язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ 1991 йилдан 1997 йилгача солиқ қонунчилигига оид ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Бошқа масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.03.1994 й. 114-сон "Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасини ташкил этиш ва унинг фаолияти масалалари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.03.1994 й.

N 114



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ

СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИ МАСАЛАЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


"Ўзбекистон Республикасининг Давлат солиқ бош бошқармасини Ўзбекистон Республикасининг Давлат солиқ қўмитасига айлантириш тўғрисида" 1994 йил 18 январдаги Фармонга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси солиқ ва бож сиёсатини амалга оширишни, шунингдек, давлатнинг иқтисодий манфаатларини ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминловчи давлат назорати органи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ўзига берилган ваколатлар доирасида қабул қилган қарорларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, мулкчилик шаклидан ва улар кимга бўйсунишидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


2. Қуйидагилар тасдиқлансин:

республика солиқ органлари ва божхона хизматлари тизимини бошқариш схемаси 1-иловага* мувофиқ;

Давлат солиқ қўмитасининг марказий аппарати тизилмаси, қўмита ҳудудий солиқ бошқармасининг намунавий тузилмаси, республика туманлари ва шаҳарларидаги солиқ инспекциясининг намунавий тузилмаси 2, 2а, 3, 3а, 4-иловаларга мувофиқ.


3. Давлат солиқ қўмитаси тизими ходимларининг чекланган сони, 5-иловага мувофиқ, 15400 нафардан иборат қилиб (хизмат кўрсатувчи ва ёрдамчи ходимларсиз), шу жумладан, ходимларнинг мавжуд сони ҳисобига - 10867, Фармонга мувофиқ Ички ишлар вазирлиги тизимидан ўтказиладиганлар ҳисобига - 561, қўшимча равишда бериладиганлар ҳисобига - 3972 нафардан иборат қилиб белгилансин.

Давлат солиқ қўмитасини ҳамда унинг таркибига кирувчи солиқ ва божхона органларини маблағ билан таъминлаш республика бюджети ҳисобига амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг раисига қўмита марказий аппаратининг, шунингдек, унга бўйсунувчи солиқ ва божхона органларининг тасдиқланган тузилмаларига белгиланган ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг олти нафар ўринбосари, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари ҳамда 11 кишидан иборат ҳайъат бўлишига рухсат этилсин. Божхона бош бошқармаси бошлиғининг уч нафар ўринбосари, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

Давлат солиқ қўмитаси ва унга бўйсунувчи органлар раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш тартиби 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Давлат солиқ қўмитаси, ўзига юклатилган қўшимча функция ва вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, ўзига бўйсунувчи органларнинг кадрлар таркибини синчиклаб қайта кўриб чиқсин, зарурият бўлганда кадрларни навбатдан ташқари аттестациядан ўтказсин, таркибий бўлинмаларни тажрибали ва пухта билимли молия, иқтисод ҳамда бошқа ихтисосликлар ходимлари билан тўлдирсин.


5. Белгилаб қўйилсинки, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари раҳбар ходимлари ва мутахассисларига Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 26 декабрдаги 589-сон (2 ва 9-иловалар) ва 590-сон қарорларига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш шарт-шароитлари татбиқ этилади. Солиқ органлари ходимлари учун Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 12 августдаги 217-сон қарори 15-бандининг амал қилиши сақлаб қолинсин.


6. Бош божхона бошқармаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 19 августдаги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 1 мартдаги 111-сон қарори билан назарда тутилган шарт-шароитлар сақлаб қолинсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда собиқ Давлат божхона қўмитасининг пенсияга чиқишда имтиёзларга эга бўлган раҳбарлар таркибига кирувчи ходимларининг белгили муддат хизмат қилганликлари учун тайинланадиган пенсияга чиқишлари ва пенсия олувчилар ҳисобига қўйиш тартибини амалдаги қонунга мувофиқ 10 кун муддатда аниқласинлар.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида ва Божхона Бош бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 10 августдаги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 12 августдаги 217-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган моддий ёрдам ва солиқ ҳамда божхона органларини ривожлантириш махсус фондидан фойдаланиш сақлаб қолинсин. Давлат солиқ қўмитасининг раиси бу фондларни ташкил этиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомни 15 кун муддатда қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин.


8. Ўзбекистон Республикасининг Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитасининг Бош божхона бошқармаси тўғрисидаги низомлар 7, 8-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.


9. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда "Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимининг асослари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини 1994 йилнинг 1 июлига қадар Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Бож кодекси лойиҳасини 1994 йилнинг 1 августига қадар Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


10. "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Алоқа вазирлиги, "Ўзавтотранс" корпорацияси, "Ўздавнефтмаҳсулот" бирлашмаси, "Ўзбексавдо" уюшмаси, "Ўзбекбирлашув", "Ўзбекмебель" давлат-акционерлик бирлашмаси, "Ўзбошёғочқурилиш" бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 1994 йилнинг 1 апрелига қадар солиқ ва божхона органларини, уларнинг сонининг кўпайганлиги ва функцияларининг кенгайганлигини ҳисобга олиб, зарур молия маблағлари ва лимитлари, бинолар ва хоналар, автотранспорт, ёнилғи-мойлаш материаллари, алоқа воситалари ва бошқа моддий-техника воситалари билан таъминласинлар.


11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси Вазирлар Маҳкамасининг молия, солиқ ва божхона органлари учун мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини барпо этиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини икки ой муддатда тайёрласин ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.


12. "Ўзбошёғочқурилиш" бошқармаси Абай кўчаси, 4-уйдаги бинони Давлат солиқ қўмитаси балансига топширсин.


13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари И.Ҳ. Жўрабеков зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                  И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 1994 й., N 3, 13-модда.