язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қурилиш ва архитектура/ Уй-жой қурилиши/ Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.12.2006 й. 272-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 30 декабрдаги

272-сон қарорига

1-ИЛОВА



Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги мазкур Низом (кейинги ўринларда "Низом" деб юритилади) "Ипотека" тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Уй-жой қурилиши ва уй-жой бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2005 йил 16 февралдаги ПҚ-10-сон қарорига мувофиқ фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида якка тартибда уй-жой қуришни ташкил этиш тартибини белгилаб беради.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади.


якка тартибдаги уй-жой - бир ер участкасида жойлашган, доимий яшаш, дам олиш ва шахсий хўжаликни юритишга мўлжалланган ёрдамчи-хўжалик иморатлари ва ҳовлидаги иншоотлар тегишли бўлган бир ёки бир неча турар жой иморати (кейинги ўринларда "уй-жой" деб юритилади);


ёрдамчи-хўжалик иморатлари - уй ҳайвонлари ва паррандаларни сақлаш учун иморатлар, омборхона, гараж, ёзги ошхона, тандирхона, ертўла, ҳаммом, ҳовлидаги ҳожатхона, душхона, иссиқхона, ҳовуз, сауна, буғ қозонхонаси ва одамларнинг вақтинча бўлиши билан боғлиқ ишларнинг ҳар хил турларини бажаришга мўлжалланган бошқа функционал иморатлар;


ҳовлидаги иншоотлар - тўсиқ, дарвоза, эшик, қудуқ, фаввора ва одамларнинг яшашига ҳамда маиший ва ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланишга мўлжалланмаган бошқа ясси ёки линияли иншоотлар;


уйнинг турар жой майдони - кишилар яшайдиган хоналарнинг ички габаритлари бўйича майдоннинг жами;


уйнинг умумий майдони - одамлар яшайдиган барча хоналар, уйнинг ёрдамчи-хўжалик иморатлари (ошхона, ваннахона, йўлак ва бошқалар) майдони жами;


уйни реконструкция қилиш - меъморчилик-режалаштириш ечимларини ўзгартириш, уйнинг устига, ёнига қўшимча қуриш, эскирган ва маънавий эскирган конструкциялар ва муҳандислик иншоотларини, шу жумладан ташқи тармоқларни (магистраль тармоқдан ташқари) қисмларга ажратган, алмаштирган ҳолда ўзгартириш.


3. Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси ўзининг ва оиласининг эҳтиёжлари учун қонун ҳужжатларига ва мазкур Низомга риоя қилган ҳолда зарур ёрдамчи-хўжалик иморатлари ва ҳовлидаги иншоотлар билан бирга хусусий мулк ҳуқуқида уй қуриш ҳуқуқига эгадир.


4. Ажратиладиган участка доирасида якка тартибда уй қурувчилар учун уйнинг майдони чегараланмайди.


5. Шаҳарсозлик фаолияти алоҳида тартибга соладиган ҳудудларда уйнинг неча қават эканлиги аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига мувофиқ туманлар (шаҳарлар) архитектура ва қурилиш органлари томонидан белгиланади ва улар билан келишилади.


6. Ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларнинг мулки бўлган уйлар бузилган тақдирда ер участкалари бериш ва уйлар қуриш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тартибга солинади.


V. УЙ-ЖОЙЛАРНИНГ ТЕХНИК НАЗОРАТИ,

УЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ, ХАТЛОВДАН

ЎТКАЗИШ ВА УЛАРГА БЎЛГАН ҲУҚУҚНИ

ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ


27. Якка тартибдаги уй-жой қурилиши устидан техник назоратни қурувчи амалга оширади.

"Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси буюртмачи сифатида жалб этилганда якка тартибда уй-жой қурилишининг бориши устидан техник назорат функциясини инжиниринг компанияси амалга оширади.

Туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш органлари уй-жой қурилишида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширадилар.


VI. УЙ-ЖОЙ ҚУРУВЧИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


32. Қурувчи:

берилган ер участкасидан ва мақсадли ипотека кредитидан ёрдамчи-хўжалик иморатлари билан бирга фақат уй-жой қуриш учун фойдаланишга;

уй-жой ва ёрдамчи-хўжалик иморатларини шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳамда мазкур Низомга амал қилган ҳолда келишилган ва тасдиқланган лойиҳага мувофиқ қуришга;

берилган ер участкасини берилган кундан бошлаб уч йил мобайнида ўзлаштиришни бошлашга, қабул қилиш комиссиясининг далолатномаси туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан тасдиқлангандан кейин бир ой мобайнида уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиалига мурожаат қилишга мажбурдир.


VII. ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН УЙ-ЖОЙ

ҚУРГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


33. Уй-жой қурувчилар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу мақсадлар учун ажратилмаган ер участкаларида қурилган ҳамда бунга зарур рухсатномани олмасдан ёхуд шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари жиддий равишда бузилган ҳолда тикланган уй-жойлар, бошқа иморатлар ва иншоотлар ёки бошқа кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган деб ҳисобланади.


34. Ўзбошимчалик билан қуриш аниқланган тақдирда туманлар (шаҳарлар) архитектура ва қурилиш органларининг мансабдор шахслари томонидан ўзбошимчалик билан қуриш ҳолати тўғрисида далолатнома тузилади.


35. Далолатнома тузилиши билан бир вақтда туманлар (шаҳарлар) архитектура ва қурилиш органларининг мансабдор шахслари томонидан ўзбошимчалик билан қурилаётган қурилишни тўхтатиш тўғрисида кўрсатма берилади. Кўрсатманинг нусхаси ўзбошимчалик билан тикланган иморат тўғрисидаги масалани кейинчалик белгиланган тартибда ҳал этиш учун туман (шаҳар) ҳокимлигига тақдим этилади.

Ҳуқуқи бузилган шахснинг ёхуд тегишли давлат органининг даъвоси бўйича ўзбошимчалик билан қурилган иморат суднинг қарорига кўра уни қурган шахс томонидан ёхуд унинг ҳисобига бузиб ташланиши керак, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


36. Қурувчи уй-жой қуриш ёки реконструкция қилишга тўсқинлик қилаётган мансабдор шахсларнинг қонунга зид хатти-ҳаракатлари устидан юқори турувчи органга ёки суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


37. Жисмоний шахслар томонидан ўзбошимчалик билан иморат қуриш масалалари бўйича пайдо бўладиган низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқилади.



VIII. МАЗКУР НИЗОМ БУЗИЛГАНЛИГИ

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


38. Қурувчи ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мазкур Низом бузилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 51-52-сон, 518-модда.