язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси (Парламент)/ Олий Мажлис Сенати. Сенат аъзолари/ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти (ЎзР ОМ Сенатининг 06.05.2005 й. 29-I-сон Қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

2005 йил 6 майдаги

29-I-сонли Қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

РЕГЛАМЕНТИ


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти (бундан буён матнда Регламент деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) ялпи мажлисларини ўтказиш, қонунчилик тартиб-таомилларини амалга ошириш тартибини белгилайди ҳамда Сенат фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни тартибга солади.


2-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (юқори палатаси) ҳудудий вакиллик палатасидир.

Сенат иши Сенатнинг ялпи мажлисларига (бундан буён матнда мажлислар деб юритилади) ва унинг қўмиталари мажлисларига тўпланадиган сенаторлар фаолиятига асосланади.


3-модда. Сенат фаолияти масалаларни биргаликда ва эркин муҳокама қилишга, ошкораликка, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга асосланади.


4-модда. Сенатда доимий асосда ишловчи Сенат аъзолари сенаторлик ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас.

Айни бир шахс бир пайтнинг ўзида Сенат аъзоси (сенатор) ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) депутати бўлиши мумкин эмас.


5-модда. Сенаторлик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириш кафолатлари "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, бошқа қонунлар ҳамда ушбу Регламент билан белгиланади.


6-модда. Сенат ўз матбуот органларига эга бўлади.



II БЎЛИМ. СЕНАТ ИШИНИНГ УМУМИЙ ТАРТИБИ


1-боб. Сенат ва унинг органлари мажлисларини ўтказиш тартиби


7-модда. Сенат фаолиятининг ташкилий шакли унинг заруратга қараб, лекин йилига камида уч марта ўтказиладиган мажлисларидир.

Сенат мажлислари, агар уларнинг ишида сенаторлар умумий сонининг камида ярми иштирок этаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, конституциявий қонунларни маъқуллаш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқишда сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлиши шарт.

Сенатнинг навбатдан ташқари мажлиси Ўзбекистон Республикаси Президенти, Сенат Раиси таклифига биноан ёки сенаторлар умумий сонининг камида учдан бир қисми таклифига биноан чақирилиши мумкин.

Сенат Кенгаши мунтазам равишда Сенат мажлислари оралиғида тўпланади.

Сенат қўмиталарининг мажлислари Сенат мажлислари оралиғида заруратга қараб ўтказилади.

Сенат қўмиталарининг мажлислари, агар уларда қўмита аъзоларининг камида ярми ҳозир бўлган бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Сенат мажлислари вақтида қўмиталарнинг мажлислари ўтказилмайди.


8-модда. Сенат мажлисида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар уларни кўриб чиқиш навбати, палатанинг ҳар бир масалани кўриб чиқишга тайёрлаш учун масъул бўлган қўмиталари, маърузачилар (қўшимча маъруза билан сўзга чиқадиганлар), шунингдек бошқа маълумотлар кўрсатилган ҳолда мажлис кун тартиби лойиҳасига киритилади.

Сенат мажлиси кун тартибининг лойиҳаси Сенат Кенгаши томонидан тузилади.

Сенаторлар Сенат мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритилган масалалар тўғрисида олдиндан хабардор қилинадилар.

Сенат мажлисининг кун тартиби палата қарори билан тасдиқланади.


9-модда. Сенат мажлислари очиқ ва ошкора ўтказилади ҳамда оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилади.

Зарурат бўлганда Сенат ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бундай қарор, агар бу хусусдаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президенти, Сенат Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Сенат Кенгаши ёки қўмитаси томонидан киритилган бўлса, қабул қилиниши мумкин.


10-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси Спикери, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди раислари, Бош прокурор Сенатнинг очиқ ва ёпиқ мажлисларида иштирок этишга ҳақли. Сенатнинг ёпиқ мажлисларида бошқа шахслар Сенат қарорига биноан ҳозир бўлишлари мумкин.


11-модда. Сенат мажлисларида иш давлат тилида олиб борилади ва зарурат бўлганда Сенат ёки унинг Кенгаши қарори асосида бошқа тилларга ҳамоҳанг (синхрон) таржимаси таъминланади.


12-модда. Сенат мажлисида қилинадиган маърузалар ва қўшимча маърузаларнинг ҳамда сўзланадиган якунловчи сўзнинг муддати раислик қилувчи томонидан маърузачилар (қўшимча маъруза билан сўзга чиқадиганлар) билан келишган ҳолда, қоида тариқасида, маърузалар учун 30 минутга қадар, қўшимча маърузалар учун 20 минутга қадар ва якунловчи сўз учун 15 минутга қадар муҳлат билан белгиланади.

Музокараларда сўзга чиқувчиларга 10 минутга қадар вақт берилади. Музокараларда такрорий сўзга чиқиш учун, шунингдек мажлиснинг олиб борилиши тартиби юзасидан, овоз бериш сабаблари бўйича, номзодлар юзасидан сўзга чиқиш, баёнотлар, саволлар, таклифлар, хабарлар ва маълумотлар бериш учун 3 минутга қадар вақт ажратилади.

Раислик қилувчи мажлисда ҳозир бўлган сенаторларнинг кўпчилиги розилиги билан Сенат мажлисининг кун тартибидаги масала муҳокамасининг умумий муддатини, савол-жавобларга ажратиладиган вақтни белгилаши, сўзлаш вақтини узайтириши мумкин.

Сенат мажлисларида сенатор битта масала юзасидан музокараларда кўпи билан икки марта сўзга чиқиши мумкин.

Маърузачи ва қўшимча маъруза билан сўзга чиққан шахс музокараларни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин якунловчи сўзга чиқиш ҳуқуқига эга.

Агар сўзга чиққан сенатор сўзлаш учун ажратилган муддатдан кўпроқ вақт мобайнида гапираётган бўлса ёки муҳокама этилаётган масала юзасидан гапирмаётган бўлса, Сенат мажлисида раислик қилувчи бир марта огоҳлантирганидан кейин уни сўзлаш ҳуқуқидан маҳрум этади.


13-модда. Сенатнинг мажлислари, қоида тариқасида, иш кунлари: соат 10.00 дан 13.00 гача ва (танаффусдан кейин) соат 15.00 дан 18.00 гача ўтказилади.

Сенат Қарори билан палата мажлисларини бошлаш ва тугаллашнинг ҳамда танаффус қилишнинг бошқа вақти белгиланиши мумкин.



2-боб. Сенат ва Қонунчилик палатасининг

қўшма мажлисларини ўтказиш тартиби


14-модда. Сенат ва Қонунчилик палатасининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг муҳим масалалари юзасидан нутқ сўзлаганда, чет давлатларнинг раҳбарлари нутқ сўзлаганда ўтказилади. Палаталарнинг келишувига мувофиқ қўшма мажлислар бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти, Сенат Раиси, Қонунчилик палатаси Спикери таклифи билан ёки тегишинча сенаторлар ёхуд депутатлар умумий сонининг камида учдан бир қисми таклифига биноан чақирилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисини чақириш тўғрисидаги масала юзасидан Сенат Раиси билан Қонунчилик палатаси Спикери ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказилиб, қўшма мажлисни ўтказиш санаси белгилаб олинади ҳамда кун тартибига доир таклифлар муҳокама этилади.


15-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси очиқ ва ошкора ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси, агар унда тегишинча сенаторлар ва депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисларида, агар қўшма мажлисда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, Сенат Раиси ва Қонунчилик палатаси Спикери навбатма-навбат раислик қилади.


16-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида эшитилган масалалар муҳокамаси натижалари асосида палаталарнинг қўшма қарори қабул қилиниши мумкин. Бунда овоз бериш, қоида тариқасида, алоҳида-алоҳида ўтказилади.



3-боб. Овоз бериш ва қарорларни қабул қилиш тартиби


17-модда. Сенатнинг қарорлари унинг мажлисларида очиқ ёки яширин овоз бериш орқали қабул қилинади. Очиқ овоз бериш номма-ном бўлиши мумкин.


18-модда. Сенат мажлисларида овоз бериш овозларни ҳисоблашнинг электрон тизимидан ёки яширин овоз бериш бюллетенларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Сенат мажлисида овозларни ҳисоблашнинг электрон тизимидан фойдаланилиши устидан назоратни сенаторлар жумласидан бўлган гуруҳ амалга оширади.


19-модда. Овоз бериш шакли ва усули тўғрисидаги қарор Сенат томонидан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади, у ёки бу масала юзасидан овоз бериш шакли ва усули Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда конституциявий қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.


20-модда. Сенатор ўзининг овоз бериш ҳуқуқини шахсан амалга оширади.


21-модда. Сенат қарорлари, агар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ва "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.



III БЎЛИМ. ҚОНУНЧИЛИК ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ


4-боб. Сенат томонидан қонунларни кўриб чиқиш тартиби


22-модда. Қонун Сенатга Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинганидан кейин киритилади.


23-модда. Қонун Сенатга киритилаётганда қуйидагилар тақдим этилиши лозим:

1) Қонунчилик палатасининг қонунни қабул қилиш тўғрисидаги қарори;

2) Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун;

3) Қонунга доир унинг концепцияси баён этилган тушунтириш хати;

4) Қонун қабул қилиниши муносабати билан қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, шунингдек қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун;

5) ўзгартирилиши, қўшимча киритилиши, ўз кучини йўқотган деб топилиши ёки қабул қилиниши лозим бўлган қонун ости ҳужжатларининг рўйхати;

6) моддий харажатлар талаб этувчи қонунлар учун молиявий-иқтисодий асос;

7) давлат даромадларининг қисқартирилишини ёки давлат харажатларининг кўпайтирилишини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг (бундан буён матнда Давлат бюджети деб юритилади) моддалари бўйича ўзгартишларни назарда тутувчи қонунлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси.


24-модда. Сенатга келиб тушган қонун рўйхатга олинади ва Сенат Раиси томонидан қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқадиган ҳамда унинг юзасидан хулоса тайёрлайдиган қўмитага (бундан буён матнда масъул қўмита деб юритилади) топширилади.

Сенат қўмиталарининг қонун муҳокамасига бағишланган мажлислари очиқ ўтказилади. Зарурат бўлганда Сенат қўмиталари ёпиқ мажлис ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.

Қўмиталарнинг мажлисларига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг намояндалари, мутахассислар ва олимлар, матбуот органлари, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф этилиши мумкин.

Келиб тушган таклифларни масъул қўмита қонун юзасидан хулоса тайёрлаётганда умумлаштиради.

Масъул қўмитанинг хулосасида қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисидаги тавсия ифодаланган баҳо бўлиши керак. Қонунни рад этиш зарурлиги тўғрисидаги хулосада масъул қўмитанинг қонунни рад этиш зарур деб ҳисоблашининг важлари баён этилиши лозим. Масъул қўмитанинг хулосаси Сенат Кенгашига тақдим этилади, Кенгаш қонунни Сенат мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритиш-киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.


25-модда. Сенатнинг мажлисида қонунни кўриб чиқиш маърузачининг масъул қўмита хулосасини ўқиб эшиттиришидан бошланади. Кўриб чиқилаётган қонун юзасидан унинг муҳокамаси тартибида сенаторлар сўзга чиқишлари мумкин.

Муҳокама натижалари асосида Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


26-модда. Қонун Сенат томонидан сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан маъқулланади, ушбу Регламентнинг 32-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Сенат томонидан маъқулланган қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Сенат қарори билан биргаликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Сенатнинг қонунни рад этиш тўғрисидаги қарорида рад этиш важлари кўрсатилиши керак. Унда бир вақтнинг ўзида қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш зарурлиги тўғрисидаги, шунингдек келишув комиссияси тузиш ҳақидаги таклифлар баён этилиши мумкин.

Сенатнинг қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Қонунчилик палатасига юборилади.



5-боб. Сенат томонидан рад этилган ёки

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан

қайтарилган қонунларни қайта кўриб чиқиш


27-модда. Сенат томонидан рад этилган қонун юзасидан Сенат ва Қонунчилик палатаси юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин.

Сенатда келишув комиссиясини тузиш тўғрисидаги ташаббус Сенат Раисидан, шунингдек Сенат аъзолари умумий сонининг камида бешдан бир қисмини ташкил этувчи сенаторлардан чиқиши мумкин.

Келишув комиссияси таркибига номзодлар юзасидан Сенат Раиси ва Қонунчилик палатасининг Спикери томонидан ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказилади.

Келишув комиссиясининг Сенатдан кўрсатилган таркиби унинг мажлисида, Сенат мажлислари оралиғидаги даврда эса унинг Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Келишув комиссиясининг ҳар бир палатадан сайланган аъзолари ўз таркибидан кўпчилик овоз билан комиссия ҳамраисларини сайлайдилар.


28-модда. Келишув комиссияси қонуннинг ягона матнини ишлаб чиқиш мақсадида Сенатнинг ҳар бир эътирозини алоҳида-алоҳида кўриб чиқади.

Келишув комиссияси қарорлари келишув комиссияси таркибига кирган сенаторлар ва депутатларнинг алоҳида-алоҳида овоз бериши орқали қабул қилинади. Қарор, агар комиссиянинг ҳар бир палатадан сайланган аъзоларининг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади.

Келишув комиссияси ўз ишининг натижалари юзасидан келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни ўз ичига олган хулоса қабул қилади. Хулосага қонунга доир ўзгартишлар ва қўшимчалар лойиҳасининг матни илова қилинади.

Хулоса Сенат ва Қонунчилик палатасидан сайланган келишув комиссиясининг ҳамраислари томонидан имзоланиб, тегишинча Сенат ва Қонунчилик палатасига топширилади.


29-модда. Сенат келишув комиссиясининг таклифларини қабул қилган тақдирда қонун Қонунчилик палатаси томонидан одатдаги тартибда қайта кўриб чиқилиши керак.

Келишув комиссиясининг лоақал битта таклифи рад этилган тақдирда Сенат келишув комиссиясига янги таклифларни тақдим этиши учун палата томонидан маъқулланган тузатишларни инобатга олган ҳолда ишни давом эттиришни таклиф қилиши мумкин.

Агар Сенат қонунни келишув комиссиясининг таҳририда маъқулламаса, у рад этилган қонун сифатида Қонунчилик палатасига қайтарилиши керак.

Сенат томонидан рад этилган қонун қайта кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига юборилади.


30-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган ва Қонунчилик палатаси қайта кўриб чиқишда илгари қабул қилинган таҳрирда маъқуллаган қонун белгиланган тартибда Сенатга юборилади.

Масъул қўмита Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган ва Қонунчилик палатаси илгари қабул қилинган таҳрирда маъқуллаган қонун юзасидан хулоса беради.

Масъул қўмитанинг хулосаси олинганидан кейин қонунни Сенат томонидан қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги масала белгиланган тартибда Сенат мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритилади. Сенат қайта кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


31-модда. Сенат томонидан қайта кўриб чиқишда сенаторлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланган қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Сенат қарори билан биргаликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Сенатнинг қайта кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Қонунчилик палатасига юборилади.

Агар Сенат рад этган ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонун Қонунчилик палатасида қайта кўриб чиқилганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Сенатнинг эътирозларини ҳисобга олган ҳолда янги таҳрирда қабул қилинса, ушбу қонунни Сенат янгидан қабул қилинган қонун сифатида белгиланган тартибда кўриб чиқади.



6-боб. Айрим қонунларни кўриб

чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари


32-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, конституциявий қонунни, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларни маъқуллаш учун сенаторлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози талаб қилинади.


33-модда. Навбатдаги молия йили учун Давлат бюджетининг лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай Сенатга юборилади.

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Давлат бюджети Сенатнинг кўриб чиқиши учун топширилади ва масъул қўмита томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилади.

Давлат бюджетига доир материаллар сенаторларга олдиндан, мазкур бюджет Сенат мажлисида кўриб чиқилгунга қадар юборилади.

Давлат бюджетини Сенатнинг мажлисида муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси молия вазири ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг маърузаси билан бошланади.

Давлат бюджети бўйича қарор Сенат томонидан жорий йилнинг 15 декабридан кечиктирмай қабул қилиниши керак.


34-модда. Давлат бюджетига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимномасига биноан белгиланган тартибда ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Давлат бюджетига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала Сенатнинг яқин орадаги мажлисида кўриб чиқилиши керак.

Давлат бюджетига ўзгартишлар ва қўшимчалар мазкур бюджетни қабул қилиш учун белгиланган тартибда киритилади.


35-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қонуннинг Сенатда кўриб чиқилиши Қонунчилик палатасининг тегишли қарори Сенатга киритилганидан кейин амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенат маъқуллаган қонун белгиланган тартибда эълон қилиниши лозим.



IV БЎЛИМ. СЕНАТ ҚАРОРЛАРИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


7-боб. Сенат қарорларини кўриб чиқиш

ва қабул қилишнинг умумий тартиби


36-модда. Сенат қонунлар қабул қилиниши талаб этилмайдиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.

Қарор лойиҳаси Сенатга киритилаётганда унга қисқача тушунтириш хати ва бошқа зарур материаллар илова қилинади.


37-модда. Сенат Раиси Сенат қарорининг лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул қўмита ва муддат белгилайди.

Сенат Кенгаши масъул қўмита вакилининг ахборотини эшитиб, қарор лойиҳасини Сенат мажлисининг кун тартибига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади ва маърузачини белгилайди.

Сенат мажлисида масъул қўмита вакилининг ахбороти эшитилади ва муҳокама натижалари юзасидан сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Сенат қарори қабул қилинади.


38-модда. Агар овоз бериш якунларига кўра қарор лойиҳасини қабул қилиш тўғрисидаги таклиф зарур миқдорда овоз тўпламаган бўлса, таклиф рад этилган ҳисобланади.

Сенатнинг Қонунчилик палатаси билан биргаликдаги ваколатларига киритилган масала юзасидан қабул қилинган қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида, агар ушбу Регламентда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, Қонунчилик палатасига юборилади.



8-боб. Сенатнинг Қонунчилик палатаси билан биргаликдаги

ваколатларига тааллуқли масалалар юзасидан айрим

қарорларни қабул қилишининг ўзига хос хусусиятлари


39-модда. Сенат Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш кераклиги тўғрисидаги материалларни, Қонунчилик палатасининг референдум ўтказиш ва унинг ўтказиладиган санасини тайинлаш тўғрисидаги қарорини, шунингдек мазкур масала бўйича масъул қўмитанинг хулосасини кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши мумкин:

референдум тайинлаш ва уни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида;

референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикасининг референдуми масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Қонунчилик палатасига, шунингдек референдум ўтказиш ташаббускорларига юборилади.

Сенат Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ва унинг ўтказиладиган санасини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда мазкур масала юзасидан Сенат ва Қонунчилик палатасининг қарорлари ушбу масала юзасидан Сенат қарор қабул қилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


40-модда. Туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ва чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала Сенатга тегишли материаллар келиб тушганидан кейин Сенат томонидан кўриб чиқилади.

Туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ва чегараларини ўзгартириш тўғрисида Сенат томонидан қабул қилинган қарор белгиланган тартибда эълон қилиниши лозим.


41-модда. Сенат ўз тасдиғига киритилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталарини ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонлари юзасидан қарорлар қабул қилади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталарини ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарорлари мазкур қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Қонунчилик палатасига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


42-модда. Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоларини сайлаш тўғрисидаги қарори Сенатга келиб тушганидан кейин Сенат ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоларини сайлаш ҳақидаги масалани кўриб чиқади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоларини сайлаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Қонунчилик палатасига юборилади.


43-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги тақдимномаси Сенат томонидан Сенатнинг яқин орадаги мажлисида кўриб чиқилади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Сенат тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини уч марта рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни тайинлайди, Сенатни тарқатиб юборади ва янги сайлов тайинлайди.


44-модда. Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини сайлаш тўғрисидаги қарори Сенатга келиб тушганидан кейин Сенат ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини сайлаш ҳақидаги масалани кўриб чиқади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини сайлаш масаласи юзасидан қарори Қонунчилик палатасига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида кўриб чиқилганидан кейин ушбу масала юзасидан қабул қилинган узил-кесил қарор қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


45-модда. Сенат ўз тасдиғига киритилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини ушбу фармон келиб тушган пайтдан эътиборан 48 соатдан кечиктирмай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини эса улар келиб тушган пайтдан эътиборан 72 соатдан кечиктирмай кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳақидаги масала Сенат қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилинмасдан Сенат томонидан кўриб чиқилади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарорлари дарҳол Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.



9-боб. Сенатнинг мутлақ ваколатларига тааллуқли

масалалар юзасидан айрим қарорларни қабул

қилишининг ўзига хос хусусиятлари


46-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди раислари, раис ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига сайлаш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Сенатга тақдим этилади.

Сенат Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди раислари, раис ўринбосарлари ва судьяларини сайлаш тўғрисидаги масалани ўзининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқади. Бу масалалар юзасидан қарорлар Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди раислари, раис ўринбосарлари ва судьяларини сайлаш масаласи юзасидан қарорлари мазкур қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди раислари, раис ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига тақдим этилган номзодлар овоз бериш пайтида Сенат аъзолари овозларининг етарли сонини ололмасалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Сенат кўриб чиқиши учун шу номзодларни қайтадан тақдим этиши мумкин. Агар улар қайта рад этилса, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Сенат кўриб чиқиши учун бошқа номзодлар тақдим этилади.


47-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳақидаги масалалар Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарорлари мазкур қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


48-модда. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакиллари лавозимларига тайинлаш учун номзодларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Сенатга тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисини, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раисини, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги масалани Сенат ўзининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқади. Бу масалалар юзасидан қарорлар Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисини, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раисини, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ёки уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорлари мазкур қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакиллари лавозимларига тайинлаш учун тақдим этилган номзодлар овоз бериш пайтида Сенат аъзолари овозларининг етарли сонини ололмасалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Сенат кўриб чиқиши учун шу номзодларни қайтадан тақдим этиши мумкин. Агар улар қайта рад этилса, Сенат кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бошқа номзодлар тақдим этилади.


49-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг сенаторни жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик олиш тўғрисидаги тақдимномалари Сенат томонидан унинг мажлисида, Сенатнинг мажлислари оралиғидаги даврда эса Сенатнинг Кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Сенатнинг ёки Сенат Кенгашининг сенаторни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этишга розилик бериш тўғрисидаги қарори яширин овоз бериш орқали қабул қилинади.

Сенатнинг ёки Сенат Кенгашининг сенаторни жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик бериш масаласи юзасидан қарори дарҳол Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига юборилади.


50-модда. Сенат амнистия тўғрисидаги ҳужжатни қабул қилиш тўғрисидаги масалани Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан ўзининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқади.

Амнистия тўғрисидаги ҳужжат мазкур ҳужжат қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида эълон қилиниши керак.


51-модда. Регламент, унга доир ўзгартишлар ва қўшимчалар Сенат қарори билан қабул қилинади.

Регламентга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни қўмиталар киритади, бу таклифлар Сенат мажлисининг кун тартиби лойиҳасига Кенгаш томонидан киритилади ҳамда биринчи навбатда кўриб чиқилади.

Сенат мажлисларини ўтказишнинг, Сенат фаолиятига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқишнинг Регламентда назарда тутилмаган тартиб-таомиллари Сенат мажлисида сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, баённома билан расмийлаштирилади ва қабул қилинган кундан эътиборан амал қилади.



V БЎЛИМ. СЕНАТ ТОМОНИДАН НАЗОРАТ

ҚИЛИШ СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛАРНИНГ

АМАЛГА ОШИРИЛИШИ


52-модда. Сенат, шунингдек сенатор давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан парламент сўрови юборишга ҳақли.

Парламент сўровига жавобни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари Сенат мажлисларида берадилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Олий хўжалик судининг раиси, Бош прокурори, суриштирув ва тергов органларининг раҳбарлари номига йўлланган парламент сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.

Парламент сўровлари бўйича ахборот Сенат мажлисида муҳокама қилиниши мумкин. Сенат муҳокама якунлари бўйича қарор қабул қилади.


53-модда. Сенат ҳар йили ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг фаолият тўғрисидаги ҳисоботини эшитади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ҳисоботи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Қонунчилик палатасига юборилади.


54-модда. Сенат ҳар йили ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини мазкур масала юзасидан Қонунчилик палатасининг қарори Сенатга келиб тушганидан кейин эшитади ва муҳокама қилади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Қонунчилик палатасига юборилади.


55-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Сенатга тақдим этган ҳар йилги ҳисоботлари Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.


56-модда. Сенатнинг қўмиталари, шунингдек сенаторлар давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатлар, эксперт хулосалари, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олишлари мумкин.

Сенатнинг қўмиталари ёки сенаторлар талаб қилиб оладиган ахборотни тегишли давлат органи, бошқа ташкилот, мансабдор шахс мурожаат олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай тақдим этиши керак.

Сенат қўмиталарининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг улар томонидан қонунларга қандай риоя этилаётгани, палата қўмиталарининг қарорлари қандай бажарилаётгани тўғрисидаги ахборотларини эшитиши қўмиталарнинг иш режаларига мувофиқ ўтказилади.



VI БЎЛИМ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


57-модда. Сенат бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузиши, расмий парламент делегациялари алмашиниши, шунингдек халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирларни ўтказиши мумкин.


58-модда. Бошқа давлатларнинг парламентлари раҳбарларига, давлатлар ва ҳукуматлар бошлиқларига, парламент делегациялари раҳбарларига уларнинг илтимосига биноан Сенат мажлисида сўзга чиқиш имконияти берилиши мумкин.


59-модда. Сенат, унинг органлари ва сенаторларнинг фаолияти билан боғлиқ харажатлар сметаси Сенат Раиси томонидан тасдиқланади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2005 йил, 5-сон.