язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик/ Коммунал хўжалик/ Электр энергия таъминоти. Газ таъминоти. Иссиқлик таъминоти. Сув таъминоти/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.09.2005 й. ПФ-3662-сон "Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

23.09.2005 й.

N ПФ-3662


АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ ВА КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

КОРХОНАЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Республиканинг уй-жой-коммунал хўжалиги соҳасида бозор муносабатлари изчиллик билан татбиқ этилмоқда, қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий база мустаҳкамланмоқда, уй-жой мулкдорлари ширкатларининг мулкдорлар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, коммунал хизматлар ҳақини тўлашдан олинган маблағлардан оқилона фойдаланишга қаратилган фаолияти кучайтирилмоқда.

Коммунал хизматлар тарифлари асоссиз оширилишининг олдини олиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган ишлар олиб борилмоқда, коммунал соҳага энергияни тежайдиган технологиялар татбиқ этилмоқда, муҳандислик инфратузилмасини модернизация қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда лойиҳалар амалга оширилмоқда.

2005 йилнинг 1 январидан аҳолига кўрсатиладиган коммунал хизматлар учун қўшилган қиймат солиғи бўйича "нулинчи" ставка жорий этилган, бу эса коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарининг сарф-харажатларини камайтириш ва тарифлар ўсишини чеклаш имконини берди.

Шу билан бирга жойларда тарифларнинг аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатига мувофиқлиги, тўловларнинг тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилиши устидан тегишли назорат таъминланмаяпти. Иссиқлик ва ичимлик сув исрофгарчилигини камайтириш, улардан оқилона фойдаланиш, уй-жой фондини ҳисоблагич асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, коммунал хўжалик корхоналарининг унумсиз харажатларини қисқартириш чора-тадбирлари етарли даражада амалга оширилмаяпти.

Республика аҳолисини ижтимоий муҳофаза қилиш, тарифларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик, шунингдек коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2006-2007 йилларда марказлаштирилган иситиш ва иссиқ сув таъминоти бўйича аҳолига кўрсатиладиган хизматлар тарифларининг миқдори 10 фоиз бўлган фарқини иссиқлик таъминоти корхоналарига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2006-2007 йиллардаги Давлат бюджети параметрларида аҳолига марказлаштирилган иситиш ва иссиқ сув таъминоти бўйича кўрсатилаётган хизматлар тарифларидаги фарқларни қоплашга маблағларни назарда тутсин;

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда энергияни тежайдиган технологияларни татбиқ этиш, қозонхона ускуналарини, иссиқлик тармоқларини капитал таъмирлаш ва кузги-қишки иситиш мавсумига тайёргарлик тадбирларини ўтказишга Давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

2006-2007 йиллар мобайнида коммунал хўжалиги корхоналарини молиявий ва техник жиҳатдан реструктуризация қилиш, 2008 йилдан бошлаб аҳолига хизмат кўрсатадиган марказлаштирилган иситиш ва иссиқ сув таъминотининг ўзини-ўзи тўла қоплашга ўтиши бўйича ҳаракатлар дастурини амалга оширсин;

коммунал хизматларнинг рақобат бозорини шакллантириш, хусусий корхоналарнинг коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги иштирокини кенгайтириш, барча истеъмолчиларни энергия ва сув ҳисоблагич асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш асосида энергия ҳамда ресурсларни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш борасида тизимли чора-тадбирлар бажарилишини таъминласин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари республика аҳолисига, биринчи галда кузги-қишки даврда, яхши турмуш шароитини таъминлаш, кўрсатилган коммунал хизматлар учун маблағлар тўлиқ йиғиб олиниши ва тарифларнинг асоссиз оширилишига йўл қўйилмаслиги, шунингдек марказлаштирилган иситиш ва иссиқ сув таъминоти бўйича хизматлар босқичма-босқич ўзини-ўзи қоплашга ўтказилиши учун шахсан жавобгар бўлишлари тўғрисида огоҳлантирилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг янги босқичи тўғрисида" 2001 йил 17 апрелдаги ПФ-2832-сонли Фармонининг 2-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 37-38-сон, 283-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2005 йил, 9-сон, 336-модда