язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Алоқа/ Маълумотларни тармоқлар орқали узатишни ташкиллаштириш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.02.1999 й. 52-сон "Маълумотлар узатиш миллий тармоғини ташкил этиш ва жаҳон ахборот тармоғларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

05.02.1999 й.

N 52



МАЪЛУМОТЛАР УЗАТИШ МИЛЛИЙ

ТАРМОҒИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЖАҲОН

АХБОРОТ ТАРМОҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА


"Радиочастота спектри тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бажариш юзасидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида радиочастота спектрини муҳофаза қилиш, ахборотни тезкорлик билан айирбошлаш, жаҳон ахборот тармоқларидан фойдаланишни кенгайтириш ва тартибга солиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасида маълумотлар узатиш тармоқларини жадал модернизация қилиш ва ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги "UzPAK" маълумотларни узатиш давлат тармоғини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш корхонасининг маълумотларни узатиш республика тармоғи базасида Ўзбекистон Республикаси Маълумотлар узатиш миллий тармоғи ташкил этилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки, Маълумотларни узатиш миллий тармоғидан, шу жумладан, Интернетдан фойдаланиш ва уни ривожлантириш миллий оператори (провайдер) функциялари "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясига юкланади.

3. Қуйидагилар миллий оператор (провайдер) сифатида "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

давлат ва жамоат органлари, фуқаролар, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ахборотларга бўлган эҳтиёжларини ҳар томонлама қондириш мақсадида Маълумотларни узатиш миллий тармоғининг фаолият кўрсатишини ва уни ривожлантиришни таъминлаш;

ахборот ресурсларини муҳофаза қилишни таъминлаш, "Ўзбектелеком" акциядорлик компанияси маълумотларни узатиш тармоғида, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилувчи ахборотлар тарқатилишига, уруш, зулм ва порнографияни тарғиб қилишга, диний ва миллий низоларни қўзғашга, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини поймол қилишга ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари билан тарқатилиши тақиқланган бошқа ахборотларнинг тарқатилишига йўл қўймаслик;

техника воситаларини жорий этиш, республиканинг ягона ахборот макони коммуникация асосларини такомиллаштириш ва унинг жаҳон ахбороти ҳамжамиятига кириши имкониятларини кенгайтириш.

5. Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги "UzPAK" маълумотларни узатиш давлат тармоғини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш корхонаси тўғрисидаги Низомни, мазкур қарор билан унга юкланаётган янги функцияларни ҳисобга олган ҳолда, бир ой муддатда тасдиқласин.


6. Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаёти тўғрисидаги ахборотларни Интернет тармоғига тарқатишни мувофиқлаштириш функцияси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига, Ташқи ишлар вазирлигига юклансин.

7. Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси, Давлат матбуот қўмитаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси ахборот ресурсларини тайёрлаш ва уларни маълумотларни узатиш тармоқларида, шу жумладан Интернетда тарқатиш тартибини;

Провайдерлар ва абонентлар томонидан Маълумотларни узатиш миллий тармоғидан ахборот олиш ва ундан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясига идоравий тармоқлар, шу жумладан, йўлдош алоқаси тармоқларининг маълумотлар узатиш каналларини фойдаланиш учун шартнома асосида берсинлар.

9. Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги (Абдуллаев), Фан ва техника давлат қўмитаси (Ҳабибуллаев), Давлат матбуот қўмитаси (Шоғуломов), Ўзбекистон космик тадқиқотлар давлат агентлиги (Мўминов):

Маълумотларни узатиш миллий тармоғини модернизация қилиш ва ривожлантириш дастурини маблағлар билан таъминлаш босқичлари ва манбалари бўйича зарур инвестициялар миқдорларини белгилаган ҳолда бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсинлар, бунда Маълумотларни узатиш миллий тармоғини кенгайтириш ва модернизация қилиш Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида - 1999-2001 йилларда, туман марказларида - 2000-2003 йилларда амалга оширилишини назарда тутсинлар;

Маълумотларни узатиш миллий тармоғини ривожлантириш концепциясини;

Йўлдош алоқа тармоғини ривожлантириш концепциясини уч ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссиясига тақдим этсинлар.


10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги Маълумотларни узатиш миллий тармоғини кенгайтириш ва модернизация қилиш лойиҳасини 2000 йил ва кейинги йиллар инвестиция дастурларига киритсинлар ва марказлаштирилган манбалардан маблағлар ажратишни назарда тутсинлар.

11. "UzPAK" маълумотларни узатиш давлат тармоғини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш корхонаси бож тўловлари тўлашдан беш йил муддатга озод қилинсин, Маълумотларни узатиш миллий тармоғини кенгайтириш ва модернизация қилиш учун келтирилган аппарат ва дастур воситалари ва асбоб-ускуналари божхонада расмийлаштирилганлиги учун йиғимлар бундан мустасно.


12. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин ва айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонунчиликка мазкур қарордан келиб чиқиб киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазириниг ўринбосарлари Л.А.Ахметов ва Ҳ.С.Кароматов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                 И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 5 февралдаги

52-сон қарорига

ИЛОВА



I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ

ЎЗ КУЧИНИ ЙЎҚОТГАН ҚАРОРЛАРИ:


Вазирлар Маҳкамасининг "Идоралараро ахборот-компьютер тармоғини ташкил этиш тўғрисида" 1998 йил 10 апрелдаги 150-сон қарорининг 2,4 ва 6-бандлари;

Вазирлар Маҳкамасининг "Хўжалик ҳисобидаги "UzNet" ахборот хизмати тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида" 1998 йил 14-майдаги 206-сон қарори.



II. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ

ҚАРОРЛАРИГА КИРИТИЛАДИГАН ЎЗГАРТИРИШ ВА

ҚЎШИМЧАЛАР:

2. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 28 августдаги 420-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1997 й., 8-сон, 30-модда) билан тасдиқланган "Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги тўғрисида Низом"нинг 7-банди қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:

"радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар белгиланган стандартлар ва техник нормаларга мувофиқ келмаган, фуқаролар хавфсизлигини, атроф-муҳит муҳофазасини таъминламаган ҳолларда, шунингдек, алоҳида ҳолларда улардан фойдаланишни белгиланган тартибда тақиқлаш;

ҳарбий ҳаракатлар, ер қимирлашлар, сув тошқинлари, ёнғинлар, эпидемиялар бўлган ҳолларда ва бошқа фавқулодда ҳолатларда фойдаланувчиларнинг радиоэлектрон воситалардан фойдаланишга чеклашлар киритиш, шунингдек, ушбу воситалардан давлат хавфсизлигини таъминлаш ва табиий офатларни ёки уларнинг оқибатларини бартараф этишда фойдаланиш".


3. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 10 июлдаги 293-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1998 й., 7-сон, 26-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси тўғрисидаги Низомнинг:

1-бандидаги "Халқаро электр алоқаси уюшмасида" сўзлари "халқаро ташкилотларда" сўзлари билан алмаштирилсин;

2 ва 11-бандлари қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"2. Радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси радиочастота спектрини тақсимлаш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини таъминловчи радиочастоталарни давлат томонидан бошқариш органи ҳисобланади, радиочастота спектридан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалайди";

"11. Қуйидагилар Радиочастоталар бўйича Давлат комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

радиочастоталар спектрини тақсимлаш ва улардан фойдаланиш ва уни истиқболда режалаштириш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш;

радиочастоталарни тақсимлаш миллий жадвалини ва радио алоқа миллий регламентини шакллантириш;

радиочастоталарни режалаштириш, уларни белгилаш ва улардан фойдаланиш масалаларида халқаро ташкилотларда вакиллик қилиш ва Ўзбекистон Республикаси манфаатларини халқаро ҳуқуқий ҳимоя қилиш;

радиочастоталар спектридан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

радиочастоталар спектри тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш;

радиочастоталар спектридан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш";

12-банди қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:

"радиочастоталар органлари ўртасида радиочастоталар полосаларини тақсимлайди;

радиочастоталар спектридан фойдаланиш соҳасида радиочастоталар органлари фаолиятини мувофиқлаштиради";

13-бандининг саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда радиочастоталар спектридан вақт ва (ёки) ҳудуд бўйича фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб қўйиш ёки чеклаш".


4. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 10 июлдаги 293-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1998 й., 7-сон, 26-модда) билан тасдиқланган Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олиш (бериш), лойиҳалаш, қуриш (ўрнатиш), ишлатиш ҳамда чет элдан келтириш тартиби тўғрисидаги Низом 2-бандининг "б" кичик банди "Ички ишлар вазирлиги" сўзларидан сўнг "Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси" сўзлари билан тўлдирилсин.