язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Боғдорчилик. Узумчилик. Сабзавотчилик. Пиллачилик/ Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)нинг боғ ва узумзорларини сотиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 21.01.2006 й. 1542-сон билан рўйхатга олинган КСХВ 18.01.2006 й. 13-сон Буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2006 йил 21 январда 1542-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг

2006 йил 18 январдаги

13-сон буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Қайта ташкил этилаётган қишлоқ

хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)нинг

боғ ва узумзорларини сотиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)нинг, шу жумладан, мева-сабзавотчилик ва узумчиликка ихтисослашган қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)нинг боғ ва узумзорларини фермер хўжалиги юритиш учун сотиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)нинг мол-мулк ва ер участкаларини комплекс хатловдан ўтказиш ҳамда ер фондини қайта тақсимлаш лойиҳасини (схемасини) ишлаб чиқиш белгиланган тартибда ташкил этилган Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш бўйича комиссия (кейинги ўринларда - Махсус комиссия) томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 5 январдаги 8-сон қарори талаблари асосида амалга оширилади.


2. Боғ ва узумзорлари мавжуд бўлган қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарида комплекс хатловдан ўтказиш ҳамда ер фондини қайта тақсимлаш лойиҳасини (схемасини) ишлаб чиқиш жараёнида қуйидагилар амалга оширилиши шарт:

боғ ва узумзорлар жойлашган ер участкалари ва экин майдонлари аниқланади;

келгусида фойдаланишга яроқсиз бўлган боғлар ва узумзорлар жойлашган ер участкалари аниқланади;

боғ ва узумзор жойлашган ер участкаси чегаралари (кейинги ўринларда - лойиҳа) шакллантирилади ҳамда ҳар бир лойиҳада жойлашган боғ ва узумзорларнинг баланс қиймати аниқланади. Боғ ва узумзорлар жойлашган лойиҳаларни шакллантиришда ер майдонининг бутунлиги (яхлитлиги) бузилмаслиги, бироқ ҳар бир лойиҳанинг майдони 1 гектардан кам бўлмаслиги лозим;

экин майдонлари лойиҳалари шакллантирилади.

Агар мева-сабзавотчилик ва узумчиликка ихтисослашмаган қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари) ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг мол-мулк ва ер участкаларини комплекс хатловдан ўтказиш жараёнида тегишли лойиҳада жойлашган боғ ва узумзорлар келгусида фойдаланишга яроқсиз бўлса, Махсус комиссия туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими билан биргаликда мазкур лойиҳадаги ер участкасини экин майдони сифатида танловга қўйиш тўғрисида туман ҳокимига таклиф киритади.


3. Мева-сабзавотчилик ва узумчиликка ихтисослашган қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)нинг экин майдонларида ташкил этиладиган фермер хўжаликлари Махсус комиссиялар томонидан очиқ ва ошкора танлов ўтказиш йўли билан амалга оширилади, уларнинг натижаларига кўра, бошқа тенг шартлар бўлгани ҳолда, мазкур участкада оилавий пудрат асосида ишлаган ширкат аъзоларига ғолиблик ҳуқуқи берилади. Мазкур танловлар Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тартиби тўғрисида низом (рўйхат рақами 1523, 2005 йил 19 ноябрь) талабларига қатьий риоя этган ҳолда ўтказилади.


4. Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)нинг боғ ва узумзорлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 9 январдаги ПФ-3709-сон Фармонига мувофиқ, кимошди савдолари орқали сотилади, савдоларда мазкур соҳада муайян иш стажи ва малакаларига эга бўлган даъвогарларнинг иштирок этишларига йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 11 январдаги ПҚ-255-сон қарорига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)нинг боғ ва узумзорлари мазкур қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати)нинг умумий йиғилиши қарори билан фақат ширкат пайчилари ва аъзолари ўртасида ўтказиладиган ёпиқ кимошди савдосида сотилиши мумкин.


5. Кимошди савдолари аукцион шаклида ўтказилади.


6. Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати)нинг умумий йиғилиши бир талабгорга сотилиши мумкин бўлган боғ ва узумзор сонини чеклаши мумкин. Мазкур чеклов ширкат аъзолари ва пайчиларининг сони ҳамда мавжуд боғ ва узумзорлар ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади, бироқ 2 та боғ ва узумзордан кўп бўлмаслиги лозим. Мазкур чеклов кимошди савдоларига эълон беришдан олдин умумий йиғилиш қарори билан қабул қилинади ҳамда барча боғ ва узумзорлар бўйича кимошди савдолари якунлангунга қадар ўзгармаслиги лозим.



II. КИМОШДИ САВДОЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


7. Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)нинг мол-мулк ва ер участкаларини комплекс хатловдан ўтказилгандан ҳамда ер фондини қайта тақсимлаш лойиҳаси (схемаси) ишлаб чиқилгандан сўнг Махсус комиссия кимошди савдосини ўтказиш кунидан камида бир ой олдин кимошди савдоси ўтказилиши тўғрисида хабар беради.

Хабар эълон шаклида берилиб, эркин танишиш имконини яратган ҳолда, қоида тариқасида, қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати)нинг биносига осиб қўйилади. Эълонни қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативининг (ширкатининг) барча боғ ва узумзорлари бўйича кимошди савдолари якунлангунга қадар олиб қўйиш қатьиян тақиқланади.

Очиқ кимошди савдоси ўтказилган тақдирда, эълон қўшимча равишда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ҳам берилиши лозим.


8. Эълонда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

кимошди савдосини ўтказиш санаси (бошланиш соатини кўрсатган ҳолда) ва жойи;

бир талабгорга сотилиши мумкин бўлган боғ ва узумзор сонига нисбатан умумий йиғилиш томонидан ўрнатилган чеклов;

кимошди савдосининг шакли (очиқ ёки ёпиқ аукцион) ҳамда мазкур Низомнинг 4 ва 29-банди талабларига мувофиқ кимошди савдосида қатнашиши мумкин бўлган шахслар (кейинги ўринларда - талабгор);

кимошди савдосида қатнашиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати ва уларни қабул қилишнинг тўхтатилиш санаси;

кимошди савдосига қўйилаётган боғ ва узумзорларнинг бошланғич нархи (улар жойлашган лойиҳани кўрсатган ҳолда). Бунда, боғ ва узумзорнинг баланс қиймати Махсус комиссия томонидан бошланғич нарх этиб белгиланади;

кимошди савдосида қатнашиш учун тўланадиган закалат пули миқдори, муддати ва тартиби, шу жумладан, закалат пули ўтказилиши лозим бўлган банк ҳисобрақами реквизитлари;

кимошди савдоси якунларига кўра ўзаро ҳисоб-китоб қилиш тартиби ҳамда томонларнинг жавобгарлиги;

кимошди савдосида ғолиб чиққан талабгорга тегишли боғ ва узумзор жойлашган ер участкаси фермер хўжалиги юритиш учун узоқ муддатли ижарага берилиши ҳамда мазкур ер участкасининг майдони ва балл-бонитетига мутаносиб равишда тугатилаётган қишлоқ хўжалиги коопертиви (ширкати)нинг актив ва пассивлари тақсимланиши тўғрисида ахборот;

бирон-бир лойиҳада жойлашган боғ ва узумзорга ўтказиладиган ёпиқ кимошди савдосига қатнашиш учун талабгорлар бўлмаганлиги ёки унда фақат битта талабгор қатнашганлиги сабабли кимошди савдоси ўтказилмаган тақдирда, савдони ўтказиш бир ҳафта муддатга кечиктирилиши тўғрисидаги ахборот.


9. Закалат пули миқдори Махсус комиссия томонидан ҳар бир лойиҳада жойлашган боғ ва узумзор бўйича аниқ белгиланади, бироқ тегишли боғ ва узумзор бошланғич нархининг 10 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.

Закалат пули қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативининг (ширкатининг) тугатиш ҳисоб рақамига пул ўтказиш йўли билан ёки нақд пулда тўланиши мумкин.


10. Ёпиқ кимошди савдосида қатнашиш учун талабгор Махсус комиссияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

кимошди савдосида иштирок этиш ҳақидаги икки нусхада ариза. Аризада лойиҳа рақами аниқ кўрсатилиши шарт;

белгиланган миқдорда закалат пули тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси;

қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати)да аъзоликни тасдиқловчи ҳужжатлар. Ширкат хўжалигининг таъсис йиғилишида тасдиқланган аъзолар таркиби рўйхати нусхаси (ёки аъзоликка қабул қилиш тўғрисидаги умумий йиғилиш қарори нусхаси) ҳамда мазкур аъзо аъзоликдан чиқмаганлигини тасдиқловчи қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати)нинг маълумотномаси аъзоликни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати) аъзоларининг биринчи талабига биноан бир кундан кечиктирмай аъзоликни тасдиқловчи ҳужжатларни бериши шарт;

талабгорнинг мулкий пайга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома нусхаси;

агар кимошди савдосида талабгорнинг вакили қатнашса, мазкур вакилга кимошди савдосида талабгор номидан қатнашиш ҳуқуқини берувчи ишончноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси.


11. Талабгор фақат битта лойиҳада жойлашган боғ ва узумзорларнинг кимошди савдосида қатнашиш учун ариза тақдим этишга ҳақли.

Махсус комиссия раиси ва котиби кимошди савдосида қатнашиш учун ариза тақдим этишга ҳақли эмас.


12. Кимошди савдосида қатнашиш учун ҳужжатларни қабул қилиш кимошди савдоси ўтказишга 2 соат қолганда тўхтатилади.


13. Талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатлар Махсус комиссия котиби томонидан қабул қилинади. Махсус комиссия котиби аризанинг иккинчи нусхасини қабул қилинган ҳужжатлар рўйхати ва санасини кўрсатган ҳолда имзолайди ва талабгорга қайтариб беради.

Махсус комиссия талабгорга ҳужжатларни қабул қилишни рад этиши мумкин эмас.


14. Махсус комиссия томонидан мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклда Кимошди савдосида қатнашиш учун тақдим этилган аризаларни рўйхатга олиш китоби юритилади. Мазкур китоб тикилган, рақамланган ва қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати)нинг муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим. Махсус комиссия томонидан қабул қилинган барча аризалар мазкур китобда рўйхатга олиниши шарт.


15. Махсус комиссия котиби кимошди савдосида қатнашиш истагини билдирган талабгорларга кимошди савдосида қатнашиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларни тўлдириш ва расмийлаштиришда амалий ёрдам бериши шарт.


16. Махсус комиссия ариза қабул қилинган куниёқ талабгорга боғ ва узумзор жойлашган лойиҳа ҳамда талабгорнинг махсус рақами кўрсатилган чипта беради ҳамда бу тўғрида талабгор томонидан Кимошди савдосида қатнашиш учун тақдим этилган аризаларни рўйхатга олиш китобида тегишли имзо қўйилади. Шунингдек талабгорга кимошди савдоси давомида фойдаланиш учун махсус рақам белгиси берилади ва у аукцион якунлангандан сўнг талабгор томонидан қайтарилиши шарт.


17. Қуйидаги ҳолларда Махсус комиссия томонидан кимошди савдосида қатнашиш учун ариза берган шахсга унда иштирок этиш рад этилади:

ёпиқ кимошди савдосида қатнашиш учун ариза берган шахс қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати)нинг аъзоси ёки пайчиси бўлмаса, шу жумладан, бошқа қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати)нинг аъзоси ёки пайчиси бўлса;

кимошди савдосида қатнашиш учун ҳужжатлар уларни қабул қилиш расман тўхтатилгандан сўнг тақдим этилса ёки агар бирон бир боғ ва узумзор бўйича мазкур Низомнинг 28-банди талаблари асосида кимошди савдоси кечиктирилган бўлса, мазкур боғ ва узумзор бўйича ўтказиладиган кимошди савдоси бошлангунга қадар 2 соатдан кам вақт қолганда тақдим этилса;

талабгор мазкур Низомнинг 10 ва 30-бандларида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этмаса;

ариза мазкур Низомнинг 11 ва 29-бандлари талабларига зид равишда тақдим этилган бўлса.

Бошқа асосларга кўра кимошди савдосида қатнашишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Кимошди савдосида қатнашиш рад этилганлиги тўғрисида Махсус комиссия томонидан, ариза қабул қилинган куниёқ, рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда ёзма хабар берилади.

Мазкур Низомнинг 10 ва 30-бандларида назарда тутилган ҳужжатлар тақдим этилмаганлиги сабабли танловда қатнашиш рад этилган талабгор ҳужжатлар тақдим этишнинг охирги кунига қадар тегишли камчиликларни бартараф қилган ҳолда қайтадан ҳужжатларни тақдим этишга ҳақли.


18. Талабгор кимошди савдоси ўтказилгунга қадар ўз аризасини ёзма мурожаати асосида қайтариб олиши мумкин. Бунда, талабгор томонидан тўланган закалат пули Махсус комиссия томонидан мурожаат келиб тушган кундан бошлаб уч банк иш кунидан кечиктирмай талабгорга қайтарилиши шарт.



III. АУКЦИОННИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


19. Аукцион эълонда белгиланган вақтда, қоида тариқасида, қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативининг (ширкатининг) биносида ўтказилади.

Аукционда талабгордан ташқари бошқа шахслар, шу жумладан, қишлоқ фуқаролар йиғини ва Жамоатчилик кенгаши вакиллари кузатувчи сифатида қатнашишлари мумкин.


20. Аукцион Махсус комиссия томонидан ўтказилади. Бунинг учун Махсус комиссия аъзолари орасидан аукциончини белгилайди. Аукционни ўтказишга тегишли малакага эга бўлган аукциончи жалб этилиши мумкин.


21. Аукцион ҳар бир лойиҳада жойлашган боғ ва узумзор (кейинги ўринларда - аукцион объекти)га алоҳида ўтказилади.

Бунда, дастлаб аукцион бошланғич нархи энг юқори бўлган аукцион объекти бўйича ўтказилади, кейинги аукцион объектлари бўйича эса уларнинг бошланғич нархи камайиб боришига қараб кетма-кетликда ўтказилади.


22. Ҳар бир аукцион объекти бўйича аукционда фақат ушбу аукцион объекти бўйича ариза берган талабгор иштирок этишга ҳақли, мазкур бандда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ёпиқ аукцион давомида аукционда ғолиб чиқмаган талабгор то бошқа аукцион объекти бўйича ғолиб чиққунга қадар кейинги аукцион объекти (объектлари) бўйича ҳам аукционларда иштирок этишга ҳақли.

Бу ҳолда, аукционда ғолиб чиқмаган талабгордан кейинги аукцион объекти бўйича аукционда иштирок этиш учун қўшимча закалат пули тўлаш талаб этилмайди. Талабгор томонидан аввал тўланган закалат пули кейинги аукцион объекти бўйича закалат пули сифатида тан олинади.

Агар мазкур Низомнинг 6-банди талабларига мувофиқ, умумий йиғилиш томонидан чеклов 2 та боғ ва узумзор қилиб белгиланган бўлса, ёпиқ аукцион давомида аукционда ғолиб чиқмаган талабгор 2 та аукцион объекти бўйича ғолиб чиққунга қадар кейинги аукцион объекти (объектлари) бўйича ҳам аукционларда иштирок этишга ҳақли.

Бу ҳолда, битта аукцион объекти бўйича ёпиқ аукционда ғолиб чиққан талабгор кейинги аукцион объекти бўйича ҳам аукционда иштирок этиш истагини билдирса, мазкур талабгор кейинги аукцион объекти бўйича аукцион бошлангунга қадар тегишли закалат пулини тўлаши шарт. Бундай талабгорларга зарур шароит яратиш мақсадида Махсус комиссия закалат пулини қабул қилиш ва унинг тўланганлигини тасдиқловчи касса ҳужжатини бериш учун қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати) хазиначиси (ҳисобчисини) аукцион давомида доимий ҳозир бўлишини ҳамда ҳар бир аукцион объекти бўйича аукцион олдинги аукцион объектига аукцион якунлангандан сўнг, қоида тариқасида, ярим соатдан сўнг бошланишини таъминлаши шарт.


23. Ҳар бир аукцион объекти бўйича аукцион бошида аукциончи аукционда иштирок этаётган талабгорлар ва уларнинг махсус рақам белгисини, аукцион объекти ва унинг бошланғич нархини ҳамда аукцион қадамини эълон қилади.

Аукцион қадами Махсус комиссия томонидан белгиланади ва аукцион объекти бошланғич нархининг 5 фоизидан кам, лекин 10 фоизидан юқори бўлмаслиги лозим.


24. Аукциончи фақат қуйидаги талабгорларни аукционда иштирок этаётган талабгорлар сифатида эълон қилиши мумкин:

1) тегишли аукцион объектига кимошди савдосида қатнашиш учун ариза берган талабгорни;

2) олдинги ўтказилган аукцион объекти (объектлари) бўйича аукционда ғолиб чиқмаган, лекин кейинги аукционда ҳам иштирок этиш истагини билдирган талабгорларни;

3) олдинги ўтказилган фақат битта аукцион объекти бўйича аукционда ғолиб чиққан талабгорларни, агар мазкур Низомнинг 6-банди талабларига мувофиқ, умумий йиғилиш томонидан чеклов 2 та боғ ва узумзор қилиб белгиланган бўлса ҳамда ушбу талабгор эълон қилинаётган аукцион объекти бўйича белгиланган закалат пулини тўлаган ва буни тасдиқловчи касса ҳужжатини Махсус комиссияга тақдим этган бўлса.


25. Аукцион нархнинг ўсиб бориши тартибида ўтказилади.

Бунда, аукциончи дастлаб бошланғич нархдан кейинги биринчи қадамдаги нархни эълон қилади ва биринчи бўлиб ўз махсус рақам белгисини кўтарган талабгорни кўрсатади. Бошқа талабгорлар томонидан ҳам махсус рақам белгиси кўтарилган тақдирда, аукциончи тегишли қадамга мувофиқ кейинги нархни эълон қилади.

Аукцион шу тарзда энг юқори нархни таклиф қилган талабгорни аниқлагунга қадар давом этади.

Таклиф қилинган энг юқори нарх уч марта такрорлангандан сўнг ҳам иштирокчилардан бирортаси ўз рақам белгисини ушбу нархга кўтармаса, кимошди савдоси якунланади ва аукциончи томонидан қайси талабгорнинг махсус рақам белгиси охирги марта эълон қилинган бўлса, ана шу талабгор кимошди савдосининг ғолиби ҳисобланади.

Аукцион якунида аукциончи боғ ва узумзорнинг сотилганлигини, сотув нархини ва ғолибнинг рақамини эълон қилади.

Ёпиқ аукцион якунида аукциончи ғолиб чиқмаган талабгорлар кейинги аукцион объекти (объектлари) бўйича аукционда иштирок этиши мумкинлигини ҳамда (агар мазкур Низомнинг 6-банди талабларига мувофиқ, умумий йиғилиш томонидан чеклов 2 та боғ ва узумзор қилиб белгиланган бўлса) фақат битта аукцион объекти бўйича ғолиб чиққан талабгорлар кейинги аукцион объекти бўйича тегишли закалат пулини тўлаган ҳолда иштирок этиши мумкинлигини қўшимча равишда эълон қилади.


26. Аукционда ғолиб чиққан талабгор ҳамда Махсус комиссия раиси ва аъзолари аукцион ўтказилган куни аукцион натижалари тўғрисида 3 нусхада баённома имзолайдилар, бу баённома шартнома кучига эга бўлади.

Баённоманинг бир нусхаси аукционда ғолиб чиққан талабгорга берилади, иккинчи нусхаси ер участкаси ажратиш тўғрисида қарор чиқариш учун белгиланган тартибда туман ҳокимига юборилади, учинчи нусхаси кимошди савдосига оид ҳужжатлар йиғма жилдига тикилади.

Агар аукционда ғолиб чиққан талабгор баённомани имзолашдан бош тортса, кимошди савдоси қайтадан эълон қилинади ва ўтказилади ҳамда талабгор тўлаган закалат пулидан маҳрум бўлади. Бунда, агар баённомани имзолашдан ёпиқ аукционда ғолиб чиққан талабгор бош тортган бўлса, қайта эълон қилинган кимошди савдоси ҳам албатта ёпиқ аукцион шаклида ўтказилади.


27. Аукцион ғолиби аукцион объекти учун таклиф қилган суммани 15 банк иш куни ичида тугатиш ҳисоб-рақамига пул ўтказиш йўли билан ёки нақд пул билан тўлаши шарт. Бунда талабгор томонидан тўланган закалат суммаси аукцион объекти учун тўловни амалга оширишда ҳисобга олинади.

Аукцион ғолиби тўлов бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, кимошди савдоси қайтадан эълон қилинади ва ўтказилади. Ўзининг мажбуриятини бажармаган ғолиб кимошди савдосида қатнашиш учун тўлаган закалат пулидан маҳрум бўлади. Бунда, агар ўз мажбуриятларини ёпиқ аукционда ғолиб чиққан талабгор бажармаган тақдирда, қайта эълон қилинган кимошди савдоси ҳам албатта ёпиқ аукцион шаклида ўтказилади.


28. Агар бирон-бир лойиҳада жойлашган боғ ва узумзорга ўтказиладиган ёпиқ кимошди савдосига қатнашиш учун талабгорлар бўлмаса ёки унда фақат битта талабгор қатнашса, аукцион ўтказилмаган ҳисобланади ва уни ўтказиш Махсус комиссия қарори билан бир ҳафта муддатга кечиктирилади. Ушбу аукционда қуйидагилар қатнашишга ҳақли:

кимошди савдосида қатнашиш учун ариза берган, бироқ ўтказилган кимошди савдоларининг ҳеч бирида ғолиб чиқмаган талабгорлар;

кимошди савдосида қатнашиш учун ариза берган, бироқ фақат битта аукцион объекти бўйича ўтказилган аукционда ғолиб чиққан талабгорлар, агар мазкур Низомнинг 6-банди талабларига мувофиқ, умумий йиғилиш томонидан чеклов 2 та боғ ва узумзор қилиб белгиланган бўлса;

кимошди савдосида қатнашиш учун ариза бермаган ва иштирок этмаган, бироқ кечиктирилган аукцион бошлангунгача 2 соат қолгунга қадар аукционда қатнашиш учун мазкур Низом талабларига мувофиқ барча ҳужжатларни тақдим этган қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати)нинг аъзолари ва пайчилари.

Кечиктирилган аукцион мазкур Низомда белгиланган тартибда ўтказилади. Агар ушбу аукционда ҳам қатнашиш учун талабгорлар бўлмаса ёки битта талабгор қатнашса, қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати) умумий йиғилишининг қарори билан мазкур боғ ва узумзорни очиқ кимошди савдосида сотиш тўғрисида эълон берилиши мумкин.


29. Боғ ва узумзорларни очиқ ким ошди савдосида сотиш мазкур соҳада муайян иш стажи ва малакаларига эга бўлган ҳар қандай шахслар ўртасида амалга оширилади.

Очиқ кимошди савдосида талабгор қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)нинг фақат битта лойиҳасида жойлашган боғ ва узумзор бўйича кимошди савдосида қатнашиш учун ариза тақдим этишга ҳақли.

Шунингдек қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)нинг 2 та лойиҳасида жойлашган боғ ва узумзорлар бўйича ўтказилган кимошди (шу жумладан, ёпиқ ким ошди) савдоларида ғолиб чиққан талабгорлар мазкур очиқ кимошди савдосида иштирок этишга қўйилмайди.


30. Очиқ кимошди савдосида иштирок этиш истагини билдирган шахс савдода қатнашиш учун Махсус комиссияга боғдорчилик ва узумчилик соҳасида иш стажи ва малакасини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхасини ҳамда мазкур Низомнинг 10-бандида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этиши шарт (10-банднинг тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳужжатлар бундан мустасно).

Қуйидаги ҳужжатлар мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иш стажи ва малакани тасдиқловчи ҳужжатлар сифатида тан олиниши мумкин:

мева-сабзавотчилик ва узумчиликка ихтисослашган қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати) ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхонасида камида 1 йил муддат давомида ишлаганлиги (ишлаётганлиги) кўрсатилган меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси;

талабгорнинг 1 йилдан ортиқ муддат давомида ижара, пудрат ёки меҳнат шартномалари асосида боғ ва узумзорларни яратиш, парваришлаш ва сақлаш билан боғлиқ ишларни бажарганлигини тасдиқловчи тегишлича ижара шартномаси, пудрат шартномаси ёки меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхалари;

мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида мутатахассисликни тасдиқловчи таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхалари;

мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иш стажи ва малакани тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.


31. Очиқ кимошди савдосида талабгорлар фақат ариза берган аукцион объектлари бўйича аукционда қатнашиши мумкин ва бундай аукционни ўтказишда мазкур Низомнинг 24-банди талаблари татбиқ этилмайди.


32. Қуйидаги ҳолларда кимошди савдоси Махсус комиссиянинг қарорига мувофиқ қайтадан эълон қилинади ва ўтказилади:

1) кимошди савдоси қонунчиликда белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда;

2) мазкур Низомда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Кимошди савдосини ҳақиқий эмас деб топилиши унинг натижаси тўғрисида тузилган баённоманинг ҳақиқий эмаслигига сабабчи бўлади.


33. Кимошди савдосида қатнашиш учун тўланган закалат пули Махсус комиссия томонидан қуйидаги муддатларда ва тартибда қайтарилади:

кимошди савдосида қатнашиш рад этилган шахсларга - рад этилган кундан бошлаб уч банк иш кунидан кечиктирмай;

очиқ кимошди савдосида ғолиб чиқмаган талабгорларга - аукцион ўтказилган кундан бошлаб уч банк иш кунидан кечиктирмай;

ёпиқ кимошди савдосида ғолиб чиқмаган талабгорларга - қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати)нинг энг охирги боғ ва узумзори бўйича ўтказилган аукцион кунидан бошлаб уч банк иш кунидан кечиктирмай;

агар аукцион мазкур Низомнинг 28-банди талабларига мувофиқ кечиктирилган бўлса, лекин мазкур аукционда ҳам талабгорлар бўлмаганлиги ёки фақат битта талабгор қатнашганлиги сабабли қайта кимошди савдоси эълон қилинган бўлса - қайта кимошди савдоси ўтказиш тўғрисида Махсус комиссия қарори қабул қилинган кундан бошлаб уч банк иш кунидан кечиктирмай. Бунда, талабгорнинг ёзма мурожаатига кўра, мазкур закалат пули қайтарилмасдан, кейинги кимошди савдоси ҳисобига қабул қилиниши мумкин;

нақд пул кўринишида тўланган закалат пули нақд пулда, пул ўтказиш йўли билан тўланган закалат пули эса пул ўтказиш йўли билан қайтарилади.



IV. БОҒ ВА УЗУМЗОРЛАР ЖОЙЛАШГАН ЕР

УЧАСТКАСИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚНИ ҲАМДА ИЖАРАГА

ОЛИШ ШАРТНОМАСИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


34. Кимошди савдосида ғолиб чиққан талабгор боғ ва узумзор учун тўловни тўлиқ тўлаганидан сўнг Махсус комиссия кейинги кундан кечиктирмай кимошди савдоси натижаси тўғрисидаги баённомани боғ ва узумзор жойлашган ер участкасини фермер хўжалиги юритиш учун бериш тўғрисида қарор чиқариш учун туман ҳокимига юборади.

Туман ҳокими уч кун мобайнида фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси бериш тўғрисида қарор чиқаради ва уч кун муддатда ушбу қарорни ҳамда кимошди савдоси натижаси тўғрисидаги баённоманинг бир нусхасини вилоят ҳокими бошчилик қиладиган ер участкалари бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқувчи вилоят комиссиясига тасдиқлаш учун юборади.

Боғ ва узумзорлар жойлашган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини расмийлаштириш ва рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сон қарорида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бунда ижара шартномасида фермер хўжалигининг қуйидаги мажбуриятлари албатта назарда тутилиши лозим:

мавжуд ихтисослашувни сақлаб қолиш;

боғ ва узумзорлардан, шунингдек ажратилган лимит бўйича сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


35. Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативининг (ширкатининг) боғ ва узумзорларини кимошди савдосида сотиш билан боғлиқ барча ҳужжатлар Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низомда (2005 йил 19 ноябрь, рўйхат рақами 1523) белгиланган тартибда алоҳида йиғма жилдларда юритилади ва сақланади. Уларда кимошди савдосига берилган эълон, талабгорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, аукцион натижаси тўғрисидаги баённоманинг бир нусхаси ҳамда кимошди савдосини ўтказиш билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатлар тикилиши шарт.


36. Боғ ва узумзорларни кимошди савдосида сотишдан тушган маблағлар, энг аввало, тугатилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати)нинг кредиторлик қарзини узишга йўналтирилади, маблағларнинг қолган қисми қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати)нинг пайчилари ўртасида уларнинг пайларига мутаносиб равишда тақсимланади.


37. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитаси ва "Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг" Холдинг компанияси билан келишилган.






Низомга

ИЛОВА


Кимошди савдосида қатнашиш учун тақдим

этилган аризаларни рўйхатга олиш

КИТОБИ

N


Ариза

берган

шахснинг

Ф.И.Ш.


Ло-

йиҳа-

ра-

қами


Боғ

ва

узум-

зор-

нинг

бош-

лан-

ғич

нархи


Ким-

ошди

савдо-

сига

эълон

бери-

лган

сана


Ари-

зани

қабул

қи-

лин-

ган

са-

наси


Зака-

лат

сум-

маси

ва уни

тўлан-

ган-

лиги

тўғ-

риси-

даги

тўлов

ҳуж-

жати

рақа-

ми ва

санаси


Чип-

та ва

махсус

рақам-

ли

бел-

гини

берил-

ган-

лиги

сана-

си ва

талаб-

гор

имзоси


Ким-

ошди

сав-

доси-

да

қат-

на-

шиш

рад

этил-

ган-

лиги

тўғ-

риси-

даги

хат

рақа-

ми ва

санаси


Аук-

цион

ўтка-

зилган

кун


Аук-

цион

нати-

жаси

(ғолиб

чиқди

ёки

ғолиб

чиқ-

мади)

ҳамда

ғолиб

чиқ-

қан

лойи-

ҳа ра-

қами


Боғ

ва

узум-

зор

учун

тўлан-

ган

сум-

ма ва

тўлов

ҳуж-

жати

сана-

си ва

рақа-

ми


Ер

участ-

каси

ажра-

тиш

учун

туман

ҳоки-

мига

юбо-

риш

сана-

си


Бошқа

маъ-

лумот-

лар*



























*) Бошқа маълумотлар сатрида закалат пулини қайтаришга доир (тўлов ҳужжати санаси ва рақамини кўрсатган ҳолда), кимошди савдосини кечиктиришга ва қайта ўтказишга доир (қайта ўтказиш асосларини кўрсатган ҳолда) ҳамда кимошди савдосини ўтказишга оид бошқа барча маълумотлар кўрсатилиши мумкин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 4-5-сон, 30-модда.