язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Монополияга қарши сиёсат. Табиий монополиялар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.09.2000 й. 364-сон "Табиий монополиялар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари хақида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.09.2000 й.

N 364



"ТАБИИЙ МОНОПОЛИЯЛАР ТЎҒРИСИДА"ГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ХАҚИДА


"Табиий монополиялар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ижро этиш ва табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги табиий монополия субъектлари фаолиятини нархлар билан тартибга солувчи ваколатли орган ҳисобланади.


2. Табиий монополия субъектларининг товарлари (ишлари, хизматлари)га нархлар (тарифлар) белгилаш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


5. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда идоравий меъёрий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                     И. Каримов





Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 21 сентябрдаги

364-сон қарорига

1-ИЛОВА



Табиий монополия субъектларининг

товарлари (ишлари, хизматлари)га

нарх (тарифлар) белгилаш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Табиий монополиялар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган ва табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган товарлар (ишлар, хизматлар)га (кейинги ўринларда товарлар деб аталади) нархлар (тарифлар)ни ёки уларнинг энг юқори даражаларини белгилаш тартибини ўрнатади.


2. Табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган товарларга нархлар (тарифлар) ёки уларнинг энг юқори даражалари (почта алоқаси универсал хизматларига тарифлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ёки унинг топшириғига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармалари (кейинги ўринларда нархларни бошқариш органи деб юритилади) томонидан тасдиқланади.

Почта алоқаси универсал хизматларига тарифлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда почта алоқаси ва телекоммуникациялар соҳасида махсус вакил қилинган орган томонидан белгиланади.


II. НАРХЛАР (ТАРИФЛАР)НИ ШАКЛЛАНТИРИШ,

КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


3. Давлат ёки хўжалик бошқаруви органлари таркибига кирмайдиган табиий монополия субъектлари нархлар (тарифлар) лойиҳаларини кўриб чиқиш учун бевосита нархларни бошқариш органига тақдим этадилар.

Башарти, табиий монополия субъекти давлат ёки хўжалик бошқаруви органлари таркибига кирган тақдирда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган товарларнинг нархлари (тарифлари) ёки уларнинг энг юқори даражалари лойиҳаларини кўриб чиқиш учун нархларни бошқариш органига давлат ва хўжалик бошқаруви органлари тақдим этадилар.


4. Товарларга нархларни (тарифларни) ёки уларнинг энг юқори даражаларини белгилаш учун табиий монополия субъектлари нархларни бошқариш органига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилади:

а)нархлар (тарифлар) ёки уларнинг энг юқори даражалари лойиҳаси;

б)охирги ҳисобот даври ва прогноз қилинаётган давр учун қуйидаги кўрсаткичларни ўз ичига олувчи нархлар (тарифлар) ёки уларнинг энг юқори даражалари лойиҳасини асословчи ҳужжатлар:

товарлар ишлаб чиқариш (сотиш) чиқимлари;

иш ҳақини ёйиб кўрсатиш;

хом ашё ва материаллар қийматини ёйиб кўрсатиш;

фойдаланиш харажатларини (юклама харажатларни, шу жумладан амортизация ажратмаларини) ёйиб кўрсатиш;

ялпи фойдани, давр харажатларини (шу жумладан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни) ёйиб кўрсатиш;

такрор ишлаб чиқариш учун инвестицияларга бўлган эҳтиёж;

давлат дотацияларига ёки давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа чора-тадбирларига бўлган эҳтиёж.

Зарурият бўлганда нархларни бошқариш органи қарор қабул қилиш учун зарур бўлган бошқа ахборотни сўраб олишга ҳақлидир.


5. Товар ишлаб чиқариш чиқимларини аниқлашда табиий монополия субъектлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг тегишли идоравий норматив ва услубий ҳужжатларига амал қиладилар.


6. Нархларни бошқариш органи нархларни (тарифларни) ёки уларнинг энг юқори даражаси лойиҳаларини кўриб чиқиш учун барча зарур ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда олинган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда қарор қабул қилиши шарт.


7. Табиий монополия субъектлари томонидан нархларни (тарифларни) асослаш бўйича ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда ёки иқтисодий асосланмаган ҳисоб-китоблар билан тақдим этилган тақдирда нархларни бошқариш органи уч кун муддатда мавжуд камчиликларни ёзма равишда асослаган ҳолда нархлар (тарифлар) лойиҳаларини қайта ишлашга қайтаради.

Бундай ҳолларда нархлар (тарифлар)ни тасдиқлаш бўйича қарор қайта ишланган ҳужжатларнинг тўлиқ туркуми олинган кундан бошлаб 5 кун мобайнида қабул қилинади.

Нархлар (тарифлар) даражаси бўйича қарор қабул қилишда нархларни бошқариш органи уларнинг истеъмолчининг маҳсулотлари нархларига таъсирини ҳисобга олади.


8. Нархларни бошқариш органининг табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган товарлар нархларини (тарифларини) ёки уларнинг юқори даражасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори улар кучга киришидан 15 кун олдин табиий монополия субъектлари томонидан оммавий ахборот воситаларида мажбурий тартибда эълон қилинади.


9. Табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган товарлар нархларини (тарифларини) ёки уларнинг юқори даражасини белгилашда табиий монополия субъектлари кейинчалик нархларни бошқариш органини хабардор қилган ҳолда улар даражасини мустақил пасайтириш ҳуқуқига эга бўладилар.


10. Товарларни республика ташқарисига етказиб берувчи табиий монополия субъектлари улар бўйича ҳисоб-китобларни шартномавий (эркин) нархлар бўйича амалга оширадилар.



III. НАРХЛАР (ТАРИФЛАР) ШАКЛЛАНТИРИЛИШИ

ВА ҚЎЛЛАНИЛИШИ УСТИДАН ДАВЛАТ НАЗОРАТИ


11. Мазкур Низомга риоя қилиниши устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг бўлинмалари (кейинги ўринларда давлат монополияга қарши органи) томонидан амалга оширилади.

12. Назоратни амалга ошириш учун давлат монополияга қарши органи давлат ва хўжалик бошқарув органларидан ёки табиий монополия субъектларидан тасдиқланган нархлар (тарифлар)ни ёки уларнинг энг юқори даражаларини асослаш бўйича материалларни сўраб олишга ҳақлидир.


13. Белгилаб қўйилган ва чекланган нархлар (тарифлар)ни ҳамда устамаларни ошириб юбориш, нархлар (тарифлар)ни белгилаш учун ёки рентабелликнинг чекланган даражасини аниқлаш учун молия органларига нотўғри ахборот бериш, уларнинг ошириб юборилишига сабаб бўлган устамаларни қўллаш, шунингдек маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) қийматига уларнинг нархида ҳисобга олинган амалда ишлатилмаган материалларни ёки бажарилмаган ишларни киритиш ҳоллари монополияга қарши давлат органи томонидан аниқланган тақдирда асоссиз олинган даромад (фойда)ни бевосита истеъмолчига қайтариш ёҳуд истеъмолчиларни аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига очиладиган махсус транзит ҳисоб рақамига (кейинги ўринларда махсус транзит ҳисоб рақами деб аталади) ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Асоссиз олинган даромад (фойда) маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)ни оширилган нархлар ва тарифлар бўйича (уларга қўшимча тўлов, чегирмалар ва шу кабиларни ҳисобга олган ҳолда) сотишдан амалда олинган тушум билан қонун ҳужжатларига мувофиқ шакллантирилган нархлар ва тарифлар бўйича (уларга қўшимча тўлов, чегирмалар ва шу кабиларни ҳисобга олган ҳолда) айнан шу маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)нинг қиймати ўртасидаги тафовут сифатида аниқланади.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган монопол маҳсулотларнинг айрим турлари табиий монополиялар субъектлари томонидан биржа савдолари ва аукционлар орқали, шунингдек биржа (аукцион) котировкаларининг ўртача нархларига кўра тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотилганда, декларация тўлдирилган чекланган нарх ошириб юборилганлиги учун уларга нисбатан жазо қўлланилмайди.

Табиий монополиялар субъектлари томонидан технологик жараёнларни такомиллаштириш ҳамда ресурсларни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш йўли билан ёқилғи-энергетика ресурслари, хом ашё ва материалларни тежаш натижасида қўшимча даромад (фойда) олиш мазкур Низомнинг бузилиши ҳисобланмайди ҳамда ушбу даромад (фойда) олиб қўйилмайди.

Махсус транзит ҳисоб рақамига тушадиган маблағлар ва жарималар ойига икки марта (ойнинг 17-кунигача ва ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-кунигача) қуйидаги тартибда тақсимланади:

маблағларнинг 80 фоизи - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети даромадига;

маблағларнинг 20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармасига.

14. Табиий монополия субъектлари томонидан янги нархлар (тарифлар)ни ёки уларнинг энг юқори даражаларни амалга киритиш муддатларига риоя қилмаслик ҳоллари аниқланган тақдирда асоссиз олинган даромад янгидан жорий этилган ва илгари амалда бўлган нархлар (тарифлар) ўртасидаги фарқнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилганига нисбатан қисқартирилган кунлар даврида сотилган товар ҳажмига кўпайтириш орқали аниқланади.


15. Мазкур Низом бузилишини мустақил равишда аниқлаган ва бунинг натижасида ортиқча сумма олган табиий монополия субъекти уларни истеъмолчига қайтаради ёҳуд истеъмолчиларни аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига ўтказади. Бу ҳолда жарима қўлланмайди.

Мазкур Низомнинг бузилиши монополияга қарши орган томонидан аниқланган тақдирда ноқонуний олинган сумманинг 10 фоизидан 20 фоизигача, айнан шу бузилиш жарима қўллангандан кейинги икки йил мобайнида такроран аниқланган тақдирда эса - 20 фоизидан 50 фоизигача жарима қўлланади.

Жарима солиш суд тартибида, тайёрловчилар (ижрочилар, сотувчилар) томонидан содир этилган қонунни бузиш айби тан олинганда ва жарима ихтиёрий равишда тўланганда эса - монополияга қарши давлат органи томонидан амалга оширилади.

Хўжалик фаолияти субъектининг охирги ҳисобот санасидаги жорий активлари суммасининг 20 фоизидан ортиқ бўлган жаримани ундириш унга жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 6 ой мобайнида тўловларни ҳар ойда бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берган ҳолда амалга оширилади.


IV. ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА РИОЯ

ЭТИЛМАГАНЛИГИ УЧУН ТАБИИЙ

МОНОПОЛИЯЛАР СУБЪЕКТЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


16. "Табиий монополиялар тўғрисида"ги қонун ҳужжатларига риоя этилмаганлиги учун табиий монополия субъектларига нисбатан "Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ жазолар қўлланилади.





Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 21 сентябрдаги

364-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

ўз кучини йўқотган қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Коммунал хизматларнинг ўз харажатларини ўзи қоплашига босқичма-босқич ўтиш тўғрисида" 1994 йил 7 февралдаги 54-сон қарорининг 2-банди тўртинчи хатбоши.


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Аҳолига сотиладиган электр энергияси тарифлари тўғрисида" 1994 йил 8 сентябрдаги 453-сон қарорининг 1-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1994 йил, 9-сон, 43-модда).


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Аҳолига сотиладиган кўмир, табиий ва суюлтирилган газ учун шартномавий (эркин) нархларга ўтиш тўғрисида" 1994 йил 8 сентябрдаги 454-сон қарорининг 2-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1994 йил, 9-сон, 44-модда).


4. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида кичик гидроэнергетикани ривожлантириш тўғрисида" 1995 йил 28 декабрдаги 476-сон қарори 5-бандининг биринчи хатбоши.


5. Вазирлар Маҳкамасининг "Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида" 1997 йил 31 мартдаги 165-сон қарори билан тасдиқланган "Нархлар (тарифлар)ни шакллантириш ва уларнинг қўлланилишини назорат қилиш тартиби"нинг 2-банди учинчи хатбоши ва III бўлими.



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2000 й., N 9, 61-модда.