язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.07.2006 й. 138-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 14 июлдаги

138-сон қарорига

1-ИЛОВА



Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда

юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро

ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини

лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Тижорат асосида амалга ошириладиган йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти лицензияланиши керак.

Тижорат асосида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйган табиий офатлар, эпидемиялар, йирик авариялар оқибатларини тугатиш ҳамда Ҳукуматнинг қарорлари бўйича авария-қутқариш ва тиклаш ишлари амалга оширилиши ва мурувват юклари етказиб берилиши талаб этилиши билан боғлиқ ташишларни амалга оширишга, электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни сотувчига ва етказиб берувчига шахсий мулк, ижара ва бошқа фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган автомобиль транспортида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб етказиб беришга, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно, шунингдек "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасида назарда тутилган корхоналар ва муассасаларга лицензия олиш талаб этилмайди.

Лицензияловчи ташкилот автомобиль йўллари бўйлаб автотранспорт воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида лицензия олишдан озод этилган корхоналар ва муассасаларнинг аризасига кўра ариза берувчи томонидан аризани кўриб чиққанлик учун белгиланган миқдордаги йиғимни тўлаш шарти билан мазкур автотранспорт воситаларига лицензия карточкалари беришга ҳақли.

3. Лицензия бериш, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар лицензияловчи органлар томонидан:

Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги томонидан (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) - Ўзбекистон Республикасида йўловчи ва юкларни халқаро ташиш бўйича;

Агентликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан - шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро йўловчи ва юкларни ташиш бўйича.

4. Агентликка лицензияловчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш, лицензиялаш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги лицензияларнинг йиғма реестрини юритиш, лицензияловчи органлар томонидан автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш ваколатлари юкланади.


5. Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш ҳуқуқи учун намунавий (оддий) лицензиялар берилади.

Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёхуд унинг қуйидаги қисмларига берилади:

а) йўловчиларни шаҳарда автобусларда ташиш;

б) йўловчиларни шаҳарда микроавтобусларда ташиш;

в) йўловчиларни шаҳарда енгил автомобилларда ташиш;

г) йўловчиларни шаҳар атрофида автобусларда ташиш;

д) йўловчиларни шаҳар атрофида микроавтобусларда ташиш;

е) йўловчиларни шаҳар атрофида енгил автомобилларда ташиш;

ж) йўловчиларни шаҳарлараро йўналишлар бўйича автобусларда ташиш;

з) йўловчиларни шаҳарлараро йўналишлар бўйича микроавтобусларда ташиш;

и) йўловчиларни шаҳарлараро йўналишлар бўйича енгил автомобилларда ташиш;

к) йўловчиларни халқаро йўналишлар бўйича автобусларда ташиш;

л) йўловчиларни халқаро йўналишлар бўйича микроавтобусларда ташиш;

м) йўловчиларни халқаро йўналишлар бўйича енгил автомобилларда ташиш;

о) юкларни автомобиль транспортида шаҳарда ва шаҳар атрофида ташиш;

р) юкларни автомобиль транспортида шаҳарлараро йўналишлар бўйича ташиш;

с) юкларни автомобиль транспортида халқаро йўналишлар бўйича ташиш.

Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юк автомобили ёки шатакчи автомобиль ҳамда хорижий давлат ҳудудида рўйхатга олинган тиркама ёки ярим тиркамадан иборат транспорт воситалари таркибидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган халқаро ташишда юк автомобили ёки шатакчи автомобилга олинган лицензия транспорт воситаларининг бутун таркиби учун амал қилади.

Халқаро йўналишларда юкларни ташишни амалга ошириш ҳуқуқига лицензияга эга бўлган автомобилда миллий юк ташувчилар унга мувофиқ шаҳарлараро йўналишларда юк ташишни амалга ошириш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.

Лицензиат лицензияловчи органга мурожаат қилганда бир ариза бўйича ушбу лицензияловчи орган томонидан бериладиган лицензия турларининг бир неча қисмини олиш ҳуқуқига эга.

6. Лицензия амал қилиш муддати чекланмасдан берилади.

7. Лицензия билан бирга ҳар бир автотранспорт воситасига лицензия карточкаси берилади.

Лицензия карточкаси - лицензия талаблари ва шартларига мажбурий тарзда риоя қилинган ҳолда йўловчилар ва юкларни ташишда фойдаланиладиган ҳар бир автотранспорт воситасига лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун бериладиган рухсатнома (лицензия).

Ҳар бир автотранспорт воситасига лицензия карточкаси лицензиянинг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга берилади. Агар ашёвий ҳуқуқларнинг ёки ижара шартномасининг амал қилиш муддати лицензиянинг амал қилиш муддатидан кам бўлса, лицензия карточкасининг амал қилиш муддати ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара шартномасининг амал қилиш муддати билан чекланади. Лицензия карточкасининг амал қилиши лицензия карточкаси берилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Тижорат ташувларида лицензия карточкалари билан таъминланмаган автомобиль транспорти воситасидан фойдаланиш ноқонуний ҳисобланади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга олиб келади.

8. Қуйидагилар:

лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензияловчи орган қарорига биноан бериладиган лицензия билан биргаликда - биринчи лицензия карточкалари;

лицензия талабгорининг аризасига кўра автотранспорт воситалари ҳаракатдаги таркиби кўпайган тақдирда мавжуд лицензия асосида - қўшимча лицензия карточкалари;

ушбу Низомнинг 23-бандида назарда тутилган ҳолатларда, шунингдек автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси ўзгарганда, автотранспорт воситасининг юк кўтариш ёки йўловчи сиғими кўпайганда (камайганда), бир автотранспорт воситаси шу классдаги бошқа автотранспорт воситасига алмаштирилганда ушбу автотранспорт воситасига мавжуд лицензия карточкалари асосида лицензия талабгорининг лицензия карточкаларини қайта расмийлаштириш бўйича аризасига кўра - қайта расмийлаштирилган лицензия карточкалари берилади;

лицензия талабгорининг аризасига кўра йўқотиб қўйилган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига - лицензия карточкаларининг дубликатлари берилади.

Ҳар бир ҳолатда ариза берувчи (лицензия талабгори ёки лицензиат) автотранспорт воситаларининг мулк ҳуқуқи, ашёвий ҳуқуқлар билан ёки ижара асосида тегишлилигини, шунингдек автотранспорт воситаларининг техник жиҳатдан созлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга автотранспорт воситаларининг рўйхатини тақдим этади, дубликат бериш ҳолати бундан мустасно.



II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


9. Қуйидагилар автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) лицензиат томонидан автотранспорт воситаларидан фойдаланишда, уларни шайлашда қонун ҳужжатларига, ташиш қоидаларига мажбурий риоя қилиниши, йўл-транспорт ҳодисларининг олдини олиш чора-тадбирларининг амалга оширилиши;

б) штатда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган, тегишли лавозимни эгаллаш ҳуқуқи учун Агентлик томонидан белгиланган тартибда аттестациядан ўтган мансабдор шахсларнинг мавжуд бўлиши;

в) лицензиат фойдаланаётган ҳар бир автотранспорт воситаси учун лицензия карточкаси мавжуд бўлиши;

г) автотранспорт воситасининг белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтганлигини ва техник жиҳатдан созлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши;

д) автомобиль транспортида юк ташувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг ва юридик шахс ходимларининг автомобиль транспортида йўловчилар ва юк ташишларни амалга оширишда қўйиладиган малака талабларига мувофиқлиги;

е) қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқароларнинг айрим тоифалари имтиёзли ташилиши;

ж) тендерлар натижалари бўйича, ваколатли органлар билан шартнома асосида йўловчиларни йўловчилар ҳуқуқларига, ҳаракатланишнинг белгиланган жадвалларига, транспортда юриш тарифларига риоя этган, йўловчиларнинг белгиланган тоифаларини текин ва имтиёзли тарзда ташишни таъминлаган, қоида бузиш, антисанитария ҳолларига хизмат кўрсатишнинг сифатининг паст бўлишига йўл қўймаган ҳолда автомобилда мунтазам ташиш (йўналишли таксилардан ташқари);

з) ташиш ва ёнғин хавфсизлиги талабларини бажариш, автотранспорт воситасини техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаш, уни асраш, техник кўрикдан ўтказиш, техника хавфсизлигини таъминлаш, автотранспорт воситаларини йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан ўтказиш ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш;

и) янгидан олинаётган ва тўлдирилаётган автотранспорт воситаларига лицензиатлар томонидан қўшимча лицензия карточкаларининг ўз вақтида олиниши;

к) шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро йўналишда автомобилда ташишларни амалга ошираётган автотранспорт воситаларида сервис устахонасининг тамғаси қўйилган назорат приборлари (тахографлар) мавжуд бўлиши;

л) йўналишсиз таксиларнинг техник ҳолати ва асбоб-ускуналарининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига, ташқи кўринишига ва анжомларига, ягона таниш белгилари билан жиҳозлашга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги.

Лицензия битимида мазкур бандда санаб ўтилганлардан аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.



III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


10. Лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) юридик шахс учун - юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами; жисмоний шахс учун юк ташиш ҳуқуқига лицензия олишда - фамилияси, исми, отасининг исми, паспортга оид маълумотлар ва ҳайдовчилик гувоҳномаси; фаолиятнинг лицензияланадиган тури (ёхуд унинг бир қисми) ва фаолиятнинг мазкур тури амалга ошириладиган муддат кўрсатилган ҳолда лицензия бериш тўғрисидаги ариза;

в) мавжуд автотранспорт воситаларининг мулк ҳуқуқи, бошқа ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара шартномалари тўғрисидаги маълумотлари, шунингдек Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматининг тегишли бўлинмаси томонидан берилган автотранспорт воситасининг техник жиҳатдан соз эканлиги тўғрисида белги қўйилган автотранспорт воситаси техник паспортининг ёки автотранспорт воситалари гуруҳи техник кўрикдан ўтказилганлиги далолатномасининг нусхаси;

г) лицензия талабгорида ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ва автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ёхуд лицензия талабгорининг тегишли ихтисосликдаги ташкилот билан унга тиббий кўрик ва техник кўрикдан ўтиш имконияти берилиши тўғрисидаги шартномаси нусхаси мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар;

ж) лицензия талабгори томонидан ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


11. Ҳужжатлар лицензияловчи органга бевосита лицензия талабгори томонидан ёхуд улар олинганлигини тасдиқловчи билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали ёки электрон шаклда етказиб берилади.

Тақдим этилган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади, уларнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана кўрсатилган ҳолда зудлик билан ариза берувчига топширилади (юборилади).


IV. АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА

ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


12. Лицензияловчи орган томонидан лицензия/лицензия карточкаси талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

13. Лицензия/лицензия карточкаси талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси Агентлик банкдаги ҳисоб рақамига ўтказилади. Лицензия/лицензия карточкаси талабгори ўз ҳужжатлари кўриб чиқилаётган даврда берилган аризадан воз кечган тақдирда йиғим қайтарилмайди.

14. Автомобиль транспортида йўловчилар ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


15. Лицензия ва лицензия карточкалари бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланиш даражасига эга бўлади. Лицензия бланкалари ва лицензия карточкалари намуналари Агентлик томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади ҳамда уларнинг буюртмасига кўра "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида босмахона усулида тайёрланади. Лицензия ва лицензия карточкаси бланкаларининг ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун лицензияловчи орган раҳбари жавоб беради.

16. Лицензия талабгорига автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташишга лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн иш кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.

Лицензияловчи орган лицензия талабгорини қарор қабул қилингани тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин уч иш куни мобайнида хабардор қилади.


16-1. Агар Агентлик лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати мобайнида лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қилмаса, у ҳолда кўрсатиб ўтилган муддат тамом бўлгандан кейин лицензия талабгори ўзи ариза берган фаолиятни, бу ҳақда Агентликни ёзма равишда хабардор қилиб, амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган ҳолатда Агентлик лицензия талабгорининг ёзма билдиришномаси олингандан кейин беш иш куни мобайнида унга лицензияни беришга мажбур.

17. Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия битими илова қилинган ва банк ҳисоб рақамининг реквизитлари, давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма ёки электрон шаклда лицензия талабгорига юборилади (топширилади).

Лицензия лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгори давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этгандан ва лицензия битимини имзолагандан кейин икки кун муддатда расмийлаштирилади.

Лицензия лицензияловчи орган (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади ва лицензиатларга лицензияловчи орган томонидан берилади.


18. Лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган ёхуд лицензия битимини имзоламаган тақдирда, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилишга ҳақлидир.


19. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


20. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

21. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия талабгорининг рад этиш сабаблари бартараф этилгани тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганини тасдиқловчи ҳужжатлар олинган кундан бошлаб беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Ҳужжатларни такрорий кўриб чиқишда лицензияловчи орган томонидан ариза берувчига илгари ёзма равишда баён қилинмаган рад этиш сабаблари кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Рад этиш сабаблари бартараф этилганини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ бўлган рад этиш сабабларини кўрсатиш бундан мустасно.

Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



V. ЛИЦЕНЗИЯ БИТИМЛАРИ,

ЛИЦЕНЗИЯЛАРНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

УЛАРНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ

УЗАЙТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


22. Лицензияловчи орган билан лицензиат ўртасидаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи лицензия битимлари лицензияловчи орган ва лицензиат ўртасида тузилади ҳамда уларда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг (ёки фаолият тури қисмларининг) номи;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилиши устидан лицензияловчи органнинг назорат қилиш тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.


23. Лицензиат - юридик шахс ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида лицензияловчи органга ариза бериши шарт.

Лицензиат - жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки яшаш жойи ўзгарган тақдирда лицензиат қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида лицензияловчи органга ариза бериши шарт.

Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга юридик шахслар - лицензиатлар қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

Лицензиянинг амал қилиши лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тўхтатилган тақдирда, лицензия қайта расмийлаштирилади.

Лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


24. Лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияларни қайта расмийлаштириш тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи орган томонидан олинган кундан ёки лицензиянинг амал қилишини лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.

25. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензиат томонидан лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати тамом бўлгунгача икки ойдан кечикмай берилиши керак.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки уни узайтиришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда қабул қилинади.


26. Йўқотиб қўйилган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган амал қилиш муддати тугамаган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин.

Лицензияловчи орган лицензия дубликатини тегишли ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида бериши керак.

Лицензия дубликати беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.


VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


27. Лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текширади;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонунда белгиланган тартибда режадан ташқари текширади;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўлувчи масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўрайди ва олади;

текширишлар натижалари асосида лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузади;

аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқаради, бундай қонун бузилишларини бартараф этиш муддатларини белгилайди;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёхуд уларни бекор қилиш масаласи бўйича қарор чиқаради ва/ёки судга мурожаат қилади;

автомобиль транспортида йўловчилар ҳамда юкларни ташиш фаолиятини лицензиясиз амалга оширишнинг аниқланган ҳоллари тўғрисидаги материалларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган чора-тадбирлар кўриш учун белгиланган тартибда солиқ органларига юборади.



VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ/ЛИЦЕНЗИЯ КАРТОЧКАСИНИНГ

АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ

28. Лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилишини тўхтатиб туриш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Бунда лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилиш муддатини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туради. Лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилиш муддатини ўн иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш лицензияловчи органнинг аризасига кўра суд томонидан амалга оширилади.

Лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор суд ёки лицензияловчи орган томонидан лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган (чиқарилган) кундан бошлаб уч иш кунидан кечикмай, лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатларнинг лицензиат томонидан бартараф этиш муддати кўрсатилган ҳолда етказилади.

Лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилган тақдирда лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилишини тўхтатиб турган лицензияловчи орган ёки ўзининг аризасига кўра лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилиши суд томонидан тўхтатиб турилган орган кўрсатиб ўтилган ҳолатларнинг бартараф этилгани тўғрисидаги тасдиқнома олинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида унинг амал қилишини тиклаш ёки тиклашни рад этиш тўғрисида қарор қабул килиши керак.

Лицензияловчи орган ёки суднинг лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан белгиланган тартибда шикоят берилиши мумкин.

Лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилишини тўхтатишда лицензияловчи орган лицензиатдан лицензия талаблари ва шартлари бузилишига йўл қўйилган автотранспорт воситасига берилган лицензия карточкасини олиб қўяди.

29. Лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилишини тўхтатиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Бунда лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарор лицензияловчи орган томонидан қуйидаги ҳолларда:

лицензиат лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

юридик шахс тугатилганда - тугатилган вақтдан бошлаб ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тўхтатилганда - қайта ташкил этиш вақтидан бошлаб, унинг ўзгартирилиши, шунингдек, янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга қайта ташкил этилаётган юридик шахслар қўшиб юборилиши бундан мустасно;

автомобиль транспортида шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташишни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг - лицензиатнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилганда;

автомобиль транспортида шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташишни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг - лицензиатнинг ҳуқуқий муомалага лаёқатлилиги чекланганда ёки у ҳуқуқий муомалага лаёқатли эмас деб эътироф этилганда;

лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилиш муддати тугаганда қабул қилинади.

Лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарор фақат суд томонидан қуйидаги ҳолларда:

лицензия талаблари ва шартлари мунтазам ёки бир марта қўпол тарзда бузилганда;

лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензияловчи орган ёки суд белгилаган муддатда лицензиат томонидан бартараф этилмаганда;

лицензияловчи органнинг лицензия/лицензия карточкаси бериш тўғрисидаги қарорининг ноқонунийлиги аниқланганда қабул қилинади.

Лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарор суд ёки лицензияловчи орган томонидан лицензиатга ёзма шаклда, қарорни пухта асослаган ҳолда қарор қабул қилинган (чиқарилган) санадан бошлаб беш кундан кечикмай етказилади. Лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилиши уни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб тўхтатилади.

Лицензияловчи орган ёки суднинг лицензиянинг/лицензия карточкасининг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори юзасидан белгиланган тартибда шикоят берилиши мумкин.

29-1. Қуйидагилар лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг қўпол тарзда бузилиши ҳисобланади:

лицензиатнинг штатида Агентлик томонидан белгиланган тартибда тегишли лавозимни эгаллаш учун аттестациядан ўтган, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган мансабдор шахсларнинг бўлмаслиги;

лицензиат томонидан ишлатиш учун белгиланган тартибда рухсат этилмаган ва йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан ўтмаган автотранспорт воситаларидан фойдаланилиши;

даврий тиббий кўрикдан ва йўлга чиқишдан олдин тиббий кўрикдан ўтмаган ҳайдовчиларнинг ишлашига йўл қўйилиши;

лицензия карточкалари билан таъминланмаган автотранспорт воситаларига йўл варақаларининг берилиши.

30. Лицензияни/лицензия карточкасини бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасида назарда тутилган тартибда ва ҳолатларда амалга оширилади.

Лицензияловчи органнинг лицензияни/лицензия карточкасини бекор қилиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма (электрон) шаклда, асосланган ҳолда қарор қабул қилинган кунидан бошлаб уч кундан кечикмай етказилади. Суднинг лицензияни/лицензия карточкасини бекор қилиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ва лицензияловчи органга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.

Бекор қилиш тўғрисидаги қарор лицензия берилган санадан бошлаб амал қилади.

Лицензияни/лицензия карточкасини бекор қилишда тўланган давлат божи қайтарилмайди.


VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


31. Лицензияловчи орган белгиланган тартибда лицензиялар реестрини юритади. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;

жисмоний шахс - якка тартибдаги тадбиркор - автомобиль транспортида юк ташишни амалга ошириш бўйича лицензиат учун - фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи;

лицензия ва лицензия карточкасининг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензия ва лицензия карточкасининг амал қилиш муддати;

автотранспорт воситасининг русуми ва давлат рўйхатидан ўтказилган рақами;

умуман фаолият турига ёки унинг бир қисмига лицензия бериш тўғрисидаги маълумотлар;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияларни бекор қилишнинг асослари ва санаси;

дубликатлар беришнинг асослари ва санаси.


32. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ бўлади.


IX. ДАВЛАТ БОЖИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


33. Автомобиль транспортида йўловчилар ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташишга лицензиялар берилганлиги ва уларнинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги учун давлат божи Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорларда ундирилади.

Автотранспорт воситалари сони тўлдирилган (кўпайтирилган) тақдирда давлат божи ҳар бир лицензия карточкаси учун қўшимча равишда ундирилади.

Лицензиялар берилганлиги учун ундириладиган давлат божи маблағлари Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг Автомобиль транспортини ривожлантириш жамғармасининг махсус ғазначилик ҳисобварағига ўтказилади ва илмий-тадқиқот ишлари, йўловчилар автовокзаллари ва автостанциялари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига қарашли бўлган умумий фойдаланишдаги йўловчи йўналишлари тўхташ пунктларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича илмий-тадқиқот ишларини, дастурларни молиялаштиришда, шунингдек, автотранспорт воситаларини харид қилиш ва автомобиль транспортини бошқариш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, "Ўзавтотранс" агентлигини сақлаш учун фойдаланилади.

Автотранспорт воситасининг юк кўтариш ёки йўловчи сиғими кўпайиши муносабати билан лицензия карточкасини қайта расмийлаштиришда давлат божи ундирилмайди.





Низомга

ИЛОВА



Автомобиль транспортида йўловчилар ҳамда

юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар




Субъектлар



Тадбирлар


Бажариш муддатлари





1-босқич

Лицензия талабгори - юридик шахс ва жисмоний шахс (юк ташиш)

         

1. Автомобиль транспортида йўловчилар ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.

2. Ҳужжатларни бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали етказиб беради.

          

Лицензия талабгори хоҳишига кўра
























2-босқич

Лицензияловчи орган

        

1. Масъул ходим ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилади, унинг нусхаси ҳужжатларни қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

2. Ҳужжатларни кўриб чиқади ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

              

1. Ҳужжатлар қабул қилинган кунда;

2. Ариза олинган кундан бошлаб 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатда;

3. Ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин 5 кун мобайнида.








3-босқич

Лицензияловчи орган

        

1. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.

2. Реестрга тегишли ёзувни киритади.

           

Тегишли қарор қабул қилингандан кейин 3 кун мобайнида





















  

Лицензия талабгори

      

Лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни лицензияловчи органга тақдим этади ҳамда лицензия битимини имзолайди.

           

      

Лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб 3 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда

       

























4-босқич

















Лицензия талабгори

     

Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни бартараф этиш, ҳужжатларни такроран тақдим қилиш.

          

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда




















5-босқич

Лицензияловчи орган

        

1. Лицензиат лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этгандан ҳамда лицензия битимини имзолагандан кейин тегишли лицензия бланкаларини ва лицензия карточкаларини расмийлаштиради.

2. Имзоланган лицензияни ва лицензия карточкаларини лицензиатга беради.

        

Лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўлангандан кейин 2 кун муддатда















6-босқич




Лицензияловчи орган раҳбари (унинг ўринбосари)



      

Расмийлаштирилган лицензия ва лицензия карточкаларини имзолайди.

       


Лицензия расмийлаштирилгандан кейин бир кун муддатда













"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 28-29-сон, 272-модда.