Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Пахтачилик, галлачилик /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.10.2000 й. 403-сон "2000 йил пахта ҳосилини йиғиштириб олишни тугаллаш ва 2001 йил ҳосили учун агротехника тадбирларини ўз вақтида ўтказишга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.10.2000 й.

N 403



2000 ЙИЛ ПАХТА ҲОСИЛИНИ

ЙИҒИШТИРИБ ОЛИШНИ ТУГАЛЛАШ

ВА 2001 ЙИЛ ҲОСИЛИ УЧУН АГРОТЕХНИКА

ТАДБИРЛАРИНИ ЎЗ ВАҚТИДА ЎТКАЗИШГА

ДОИР КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАЙДИГАН

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, жорий йилда пахта териш ва тайёрлашнинг паст суръатлари ғўзалар ўсишининг барча босқичларида уларни парвариш қилиш агротехнологиясининг жиддий бузилишлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси ва уларнинг жойлардаги органларининг қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва пахта етиштиришнинг илғор технологияларини жорий қилиш масалаларига эътиборни сусайтириб юборганликлари оқибатидир.

Бир қатор вилоятлар ва туманларнинг раҳбарлари баҳор давридаги қулай иқлим шароитларидан фойдаланмадилар, чигит экиш муддатларини чўзиб юбордилар. Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида чигит экиш жорий йилнинг 10 майигача давом этди, бу чигит униб чиқишига салбий таъсир кўрсатди. Айнан шу вилоятларда ғўзанинг бутун ўсиш даврида уни зарур даражада парвариш қилиш ташкил этилмади.

Кўпчилик хўжаликлар ва туманларда Ҳукумат қарори билан тасдиқланган пахтани навлар бўйича жойлаштиришга риоя қилинмади. Тезпишар ва серҳосил навларни экиш ўрнига синовдан ўтмаган ва маҳаллий шароитларга мослашмаган пахта навлари экилди. Ғўзаларни озиқлантириш муддатлари ҳамда минерал ўғитлар солиш нормалари қўпол равишда бузилди, сувдан оқилона фойдаланилмади, сув бош-қа мақсадларга сарфланди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ва туманларнинг ҳокимликлари Андижон вилояти хўжаликларига жорий йилнинг мураккаб шароитларида сентябрь ойида белгиланган топшириқни бажариш ва келгуси йил ҳосили учун ишларни авж олдириш имконини берган плёнка остида пахта етиштиришнинг илғор Андижон технологиясини кенг жорий этилишини таъминламадилар.

"Ўзкимёсаноат" уюшмаси корхоналари ва ташкилотлари полиэтилен плёнкаларни ишлаб чиқаришни зарур даражада ташкил этмадилар, хўжаликларга минерал ўғитларнинг ўз вақтида етказиб берилишини таъминламадилар.

Қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланишни ташкил этишда жиддий нуқсонларга йўл қўйилди. "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси хўжаликларга зарур эҳтиёт қисмлар ва тузатиш материаллари ўз вақтида етказиб берилишини, техниканинг дала ишлари мавсумига сифатли тайёрланишини таъминламади.

2000 йил пахта ҳосилини йиғиштириб олишни тугаллашга барча ресурсларни сафарбар қилиш ва 2001 йил ҳосили учун зарур агротехника чора-тадбирлари ўз вақтида ўтказилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари (Андижон вилоятидан ташқари), Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси, "Ўзкимёсаноат" уюшмаси раҳбарларининг жорий йилдаги пахта етиштириш ва уни йиғиштириб олишга доир ишлари қониқарсиз деб ҳисоблансин.

Жиззах (Мирзиёев), Бухоро (Ҳусенов), Навоий (Дилов), Самарқанд (Рўзиев), Сурхондарё (Олимжонов) ва Сирдарё (Исроилов) вилоятлари ҳокимларига пахта етиштириш агротехникаси ва техноло-гияси талабларига қатъий риоя қилиниши учун қишлоқ хўжалиги органлари ва хўжаликлар раҳбарлари ва мутахассисларига нисбатан зарур талабчанликнинг йўқлиги, пахта йиғим-терими қониқарсиз ташкил этилганлиги кўрсатиб ўтилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари:

хўжаликлар, қишлоқ хўжалиги бошқаруви органларининг жорий йилда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили етиштиришнинг барча босқичларидаги ишларини танқидий ўрганиб чиқсинлар, 2000 йилда йўл қўйилган бузилишлар ва хатоларга бундан буён йўл қўймаслик юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрсинлар;

Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 4 мартдаги 79-сон қарори билан тасдиқланган пахтани навлар бўйича жойлаштиришни бузган хўжаликлар ва туманлар раҳбарларининг жавобгарлиги масаласини кўриб чиқсинлар ҳамда кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берсинлар.

Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси амалда экилган пахта навларининг районлаштирилган навлардан четга чиқиши ҳолларини аниқласин ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортсин.


3. Пахта йиғим-теримини тугаллашга доир сафарбарлик чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича иловага мувофиқ таркибда махсус комиссия тузилсин.

Комиссия масъул идоралар, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари ва хўжаликлар билан биргаликда:

зудлик билан пахта қуритиш жойлари тайёрланишини ва қуритиш-тозалаш цехлари ишга туширилишини;

кўрак чувиш машиналарини таъмирланишини ва тайёрлаб қўйилишини таъминласин;

бир ҳафта муддатда кўрак териш машиналари ўз вақтида таъмирланиши ва ишлашга тайёрлаб қўйилишини таъминлаган ҳолда, улар билан кўракларни йиғиштириб олиш жадвалини белгиласин.

Амалга оширилган ишлар тўғрисида 2000 йилнинг 1 ноябригача ахборот берилсин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ҳокимлари бошчилигида вилоятларда жорий йил пахта ҳосилини йиғиштириб олишни тугаллашга барча ресурсларни сафарбар қилиш ва 2001 йил экиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича штаблар тузсинлар;

йиғим-терим мавсумини жорий йилнинг 15 ноябригача тугалласинлар;

ҳайдов тракторлари ва плугларни кузги шудгорлашга тайёрлаб қўйишни тугаллаш ишларини кучайтирсинлар, пахта майдонларини жорий йилнинг 15 декабригача чуқур ҳайдаб қўйиш учун уларни ғўзапоялардан тозалаш ва ҳайдаш жадвалини тузиб чиқсинлар. Ушбу мақсадлар учун вилоятдаги мавжуд барча ҳайдов тракторлари, уларнинг қайси идорага қарашлилигидан ҳамда ташкилот ва корхоналарнинг мулкчилик шаклларидан қатъи назар, сафарбар этилсин;

шўрланган ерларни ювишни ҳамма жойда авж олдирсинлар. Бундай майдонларга тупроқ шўри ювилгандан сўнггина экин экилсин;

кузги бошоқли дон экинлари экишни 7 ноябргача тугалласинлар;

Молия вазирлиги билан биргаликда тупроқ шўрини ювиш сифати ва бажарилган ишлар ҳажмига қараб ушбу ишда банд бўлган ходимларни моддий рағбатлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқсинлар ва амалга оширсинлар.


5. Андижон вилояти ҳокимлигининг куз-қиш даврида экишдан олдинги ишларнинг 80 фоизгачасини бажариб қўйиш, сифатли, дориланган ва сараланган уруғларни, ерларни пушта олган ҳолда тайёрлаб қўйиш, тезпишар ғўза навларини плёнка остига эрта экишдан иборат пахта етиштириш технологиясини қўллаш бўйича иш тажрибаси маъқуллансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, жойлардаги қишлоқ хўжалиги органлари, хўжаликлар раҳбарлари пахта етиштиришнинг Андижон технологиясини пухта ўрганиб чиқсинлар ва уни жорий йилнинг ноябрь ойидан бошлаб ўз минтақаларида жорий этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиласинлар.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2001 йилда чигитни плёнка остига экиш бўйича ўн кун муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

"Ўзкимёсаноат" уюшмаси, Андижон ва Жиззах вилоятлари ҳокимликлари Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда полиэтилен плёнка ишлаб иқаришни ташкил этиш ва пахта экувчи хўжаликларни плёнка билан таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига йигирма кун муддатда таклиф киритсинлар.


6. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази:

республиканинг бошқа пахта экувчи минтақаларида кенг қўллаш учун пахта етиштиришнинг Андижон технологияси стандартлари кўрсаткичларини икки ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар;

селекционерлар ва мутахассислар иштирокида, табиий иқлим шароитларини ҳисобга олиб, кечпишар пахта нави чигитларини экишни қатъий тақиқлаган ҳолда, 2001 йил ҳосили учун ғўзанинг тезпишар ва серҳосил навларини жойлаштириш бўйича жорий йилнинг 1 декабригача Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар;

тадқиқот ва селекция ишларини ташкил этишда ғўзанинг тезпишар, серҳосил ва касалликларга чидамли навларини яратишга алоҳида аҳамият берсинлар;

вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ўн кун муддатда Вазирлар Маҳкамасига пахтанинг ингичка толали навларини экишни кескин камайтириш бўйича таклифлар киритсинлар.


7. "Ўздавпахтасаноатсотиш" уюшмаси 2001 йилнинг 1 февралигача Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ҳисоб-китоблари бўйича, эҳтиёт захирани ҳисобга олган ҳолда, юқори сифатли, дориланган ва сараланган уруғлик чигитни талаб қилинган миқдорда тайёрласин. 2001 йил ҳосили учун пахтанинг навлар бўйича жойлаштирилишига мувофиқ ҳолда тезпишар ва серҳосил пахта чигитини тайёрлашга алоҳида эътибор берилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги:

республика ва вилоятларнинг тегишли органларини жалб қилган ҳолда ҳар бир хўжалик ва туманда чигит экишни 12-14 календарь кунда тугаллаш юзасидан тадбирлар ишлаб чиқилишини ташкил этсин. Бунда чигит экишни 10 апрелгача тугаллаш назарда тутилсин, шимолий туманлар бундан мустасно;

Молия вазирлиги билан биргаликда экиш мавсумини кўрсатилган муддатларда, сифатли ўтказиш мақсадида унда қатнашадиган ишловчиларни рағбатлантириш юзасидан икки ҳафта муддатда таклифлар ишлаб чиқсин.

"Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг" холдинг компанияси, "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси ер текисловчи техникалар, сеялкалар ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникаларини зарур миқдорда ўз вақтида тайёрлашни таъминласинлар, шунингдек хўжаликларнинг буюртмалари бўйича чигитни плёнка остига экиш сеялкаларини тайёрлаш чора-тадбирларини кўрсинлар.


9. "Ўзкимёсаноат" уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Марказий банки, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги билан биргаликда минерал ўғитларни солиш нормалари ва озиқли моддалар нисбатини ҳисобга олган ҳолда, уларни ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигини улар билан таъминлаш бўйича келишилган таклифларни икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Т.Холтоев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси И.Ҳ.Жўрабеков зиммасига юклансин.


Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                        И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 21 октябрдаги

403-сон қарорига

ИЛОВА



Пахта йиғим-теримини тугаллашга доир сафарбарлик

чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича комиссия

ТАРКИБИ


Жўрабеков И.Ҳ. - Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, раис


Холтоев Т. - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, раис ўринбосари


Қодиров Р. - Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, раис ўринбосари


Аъзолар:


Алимов Т.А. - Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси (келишув бўйича)


Алматов З.А. - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири


Муродов С.Ғ. - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари


Зикриёев Э. - "Ўздавпахтасаноатсотиш" уюшмаси раиси


Матчонов Р.Д. - "Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг" компанияси раиси


Юсупов Н.С. - "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси раиси


Парпиев Б.Р. - Ички ишлар вазирининг ўринбосари


Сайфиддинов Ж.Б. - "Пахта-банк" бошқаруви раиси


Тошматов К.Ф. - Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси директори


Қалибеков И. - Вазирлар Маҳкамасининг Агросаноат комплекси котибияти мудири


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ҳокимлари.












Время: 0.1830
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск