язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Саноат/ Саноат хавфсизлиги/ Саноат хавфсизлиги экспертизаси тизими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.12.2008 й. 271-сон Қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 10 декабрдаги

271-сон қарорига

2-ИЛОВА



Саноат хавфсизлиги экспертизаси

тизими тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига мувофиқ Саноат хавфсизлиги экспертизаси тизимининг (кейинги ўринларда "Экспертиза тизими" деб аталади) асосий вазифалари, ташкил этилиши, қатнашчилари таркибини ва унинг асосий функцияларини белгилайди.


2. Ушбу Низом авария ва жароҳатланиш бўйича маълумотлар таҳлили самарадорлигини оширишга, авариялар келиб чиқиши ва уларнинг оқибатлари сабабларини белгилайдиган қонуниятлар ва омилларни тадқиқ этишга, авария жараёнларини моделлаштиришга, хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлигини асосли прогнозлаштириш мақсадида саноат хавфсизлиги соҳасидаги халқаро меъёрлар ва талабларни қўллашга йўналтирилган.


3. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


саноат хавфсизлиги экспертизаси (кейинги ўринларда "экспертиза" деб аталади) - экспертиза объектининг унга қўйиладиган саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини баҳолаш;


экспертиза объектлари - хавфли ишлаб чиқариш объектидаги лойиҳа ҳужжатлари, техника қурилмалари, бинолар ва иншоотлар, саноат хавфсизлиги декларацияси ва хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатлар;


саноат хавфсизлиги соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси;

саноат хавфсизлиги экспертизаси тизими - экспертиза қатнашчилари, шунингдек эксперт фаолият унинг доирасида ташкил этиладиган ва амалга ошириладиган меъёрлар, қоидалар, методикалар, шартлар, мезонлар ва тартиб-қоидалар жами;


эксперт ташкилоти - саноат хавфсизлиги экспертизасини амалга оширадиган, белгиланган тартибда аккредитация қилинган ташкилот;


экспертиза хулосаси - экспертиза объектининг саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида асосли хулосаларни ўз ичига олган ҳужжат;


саноат хавфсизлиги соҳасидаги эксперт - экспертизани амалга оширадиган аттестациядан ўтказилган мутахассис;


аккредитация аттестати - аккредитация қилинган эксперт ташкилотларининг экспертиза бўйича фаолиятни амалга ошириш ваколатини тасдиқлайдиган расмий ҳужжат;


буюртмачи - экспертиза ўтказишга ёки аккредитация қилишга буюртма билан мурожаат қилган ташкилот.


4. Экспертиза қатнашчилари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига, саноат хавфсизлиги соҳасидаги норматив техник ҳужжатларга, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва ушбу Низомга амал қиладилар.


5. Саноат хавфсизлиги экспертизасини белгиланган тартибда аккредитация қилинган эксперт ташкилотлари амалга оширади.


6. Эксперт ташкилотларини аккредитация қилиш уларнинг саноат хавфсизлиги соҳасидаги фаолияти даражасини ошириш, эксперт ташкилотларини билиб танлашда буюртмачига кўмаклашиш ва эксперт хизматлари кўрсатишда ишонч муҳитини қарор топтириш мақсадида аккредитация бўйича ваколатли орган томонидан амалга оширилади.


7. Саноат хавфсизлиги экспертизасини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

8. Саноат хавфсизлиги соҳасидаги экспертларнинг малакаси ва ваколати даражасини баҳолаш белгиланган тартибда амалга оширилади.



II. САНОАТ ХАВФСИЗЛИГИ

ЭКСПЕРТИЗАСИ ТИЗИМИ

ҚАТНАШЧИЛАРИ


9. Қуйидагилар экспертиза тизими қатнашчилари ҳисобланади:

саноат хавфсизлиги соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи;

мувофиқлаштирувчи-маслаҳат органи - Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг "Саноат хавфсизлиги" ДУК;

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан ташкил этиладиган методик кенгаш;

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан ташкил этиладиган норматив ҳужжатлар билан таъминлаш комиссияси;

аккредитация қилинган эксперт ташкилотлари;

саноат хавфсизлиги соҳасидаги экспертлар;

хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар.



III. ЭКСПЕРТИЗА ТИЗИМИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА УНИНГ

ҚАТНАШЧИЛАРИНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар экспертиза тизимининг асосий вазифалари ҳисобланади:

хавфли ишлаб чиқариш объектини қуриш, кенгайтириш, қайта қуриш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, консервациялаш ва тугатишга доир лойиҳа ҳужжатлари, хавфли ишлаб чиқариш объектида қўлланиладиган техника қурилмалари, хавфли ишлаб чиқариш объектидаги бинолар ва иншоотлар, саноат хавфсизлиги декларациялари ва хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар мустақил, холисона ва бетараф экспертиза қилиниши учун ҳуқуқий муҳит яратиш;

республиканинг хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат авариялари эҳтимолини прогнозлаштириш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини баҳолаш;

хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат аварияларининг олдини олишга йўналтирилган мақсадли ва комплекс илмий-техник дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, уларнинг ходимлари ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, хавфли технологиялар ва ишлаб чиқаришлар хавфини камайтириш, хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланаётган иқтисодиёт тармоқлари, ташкилотлар барқарор фаолият кўрсатишини ошириш;

эксперт ташкилотлари, экспертлар, шу жумладан, саноат хавфсизлиги экспертизаси натижалари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, тизимлаштириш ва ҳисобга олиш;

хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланаётган ташкилотларнинг республикадаги мавжуд аккредитация қилинган эксперт ташкилотлари тўғрисида хабардорлигини кенгайтириш;

саноат хавфсизлиги экспертизаси соҳасидаги халқаро ҳамкорлик.


11. Қуйидагилар саноат хавфсизлиги соҳасида махсус ваколатли давлат органининг асосий функциялари ҳисобланади:

саноат хавфсизлиги талабларини белгилаш;

Экспертиза тизими қатнашчиларининг фаолиятини тартибга соладиган ташкилий-методик ҳужжатларни маъқуллаш;

саноат хавфсизлиги соҳасида Экспертиза тизими ва аккредитациянинг ягона қоидалари ва тартиб-қоидаларини белгилаш ва тасдиқлаш, уларга риоя қилиниши устидан назорат қилиш;

саноат хавфсизлиги экспертизаси ва аккредитация соҳасида мамлакатимизнинг ҳамда хорижнинг органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;

саноат хавфсизлиги соҳасида экспертларни аккредитация қилиш, назорат йўсинида текшириш ва аттестациядан ўтказиш, шунингдек Экспертиза кенгашини норматив ҳужжатлар билан таъминлаш комиссиялари таркибларини тасдиқлаш;

саноат хавфсизлиги соҳасида Экспертиза тизимини такомиллаштириш дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш;

саноат хавфсизлиги соҳасида экспертларни аттестациядан ўтказиш ва улар фаолиятини назорат қилиш;

Хавфли ишлаб чиқариш объектлари давлат реестрини юритиш;

саноат хавфсизлиги соҳасида экспертларни, экспертиза хулосалари ва хавфсизлик декларацияларини ҳисобга олиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда эксперт ташкилотларини аккредитация қилиш ва уларни назорат йўсинида текшириш учун ҳақ тўлаш тартибини белгилаш;

саноат хавфсизлиги соҳасида экспертиза ўтказиш ва аккредитация қоидалари бузилган тақдирда саноат хавфсизлиги соҳасида экспертнинг гувоҳномаси амал қилишини ва экспертиза хулосасини бекор қилиш ёки тўхтатиб қўйиш;

саноат хавфсизлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

саноат хавфсизлиги соҳасида экспертларни махсус тайёрлаш ва аттестациядан ўтказишнинг умумий қоидаларини белгилаш;

экспертиза ва аттестация қоидаларига риоя қилиш масалалари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.

Кўрсатиб ўтилган функцияларни амалга ошириш учун саноат хавфсизлиги соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи тадқиқот, илмий-техник, жамоат ташкилотларини жалб этиш ҳуқуқига эга.


12. Қуйидагилар мувофиқлаштирувчи-маслаҳат органларининг асосий функциялари ҳисобланади:

Экспертиза тизими барча қатнашчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

Экспертиза тизимида ва аккредитацияда амал қиладиган норматив ҳужжатларни расмийлаштириш ва нашр этишни ташкил этиш;

аккредитация қилинган эксперт ташкилотларининг ҳисобга олиш маълумотлари эълон қилинишини ташкил этиш;

эксперт ташкилотлари фаолияти, Экспертиза тизимининг норматив-методик базаси ҳолати тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш;

Экспертиза тизими қатнашчилари ва аъзоларини саноат хавфсизлиги соҳасидаги ахборот билан таъминлашда кўмаклашиш;

саноат хавфсизлиги соҳасида қоидалар, тартиблар ва аккредитация мезонлари бўйича манфаатдор ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахсларга маслаҳатлар бериш;

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига Экспертиза тизими қоидалари ва низомларини такомиллаштиришга доир таклифлар киритиш;

замонавий халқаро талабларга жавоб берадиган Экспертиза тизимини ташкил этишга доир ташкилий ишларни амалга ошириш.


13. Қуйидагилар методик кенгашнинг асосий функциялари ҳисобланади:

саноат хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив-техник, ташкилий-методик ва бошқа ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга доир таклифлар киритиш;

ҳар хил ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган саноат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташкилий-методик ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш;

амал қилиш муддати тамом бўлган норматив техник ҳужжатларга тузатиш киритиш, амал қилиш муддатини узайтириш, амал қилишини тўхтатиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

хавфли ишлаб чиқариш объектлари фаолиятига тегишли бўлган норматив техник ҳужжатларнинг амалга киритишга тайёрлиги бўйича тавсиялар ва асосли хулосалар киритиш;

саноат хавфсизлиги экспертизаси соҳасида ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига таклифлар киритиш ва уларни муҳокама қилиш;

саноат хавфсизлиги соҳасида, шу жумладан, Экспертиза тизими соҳасида норматив база ҳисобга олиниши ва долзарблаштирилишини ташкил этиш;

хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланаётган ташкилотларнинг ходимларини, шунингдек саноат хавфсизлиги соҳасида экспертларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш.

Методик кенгашнинг ишчи органи функциясини Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг "Контехназоратўқув" давлат унитар корхонаси унинг инспекциялари билан биргаликда бажаради.

14. Қуйидагилар норматив ҳужжатлар билан таъминлаш комиссиясининг асосий функциялари ҳисобланади:

Экспертиза кенгаши қатнашчилари фаолиятининг тартибга солувчи ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлайдиган чора-тадбирларни режалаштириш ва амалга ошириш;

саноат хавфсизлиги, шу жумладан, Экспертиза тизими соҳасида ягона, ташкилий ва тармоқ қоидалари ишлаб чиқилиши ва қайта кўриб чиқилишини ташкил этиш.


15. Қуйидагилар аккредитация қилинган эксперт ташкилотларининг асосий функциялари ҳисобланади:

улар асосида экспертиза ўтказиладиган норматив техник ҳужжатларни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни танлаш ва улар фондини юритиш;

хавфли ишлаб чиқариш объекти идентификация қилиниши, экспертиза қилиниши ва декларацияланишини ташкил этиш ва амалга ошириш;

экспертиза хулосасини расмийлаштириш ва бериш;

берилган эксперт хулосалари реестрларини юритиш;

экспертиза бўйича меҳнат сарфининг ҳисобланган нормативлари ва ишлар қийматини белгилаш.

Эксперт ташкилоти сифатида Экспертиза тизими қоидаларини бажараётган ва тегишли талабларга жавоб берадиган мулкчиликнинг исталган шаклидаги ташкилот аккредитация қилиниши мумкин.


16. Қуйидагилар саноат хавфсизлиги соҳасида аттестациядан ўтказилган экспертларнинг асосий функциялари ҳисобланади:

хавфли ишлаб чиқариш объектини идентификациялаш ва декларациялаш ишларини бажариш;

экспертиза бўйича ишларни бажариш;

экспертиза ўтказишда синовларда қатнашиш;

аккредитация бўйича ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг топшириғи бўйича эксперт ташкилотларини аккредитация қилиш, улар фаолияти устидан назорат йўсинида текшириш бўйича комиссияларда қатнашиш.

17. Қуйидагилар хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланаётган ташкилотларнинг асосий функциялари ҳисобланади:

саноат хавфсизлиги соҳасида қонун ҳужжатларидаги, шунингдек норматив техник ҳужжатлардаги талабларга риоя қилиш;

хавфли ишлаб чиқариш объектлари ходимларини тайёрлаш ва аттестациядан ўтказишни таъминлаш;

саноат хавфсизлиги экспертизаси ўтказилишини, шунингдек белгиланган муддатларда ва қонун ҳужжатларига мувофиқ саноат хавфсизлиги соҳасида алоҳида ваколатларга эга бўлган махсус ваколатли давлат органи ёки бошқа давлат органларининг белгиланган тартибда тақдим этиладиган кўрсатмаси бўйича хавфли ишлаб чиқариш объектида қўлланиладиган иншоотлар ва техника қурилмалари диагностикаси, синови, текширилишини таъминлаш;

хавфли ишлаб чиқариш объектлари идентификацияланишини таъминлаш;

белгиланган тартибда саноат хавфсизлиги декларацияларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авариялар ва нохуш ҳодисалар ҳисобини юритиш.


18. Экспертиза тизими қатнашчиларининг фаолияти улар тўғрисидаги тегишли низомлар билан тартибга солинади.


19. Экспертиза тизими тузилмаси ушбу Низомга иловада келтирилган.






Низомга

ИЛОВА



Саноат хавфсизлиги экспертизаси тизими

ТУЗИЛМАСИ

Саноат хавфсизлиги соҳасида эксперт ташкилотларини аккредитация қилиш бўйича ваколатли орган

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси

Мувофиқлаштирувчи-маслаҳат органи - Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг "Саноат хавфсизлиги" ДУК

Норматив ҳужжатлар билан таъминлаш комиссияси

Методик кенгаш

Аккредитация қилинган эксперт ташкилотлари

Саноат хавфсизлиги соҳасида аттестациядан ўтказилган экспертлар

 

Хавфли ишлаб чиқариш объектларидан

фойдаланаётган ташкилотлар


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 50-сон, 496-модда.