язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.04.2006 й. ПҚ-335-сон "Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси фаолиятини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.04.2006 й.

N ПҚ-335



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ

МУЛКИ ҚЎМИТАСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда хусусийлаштириш шакл ва услубларини такомиллаштириш, корхоналарни тўлиқ ва акцияларнинг давлат пакетларини хусусий мулкка сотиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар иқтисодиётнинг амалдаги барча соҳаларида мулкчилик муносабатларини тубдан ўзгартириш жараёнларини жадаллаштириш ва чуқурлаштириш учун шарт-шароит яратди. Давлат активлари ва акциялар пакетларини нолга тенг қиймат бўйича сотиш кейинги йилларда амалга оширилган хусусийлаштириш жараёнининг ўзига хос хусусияти ҳисобланади. Хусусий секторни кенгайтириш, кичик бизнес, фермер хўжаликлари ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида туб бурилиш амалга оширилди.

Шу билан бирга, Давлат мулки қўмитаси ва унинг жойлардаги органлари фаолиятини жиддий яхшилаш талаб этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари асосий эътиборни майда, иккинчи даражали масалаларга қаратиб, хусусийлаштиришнинг муҳим стратегик йўналишлари бўйича тегишли даражада ташаббускорлик кўрсатмаяпти, фонд бозорини кенгайтириш ва қимматли қоғозлар бозори, айниқса иккиламчи бозорни ривожлантиришни фаоллаштириш бўйича зарур чоралар кўрмаяпти.

Бозорда монопол мавқега эга бўлган, катта инвестициялар, жумладан хорижий инвестициялар оқимига, замонавий технологияларнинг жорий этилишига эҳтиёж сезаётган йирик компанияларни хусусийлаштириш бўйича ёндашувларни тубдан қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда. Кўплаб холдинг ва акционерлик компанияларнинг низом жамғармаларида акцияларнинг давлат пакетлари улуши асоссиз равишда юқорилигича сақланиб қолмоқда.

Давлат мулки қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг хусусийлаштирилган корхоналарда давлат активларини самарали бошқариш бўйича фаолияти қўйилган талабларга мутлақо жавоб бермайди. Давлатнинг ишончли вакиллари ва бошқарувчиларининг ишлари юзаки ташкил қилинган бўлиб, амалда "директорлар корпуси" акционерлик жамиятларини бошқариш тизгинини ўз қўлларида ушлаб турибди. Малакавий талаблар ва кузатув кенгашлари ишларини баҳолашни тартибга солувчи меъёрий базанинг йўқлиги акционерлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини фаол ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.

Кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш борасида жиддий камчиликлар мавжуд. Тизим ходимларини аттестация қилиш натижалари мутахассислар, айниқса ҳудудий бўлинмалар раҳбарларининг малакаси пастлигини кўрсатди. Бу қўмита олдига қўйилган вазифа ва функциялар қониқарсиз бажарилишининг асосий сабабларидан биридир.

Хусусийлаштириш жараёнларини янада фаоллаштириш, давлат мулкини бошқариш самарадорлигини ошириш, шунингдек Давлат мулки қўмитасининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси раҳбариятининг зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича иши қониқарсиз, деб топилсин.

Давлат мулки қўмитаси органлари ишидаги камчиликларни бартараф этиш, хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, корпоратив бошқарув тизимини мустаҳкамлаш, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришни таъминлашга доир тадбирлар 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича комплекси (Р. Азимов) тасдиқланган тадбирларни белгиланган муддатларда сўзсиз бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин. Қайд этилган тадбирлар ижроси натижалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига мунтазам маълумот берилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси бир ой муддатда давлат мулки улушига эга хўжалик юритиш жамиятларидаги кузатув кенгашлари фаолияти, улар томонидан 2005 йилги бизнес-режаларнинг бажарилишини, шунингдек белгиланган тартибда тасдиқланган 2006 йилги бизнес-режалар мавжудлигини атрофлича таҳлил қилсин.

Бизнес-режаларнинг асосий кўрсаткичлари бажарилмаган ёки жорий йил учун самарали бизнес-режалар мавжуд бўлмаган тақдирда ушбу хўжалик юритиш жамиятларидаги ишончли давлат вакиллари ёки компаниялар бошқарувчиларини алмаштиришни, ижрочи директорларни белгиланган тартибда лавозимидан озод этишни амалга оширсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

а) Вазирлар Маҳкамасида ҳар йили тасдиқланадиган жадвал асосида Кузатув кенгашлари раислари ва давлат активларига эга йирик компаниялар раҳбарларининг компанияларнинг аҳволи ва уларни ривожлантириш тўғрисидаги ҳисоботларини мунтазам тинглашни таъминласин ва натижаларга кўра уларнинг ишларини баҳоласин, жавобгарликнинг маъмурий чораларини қўлласин ва давлат органларининг Кузатув кенгашидаги аъзолари ҳамда компаниялар раҳбарларини эгаллаб турган лавозимидан озод этсин;

б) бир ой муддатда давлат мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги янгиланган низомни тасдиқласин. Бунда асосий эътибор қуйидагиларга қаратилсин:

давлат активларини хусусий мулкка сотишни амалга ошириш механизмини аниқ белгилаш;

олди-сотди шартномалари ва янги мулкдорнинг, жумладан, инвестиция мажбуриятлари, корхонанинг хусусийлаштиришдан кейинги барқарор фаолият юритиши, объектни харид қилиш пайтида тақдим этилган бизнес-режа кўрсаткичларини бажариши бўйича ўз зиммасига олган масъулиятини белгиловчи томонларнинг ўзаро мажбуриятлари ҳақидаги шартномалар моддаларининг аниқ мазмун-моҳиятга эгалиги;

объектлар ва корхоналарни улар жойлашган ер майдонлари билан бирга хусусийлаштириш;

акцияларни янги мулкдорга фақат у қийматини тўлиқ тўлаганидан ва инвестиция мажбуриятларини бажарганидан сўнг мулк қилиб бериш.


4. Қуйидагилар тасдиқлансин:

6-иловага* мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш бўйича маркази бошқарув ходимлари сони 93 бирликдан ошмаган ҳолда, шу жумладан, марказий аппарат ходимлари тузилмаси 25 бирликдан ошмаган ҳолда.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг қуйидаги таклифлари қабул қилинсин:

"Давинком" давлат инвестиция фирмасини тугатиш ва унинг функцияларини Давлат мулки қўмитаси марказий аппаратининг биржа ва биржадан ташқари савдоларда давлат активларини сотиш билан шуғулланувчи бўлинмаларига ва унинг ҳудудий бошқармаларига бериш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш илмий-текшириш институтини Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштириш, корпоратив бошқарув ва қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш марказига айлантириш;

"Мулкдор" газетасини "Биржа" газетасига айлантириш.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси:

бир ой муддатда Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари тўғрисидаги намунавий низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, бунда ҳудудий бошқармалар раҳбарлари ва мутахассисларининг вазифаларини, хусусийлаштириш бўйича ҳудудий дастурларни ўз вақтида амалга ошириш, давлат мулки бошқаруви самарадорлигини таъминлаш, инвесторлар зиммасидаги инвестиция мажбуриятларини бажарилиши учун шахсий масъулиятини аниқ белгилашга алоҳида эътибор қаратсин;

ҳайъатнинг ойлик йиғилишларида алоҳида ҳудудий бошқармалар ва уларнинг бўлимлари раҳбарларининг юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлар самарадорлиги тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаб боришни амалиётга жорий этсин, бунда уларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари, шу жумладан, эгаллаб турган вазифасидан озод этишгача бўлган чораларни қўлласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 17 июндаги 303-сонли "Давинком" инвестиция фирмасини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ва 2003 йил 24 июлдаги 325-сон "Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг кадрлар потенциалини мустаҳкамлаш ва фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ўз кучини йўқотган, деб топилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига ушбу қарордан келиб чиққан ҳолда қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни тақдим этсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  И. Каримов



*) 1-7-иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 17-сон, 140-модда.