язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат/ Ҳарбий хизматни ўташ. Шартнома бўйича ҳарбий хизмат/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.01.2009 й. 10-сон "Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтаришни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.01.2009 й.

N 10



ФУҚАРОЛАРНИ МУДДАТЛИ ҲАРБИЙ

ХИЗМАТГА ЙИҒИШ ВА ЖЎНАТИШ, УЛАРНИ

ҲАРБИЙ ҚИСМЛАРДА ҚАБУЛ ҚИЛИШ, ШУНИНГДЕК

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

РЕЗЕРВИГА БЎШАТИЛГАН ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРНИ

ЯШАШ ЖОЙЛАРИГА ҚАЙТАРИШНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2008 йил 20 ноябрдаги ПФ-4054-сон Фармони талабларини амалга ошириш, фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтаришнинг самарали ташкил этилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтариш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Қуйидагиларнинг:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарларининг - фуқароларни уюшган ҳолда йиғиш ва муддатли ҳарбий хизматга ҳарбий қисмларга тантанали вазиятда жўнатишни; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларнинг яшаш жойларида тантанали равишда кутиб олинишини таъминлаш; муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишга жойлашишда ва олий таълим муассасаларига ўқишга киришда кўмаклашиш юзасидан;

ҳарбий қисмлар командирларининг - муддатли ҳарбий хизматга янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларни қўшинларда қабул қилиб олиш бўйича тантанали тадбирларни ўтказиш, уларни ҳарбий хизмат шароитларига кўниктириш; озиқ-овқат ва кийим-кечакларнинг барча турлари билан таъминлаш, жанговар ва ижтимоий-сиёсий жиҳатдан самарали тайёрлаш, маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган муддатли ҳарбий хизматчиларни ҳарбий қисмлардан уюшган ҳолда кузатиб қўйиш юзасидан;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директорининг - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилаётган ҳарбий хизматчиларни алоқадор вазирликлар ва идоралар томонидан тақдим этилган жадвалларга мувофиқ тест синовларидан ўтказиш юзасидан шахсан жавобгарлиги белгилаб қўйилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, ДХХ Чегара қўшинлари, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтариш тартиби тўғрисидаги низом талабларининг сифатли бажарилишини таъминласинлар;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар йиғиш пунктларига белгиланган намунадаги ашёвий буюмларнинг етказилишини ҳамда муддатли ҳарбий хизматга янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларга берилишини таъминласинлар.


4. Мудофаа вазирлиги (К. Бердиев):

уч ой муддатда Чақирув комиссиялари тўғрисидаги низом ҳамда 2009 - 2012 йилларда чақирув ва йиғиш пунктларини реконструкция ва модернизация қилиш дастури лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2009 йил 1 мартгача "Давархитектқурилиш" қўмитаси (Н. Ханов) ҳамда "Ҳарбийлойиҳа" лойиҳалаш институти (А. Тимошенко) билан биргаликда вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар)нинг чақирув пунктлари инфратузилмаси ва ҳудудларини замонавий талабларга мувофиқлаштириш мақсадида чақирув ва йиғиш пунктларининг намунавий лойиҳасини ишлаб чиқсин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маҳаллий органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, улар эгаллаган ҳарбий ва хўжалик ихтисосликларни ҳисобга олган ҳолда ишга жойлаштириш чора-тадбирларини кўрсинлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Ф. Назиров) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда жойлардаги тиббий комиссияларнинг самарали ишлашини, чақирилувчиларнинг тиббий кўрикдан сифатли ва холисона ўтказилишини, шунингдек чақирув ва йиғиш пунктларининг зарур тиббий асбоб-ускуналар ва анжомлар билан қўшимча равишда жиҳозланишини таъминласин.


7. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А. Парпиев) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (Б. Исмоилов), тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга киришга сифатли тайёрланиши учун зарур ташкилий-техник шарт-шароитларни таъминлаш, зарур методик ёрдамни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга оширсин.


8. Ушбу қарор талабларини бажариш бўйича тадбирларни маблағ билан таъминлаш Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобига белгиланган тартибда амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.

9. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (А. Ходжаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига (М. Ҳазратқулов) Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтариш тартиби тўғрисидаги низом талабларини амалга ошириш тадбирларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этиш тавсия қилинсин.


10. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтариш тартиби тўғрисида" 2005 йил 15 мартдаги 84-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й., 3-4-сон, 15-модда);

Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳоли бандлигини ошириш ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2007 йил 6 апрелдаги ПҚ-616-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида 2007 йил 8 майдаги 95-сон қарорига 2-илованинг 12-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2007 й., 5-сон, 25-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Қосимов ва Ф.Ш. Акбарова зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                             Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 3-сон, 13-модда.