсимлаш ишларини амалга оширсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг депозит ҳисобварақларидан нақд пул сўзсиз ва чекловсиз тўланишини таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволини ҳар чоракда умумлаштириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот бериб борсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

банкдан ташқари айланмани чеклаш бўйича қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилиши, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан товарлар сотиш, иш ва хизмат кўрсатишдан тушадиган нақд пул тушумларини банк кассаларига тўлиқ топширилиши устидан назоратни кучайтирсин;

банк кассаларига топширилган нақд-савдо тушуми билан чакана товар обороти ва пулли хизматларни амалдаги ҳажмлари ўртасида мутаносиблик бўлиши, шунингдек чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари назорат-касса машиналари ва ҳисоб-китоб терминалларидан мажбурий фойдаланиш устидан қаттиқ назорат ўрнатсин. Пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда тўловни қабул қилишдан ҳуқуққа зид тарзда бош тортиш фактлари аниқланган ҳолларда айбдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чораси кўрилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Марказий банк ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур қарорнинг қоидаларига мувофиқлаштирилишини таъминласин.


11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Раиси Ф.М. Муллажонов зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 30-31-сон, 227-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2005 йил, 8-сон, 300-модда